XVI аср бошида Муҳаммад Шайбоний Самарқандни эгаллаб, ундан сўнгги темурий Бобурни сиқиб чиқаради, оқибатда Темурийлар сулоласи Марказий Осиёда ҳокимиятдан айрилади. Империя ўрнида Хива, Бухоро ва ундан XVIII асрда ажралиб чиққан Қўқон хонлиги пайдо бўлади, улар кейинги асрлар давомида ўзаро душман бўлгани сабабли минтақанинг майда бўлакларга бўлиниб кетиши кучайган ва уларни ташқи ўйинчилар босиб олиши эҳтимоли ортган эди. Бундай шароитда Қўқон хонлиги нафақат Ўрта Осиёдаги қўшнилари, қолаверса, ўз чегараларида Хитой, жунгарлар, шунингдек, Россия ҳимояси остида бўлган дашт қабилаларига қарши мураккаб кураш олиб борган. Россия билан муносабатлар, айниқса, зиддиятли бўлган бу тенгсиз курашда Қўқон мағлаб бўлди ва рус полковниги Черняев Тошкентни истило қилган ўша машҳур воқеадан сўнг Қўқон хонлиги бутунлай йўқ қилинди. Бугун унинг ҳудуди Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида бўлиб олинган.
Қўқон тарихи ҳақида бизга тожик тарихчиси Шодмон Воҳидов ҳикоя қилиб беради.
Фарғона – Мовароуннаҳрнинг шимоли–шарқий вилоятларидан бири, деҳқончилик билан шуғулланувчи воҳа ва кўчманчилар дашти ўртасида жойлашган. Фарғона ерлари серунум минтақа бўлиб, у орқали савдо йўллари ўтган. Фарғона Қўқон хонлиги маркази бўлишдан олдин ушбу минтақа нимаси билан машҳур бўлган?
Ўрта Осиёни Муҳаммад Шайбонийхон босиб олганига келсак, аслида бу оқибат эди. Ниманинг оқибати? Ғарб биан Шарқ ўртасида девор пайдо бўлгани оқибати. Бунга Константинополни Усмонли турклари босиб олгани, кейинчалик Эрон тахтида сафавий ҳукмдорлар пайдо бўлгани киради. Ўша ҳукмдорлар ислом динининг шиа йўналишига эътиқод қилган. Бу – иккинчи омил. Биринчиси эса жуғрофий кашфиётлар бўлган эди. Шарқ билан Ғарбни ўзаро боғловчи Буюк Ипак йўли маршрути ёпилгандан сўнг улар Ҳиндистонга йўлни Ғарб орқали, денгиз орқали излаган. Ўша пайтда Темурийларнинг улкан империяси, асосан, ўғиллари ва набиралари ўртасида тақсимлаб олинади. Мовароуннаҳр билан Хуросон ўртасида қатъий бўлиниш мавжуд эди. Айни дамда Абулхайрхоннинг ўғли Муҳаммад Шайбонийхон пайдо бўлади ва у Ўрта Осиёдаги ҳокимиятга ҳам, Темурийлар, яъни Чингизийлар, Чиғатой тахтига ҳам қонунан даъвогарлик қилади. Мана шу вақтда бундай истилолар йўлида Фарғона кўндаланг бўлади. Фарғона – тоғлар билан ўралган водий, тупроғи жуда унумдор мамлакат эди. Ўша пайтда туркий ва форсий тилли халқлар вакилларидан иборат кўп минг сонли аҳолиси бор Фарғона бу курашга тортилади. Темурийлар авлодидан бўлган Заҳириддин Муҳаммад Фарғона водийсида ҳукмронлик қилаётган эди. Мовароуннаҳрдаги тахт учун кураш, асосан, 1500 йилда Самарқандни эгаллаган Муҳаммад Шайбонийхон билан Заҳиридин Муҳаммад Бобур ўртасида кечади. У Бобурга қарши 10–12 йил кураш олиб боради.
Гарчи воҳа деҳқончилик учун қулай бўлса–да, шимол ва жанубда кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли: қирғизлар ҳамда қозоқларнинг катта ва ўрта жузлари ерлари билан чегарадош эди. Биламизки, XVII аср бошидан бошлаб жунгарлар қозоқ даштларига, бинобарин, қозоқ ҳудудларига бостириб келгандан сўнг жуда кўп сонли қозоқ қабилалари кўчирилади, яъни Фарғона водийсига, Тошкент атрофидаги ҳудудга – Тошкент вилоятига қочиб келиб жойлашади. Ва бу ерда аҳолининг янги қатлами – қозоқлар пайдо бўлади. Улар айрим жойларда анъанавий ҳаёт тарзини сақлаб қолади, бошқа жойларда эса бошқалар билан бирлашиб, аралашиб кетади ва “қурама” деб аталган янги этник гуруҳ пайдо бўлади. Ҳали бу ҳақда гаплашамиз. Демак, минтақа нафақат сиёсий ва маданий, қолаверса, ҳарбий ва савдо–сотиқ нуқтаи назаридан ҳам халқаро муносабатларда, нафақат Ўрта Осиё, балки Россия ва Хитой халқлари учун ҳам жуда муҳим жой эди. Шунинг учун Буюк Ипак йўлининг асосий маршрути Фарғона водийси орқали ҳам ўтган. Буюк жуғрофий кашфиётлар Ўрта Осиё орқали ўтган ҳамда Ғарб билан Шарқни боғлаб турган Буюк Ипак йўли ёпилгандан сўнг бу ерда марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Ўша ҳокимият мўғуллар ҳукмронлиги даврида ҳам, Темурийлар ҳукмронлиги даврида жуда кучли бўлган. Зикр этилган 2 та омил таъсирида бу ерда марказий ҳокимият заифлаша боради. Шу боис ягона маданий ва этносиёсий маконда бўлиб олиш ва тарқаб кетиш бошланади, Мовароуннаҳр бир неча давлатларга бўлиниб кетади. Ўша давлатлардан бири Қўқон хонлигидир, мен Қўқон хонлиги тарихи ва манбалари билан шуғулланаман.
