Абашин С. билан интервью.
Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олгунга қадар “Туркистон” атамаси Суғд ҳужжатларидан бошлаб турли манбаларда учраб турган. У Марказий Осиёнинг туркий халқлар яшайдиган кенг қамровли тарихий–жуғрофий ҳудудини – “Турклар ери”ни англатган. Россия ҳокимияти 1865 йилда Тошкентни ишғол қилгандан сўнг ушбу минтақага “Туркистон Ўлкаси” деган расмий ном берди, сўнгра 1867 йилда уни Туркистон генерал–губернаторлигига айлантирди, дастлаб унинг таркибига маркази Тошкент бўлган Сирдарё ва маркази Верний шаҳри бўлган Еттисув вилояти кирган, генерал–губернаторнинг қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган. 1890–йиллар охирига келиб, Туркистон генерал–губернаторлигига Қўқон хонлиги ерларидан ташкил топган Фарғона вилояти ва Зарафшон округидан таркиб топган Самарқанд вилояти, шунингдек, Каспийорти вилояти қўшилган. Болшевиклар Туркистон Совет Республикасини ташкил этиб, ушбу минтақани сақлаб қолишга уринган, аммо бу тузилма миллий республикалар деб аталувчи тузилмаларга жой бўшатиб берган. Бугун “Туркистон” атамаси кўпинча рамз сифатида тилга олинади, минтақа эса Марказий Осиё деган рамзий номга эга.
Туркистон ўлкаси тарихи ҳақида россиялик тарихчи Сергей Абашин сўзлаб беради.
Сергей Николаевич Абашин – рус тарихчиси, этнологи ва антропологи. Тарих фанлари доктори, Санкт-Петербургдаги Европа университетининг антропология факультети профессори. 1987 йилда Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган, уша жойда ўқиб этнография бўлимида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ўша йили СССР Фанлар академиясининг Н.Н.Миклухо-Маклай номидаги Этнография институтининг Ўрта Осиё минтақаси бўйича аспирантурасига ўқишга киради. 1990 йилда аспирантурани тамомлаб, Этнография институтига (кейинчалик Россия Фанлар академияси Н. Н. Миклухо-Маклай номидаги Этнология ва антропология институти) ишга қабул қилинди.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда фаол дала тадқиқотлари олиб борди. 1997 йилда номзодлик, 2009 йилда Марказий Осиёда давлат қурилиши тарихи бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.
2001-2005 йилларда у Россия этнографлари ва антропологлари уюшмаси ижрочи директори лавозимида ишлаган. 2009 йилда Саппородаги (Япония) Хоккайдо университетида хорижлик ходим сифатида ишлаган. 2013 йилда у Санкт-Петербургдаги Европа университетининг номинал профессори лавозимига ўтди, бу эрда асосий қизиқиш мавзуси миграция тадқиқотлари;
“Этнографик шарҳ” (Москва), “Cаҳиерс де лъАсие cентрале” (Франция), “Аcте Славиcа Иапониcа” (Япония), “Аб Империо” (Россия-АҚШ) журналлари таҳририяти аъзоси, “Марказий Осиё тарихи журнали” (Нидерландия).
Тўлиқ био – https://eusp.org/people/sergei-abashin
Россия тўралари (бюрократияси) орасида ким биринчи бўлиб “Туркистон” атамасини ўртага ташлаганини ва у Россия империяси мустамлакасини англата бошлаганини гапириб берсангиз.
Аслида “Туркистон” сўзи маҳаллий тарихшуносликда ҳали Россия империяси ушбу ҳудудга яқинлашиб келаётган XVIII асрда ҳам маълум эди ва у Сирдарё ортидаги минтақани англатган. Агар Амударё тарафдан, жануб томондан қараладиган бўлса, бу ҳозирги Тошкент, Тошкент вилояти ва жанубий Қозоғистонни билдиради. Сирдарё ортидаги ҳудуд Туркистон деб аталган.
Этнографияга оид кўплаб манбаларда, европаликлар ва россиялик олимлар чизган талай хариталарда айнан шу минтақа Туркистон деб номланган. Шунинг учун айнан ушбу атама белги бўлган. 1860–йилларда Россия империяси Марказий Осиёнинг шу қисмини, яъни Тошкентни, Тошкент вилоятини, ҳозирги Жанубий Қозоғистонни, яъни Туркистон шаҳрини (дарвоқе Туркистон ёки Ясани), Шимкент – Чимкентни босиб олди, яъни у маҳаллий тарихшуносликда Туркистон деб аталган мана шу ҳудудни забт этган эди. Шу боис улар қўшиб олинган янги ҳудудни Туркистон даб аташ учун маҳаллий атамадан фойдалангани мутлақо табиий. У дастлаб Туркистон вилояти деб аталган.
Бироқ тез орада Россия империяси жануб томон силжий бориб, бошқа ерларни: дастлаб Ўратепа ёки ҳозирги Истаравшанни ёки ҳозирги Хўжандни, сўнгра Самарқандни, ундан кейин расман Туркистонга тегишли бўлмаган, Қўқон хонлиги деб аталган Фарғона водийсини, Бухария ёки Бухорони, яъни алоҳида Туркистон деб тавсифланмаган ҳудудни босиб олди. Маҳаллий тарихшуносликда бу атама айни минтақага нисбатан қўлланмаган. Бироқ Россия империяси санаб ўтилган минтақаларни босиб, ўз ҳудудига қўшиб олиб, минтақа сифатида белгилаш учун “Туркистон” атамасидан фойдаланишни давом эттираверди. Шу тариқа у улкан минтақага нисбатан қўлланадиган бўлди. Сиз тилга олиб ўтганингиздек, кейинчалик Каспийорти вилояти ҳам расман Туркистон таркибига киритилди, аммо маҳаллий тарихшуносликда у ҳеч қачон Туркистон деб аталмаган. У ҳам кирди ва барчаси Туркистон деб аталадиган бўлди. Қизиғи шундаки, маҳаллий зиёлилар, маҳаллий жамоат арбоблари XVI – XVII асрлардаги тарихшунослик анъанаси давоми сифатида эмас, янада кенгайтирилган маънода “Туркистон” атамасини қўллай, бутун бошли Ўрта Осиёни “Туркистон” атамаси билан атай бошлади. Россия империяси тасаввурида, масалан, Шинжон – ҳозирги Синцзян ҳам – Туркистон, аммо у – Хитой Туркистони, ҳозирги шимолий Афғонистон ҳам Туркистонга, аммо Афғонистон Туркистонига айланди. Яъниким, Россия империяси шарофати билан “Туркистон” сўзи деярли бутун Марказий Осиёни англатадиган атамага дўнди. Лекин қайтариб айтаман, бу атама дастлаб Россия империясига биринчи бўлиб қўшиб олинган ҳозирги Жанубий Қозоғистон ва Тошкент вилоятидан иборат ҳудудни англатган.
Қозоқларнинг империяга эртароқ қўшиб олинган шимолий ерлари, мустақил маъмурий бирликка айлана олмай, Сибир ва Оренбург генерал–губернаторликлари таркибида қолиб кетди. Россия ҳокимияти шу тариқа минтақани шартли равишда кўчманчилар ва деҳқонларга бўлишни истади. Туркистоннинг биринчи генерал–губернатори фон Кауфман анъанавий тарзда қозоқларни қўллаб–қувватлаган, чунки уларни “маданий нуқтаи назардан улар ўзбеклар билан тожиклардан кўра ассимиляцияга (русларга қўшилиб кетишга) кўпроқ мойил”, деб ҳисоблар эди.
Ушбу бўлишга оид қандай ғоялар мавжуд бўлганини батафсилролқ сўзлаб берсангиз.
Бу маъмурий муаммо сифатида Тошкент ва Қозоғистон жанубида жойлашган шаҳарлар истило қилингандан сўнг Россия маъмурияти олдига 1860–йилларнинг ўртасида кўндаланг бўлди. Расман Оренбург генерал–губернаторлиги таркибида Туркистон вилояти ташкил этилган эди. Ўша пайтдаёқ биз маъмурий жиҳатдан бу ўлкани қандай бошқарамиз, деган савол ўртага чиққан ва айни масала устида бир неча йил минтақа билан таниш бўлган бир қатор экспертлар ва амалдорлардан иборат Дашт комиссияси иш олиб борган. Комиссия бу мавзуларни ўрганиб чиқиб, 2 та Низом қабул қилган.
