Ира Мухоти – ҳинд ёзувчиси, ҳинд тарихининг унутилиб кетган қаҳрамон аёллари ҳақида ёзади. Унинг 2 та китоби – Heroines: Powerful Indian Women of Myth and History (“Қаҳрамон аёллар: мифлар ва тарихдаги қудратли ҳинд аёллари” ва Daughters of the Sun: Empresses, Queens and Begums of the Mughal Empire (“Қуёш қизлари: Буюк Мўғуллар Империясининг император аёллари, қироличалари ва бегимлари”) – тарихда буюк рол ўйнаган, бироқ ҳукмдор эркаклар қатори дарсликларга кирмаган аёлларга бағишланган.
Read in English: From Central Asia to India: Women of the Mughal Empire
Ушбу интервюда биз Буюк Мўғуллар Империясидан Бобурнинг онаси ва бувисидан император Акбарнинг таржимаи ҳолини ёзган Гулбаданбегим ва Деҳли султонлиги тахтига чиққан ягона султон хотин Розиягача бўлган қаҳрамонларни муҳокама қиламиз.
Сиз Буюк Мўғуллар Империяси қаҳрамон аёллари ҳаётини қандай тадқиқ қила бошлагансиз? Бу иш қандай бошланган эди?
Биринчи китоб мулоҳазаларим натижаси бўлган. 2 нафар қизим бор. Улар кичиклигида уларга қандай воқеалар баёнини сўзлаб бериш ҳақида кўп ўйлаганман ва Ҳиндистонда мавжуд барча машҳур китобларни ўқиб берганман. Тақлид қилиш мумкин бўлган турли аёллар тимсолларини ўрганиб шунга амин бўлдимки, маданиятимизда кўплаб аёллар муайян қолиплар ва патриархал тарзда тамсил этилган экан. Улар ҳинд тизимига мос равишда жуда яхши аёллар тимсолига мос келиши шарт эди, бу никоҳ қуришни, ўғил фарзандлар туғишни ва эркаклар шажараси бўйича уруғни давом эттиришни англатади. Ҳар доим мана шу тарих қайсидир тарзда пировард натижа бўлади. Масалан, бизга “Рамаяна” достонидан ҳинд аёллари назокати мукаммаллиги тимсоли бўлган Сита образи таклиф этилади. Бу мени бироз хавотирга солиб келаётган эди ва мен, бизга кўрсатилаётганидан бироз фарқ қиладиган ва ҳиндларнинг маданий рамзи бўлган тарихий ёки афсоналар қаҳрамони бўлган аёллар бўлиши керак–ку, деб ўйлаб қолдим.
Шу тариқа бу аёлларни ўрганишга киришдим. Миямга ҳинд аёлларини узоқ вақт, балки 2000 йил оралиғида тавсифлаб бериш фикри келиб қолди ва буни ноширимга билдирдим. Мен тавсифламоқчи бўлган аёл милоддан олдинги VI асрда, яъни Будда замонларида яшаган, дастлаб енгилтак аёл, аммо келгусида роҳиба бўлган.
Мен, агар биз ҳинд аёлларининг ҳар хил турлари, улар эҳтиросларини ҳаётга қандай татбиқ эта олгани, орзу–истакларини рўёбга чиқаргани, ҳукмдорлар бўлгани ёки арзийдиган бошқа бирор ишни амалга оширгани ҳақида ёзганимизда, ҳинд аёли учун бошқа бирор рол моделини топган бўлар эдек, деб ўйладим. Эҳтимол шунда биз бундай аёл эрининг буйруқларига сўзсиз бўйсунадиган ва жинсий жозибадорлик жиҳатидан иффатли Ситага ўхшаши шарт эмаслиги ва яхши ҳинд аёли бўлишнинг ягона йўли эмаслигини кўрсатиб берган бўлар эдик. Ғоя шундай пайдо бўлди, айнан шу тариқа у ғайриоддий аёл бўлганини ҳисобга олсак, кам гапирадиганимиз, буюк ҳинд аёлларидан бири Розия Султонни топдим.
Гулбаданбегим айвонда чилим чекиб турибди, тахминан, 1800 йилги миниатюра, https://www.christies.com/en/lot/lot–5781773
Китобларингизда Ҳиндистон тарихидаги мўғуллардан олдинги ва улардан кейинги аёллар ҳақида ҳикоя қилинади. Умуман олганда, ўша даврларда аёлларга муносабат қандай бўлган? Буюк Мўғуллар келиши билан нималардир ўзгарганми?