Қўқон хонлигининг мустақил давлат сифатида пайдо бўлиш тарихи ўзбекларнинг Минглар уруғи тарих майдонига чиқиши билан боғлиқ. 1709 йили ўзбеклар уруғидан бўлмиш шайбоний амир Шоҳруҳ кичик Қўқон шаҳрида пойтахти сифатида қўрғон барпо этиб, Бухоро хонлигидан мустақиллик эълон қилади. Ушбу сулоланинг пайдо бўлиши ва ҳокимиятини мустаҳкамлаши ҳақида сўзлаб берсангиз. Минглар уруғининг чиндан ҳам Темурийларга алоқаси бўлганми? Бу ҳақда халқ ривоятларида нима дейилади?
Барча сиёсий масалалар қабилалар ўртасидаги ўзаро муносабатлар орқали ҳал этилаётган пайтда ушбу трайбализм (қабилачилик) анъанаси Минглар уруғини ҳокимиятга олиб келди, бу уруғ нафақат Фарғона водийсида, балки Самарқанд, Шаҳрисабз ҳудуди ва Зарафшон водийсида ҳам яшаган. У кучли ва ҳукмрон уруғлардан бири бўлиб, бошқа уруғлар устидан ҳокимият юргизган. Биласизки, қабилаларнинг бу тарзда катта–кичикликка қараб бўлиниши қозоқ жузлари таъсирида юз берган. Яна маълумингизким, қозоқлар давлати 3 та жуз: Катта, Ўрта ва Кичик жузлар ўртасида бўлиб олинган. Ҳар бир жуз ўнлаб қабилаларни бирлаштирган, улар орасидаги катталик фақат сонга қараб эмас, уларни ким бошқараётганига қараб ҳам белгиланган. Яъниким, улар, асосан, мулкдорлар бўлган, жуда кўп подаси билан энг яхши жойларга кўчиб юрган. Катта жуздаги энг қуйи поғонада бўлган уруғ Ўрта жузнинг энг бошида турган уруғдан баланд турган. Ўрта жузнинг энг қуйи поғонасида турган уруғ эса Кичик жузнинг бош уруғидан юқори бўлган. Демак, Абулфайзхон ҳукмронлиги даврида бу қабила икки ҳокимиятчиликдан фойдаланиб қолган. Абулфайзхон ҳокимиятининг сўнгги йилларида марказий ҳокимиятга нисбатан айирмачилик сиёсатини олиб борган вилоятлар беклари ва ҳокимлари Аштархонийлар давлатини ўзаро бўлиб олган эди. Манбалар далолат беришича, Абулфайзхоннинг давлат муаммолари билан иши бўлмаган. Пировардида унинг ҳукмронлиги даврида Манғит уруғидан Ҳакимбий оталиқ этиб тайинланган. Фақат угина эмас, бошқа уруғлар вакиллари ҳам Бухоро хонлиги ва Аштархонийлар давлатида олий ҳокимиятни эгаллаш учун кураш олиб борган. Аммо бу даъвогарлар темурийлар ёки чингизийлар билан қариндошлик алоқаси бўлмагани учун ҳокимиятни тўғридан–тўғри эгаллаши мумкин бўлмаган. Шунинг учун ўйин қилишган.
Шундай қилиб, Фарғонада Шоҳруҳбей пайдо бўлади ва 1709 йилда ўзини бий деб эълон қилади, чунки хон деб эълон қилиши мумкин эмас эди, яъни унинг авлодлари Абдураҳимбий, Абдукаримбий, ҳатто Олимхонгача ўзини беклар ёки бийлар деб деб атаган. Фақат 1802 йилга келиб, Олимхон ўзини хон деб эълон қилади. 1810 йили Олимхон ўлимидан сўнгги йилларда, Умархон ҳукмронлигининг охирги йилларига келиб, Олтинбешик ҳақидаги ривоят пайдо бўлади, унга кўра, минглар уруғининг аждодлари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шундай исмли ўғлидан ўргиган (келиб чиққан, тарқалган), Бобур ўша ўғлини гўё Фарғонанинг Тарғава деган жойида қолдириб кетган эмиш, яъни илк Қўқон хонлари авлодлари ўша ердан келиб чиққан эмиш. Мен, биринчидан, манбалардан олинган маълумотларни ҳушёр ва ақл–идрок билан таҳлил қиламан. Дунёдаги жуда кўплаб ривоятларда, дейлик, бир ҳукмдорнинг аждоди Амон–Радан (Қуёш худоси) ўргиган, деб айтилади. Бундан кўзланган мақсад бирор кишининг ёки муайян гуруҳ ҳокимиятини легитимлаштиришдан (қонунийлаштириш) иборат бўлганини яхши тушунаман. Шунинг учун мен бу оддий чўпчакдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайдиган олимлар қаторига кираман. Бу ривоят Умархон ҳукмронлиги даврида ўйлаб топилган эди. У буни сарой шоири, “малик уш–шуаро” деб