Афғонистон Подшоҳлиги
1919 йилда Учинчи инглиз-афғон урушидан натижасида Афғонистон чет эл таъсиридан халос бўлди, Буюк Британия Афғонистон Амирлигининг дастлаб қисман, 1926 йилда эса тўлиқ мустақиллигини тан олишга мажбур бўлди. Ислоҳотчи раҳбар Омонуллохон раҳбарлигида амирлик Афғонистон подшоҳлигига айлантирилди ва у деярли 50 йил ҳукм сурди. Омонулло 1923 йилда Афғонистоннинг биринчи конституциясини яратди, унда дастлаб фармонида баён қилинган ватандошлик ҳуқуқи кафолатлари белгилаб қўйилган эди. Омонулло ўн йиллик ҳукмронлиги даврида Афғонистонни бутунлай ислоҳ қилишга уринган эди. Аммо ислоҳотлари жуда тез ва дадил амалга оширилгани учун бўлса керак, 1928 йилда уларни қабила ва дин пешволари қабул қилмагани фуқаролар уруши ва ҳокимият алмашувига сабаб бўлди. Омонуллонинг бир неча ворислари давлатни яхши бошқара олмагандан сўнг ҳокимиятга Муҳаммад Нордиршоҳ келиб, унинг аксарият ислоҳотларини бекор этди ва кучли армияни тиклаб, қобилаларни бўйсундиришга ҳаракат қилди. Шунга қарамай, у ҳам муваффақиятсизликка учради. Муҳаммад Нодиршоҳ 1933 йил ноябрида зўрлаб ўлдирилгандан сўнг ўғли Муҳаммад Зоҳиршоҳ шоҳлик тахтини эгаллади. Зоҳиршоҳ Афғонистоннинг сўнгги подшоҳи бўлди. Уни 1973 йилда амакиваччаси Муҳаммад Довуд тахтдан ағдарди. Шу билан Афғонистон Подшоҳлиги тугатилди.
Афғонистон тарихининг ушбу даври ҳақида қозоқ тарихчиси Султон Акимбеков ҳикоя қилади.
Султан Маърупович Акимбеков – қозоқ тарихчиси ва сиёсатшуноси, тарих фанлари номзоди, 2017 йилдан бери Осиё тадқиқотлари институти директори. Унинг тадқиқотлари бошқа соҳалар катори афғон муаммоларига ҳам ихтисослашган. “Афғон тугуни ва Марказий Осиё хавфсизлиги муаммолари” (1998) ва “Афғонистон тарихи” монографиялари муаллифи.
Дастлаб Афғонистон ХХ аср бошида қандай мамлакат бўлгани ҳақида сўзлаб берсангиз. Дунёнинг бошқа чеккаларидаги янги ўзгаришлар у ерга ҳам етиб борганми? Маълумки, Афғонистон Британия билан узоқ вақт уришган, бу урушлар 1919 йилга келиб нима билан тугаган эди?
Шу ўринда аввалбошданоқ айтиб қўйишим керакки, Афғонистон яна 2 та мамлакат – Туркия ва Эрон билан бирга XIX асрда мустамлакачи Европа давлатлари таъсирига тушмаган саноқли мамлакатлар эди, яъни улар расман мустақиллигини сақлаб қолган. Гарчи Афғонистон мустақил ташқи сиёсат юргизиш ҳуқуқидан маҳрум этилган эса-да, бунинг эвазига британияликлар афғонларга Британия Ҳиндистони бюджетидан дотация бериб турган, бу Афғонистон Подшоҳлиги саройи даромадларини анча-мунча қисмини ташкил этар эди. Шунинг учун бу ривожланиши тўхтатиб қўйилган модел эди, чунки бир тарафдан, Британия, иккинчи тарафдан эса, Россия империяси мустамлакачилик бошқаруви моделлари орасига тушиб қолган Афғонистон модернизациянинг ҳам 2 та модели орасида қолиб кетди. Масалан, ўша пайтда Британия Ҳиндистонида Британия институтларини жорий этиш билан боғлиқ ўзгаришлар кечган ва бунинг натижасида кейинчалик Ҳиндистон билан Покистон пайдо бўлган бўлса, Россия империясининг Марказий Осиё ҳудудида ҳам бошқа кўринишдаги модернизация таъсири кўзга ташланаётган эди, Афғонистон ҳудудида эса қаттиқ марказлашган ҳолда қотиб қолган ўта қолоқ архаик жамият мавжуд бўлиб, у ерда жуда оз ўзгаришлар бўлаётган эди.
Масалан, Мир Абдураҳмонхон XIX асрда юз берган инглиз-афғон урушларидан биридан сўнг ҳокимиятни эгаллаб олган кучли ҳукмдор бўлган. У Афғонистонда темирйўл қурмаслик тарафдори эди ва “бу темирйўлдан чет эллик аскарлар келиши мумкин”, деб ҳисоблаган. Шунинг учун Афғонистонда на темирйўл, на ишлаб чиқариш, на бир нормал таълим бор эди, бир неча мактаб бўлган, холос. Масалан, биттаю битта ҳарбий завод бўлган ва унда артиллерия қуроллари ишлаб чиқарилган, чунки Абдураҳмон армияси кучли бўлишини истаган. Аммо ишлаб чиқариш таннархи товарларни ташқи бозордан сотиб олишдан кўра ўнлаб баробар қиммат эди, чунки у ерда тегишли инфратузилма яратиш улкан саъй-ҳаракатларни талаб этган, ишлаб чиқариш жараёнида эса оддий ўтин ёқилган. Шунинг учун Абдураҳмонхон Афғонистон ичидаги вазиятни қаттиққўллик билан назорат қилиш билан чекланган.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, XIX асрда Афғонистондаги энг мураккаб жиҳатлардан бири кўп миқдордаги мустақил қабилалар ва жамоатларнинг мавжудлиги эди, улар ўртасидаги доимий кураш мамлакатда доимий тангликни келтириб чиқарган ва бу XIX асрдаги кўплаб кутилмаган воқеалар юзага келишига сабаб бўлган. Абдураҳмоннинг ўзига хос жиҳати ҳаммани назорат қилувчи қаттиққўл марказий ҳокимият ўрнатгани эди, шунинг учун у ҳукмронлик қилган давр нисбатан осойишта кечган. Шу сабаб ўғли Ҳабибуллохон ҳокимиятга келгандан сўнг мамлакатни модернизация қилишга уриниб кўрди. Масалан, у Британия Ҳиндистонида модернизацияни бошидан кечирган пуштунларга ўз мамлакатига келишга рухсат берган. Улар, эса ўз навбатида модернизация унсурларини Афғонистонда жорий этишга ҳаракат қилган. Пуштун тилини қўллаб-қувватлаш бўйича жамият ташкил этилган, Британия Ҳиндистонидан келган пуштунлар биринчи газетани очган, Машрут конституцияси тарафдорлари ҳаракати ташкил этилган. Бу конституциячилар ҳаракати бўлиб, ёш афғонларнинг биринчи ҳаракатларидан эди, улар кейинчалик Омонуллонинг ҳокимиятга келиши ва ислоҳотлари бошланишини таъминлаб берган.