Фикримча, бутун ёзма тарих давомида аксарият жамиятларда аёллар патриархал тизимлар билан чеклаб турилган. Қайд этишимиз мумкинки, Будда замонларидан бошлаб, аёлларга Сангҳага[1] кириш ва роҳиба бўлишга унчалик рўйхушлик бермай ижозат этилган. Ҳатто ўша пайтда ҳам уларга нисбатан жиддий чекловлар қўлланган: аёллар ҳатто ёши ўзидан кичик ва тажрибасизроқ ва ҳк. бўлса ҳам, эркак роҳибларга бўйсуниши шарт бўлган. Браҳманлик ҳиндуизми пайдо бўлиши билан аёлларнинг роли янада чекланган. Эрга теккан аёлларга жамиятда ҳурмат билан қаралган, аммо уларнинг ўша жамиятдаги роли бола туғиш, аждодлари хотирасини ҳурматлашдангина иборат бўлган. Улар никоҳга кириш ва бола туғишдан бошқа нарсага ўргатилмаган ва рағбатлантирилмаган. Сўнгра XV асрга келиб, ражпутлар пурдани (ёки парда – Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистоннинг аёл аҳолиси ўртасида, шунингдек, айрим олий ҳинди касталари, хусусан, ражпутлар орасида кенг тарқалган маънавий–ахлоқий кодекс. Пурданинг моҳияти аёл софлиги ва жинсий содиқлигини сақлаб қолиши учун тўлиқ таркидунёчилик қилишидан иборат) амалиётда қўллай бошлаган, чунки эркакнинг шаъни аёлларининг жинсий содиқлигига қаттиқ боғлиқ бўлган. Ражпут қабилалари бир–бири билан ва шимоли–шарқдан келган босқинчилар билан XV асрдан бошлаб доимий жанг қилиб тургани сабабли юксак лавозимли эркаклар ўз аёллари учун қатъий пурдага риоя этишни рағбатлантириб турган. Буюк мўғуллар келиши, айниқса, Акбар замонидан бошлаб, мана шу пурда тизимини ҳам ҳинди, ҳам мусулмон зодагон аёллари учун бажариш мажбурий эди, чунки Акбар ражпутлар билан қариндош бўлган. Бу ғоялар Буюк мўғулларнинг пурдага риоя этаётган аёллар ҳақидаги тасаввурларини мустаҳкамлаган.
Ҳинд эпосларидаги кучли аёллар қандай тасвирланади: “Рамаяна” эпосидаги Сита жуда фожиали, аммо кучли персонаж бўлган. Мўғулларгача бўлган Ҳиндистондаги кучли аёллар хусусида яна қандай ривоятлар тўқилган?
“Рамаяна”даги Ситадан ташқари, “Маҳабҳарата” эпоси қаҳрамони Драупади яна бир буюк ҳинд аёли тимсолидир. Мени унинг тарихи қизиқтиради, чунки яхшилаб ўрганилса, Драупади Ситадан фарқли ўлароқ, ўз тақдирига қарши исён қилади ва ҳаётида дуч қелган эркакларга нисбатан қаҳру ғазабини кескин сўзлар билан ифода қила олади. Назаримда, буни эсда тутиш лозим, чунки аёллар ғазаби патриархатни чўчитади ва қадимий битикларда бундай мисолларни деярли учратмайсиз. Аммо Драупади олима (у пандит аёл деб аталади) ва яхши фазилатларга ҳам эга, аммо шу билан бирга, у баҳсларга, эркакларига танқидий фикр билдиришга мойил, шунингдек, айнимачи шахс, деб ҳисобланади.
Буюк Мўғуллар Империясининг қаҳрамон аёллари келиб чиқишига кўра марказий осиёликлардир, у ерда – ҳеч бўлмаса, Чингизийлар империясида – аёллар сиёсатда фаол иштирок этиши оддий ҳол бўлган, бироқ Буюк Мўғуллар Империяси аёллари нафақат кучли ва сиёсийлашган ҳам эди, қолаверса, ақлли ва ҳамма нарсадан хабардор бўлган. Улар қандай қилиб бундай ўқимишли бўлишга эришган?