аталган Фазлий Фарғонийдан (аслида Намангоний – таржимон) “Умарнома” асарини ёзаётганда илтимос қилади. У ўз авлодлари пайдо бўлишига Олтинбешикни исмли фарзандни асосчи қилиб кўрсатмагани учун Фазлий Фарғонийдан хафа ҳам бўлади. Шундан сўнг фароғлик Мушрифга ушбу шеърий асарни қайта ёзишни буюради ва шоир ўша манбани “Шоҳномаи нусрат паём” номи билан қайта ёзиб чиқади. Шоир бу асарда илк марта Қўқон хонлигининг илк ҳукмдорлари шажарасини келтиради. Ўша асар турли вариантларда бизгача етиб келган. Олимлар бу иш билан шуғулланмоқда, аммо таассуфки, уни ҳақиқат деб билувчи олимлар ҳам бор. Мен бу ҳақда кўп марта ёзганман, аммо Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўғлини ташлаб кетганига ишонмайман. Умархон бундай ривоятни тўқиттириб, гўё легитим ҳокимиятга эга бўлади. Олий сиёсий ҳокимиятни нафақат Минглар уруғи, унинг вакили эгаллайди, ривоятда айтилишича, Қўқон хонларининг ўша аждоди тарбиясига қипчоқлар билан қирғизлар ҳам ҳисса қўшади, яъни қирғизлар билан қипчоқлар уни тарбиялаган ва жанг қилишга, отда юришга ўргатган. Демак, қипчоқ уруғи вакиласи Олтинбешикни эмизган. Энг муҳими, унинг тарбиясида чодаклик ҳожилар вакиллари ҳам иштирок этган, яъни ушбу гуруҳлар: минглар, қирғизлар, қипчоқлар, диний арбоблар – мусулмон руҳонийлари вакиллари, демак, чодаклик ҳожилар Қўқон хонлигида сиёсий ҳокимиятга эга бўлган. Қўқон хонлиги ташкил этилгунга қадар Фарғонада ҳокимиятга чодаклик ҳожилар эгалик қилган – улар Нақшбандия ёки Қодирия тасаввуф тариқати вакиллари бўлган. Бу ҳақда манбаларда маълумот жуда кам. Қўқон хонлигида ҳокимият, сиёсий ҳокимият мана шундай бўлинган. Ушбу ривоят Минглар уруғини ва илк унинг вакилларини Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сохта ўғли орқали Темурийлар билан боғлайди. Бу Минглар уруғи ҳокимиятини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш учун зарур бўлган ва шу ривоят тўқилган.
Қўқон хонлари ҳаёти тавсифномасида Олимхон шафқатсизлиги билан ажралиб туради. То шу кунгача рус тилли манбаларда қозоқлар ва рус савдогарлари устига босқин уюштирган қўқонликларнинг ваҳшийликлари, русларга қарши кайфияти ҳақида сўз юритилади. Чундан ҳам қўқонликлар шунақа шафқатсиз бўлганми?
Ҳа, биласизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам қозоқларга қарши қўшин тортиб борган ва уларга қарши муқаддас уруш эълон қилган. Яъниким, Рўзбекхон “Меҳмоннома ва Бухурий” деган асарида қайд этишича, Муҳаммад Шайбонийхон мана шу босқинлари, талончиликларидан сўнг “Ғозий” – “дин учун курашчи” унвонига сазовор бўлади. Шундан кейин Ўрта Осиёда қозоқлар ислом динидан узоқ, жуда узоқ деган тушунча юзага келади. Аммо аслида бундай эмас, чунки Аҳмад Яссавий замонларидан бери биламизки, ислом дини қозоқлар ўртасида тарқалган, кўплаб қабилалар вакиллари ва етакчилари сўфизмнинг Яссавия тариқатига эътиқод қилган. 1804–06–йилларда Тошкентни ишғол қилган Қўқон хони Олимхон Жанубий Қозоғистон – замонавий Жанубий Қозоғистонга қўшин жўнатади. Умархон даврида Қозоғистон жануби босиб олинганини ва Сирдарё қирғоқлари бўйлаб Қўқон хонлигни истеҳкомлари қурилганини биламиз. Ушбу истеҳкомлар қозоқ овулларини даҳшатга солган, чунки маҳаллий қўқонликларнинг ҳаёт тарзи қозоқларнинг кўчманчилик ҳаёт тарзидан тубдан фарқ қилган, аммо қозоқларнинг ўзи ҳам бухоролик, қўқонлик ва хивалик савдогарларни ҳар доим талаган. Сабаби ўзингизга маълум: бойлик орттириш йўлларидан бири боримта эди. Боримта[1] қозоқ қабилаларининг эркак аҳолиси карвонларни қўлга олиш ва талаш учун ташкил этган гуруҳи бўлган.