Ҳабибуллохон давридаги ҳаракатлар ўта жадал бошланган. Аммо у Буюк Британия билан зиддиятга боришни истамаган, бунга унинг давлати харажатларининг муҳим қисмини британияликлар таъминлаб тургани ҳам сабаб бўлган. Шунинг учун у шунақа изчил бўлмаган сиёсат юргизган: бир томондан ёш афғонларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган, аммо бошқа томондан, уларга босим ўтказган. Ҳатто Биринчи жаҳон уруши даврида ҳам кўпчилик Буюк Британия билан алоқаларини узиб, мустақил бўлишнинг назарий имкониятлари мавжуд бўлди, деб юрганда ҳам, Ҳабибуллохон бу ишни қилмаган. Бу ўта жиддий омил эди, чунки Афғонистон Россиядаги давлат тўнтариши юз бергани вақтда шундай мураккаб сиёсат юргизаётган эди. У бир тарафдан, Буюк Британия ортидан борган бўлса, бошқа тарафдан, ўз сиёсатини юргизишга интилар, айни чоқда Бухоро амирининг совет ҳокимиятига қарши курашида унга ёрдам беришга ҳаракат қилар эди. Ҳабибуллохон муайян мустақилликка эга бўлиш учун баъзи чораларни кўришга ҳозирланаётган эди. Боз устига, 1919 йилда Россиядаги фуқаролар уруши турли-туман оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини тахмин қилишга асослар бўлган. Шунинг учун Афғонистондаги сиёсатчиларнинг бир қисми Буюк Британияга нисбатан фаолроқ сиёсат юргизишни талаб қилаётган эди.
Барча мураккаб жараёнлар оқибатида Ҳабибуллохон ўлдирилди ва унинг ўлими Омонуллохон ҳокимиятга келиши сабабларидан бири бўлди, чунки у ҳокимиятни армия кўмагида эгаллади ва айни чоқда Ҳабибуллохоннинг ўлимида амакиси Насруллони айблади. Бу муҳимлигининг боиси шуки, Насрулло ўта консерватив сиёсатчи эди ва шундай кескин хулқ-атвор тарафдори бўлган, Омонулло эса ёш афғонларга яқин бўлиб, модернизация тарафдори эди. Шунинг учун 1919 йилда Ҳабибуллохон ўлдирилгандан сўнг орадан бироз вақт ўтиб, Буюк Британия билан қисқа муддатли уруш бошланди. Унинг натижасига кўра, Афғонистон қисман ташқи сиёсат мустақиллигига эришди.
Омонуллохон ким бўлган? Унинг ислоҳотлари Марказий Осиё жадидлариники билан ўхшаш бўлганми? Унинг қарашлари қандай ва ўзи кимнинг таъсирида бўлган?
Умуман, ўша пайтларда бутун мусулмон дунёси бўйлаб ривожланган ёш афғонлар, жадидлар ёки ёш турклар ҳаракатлари мафкуравий асосига кўра ўхшаш бўлган. Улар Европанинг мустамлакачилик сиёсати, Европа давлатларининг мутлақ устунлиги, мусулмон мамлакатлари Европа давлатларининг мустамлакаси ва уларга қарам бўлиб қолганига жавобан пайдо бўлган, шунинг учун мусулмон киборларининг (элита) бир қисмида мана шу қолоқликни бартараф этиш, мустақилликка эришиш ва замонавий дунёда рақобатбардошлик имкониятига эга бўлиши учун Ғарб мамлакатларини қувиб етиш ва ислом дунёси қудратини кучайтириш ғояси пайдо юзага келади. Бу, асосан, замонавий таълим олиш ғоясига асосланар эди ҳамда деярли барча шунга ўхшаш ҳаракатлар – ёш афғонлар, ёш турклар, ёш бухороликлар, ёш хиваликлар – маълум ва машҳур тушунчамиздаги жадидлар эди. Улар Россия империясининг “янги усулдаги мактаблари”даги таълим тизими орқали янги киборларни тарбиялашни мақсад қилиб олган. Ўша янги киборлар келгусида мусулмон давлатларини кучайтириши, мустақилликка эришиши ва Европа давлатларига қарамликни бартараф этиши керак эди. Бу ўзига хос модернистик лойиҳа бўлган.
Бироқ ўша пайтда шартли анъаначилар кўп қаршилик кўрсатганини ҳам назардан қочирмаслик керак. Улар, асосан, замонасининг классик уламоси вакиллари бўлган тасаввуф исломи минтақамиздаги энг консерватив қатлам эди, чунки эски уламо вакиллари ҳеч нарсани ўзгартиришни истамаган, давлат ва жамиятнинг эски радикал ташкилий моделини ёқлаган. Эски анъанавий уламо билан жадидлар ўртасидаги ушбу келишмовчилик Туркиядан, шартли қилиб айтганда, Марказий Осиёга қадар бўлган мусулмон жамиятлари сиёсий ҳаётининг ўзагини ташкил этган. Афғонистондаги вазият ҳам шундай эди. Шунинг учун Омонуллохон Афғонистонни Европа андозасига кўра ислоҳ қилиш бўйича ўз ғояларини илгари сурган, Аслида улар ёш афғонлар дастурининг амалга ошиши натижаси бўлган. Бу жадидлар ғояларига жуда яқин эди, чунки Марказий Осиё жадидлари ҳам тахминан шундай дастур билан майдонга чиққан, аммо уларнинг ўша Омонуллохондан фарқли ўлароқ, масалан, Туркиядан фарқли ўлароқ, бу дастурни амалга оширишги имконияти бўлмаган. Яъниким, ёш турклар аср бошидаги инқилобдан сўнг ҳокимиятни қўлга олгач, шунга ўхшаш сиёсатни амалга оширишга ҳаракат қилган. Бу давлат ва жамиятни ташкил этишнинг Ғаврбий Европа моделидан нусха олишга интилиш бўлган.