Мўғуллар нафақат чингизийлар, балки темурийлар ҳам бўлган. Айтиш мумкинки, аслида улар темурийлар меросига чингизийлар меросидан кўра кўпроқ даъвогарлик қилган. Темур таълим, маданият, меъморчилик ва шаҳар этикетига (жамиятдаги хулқ–атвор қоидалари) қаттиқ эътибор қаратган, чунки у форс маданиятининг бир қисмини ўзлаштирган эди. Шунинг учун ажойиб таълим олган темурий аёллар каҳкашони мавжуд: Буюк Мўғуллар Империяси асосчиси Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорбегим, бувиси Эсон Давлатбегим ва синглиси Хонзодабегим. Мўғуллар машҳур матриархларни (оила ёки жамият бошлиғи бўлган аёллар) қаттиқ ҳурмат қилган, улар Бобурга жуда қалтис вазиятда ва хавфга дучор бўлганда, тахтни ва империяни сақлаб қолиш имконини берган. Натижада аёллар авлодига темурий зодагонлардан бўлган эркакларга берилгани каби ажойиб таълим олиш имконияти берилган.
Ўша аёллар ҳақида батафсил гапириб бера оласизми? Уларнинг шахсияти ва жасорати, бир–биридан ажратиб турган хусусиятлар ҳақида нималарни биламиз?
Мен улар ҳақидаги Акбарга бағишланган китобимда (Akbar: The Great Mughal; “Акбар: Буюк мўғул”) ва яна Daughters of the Sun (“Қуёш қизлари”) китобимда ёзганман.
Бобурнинг онаси ва бувисига келсак, мана шу аёллар ёрдамисиз у Ҳиндистонда қилган ишлар амалга ошиши даргумон эди. Унинг бувиси ким бўлганидан қуйидаги тарих далолат беради. Бувисининг умр йўлдоши аслзода киши бўлиб, ҳар доим жангу жадалларда иштирок этган, бир куни Эсон Давлатбегимнинг эри жангда мағлуб бўлади ва ўзи душман қўлига аср тушиб қолади. Душман ҳукмдори уни аъёнларидан бирига эрга беради. У бир тунни кутиш билан ўтказади ва ўзини булар барчасидан хурсанд экандай қилиб кўрсатади. Аммо ўша киши хонасига киргандан сўнг Эсон Давлатбегим жориялари билан уни тутиб олиб, деразадан улоқтириб юборади ва у ерга урилиб, ҳалок бўлади. Ҳукмдор чиндан ҳам ларзага тушади ва сўрайди: “Нима қилиб қўйдинг? Сен менинг амалдоримни ўлдириб қўйдинг”. Аёл мағрур жавоб беради: “Мен эрлик аёлман! Истасангиз, мени ўлдиришингиз мумкин, лекин бошимда эрим бор”. Бу гапи ҳукмдорга шунчалик қаттиқ таъсир қиладики, уни мулозимлари билан ортига жўнатиб юборади ва эрига қайтарилишига эришади.
Шу тариқа, бу аёллар нафақат жисмонан жасур бўлган, қолаверса, ўз қадрини билган ва унга аҳамият берган – улар ҳаёти қул бўлиш ва бир эркакнинг қўлидан иккинчисининг қўлига ўтиш бўлмаган. Мен бундай ўзига бўлган ишончни ғайриоддий деб биламан.
Бобурнинг опаси Хонзодабегимнинг бошига ҳам шунга ўхшаш кўргулик тушган. Уни кўчманчи ўзбеклар ҳукмдори Шайбонийхон тутиб олади ва уйланади, сўнгра у билан ажрашиб, яна кимгадир эрга бериб юборади. Хонзодабегим 10 йилдан ошиқ Шайбонийхон саройида яшайди. Шайбонийхон навбатдаги жанглардан бирида ўлдирилгандан сўнг Хонзодабегим қайтиб Ҳиндистонга Бобур саройига жўнатилади. Қизиғи шундаки, шунча йиллардан сўнг Бобур уни қайтиб ўз саройга олади ва уни подшоҳбегим қилиб тайинлайди, яъни у ҳарамнинг энг ёши катта аёли эди ва ҳарам бошқарувини назорат қилади. Бу ҳокимиятнинг позицияси бўлиб, Хонзобегимдек аёлга катта ҳурмат билан қаралганидан далолатдир. Хонзодабегим бошидан кечирганлари олдин деярли кузатилмаган, чунки биз одатда ҳинд жамиятида эри билан ажрашган ва бева қолган аёлларга эрлик аёллар сингари ҳурматга сазовор бўлмаганини кўрамиз. Афсуски, бу ўзига хос ҳинд – ҳинди анъанасидир.