Бир тарафдан, қўқонликлар Бухоро савдогарларини, бухороликлар эса Хива савдо карвонларини талаган, шунинг учун доимий қарама–қаршиликлар давом этган. Бошқа тарафдан эса, Пётр I ҳукмронлиги даврида, яъни XVIII аср бошида рус ҳукмдорлари Ўрта Осиё орқали Ҳиндистонга йўл топишга уринган. Хабарингиз бор, Пётр I Бекович–Черкасский юришини ташкил қилганда, Хива хони Шерғозихон унинг иштирокчиларини бутунлай қириб ташлаган. Ўтроқ ва кўчманчи аҳоли ўртасида мана шундай можаролар бўлиб турган. Қозоқлар Россия фуқаролигини қабул қилганда ёки айнан Анна ҳукмронлиги даврида рус ҳукмдорларига бўйсуна бошлагач, Абулхайрхон ҳатто қозоқларни Россия фуқаролигига қабул қилиши сўраб, элчилар юборган. Бошқа тарафдан эса, Ермакнинг юришлари ва Россия ҳукмдорларининг Сибирни эгаллаб олиши Россия давлатини Ўрта ва Марказий Осиё халқи ва ҳокимият вакиллари билан яқинлаштирган. Шунинг учун қўқонликларнинг ҳийла–найранглари ва карвонларни талаганлари ҳақида жуда кўп ёзилган. Аммо бу, асосан, рус армиясининг олға силжиётганини исботлаш учун керак бўлган, чунки армияга савдогарлар, савдо карвонлари хавфсизлигини таъминлаш, бу ерда рус бошқарувини жорий этиш учун баҳона керак эди. Қўқон хонлари ҳукмронлиги даврида шундай воқеаларни ва замонавий Қозоғистон ҳудудида мудофаа истеҳкомлари қурганини кўрамиз.
Олимхонга келсак, у ҳақда шундай миш–мишлар тарқатилгани бор гап. Бу ҳокимият учун курашаётган Умархон бошчилигидаги мухолифат кучларига керак бўлган. Олимхоннинг айби нима эди? У халқ ҳисобига кун кечирган дин арбобларига қарши чиққан. Ўзини чин халифалар: Умар, Абубакр, Усмон ва Алининг авлодлари деб эълон қилган сохта эшонларни жавобгарликка тортган. Бунақа ҳожилар гуруҳи борлигини ўзингиз биласиз. У яна ўз фикрича сохта қадамжоларга сиғинишга ҳам қарши чиққан. Шунинг учун, руҳонийлар ҳам, Умархон ҳам, унинг атрофидагилар ҳам Олимхонга қарши шундай миш–мишлар тарқатган. Аслида Олимхон шаҳарларни тиклаш, мадрасалар қуриш, карвон йўллари барпо этиш ва улар хавфсизлигини сақлаш бўйича ишлар олиб борган. Бироқ Қозоғистон жанубига ва Тошкентга юриш қилиб, уни босиб олгандан сўнг Қўқонга қайтиш йўлида ўлдирилган. Шундан сўнг 1810 йилда Умархон ўзини Қўқон хонлигининг янги ҳукмдори деб эълон қилади.
Хонликнинг кўп миллатли таркиби ҳақида гапириб берсангиз – унда тожикларнинг иштироки қандай бўлган? Улар ўша пайтда тожиклар деб танилган эдими? Чимкент, Сайрам ва Тошкентдай энг йирик шаҳарларнинг беклари кимлар бўлган? Қирғиз қабилалари Ўрмонхон бошчилигида Қора Қирғиз хонлигини ташкил этиб, қандай ва нима учун ажралиб чиқиб кетган?
Чиндан ҳам Қўқон хонлиги кўп миллатли бўлган. Унинг асосий аҳолисини ўзбеклар, тожиклар қирғизлар, қипчоқлар ва қозоқлар ташкил қилган. Қорақалпоқлар ҳам бўлган. Жунгарлар босқинидан сўнг Қўқон хонлиги ҳудудида яшаган қалмиқлар ҳам бўлган. Қўқон хонлиги ўз ҳудудини Шарқий Туркистонга қадар кенгайтирганда, уйғурлар ва дунганлар ҳам бу давлатнинг бир қисмини ташкил этган. Шаҳарларда истиқомат қилган тожик ва ўзбек аҳолиси “сарт” этник номини олганидан сўнг қизиқ муаммо пайдо бўлади. ХХ аср бошига қадар, яна ҳам аниқроғи, совет давлати ташкил этилгунга довур сартлар икки тилли аҳоли бўлган. Улар шаҳар аҳолиси эди ҳамда кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳолига нисбатан бироз бошқача тушунчага эга бўлган. Улар маданиятлироқ ва ўқимишлироқ эди. Ўша манбаларда айтилишича, сартлар қозоқлар, қирғизлар ва қипчоқларга нисбатан айёр бўлган. Улар, асосан, савдо–сотиқ билан шуғулланган, орасида шаҳарда яшовчи ҳунармандлар ва ўқимишли кишилар кўп эди. Аммо бошқа тарафдан, яна бир гуруҳ бўлган. Сиз йирик шаҳарларнинг беклари ким бўлган деб савол беряпсиз. Улар, биринчидан, ҳукмрон қабилалар вакиллари эди. Яъниким, бир замон тожик аҳоли вакиллари ҳам бек этиб тайинланган, яна шаҳар ҳукмдорлар орасида қипчоқ, қирғиз ва ўзбек беклари бўлган. Масалан, узоқ вақт ҳозирги Тошкент шаҳри ва вилоятини Покистоннинг Читрал шаҳридан бўлган лашкарнинг беклар беги – бир қул бошқарган. Тожикистоннинг тоғ қисмидан бўлган тожикларнинг Канадшоҳ уруғи вакилларидан ҳам ҳукмдорлар бўлган, Улар Тожикистоннинг Қоратегин ва Дарвоза деган жойларидан эди, чунки Умархон фақат Тожикистоннинг тоғ қисмидан бўлган тожиклар вакилларидан иборат қўшин тузган. Ёки Қушбеги, Мингбоши ва Додхоҳ аҳолисининг машҳур вакиллари бор эди. Қўқон хонлари девонида кўплаб тожик халқи вакиллари бўлиб, улар ўқитиш билан шуғулланиб, айнан мударрислик қилган, китоблар тузган ва уларни қайта кўчирган. Қирғиз–қипочқ аҳолиси ҳар доим Қўқон хонлигидаги марказдан қочиш маркази бўлган, чунки ҳар доим ўтроқ ҳаёт тарзи билан кўчманчи ҳаёт тарзи ўртасида зиддиятлар юзага келиб турган. Бу ҳокимият учун, мулкни бўлиб олиш учун кураш ҳам эди. Эсингизда бўлса, Мусулмонқул ҳукмронлиги даврида қипчоқ аҳолиси Фарғона водийси аҳолиси уйларини куч ишлатиб тортиб олган. Чиндан ҳам замонавий Қирғизистон ҳудудида – Еттисувда қирғиз ва қозоқ аҳолисининг бир қисми на давлат ва на хонлик бўлиб шаклланган бир жамият тузган, чунки бошчи қабилалар беклари ҳар доим мустақиллик ёки муайян эркинлик ва марказий ҳокимиятдан маълум имтиёзлар олиш учун курашган. Шунинг учун Қора қирғизлар хонлиги ҳукмронлиги ҳақидаги ёзма манбаларда жуда кам маълумот учрайди.