Шунинг учун Омонуллохоннинг 1923 йилда ўтказган ислоҳотларга қарасак, улар ўрта асрларга хос барча чекловлар, жумладан, мажбурий меҳнат, озиқ-овқатни мажбурий сотиб олиш йўқ қилинишига, ҳокимият тармоқларининг бўлинишига ва янги ўқув юртлари очилишига йўналтирилганини кўрамиз. Ҳабибуллохон даврида бундай муассасалар ташкил этилганини, аммо Омонуллохон даврида улар сони ортгани ёдимизда. Бу шундай модернизация лойиҳаси эдики, Омонуллохон нафақат Ғарбий Европа мамлакатларида, қолаверса, инглизлар ўтказган ислоҳот натижасида Британия Ҳиндистонида, шунингдек, Совет Россиясида ўтказилган модернизация даражасидан қаттиқ таъсирланган, чунки 1920-йиллар совет лойиҳаси жуда машҳур бўлган. У ўша пайтда энг тараққийпарвар лойиҳалардан бири эди. Шунинг учун Омонуллохон ундан жуда таъсирланган. Подшоҳ Афғонистонни модернизация қилиш учун ана шу лойиҳани амалга оширишга уринган.
1926 йилда Афғонистон Амирлигини Афғонистон Подшоҳлигига ўзгартиришнинг нима маъниси бор эди? Нега амир Омонулло конституцион монархия тузишга қарор қилган?
Модернистлар нуқтаи назаридан, амирлик – ўрта асрларга мансуб тушунча, ўша пайтлардаги ўта кўҳна ўрта асрлар жамияти бўлган замонларни эсга туширади, подшоҳ эса, шартли қилиб айтганда, Европа анъанасига яқин. Яъниким у шу йўл билан замонавий тушунчадаги қандайдир бошқа моделларга яқинлашаётган эди. У ўрнатган тузумни шартли равишда конституцион монархия деб аташ мумкин эди, чунки Омонулло ўта қаттиққўл марказий сиёсатчи бўлган. Аммо у бундай модернизация амалиётларини юқоридан пастга қараб куч билан амалга оширишга ҳаракат қилган, дейиш мумкин. Айнан шу ҳолат келгусида ҳокимияти заифлашувининг асосий омилига айланди, чунки у бир-икки ишларни амалга оширишга улгурмади ва модернизацияни айнан қайси жамиятда амалга оширишни мутлақо ҳисобга олмаган эди. Масалан, у Кобул атрофида Европа шаҳрини қурмоқчи бўлган, бунинг учун эса кўп пул керак эди, шу боис у солиқ йиғимларини кучайтирган. Омонуллохон Кобулнинг барча аҳолиси, жумладан, киборларни Европа кийимларини кийишга мажбурлашга уринади, бу ҳозир ҳам ғалати бўлиб туюлади, аммо ўша пайтларда ҳақиқий инқилоб бўлган. У қабилаларни давлат субсидияларидан маҳрум қилган. Руҳонийлардан вақф ерларини тортиб олган, бу анъанавий ерлардан олинган даромадлардан ислом оламидаги мадраса ва масжидлар таъминлаб турилган. Омонуллохон жуда радикал бўлган ва Афғонистонда Европадагига ўхшаш модернизацияни тепадан пастга қараб амалга оширмоқчи бўлган, бунинг асосий шарти айнан тепадан амалга ошириш эди, яъни у Афғонистонни давлат ва жамиятни ташкил этишнинг Европа форматига олиб кирмоқчи бўлган. Бу Пётр I нинг Россиядаги ислоҳотларига ўхшаб кетади, аммо Афғонистондаги шароит ўша пайдта анча оғир бўлган, чунки 1919 йилдаги уруш натижасига кўра, бу мамлакат мустақилликка эришган, лекин Британия империяси субсидиясидан маҳрум бўлган. Омонуллонинг асосий бош оғриғи кўп сонли лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағи йўқлиги эди.
Омонуллохоннинг ҳарбий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлари ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз. Ўша пайтда афғон жамияти қандай аҳволда эди? Нега унинг ислоҳотлари бу қадар оғир акс-садо берган?
Афғон жамияти ўша пайтларга хос бўлган анъанавий форматлар бўйича ташкил топган эди. Масалан, Британия Ҳиндистонида у вақтда Британия ислоҳотлари натижаси ўлароқ, жиддий институционал ўзгаришлар юз берган ва улар тепадан пастга қараб амалга оширилган, яъни британияликлар ислоҳотларни куч ишлатиш йўли билан ўтказган. Афғонистонда жамият архаиклигича қолаётган, у олдинги форматида қотиб қолган эди, яъни у Омонуллонинг ташкил этиш принципига қадар, шартли қилиб айтганда, XIX ёки ҳатто XVII асрдаги афғон жамиятидан мутлақо фарқ қилмаган. Шу вақтгача Афғонистонда мажбурий деҳқончилик амал қилган. Россияда бу ўз вақтида “барщина” деб аталган – ўша пайтгача, масалан, давлат ишлари, фавқулодда йиғимлар, озиқ-овқат маҳсулотларини камайтирилган нархларда сотиб олиш каби мажбурлаб ишлатишдан фойдаланилган. Деҳқонлар катта ер эгаларига қарам эди. Аксаран, қабилалар сиёсий ҳаёт субъекти бўлган, чунки афғон жамиятининг кўпчилик қисми, айниқса, пуштунларнинг ҳаёт тарзи қабилалар асосида ташкил топган эди. Айнан армия, ўша пайтда мавжуд бўлган кўплаб куч ишлатар тузилмалар, асосан, қабилалардан шакллантирилган, яъни асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган ҳеч бир алоҳида ўзгаришларсиз ўрта асрлар жамияти ҳукм сурган. У, шартли қилиб айтганда, давлат ва жамиятнинг ўрта асрларга хос бўлган тузилмасини модернизация қилишга уринган.