Биринчидан, у минтақани 2 та маъмурий қисмга бўлишга қарор қилди. Бугун биз қозоқ дашти деб атайдиган ва асосан, кўчманчилар истиқомат қиладиган ҳудудлар алоҳида қолдирилди. Улар умумий қоидалар билан бошқарилар, аммо даштнинг ғарбий қисми ҳали ҳам Оренбург генерал–губернаторлигига, шарқи қисми эса Ғарбий Сибир генерал–губернаторлигига бўйсунар эди. 1867 йилда Туркистон генерал–губернаторлиги ташкил топди. Яъниким, бундай бўлишда сиз айтиб ўтган ғоя – кўчманчиларни ажратиш бўлган: кўчманчиларни бошқаришни ўтроқ аҳолини бошқаришдан ажратиш керак эди.
Бундай мантиқнинг бир неча англами бор. Биринчидан, иқтисодий англам, чунки деҳқончилик билан шуғулланадиган аҳолининг ҳар бир деҳқончилик хўжалигидан солиқ йиғилган ва улар ўша ерларда муайян қоидаларга кўра ташкил этилган. Дастлаб улар олдинги маҳаллий ҳукуматлар йиққан солиқлар бўлган, аммо аста–секин муайян солиқ ставкаларига ўтила борган. Шартли қилиб айтганда, деҳқончиликдан 10 фоизлик солиқ олинган. Чин маънодаги маъмурий мантиққа кўра, қайси ставка қўлланиши ва қай тарзда солиқ йиғилиши ҳақида бош қолтирилган. Шунга асосан, кўчманчиларнинг мантиғи бутунлай бошқа бўлган. У ерда жониворлардан, аниқроғи, ўтов ставкалари, яъни ҳар бир ўтовдан ва ҳк. муайян ставка бўйича солиқ йиғилган. Бундай бўлишда соф иқтисоидй мантиқ бўлган. Солиқларни қандай йиғамиз? Булар барчасини бошқариш қай жиҳатдан қулай?
Сиз эслаб ўтган иккинчи мантиқ кўпроқ мафкуравий бўлган. Ўша пайтда кўчманчиларга ёмон ва беқарор мусулмон, унчалик мусулмон бўлмаган кишилар сифатида қаралган. Улар русларга тез орада қўшилиб кетади, исломдан ҳадемай воз кечади ва ҳатто православ динини қабул қилса, идеал иш бўлар эди, деган тасаввур бўлган. Бу узоқ вақтга мўлжалланган режа ва орзулар эди. Шунинг учун Россия империяси фақат мусулмонлар яшайдиган минтақа – Туркистон генерал–губернаторлигини ва унчалик мусулмолн бўлмаган қозоқ даштини, қозоқлар макон қурган минтақани ажратиб кўрсатмоқчи ва у ерларда турлича сиёсат юргизмоқчи эди, чунки Туркистон генерал–губернаторлигида ислом динига эҳтиёткорона муносабатда бўлинган. Масалан, шариат судларига, вақфларга рухсат берилган, масжидлар қурилиши бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаган ва ҳк., яъни маҳаллий мусулмон аҳолининг ҳақлари жуда кўп бўлган. Буни фон Кауфман “ислом динини менсимаслик” деб атаган: “Яъни биз ўзимизни гўё бу дин йўқдай тутамиз, улар ўз мусулмон қонунлари бўйича яшайверади, биз гўё ҳеч нарсага тегмаймиз”.
Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, Туркистон генерал–губернаторлигида ислом дини қонуний жиҳатдан мавжуд эди. Қозоқлар яшайдиган жойларда ислом дини жуда чекланган, яъни жуда қатитқ қоидалар мавжуд эди. Биринчидан, судлар шариат судлари эмас, халқ одатлари судлари деб аталган, яъни судялар қозилар эмас, бийлар деб номланган, биз ислом шариатини эмас, ислом қоидаларини эмас, маҳаллий аҳоли, кўчманчиларнинг, мусулмонлик тутимларини қаттиқ ушламаган кишиларнинг кундалик турмуши бошқариладиган халқ одатларини рағбатлантиришимиз керак, деб ҳисобланган. У ерда янги масжидлар ва вақфлар қурилиши кескин чекланган. Ўта қаттиқ қоидалар бўлган: бутун бошли волостда (таркибида бир неча қишлоқ бўлган маъмурий тузилма) битта масжид бўлишига рухсат этилган. Ҳар бир янги масжид очилишини уезд (тахминан, ҳозирги туманга тенг бўлган ҳудудий–маъмурий тузилма) бошлиқлари, яъни россиялик бошлиқлар тартибга солиб турган, бу ҳол Туркистонда кузатилмаган.
Ўтроқ аҳоли алоҳида ва кўчманчи халқ алоҳида бўлган бундай маъмурий бўлинишнинг 2 та мантиғи бўлган: иқтисодий – бошқарув мантиғи ва мафкуравий мантиқ. Аммо бу Туркистон билан қозоқ дашти бўлиниши эмас эди, қозоқ дашти кейинчалик алоҳида дашт генерал–губернаторлигига айлантирилди. Адашмасам, бу 1882 йилдан сўнг юз берди. Айни мантиқ Туркистон генерал–губернаторлиги ичида ҳам кузатилган, чунки у ерда ҳам кўчманчилар ва ўтроқ аҳоли яшайдиган волостлар бор эди.
Туркистон генерал–губернаторлиги ташкил этилганда, унинг таркибида 2 та: Сирдарё ва Еттисув вилоятлари бор эди. Умуман олганда, Туркистоннинг зикр этилган икки вилоятида кўчманчи қозоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил қилар эди. Сўнгра, орадан кўп ўтмай, Россия империяси жануб – ўтроқ аҳоли томон кенгая бошлади. 1876 йилда у Самарқанд ва Фарғона вилоятини босиб олди ҳамда Туркистон генерал–губернаторлигидаги ўтроқ аҳоли сони кўчманчиларникидан ошиб кетди. Фон Кауфманнинг ўлимидан сўнг бутун бошли тизимни қайта тузиш ғояси пайдо бўлди, шунинг учун Туркистон генерал–губернаторлиги таркибидан Еттисув вилояти ажратиб чиқарилди.
Ҳозирги Олма–Ота Қарағастан бўлган. Ҳаммаси эмас, шимолий Қарағастан, бошқа қандайдир вилоятлар, яъни Қарағастан ва Қозоғистонга тегишлар ҳудудлар. Бу вилоятлар Туркистон генерал–губернаторлиги таркибидан ажратиб олиниб, Дашт генерал–губернаторлиги таркибига киритилган. Яъниким, гўё барча кўчманчилар: қозоқлар ва қирғизлар Туркистон генерал–губернаторлигида қолган ўтроқ аҳолидан ажратилган.
Кейин 1899 йилда яна ҳамма нарса ўз ўрнига қайтди. Яна Еттисув вилояти бус–бутун XIX аср охирида яратилган шундай улкандан–улкан Туркистон генерал–губернаторлиги таркибига қайтарилди. Яъниким, доимий маъмурий ўзгаришлар бўлиб турган. Албатта, бундай ўзгаришлар турли мақсадларни кўзлаган, турли вазифаларни ўз олдига қўйган. Кўчманчи, мусулмонлик тутимларига кўпроқ риоя қилувчи аҳоли унчалик мусулмон ҳисобланмаган, шубҳали мусулмон деб қаралган уларга, кўчманчилардан ажратиш ҳақидаги ушбу ғоя XIX асрда айни минтақанинг барча маъмурий ислоҳотлари учун жуда муҳим бўлган.
1868 йилдан 1917 йилгача бўлган даврда Туркистон ўлкаси маъмурий жиҳатдан губерниялар, уездлар ва волостларга бўлинган ҳамда янги босиб олинган ерлар билан қўшиб ҳисоблаганда, жуда улкан ҳудуд бўлган. Ўлканинг бош шаҳри Тошкент эди.
Туркистон ўлкасини бошқариш сиёсати нимадан иборат бўлган? Фон Кауфманнинг Туркистонда 1867–1881 йиларда ўтказган ислоҳотлари мазмуни нимадан иборат эди?
