Мен бу ерда кўриб чиқилиши керак бўлган туркий сўзлар қаторига рус битиги юзасида турган туркий лексемаларни қўшаётганим йўқ. Улар ҳаммага маълум кўп марта кўриб чиқилган атамалар бўлгани учун изоҳга муҳтож эмас, оддий таржима қилинса бўлди: яруга (жар), япончица (уст кийим, ёпинчиқлар), ортьма (чойшаб), оксамитъ (кумуш ва олтин тукли ипак мато), хоругвь (туғ), чага (асира қиз), кощей (кўчманчи), когань (ҳоқон, Хазар ҳукмдорлари унвони), ногата (пул бирлиги), котора (душманлик, жанжал), крамола (яқин кишилар, халқлар келишмовчилиги, уруши) ва ҳк. Айримлари билан Милоранский, Корш, Ржига каби олимлар шуғулланган. Тўғриси, уларнинг “оксамиты”, “хоругвь” ва “кощей” сўзлари таржимаси аниқ эмас, аммо мен бу таржималарни таҳлил қилиб ўтирмоқчи эмасман, шу билан бирга, “кощей” сингари туркизм таржимаси мужмул бўлиб қолгани “Жангнома”ни тушунишда муҳим аҳамиятга эга эканини айтиб ўтмоқчиман.
Буюк “Жангнома”да – бир далил –
славян сатрига гиёҳдай
ўсиб кирган асов ва дадил
қипчоқнинг сўзлари (сиёҳда).
С. Марков
Тур на бороне (Жанг қилаётган тур (тўра))
“Жангнома”да бир неча калкага (бир тилга бошқа тилдан айнан таржима қилиб олинган ёки бошқа тилдагига тақлидан ёзилган сўз ёки ибора ҳолатига) дуч келамиз. Айримларини Кўчирувчилар (улар одатда битикдаги тушунарсиз жойларни ҳосил қилади) қилган бўлса, бошқалари Киев Руси адабий тилига тегишли ва муаллиф уларни одати бўйича қўллайди ва контекстда бурамалар ясамайди. Бунақалар сирасига “злат стол” – княз тахти (“олтин тахта”), “беля” – кумуш танга (”ақча”) киради.
Ҳар бир таниб олинган туркий сўзни таржима қилишга интилиш Кўчирувчини таржимасини контекстда грамматик жиҳатдан тўғрилаб олиш зарурлиги сари етаклайди. У баъзан бунинг уддасидан ҳам чиқади. Афсуски, муаллиф матни бундан зиён кўради. Лекин аксарият ҳолларда у буни эплай олмайди. Кўчирувчи туркий тилни жуда юзаки билади. Унга лаҳжалардан бири таниш бўлган бўлса керак. Шунинг учун муаллиф рус нутқига қориштириб ишлатган айрим туркий атамаларнинг асл маъносини англаб етмаган. У ўша сўзларни бир жойга йиғилиб қолганда, масалан, Ярославнинг биринчи жанги ўлжаларини тавсифлаш ва “был”ларини (“олмахонларнинг қишки терилари”ни) қайта санашда тан олади. Алоҳида учрайдиган “кощей”, “яруги” ва бошқа сўзлар XVI асрдаги адабий тилдан муқим жой олгани учун таржимани талаб қилмайди.
Қўчирувчи кўрмай қолган туркизмлар сирасига мен Всеволоднинг лақаби бўлган “буйтур” сўзини ҳам қўшаман. Йилномаларда бу княз ҳарбий шавкати ва жасорати алоҳида таъкидлаб кўрсатилган. “Жангнома”да унинг ҳарбий жасоратлари тавсифига кўп жой ажратилган. Афтидан, муаллиф Всеволодни “буйтур” деб аташи бежиз эмас. Бу “ботир” (“батур”, “боотур”, “богатур”, “баҳодир”) сўзининг этимологиясини тушуниб олишни орзу қилаётган туркологлар учун топилмадир. “Жангнома” XIII асрдан сўнг оммалашиб кетган бу атаманинг праформаси[1] акс этган ягона ёдгорликдир. Х асрдаги манбаларда у ҳали учрамайди. У XI – XII асрлардаги қипчоқлар муҳитида вужудга келган (бойтўра – “жаноби олийлари”) ва Волгабўйи турклари тили хусусиятларини сақлаб қолган бўлса керак.
…Игорь ждетъ мила брата Всеволода.
И рече ему буйтуръ Всеволодъ…
Маъноси:
Игор кутар қадрдон биродари Всеволодни
Ва унга деди бебош тур Всеволод…[2]
Мусин–Пушкин мана шу ғайриодатий исм маъносини тушуниб олишга уриниб кўради: “Буй” – “ёввойи” дегани, “тур” эса – “ҳўкиз”. Шундай қилиб, бу ерда Всеволод ташбиҳ маъносида унинг кучи ва жасурлиги ҳақида фикр юритилиб, Буй-тур ёки Буйвол (ҳўкиз) деб аталяпти. Эҳтимол кейинчалик мана шу 2 та сўздан “баҳодир” сўзи ясалгандир, чунки бу сўз ишлатилган бошқа бир асар ҳалигача топилган эмас. Игорнинг укаси, тенги йўқ Всеволод Святославич ўз даврининг барча князларидан нафақат танаси ва кўриниши билан устун бўлган, қолаверса, барча ақлий фазилатлари билан ҳам ҳамма жойда довруқ қозонган эди”.
Бу – “халқ этимологияси”нинг оддий намунаси. Жаноби олийлари ёввойи ҳўкизга айланиб қолади. XVI асрдаги Кўчирувчи ва “Задоншчина”[3] муаллифи ҳам бу атамани тушунмагани боис унга ёлғон изоҳ берган. 3 та турли баҳо бир вақтга тўғри келишининг ноёб намунаси деса бўлади буни.
Энг сўнгги шарҳловчиларнинг ҳеч бири “буйтур”да доимий сўз бирикмасини кўрмаган. Кўчирувчи “Жангнома”нинг “Буй” сифатловчисини “яр” (кучли, жасур) сўзига ўхшатиб ясаган қисқа сифат шаклидаги сўзга ўзбошимчалик билан алмаштиради. Бу унинг “буй” сифатловчисини қандай тушунганини кўрсатиб беради (буй – буйный (кучли, бебош, шунга кўра, “ярый” (бебош) сўзи “яр” шаклида бўлиши керак).
…Яръ туре Всеволоде,
стоиши на борони,
прыщеши на вои стрелами,
гремлеши о шеломы мечи
харалужными.
Камо Туръ поскочяше…
Тамо лежать поганыя головы Половецкия;
поскепаны саблями калеными шеломы Оварьскыя отъ
тебе Яръ Tyрe Всеволоде.
Маъноси:
…Бебош тур Всеволод!
Сен олдинда жанг қиласан,
Тур, жангчиларга ўқталасан найзаларингни,
Пўлат қиличингни дубулғаларга урасан.
Қайга от чоптирасан, тур,
Олтин дубулғангни ярқиратиб, –
У ерда ётар қипчоқларнинг булғанч бошлари.
Сенинг чўғдай қиличларинг зарбидан авар дубулғалари пачоқ бўлган.
Бебош тур Всеволод!
Қўчирувчига “буй–туре” (бойтўра) бирикмасининг доимий такрорланавериши ёқмайди ва муаллифнинг сифатловчилари “камбағал” бўлган нутқини бойитишга журъат этади. Кўриб турганимиздек, у бир ҳолатда сифатловчидан бутунлай воз кечади. Тахминимча, у протографда[4] бўлган:
1) Буйтуре Всеволоде,
стоиши на борони.
2) камо буйтуре поскочяше…
3) от тебе, буйтуре Всеволоде…
Маъноси:
Бебош тур Всеволод,
сен олдинда жанг қиласан.
Қайга от чоптирасан, тур…
Сенинг… буйтуре Всеволод…
…“Задоншчина” муаллифига рус князини ёввойи ҳўкиз билан ғайриодатий таққослаш ёқиб қолади. Аммо сифатловчи унга ўрнига тушмагандай туюлади. Агар у “Жангнома”ни XVI асрдаги таҳрирда ўқиганда эди, “яр тур” ёқиб қолиши турган гап эди. Бироқ, афтидан, “Задоншчина” муаллифи қўлидаги рўйхатда “яр тур” бўлмаган.
“…Не тури возгремели на поле Куликове побежени у Дону великого.
То ти не туры побежни, посечены кнзи рыскыя и воеводы великог кнзя и кнзи белозерстни посечены от поганых татар” (“Куликово жангида, буюк Дон дарёси бўйида турлар ўкиргани йўқ. Ахир, буюк Дон бўйида турлар қириб ташлангани йўқ, рус князлари, боёнлари ва буюк княз Дмитрий Ивановичнинг саркардалари чопилди. Разил татарлар чопган кишилар ер тишлаб қолди”[5]. (И-1). “Всталъ уж туръ оборонъ” (“Тур жангга турди”) (И–1). “Уже сталъ во ту на боронъ” (“Тур жангга турди”) (И-2). Ушбу рўйхатда “тур” бошқа учрамайди. С рўйхатида “тур на бороне” йўқ, бироқ:
“не турове рано возрули на поли Куликове, возрули воеводы…” (“Куликово майдонида турлар ўкиргани йўқ, саркардалар ўкирган…”) К – Б рўйхатида бу намуна ҳам йўқ. Энг тўлиқ рўйхатда (У) қуйидагилар бор: “Уже бо ста туръ на оборонь». «Не тури возгремели у Дуная великого на поле Куликове…” Шундан хулоса қилишимиз мумкинки, “Задоншчина”нинг протографик матнида “тур” 2 та жойда эслаб ўтилган. Бир сафар ҳеч бир сифатловсиз: “Не тури взревели у Дона”. Яна бир сафар эса “сифатлаш билан келтирилади” “уже стал буй тур на борони”.