Шуни ҳам қайд этиш зарурки, классик Шарқ жамиятида табақачилик бор. Кўпинча ер эгалари, жумладан, руҳонийлар табақаси, уламодан иборат қандайдир киборлар қисми бор, яъни қўпол қилиб айтганда, жамиятнинг киборлар қисми бор, у ташкилотчиликнинг қандайдир асосини ташкил этади, жамиятнинг қолган қисми эса уларга қарам ҳолатда. Шу ўринда Афғонистондаги вазиятнинг ўзига хослигини алоҳида қайд этиш зарур, мана шу ўзига хослик ушбу мамлакатни Эрон ёки дейлик, Туркиядан ва ёхуд Британия Ҳиндистони таркибига кирган мусулмон ҳудудлардан ажратиб туради. Классик ислом жамиятида жамият ҳарбий табақадан – ҳарбий элита тузилмасини шакллантирадиган кишилардан, шунингдек, солиқ тўлайдиган деҳқонлар ва ҳунармандлардан ташкил топади. Яъниким, ким солиқ тўлаши ва ким тўламаслиги – асосий омил. Оддий классик форматда бу ерга эга бўлиб, армияда сафида хизмат қилаётганлар ва солиқ тўламайдиган кўчманчилар қабилалар кўринишида кўзга ташланади. Бу Эрон, Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон шимоли учун ҳар доим хос бўлиб келган, Қабила ердан фойдаланиш ҳуқуқини олиш тарзида қандайдир тўлов олган, бунинг учун эса солиқ тўламаган, армияда хизмат қилган, солиқ тўлаганлар эса деҳқонларнинг ва шаҳарлардаги ҳунармандларнинг асосий қисми бўлган. Ижтимоий ташкилланувнинг мана шу тузилмаси мавжуд эди. Аммо Афғонистоннинг ўзига хослиги шунда эдики, солиқ тўламаган қабилалар жуда кўп бўлган. Жамиятнинг мана шу тузилмасида улар кўпчилик, кўпчилик бўлмаса, анча-мунча эди. Нега? Чунки Афғонистон жуғрофий жиҳатдан тоғлар ва чўллардан иборат, Ҳиндистондаги, Ҳинд ёки Ганга дарёси ёки Месопотамиядаги ва ҳк.га ўхшаган деҳқончиликка яроқли ҳудудлари деярли йўқ. Айни сабабга кўра, Афғонистонда классик Шарқ жамиятидаги сингари одамларни мажбуран ишлатишнинг иложи йўқ. Шу боис назарий жиҳатдан марказий ҳокимият ҳар қандай заифлашган пайт қўзғолон кўтарадиган тоғ жамоатлари ва қабилалари жуда кўп. Давлатнинг жойлардаги бундай тузилмалар билан муносабатлари давлат билан ҳокимиятнинг ижтимоий-сиёсий тизими асосини ташкил этган.
Омонуллохон Абдураҳмонхон марказлаштириш бўйича амалга оширган ишлар асосида ҳокимиятга келган ҳамда у юқоридан пастга қарата ислоҳотларини амалга ошириш учун мана шу кучли марказий ҳокимиятга таянган. Аммо Омонуллохон мен юқорида санаб ўтган бир қатор тадбирлар оқибатида ўша кучли марказий ҳокимиятни заифлаштириб қўйди. Шоҳдан норозилик киборларнинг анъанавий қисми ўртасида, ундан қаттиқ норози бўлган қабилалар ўртасида тарқалди. Булар барчаси эса ислоҳот концепциясига қарши норозилик тарзида юазага чиқди.
Омонуллонинг ташқи сиёсати қандай бўлган? Нега у Совет Россияси кўмагига бунчалик қаттиқ таянган? Британиянинг унга муносабати қандай бўлган? Бошқа минтақавий ўйинчилар-чи?
Афғонистон аслида Россия империяси билан Британия империяси ўртасидаги оралиқ ҳудуд сифатида пайдо бўлган. Унинг чегараларини британияликлар билан россияликлар ораларидаги буфер ҳудудни белгилаш жараёнида ўтказган, албатта, бу 2 та куч ўртасидаги муносабатларни мувозанатлаб туришдай муҳим амал эди. Афғонистоннинг Британия билан муносабатлари чигаллаша бошлаганда ва мамлакат британияликлар билан ҳамкорликдан қутулмоқчи бўлганда, афғон киборлари ҳар доим Россияга суянишга ҳаракат қилган. XIX асрда шундай бўлди, Шералихон шундай сиёсат юргизган, ундан сўнг ҳокимиятга Абдураҳмонхон келди. Афғон амирлари британияликлар билан келишувга эришгач, қисман ташқи сиёсат бўйича мустақиллигини йўқотди, аммо Британия империясидан дотациялар олиб турди. Шундан сўнг Британия узоқ вақт мобайнида Афғонистон сиёсатида устун мавқега эга бўлиб қолди. Бироқ айниқса, 1919 йили уруш бўлиб турган пайт Британия “чангали”дан чиқиб кетишга уринилганда, Совет Россиясига Британияга қарши қўйиш мумкин бўлган қандайдир муқобил куч сифатида Совет Россиясига суянишга уриниш бўлган. Ўша пайтда Британия Совет Россияси ҳудудига бостириб кирган, Британия билан Совет Россияси ўзаро уришаётган эди. Шунга кўра, Британияга Совет Россиясини қарама-қарши қўйиш ва унинг кўмагига таянишга уриниб кўриш мумкин бўлган. Шундай бўлиб чиқди ҳам – Совет Россияси Афғонистонга ёрдам кўрсатди, самолётлар, қурол-яроғ, озроқ пул етказиб берди. Аммо бошқа тарафдан, Совет Иттифоқига янги ғоялар, янги технологиялар ва ресурслар муқобили сифатида ҳам қаралган, чунки Афғонистон учун модернизация бўйича ислоҳотлар ўтказишга ташқи маблағ жалб этиш ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган. Жиллақурса, Кобул Абдураҳмонхон ҳукмронлиги давридан бошлаб олиб турган, аммо 1919 йилда Британия тўхтатиб қўйган дотациядан сўнг айрилган ресурслари ўрнини қоплаш учун ҳам бунинг зарурати бор эди.
Бироқ совет ҳокимиятининг бундай имконияти ҳам ва қолаверса, унчалик хоҳиши ҳам бўлмаган. Аммо совет ҳокимияти Омонуллохонни қўллаб-қувватлаб турган, чунки Омонуллохон шундай тараққийпарвар йўналиш олган раҳбар сифатида кўрилган. Совет Иттифоқи Шарқнинг ўз нуқтаи назарига кўра, қолоқ деб ҳисобланган анъанавий жамиятларини ислоҳ қилиш керак, деган тарақққийпарвар ғояни илгари сураётган ва бу жаҳон инқилоби учун ресурс сифатида кўрилган. Шу тариқа совет моделини мустамлака остидаги Шарқ мамлакатлари ёйишга уриниб кўриш мумкин эди. Бу аслида шунақа мафкуравий модел бўлган.