Бу – жуда катта савол. Аслида ушбу даврда жуда кўп турли ислоҳотлар ва тамойиллар бўлган. Менимча, уларнинг принципиаллари ҳақида гапириб берганим маъқул. Туркистон генерал–губернаторлиги ичида волост даражасида кўчманчилар волостлари ва ўтроқ аҳоли волостлари бўлган ва улар турли қоидалар асосида бошқарилган. Иккинчи ва муҳим мантиқ ҳарбий–халқ бошқарувидир. Унинг маъноси шуки, Туркистон генерал–губернаторлиги Россия империясининг ҳарбий вазирлигига бўйсунган. Ваҳолонки, Россия империясинининг бошқа вилоятлари, губернияларининг аксарияти Ички ишлар вазирлигига қараган. Россия империясининг Ички ишлар вазирлиги ҳозиргига ўхшаш полиция идораси бўлмаган. (Ҳа, бизда ИИВ полиция деб аталади.) У Россия империясининг барча ички ишлари билан шуғулланган. Аҳолини рўйхатга олган, ҳар хил фуқаролик ишлари ва ҳк.ни бошқарган. Ички ишлар вазири ҳозирги тушунчадаги бош вазир бўлган. У ички сиёсатга тегишли барча ишлар билан шуғулланган. Ҳарбий ва ташқи сиёсат алоҳида юритилган. Ички сиёсат билан эса Ички ишлар вазирлиги шуғулланган. Россия империясининг губерниялари, вилоятлари ички ишлар вазирлигига қараган ва ягона фуқаролик қонунлари билан бошқарилган.
Туркистон ҳарбий вазирликка қараган ва шунга кўра, бу унинг Россия империясининг умумий фуқаролик қонунлари билан эмас, хусусан, Туркистон генерал–губернаторлиги учун махсус ишлаб чиқилган низомлар билан бошқарилганини англатади. Шундай қилиб, 1917 йил охирига қадар Туркистон ҳарбий вазирлик ихтиёрида қолган. Ўлкани ҳарбий идорадан фуқаролик идораси, яъни ИИВ ихтиёрига бериш–бермаслик юзасидан катта мунозаралар бўлган.
Шундай мунозаралар ва даъватлар бўлган, фикрлар бўлган, лекин умуман, идора ҳарбий вазирлик ихтиёрида сақланиб қолган ва алоҳида мақомга эга бўлган. Бу мақом нимани англатган? Бу мақомнинг маъноси шуки, Туркистоннинг нафақат бошқа умумий фуқаролик институтларидан фарқли конституцияси бор эди, қолаверса, генерал–губернатордан бошлаб, барча вилоят амалдорлари, яъни вилоятларнинг ҳарбий раҳбарлари ва уезд бошлиқлари (мен Россия империясининг тузилмаси бўйича пастга эниб келяпман) – барчаси ҳарбий вазирлик тайинлайдиган ҳарбий амалдорлар бўлган. Генерал–губернаторни император тайинлагани тушунарли, аммо ҳарбий амалдорларни расмиятчиликка кўра ҳарбий вазирлик тайинлаган. Уларни маҳаллий аҳоли сайламаган. Бунақаси бўлмаган. Айни дамда ҳарбий амалдорлар 2 та вазифани бажарган. Улар ҳарбий амалдорлар ҳам бўлиб, барча фуқаролик ишларини бошқарган.
Шу билан бирга, улар вилоят ёки уезд ҳудудида фаолият юритган ва қўмондонлар ҳам бўлган, яъни бир вақтда ҳарбий амалдорлар ва ҳарбий раҳбарлар ҳамда маъмурлар ва фуқаролик раҳбарлари ҳам эди. Улар ушбу вазифаларни бирга қўшиб олиб борган. Ҳарбий–халқ бошқарувининг ҳарбий қисми.
Халқники нима дегани? Бунинг маъноси шуки, қуйи даражалар, яъни қўчманчилар минтақаларидаги қишлоқ ёки овул жамиятини ва қишлоқ даражасидан бироз юқори, аммо уездникидан паст бўлган волост даражасини маҳаллий аҳоли вакиллари бошқарган. Расман сайлов асосида, яъни маҳаллий аҳоли бир неча йилда бир марта ўз вакилларини қурултойга сайлаган, қурултойда эса маҳаллий бошқарув раҳбари сайланган, яъни қуйи бўғинни маҳаллий аҳолининг ўзи бошқарган, шунинг учун у халқники бўлган. Жумладан, қозилар ҳам сайланган. Уезд ва вилоят судялари россияликлар бўлган ва одамларни Россия қонунлари билан суд қилган. Яна қишлоқ ва волост судлари бор эди – унинг қозилари одат, шариат, ўз қоида ва қонунлари бўйича ҳукм чиқарган.
Россия империяси демократия, сайлов ва шунга ўхшаш нарсаларни олқишлагани учун халқ ҳокимияти жорий этилмаган. Шу даражада маҳаллий тилни билган ҳолда бошқарадиган амалдорлар етишмаган. Шунинг учун амалдорлар маҳаллий аҳоли ўртасидан ёлланган. Шу билан бирга, айтмоқчиманки, сайловлар ҳам нисбий бўлган, чунки қонунга кўра ҳарбий бошқарув фавқулодда ҳолат жорий қилиш, сайловларни бекор этиш ва ўзи волост бошқарувчиларини тайинлаш ҳуқуқига эга эди ва фавқулодда ҳолат тез–тез жорий этиб турилган. Ва жуда тез–тез маҳаллий бўлмаган аҳоли вакиллари қишлоқ оқсоқоллари, старосталар ва волост бошқрувчиларини сайлаган, уларни эса рус амалдорлари тайинлаган. Ҳарбий–халқ бошқаруви шундай ташкил этилган. Бу ҳам Россия империяси ҳукмронлиги вақтидаги мастамлакачилик моделининг муҳим ўзига хосликларидан биридир.
Россиялик мустамлакачиларининг алоҳида хавотирини уйғотган нарса ислом дини ва ислом мутаассиблиги эди.
Россия ҳокимияти диндорлар ҳокимиятини қандай қилиб кооптация (қандайдир сайлов органи таркибини сайловчиларга мурожаат қилмай туриб тўлдириш) қилмоқчи бўлган? Россия империясининг ислом динига нисбатан сиёсати қандай юритилган?
Ислом динига нисбатан вазият ҳам мураккаб эди. Айтиб ўтганимдек, Туркистонни бошқариш ҳар доим ҳам бир хил бўлмаган. Ҳар доим аллақандай мунозаралар бўлиб турган, қандайдир ислоҳотлар ўтказилган: гоҳ вилоятлар Туркистон генерал–губернаторлиги таркибидан чиқарилган, гоҳ киритилган. Ҳарбий вазирликка бўсуниш керакми ёми фуқаролик вазирлигига бўйсуниш керакми, деган мунозаралар ўтказилган. Алоҳида мунозаралар Бухоро ва Хивага тегишли бўлган. Улар бутунлай алоҳида бошқарилган. Ислом масаласига ҳам муносабат шундай бўлган. Умуман олганда, қандайдир бир хил сиёсат юргизилмаган. Дастлаб Черняев Тошкентни босиб олган пайтда Оренбург генерал–губернаторлиги таркибида Туркистон вилояти тузилган, барча мусулмон институтлари сақлаб қолинган, шунинг учун маҳаллий аҳоли ушбу босқинни босиқлик билан қабул қилган, чунки: “Мана ҳамма нарса бор ҳолича қолдирилди, энди хон ёки Черняев, ёки император бўлади”, қолган ҳамма нарса жой–жойида қолади, деб ўйлаган одамлар. Барча институтлар: қози қалон ва ҳамма нарса ўз ўрнида қолдирилган. Сўнгра биргаликда бошқарув органи – МАҲКАМА тузишга уринилди, унга кўра, рус амалдорлари ва маҳаллий диндор бошқарувчилар бирга йиғилиб, барча солиқ, суд ишлари ва ҳк.ни бирга ҳал этиши керак эди, аммо фон Кауфман даврида Туркистон ўлкасида, Туркистон генерал–губернаторлигида эътибор қилмаслик деб аталувчи сиёсат амал қилган.
Бу сиёсат нимани англатар эди? Бу ҳақда юқорироқда гапириб ўтдим. Ислом дини Россия империясининг бевосита бошқарув тизимидан чиқиб кетгандек эди. Маҳаллий мусулмонларнинг барча асосий институтлари – қози қалон, шайхул–ислом ва ҳк. йўқ қилинди, яъни улар давлат мақомига эга бўла олмади.
Россия империяси вақтида, адашмасам, мусулмонларнинг Уфа ва Қрим шаҳарларида 2 та диний бошқармаси бор эди. Яъниким, ўша ерларда мсулмонлар бошқаруви легаллаштирилган, боз устига, у маълум вақтга россиялик бошлиқлари билан тўғридан–тўғри гаплашадиган ўз ички лавозимлар иерархияси, бошлиқ – муфтийларига эга ўзига хос черков ташкилотларига айланди – бу институтлар легаллаштирилди ва империя тузилмасига қўшилди.