Кўчириш вақтида “буй тур”нинг маъноси тушунмаганлик сабаб бузилади (“уже стал во ту на борон”), сифатловчи изоҳланаётиб, “уже бо ста тур на оборонь” грамматик қисмига айланиб кетади. “Жангнома” аслиятида “яр туре Всеволоде, стоящи на борони” “буйтуре Всеволоде…” бўлган бўлса керак. Ҳар ҳолда, қайтариб айтаман, “Задоншчина” муаллифи “Жангнома”нинг “яр тур” бўлмаган рўйхатини кўрган.
А. Мазон фикрича, “буй тур” ва “яр тур” “Жангнома” кейинроқ пайдо бўлганини англатади. Ушбу мажозлар сохталаштирувчисига Америка ва ҳиндулар ҳақидаги адабиёт бўлиб кўринган.
“Всеволодга берилган сифатловчи – ҳиндулар лақабига ўхшайди. У “Жангнома” муаллифининг энг ажабтовур кашфиётларидан бири бўлса ажаб эмас… Қайд этиш жоизки, “Жангнома”да “буй” сўзи мўл-кўл қўлланади. “Буй тур” ва “яр тур” сохта жаранглайдиган янги сўзлардир. Уларнинг ўрта асрларга мансуб рус поэмасида эмас, Америкага саёҳатлар тавсифида учраши камроқ ҳайрон қолдирган бўлар эди. Инжиқ тадқиқотчи шу нуқтаи назардан ҳиндуларнинг лақаби ўхшаш эшитиладиган бундай исмлар XVIII асрда урф бўлган 2 та адабий оқим таъсирида вужудга келган бўлиши мумкин, деб эслатиб туриши мумкин эди: бу, биринчидан, денгиз қароқчилиги ва денгиз қароқчилари, бошқа тарафдан – Америкага саёҳатлари тавсифи ҳақида”[6].
Чиндан ҳам агар “буй туре”ни русча – “буйный бык” (”асов ҳўқиз”) – тушуниш керак бўлса, бу, умуман, рус шеъриятига хос бўлмаган шубҳали сифатлашдир.
А. Мазонга эътироз билдирилади: кўҳна рус битикларида “бундай лақаблар”, масалан, “Бўри думли” саркарда, ҳайвонлар оламида ўзлаштирилган шахс исмлари (“Ворон” (“қарға”), “Волк” (“Бўри”), “Собака”, (“Ит”), “Воробей” (“Чумчуқ”), “Бык” (“Ҳўкиз”) ва б.) учраб туради.
Аммо, биринчидан, бу исмлар – князларнинг эмас, оддий халқ вакилларининг лақаблари. Иккинчидан, “тур” атамаси исм – лақаб сифатида эмас, оддий қўлланишда ҳам сифатловчи билан бирга келмайди., “буй” ва “яр” сингари сифатлашлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Доимий сифатловчи даврида бундай ранг-баранглик – оқлаб бўлмайдиган дабдаба: “комонь” – ҳар доим “чопқир”, “волк” – ҳар доим “бўзранг” (ёки туркийча “бозый”, “босый”, “бўз”, “бос” сўзидан – кулранг”) “қарға” – ҳар доим “қора”. Денгиз – кўкранг, ўт-ўлан – яшил, қуёш – ёрқин.
У ҳолда унчалик тилга тушмаган “тур” – ҳўкиз нега бирдан 2 та, бўлиб ҳам ноёб сифатловчига эга бўлди? Агар муаллиф “буйный” сифатини қисқа шаклда бериши керак бўлса, “бу” деб эмас, “буйн” ёки “буен” деб олиши мумкин эди.
Буйные (Бебошлар)
…Святослав Киевский Игорни уч марта “буи”ларга тавсия қилади. Назаримда, “буй” атамаси қандайдир унвонлар сирасига кирган ва Киев Русидаги князларнинг мартабалар силсиласида қайсидир даражасини ифода этган.
Туркий тилларда “буй”, “бий”, “бай”, “бей”, “бой” вариантлари ҳокимият ва ҳурматга эга бўлган кишиларга нисбатан қўлланган.
“Злато слово”да[7] бизни қизиқтираётган сифатловчининг оригинал қўлланиш ҳолатлари бор. Святослав князларни Рус ери ҳимоясига чиқишга даъват этар экан, улардан ҳар бирига муносиб ва ҳурмат билан таъриф беради. Аммо негадир қўққисдан тўрт нафар князга “сен” деб мурожаат қилади.
…Ты буй Рюриче и Давыде!
Не вам ли вои злачеными шеломы
по крови плаваша?
Маъноси:
Сен, бебош Рюрик ва Давид!
Сизнинг жангчиларингиз эмасми,
Заррин дубулғаси билан қонда сузган?
…А ты буй Романе и Мстиславе!
Храбрая мысль носить ваю умъ на дело.
Маъноси:
Сен эса, бебош Роман ва Мстислав!
Дадил фикр бошлар жасоратга хаёлингизни.
Кўчирувчи–16 (К–16) қандай тушунган бўлса, шундай таржима қилинади:
… Сен, бебош Рюрик ва Давид!
… Сен эса, бебош Роман ва Мстислав!
“Жангнома”да уришқоқлар кўп. Святославдан хушмуомала муносабатни кутасан. “Сиз” олмоши унга муаллиф сифатида маълум бўлган ва келтирилаётган мисолларда у асқатиши турган гап эди. Назаримда, Святославни Кўчирувчи қўрс қилиб қўйган.
Аслиятида бу сатрлар қуйича бўлган бўлиши керак:
…Аты буй Рюриче и Давиде!
…Аты буй Романе и Мстиславе!
Бундай муносабат туркий тилдан “атоқли”, сўзма-сўз эса “оти улуғ” деб таржима қилинади:
…Оти улуғ Рюрик ва Давид!
…Оти улуғ Роман ва Мстислав!
Кўчирувчи, унинг ортидан қолган тадқиқотчилар қўллаган халқ этимологияси усули таъсири ушбу мисолга жуда мос тушади.
“Аты буй” туркизми кўзга ташланиб турмагани боис сақланиб қолган: оддийлик ва оҳангдорлиги сабаб (тўғрироғи, славян лексемалари билан ҳамоҳанглиги) атамани калка қилиш ва ўзгартиришдан сақлаб қолган.
Восьмимысленность (Саккиз маънолилик)
Бошқа туркий аниқловчининг омади унчалик чопмаган. Святослав Галицкий князига мана бу сўзлар билан мурожаат қилади:
«Донишманд Ярослав!»
Мусин–Пушкин бу лақабни умумун тушунтирмайди.
“Осмомысл” сифатловчиси шарҳлари мажмуасини В. Н. Перетц таклиф этади. Улардан энг яхшисини Ф. И. Покровский ўртага ташлаган. Унинг фикрича, бу лақаб “княз Ярославнинг давлатни бошқариш фаолиятида фикру хаёлини банд этган энг муҳим саккизта иш”нинг умумлашмаси деса ҳам бўлади[8]. Замонавий шарҳловчилар ушбу тушунтиришга рози бўлди. В. И. Стеллецкий ёзади: “Ярослав сўзга усталиги билан ном қозонган йирик давлат арбоби бўлган.
Булар барчасини “Жангнома” муаллифи “Осмомысл” (яъни бир вақтда 8 та турли иш билан машғул бўлган) сифатловчиси билан ифода қилган, бу бошқа қадимги рус ёдгорликдарида учрамайди”[9].
Шундай қилиб, “Осмомысл” “Восьмимысленный” (“Саккиз маъноли”) сифатида тушунилган.
…Агар бирор йигитни ҳар томонлама ривожланган, ҳам жангда, ҳам ишқ бобида, ҳам санъатда, ҳам меҳнатда, ҳам гапга чечанликда, ҳам билимда моҳир ўлароқ таништириш керак бўлса, қозоқ эпосида у “Сегiз қырлы” деб аталган. У замонавий рус луғатида “Восьмиугольный” (“Саккиз бурчакли”) ёки “Восьмигранный” (“Саккиз қиррали”) деб таржима қилинади.
Қадимги рус тилига “Осмомыслый” ёки қисқа сифат шаклида “Осмомыслъ” деб таржима қилиш мумкин эди.
Текшириб кўрамиз: “Осьм” – саккиз (қадим рус ва қадимги славян тилида), “мыс” – бурчак, қирра (қадим рус ва қадимги славян тилида), “лъ” – қисқа сифат суффикси.
Қип-қизил калка. Муаллифникими? Буниси даргумон: Святослав нутқига туркий ифодалар хос бўлган. “Жангнома”нинг бошқа ҳеч бир бўлагида Святославга алоқадор парчалардагичалик (Святославнинг туши, боёнларнинг бу тушни таъбир қилиши, князларга мурожаати (“Злато слово”) туркий сўзлар ва фразеологизмларнинг бунчалик кўп йиғилганини учратмаймиз.
Кўчирувчи ўзи таниб қолган туркий ибораларни ҳафсала билан таржима қилади ҳамда Киев князи ва боёнлари кўчирма гапларининг алоҳида белги ва хусусиятларини (колорит) йўққа чиқаради.
Агар Кўчирувчи тадқиқотчи кўрган маънони ифода қилмоқчи бўлганда, сифатловчи шакли мураккаброқ бўлиши турган гап эди – “Осмомыслен”.
Растереть на кусту (Дарё қуйилиши жойида кенгайган)
Мени рус сўзлари таркибидаги “кўзга кўринмас туркизм”лар алоҳида қизиқтиради. Бу – ўзлаштирилган лексеманинг энг юксак кўрсаткичи.
Муаллиф шевасида асосий туркий бўлган бир неча сўз бор – “припешали”, “потручати”, “расушась”.
“Припешали” (препишали) – “перерезали” (“кесиб ташладилар”), “пишь” – “резать” (“кесмоқ”) сўзидан; “расушась” – “турли томонга учиб кетиб”, “уш” – “учиш” сўзидан ясалган.