Қўқон хонлиги жуда мураккаб ташқи сиёсат олиб борган, хусусан, у Хитой билан чегарадош бўлган ва бу унинг ташқи сиёсати йўналишига таъсир кўрсатган. Қўқон хонлигининг Хитойнинг Цин империяси билан муносабатлари қандай эди? 1828 ва 1831 йиллардаги ҳарбий тўқнашувнинг ва Шарқий Туркистон учун Қўқон хонлиги – Цин кураши сабаблари ва оқибатлари қандай бўлган? Ёқуббек ким бўлган ва у нима ишларни бажарган?
XIX аср бошидаги Қўқон хонлиги – Цин империяси қарама–қаршилигида, айниқса, 1828 – 1831 йиллардаги воқеаларда Ёқуббек иштирок этмаган. У фақат 1830 йилда туғилган. Аммо Қўқон хонлигининг Хитойнинг Цин империяси билан қарама–қаршилиги бўлгани аниқ, чунки Шарқий Туркистон тарихан Қўқон хонлиги, аниқроғи, Фарғона водийси билан боғланган эди. Ҳожиларнинг мана шу қарши кураши Умархон ҳукмронлиги давридан бошланган. Гарчи Цин империяси билан Қўқон ҳукмдорлари ўртасида ҳожиларни, айнан Қиличхон авлодлари, оқ тоғликлар ва қора тоғликлар, ҳожилар вакиллари, Бузургхон тўра ва бошқаларни Шарқий Туркистонга ўтказиб юбормаслик ҳақида келишув бўлган. Аммо 1824 йили Бузургхон тўра Қўқон хонлиги ҳудудидан қочиб кетиб, Шарқий Туркистонга келади ва ўша ерда мусулмонлар ҳокимиятни эгаллайди. 1831 йилда шартнома тузилгандан сўнг Қўқон Шарқий Туркистонда ўз ҳокимиятини жорий қилади. Цин империяси Қўқон хонлиги ҳукмдорларига Шарқий Туркистондан ўлпон ва солиқ йиғишга рухсат беради, яъни Цин империяси шу йўл билан Шарқий Туркистонда тинчликни таъминлаб туради. Аммо биламизки, 1865 йилда Тошкент босиб олингандан сўнг қирғиз халқининг яна бир таниқли вакили, амири лашкар Алимқул асли пискентлик тожик бўлган Ёқуббек Пискентийни Шарқий Туркистонга жўнатади. Аммо у ёрдам бериш ўрнига олий ҳокимиятни эгаллаб олади ва Ёқуббек Бадавлат номи билан 1877 йилга, яъни ўлдирилгунга қадар ҳукмронлик қилади. Унинг давлати Еттишаҳар деб аталган. У ўша ерда янги мусулмон давлатига асос солади, у нафақат Цин империяси билан, қолаверса, Қўқон хонлиги билан токи уни чор Россияси йўқ қилгунча фаол сиёсат олиб боради. Яна у элчиларини Ҳиндистонга ва Британия қироличаси Виктория ҳузурига жўнатиб, ундан Еттишаҳар давлати мустақиллиги ва эркинлигини ҳимоя қилиш учун ёрдам сўрайди. Ёқуббек Еттишаҳар давлатида жуда фаол яратувчилик сиёсати юритади, чунки унинг ҳукмронлиги даврида айнан маҳаллий аҳолининг маданияти юксалади. У кўплаб масжидлар, йўллар ва кўприклар қурдиради. Жуда кўп асарлар туркий тилга таржима қилинади, яъни у Шарқий Туркистонда мана шундай маданий сиёсат олиб боради. Бу, албатта, Цин империяси вакилларига ёқмас эди. Ниҳоят, 1878 йилда Еттишаҳар давлати йўқ қилинади. Унинг Қўқон хонлиги билан шундай генетик алоқаси бўлган. Ҳозирги кунда Ёқуббекнинг авлодлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Шарқий Туркистонда истиқомат қилади.
Келинг, руслар босқинига ўтамиз. Қўқон хонлиги шимолда Россия империяси билан тўқнаш келади. Россия қозоқларнинг чўл ҳудудини босиб олгач, 1854 йилда Қўқон ҳокимияини яхшироқ назорат қилиш учун Верний (ҳозирги Олма–Ота шаҳри) истеҳкомини қуради. Қўқон хонлиги билан Россия империяси ўртасида келишмовчиликларга нима асос бўлган?