Туркистонда ҳеч қандай диний бошқарма ташкил этмасликка қарор қилинди. Боз устига, Туркистон диний бошқармаларнинг эҳтимолий таъсирига тушиб қолмаслиги учун, масалан, Уфа мулумонларни идораси таркибидан чиқарилди. Яъниким, маҳаллий ҳокимият ислом динини аллақандай муҳим институционал кучга айлантирмасликка қарор қилди. Мана шу биринчи эътибор қилмаслик сиёсати эди. Иккинчиси – маҳаллий диний ҳаёт масалалари ҳеч қандай расмий қоидалар билан тартибга солинмади, яъни масжидларни истаганча қуринг, исталган кишини имом қилиб сайланг, ўзингиз истаган диний қоидаларга амал қилинг, булар барчаси – сизнинг ички ҳаётингиз, биз унга аралашмаймиз ёки сиз жиноятга оид ҳеч бир қонунни бузмасангиз, деярли аралашмаймиз, аммо сизга давлат идораси мақомини ҳам бермаймиз, сиз Россия империяси ичида қандайдир муҳим институт бўла олмайсиз, биз сизга давлат маошини тўламаймиз, биз сиз билан алоҳида гаплашиб ўтирмаймиз ва ҳк. – эътибор қилмаслик сиёсати мана шу эди.
Бу сиёсат фон Кауфман даврида эълон қилинган, аммо у барқарор бўлмаган, ҳар доим мана шу эътибор қилмаслик атрофида – нима қилиш керак? қабилида – мунозаралар бўлган, чунки Туркистонда ҳам, Петербургда ҳам мана бундай дейдиган амалдорлар бўлган: “Йўқ, бундай қилиб бўлмайди, буни кузатиб бориш ва тартибга солиб туриш керак”. Айрим нарсалар тартибга солиб ҳам турилган. Яхшими, ёмонми, назорат қилиб туриш мумкин бўлган шариат судлари ташкил этилган ва институтлар бўлган, уларга давлатнинг баъзи функциялари берилган. Масалан, улар туғилиш, ўлим ва бошқа ҳолатларни қайд этиб бориши керак эди. Диний идоралар фаолиятини таъминлаб турган ва улар бошқарувига берилган ерлар – вақфлар қолдирилган, аммо улар фаолияти ҳам тартибга солиб турилган, яъни бир тарафдан, уларга эркин фаолияти кўрсатиш учун изн берилган, бошқа тарафдан эса, фаолияти тартибга солиб турилган. Янги вақфлар ташкил этиш тақиқланган, улар доимий тарзда тўғри ёки нотўғри фалолият юритаётгани текшириб турилган. Кўпчилигини ёпилиб, яна шунчаси очилиб турган, яъни улар барибир назорат қилинган. Диний идора ташкил этиш кераклиги ёки йўқлиги хусусида мунозаралар бўлган, Туркистонда диний идора очиш кераклиги тарафдорлари кўп эди. У барибир очилмаган бўлса ҳам, бундай мунозаралар ўтказилиб турган.
1898 йили Андижонда кўтарилган Дукчи Эшон ёки Мадали Эшон қўзғолонидан сўнг сўфий етакчилар – эшонлар фаолияти устидан қаттиқ назорат ўрнатишга қарор қилинди. Рўйхатлар тузилиб, эшонлар ортидан махсус хизматлар ходимлари кузатиб юрган, улар назорат қилинган. Лекин фон Кауфман асос солган умумий принцип сақланиб қолган: ислом динига эътибор берилмайди, ҳеч қандай институт яратилмайди, биз диний ҳаётга аралашмасликка, унга институционал тус бермасликка ҳаракат қиламиз. Булар барчаси 1917 йилга қадар сақланиб қолди, аммо аста–секин, бошқа турли пишанглар орқали улар фаолиятини тартибга солиш, диний ҳаётга аралашиш барибир давом этган, рус ҳокимияти ислом динини тўлиқ ўз ҳолига ташлаб қўйган эмас. У қайсидир тарзда диний ҳаётнинг қайсидир жиҳатларига таъсир кўрсатишга уринган.
Қозоғистоннинг дашт ҳудудларида кўчиб келган рус кишилари XVIII асрдаёқ пайдо бўлган эди.
Россиялик деҳқонларнинг Туркистоннинг жанубий туманларига кўчиб келиши қандай амалга оширилган? Бу турлича – кўчманчилик ва деҳқончилик яшаш тарзи сабаб дастлабки жараёнлардан фарқ қилганми? Ва у Туркистондаги қўзғолонларнинг бош омили бўлганми?
Ҳа, бу ҳам Туркистоннинг муҳим жиҳатлари ва ўзига хосликларидан биридир. Унинг аҳолини кўчириб келиш сиёсати дашт ёки кўчманчи қозоқлар ҳудудларидан фарқ қилган. У ерда ерга давлат мулкчилиги жорий этилган, аммо кўчманчилар деҳқонлар эмас, шунинг учун уларнинг хусусий мулки йўқ. Барча мулк давлатники деб эълон қилинади ва ўша мулк давлат ерлари бўлса, уларга деҳқонлар ишлов бериши керак, шунинг учун кўчманчилар яшаган ерларга аниқ мақсадни кўзлаган кўчириш сиёсати бўлган.
Нега кўчириш сиёсати бўлган? Чунки Марказий Осиёда туғилиш Россиядагидан юқори бўлган бўлса, аҳоли сони тезроқ ортади, Россиядаги аҳоли сони эса демография, туғилиш, ўлим ва ҳк. сабаб пасаяди, XIX аср охири – XX аср бошида вазият бунинг тескариси бўлган. Айнан Россия ёки Украина ҳудудида аҳоли сони тезроқ ўсган. Кўп фарзандлилик ва туғилиш юқорилиги кузатилган. Ўлим сони аста–секин пасая борган ва аҳоли сони тез ўсган.
Аҳоли сони меъёрдан ортиб кетган. Ер уларни боқа олмай қолган. Марказий Осиё минтақаларида эса алоҳи сони секинлик билан ўсган, шу сабабли бўш ерлар, айниқса, кўчманчиларнинг бўш ерлари жуда кўп деб ҳисобланган: биз Россиянинг бир қисмиданмиз, Россия империясининг Европа қисмидаги ортиқча аҳоли Сибир ва дашт ҳудудидаги бўш ётган ерларга кўчирилиши ва ўша ерларда ерга ишлов беришни бошлаши керак. Улар ўша ерларда ерни мулк сифатида олади ва ҳк. Яъниким, бўш, ҳеч кимники эмас, ҳеч кимнинг мулки эмас, деб ҳисобланган ушбу минтақаларга йўналтирилган аҳолини кўчириш фаол олиб борилган.
Туркистон шу маънода алоҳида минтақа бўлган, чунки у ерда деҳқонлар истиқомат қилар, хусусий мулк тушунчаси мавжуд эди, у ерда ерларга чекланган ресурслар деб қаралган – ерни суғориш, унга сув керак бўлган ва у бутунлай банд этилган эди. Шунинг учун иқтисодий нуқтаи назардан одамларни кўчириб келадиган жой бўлмаган. Яна ҳуқуқий маънода 1886 йилги Низомда ернинг хусусий мулк экани мустаҳкамлаб қўйилган. Энди ер давлат мулки эмас эди, кўчманчиларнинг ерлари хусусий мулк деб ҳисобланган. Яъниким, қисман ҳуқуқий давлат шакллангани учун хусусий мулкни олиш ва тортиб олиш тақиқланган. Кимнидир кўчириб келиш учун янги ерларни ўзлаштириш, сув каналлари қазиш, сув ўтказиш ва суғориш керак эди. Шундагина мана шу ўзлаштирилган ерга одамларни кўчириш мумкин эди. Бироқ каналлар ҳам, бошқа нарсалар ҳам жуда кимматга тушар эди, Россия империясининг эса бунақа сармояси ҳам, ресурслари ҳам бўлмаган. Бир неча канал қазилган ва кўчириб келинганлардан иборат бир неча аҳоли қишлоқлари барпо этилган, бироқ оммавий тарзда ерларни ўзлаштириш ва аҳолини кўчириб келиш учун ресурслар етарли бўлмаган. Бундан ташқари, хавотирлар ҳам мавжуд эди. Кўчманчилар унчалик яхши мусулмонлар бўлмаган, шунинг учун биз уларга таъсир кўрсатсак бўлади. Ҳатто биз у ерларга кўплаб православларни жўнатсак ҳам, улар маҳаллий қозоқларни деярли руслар ёки деярли православлар қилади.