Бобур опаси Хонзодабегимни Кобулда кутиб олмоқда, тахминан 1590 йилда чизилган миниатюра. Виктория ва Алберт музейи.
Ажабланарлиси, мўғуллар аёлларни жанг пайти асир олиш, улар истагига қарши эрга бериш ва бева қилиш ишига прагматик жиҳатдан ёндашган, бу ҳол аёлларни кераксиз қилиб қўймаган, жинсий содиқликка унчалик аҳамият берилмаган. Назаримда, бу Ҳиндистон аҳлига айтилмоқчи бўлган энг кучли гап – мужда эди, чунки биз кўпинча ҳинд аёлларининг жинсий содиқлигига жуда катта аҳамият бериб юборамиз.
Гулбаданбегим билан боғлиқ тарих ҳам жуда аҳамиятли – кўряпмизки, аёлларнинг ўқимишли бўлиши ўта муҳим бўлган. Одамларнинг ўқиши жуда қиммат бўлган, бунинг учун ўқитувчилар ва репетиторларни ёллаш керак эди, бу аёллар эса фавқулодда ўқимишли бўлган. Масалан, Гулбаданбегим Акбарнинг таржимаи ҳолини ёзган. Гулбаданбегим у қадар ўқимишли ва саводли бўлмаган, аммо қоғозда фикрларини баён қилишни билган. Шунинг учун Акбар ундан ўз таржимаи ҳолини ёзишни илтимос қилган, уни Абу ал–Фазл ёзган катта таржимаи ҳолга қўшиш мумкин эди. Гулбаданбегим Ҳумоюн ва император Бобур ҳақидаги хотираларини тавсифлаб беради. Билишимча, мусулмон аёл ўша асрдаги ҳарам ҳаёти билан боғлаб таржимаи ҳол ёзиши бармоқ билан санарли ҳолатлардан бири эди. Бу аёл ҳарамда узоқ умр кўрган; у ўша тузилма ҳақида унинг ичида туриб ёзди ва бизга ўша ҳаётни қандай тушунганини ёзиб қолдирди.
Бу – жуда ноёб ҳужжат ва ундан жуда кам фойдаланилган. Одатда тарихчилар эркаклар ёзган барча манбалар қатори ундан кўп фойдаланмайди. Шунга қарамай, бу аёллар ўқимишли ва бундай асарлар ёзишга қодир бўлган. Мен мана шу ҳақда кўпроқ гаплашиш кераклигини ва бу аёллар таълим олиши учун қандай саъй–ҳаракатлар қилинганини ўйладим.
Деҳли султонлиги тахтига ўтирган ва келиб чиқиши туркий бўлган ягона султон аёл Розия ҳақида биз марказий осиёликлар жуда кам нарса биламиз. У ҳақда бизга нималарни гапириб бера оласиз?
Розия ҳозирги Ҳиндистон шимолидаги Ҳиндустан[2] деган минтақа энг гуллаб–яшнаган пайт ҳукмронлик қилган. Бу қуллар – мамлуклар сулоласи даврига тўғри келади. Унинг отаси Шамсиддин Элтутмиш, унгача эса Қутбиддин Ойбек бўлган. Улар Ҳиндистонга Муҳаммад Ғурий билан бирга Марказий Осиёдан келган. Муҳаммад Ғурий ўзи билан бирга туркий қулларни олиб келган ва вақт ўтиши билан туркий қуллар ҳукмдорларга айланган. Бинобарин, ўша пайтда талотумлар кўп бўлган. Ҳар доим ўзаро рақобатлашувчи томонлар мавжуд эди. Улар Марказий Осиёдан келган эркаклар бўлган. Уларга бошқа маҳаллий аҳоли вакиллари қарши турган. Уларга эркин туғилган бошқа туркийлар ва форслар қарши турган. Шунга кўра, бу улкан мавҳумлик даври эди, ҳокимиятни қўлда тутиб қолиш осон бўлмаган, чунки мана шу турли томонларни мавозанатда ушлаб туриш ва ҳаммани у ёки бу даражада рози қилиш керак эди.