Биринчидан, Россия империяси Ўрта Осиё хонликларига нисбатан шундай босқинчилик сиёсатини олиб борганини айтиб ўтишим керак. Қозоғистон билан чегарадаги биринчи истеҳком 1842 йилда қурилган. 1853 йилда эса истеҳком – Оқмачит шаҳри босиб олинган. 1854 йилда эса руслар шарқи–ғарб томондан Ўрта Осиёнинг босиб олиш билан боғлиқ иккинчи линия барпо этади ва бу линия Верний – замонавий Олма–Ота қалъаси бунёд этилиши билан тугайди. Яна рус қўшинлари Қўқон хонлигига бўйсунган ҳудудни бошқа хонликларни Сибир ва Омск тарафдан босиб олишни бошлайди. Чор Россиясининг босқинчилик фаолиятини Россия–Қрим уруши маълум вақтга тўхтатиб қўяди. Қрим уруши тугагандан сўнг Россия Марказий Осиёга қараб юриш қилади. Бунинг сабаби нима эди? Сабаби Россия империясининг Ўрта Осиёда Британия империясига қарши кураши бўлган. Ўша пайтда Биринчи ва Иккинчи британ–афғон уруши тугаган эди. Британия Афғонистонда протекторат ўрнатади ва Ўрта Осиё хонликлари ҳудуди сари юришини давом эттириш сиёсатини юргизаётган эди. Ўртада Ҳиндистон ва Эрон орқали олиб кирилган Британия ва Россия товарлари уруши бошланади. Ушбу қарама–қаршилик авж олиб кетади ва Россия фаол истило сиёсатини олиб боради ва бу Ўрта Осиёнинг Тошкент ва бошқа шаҳарлари босиб олиниши билан тугайди. Ўрта Осиё хонлари жуда кучли ва яхши қуролланган душманга дуч келади. Таассуфки, Ўрта Осиёнинг Қўқон, Бухоро ва Хива давлатлари ўзимизни ўзимиз ҳимоя қиламиз, деб ўйлаган эди. Ҳар бир давлат элчисини Истанбулга ёрдам сўраб, алоҳида жўнатади ва Туркия, Усмонлилар империяси ўзига ёрдам беради ва руслар истилосидан ҳимоя қилади, деб ўйлайди. Бироқ бундай бўлиб чиқмади, чунки буюк давлатларнинг жуғрофий сиёсати мустамлакалар орттиришни мўлжаллаётган эди. Боз устига, Россияга бозор учун, товарларини ўтказиш учун янги ҳудуд, арзон иш кучи, пахта экиш учун жой керак эди, чунки Жанубий Америкадан ва Американинг ўзидан пахта олиб келиниши чекланиб қолганди. Хомашё етишмовчилиги Россияни Ўрта Осиё хонликлари ҳудуди бўйлаб фаолроқ ҳаракат қилишга мажбур этди.
Черняевнинг юриши қандай амалга оширилган ва у қандай қилиб Тошкентни эгаллашга муваффақ бўлган эди?
Бирнинчидан, 1858 йилдан 1865 йилгача Қўзқон хонлигида ҳокимият уч марта ўзгарди, яъни дастлаб Маллахон акаси Худоёрхонни тахтдан воз кечишга ва Бухорога кетишга мажбур қилди. Сўнгра Маллахон ўлдирилиб, ҳокимиятни бир йил Саидхон эгаллайди. Ундан сўнг яна Худоёрхон қайтиб келади. Булар барчаси марказдан қочаётган кучларнинг марказий ҳокимиятга қарши кураши натижаси бўлган эди. Зикр этилган воқеалар Россия хонлик ҳудудини босиб олиши арафасида юз бераётганди, чунки ушбу истилога қарши туриши мумкин бўлган кучлар бўлиниб кетганди. Бу ҳам етмагандай, ўша пайтда Бухоро амирлиги Қўқон хонлигига ҳужум қилади. Улар истило арафасида ўзаро бирлашиш ўрнига шундай заиф давлатлар сифатида кўзга ташланади, чунки қўқонликларнинг қурол–яроғи ҳам, артиллерияси ҳам ва уруш қилиш тактикаси ҳам бўлмаган. Фақат амири лашкар Алимқул султон Саидхонга регентлик – вақтинчалик ҳукмронлик қилган вақтда 60 дан ортиқ эски тўпни тайёрлаши мумкин эди, аммо бу пайтда Россия қўшинларининг снаряд отадиган тўплари ва уларнинг затворлари (отиш қуролининг очиб-ёпувчи механизмлари) бўлган. Ўрта Осиё тўплари эса ўрта асрлардан қолган бўлиб, оғир, узоққа ўқ ота олмайдиган, ҳарбий техника, технология, қуролланиш нуқтаи назаридан қолоқ эди. Тошкент мана шундай шароитда босиб олинади.
1864 йили биринчи бўлиб Тошкент деворларига генерал Романовский яқинлашиб келади. Аммо ҳаққи бўлмагани ва Тошкентни босиб олишга фармон олмагани учун Чимкентга чекинади. 1865 йили Тошкентни режали босиб олиш бошланади. Бу шаҳарда 3000 дан ошиқ жангчи қолдирган қўқонликлар қаршилик кўрсата олмайди. Шу пайт жангга султон Сайидхон аралашади. Бухоро ҳукмдори Амир Музаффар султон Сайидхонни Бухорога йўл олишга мажбур қилади. Сўнгра Алимқулнинг ўлими Қўқон қўшинларини бошчисиз қолдиради. Шунинг учун Россия қўшинлари бундан илҳомланиб кетади. Тошкентнинг икки ойлик қамалидан сўнг улар шаҳарни эгаллайди ва тошкентликлар билан тинчлик тартномаси тузади.
Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Зикр этилган шартномада нима ҳақда ёзилган эди? Асосийси, улар маҳаллий ҳаётга аралашмаслигини, ҳеч қачон маҳаллий аҳоли вакилларини ҳарбий хизматга жалб этмаслигини эълон қилади. 1916 йилда оммавий қўзғолонга сабаб бўлган сабаблардан бири маҳаллий аҳолининг мардикорлик, яъни фронт ортидаги ишларга сафарбар қилингани бўлган эди. Маҳаллий аҳоли ўзини бевосита урушга жалб этишяпти, деб ўйлаган ва қўзғолонни шу ҳол келтириб чиқарган. Тошкентнинг 4 та даҳаси (Россия империяси босиб олишидан олдин Тошкент ҳудуди 4 та: Бешёғоч, Кўкча, Себзор ва Шайхонтоҳур даҳасига бўлинган эди – таҳририят изоҳи) вакиллари билан тузилган тинчлик шартномаси бўйича бу шаҳарда руслар ҳокимияти тан олинган эди. Кейинчалик Ўратепа, Хўжанд ва Самарқанд шаҳарлари босиб олинди, сўнгра Қўқон хонлигини йўқ қилиш бошланди. 1876 йил 19 февралда Қўқон хонлигининг тугатилгани эълон қилинди, яъни рус босқинчилари ва генераллари оқпошшонинг туғилган кунида Қўқон хонлигини гўё унга тортиқ этди. Хонлик йўқ қилинди. Ўша вақтда Ёқуббек бошчилиги ёки бошқарувидаги Еттишаҳарни йўқ қилишга тайёргарлик бошланди. Еттишаҳардаги бу давлат шундан сўнг фақат бир йил мавжуд бўлди, холос. Ўша хонилк 1878 йили йўқ қилинди. Руслар босқини мана шундай юз берган.
Марказлашган ҳокимиятнинг заифлашиб қолиши Худоёрхон ва ўғли Насриддинбек ўртасидаги ҳокимият учун курашнинг оқибати эди. Бу маҳаллий аҳоли – ўтроқ ва кўчманчи аҳоли ўртасидаги курашнинг янги босқичи бўлди. Ҳокимият учун курашган сохта хон Пўлатхон тахтга ўтказилади. 3 та гуруҳ вакиллари бўлган Худоёрхон, ўғли Насриддинбек ва Пўлатхон ўртасидаги бу кураш Қўқон хонлигини заифлаштириб қўйиши баробарида хонлик аҳолисини 3 та йирик гуруҳга бўлиб юборди. Пўлатхон қўчманчи ва ярим кўчманчи давлатни тамсил этган бўлса, Насриддинбек ўтроқ ва кўчманчи аҳоли вакиллари бўлган маҳаллий аристократия – аслзодалар вакили эди, Худоёрхон эса Туркистон генерал–губернатори дастаклови билан тахтни қайтариб олишга интилаётган эди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмайди ва Хўжандга қочиб кетади. Руслар унинг ўғли Насриддинбекни ва Пўлатхонни тутиб олиб, иккаласини ҳам осади ва Қўқон хонлиги тугатилгани эълон қилинади. Рус матбуоти иддаосича, Ўрта Осиёдаги нотинчлик манбаси бўлган хонлик давлат сифатида барҳам топади.
Нега руслар хонликни бутунлай йўқ қилишга қарор қилган?
Бу “Катта ўйин” сиёсати натижаси эди. Ўша даврдаги ёзма манбалар, адабиётларда зикр этилишича, бу Россия ва Британия империяларининг “Катта ўйини” бўлган, чунки улар Марказий Осиёни забт этиш, бозорлар, ҳудудлар, Ўрта Осиёда мавжуд бўлган хомашё манбалари учун ўзаро курашаётган эди. Бу Россия империяси сиёсатининг давоми, чор ҳукмдорларининг Иван Грозний давридан бошланган азалий орзуси эди, ундан кейин ҳокимиятга келган ҳар бир ҳукмдор мана шу ҳудудларни босиб олишни орзу қилиб яшаган. Британия ҳам Ҳиндистонни босиб олгандан сўнг мулки чегараларини кенгайтиришни истаган ва пировардида афғон ҳукмдорларига қарши жанг олиб борган. Бу курашга Россия ҳокимияти ҳам аралашган. Албатта, яна бир сабаби Ўрта Осиё ҳукмдорлари ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар ҳам эди. Ҳатто Хива хонлиги, Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги бирлашган тақдирда ҳам русларни енга олмас, уларнинг бостириб келишига қарши тура олмас эди, чунки жуда заиф бўлган. Буюк жуғрофий кашфиётлардан сўнг Марказий Осиё фаол сиёсий ҳаракатлар, тарихий жараёнлардан узилиб қолди, чунки ўз ҳолича кун кечираётган эди, унинг атрофида Янги Дунё билан Эски Дунё ўртасида фаол сиёсий, инқилобий ва савдо–сотиқ муносабатлари юритилаётган, чунки сиёсий жиҳатдан нафақат Европада, қолаверса, етакчи давлатларнинг собиқ мустамлакаларида ҳам ўзгаришлар содир бўлаётган эди.