Яқинда тикланган бир феъл ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Унинг маъноси контекстдан тушунилади, аммо этимологик жиҳатдан исботланган эмас: “река Стугна: худу струю имея, пожръши чужи ручьи и стругы ростре на кусту…”
Буни Мусин–Пушкин шундай таржима қилади: “река Стугна: она пагубными струями пожирает чужие ручьи и разбивает струги у кустов…” (“Стугна” дарёси: ҳалокатли оқими билан бегона сойларни ямламай ютади, дарёнинг қуйилиш жойида кемаларни чилпарчин қилади…”)
Биринчи нашр дунё юзини кўргандан сўнг тадқиқотчилар ушбу парчани қуйидаги кўринишга олиб келишга муваффақ бўлди: “река Стугна, худу струю имея, пожреши чужи ручьи и струги, рострена к усту…”
В. И. Стеллецкий таржимаси: “река Стугна: скудную струю имея, поглотив чужие ручьи и потоки, расширяясь к устью…” (“Стугна дарёси: суст оқими бўлиб, бошқа сойлар ва оқимларни ютиб, қуйилиш жойи томон кенгая бориб…”)
“Ростре, на кусту” – мана бундай таржима қилинган – “қуйилиш жойида майдалаб”, “қуйилиш жойида узатиб”, бу ерда “стругы” – кемалар назарда тутилган. Кейинчалик маълум бўлишича, “стругы” сўзи “ручьи” сўзининг синоними экан – манбаларда бу икки сўз ўзаро ўрин алмашади.
Мен бу ўринда билингвани (икки тиллиликни) таклиф қиламан. “Жангнома”да бундай сўз жуфтликлари бир нечта: “туга и тоска” (туга – тоска) (қайғу), “свет – заря” (ёғду), “свычаи – обычаи” (одатлар). Мен бу қаторга “ручьи и стругы”ни ҳам қўшаман – “ручьи – стругы” (сойлар).
Таржима қиламиз: “река Стугна скудную струю имея, вбираешь чужие ручьи – струги, рострена к устью” (“Суст оқими бор Стугна дарёси, бошқа сойларни ҳам қўшиб оласан, қуйилиш жойига бориб, теранлашасан”).
Стеллецкий феълнинг яқин маъносини фаҳмлаган. Парча маъносида шунга ишора бор. Аммо “трен” негизи бошқа ҳеч қаерда учрамайди.
Балки бу сўз “ростерена”дир? Контекст бу маънога зид келмоқда.
Қозоқ тилида “терен” деган сўз бор – 1) чуқур; 2) мазмунли. “Терен су” – “чуқур сув”. “Терен ой” – “теран ўй”; “терен магналы соз” – “теран маъноли сўз”. Аммо бу сўзнинг “чуқур” деган маъноси – иккиламчи, чунки бу сўз “тер” – “йиғ” сўзидан келиб чиқади. “Терен” – ўтган замондаги сифатдош, айнан “йиғилган”, “маъноли”, “кўпайтирилган” маъноларини англатади. У айни чоқда “ҳажми каттарган”, “майдони кенгайган” маъноларини ҳаим англатиши мумкин. Менимча, дастлаб бу сўз тузилмаси айнан майдон кенгайишини билдирган (агар у ерга, дарёларга ва шунга ўхшаш объектларга нисбатан ишлатилса).
Унинг “тipiн” деган шева шакли (татарча) славянча палаталлаштирилган[10] “ширина”дан (кенглик) олдин пайдо бўлган.
Шу тариқа “рострена” “расширена” феълининг эски шакли бўлган бўлиши керак, деб ҳисоблайман.
“Жангнома” – ноёб ёдгорлик, унда кўплаб туркий лексемалар энг биринчи маъноларида сақланаб қолган. Кўзга ташланмас туркизм – “Игор жангномаси” қадимийлигининг асосий исботларидан бири, унинг асосида XII асрдаги жанубий рус шеваси ётади.
До куриц тмутороканя (Тмуторокан товуқлари қадар)
Всеслав “изъ Киева дорискаше до куръ Тмутороканя” (“Киевдан Тмуторокан товуқлари қадар от елдириб борди”)
Мусин–Пушкин, княз “рыскал до Курска и Тмутороканя” дейди ва “Куръ” сўзини бош ҳарф билан ёзади.
Энди Д. С. Лихачёвнинг далили қабул қилинган – “до куръ = до петухов”, “хўрозлар қичқиргунча” назарда тутилади. Битикни бундай ўқиш грамматикага мос келмайди (маъно сунъийлигини-ку айтмаса ҳам бўлади). Грамматика схемасини соддалаштириб, бош келишикдаги бирлик сонини оламиз: “кура Тмутороканя”. Шу тариқа Всеслав хўрозлар томон эмас, товуқлар томон (“до кур”) от елдириб борган. Бу нозик жиҳатни эътибордан қочириб бўлмайди. Д. С. Лихачёв зарур бўлган хулосага келиш учун етишмаётган шаклни – “до куровъ Тмутороканя”ни охиригача ёзиб қўйиши керак эди.
Мен “до куръ Тмутороканя” иборасига бошқа тарафдан қарашни таклиф этаман. “Кура” (“қўра”) деган туркий сўз бор (замонавий татар тилида кура, қозоқ тилида – кора). Унинг қадимий эканини X – XI асрлардаги битиклар исботлаб турибди. Сўзнинг келиб чиқиши шаффоф – “қур” ўзагидан олинган – қур, барпо эт; (қўрғон – қалъа, иморат; “қурма” ҳам; “қуран” ҳам, “қурм” ҳам)[11].
Ҳали “Жангнома”да “стена” (девор) қўлланмаган (бу сўз асли немис тилидан келиб чиққан бўлиб, рус тилига кечроқ кириб келган). Унинг эквиваленти – маънодоши “забрало”дир (“въ Путивле на забрало”) (“Путивледаги девор устида”).
Путивля деган рус шаҳри девори – забрало”, Тмуторокань қипчоқлар шаҳри девори – “қўра”.
Кўплик сонининг қаратқич келишиги шакли – “кур”. Шу тариқа таржима қиламан: Всеслав “доскокал до стен Тмутороканя” (“Тмуторокан деворлари қадар от қўйиб борди”). “Кура” (қўра) “Жангнома”даги яна бир кўзга кўринмас туркизмдир. Кўчирувчи бу лексеманинг қадимги маъносини билмаган бўлиши ва таниш туюлгани сабаб уни таржимасиз ва изоҳсиз сақлаб қолган бўлиши мумкин. Рус тилида шаклий ўхшашликлар бўлган. Шу боис “Жангнома” ва бошқа битикларда ўзга кўзга кўринмас айрим туркизмлар ҳам сақланиб қолган бўлиши мумкин.
Птица горазда
Ни хытру, ни горазду,
ни птицю горазду
суда Божiа не минути.
Мусин–Пушкин таржимаси: “какъ бы кто хитръ, какъ бы кто уменъ ни былъ, хоть бы птицей леталъ, но суда Божия не минетъ”.
Бу ерда оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи черков мақоли келтирилади. “Моления Даниила Заточника”нинг (“Даниил Заточникнинг илтижолари”) (XIII аср) таҳрирларидан бирида ўша мақол мана бу кўринишда намоён бўлади: “суда де божия не хитру уму ни горазну не минута”.
Бу ерда сирли “птица горазда” тушириб қолдирилган. В. А. Жуковский билан П. П. Вяземский уни “гораздый по птице” тарзида ўқишни таклиф этган, бу, улар фикрича, қушнинг учишига қараб фол оча оладиган кишини англатиши керак эди.
Бошқа изоҳ берилмаган.
Бугун бизга қадимги кишиларнинг қудратли ҳайвонларга – тотемларга сиғиниши табиий ҳол бўлиб кўринади. Ҳатто байроқдаги қобонни қозиқ тишлари билан тушунса бўлади. Аммо биз бурга босиб кетган ва қуёш чиқишини қичқириқ билан кутиб оладиган қизил кетли павиан – иттумшуқ маймунни илоҳийлаштирган мисрликларни тушуна олмаймиз. Ва биз муқаддас ҳашарот скарабей – гўнг қўнғизи буюк ишини тугатиб олгунча қўшинини тўхтатиб турган фиръавнларни тушунмаймиз. Биз уялиб, гўнгни юмалатиб коптокча ясайдиган гўнг қўнғизи номини сирли ҳарир тўр билан бекитамиз. Белги жодуси шунчалик кучлики, мана шу миттигина гўнг коптокчаси қуёш рамзига айланади. Шакл кучи мазмуннинг мурдор маишийлигидан устун келган.
Оддий хўрозга Индо-Европада чиқиб келаётган қуёш илоҳи сифатида топинилган, у ҳам Миср иттумшуқ маймуни сингари ҳаёт ва тирилиш рамзи бўлган. Халқлар ўзини хўроз номи билан атаган, унинг тасвири империялар гербларига айланган. Хўроз сурати гилам ва каштагулли сочиқларга солинган, у ибодатхоналар, уйлар ва қабрлар томига ўрнатилган, кейинчалик унинг ўрнини оловнинг янги рамзи – хоч эгаллаган, у ўз номини кўҳна ва хайрли хўроз – қуёшдан олган.
Славян христианлиги доҳийлари хўрозга қарши курушдан тап тортмаган. Улар черков ваъзларида хўрозга юнон динининг асосий душмани сифатида даҳшатли жазолар билан таҳдид қилган.
Ни хытру, ни горазду,
ни птицю горазу
суда Божiа не минути!
Аммо ҳурматини билган олим ҳеч қачон диннинг кўҳна рус пешволаридай обрўли кишилари қандайдир қанотли махлуқ билан илоҳиётшуносликка оид мунозаралар қилиш даражасида тубан кетганига ҳеч қачон ишонмайди. Шунинг учун “Игор жангномаси”даги ибора ақлга сиғиши қийин. Агар обрўли ҳинд-эрон фолклор манбаларидан маълум бўлган афсонавий қуш Гаруда ёки сирли қақнус ҳақида гап кетганда ҳам, бошқа гап эди. Йўқ, у – товуқнинг ўғли!
Қуёш ўғли – хўрозга сиғиниш эронликлар, Эронга яқин бўлган турклар ва ва айрим славян қабилалари учун умумий бўлган бўлса, ажаб эмас.