Розия Султоннинг биринчи ғайриоддий иши ўзини тахтга эгаликка номзод қилиб олдинга суриши бўлган. Шунинг учун 25 йил тахтни эгаллаб турган отаси вафотидан сўнг унинг иккинчи ўғли бўлган акаси – тўнғич ўғил ва ҳам ўлгани учун ўз–ўзидан ҳукмдорга айланади. Аммо у лаёқатсиз ҳукмдор эди ва унинг онаси ҳарамда сиёсатга аралаша бошлайди. Шунинг учун Розия армияга мурожаат қилади. У ўз номзодинини ҳукмдорликка суради, бу ғайриоддий ҳол эди, чунки у ўзининг аёл эканига парво қилмаган. Ўз вақтида Розия ҳақида барча аёллар у буюк ва адолатли ҳукмдор бўлганини – империяга адолат, барқарорлик ва тинчлик олиб келганини – бирдан–бир камчилиги эркак эмас, аёл бўлганини ёзиб қолдирган.
Фикримча, у келиб чиқишига кўра кўчманчи – мамлук туркийларидан – бўлгани жуда муҳим. Айнан мўғул аёлларининг келиб чиқишига кўра ярим кўчманчи бўлгани уларни жасур ва эркаклар билан тенг бўлишига олиб келган. Улар жинсини қандайдир чекланган деб билмаган, чунки кўчманчи ёки ярим кўчманчи ҳаёт тарзида одам йилнинг аксарият вақтида бир жойдан бошқа жойга ё отда, ёки пиёда, ёхуд ҳукмдорнинг мулозимлари билан бирга кўчиб юрганда, аёлларни тўлиқ ёпиқ ҳолатда сақлаб қолишнинг ёки пурдага амал қилишга мажбурлашнинг иложи йўқ эди.
Ҳатто Бобур илк марта Ҳиндистонга келганда, онаси билан бувиси унга ўта муҳим маслаҳатлар бериб турган. Адашмасам, отаси ўлганда Бобур 14 ёшда (аслида 12 ёшда – таржимон), яъни жуда ёш бўлгани сабабли заиф бўлган ва ўша пайтда исталган воқеа содир бўлиши мумкин эди. Лекин онаси билан бувиси ҳарбий маслаҳатлар бериб турган ва жисмонан унга ҳамроҳлик қилган – бир жойдан бошқа ерга кўчиб юрган. Шу тариқа бу аёлларнинг келиб чиқиши дашт кўчманчилиги бўлгани боис табиати жуда кучли бўлган. Улар шу нарсани Ҳиндистонга ҳам олиб келди ва айни сабаб шундай кучли аёллар намунасини ҳинд тарихи ўрталаридан топамиз.
Розия Султон – Ҳиндистонни бошқарган ягона мусулмон аёл. У эсланади, аммо у ҳақдаги алоҳида тафсилотлар берилмайди. Шу гапни Гулбаданбегим ҳақида ҳам айтиш мумкин – мўғуллар ҳукмронлигининг дастлабки давридаги аёллар мутлақо номаълум эди. Мен “Қуёш қизлари” китобимни ёзганимда, Буюк Мўғуллар Империяси аёллари ҳақида ҳеч қандай китоб йўқ эди. Эркаклар ҳақида эшитганмиз, улар ғайриоддий бўлган, аммо аёлларга, айниқса, Гулбаданбегим ва Ҳамидабону бегим сингари аёлларга эътибор қаратилмаган, фақат энг сўнггилари эсда қолган. Аммо ҳозир уларга бўлган қизиқиш кучайди. Бир Америка университети олимаси Руби Лаъл жорий йилда Гулбаданбегим таржима ҳолига бағишланган китобини чоп эттирмоқда. Бу – жуда қизиқарли. У Нуржаҳон ҳақида ва Буюк Мўғуллар Империясининг дастлабки машҳур аёллари ҳақида илмий китоб ёзган эди, энди эса Гулбаданбегим ҳақида китоб чиқармоқда. Шунинг учун одамлар Буюк Мўғуллар Империяси бошқарувининг аёллар тарафи ҳақидаги маълумотларни эркаклар тарафи ҳақидаги маълумотлар сингари шижоат билан ўқиб–ўрганади.
Бишан Дас (Буюк Мўғулларнинг сарой рассоми). Шаҳзоданинг туғилиши, тахминан, 1610–1615 йиллар. “Жаҳонгирнома” саҳифаси, Тасвирий санъат музейи, Бостон шаҳри.
Ўша даврнинг севимли қаҳрамон аёлларингиз кимлар? Улар бошидан кечирган номаълум воқеалар баёнини гапириб бера оласизми?