Туркистон аҳолиси эса мутаассиб мусулмонлар ҳисобланган. Шунинг учун уларни руслар ёки православларга айлантириш ғояси рад этилган. Бундан ташқари, рад этилибгина қолмасдан, фон Кауфман Туркистонда ҳар қандай миссионерлик, яъни православ христианлигини қабул қилиш ташкилотлари фаолиятини тақиқлаган ҳам. У, асосан, қозоқлар ва қирғизлар яшаган Верний шаҳрида – минтақада православ черкови кафедрасини ташкил қилган. Пойтахт Тошкентда эмас, ҳозирги Олма–Отада. Яъниким, у православ черковини Тошкентдан узоқлаштирган, чунки ҳокимият идоралари ўта кучли ассимиляторлик (руслар ёки православ христианлигига қўшиб олиш) сиёсати, миссионерликка уриниш маҳаллий аҳолининг ғазабини қўзғатиши, қандайдир норозиликка сабаб бўлишидан чўчиган. Гарчи қаер босиб олинган ва ўша ерларда рус қўшинлари турган бўлса–да, ҳамма у ерларда миллионлаб одамлар яшаши, агар улар оёққа турадиган бўлса, ҳатто қурол–яроғ билан бўлса–да, уларни тартибга солиш қийин бўлишини яхши тушунган. Шунинг учун Туркистон генерал–губернаторлиги фон Кауфмандан бошлаб, аҳолини махсус кўчириб келиш дастурларига жалб этилмаган, яъни Туркистонга йўналтирилган ҳеч қандай махсус кўчириб келиш дастурлари бўлмаган. Масалан, Россиянинг Европа қисмидан Қозоғистоннинг дашт ҳудудларига, Еттисувга бўлгани каби, Туркистонга аҳоли оммавий кўчириш тарзда кўчирилмаган.
Сирдарё ва Самарқанд вилоятларига аҳолини кўчириб келиш тақиқланган, аммо амалда бундай кўчириб келиш ҳолатлари бор эди. Шаҳарлар қурилган, ҳарбий хизматчилар келиб турган, қандайдир амалдорлар хотин, бола–чақаси билан келаверган. Шаҳар аҳолиси сони ўсиб боргани, қайсидир ерлар суғорилгани, аллақандай рус қишлоқлари ва қўрғонлари барпо этилгани тушунарли.
Кўчириб келинган кишилар бўлган, аммо улар сони маҳаллий аҳолига нисбатан жуда оз эди. Бу кўрсаткич 1917 йилга қадар жуда паст бўлган. Ҳақиқий манзара – мана шу.
Россия мустамлакачилик маъмуриятида ушбу масала юзасидан мунозаралар давом этган. ХХ аср бошида амалдорлар, Туркистонга ҳам одамларни барибир кўчириш керак, деган фикрга кела бошлаган. Бу Кривошеиннинг машҳур хатида ўз аксини топган. У ердан фойдаланиш ишларини тартибга солиш билан боғлиқ тадбирлар бўйича бош бошқарувчи бўлган. Амалда ердан фойдаланиш ишларини тартибга солиш билан боғлиқ тадбирлар мустамлакачилик бошқаруви бўлиб, мустамлакачилик билан боғлиқ ҳамма ишларни амалга оширган. Кривошеин Столипиннинг сафдоши бўлган ва унинг аҳолини янги мустамлака қилинган ерларга кўчириш ғоясини қўллаб–қувватлаган. У Туркистонга сафар қилиб, хат ёзган ва унда одамларни Россиянинг Европа қисмидан Туркистонга фаол кўчириш ҳақида бутун бошли дастур баён қилинган. Унинг 2 та ғояси бўлган. Биринчидан, Россияга пахта керак. Пахта қанча кўп бўлса, шунча яхши, чунки Россия империяси қиммат бўлган чет эл пахтасидан, чет эл хомашёсидан воз кечиши ва ўзининг хомашёсига эга бўлиши шарт эди. Хабарингиз бор, пахта муҳим – хомашё ва у Россиянинг тўқимачилик саноати учун жуда зарур бўлган. Яна ундан ҳарбий саноатда милтиқдори (порох) сифатида ҳам фойдаланилган.
Имкон қадар кўп пахта керак эди. Кўпроқ пахта олиш учун биз Туркистонда пахта етиштиришни йўлга қўйишимиз керак бўлади. Фақат Туркистонда ўзининг пахтаси бор. Шунинг учун биз кўп каналлар қазишимиз ва кўплаб янги ерларни ўзлаштиришимиз зарур. Айни ҳолат совет даврида йўлга қўйилди. Янги ўзлаштирилган ерлар хусусий эмас, давлат ерларидир. Улар давлатдан бошқа ҳеч кимники эмас.
Биз – давлат, пул сарфладик, сув ўтказдик, бу ерларни ўзлаштирдик ва пахта етиштира бошладик. Биз пахта етиштириш учун Россиянинг Европа қисмидан деҳқонларни кўчириб келяпмиз. Бу биринчи далил эди. Иккинчи далил шу эдики, аҳолисининг деярли 90 фоизи мусулмон бўлган Туркистон ҳар доим муаммоли минтақадир. У Россия империяси таркибига киради ва айни чоқда рус минтақаси эмас. Шунинг учун биз славян аҳолиси бир кун келиб минтақадаги кўп сонли, мусулмонлар эса кам сонли аҳоли бўлиши ва Туркистон ниҳоят рус минтақаси бўлиши учун биз бу ерга имкон қадар кўпроқ славянларни кўчириб келишимиз керак.
Бу фақат Россия империяси амалга ошира олмаган, амалга оширмаган режалар эди. Вақтимиз оз қолаётган эди. Хат 1912 йилда ёзилди ва эълон қилинди, орадан 5 йил ўтиб эса, Россия империяси инқирозга юз тутди. Хат кўрсатишича, одамларни кўчиришга оид империя ва мустамлака маъмуриятининг нуқтаи назари ўзгариб турган. Илгари Туркистонни, юқорида айтиб ўтганимдек, турли сабабларга кўра, кўчириб келинувчи одамлардан тўсиш шарт, деб қаралган. Айни назария аста–секин танқидга учраган ва Россия маъмурияти бошқа нуқтаи назарга – аксинча, бу минтақага одамларни кўчиришни фаоллаштириш керак, деган фикрга мойил бўлган.
XIX аср охири – XX аср бошида Туркистон ўлкасида янги зиёлилар қатлами шакллана ва у ижтимоий ва сиёсий ўзгаришларни ёқлаб чиқа бошлади. Унинг вакиллари турли ижтимоий ташкилотлар тузди, журнал ва газеталарга асос солди, маданий ва таълимий тадбирлар ўтказиб турди.
Россия империяси ва унинг таълим сиёсати, мактаблар қуриши, бу минтақага зиёлиларни сургун қилиш, матбаа нашрлари ривожланиши эркин ёки эркин бўлмаган тарзда бу жараёнга эш бўлди, деб айтиш мумкинми?
Таълим сиёсати жуда заиф эди. Чиндан ҳам Россиянинг Европа таълими рус тилида бериладиган бир неча ўқув муассасаси ташкил этилди. Аммо улар олий эмас, ўрта ва махсус таълим муассасалари бўлиб, асосан, кўчириб келинган руслар, шаҳарликлар, ҳарбий хизматчилар ва амалдорларнинг фарзандлари ўқиши учун мўлжалланган эди.
Рус–тузем мактаблари деб аталган мактаблар ҳам ташкил этилиб, у ерда мусулмонлар учун Европага хос бўлган Россия таълими берилган. Арифметика, география ва рус тили сингари фанлар фақат рус тилида ўқитилган. Яна мусулмонларники бўлган фанлар ҳам бўлган. Улар маҳаллий элитани жалб қилиш учун мусулмон ва Европа таълимини омухта қилишга интилган. Мактаблар унча кўп бўлмаган. Гарчи бир тарафдан, кўп бўлмаган эса–да, бошқа тарафдан, ушбу мактабларни жуда кўп кишилар ўқиб битирган. Улар кейинчалик – совет даврида юқори лавозимларни эгаллаган. Дастлабки совет даврининг барча арбоблари мана шу рус–тузем ёки Европа мактабларини битирган кишилар бўлган.
Бироқ аҳолининг асосий қисмига сиёсат таъсир кўрсата олмаган. Унинг қамрови чекланган эди. Умумий вазият ҳақида гапирсак, таълим сиёсати Туркистоннинг маданий ҳаётига таъсир кўрсатмаган, кўпроқ глобал дунёга қўшилганлик муҳим рол ўйнаган. Минтақа олдин ҳам глобал дунёга тааллуқли бўлгани тушунарли. Одамлар савдо–сотиқ қилган, ҳаж зиёратига борган, атрофдаги мамлакатлар аҳолиси билан мулоқот қилган, ташқи дунё ҳақида тасаввурга эга бўлган.