Турклар “хўроз” сўзини – “кораз”, “гораз”, “гаруз”, “кураз”, “каруз”, “хорус” ва ҳк. шаклда сақлаб қолган. Бу сўзнинг славянча шакллари ҳам турли-туман бўлиши мумкин. “Жангнома”да қуёш худоси – “Хорс” тилга олинади, менимча, унинг “хўроз”га алоқаси бўлган.
“Жангнома”да келтирилган мақолни Муаллиф тўқимаган. У ишлатилиб турганига кўп аср бўлган бўлиши керак. “Гораздый” хўроздан (гораз) анча узоққа кетиб қолган бу мақолни тилга олаётган киши қофияланувчи сўзларнинг семантик алоқаси борлигини фаҳмлай олмаган.
Святославнинг туши
А Святъславъ мутенъ сонъ виде. “В Кiеве на горахъ си ночь съ вечера одевахъте мя, – рече, – чръною паполомою на кроваты тисове; чръпахуть ми синее вино съ трудомь смешено , сыпахуть ми тъщими тулы поганыхъ тльковинъ великый женчюгь на лоно и негуютъ мя. Уже дьскы безъ кнеса вмоемъ тереме златовръсемъ. Всю нощь съ вечера босуви врани възграяху у Плесньска на болони беша дебрь Кисаню и несошлю къ синему морю”.
И ркоша бояре князю: “Уже, княже, туга умь полонила. Се бо два сокола слетеста съ отня стола злата поискати града Тьмутороканя, а любо испити шеломомъ Дону. Уже соколома крильца припешали поганыхъ саблями, а самаю опустоша въ путины железны. (Қия ҳарфлар билан ажратилган жойларига изоҳ берилади.)
Мусин–Пушкин таржимасига чалғимаймиз, у деярли ҳеч қандай ўзгаришсиз кейинги таржималарда такрорланади. Бир гуруҳ олимлар: Л. А. Дмитриев, Д. С. Лихачёв ва О. В. Творогов қилган сўнгги ва энг яхши таржималардан бирини келтирамиз.
«А Святослав смутный сон видел в Киеве на горах. «Этой ночью с вечера одевали меня,– говорил,– черной паполомой на кровати тисовой, черпали мне синее вино, с горем смешанное, осыпали меня крупным жемчугом из пустых колчанов поганых толковин и нежили меня. Уже доски без князька в моем тереме златоверхом. Всю ночь с вечера серые вороны граяли у Плесньска на лугу, были в дебри Кисановой и понеслись к синему морю».
И сказали бояре князю: «Уже, князь, тоска ум полонила. Вот слетели два сокола с отцовского золотого престола добыть города Тмуторокани или хотя бы испить шлемам Дона. Уже соколам крылья подрезали саблями поганых, а самих опутали в путы железные»…[13].
““Святослав эса Киевдаги тоғ устида алоқ-чалоқ туш кўрди. “Бугун кечаси мени тис дарахтидан ясалган каравотда қора ёпинчиққа ўрашди, – деди у, – мен учун қайғу билан қорилган кўк шароб сузишди, разил толковинларнинг бўш садоқларидан олинган дурларни кўксимга сепиб эркалашди. Олтин минорали кошонам тахталарида княз йўқ эди. Кечадан бери кулранг қарғалар Плесенск ёнидаги ўтлоқда қағиллади, Кисаню жаридаги ўрмонда бўлди ва кўк денгизга учиб кетди”.
Боёнлар князга деди: “Княз, мияга хафагарчилик тўлиб қолди. Тмуторокан шаҳарларини эгаллаш ёки Дон дарёси сувини дубулғага олиб ичиш учун отангнинг олтин тахтидан иккита лочин учиб кетди. Разиллар лочинларнинг қанотини қилич билан қирқиб, ўзини темир арқон билан боғладилар”…
Таржимага О. В. Творогов изоҳ берган ва улар келтирилган бўлак айрим жойларининг маъносини аниқлаш бўйича олимларнинг бир неча авлоди қилган ишни акс эттиради. Бироқ, таассуфки, О. В. Твороговнинг изоҳлари керагидан ортиқча лўндалиги ва исботланмагани билан ажралиб туради. Масалан: “Великый женчюгь – рус афсоналарида тушда кўзёш дурлари ва қайғуни кўриш” (498-бет).
Биз айни пайтда нега киевлик Святослав бундай туш кўрди, деб савол бериб, унга жавоб қайтариш ҳолатидамизми? Ушбу туш рамзлари тасодифийми?
Святослав тушида ўзини туркий халқларнинг тангричилик одати бўйича дафн этишга ҳозирлашаётганини кўради.
Бундай одат формуласи ҳақида батафсил “Шумернома”дан (“Тангричилик” боби) батафсил маълумот олиш мумкин, у мана шу китобнинг иккинчи қисмида чоп этилмоқда.
Ёпинчиқ ўрашда ким эштирок этган? Амакиваччалар, Игор ва Всеволод.
Си ночь съ вечера одевахъте мя, – рече…
Тахмин қилишимча, пергамент (чармга ёзилган) рўйхатда “Сыновчь” (жиянлар, амакиваччалар, холаваччалар) атамаси сатр охирида келиб қолган ва “СНЧЬ”га қисқартирилган.
Кейинги сатр “съ вечера”дан бошланган ва Кўчирувчи исмларнинг олдига қўшилувчи ёзув ёнма-ёнлигини ҳисобга олган ва ўша ёзув унга энг яқин ечимни таклиф этган – “Си ночь”.
“Синее вино с трудомь смешено”. Таржимонлар ғалати тимсол яратган: “тўқ зангори шароб қайғу билан қоришиқ”. Дунё адабиётида кўҳна Миср мадҳияларидан бошлаб бундай тимсол кузатилмаган. Ушбу сатрдаги сеҳр ифодага кераксиз мавҳумлик бағишлаётган сўзларнинг этимологик таҳлилидан сўнг ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолади.
“Кўк шароб” ҳақида етарли тарзида изоҳлар берилган[14]. “С трудом” дегани тушунарсиз, чунки таржимонлар “труд” – ишнинг замонавий лексемаси билан ҳамоҳанглигига жуда тез ишониб қолган.
“С работой смешено!” – “Иш билан қоришиқ” кулгили эшитилади, шунинг учун “труд” сўзига янги маъно – қайғу, аламни шу контекстдаги ишлатилишини оқлаш учун янги маъно сифатида ўйлаб топишган.
Яна ўртага Кўчирувчи чиқяпти.
Аслиятда “синее вино съ трутомь смешено” бўлиши кутилади. Муаллиф бу ўринда ўзига хос туркий сўз “турта”ни – қолдиқ, қуйқани (чиғатой тилида) қўллаган, у усмонлилар туркчасида ҳам шу маънони ифода қилади. Масалан, “шароб туртаси” – шароб қуйқаси. “Туру” – туриш сўзидан келиб чиқади, “турди” – туриб тиниди ва ҳк.
Шу тариқа: “олов шаробнинг қуйқа билан қоришиғи”. “Труд” – иш сўзи эса бошқа туркий сўз шаклидан келиб чиқади. “Турт” – 1) итар, 2) турт, 3) ур (умумтуркий). Рус тилидаги “трутить” – итармоқ, қисмоқ, украинча “трутити”, “тручати” – итармоқ, урмоқ; чехча “троутити” – итармоқ сўзларини ўзаро солиштириб кўринг.
“Жангнома”да қизиқ бир феъл бор – “потручати”, контекстдан унинг маъноси “урмоқ” экани англашилади.
Қадимги славян қулдорлик жамиятида ҳар бир синф “дело” (иш) тушунчасини англатиш учун ўз атамасини ишлаб чиққан. Қуллар (раб) синфи “работа” сўзини (“рабити”дан), жангчилар синфи “трут”, “труд”ни (“трудити” – урмоқ, жанг қилмоқ” сўзидан) ясаган.
Мен “труд” сўзининг биринчи маъноси “война” (“уруш”), “ратное дело” (“ҳарбий иш”) бўлган деб ҳисоблайман. Тинчлик даврида жангчининг “трутень” деб аталишига халқнинг бу сўзга “дармоед” (“текинхўр”), “тунеядец” (“ишёқмас”) маъноларини юклаганини кўрсатади. (Сўзнинг бу маъноси кенг тарқалганига қараганда, умумславян даврида бу ҳол юз бергани эҳтимолдан холи эмас. Славянча “труд” – “дармоед” (“меҳнат” – текинхўр”) ва қадимчи чех тилидаги “трут” ва б. сўзларни солиштириб кўринг.)
“Война = работа” (“уруш = иш”) маъноларининг ривожланиши жамият тараққиётининг муайян босқичида жуда кўп тилларга хос бўлган. Масалан, туркийча “иш” – 1) жанг, уруш; 2) иш, меҳнат сўзларини таққослаб кўринг.
…”Жангнома” муаллифи иккита омоним бўлмаган сўз: “труд” – уруш ва “трута” – қуйқа шаклларини билган ва уларни жуда зарур контекстларга аниқ жойлаштирган:
- “Не лепо ли ны бяшеть, братие, начати старыми словесы трудных повестiй о пълку Игореве” (“Биродарлар, Игорнинг юриши ҳақидаги ҳарбий ривоятларни кўҳна сўзлар билан куйлаб бермаймизми?” (ҳарбий қиссалар);
- “Синее вино съ трутомь смешено” (“Қуйқа билан қоришиқ кўк шароб”). Кўчирувчи иккинчи шаклдан хабари бўлмагани учун уни биринчи маънонинг хато ифодаси ҳеб ҳисоблаган.
Ким Святославни кўксига дурлар сепиб, эркалайди? Мажусийлар, яъни қипчоқларнинг эти суягига ёпишиб кетган бевалари.
“Тул” умумтуркий тилда – бева дегани. Яна битта кўзга ташланмайдиган туркизм.
Кўчирувчи ва таржимонлар қадим рус сўзи “тула” – садоққа қараб мўлжал олган ва яна битта мантиққа зид тимсол ҳосил қилган: “кўксимга разил мажусийларнинг юпқа (демакки, бўш) садоқлари билан дурларни кўксимга сепиб эркалашмоқда”.