Яна қайд этиш лозимки, ўша пайтда Совет Иттифоқининг Ўрта Осиёдаги вазият билан боғлиқ иттифоқчилари бўлган, улар маҳаллий жадидлар эди. Маҳаллий жадидлар анъанавий уламога қарши курашда совет ҳокимиятини ўзига иттифоқчи бўлиши мумкин деб ҳисоблаган, чунки бу уларга таълим масаласида, маълум маънода жамиятининг рақобатбардошлигини ошириш ва ҳк.га эришиш нуқтаи назаридан ёрдам бериши мумкин эди. Шунинг учун совет ҳокимияти Ўрта Осиё жадидлари билан муносабат ўрнатган, улар Бухоро Халқ Республикаси, Хоразм Халқ Республикаси ва Туркистон Республикаси ҳукумати таркибига кирган. Совет ҳокимияти жадидларга таянган ҳолда Омонуллохоннинг сиёсатини ва Афғонистонни қандай ислоҳ қилишни тушуниши осонроқ бўлган.
Дарвоқе, Совет Иттифоқи Омонуллохонни курашдан воз кечгунига қадар қўллаб-қувватлаб турган. Омонуллохон 1920 йилда амирлик тахтидан ағдарилгандан сўнг бир ҳарбий бўлма Примаков деган зобит қўмондонлигида Афғонистон шимолига бостириб кирган, улар Омонуллонинг модернизация ҳаракати байроғи остида Мозори Шарифни эгаллаган – бу Совет Иттифоқи учун муҳим омил эди, чунки улар афғон жамиятини архаиклаштиришга қарши чиқаётган эди. Яна бир омил Омонуллонинг босмачилар ҳаракатини қўллаб-қувватламаётгани эди, чунки у совет ҳокимиятига қарши қаратилган қўзғолончилар ҳаракатлари эди. Ваҳолонки, Афғонистон ҳудудида совет ҳокимиятига қарши курашаётган ўрта осиёликлар жуда кўп бўлган.
Минтақадаги бошқа ўйинчилар бу воқеаларга қандай муносабат билдирган?
Ўша пайтда алоҳида ўйинчилар бўлмаганини, асосий ўйинчилар Британия билан Россия бўлганини тушунишиб олишимиз керак. Эрон мураккаб аҳволда қолган, у ерда Эрон инқилобидан сўнг жуда оғир ички сиёсий тўқнашувлар, яъни фуқаролар уруши давом этаётган эди. Эслатиб ўтаман, Совет Иттифоқи ҳатто Эрон шимолида Эрон Совет Социалистик Республикасини тузишгача борган – жуда оғир пайтлар эди ўшанда. Шунинг учун Эроннинг сиёсий субъектлик билан боғлиқ муаммоси бор эди, яъни Теҳрон Совет Россиясига ҳам, Британияга ҳам қарам бўлган. Шу сабаб Британия билан Россия турли шаклларда бош ўйинчилар ва бош субъектлар бўлган, бошқа субъектлар эса бўлмаган, улар бош ўйинчилар бўлгани учун ҳамма нарса уларга боғлиқ эди.
Омонуллога қарши қўзғолонни ким ташкил қилган ва у нима билан тугаган?
Омонуллохонга қарши қўзғолон анъанавий киборларнинг анча қисми норозилигига асосланган, улар, биринчидан, Европадан улги олаётган радикал модернизацияга уринишлардан, иккинчидан, ундан ҳам муҳими – даромадларидан айрилиб қолишдан норози бўлган, чунки Омонуллохон жуда кўп пулга муҳтож бўлгани учун анъанавий уламони вақфдан тушадиган даромадлардан маҳрум қилган. Бу қаттиқ зарба эди, бундан ташқари, подшоҳ оиласи, қабилалар ва киборларнинг кўплаб вакилларига бериб турилган дотацияни тўхтатиб қўйган.
1928 йилда Омонуллохонга биринчи бўлиб жуда катта таъсир кучига эга Мажидидий оиласи вакиллари қарши чиққан (бу Афғонистонда ҳозиргача машҳур оила бўлиб, шу кунга қадар сиёсий жараёнларда қатнашиб келаётир). Бироқ мажидидийлар Марказий Осиё, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон, Шимолий Кавказда машҳур бўлган анъанавий Нақшбандия тариқати вакиллари бўлган. Нақшбандийлар Афғонистонда жуда катта таъсир кучига эга бўлган ва мажидидийлар Омонуллохонни манбалардан узоқлашишда, анъанавий қадриятларга қарши эканликда айблаб, унга қарши қўзғолон кўтаришга ҳаракат қилган, бироқ 1928 йилда Омонуллохоннинг ушбу оиланинг айрим вакилларини қатл этиш учун уларга босим ўтказишга имконияти бўлган. У одатий шарқий сиёсат юритган, аммо 1929 йилда юз берган вазиятга кўра, юқорида айтиб ўтганимдек, қабилалар Афғонистон сиёсатининг ўта қудратли субъектлари бўлган, шунинг учун 1927–28 йилдан бошлаб Афғонистон жанубида қабилаларнинг қўзғолонлар туркуми юз беради. Пуштун қабилалари қўзғолон кўтара бошлайди, бу Кобулдаги ҳокимиятга кескин хавф туғдиради, чунки армия, асосан, пуштунлардан таркиб топган эди, қабилаларнинг қўзғолони катта тангликни вужудга келтиради, ҳар сафар қабилалар билан муросага боришга тўғри келган, тоғлик жойларда ўша қабилаларни тўлиқ тор-мор қилишнинг иложи бўлмаган.