Олдин минтақа глобал дунёдан четга чиқиб қолган эди, деб бўлмайди, бироқ глобал дунёга қўшилиш учун кучли турткини Россия берганини ҳам айтмасдан бўлмайди. Бу, энг аввало, темирйўллар сабаб юз берди. 2 та темирйўл қурилди. Биттаси – Россия империясининг жанубий чегараси бўйлаб. Бу йўл ноодатий тарзда Каспий денгизидан жануб орқали Афғонистон чегараси бўйлаб Самарқандга, кейинчалик Тошкентга қадар чўзилган. Дастлаб ҳамма Тошкентга, умуман, одамлар Марказий Осиё минтақасига шимолдан жанубга эмас, дастлаб Бокуга, Бокудан Каспий денгизини кесиб ўтиб, темирйўл транспортига ўтириб, Тошкент ёки Бухорога йўл олган. Тескари йўналишда ҳам худди шундай йўл тутилган.
Дастлаб у ҳарбий йўл бўлган. Нима учун бу йўл жануб бўйлаб ўтгани тушунарли. Бундан кўзланган мақсад инглизлар билан ўртада уруш чиқадиган бўлса, қўшинларни ғарбдан шарққа кўчириш бўлган. Аммо у дастлаб ҳарбий йўл бўлганига қарамай, тез орада иқтисодий аҳамият касб эттиб улгурди, ушбу темирйўл бўйлаб одамлар иккала йўналишда ҳам қатнай бошлади, турли товарлар ва пахта ташийдиган бўлди. Кейинчалик – ХХ аср бошида иккинчи темирйўл шимолдан жанубга – Оренбургдан Тошкентгача тортилди. Россия империяси давридаёқ келгуси Турксиб темирйўлини – Сибирдан Олма–Отага, сўнгра Тошкентгача қуриш режаси бўлган, аммо бу иш амалга ошмай қолиб кетган. Унинг қурилиши совет даврига келиб, адо этилди.
Албатта, айнан темирйўл маҳаллий аҳолига глобал дунёга йўл очиб берди, лекин бу фақат темирйўлгина йўл очиб берганини англатмайди. Одамлар фақат Россияга эмас, чет элларга ҳам ўқишга фаол тарзда кетган. Савдо–сотиқ билан шуғулланган, ҳажга борган ва ҳк. Шу темирйўл орқали Усмонлилар империясига ва бошқа минтақаларга борган.
Маданий ҳаёт қизғин босқичга кириб, одамлар қандайдир янгиликлар, янги киритмалар ҳақида ўйлай, нималарнидир муҳокама қила ва маҳаллий ҳаётдаги муайян ривожланиш ҳақида гапира бошлаган. Зиёлилар, тараққийпарварлар пайдо бўлиб, улар нима тўғри, нима нотўғри экани, бундан буён нима иш қилиш кераклиги ва ҳк. нарсалар ҳақида мунозара қилган. Булар барчаси, албатта, фақат Россия туфайли вужудга келгани йўқ. Айтиб ўтганимдек, бутун дунё очилган. Усмонлилар империясида, Британия Ҳиндистонида – дунёдаги, айниқса, мусулмон оламидаги барча мунозаралар Туркистонга ҳам келган ва маҳаллий зиёлиларга таъсир кўрсата бошлаган. Улар ҳам ўзига хос тарзда мана шу мунозараларга қўшилган. Глобал таъсир кўп жиҳатидан минтақа Россия империяси таркибига қўшилгани учун юз берган, чунки Россия империяси глобал дунёнинг бир қисми, буюк давлатларнинг биттаси эди. Россия империяси орқали, темирйўл орқали, ташқи дунё билан мулоқот орқали минтақа фаол маданий ҳаёт иштирокчисига айланди.
Болшевиклар барибир Туркистонни Туркистон Совет Республикаси кўринишидаги ҳудудий тузилма сифатида сақлаб қолишга уриниб кўрган эди.
Нега бу тузилма сақланиб қолмади?
1917 йилда Феврал, сўнгра Октябр инқилоби юз берди, 1917 йилдаёқ Туркистонни Россия Республикаси таркибидаги мухтор республика сифатида сақлаб қолишга оид фаол мунозаралар бўлган. Сўнгра ҳокимиятни болшевиклар эгаллаб олди ва тез орада, 1924 йилга қадар Туркистон Республикаси мухтор республика мақомини олди. Туркистон Республикаси 7 йил мавжуд бўлди. Бу йўлга қўйилган маъмурий сиёсий тизим эди – барча алоқалар тартибга солинган, такомилга етказилганди.
Бузиш қуриш дегани эмас. Шунинг учун ҳокимият мавжуд бўлган ва иш бериб турган нарсани ўзгартиришга жуда кўзи ҳам учиб тургани йўқ эди. Бунинг учун ресурслар, амалдорлар, тушунтириш ишлари зарур эди, янги можаролар чиқиб кетиши ҳам ҳеч гап бўлмаган. Ҳокимият Туркистонни мавжуд қонун–қоидалар доирасида муайян таъсир кўрсатиш йўли билан қайсидир тарзда ўзгартиришга ҳаракат қилган. Янги институтлар ташкил этилган, бу ишларга маҳаллий мусулмон аҳоли жалб қилинган. Дарвоқе, қайсидир жиҳатдан совет ҳокимияти ўша мен айтиб ўтган шариат судлари, вақфлар ва ҳк.га рухсат берган.
Шариат судларини бекор қилиш мумкин эди, аммо бунинг ўрнига ўз судларини ташкил этиш зарур бўлган ҳолатда Туркистонда шариат судлари ўрнини эгаллаш учун бунчалик ресурслар, одамлар ва мутахассислар бўлмаган. Шунинг учун шариат судларини қолдиришга мажбур бўлинган. Болшевиклар вақфларни ҳам қолдирган, чунки совет ҳокимиятининг мактабларни молиялаштиришга етарли маблағи бўлмаган. Маҳаллий аҳоли вақфлар орқали мактабларни маблағ билан таъминлаб турган. Мусулмон таълими қолдирилди, чунки янги дастурлар ва дарсликлар бўйича таълим берадиган ўқитувчиларни тайёрлаш учун ҳокимиятнинг қўли калталик қилаётган эди. Шунинг учун мусулмон ва рус–мусулмон таълими бор ҳолича қолдирилган.
Туркистон сақланиб қолганига сабаб ҳам прагматика бўлиб, болшевиклар Туркистондаги ишлар юришиб кетишига умид боғлаган.
Нега 1924–1925 йилларда Туркистонни тугатиш ва минтақани миллий республикаларга бўлиш, уни қайтадан ўзгартиришга қарор қилинди?
Бу ғоя 1919 йилда пайдо бўлган. Ўзгариш таниқли қозоқ сиёсий арбоби, Марказий ижроия қўмита раиси Турор Рисқулов Туркистонда энг асосий лавозимлардан бирини эгаллаб турар – у амалда Туркистон президенти эди – ва Туркистон негизида Туркий республика қуришга, унинг таркибига туркий ва мусулмон аҳоли яшайдиган қолган барча ҳудудларни киритишга қарор қилган эди. Шунда улкан Туркий республика пайдо бўлиши ва у бутун Шарқ учун машъал, болшевизм, ислоҳотлар ва тараққиёт машъали бўлиши керак эди. Айни ҳол Москвани қўрқитиб юборди. Улар бу ғояда болшевиклар Россиясидан бир қадар узоқлашишни, қандайдир бошқа мустақил давлатнинг тимсолини кўрди. Туркий Республика у қадар совет республикаси бўлмай, устидан Москва назорати йўқолиб қолиши мумкин эди. Шунинг учун Рисқулов тез орада лавозимидан бўшатилиб, қайта ўқиш учун Москвага юборилди. Ўша пайтдаёқ Ленин Туркистонни уч қисмга: Туркменияга, Қиғизияга, яъни қозоқ қисмига (ўша пайтда қозоқлар қирғизлар деб аталган) ва Ўзбекияга, яъни ўзбек қисмига бўлиш ҳақида ўз позициясини баён қилган. Аммо бу ғоя рад этилди. Ҳамма муҳокама қилиб бўлиб, ҳали бунга эрта экани ва ҳозирги Туркистон билан ишлаб туриш кераклигини айтган. У ердаги бошлиқлар ўзгартирилиб, болшевикроқ, сўлроқ, россияпараст, назорат қилиш мумкин бўлган кишилар лавозимларга тайинланган.