Маълумки, бугунги кунда сўнгги ўрта асрлар ва янги замонга оид кўплаб ёзма ва моддий манбалар бор, улар Қўқон хонлиги аҳолисининг сиёсий ҳаёти, жуғрофияси, этнографияси ва этник тарихи ҳақида маълумот беради. Шулар ҳақида батафсил гапириб бера оласизми? Қўқон хонлигининг қайси жиҳатлари ўрганилмай қолмоқда ҳамда ўзбек, тожик ва қирғиз илмий ишларида хонлик тарихини кўриб чиқиш ва ўрганишда қандай тафовутлар бор?
Қўқон хонлиги ҳақида тарихий асарлар жуда кўп. Мен улар 40 дан ошиқ эканини санаганман. Докторлик диссертациям ушбу манбалар таҳлилига бағишланган, у “Қўқон тарихшунослигининг оёққа туриши ва ривожланиши”, яъни ушбу мактабнинг генезиси деб аталади. Бухоро, Бухоро Амирлигининг протекторатга айланиши даврига оид асарлар кўп. Хива хонлигида ҳам жуда қизиқарли маданий тикланиш юз беради. Гарчи Хива Россия протекторати бўлса–да, у ерда жуда қизиқ таржима мактаби шаклланади, 100 дан ошиқ жуда қимматли, ноёб асарлар араб ва форс тилларидан ўзбек тилига таржима қилинади. Қўқон хонлигида яратилган асарлар ҳам тожик, ҳам ўзбек тилида поэзия ва прозада яратилади. Айтишим мумкинки, улардан 10 дан ортиғини, аниқроғи, 16 та асарни рус ва ўзбек тилларига таржима қилдим, чоп эттирдим ва уларнинг факсимиле нусхаларини чиқартирдим. Тожик ёки эски ўзбек ёзувини билмайдаган мутахассислар бугун бундан фойдаланиши мумкин ва бу асрлардан фойдаланяпти ҳам. Шундай сўнгги асарлардан бири Муҳамма Солиҳ Тошкандийнинг “Тарихи жадидайи Тошканд” (“Тошкентнинг янги тарихи”) асаридир, у ҳам Мирза Олим Тошкандийнинг “Ансаб ус–салотин” (“Султонлар шажараси”) ва Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқандийнинг “Тарихи жаҳоннамойи” (“Жаҳонни акс эттирувчи тарих”) асарлари чор Россияси Ўрта Осиёни босиб олиши ҳақида жуда кўп маълумот беради. Маҳаллий тарихчиларнинг бу фикрлари ва ёзиб қолдирган маълумотларига маҳаллий муаллифлар нуқтаи назаридан Ўрта Осиёнинг босиб олиниши ҳақида маълумот берувчи манба сифатида қаралади. Муҳаммад Солиҳ Тошкандий шаҳарни руслар босиб олишини кунма–кун қоғозга тушириб боради.
Гарчи биз ҳар доим, Ўрта Осиё халқларининг аждодлари бир бўлган, бизни бугун кўпроқ тарихимиз бирлаштириб туради, деб гапирсак–да, совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг Туркистон бир неча давлатларга бўлиниб, бизни бирлаштириб турган нарсалар унутилиб кетди. Халқларимизни бирлаштирадиган омиллардан бири тарихий онг, тарихий ўтмиш ва тарихимиздир. Афсуски, мана шу бирлик энди турлича баҳоланмоқда. Бу тарихни Ўзбекистон тарихчилари бошқача, Тожикистон олимлари бошқача ёритмоқда. У ерда ҳам, бу ерда ҳам, масалан, биз Қўқон хонлигини тожиклар, ўзбеклар, қирғизлар ва қозоқлар давлати деб атаяпмиз. Ўрта Осиёдаги барча давлат тузилмалари, масалан, Ўзбекистонда ўзбек давлатлари деб аталмоқда, ўзбек давлатчилигининг минг йиллик тарихий ҳақида улкан монографиялар ёзилмоқда. Биз эса Ўрта Осиёнинг барча давлатлари ушбу минтақанинг барча аҳолисига тегишли бўлган, деб ҳисоблаймиз. Ўрта Осиё 1924 йилда ҳудудий–миллий бўлинишидан олдин тарихимиз ҳам, маданиятимиз ҳам, зеҳниятимиз ҳам – ҳамма нарсамиз умумий бўлган. Биз ўзимизни қўқонлик, хивалик, самарқандлик ва бухорлик деб аташ билан фарқланганмиз, бўлинганмиз, яъни миллий тафовут бўлмаган, ҳеч ким “мен қирғизман, сен қипчоқсан” деб айирмаган, ҳамма ўзини “Мен Фарғонаданман, мен Андижонданман, мен Наманганданман”, деб атаган. Ҳозирги вазиятга қарасак, ҳар бир тарихчи ёки ҳукмдор, сиёсатчилар кўрпани ўзига тортмоқда ва бир замонлар бир неча халқларни ҳамда замонавий Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларини бирлаштириб турган ягона давлат тузилмасини бўлиб олмоқчи, мен бунинг аксини, яъни аждодларимизга хос бўлган бирликни сақлаб қолишимиз керак эканини айтмоқчиман.
[1] Боримта (чиғатой тилида بارانتا – “жавобан талончилик қилиш”, қозоқ тилида эса “менинг улушим”, “менга қарз бўлган нарса” маъноларини англатади) – туркий кўчманчи халқлардан хафа қилгани учун чорвасини тортиб олиш ёки етказилган зарар учун музд бериш.