“Жангнома”да “тули” сўзи икки марта келади:
…луци у нихъ напряжены,
тули отворены. …
лучи съпряже,
тугою имъ тули затче.
Маъноси:
…ёйлари таранг тортилган,
садоқлари очилган…
…камонини айлантириб юборди,
қайғу уларнинг садоғини ёпти…
Маъно – садоқлар контекстнинг бутун бошли мазмуни билан яратиляпти. Ушбу шаффоф намуналарда Святославнинг туши “тули”дан бошқа сўзни кўряпмиз.
Муаллиф “тули” ва “тулы” сўзларини ёзишни фарқлай олган.
Протографда мана бундай ёзилган бўлса, ажаб эмас: “Сыпахуть ми тъщии тулы поганых тлъковинъ великий женчюгь на лоно и негуютъ мя”, яъни “Териси танасига ёпишб кетган разил мажусийлар бевалари кўксимга йирик дурлар сепиб эркаламоқда”.
…Ушбу парчада туркизмлар жуда кўп: 1) “тлъковин” – “язычник”дан (“мажусий”) калка қилиб олинган, 2) “женчюгь”эсахитой тилидаги “йен-чу” сўзининг қипчоқ тилида берилишидир, 3) “тул” – бева”.
XII асрдаги икки тилли ўқувчи XVIII ва ундан кейинги асрлардаги бир тилли ўқувчидан кўра Святославнинг туши мазмунини бошқача англаган.
Святослав аммакиваччаларининг/холаваччаларининг озғин бевалар – қипчоқ аёллар билан ҳамкорлиги кўп нарсани англатади. Ака-укалар ва бевалар (қипчоқларнинг хафагарчилиги) уни тангричилик (қипчоқ) одати бўйича дафн этиш учун ёпинчиққа ўрайди.
“Уже дьскы безъ кнеса вмоемъ тереме златовръсемъ”.
“Дьскы” сўзини шарҳловчилар “доски” (“тахталар”) деб тушунади.
“Кнес” сўзнинг бир неча изоҳи бор: 1) чордоқнинг устки туташ жойи, 2) чордоқнинг юқори тўсини. “Святослав тушида болохонасидан “кнес” йўқолишини кўриши нафақат тўла табиий (?!), қолаверса, ундан олдинги барча аломатлар маъносини узил-кесил тушантириб беради… “кнес” йўқ, уни бириктириб турган тахталар ҳавода муаллақ қолган ва ҳеч бир шубҳа қолмайди: Свтославга ҳалокат, ўлим таҳдид солмоқда”[15].
Тушунтиришни бемалол қабул қилса бўлади. Бироқ “дьскы” (яъни “диски” ёки “дески”) ва “кнес” сўз шакллари – шарқий славян тиллари учун ғайриодатий ва улар Қадимги Рус битикларининг ҳеч бирида учрамайди.
Ғарбий славян тиллари учун эса бундай сўзлар одатийдир (масалан, қадимги чех тилида “деска” – 1) стол, 2) тахта; “кнез” – князь).
Биринчи сўзнинг семантикадаги тебранишларини тушунтириб берса бўлади. У славян тилига немис тилидан кириб келган, дастлаб у “плоскость” (“яссилик”) маъносини англатган, ундан стол, блюдо (идиш) сўзлари ясалган. (англосакс тилидаги “диск” – стол, идиш; қадимги юқори немис тилидаги “тиск” – стол, доска (тахта) сўзларини солиштириб кўринг. Илк манба эса лотинча “дискус” – круг (айлана, давра) сўзидир)
Маъноларнинг бундай бир тилдан иккинчисига кўчиши туркий тилдаги “тахта”да – 1) тахт, 2) тахта) ҳам кўринади.
“Кнес” сўзи ғарбий славян лексемаси “кнез” – “жаноб”, князнинг оғзаки шаклидир.
Афтидан, “Дьскы безъ кнеса” иборат бўлиб, “князсиз тахт” деган маънони англатган.
Бу ўринда давлат билан боғлиқ тушунчаларни англатган барча атамалар тизимини таҳлил қилиб ўтириш мавриди эмас. Барча сўзлар бу тизимда бир хил жой эгалламайди. Айримлари гуруҳнинг асосий атамалари бўлса ва давлат лексикаси ўзагини ташкил қилса (“князь”, “великий князь” (“буюк князь”), “стол”, “злат стол” (“олтин тахт”), “боярин” (“боён”)), бошқалари вақти-вақти билан умумий қабул қилинган атамаларнинг (“когань”, “блъван”, “буйтур” ва ҳк.) ўрнини босувчи сўзлар сифатида қўлланади.
XII асрда Киевда боёнлар лексикаси тор ихтисос маъноларида ғарбий славян атамалари билан тўлдирилиши мумкин бўлган сиёсий вазият қарор топган бўлиши эҳтимолдан холи эмас: “дьскы” – Киев тахти, “кнес” – Буюк Киев князи.
Тахминимча, ушбу фразеологизм боёнлар дипломатик сўзлигининг энг махфий бўлимида келтирилган. Ушбу сўзликнинг муҳим қисми бизга маълум: “вся Русская земля и Черные клобуки хотят тебя” (“Бутун Рус ери ва Қора қалпоқлар сени истамоқда”).
Боёнлар мана шу сўзлар билан янги буюк князни таклиф этган. Эҳтимол таклиф формуласига мана бу мудҳиш жумла ҳам қўшилган бўлиши мумкин: “уже дьскы безъ кнеса”. Бу олдинги буюк княз даф этилган ёки даф этилиши керак, деган маънони англатган. XII аср охирида Киев боёнларининг асосини ташкил этган ғарбчилар ушбу формуладан сарой фитналари вақтида қурол сифатида фойдаланган. Дашт билан иттифоқни сақлаб қолишга интилган Юрий Долгорукий ва ўғли Глеб тахт назарини ғарбга йўналтирган боёнларнинг махфий сиёсати қурбони бўлган.
“Уже дьскы безъ кнеса!” – боёнлар билан келиша олмаган буюк князга огоҳлантириш бўлган.
Мана шу даҳшатли ибора бошқа қўрқинчли рамзлар билан бирга Святославнинг тушига кирганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Набиралардан озор кўрган Дашт унга сиёсий ўлим билан таҳдид қилади – назаримда, мана шу Святослав тушининг тимсолли ва лексик аломати мазмунидир.
“Всю ношь съ вечера босуви врани възграяху у Плесньска на болони беша дебрь Кисаню и несошлю къ синему морю…” Святослав ҳикоясининг энг мураккаб жойи – шу.
О. В. Творогов: “Мусин–Пушкиннинг жой номлари рўйхатида бузилган аниқ нарсанинг турлича тузатишлари таклиф этилган эди. Тадқиқотчилар аксарияти фақат “бусови” (яъни “серые” (“кулранг”) тузатишини ва “несошася”ни “не сошлю” (“юбормайман”) деб қабул қилади. Қолган тузатишларни фақат айрим шарҳловчилар қабул қилади, холос. “Беша дебрьски сани” бирикмасини иккита изоҳ – “адские сани” (“дўзах чаналари”) ёки “живущие в дебрях змеи” (“қалин ўрмонда яшаётган илонлар” деб ўқиш таклиф қилинган эди. С. С. Орлов мана бундай таржимани таклиф қилган: “У Плесньска в преградье были в расселинах змеи и понеслись к синему морю” (“Плеснск этагидаги жарликларда илонлар бор эди ва улар кўк денгизга қараб тез ўрмалаб кетди”). Битикни бошқача тушуниш муҳимроқдир: Плеснск этагида қарғалар “възграяху”, Кисаню жаридаги ўрмонда бўлди ва кўк денгиз сари учиб кетди. Аксарият олимлар “Жангнома”даги Плеснск Киев яқинидаги ясси тоғ экани тўғрисидаги фикрга қўшилади. Н. В. Шарлеман “Кисаню” сўзини “Кияню” деб ўқишни таклиф этган. Унга кўра, “дебрь Киянь” жарликдаги ўрмон бўлиб, уни Киев чеккасидан оқиб ўтган Киянка дарёси ўйиб, жарлик ҳосил қилган. “Болонь” (кўпинча “болонье”) сўзини “предгорье” (“тоғ этаги”) деб таржима қилиш нотўғри. Болонь айнан “сув босган текислик, дарё бўйидаги пасттекислик” деган маънони англатади[16].
В. И. Стеллецкий: “Матн бузилгани аниқ, бу уни тушунишни қийинлаштирган, бу ўринда тузатишлар зарур. С. К. Шамбинаго билан В. Ф. Ржигининг конъектурасини (қўлёзманинг йўқолган ёки ўчиб кетган жойларини тиклаш) энг кам ўзбошимчаликка йўл қўйилган вариант сифатида қабул қиламан”[17].
Ва шундай деб таржима қилади: “Всю ночь с вечера вещие вороны каркали у Плеснеска на лугу, были они из Ущелья слез Кисанского и понеслись к синему морю”[18]. (Кечқурундан бошлаб бутун тунбўйи Плеснеск ёнидаги ўтлоқда қарғалар қағиллаб чиқди, улар Кисани кўзёшлари дарасидан эди ва кўк денгиз сари учиб кетди”.)
“Кисани” сўзига келсак, у, афтидан, жой номи, айнан “дебри”дир (яъни ўрмонли дара, ўрмон водийси)
Назаримда, П. П. Вяземскийнинг “Кисани” сўзининг серб тилидаги “кисанье” (“кисати” сўзидан) – “йиғи қўзғаш” сўзи билан алоқаси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразини эътиборга олиш керак бўлади…
Н. В. Шарлеман “дебрь Киянь” деб тузатгандан сўнг матн изоҳ берилмай қолиб кетган ва Киев князи тилидан жой номини аниқлаштириш нега тилга олинаётганини тушунтириб бўлмайди”[19].
XVI асрдаги ҳафсалали Кўчирувчи Святославнинг сўзларини тушунтиришга ҳаракат қилиб, кўплаб жумбоқларни келтириб чиқаради.