Мен Мумтоз Маҳал билан Шоҳжаҳоннинг қизи Жаҳоноробегим тарихига бефарқ эмасман. У онасининг ўлимидан сўнг 17 ёшида подшоҳбегим (ҳарам бошлиғи) бўлди ва ўша пайтдан бошлаб жуда бой ва таъсир кучи катта аёлга айланди. У меъморчиликда улкан мерос қолдирди – Чандҳи Чоук карвонсаройи ва Шоҳжаҳонобод (эски Деҳли) ҳаммомларини қурдирди – тасаввуфий битиклар битди, ўзини акаси Доро Шикоҳнинг руҳий жуфти деб билар ва тасаввуфий транс ҳолатларини бошидан кечирган. У XVII асрда ўз даврининг энг бой ва таъсири кучли аёли бўлган бўлса ажаб эмас. Ҳиндистонда савдо–сотиқ қилишни истаган барча европалик савдогарлар у билан музокара қилиши шарт эди. Аврангзеб отасини қамоққа ташлагач, у ўзига берилган барча имтиёзлардан воз кечди ва отаси ортидан Аграга қувғинга жўнади. Бугунги кунда унинг мероси унутилаёзди, қурдирган барча бинолари 1857 йилдаги қўғолондан сўнг бузиб ташланди.
Умуман, ушбу даврларнинг ҳар бирида аёлларга муносабат қандай бўлган? Буюк Мўғуллар келиши билан бирор нарса ўзгарганми?
Билишим бўйича, Буюк Мўғуллар келиши билан аёлларга кўпроқ эркинлик берилган. Улар бундай кўчманчилар ҳаёт тарзига, сиёсий тузилманинг бир бўлаги бўлишга жуда ўрганиб қолган эди ва бу ҳолни империянинг даслабки давридаги аёллар ҳаётида кўрамиз. Кейинчалик, айниқса, Акбар давридан бошлаб, ҳамма нарса ўзгаришга юз тутди, чунки у кўплаб ражпут аёлларга уйланган. Бундан ташқари, унинг аъёнлари ва бош аслзодалари ҳам ражпутлар бўлган.
Ражпутлар Зенана[3] тизимини ва пурдага амал қилишни жорий этган, чунки Ражастон Ҳиндистоннинг шимоли–ғарбида жойлашган ва ўша пайтларда Ҳиндистон ташқарисидан Ҳиндустанга кўплаб босқинлар бўлиб турган. Ражастон кланлари аёлларини ҳимоя қилиш заруратини англаб етиб, пурдани жорий қилган. Шу тариқа аёлларнинг рўмол ўраш тизими ражпутларда мавжуд эди, сўнгра Акбар ражпут аёлларига уйланди, шунда сўнг бу Буюк Мўғуллар Империясида одат тусига кирди. Зодагонларга мансуб аёлларнинг пурда амалиёти ижтимоий тузилманинг бир қисмига айланди ва ўзлаштира бошланди. Ҳиндистоннинг барча зодагон кланлари ҳам шу ишни қилмоқчи бўлди. Шундай қилиб, аёллар изоляцияси кучая борди. Таассуфки, Акбар аёллар таълим олишига кўмаклашганига ва ўзи кўрган аёлларга ҳамдард бўлганига қарамай, пурда амалиёти тарқалиб кетди. Сўнгра, британияликлар келиши билан Виктория қадриятларини ҳинд жамиятига олиб кирди: ўша даврдаги европалик аёллар, асосан, уйда ўтирар ва унчалик мустақил эмас эди. Шу тариқа XVIII ва XIX асрларда Ҳиндистонда аёлларнинг аҳволи жуда оғирлашди, чунки зикр этилган Виктория қадриятлари маданиятимизнинг бир қисмига айланди. Шу тариқа, аёллар ўтган асрларда баҳраманд бўлган озодликнинг кўп қисмини йўқотдик.
[1] Сангҳа – Будда жамоати номи. Бу атама, умуман олганда, диний дибродарликни ҳам англатиши мумкин.
[2] Ҳиндустан – қисқартирилган “Ҳинд” номи билан бирга форс тилида Ҳиндистоннинг номланиши. Кенг маънода Ҳиндистон субконтиненти. Кейинчалик у ҳиндустаний тилида минтақа номи сифатида қўллана бошлади. Афтидан, Ира Мухоти Ҳиндистон шимолидаги бир ҳудудни Ҳиндустан деб атаганг.
[3] Зенана (форсча “аёл” ёки “аёлларга тааллуқли” маъносинги англатади) – Ҳиндистонда уйнинг аёлларга мўлжалланган қисмии англатган.