Шунинг учун афғон армиясининг анча-мунча қисми жанубга қабилалар билан урушга жўнатилган ва бу пайтда марказий ҳокимият заифлашиб қолган. Марказий ҳокимият кучи шарқда заифлашиб қолгач, илгари давлатнинг жиддий босими остида бўлган гуруҳлар энди ўз манфаатларини кўзлаб иш кўришга ўтади. Афғонистон ҳолатида улар дарий тилли тоғликлар эди. Шу ўринда Афғонистонда 2 та асосий тил: дарий ва пушту тиллари муомалада бўлганини, ҳозир ҳам муомалада эканини таъкидлаб ўтиш жоиз. Дарий – аслида форс тили, Афғонистонда устун бўлган тил, Кобул тили, бу тилда одамлар Кобулда, Афғонистон шимолида, Ҳиротда, Мозори Шарифда гаплашган, ҳозир ҳам гаплашади. Аммо ижтимоий нуқтаи назардан дарий тилида сўзлашувчи аҳоли 2 та гуруҳга бўлинган: шаҳар текисликларидаги ҳунармандлар ва деҳқонлар ҳамда тоғда яшовчи кишилар. Тоғликлар жуда жангарни бўлган. Улардан анъанавий ҳокимият хизматидаги ҳарбий бўлинмалар тузилган.
Афғонистондаги марказий ҳокимият заифлашган даврда айнан тоғликлар жуда фаоллаша бошлайди. Мамлакат шимолида Кўҳистон деган вилоят бор. Ана шу вилоятдан жуда ғалати можарокаш одам, тўдабоши Бачаи Сакао пайдо бўлади, бу унинг лақаби бўлиб, дарий тилида “сув ташувчининг ўғли” маъносини билдиради. У жиноят оламидан чиққан тўдабоши бўлиб, 1928 йилда Кобулга биринчи ҳужум уюштиради, аммо унинг биринчи ҳужуми даф қилинади. 1929 йилда эса ҳокимиятни эгаллаб олади. Бу анъанавий жамиятда Омонуллохон сиёсатига қарши уйғонган норозилик билан, Бачаи Сакаони Мажидидий оиласининг таъсир кучига эга вакиллари қўллаб-қувватлагани билан боғлиқ эди, чунки Мажидидий Омонуллога босим ўтказа олиши мумкин бўлган золим сифатида кўрилган. Шу билан бирга, шимолий Афғонистоннинг икки тилли аҳолиси, айниқса, тоғликлар бу ҳаракатни қўллаб-қувватлаган, чунки тарихда биринчи марта уларнинг пуштунларни сиёсий ҳокимиятдан кетказиш имконияти пайдо бўлган эди. Марказий ҳокимиятнинг заифлашуви ички диний эътиқодлараро ва ички минтақалараро зиддиятлар кучайиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун марказий ҳокимиятнинг кескин заифлашуви миллий камсонли гуруҳларнинг мутаносиб равишда кучайишига олиб келди.
Шундай қилиб, камсонли этник гуруҳлар вакилларидан бири Бачаи Сакао Ҳабибуллохон номи билан Афғонистоннинг янги ҳукмдори бўлди. Албатта, пуштунлар истиқомат қиладиган жанубда унинг ҳокимиятини ҳеч ким тан олмади. Шунинг учун Ҳабибуллохон шартли тарзда Кобул амири деб аталди ва унинг ҳокимияти қисқа бўлди, аммо бу Афғонистон тарихида пуштун қабилаларига мансуб бўлмаган биринчи кишининг ҳокимиятга эришиши эди. 1929 йил январида Омонуллохон укаси фойдасига ҳокимиятдан воз кечди, бироқ у ҳам тез орада ҳокимиятдан кетишга мажбур бўлди. Оқибатда Ҳабибуллохон хон бўлди, аммо бу пуштунлар жамиятига ёқмаслиги табиий эди. Шу билан бирга, пуштунларнинг маълум қисми ўз маънавий етакчилари – Мажидидий оиласи вакилларига муносабати сабаб Ҳабибуллохонни қўллаб-қувватлади, чунки унга парда ортидан бошқариш мумкин бўлган қўғирчоқ сифатида қаралган. Афғонистонда олдинги марказий ҳукумат йўқотилди, у ҳар бир қабила ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган кўплаб майда тузилмаларга бўлиниб кетган эди. Бу Омонуллохон ўтказган ўта радикал ислоҳотлар оқибати шу бўлди, улар изчил бўлмаган молиявий ресурслар, ҳарбий куч, марказий ҳукуматнинг ҳарбий кўмагига таянмаган эди.
Кейин нима бўлди? Муҳаммад Нодиршоҳ бошқарувини қандай тавсифлаш мумкин?
Ҳабибуллохон жуда ҳам ўқимишли киши бўлмаган, жангариларнинг ўзига хос тўдабошиси эди. У совет тарихшунослигида босмачилар деб аталган Ўрта Осиё қўзғолончиларини фаол қўллаб-қувватлай бошлайди ва тушунарли сабабларга кўра бу совет ҳокимиятининг жиддий норозилигига сабаб бўлади, чунки шу пайтларда Афғонистон ҳудудида жуда кўп эмигрантлар бўлиб, улар Афғонистон ҳудудидан Ўрта Осиё ҳудудига босқинлар уюштириб турган, бу Москвани хавотирга солмаслиги мумкин эмас эди. Масалан, Бухоро исёнчиларининг Иброҳимбек деган етакчиси ўзбекларнинг жуда катта таъсир кучига эга лақай уруғидан бўлган. Ҳабибуллохон у билан қалин муносабатлар ўрнатган. Бу эса совет Россиясига ёқмаган. Шунинг учун улар Примаковнинг машҳур юришини уюштирган, у афғон байроқлари остида, Омонуллохоннинг сафдошларидан бири байроғи остида афғон қуролли кучлари эканини иддао қилиб, Афғонистон шимолига бостириб кирган, Мозори Шарифни ишғол этган.