Мусин–Пушкин ҳам матнни ўз ихтиёрича бўлакларга бўлиб, кўзига топоним бўлиб кўринган лексемаларни (“Плесньска”, “Кисаню”) бош ҳарфлар билан ажратиб кўрсатиб, “Жангнома”га яна сирлар қўшган.
… XVIII – XIX асрларда яшаб ўтган олимларни Афанасий Никитиннинг “Уч денгиз оша саёҳат” битиги кўп азобларга гирифтор этган.
Бугунги кунда ёзувчилар чет тиллардаги ибораларни шрифт билан ажратиб кўрсатади, қадимги муаллифлар бундай усулдан фойдаланмаган. “Саёҳат” саҳифаларида туркий атамалар ва иборалар жуда мўл. Ҳозир деряли ҳаммаси рус сўзларига ағдарилиб тузатилган, фақат ҳиндча деб ҳисобланган сўзлар қолган ва улар атоқли отлар сифатида бош ҳарфлар билан ёзилади. Масалан, ҳинд ҳайкалларининг “Кот Ачук” (“Кети очиқ”) деган русча номи омон қолган, Афанасий Никитин “уят” сўзнинг маъносини ифодалаш учун, ҳозирги олимлар бунақа вазиятларда лотин тилини истифода этгандай, туркий иборадан фойдаланган.
Табиий жиҳатдан тўкис ишланган яланғоч санамлар томошасидан қаттиқ мутаассир бўлган христиан саёҳатчиси аниқ ҳиссий ифодани баён қилиш учун расмий тилдан ўқувчиларнинг қулоғига ҳақоратли эшитилмайдиган ҳеч нарса топа олмаган ва “захирадаги” тилга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Иккинчи тилнинг кескирлиги ҳар доим бироз пасаяди. “Коти ачук” – “кети очиқ” (туркий тилда).
Мен бу суҳбатга беҳуда киришганим йўқ: назаримда, “босуви врани граяли Святославу” – туркий тилда. Улар тилинина Кўчирувчи, на Мусин–Пушкин тушунмаган, шунинг учун рус тилидагига ўхшаш лексемалар пайдо бўлиши учун матн парчаларидан бутун маъно чиқаришга ҳаракат қилган. Кўчирувчи битикнинг шу жойини ўқиб бўлмайдиган даражада бузилиб кетган, деб тушунган. Ҳарфлардан русча сўзлар ясалмоқда, аммо бу билан умумий маънога аниқлик кирмаяпти. Кўчирувчи ўша жойни ўқиганда, бирор маъно англашилиши истагидан келиб чиқиб, бир неча сўзни қўшиб ёзади. “Всю нощь съ вечера”га ўша бўлакнинг “Си ночь съ вечера” деган бошланмаси туртки берган, аммо у шеваси сўзлари билан битилган. Мен икки хил ёзилма ўртасидаги фарқни шу билан тушунтираман. Грамматик ва лексик жиҳатдан кундай равшан бўлган “всю нощь с вечера” ибораси мутлақо чигал ибора олдида мантиқан ўзини оқлайдиган шубҳа уйғотади. Бундай қолипдан мақсад Кўчирувчи бир тушунарсиз атама изоҳидан олган “босови врани” иборасини қўллаб-қувватлаш бўлган.
…На фолклорда ва славян халқлари ёзувида қарғалар бундай сифатловчи билан ҳеч қачон бирга келмаган. Ҳар доимги сифатловчи “чёрный ворон”, “чёрный вран” бўлган. (“Жангнома”да солиштириб кўринг – “чёрный ворон, поганый половчине!”)
Ҳатто бир қарашда “босови” сўзини туркий тилдаги “бос”, “бўз” – “кулранг” сўзига муқояса қилиб, “серые” тарзида муваффақиятли талқин қилишга уриниш ҳам шубҳани тарқата олмайди. “Серые вороны” (“кулранг қарғалар”) табиатда мавжуд бўлса ҳам, модернизм экани аниқ, чунки руслар уларни “галка” (“зоғча”) деб атаган. (Дарвоқе, “Жангнома”да улар уч марта шунақа деб номланган.) Яқин-яқинлардан бошлаб бу икки қуш ўзаро фарқлана бошлади: “ворон” – қора қуш, “ворона” эса – кулранг қуш (полякча “врона” – қора қушдан фойдаланган ҳолда), лекин қадимги рус тилида “ворон” ёки “вран” ҳар доим қора қушни англатади, бунинг учун доимий сифатловчи ҳам шарт эмас. Шунинг учун “серый ворон” у пайтларда ўзаро қовушиши мумкин эмас бирикма бўлган. “Босови” ранг билан боғлиқ сифатловчи эмас. У “волк” (“бўри”) билан бириккан ҳолда шу маънони ифодалаши ёки бошқа ўринда (кўпчилик таклиф этаётганидай) “босой”, яъни “ялангоёқ” маъносида келиши мумкин. Аммо у биз келтираётган намунага бу маъно мос келмайди: “босых ворон”ни (“ялангоёқ қарғалар”) тасаввур қилиб кўринг. Таржимонлар “босый” сифатловчисининг ҳамма славян тилларидаги барча қўлланиш ҳолатларини синаб кўрган. Фақат мақолаларда сўзлашув тилида ишлатиладиган “бусый” – “маст” сўзидан фойдаланилмаган, холос, чунки у илмга хос сўз эмаслиги аниқ.
…Тахминимча, Кўчирувчи бу ўринда қипчоқларнинг яна бир умумийлаштирувчи лақабига дуч келган. “Жангнома”да лақаблар кўп. Даштликлар “половцы”, “кощей”, “поганые”, “хинове”, “бесовы дети”, калка қилиб олинган атамалар “толковин”, “птиц подобие” деб аталган. Кўпинча тўп-тўп қилиб, “чёрный ворон, поганый половчин”, “поганый толковин”, “поганый кощей” дея қўлланаверган. “Задонщина”да даштликларнинг лақаблари мутеларча такрорланади: “хинова”, “половцы”, “поганые”, ҳатто “бусурманы” ҳам бор.
“Жангнома”да мана шу аниқловчи етишмайди.
…Араблар Аллоҳга ишонувчиларни “муслим” (“итоаткор”) деб атайди. Турклар 2 та сўзни: “Миср” (Миср давлати номи) ва “муслимин” сўзларини бир-бирига қўшиб, “мусурмон” атамасини ҳосил қилган. Сўнгра бу атама ислом динини қабул қилган туркларга нисбатан ҳам қўлланган. Қипчоқлар турклар ихтиросини “бусурман”га айлантирган. Руслар бу сўзнинг қипчоқча шаклини қабул қилиб, уни шеваларида “бусурман”, “бесермен”, “басурман”, “босурман” ва ҳк. тарзда мослаштирган. Жанубий рус шевасида “китобий” узун “у” товуши бор “босоурман” сўз шакли бўлган ва оғзаки тилда “босоврман” кўринишини олган. Украин тилида XIX асрга қадар мусулмоннинг “бусовир” деб аталиши сақланиб қолган (Преображенский). Тахмин қилиш мумкинки, бирламчи шакл кўплиқда ривожланганроқ кўринган – “бусоврмане” ёки “бусоврамне”.
Агар Кўчирувчи Святославнинг тушида унга таниш бўлган “бусурман”ни кўрганида эди, бугун биз сирли “босовых вран” жумбоғини ечиш учун тер тўкмаган бўлар эдик.
Протографда аллақандай “босоврамне” қандайдир шовқин кўтаради, эҳтимолки, “глаголахуть” қилади, аммо айни ҳолатда Кўчирувчига “граяхуть” феъли мақсадга мувофиқроқ кўринади.
Ўйлашимча, асл битикда ҳарфлар қуйидаги комбинациялардан иборат бўлган: “босоврамне… плеснь скана болони беша дебрь кисан юин ес ошлюксин”. К–16 бунга ўхшаш ҳолатни “болони”, “дебрь” ва “несош люк син…” каби рус сўзларига ажратади.
Сўнгги бирикма унга узилиб қолгандай туюлади. Ва аниқ-равшан “…ему морю”ни қўшиб ёзади. Шу тариқа, мана бундай тахминий маънога эга бўлади: “и несет луке синему морю”.
Бутун гапнинг маъноси сочилиб кетади, аммо ҳар бир алоҳида сўз унга деярли тушунарли: унинг вазифаси “маҳаллий” маъно чиқаришдан иборат бўлган. Эҳтимол ўша “маҳаллий” маъно чиқсин деб, масалан, “Плесньск” “топономи”даги айрим ҳарфлар ўзгартирилган. Туркий битик кўчирувчилар сафини (К–16 ва К–18) оралаб ўтар экан, аслини сақлаб қолиши даргумон эди, аммо сақланиб қолган сўзлар ҳам матнни ўқиш имконини беради: “…бусурмане: “знаешь, как вернуть разум?” (“…мусулмонлар: “эсингни қандай йиғишни биласанми?”) “Пять железных пут омой – (инес) мстливый ты…” (Мен ажратиб кўрсатган жойимни тушунмадим.) бу матн “тощие тулы поганых толковин” (разил қипчоқларнинг озғин бевалари”) деб талаффуз қилиниши ҳам мумкин эди. Уларни Святослав бир гапдан сўнг қайтиб, “бусурмане” (“мусурмонлар”) деб атайди. Ўша мусурмонлар унинг устидан дур сочган, уни бемор ҳолига эркалаган ва қандай дорини ичишни маслаҳат берган.
Ушбу матндаги мен учун муҳим сўзлар “дебрь кисан” – темир тушов, кишандир.
Маълум туркий манбаларда “темир” сўзининг кўплаб шева вариантлари бор: “темiр”, “томор”, “тимур”, “темур”, “тамир”, “тебрь”, “дамiр”, “тiмар”, “тiмер” ва ҳк. Ҳозирча барча туркий лаҳжа ва шеваларни қамраб олувчи луғат йўқ. Замонавий шевалардан бирида “темир” сўзининг кўҳна қипчоқ шакли сақланиб қолган – дебир (русча транскрипцияда – дебрь). Топонимларда ўша лексема акс этган.