Бироқ 1924 йилда зикр этилган ғояга қайтилди. У ўзгартирилди, нафақат Туркистон Республикаси бўлишга, қолаверса, 1920 йилда республикаларга айлантирилган Бухоро ва Хивани ислоҳ қилишга ва совет давлатига интеграциялашга қарор қилинди. Уларнинг протекторат (расман давлат тузимини сақлаб қолган, бироқ олий бошқарув кучлироқ давлатга тегишли бўлган қарамлик шакли) мақоми бўлган, афтидан, улар мустақил республикалар эди, лекин амалда тўлиқ, Москванинг, шунингдек, Россия империясининг назорати остида бўлган.
Уларни қандай қилиб қўшиб олиш мумкин эди? Шундан сўнг минтақани миллийлик принципига кўра бўлиш ва барча чегараларни қайта чизиб чиқиш ғоясига қайтилди. Бу ғоя, бир тарафдан, Бухоро ва Хивани совет давлати таркибига қўшиб олиш, яъни қайта форматлаш ва янги бир нарса яратиш воситаси сифатида пайдо бўлди. Иккинчидан, бу режа Ленин баён қилганидек, Туркий давлат, Улкан Туркий давлат қуриш ғоясига жавоб сифатида вужудга келди.
Маълумки, 1922 йилда собиқ Усмонлилар империяси, Туркия Республикаси қочқини Анвар Пошо ва болшевикларга мухолиф бўлган элита – аъёнлар улкан Туркий давлат қуриши тарафдори бўлган. Айтиб ўтганимдек, Москва бу ғояни ҳавфли деб ҳисоблаган, шунинг учун Туркистон Республикасини йўқ қилиш ва унинг негизида бир неча миллий республика ташкил қилиш пантуркизм ғоясига қарши курашиш воситаси сифатида кўрилган. Минтақани бир неча ўзаро муносабатлари мураккаб бўлган турли республикага бўлиб ташлаган миллий ғоя “бўлиб олу бошқар” деб аталган мустамлакачилик сиёсатининг зуҳур бўлиши эди, яъни ўзини ягона тузилма деб биладиган умумийлик бўлиши ва бошқариш осонроқ бўлиши учун қисмларга бўлиш керак. Албатта, бунинг ортида турли кланларга бўлинган элита ичидаги ҳар хил гуруҳлар кураши ҳам турган. Бу Тошкент ва Бухоро кланлари эди. Гарчи бу сўзни ёқтирмасам шартли тарзда кланлар деб гапиряпман. Бироқ ўз манфаатини кўзлаган сиёсий гуруҳлар қозоқ кланлари эди. 20–йиллар бошидаги ҳужжатлар ўқиб кўрилса, болшевик амалдорлари хатлар ёзганини ва ҳар доим мана бундай деганини кўриш мумкин: қозоқ ва ўзбек партиялари ўзаро уришиб қолди, бир–бири билан можаро қиляпти. Мана шу турли гуруҳларнинг ўзаро муносабати мураккаб бўлган, Москва эса улар ўртасида қандайдир мувозанат топа билиши, ҳар доим улардан бирини кўтариб, бошқасини, яъни кучайиб кетганини пастга тушириб туриши керак эди. Бошқача айтганда, турли сиёсий гуруҳлар ўртасида ички кураш бўлаётган эди. Москва булар барчасини тартибга солиб турган. Маълум вақт етиб, у ҳар бир гуруҳга ўз республикасини берамиз, ўзлари ўзини бошқарадиган бўлсин, деган қарорга келади. Яъниким, катта мафкура ва қандайдир турли мулоҳазалардан сўнг турли сиёсий етакчиларнинг ўта шахсий амбициялари билан боғлиқ яна битта қабул қилинган қарор бор эди.
Бундай фикр–мулоҳазалар кўплиги сабаб минтақани бир неча миллий республикага бўлишга қарор қилинди. Дарвоқе, дастлаб 5 та эмас, 2 та иттифоқдош республика бўлган – Ўзбекистон билан Туркманистон. Ҳозирги Қозоғистон, ҳозирги Қирғизистон Россия Федерацияси таркибига автоном – мухтор республикалар сифатида, ҳозирги Тожикистон эса Ўзбекистон таркибига мухтор республика ўлароқ кирган. Кейинчалик – 20–30–йилларда яна секинлик билан ўзгаришлар юз берган. Фақат 1936–1937 йилларда ҳозирги кўринишдаги собиқ совет республикалари ташкил топган.
Энди Туркистоннинг тақдирига тўхталсак. “Туркистон” сўзи чиндан ҳам совет ҳокимияти сўзлигидан чиқиб кетди, чунки у мухолиф сўз саналган, унга мухолифат ва совет ҳокимиятти душманлари мурожаат қилиб туради. Бироқ қизиқ бир тарихий пародокс (умумий фикрга мос келмайдиган ғалати фикр) бор. Иккинчи жаҳон уруши ёки Улуғ ватан уруши вақтида Сталин шундай империя томон бурилиш ясайди. Эсингизда бўлса, у империя орденлари, погонлари ва зобитлик унвонларини тиклади. Умуман, у империя рамзлари, қандайдир империя механизмлари, бошқарув воситаларини фаол тиклай борди. У яна фаол руслаштириш сиёсатига ўтди. Бундай бурилиш унинг шахсиятидаги ўзига хосликлар билан боғлиқ эди. Эҳтимол бу буюк давлатчилик сиёсати ёрдамида ҳокимиятни сақлаб қолиш учун империя рамзлари ва институтларига таянишга интилиш билан боғлиқ бўлгандир. Шу ўринда нега империя томон бундай бурилиш бўлгани ҳақида баҳслашиш мумкин, лекин у чиндан ҳам юз берди. Ўша бурилишнинг қизиқ эпизодларидан бири, алашмасам, 1944 ёки 1945 йилда Ўрта Осиёда 2 та ҳарбий округ, ҳарбий ва маъмурий бирлик тузилгани ва бошқарув марказлаштирилгани бўлди. Округ фақат барча ҳарбий бўлинмаларни – маъмурий тузилмаларни эмас – бошқарадиган бошлиғи бўлган тузилмадир.
Улар қандай 2 та округ бўлган? Улар Туркистон ва Дашт ҳарбий округлари эди, яъни Сталин Дашт ва Туркистон деган номларга қайтди. У 1882 йилга – фон Кауфман ўлимидан сўнгги даврга қайтди, ўша пайтларда Туркистон генерал–губернаторлиги ва Дашт ўлкаси бўлган. Сталин ўша номенклатурага (бирор соҳада ишлатиладиган номлар ва атамалар) ва ўша империя бўлинишига қайтди. Дашт ўлкаси тез орада тарқатиб юборилди, Туркистон ҳарбий округи эса ўзгарди ва Ўрта Осиё ҳарбий округи ташкил этилди. Улар ўртасидаги чегаралар ўзгариб турди, 1944 йилда ташкил топган Туркистон ҳарбий округи номидаги “Туркистон “ сўзи 1991 йилга қадар сақланиб қолди. “Туркистон” сўзи совет ҳокимиятининг сўнгги йилларидаги сиёсатига, мутлақо ҳарбий соҳага қайтди ва ҳаётини давом эттирди. Бу тарих мана шундай қизиқ бўлган
Туркистон ўлкасининг Марказий Осиёнинг замонавий тарихидаги мероси қандай? Россия империяси таркибида бирга яшаш ушбу халқларни яқинлаштира олдими ёки ҳеч қандай таъсир кўрсатмадими? Бугун биз ушбу мустамлакачиликнинг қандай ижобий ва салбий жиҳатларини кўришимиз мумкин?
Минтақани совет давридагидек Катта Туркистон ёки Ўрта Осиё ва Қозоғистон деб атайсизми, Марказий Осиё ёки Марказий Евроосиё деб атайсизми ва ёки бошқа нарса дейсизми, бундан қатъи назар, унинг аҳолиси ҳар доим ўзаро бир–бирига боғлиқ бўлиб келган. Аҳоли ҳар доим ўзаро аралашиб кетган, ҳар доим миграция мавжуд бўлган, бир–бирига маданий таъсир кўрсатилган. Баъзан тожикни ўзбекдан, туркманни ўзбекдан, қозоқни қирғиздан ажратиш жуда қийин. Бу бир–бирига чамбарчас боғланиб кетган кимликлар (идентитет), умумий маданий одатлардан иборат.