Айни чоқда Ҳабибуллохоннинг ҳокимиятга келиши Британия империясига ҳам маъқул бўлмаган, чунки у жуда калондимоғ шахс эди ва жуда архаик жамият қуришга интилган. Британияликларнинг қўлида муайян воситалар бор эди: Британия Ҳиндистони ҳудудида пуштун мигрантлари вакиллари яшаб турган, улар Омонуллохон даврида ўша ёққа қочган, кўплаб кишилар у тахтдан йиқилгандан, истеъфога чиққанидан сўнг Афғонистондан кетиб қолган. Шунинг учун айнан Британия эски даврни тиклашга уриниш ортида турган ва улар бу ишни Нодирхон раҳбарлигида амалга оширган, деб ҳисобланади. Нега бунинг ортида Британия турган, дейилади? Чунки Нодиршоҳ байроқлари остида Кобулга ҳужум қилган кучларнинг олд қисмини Шимоли-ғарбий Британия чегара вилояти ҳудудидан бўлган пуштун қабилалари – масудлар ва вазирлар ташкил қилган. Ҳабибуллохон эса қаршилик кўрсата олмаган, шунинг учун тахтдан ағдарилиб қатл қилинган. Ҳокимиятга Нодирхон келади. Қизиғи шундаки, 1929 йилда Омонуллохон курашни давом эттиришдан воз кечгандан сўнг Совет Иттифоқи ҳам қўшинларини Мозори Шарифдан олиб чиқиб кетади. Аслида Нодиршоҳнинг ҳокимиятни эгаллаши ўзаро келишилган амал эди, машҳур тарихий қарама-қаршилик томонлари Афғонистон ҳамда Россия ва Британия империялари бу масалада келишиб иш тутган. Британия ҳам, Россия ҳам Нодирхоннинг ҳокимиятга келишини қўллаб-қувватлади, чунки улар барқарорликни ва Афғонистон ҳудудидаги бошбошдоқликка барҳам берилишини истаган. Улар кучли марказий давлат шундай барқарорликни таъминлаб бера олади, деб ҳисоблаган.
Нодирхон шундай ғайратли шахс бўлган, аммо шу билан қаторда қаттиққўл сиёсат юргизган. Жуда кўп одамлар қатл этилган, тез-тез қатағон қилинган, Нодирхон билан бирга ҳокимиятга келган масудлар ва вазирлар Кобулда жиддий тозалаш уюштирган. Дарвоқе, улар ўрта осиёлик исёнчиларни ҳам тор-мор қилга. Лақайлар қабиласи оғир йўқотишларга учраган. Бу Совет Иттифоқининг манфаатларига ҳам мос келган ва ушбу мамлакат билан ҳамкорликка асос бўлиб хизмат қилган. Аммо Нодиршоҳ ҳокимиятга келгандан сўнг Афғонистон ҳудудидаги чин маънодаги ҳокимият унинг укаси Ҳошимхоннинг қўлига ўтади. У Афғонистоннинг асосий зимдан иш бошқарувчиси эди. 1933 йилда Нодирхон ҳарбий мактаблардан биридаги парад чоғида ўлдирилгач – ундан бир битирувчи қайсидир қариндошини ўлдиргани учун қасос олган эди – унинг ўғли Зоҳиршоҳ тахтни эгаллади.
Аммо Зоҳиршоҳ мустақил эмас эди, яна ҳақиқий ҳокимиятни амакиси Ҳошимхон юргизади. У анъаналарга ўта содиқ бўлгани учун ўта консерватив сиёсат ўрнатади. У пайтда Афғонистон ҳамма нарса тўхтатиб қўйилган, ҳеч бир фаоллик йўқ, Омонуллонинг барча ислоҳотлари бекор қилинган мамлакат эди. Яна бир эътиборга молик жиҳати, 1937 йилда мактабларда дарий тилида таълим бериш тақиқланади. Бу Кобул икки тилли шаҳар бўлган ва кўплаб пуштунлар дарий тилида гапиришни мақбул кўрган шароитни ўзгартиришга уриниш эди. Ҳошимхон пушту чин маънодаги давлат тили бўлишини истаб, дарий тилида таълим берилишини тақиқлаб қўяди. Ўша пайтда барча мактаблар айнан Кобулда жойлашгани ҳисобга олинса, бу дарий тилидаги таълимга тақиқ қўйилганини англатар эди.
Мана шу ўта консерватия давр Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам давом этди. Бу британияликлар Ҳошимхон билан Зоҳиршоҳни қўллаб-қувватлашида ўз ролини ўйнади, чунки улар Германия Афғонистон ҳудудидан Британияга қарши ва советларга қарши фойдаланишини истамаётган эди. Ўша вақтда совет ва британ қўшинлари Эронга кириб боради ва Эрон ҳукумати мамлакати ҳудудидан ўз манфаатлари йўлида Германияни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланмаслиги учун уни жавобгарлик ҳудудларига бўлиб олади, аммо Афғонистон бундан қутулиб қолади. Бунга зарурат йўқ эди, бироқ шуниси аниқки, Ҳошимхон 2 та давлатнинг манфаатлари орасида ўз манфаатларидан келиб чиқиб иш тутган ва бу империяларга қийинчилик ва қизиқиш туғдирмаган.
Нодиршоҳнинг ўғли Зоҳиршоҳ ҳаммадан кўп – тахминан 40 йил ҳукмронлик қилди. Унинг даврида қандай ўзгаришлар қилинди ёки қилинмади?
Шу ўринда қайд этиш жоизки, 1946 йилда, яъни урушдан сўнг Ҳошимхон юргизиб келган ўта консерватив сиёсат унчалик самара бермаётгани аниқ бўлиб қолади, яъни Афғонистон умумий фонда, ташқи фонда, айниқса, ўша пайтдаги Британия Ҳиндистони ва Совет Иттифоқи билан солиштирганда, жуда ҳам ортда қолиб кетган эди, чунки совет ҳокимиятининг кўпгина ишлари саволларга сабаб бўлганига қарамасдан, жуда катта ўзгаришлар юз берди, узундан узоқ темирйўллар қурилди, минглаб мактаблар очилди, умуман олганда, саводсизлик тугатилди, университетлар барпо этилди. Айни чоқда ўша пайтдаги Афғонистонда 200 талабаси бор 1 та университет бўлган, аҳолининг 8 фоизи саводли, 1 та электр станцияси ва 1 та кўмир шахтаси бор эди. У бошқарув тизими самарасиз ўта корсерватив давлат бўлган.
Айни ҳолат киборларга аниқ бўлиб қолади. Улар вазиятни яхшилаш усулини топишга ҳаракат қилади. Ўша пайт – 1947 йилда Британия Ҳиндистони мустақилликка эришгани, Покистон ташкил топгани сабаб улар йўлини топишга уринаётган эди. Бу пайтга келиб, Покистонда 5 та университет ва 30 минг талаба бор ва вазият Афғонистондагидан тубдан фарқ қилар эди. Шунинг учун Покистон улги сифатида бир туртки бўлган эди. Кейинчалик Ҳошимхоннинг ўрнини Шоҳ Маҳмуд эгаллади. У модернистик модел вакили бўлиб, шундай модернизациядан улги олган. Шунинг баробарида Шоҳ Маҳмуд билан Зоҳиршоҳ дастлаб сайлов ўтказиш йўли билан, дейлик, сиёсий вазиятни ўзгартириш мумкин, деб ҳисоблаб, шундай классик либераллаштиришни амалга оширмоқчи бўлгани диққатга сазовор. Албатта, улар Покистонга намуна сифатида қарагани аниқ, у ерда сайлов ўтказилиб турган, аммо улар Покистонда институтлар борлигини ҳисобга олмаган, афғонлар эса сайловни институтларсиз ўтказган.