Қипчоқларнинг бир қисми XIII асрда мўғуллар тор-мор этгач, кўчиб ўтган Венгрияда улар “Дебрь–кент”, “Дебрь–кен”, “Темер–кен”, “Томор–кен”, яъни “Темир шаҳар” деб аталувчи қальа шаҳарлар барпо этган.
Мадярлар “Дебре–цен”[20] деб талаффуз қилади, аммо бошқа ҳолатларда “Темер–кен”, “Томор–кену” ва ҳк.ни сақлаб қолади. Кавказнинг шарқий чегарасида асосий қалъа шаҳар “Дербент” номи машҳур (Дебркентнинг бузилган шакли бўлса керак, деган тахминим бор: Дебркент – Дебрент – Дербент).
Ўғуз турклари азалдан (VIII асрдан бери) ушбу шаҳарни (Кичик Осиёга ўтиладиган) темир дарвоза деб атаган. Ўрхун – Енисей битикларида “Темiр капка” (Темир дарвоза), замонавий турк тилида “Дамiр Капу” атамаси бор.
Нима бўлганда ҳам, “темир” сўзининг қипчоқча кўриниши дебiр (дебрь) бир замонлар худди “дебрь кисан” (“дебiр кiсан”) – “темир кишан” бирикмаси каби жуда машҳур бўлган бўлса ажаб эмас. Замонавий қозоқ тилидаги “темiр кiсен”ни Қрим татарлари тилидаги “дамiр кiсан” билан солиштириб кўринг. Нега менинг наздимда Святослав тушидаги “дебрь кисан” бўлиши ўзини оқлайдигандай бўлиб туюлади? Чунки унинг тушини таъбирлаётган боёнлар “лочинлар” банди қилинган темир кишан ҳақида гапираётиб, ушбу ибора маъносини назарда тутган. Бу ассоциация (боғланма) Святослав тушидаги туркий матнни боёнлар тўғридан-тўғри таржима қилгани оқибатидир.
Боёнлар тушунтиришларида туш тафсилотлари жуда аниқ суянган.
а) “И ркоша бояре князю: “уже, княже, туга умь полонила” (“Боёнлар князга деди: “князь, қайғу ақлу ҳушдан айирди”).
Бу – бусурман (мусулмонлар) саволидаги кўтарилган мавзуга жавоб: “эсингни қандай йиғишни биласанми?”
б) “Се бо два сокола слетеста съ отня стола злата поискати града Тьмутороканя”.
“Князсиз бўш қолган тахт” ҳақидаги хабарга жавоб;
в) “а любо испити шеломомь Дону”. Мана бу манзара маъноси: “синочь… чръпахуть ми синее вино съ трутомь смешено”;
г) “уже соколома крильца припешали поганыхъ саблями, а самаю опустоша въ путины железны”.
Бу – “дебрь кисан” – “темир кишан” сўзлари изоҳи.
д) “Темно бо бе” (“3–й день” (“3-кун”) деб ўқилади. Мен бу ном остида битта ҳарфни эмас, бутун бошли қисқартмани кўришни таклиф этаман, афтидан, у “господин” (“жаноб”) деб ўқилган. У ҳолда бу боёнларнинг Святославга мурожаати бўлиб чиқади).
“Чёрная паполома”ни (“қора ёпинчиқ”) қоронғилик билан тушунтириш мумкин.
е) “Два солнца померкоста, оба багряная стлъпа погасоста и съ нимъ молодая месяца тьмою ся поволокоста” (“иккита қуёш нурсизланди, иккита тўқ қизил устун ўчди ва улар билан бирга иккита янги ой зулматга чулғанди”).
Бу – Святославни амакиваччалари (холаваччалари) ўраган “қора ёпинчиқ” мавзусининг давоми.
Кейинроқ Қора ёпинчиқ мавзуси янада ҳайратланарли тарзда ривлжланади.
На реце на Каяле тьма светъ покрыла:
по Рускон земли прострошася
Половици, аки пардуже гнездо,
и въ море погрузиста,
и великое буйство подасть Хинови.
Уже снесеся хула на хвалу…
Маъноси:
Каялдаги дарёда зулмат нурни тўсиб қўйди:
Рус ерига қипчоқлар ёйилиб кетди,
Худди чита (гепард) болаларидай,
Бу даштликлар қонида
Масрурлик уйғотди.
Шон-шараф ўрнини шармандалик эгаллади…
Тўғриси, жуда ғалати маъно келиб чиқяпти. Читалар уяси сингари рус ерига қипчоқлар “ёйилиб кетди” ва денгизга чўкди ва бу билан хинова, яъни ўзлари буюк бебошлик қилди.
Тадқиқотчилар бу ерда К–16 нинг бошқа жойдан олиб қўйган бўлаги хато бўлганини аниқлади. Шунинг учун “и в море погрузиста и великое буйство подасть хинове” ибораси бу ердан юлиб олиниб, бошқа жойга кўчирилади.
Фаҳмимча, таги чизилган жойга эътибор бериб қаралса, жарроҳлик амалиётидан воз кечиш мумкин.
“Жангнома”нинг янги ва тўлиқ таржималаридан бирида қадимги рус адабиёти учун ғайриодатий бўлган ибора қандай талқин этилаётганини кўриб чиқамиз.
В. И. Стеллецкий: “Игор енгилгандан сўнг қипчоқ князлари Гза билан Кончак Рус ерларига бостириб келишни бошлади. “Жангнома” таржимонлари “пардусы” сўзини одатда “барсы” (“қоплонлар”) билан ўгирган. Аммо қоплон баланд тоғларда яшайдиган жонивор бўлиб, фақат Марказий Осиё тоғларида учрайди. Қадимги рус ёдгорликларидаги “пардус” сўзи тез-тез “рысь” (“силовсин”) деб ўгирилган. “Жангнома” муаллифи бу ерда силовсинларни назарда тутган бўлса керак. Барча мушуксимонлар оиласи вакиллари каби силовсинлар ҳам тўда бўлиб эмас, якка, жуфт ёки “уя” бўлиб ов қилади”.
И. А. Новикова билан Н. В. Шарлеманниниг бу ўринда қоплонлар эмас, читалар (гепардлар) назарда тутилгани тўғрисидаги тахминини тўғри деб бўлмайди. Читалар Киев Руси ҳудудида яшамаган, бу ерга Кичик Осиё мамлакатларидан олиб келинган. Улар княз ови учун қўлга ўргатилган ва шуғуллантирилган. Ўргатилган читалар князнинг эрмаги учун хизмат қилган. Улар сони Русда кўп бўлмаган. Читалар мушукваччалигидан овга олиб чиқилмаган, бунинг сабаби улар ҳали қўлга ўргатилиб, шуғуллантирилмагани бўлган[21].
Бошқа шарҳловчилар ҳам эҳтимол тутилган пардуслар ҳақида жиддий мулоҳаза юритади.
Менинг мана бу дадиллигим кечирилар деб ўйлайман: асл битикда пардуслар бўлмаган. Уларни К–16 киритган бўлиши керак.
Туркий эпосларда “ақ пардажи уй” – “хоннинг сафар қароргоҳи”, сўзма-сўз таржима қилганда, “оқ пардали уй (чодир)” сўз бирикмаси учрайди.
Руслар ҳам князнинг сафар чодирини ушбу атама билан номлаган бўлиши мумкин. Боёнларга эса Игор билан Всеволоднинг оқ пардали чодири Святослав ғира-шира тушда ўралган қора ёпинчиққа қарама-қарши қўйиш учун керак бўлган
Оқ пардали чодир денгизга чўкди ва шу билан қипчоқларга буюк ифтихор бахш этди.
К–16 ўзига тушунарсиз бўлган иборани қизиқарли тарзда ўзлаштиради. Дастлабки иккита сўзга рус йилнома сўзлигидан формал ўхшашликлар топади, учинчисига эса топа олмайди. Уни туркий сўз сифатида тан олади ва калка қилади – “Аки пардужий шатер”. Аммо маъноси уни қониқтирмайди. Туркий тилдаги “уй” сўзига яқин “уя”ни эсга олади ва муаллиф битта ҳарфни ёзмаган, деган ўйда уни “тиклайди ва таржима қилади: “аки пардужье гнездо”.
Энди бу ибора рус князларига эмас, қипчоқларга тааллуқли бўлиб қолади ва парчанинг умумий мазмуни тескари томонга ўзгариб кетади.
Матнни тиклаймиз:
“На реце Каяле тьма светъ покрыла: по Руской земли прострошася Половци. Ак пардажи уй в море погрузиста и великое буйство подасть Хинови”[22].
Игор қўшини мағлубиятдан сўнг “в море истопаша” қилгани ҳақида Ипатьев йилномаси хабар беради.
У ерда денгизга чўккан қипчоқлар ҳақида гап йўқ.
К–16 ўз ўқувчиси учун ўзи бутун бошли битикда фарқлай ва ажрата олган туркий сўзларни таржима қилган. Аммо рус архаизмларини ўгирмаган, аммо маъноси бироз тушунарли бўлса ҳам, уларга изоҳ берган.
Палеографлар (ёзув тарихини ўрганувчи мутахассислар) кўплаб кўчирувчиларга хос хислатни кўрсатиб ўтган, бу – уларнинг кўчирилаётган асарлар лексикасига фаол муносабати, китобхонда савол туғдириши мумкин бўлган жойларга ўзидан нимадир қўшиш. Аксарият ҳолларда сўзма-сўз таржима қилиш мумкин бўлмаган исмлар ва архаик атамаларга ихоҳ берилади. Масалан, Кирилл-Белозёрский монастири котиби Ефросин Иосиф Флавийнинг “Иудея уруши тарихи” китобини кўчираётиб, тез-тез билимдонлигини ишга солиб турган. Қуддус қамалига бағишланган бобда Рим саркардаси Тит исми тилга олинади. Ефросин бу исмни ўқувчига тушунтириб бериш зарур деб ҳисоблайди. “Титъ же по градомъ постави стража” (К–Б, 53 л. 455).