Олдин, Россия империяси келгунга қадар мавжуд бўлган давлатлар ҳам турли гуруҳлар, халқлар уруғ–аймоқлар ва ҳк.дан иборат бўлган. Бирга яшашнинг бундай тажрибаси ҳамиша мавжуд бўлган ва Туркистонда қандайдир бутунлай бошқа янги нарса эмас.
Туркистондаги бирга яшашнинг мана шу муҳим тажрибаси нима берди?
Бугунги давлатлар – гарчи 20–йилларда бўлинган бўлса–да – 1936 йилда ҳозир мустақил ва ўз манфаатларига эга 5 та давлат ўрнида 5 та республика пайдо бўлган эди ва энди уларнинг ўз сиёсий ички тузилмаси, ўз мафкураси бор. Биз ҳар доим ушбу давлатларнинг ёки мана шу давлатлар элиталари маълум қисмининг минтақа ичида ҳамкорлик қилишдай фаол истагини кўрамиз. Улар ҳамиша муайян сиёсий салмоққа эга бўлажак Марказий Осиё иттифоқини тузиш имконияти ҳақида гапиради. Булар қисман хомхаёл ғоялардир, чунки прагматик манфаатлар бир–биридан ажраб, узоқлашиб қолди. Бироқ бу давлатлар тарихий мероси, географияси, иқтисодий алоқалари билан барибир ўзаро боғланган. Улар чиндан ҳам реал куч бўлиши ва қандайдир қўшма лойиҳаларни амалга ошириши мумкин.
Бу ғоя жуда оммалашиб кетган. У ҳамиша муҳокама қилинади, ҳамиша қандайдир баёнотлар берилади. Улкан Туркистон эмас, улкан Марказий Осиё ғояси оммалашган. 90–йиллар бошида “Туркистон” атамасини сиёсий атама сифатида қайта истеъмолга киритишга уринишлар бўлди. Аммо бунинг иложи йўқ эди, чунки ўртада ўзини Туркистонга дахлдор деб билмайдиган Тожикистон бор. Иложи бўлмаганининг сабаби ушбу лойиҳада миллий ўзига хосликдан воз кечиш кўрилганидир. Эҳтимол Ўзбекистоннинг аллақандай биринчиликка қилган даъволари ёқмагандир. Туркистон ғоясини Қозоғистон ўз фойдасига ишлатмоқчи бўлган эди, чунки бу мамлакат ҳудудида Туркистон шаҳри жойлашган ва у ерда Туркистон вилояти ҳам ташкил этилди. Яъниким, бир тарафдан, бу атама ҳамма ёқадигандай, унинг устида иш олиб борилмоқда. Бошқа тарафдан эса, у ҳали умумий, ҳаммага тегишли бўлганича йўқ. Атама сифатида Марказий Осиё олинди.
Мана шу ерда Россия империяси муайян рол ўйнайди, чунки айнан Россия империяси ичида, Туркистон генерал–губернаторлиги ичида биз жадидлар деб атайдиган янги интеллекутуал элита шаклланди. Улар турли даражада тараққийпарвар бўлган маҳаллий зиёлилар эди. Улар келажак ва ислоҳотлар хусусида турлича, турли шаклда ўйлади. Кўплаб қозоқ арбоблар Россия империяси хизматида эди. Масалан, Алихон Бўкейхонов Россия империяси амалдори бўлган, Серали Лапин ва бошқа кўплаб қозоқ арбоблари жадидлар бўлмаган. Уларни ким деб аташ керак? Менимча, тараққийпарварлар деб. Маданият арбоблари, савдогарлар, тадбиркорлар жадидлар бўлмаган бўлса ҳам, тараққийпарварлик ғояларини тарғиб қилган. Бундай кишилар сирасига, дейлик, Бухоро ва Хивадаги қандайдир амалдорлар ҳам кирган. Улар ҳам жадид бўлмаган, аммо театрлар ва мактаблар билан шуғулланган. Улар, масалан, Бухорода маъмурий бошқарув билан шуғулланган, аммо тараққийпарварлар бўлган.
Одамлар янги глобал дунёга дахлдор бўлиш ва минтақани обод қилишни ўйлайдиган умумий интеллектуал ва тараққийпарвар муҳит бўлган. Улар яхши яшаш учун турли лойиҳаларни таклиф этган. Улар учун империя белгилаб қўйган чорчўплар – чекловларни, хусусан, маҳаллий деб ҳисобланган Туркистон тушунчасини Россия империяси истеъмолга киритган эди. Аъзолари қандай миллатга мансублигидан қатъи назар, маҳаллий мусулмон зиёлилари муҳити ушбу ғояларни янги глобал ғоялар сифатида қўллай ва улар ёрдамида интеллектуал ҳаётга ўз лойиҳаларини татбиқ эта бошлади. Яъниким, Россия империяси интеллектуал ҳаётга бевосита эмас, билвосита бўлса–да, таъсир кўрсатди.
ХХ аср бошидаги интеллектуал ҳаёт бугунги интеллектуал ҳаётга қаттиқ таъсир кўрсатмоқда. Бугунги маҳаллий миллий элиталар ҳар доим ХХ аср бошидаги тажрибага мурожаат қилаётганини кўриб турибмиз. Барча ўша арбоблар – Турор Рисқулов ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида кўп томликлар – бугун жуда машҳур, улар фаолияти муҳокама қилинмоқда, асарлари чоп этилмоқда, замонавий интеллектуал ҳаётга, замонавий тасаввурларга таъсир кўрсатмоқда. Қайсидир маънода империя, мустамлака Туркистони замонавий интеллуктуал ҳаётга таъсир этмоқда.
Ижобий ва салбий жиҳатлари…
Бундай – ижобий ва салбий – тушунчалар билан фикрлаш жуда қийин. Албатта, ижобий ва салбий жиҳатлар бўлган. Бугунги кун эмас, ўз даври учун Россия империяси, айтиб ўтганимдек, нисбий тинчлик олиб келган, чунки Россия империяси босиб олгунига қадар маҳаллий Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари бир–бирига нисбатан кескин душман бўлган, доимий можаролар, ўзаро урушлар бўлиб турган ва бу маҳаллий ҳаётга салбий таъсир кўрсатган. Россия империяси уларни ўз маконига куч билан қўшиб олиб, ўзига хос муроса олиб келди. Бунақа миқёсли ва тез–тез бўлиб турадиган урушлар тугатилди. Айни ҳолат маҳаллий аҳолига ҳам иқтисодий, ҳам маданий ривожланиш имконини берди. 2 та нарсага эътибор қаритиш лозим бўлади.
Айтиб ўтганимдек, глобал дунёга қўшилиш юз берди, темирйўл пайдо бўлди, ахборот ва маданий қадриятлар алмашуви содир бўлди. Албатта, биз ушбу тарих ҳақида қандай ютуқлар ёки модернизация, тараққиёт ва ривожланиш тушунчалари билан ўйлашимиз мумкин. Биз яна ушбу тарих ҳақида йўқотиш ва адолатсизлик тушунчалари билан ҳам ўйлашимиз мумкин. Ва бу ҳам легитим – қонуний хотира бўлади. Жуда кўп қурбонлар берилишига олиб келган истило ҳам қўзғолонлар ҳам, уларни бостириш ҳам, маданиятнинг оёғини осмондан қилиш ҳам, руслаштириш ҳам, ҳуқуқий тенгсизлик ҳам, адолатсизлик ҳам бўлган ва бу ҳақда фақат биз гапираётганимиз йўқ. Ўша пайтларда бу ҳақда маҳаллий аҳоли ҳам гапирган. Фақат орадан вақт ўтгандан кейин ижобий ва салбий жиҳатлар ҳақида биз гапираётганимиз йўқ. Маҳаллий аҳоли ва маҳаллий зиёлилар ва ҳам қандайдир ижобий ва қандайдир салбий жиҳатларни ўша пайтларда кўрган.
Ҳар қандай модернизация аллақандай мустамлакачиликни ва аксинча, XIX – XX асрлардаги ҳар қандай мустамлакачилик қандайдир модернизация билан боғлиқ бўлган. Нимадир ижобий тарзда, нимадир салбий тарзда юз беради. Бу ҳар доим – мураккаб тарих. Биз мана шу мураккабликни англашимиз ва у ҳақда гапиришимиз лозим. Қўлимда тайёр рецепт ҳам, якуний жавоб ҳам йўқ. Фақат бу нарса муҳокама бўлиши ҳақидаги умумий тасаввур бор. Одамлар бу ҳақда мулоҳаза юритиши ва бу ҳақда гапириш усулларини топиши зарур бўлади.