“Титъ же Успасиана царя млстивъ сынъ по градомъ постави стража” (К–Б, 22, л. 416).
Ёки “Утро же въ 8 день горпия месяца солнце въсиавъ” (К–Б, 53, л.487).
“Месяц горпиа еже есть сен (тябрь). Утро же въ 8 день горпиа месяца солнце въсиавъ…” (К–В, 22, л. 420).
Кўчирувчиларнинг асосий мақсади маҳаллий маънонинг тушунарли бўлишидир, ҳатто айрим ҳолатларда асар шаклини бузиш ва анча-мунча нарсани қўшиб ёзиш керак бўлса ҳам, улар ўша тушунарлиликка эришади.
Шу маънода К–16 ҳам истисно бўлмаган: у кўҳна исмлар ва атамаларга бир неча алоҳида изоҳлар киритади ва бу қўшимча ёзувлар балки XVIII асрдаги кўчирувчилар айби билан поэманинг жонли матнига тушиб қолган.
Муаллиф матнига тушиб қолган муҳаррир изоҳи унга тарихан нотўғри маъно берганини кўриб чиқамиз.
Боёнлар Святославнинг тушини таъбирлашни давом эттиради:
Уже снесеся хула на хвалу,
уже тресну нужда на волю,
уже връжеса Дивъ на землю…
Маъноси:
Шон-шараф ўрнини шармандалик эгаллади;
зўравонлик озодликка зарба берди;
Див ерга ташланди.
К–16 сўнгги сатрни ёзиши билан иккиланиб қолади. Ушбу парчадаги битта – Дивъ сўзидан бошқа барча сўзлар ўқувчиларга тушунарли бўлади. Агар айни сўз бу ерда биринчи марта учраётган бўлса, хавотир олмаса ҳам бўлар эди: унга муносабат контекстдан англашилади. Ҳамма бало шундаки, кимнингдир исми иккинчи марта тилга олинмоқда. Аммо биринчи контекстдан Див салбий персонаж эканини тушуниб олиш мумкин. У ерда Див Игорнинг душманларини босқин ҳақда огоҳлантираётгандай.
Дивъ кличетъ връху древа,
велить послушати земли незнаеме -Влъзе и Поморiю, и Посулiю и Сурожу, и
Корсуню и тебе, Тьмутораканьскын блъванъ.
Маъноси:
Див қичқирар дарахт тепасида,
тинглашни буюрар нотаниш ерга,
Волгага, Поморга, Посулга, Сурожга,
Корсунга ва сенга – Тмуторокан санами.
Кутилмаганда Дивъ энди ижобий қаҳрамонга айланади: унинг тахтдан қулаши рус халқининг кулфати деб баҳоланмоқда.
К–16 нинг саросимасини тушуниш мумкин. У тўлиқ ижобий манога эга бўлган “диво–дивное”дан ҳосил бўлган сўзларни эсга олади ва бу атамани тушунтиришга қарор беради. Уни майдароқ қилиб ёзади – “се бог отский”[23], (яъни “бу – аждодлар илоҳи”) ва шундан сўнг муаллифлик матнини нормал полуустав (кирилл алифбосидаги ёзув тури) билан ёзишни давом эттиради:
Красный девы въспеша на брезе
синему морю…
Маъноси:
Гўзал қизлар қўшиқ айта бошлади
Кўк денгиз бўйида…
XVIII асрдаги Кўчирувчи (Мусин–Пушкин) К–16 қўшимча ёзувни таниб ола билмайди ва ўзича сатрларга бўлади:
Се бо Готскiя красный девы въспеша на брезе
синему морю…
Маъноси:
Мана, гўзал гот қизлари
қўшиқ айта бошлади кўк денгиз бўйида
Шу тариқа машҳур гот қизлари пайдо бўлади.
К–16 “гот қизлари”ни ўзи ўйлаб топгани даргумон: у бу этнонимни билиши мумкин эмас эди. Аммо маърифатли кўчирувчи Мусин–Пушкинга готлар таниш бўлган.
Шундай қилиб, К–16 давом эттиради:
…Красный девы
въспеша на брезе синему морю,
звоня рускымъ златомъ -поютъ босоврамне,
лелеютъ месть Шароканю…
Маъноси:
Гўзал қизлар қўшиқ айта бошлади
Кўк денгиз бўйида…
Рус олтинин жаранглатиб:
Бусово вақтини мадҳ қилади,
Шарукан учун олинган қасосни ардоқлайди…
“Босовран” сўзига яна дуч келган К–16 нинг ҳафсаласи бутунлай пир бўлади. Илгари битикнинг юқорироқ қисмида улар гапирган бўлса, бу ерда очиқчасига аллақандай булбуллар сингари “куйлай бошлайди”. Айни чоқда “босовранлар” деганда гўзал қизлар тушунилиши кераклиги уқтирилади. Балки бу сўз “вороны”ни (“қарғалар”) умуман англатмас. У иккинчи марта матнни ўзлаштиришга уриниб кўради ва уни “босуви время” бирикмасига айлантиради ва у матнга ёқимли тарзда мос тушади. Унинг олдинги қўлланиш намунасига қайтиш ва у ҳақда қайта бош қотиришнинг энди иложи йўқ. К–16 нинг кўнишдан бошқа иложи қолмайди ва сохтакорликка қўл уришга мажбур бўлади: “босуво время” и “босуви врани”га оид кераксиз ўхшашлик бўлмаслиги учун “сўнгги “кашфиёти”даги сўзлар ўрнини алмаштиради ва матнга унли ҳарфлардан иборат қўшича белгилар қўшиш тартибини ўзгартиради – “время бусово”.
Шу тариқа машҳур “время Бусово” “гот қизлари” бирикмаси билан бирга пайдо бўлади ва славян тарихшунослигида шов-шувларга олиб келади. Ўша “йўқ ердан шовқин ясаш”нинг акс-садолари шу пайтгача эшитилиб турибди.
…Бусурманские красные девы, которые радостно поют, звоня русским золотом, радуясь отмщению за Шарукана, деда Кончака, некогда потерпевшего сокрушительное поражение от русских (князя Святополка) – это отражение тощих вдов бусурманских, которые льют слезы (жемчуг) и нежат Святослава. (“Рус олтинини жаранглатиб, бир пайтлар руслардан (княз Святополкдан) қақшатқич мағлубиятга учраган Кончакнинг бобоси Шарукан учун қасос олинганидан хурсанд бўлиб, қувноқ қўшиқ куйлаётган гўзал мусурмон қизлари – кўз ёш (дур) тўкаётган ва Святославни эркалаётган озғин мусурмон бевалари акси”)
Салбий ўхшашлик аниқ кўриниб турибди: бевалар – қизлар, дур – олтин, меҳр – ичи қоралик, беваларнинг дардга дармон бўлувчи маслаҳати – гўзал қизларнинг қасос олишга ташналиги.
Шу тариқа боёнлар Святослав ғира-шира тушининг барча тимсолларини тушунтириб берган.
[1] Праформа – сўз ёки бирор қисмининг ўтмишда мавдуд бўлган, кейинчалик йўқ бўлиб ёки ўзгариб кетган шакли.
[2] Шеърларнинг баёни академик Д. Лихачёвнинг “Игор жангномаси” сўзма-сўз таржимасидан ағдарилди.
[3] Задонщина – XIV асрга тегишли қадимги рус адабий ёдгорлиги.
[4] Протограф – матни кейинги нусхалар, таҳрирларга асос бўлган дастлабки қўлёзма.
[5] “Задонщина”нинг ҳозирги рус тилига Л.А. Дмитриев қилган таржимасидан ағдарилди. http://feb-web.ru/feb/slovo/trans/s67/s67-378-.htm?cmd=p
[6] Mazon A. Le slovo d’lgor, 1940, стр. 66–67.
[7] Злато слово – “Игор жангномаси”да Святославнинг князларга ватан ҳимоясига чиқиш даъвати сўзлари шундай деб аталади.
[8] Ярослав Осмомысл. Сб. статей в честь акад. А. И. Соболевского. Сб. ОРЯС АН,т. 101, № 3, стр. 199–202.
[9] Слово о полку Игореве. М., 1967, стр. 171.
[10] Палаталлаштириш (лот. palatum – танглай) – 1) умумий фонетикада тил ўрта қисмининг қаттиқ танглай томон кўтарилиши ва бутун тилнинг олдинга ҳаракати, бу ундош товушнинг лаб, тилолди ва тилорқа артикуляцияси билан бирга юз беради.
[11] Батафсил маълумот олиш учун қаранг: В. В. Радлов. Опыт словаря тюркских наречий. Т.1—4, Спб, 1888—1911.
[12] Д. С. Лихачёвнинг сўзма-сўз таржимасидан сўзма-сўз таржима қилинди.
[13] Слово о полку Игореве. Комментарий О. В. Творогова. М- Л., 1967, стр. 61.
[14] Батафсил қаранг: О. Сулейменов. Синие молнии и синяя мгла. «Простор». 1968, № 5.
[15] Алексеев М. П. К «Сну Святослава» в «Слове о полку Игореве». В кн.: «Слово о полку Игореве, М. — Л., 1850, стр. 247 – 248.
[16] Слово о полку Игореве. Комментарий О. В. Творогова, М. — Л., 1967, стр. 499.
[17] Слово о полку Игореве. М., 1967, стр. 157.
[18] Ўша ерда, 70-бет.
[19] Ўша ерда, 158-бет.
[20] Батафсил маълумот олиш учун қаранг: Ю. Немет. Два кипчакских географических названия в Венгрии в сб. «Исследования по тюркологии». Алма. Ата. 1969, стр. 26–33. Венгр тилидан таржима.
[21] Слово о полку Игореве. М., 1967, стр. 160.
[22] Xинови — Шарқ одамлари.
[23] “Отский” “отеческий” (“отанинг”) сифатининг қадимги русча шакли бўлиб, “отинь” шаклига тенг бўлиб, “от” – “ота” ўзагидан олинган.