1947 йилда шаҳар ҳокимларини сайлаш бўйича қонун қабул қилинган, яъни шаҳар ҳокимларининг мутлақо эркин сайлови бўлиб ўтган ва табиийки, Кобулда тожик номзод ғалаба қозонган – бу табиий эди, чунки Кобулда дарий тилли аҳоли кўпчиликни ташкил қилган. Қандаҳорда ҳам Омонуллонинг, ёш афғонларнинг тарафдори ғалаба қозонган, у ҳам модернизация йўлидаги ислоҳотларни ёқлаб чиққан, яъни Афғонистоннинг 2 та йирик шаҳрида либераллар ютган. Албатта, бу демократик жиҳатдан илғорроқ моделни яратиш мумкин бўлган омил эди. 1949 йилда ушбу жараён кучая бориб, парламентга сайлов ўтказилди, бу сайлов ҳам ҳеч бир чекловсиз эркин ўтди. 180 нафар депутатнинг 50 нафари мухолифат вакиллари эди, масалан, Кобулдан 2 та ўринни ҳам тожиклар эгаллади ва бу ўша замон ўлчовлари билан олиб қараганда, жиддий омил бўлган. Табиийки, парламент йиғилганда, мухолифат вакиллари бўлган либерал депутатлар максимал даражада ҳокимият тармоқларини ислоҳ қилишни таклиф этди. Ўша таклиф этилаётган ўзгаришлар орасида ҳокимиятни тармоқларга ажратиш, ҳукуматнинг парламент олдида жавобгарлиги, барча феодал чекловларни бекор қилиш бор эди, яъни бу либерал формат Афғонистон учун ўша пайтдаги бақувват қадам эди.
Аммо демократия институтларининг йўқлиги билиниб қолди, чунки 1949 йилдаги парламент сайловидан сўнг партия қурилиши жараёни бошланади, мутлақо эркин вазият юзага келади, Афғонистон ҳудудида дастлаб сиёсий партиялар тузила бошлайди. Пуштунларнинг “Виш Замилян” ҳаракати катта таъсир кучига эга эди, “Халқ” партияси ва ҳокимиятга тегишли “Миллий демократия” партияси тузилади. Шу ўринда параллел ҳолат – “Виш Замилян”, асосан, пуштун ташкилоти, “Халқ” эса, асосан, тожиклар партияси бўлганини кўрамиз, яъни кўп миллатли ва кўп эътиқодли афғон жамияти либерал ислоҳотлар шароитида яна ўз одамларининг манфаатини кўзлаб, мўлжал олганини кўрамиз. Пуштунлар пуштунлар ҳаракатини, тожиклар эса тожиклар ҳаракатини қўллаб-қувватлайди.
Айни чоқда ҳокимият қўллаб-қувватловидаги партияда илк марта Муҳаммад Довуд пайдо бўлади, кейинчалик у Афғонистонда машҳур арбоблардан бирига айланади. У амалдорлар ва киборлар партияси эди. Аммо табиийки, либерал тўлқин мавж уриб турган пайтда унинг имконияти кўп бўлмаган. Моҳиятан гап қандайдир жиддий ўзгаришлар ҳақида кетаётган эди. Ҳокимият буни ўзига нисбатан хавф деб билади ва кейинчалик, 1952 йилга келиб, қатағон, аёвсиз қатағон уюштиради. Айнан мана шу қатағон либераллаштиришнинг биринчи уринишини тўхтатади, адашмасам, 1952 йилда иккинчи марта сайлов бўлиб ўтади. Сайловда бирорта ҳам мухолифат вакили парламентга сайланмайди. Бу жараённи бутунлай бекор қилди ва навбатдаги юқоридан пастга қараб модернизация бошланди.
Бу сафар уни Муҳаммад Довуд ўтказди. У Зоҳиршоҳнинг амакиваччаси бўлиб, шоҳ оиласи вакили эди, аммо у юқоридан пастга қараб ўтказиладиган авторитар модернизация тарафдори бўлган ва у Афғонистонни модернизация қилиш бўйича жуда кучли сакраш қилишга эришган. Муҳаммад Довуд 1953 йфилдан 1963 йилга қадар бош вазир бўлган. Бу Афғонистондаги жуда фаол давр бўлиб, йўллар ва ишлаб чиқариш корхоналари қурилган, таълим соҳаси кучайтирилган, армия ва марказий ҳокимият институтлари мустаҳкамланган. Аммо бу нарсалар учун ресурслар зарур эди. Яна Афғонистонда ресурслар йўқлиги эсимизга тушади. Ресурсларни қаердан олиш керак? Фақат ташқи ресурслар бўлган. Шу ташқи ресурсларни қўлга киритишга уриниш олдинги ташқи кучлар ўртасида мувозанат сақлаш модели эвазига таъминланган. Бундай ташқи кучлар, бир тарафдан, Совет Иттифоқи, бошқа тарафдан эса, 1947 йилдан бошлаб минтақадан қадами узилган Британия империяси ўрнини эгалалй бошлаган Америка Қўшма Штатларидан иборат эди, чунки ўша пайтда совуқ уруш бошлангани эсимизда. Шунинг учун бу қарама-қаршилик айни жараённи ҳам қамраб ола бошлайди.
Афғонистон ўша даврда жуда катта ўзгаришларни амалга оширади. Бу, бир тарафдан, аҳолининг либерал қатламлари кучайишига, ўқимишли кишилар сони ортишига ва умуман таълим тизими яхшиланишига олиб келади, ҳарбий таълим олган кишилар сони ортади, улар воқелик ҳақида кўҳна тасаввурга эга бўлган қишлоқдан чиққан кишилар эди ва бу ҳол кейинги ўзгаришлар учун асос яратади. Муҳаммад Довуд Зоҳиршоҳ даврида 1953 йилдан 1963 йилга қадар ўтказган авторитар модернизация шундай модел пайдо бўлишига олиб келди. У яратган шароит келгусида кўплаб ўзгаришларга сабаб бўлди.
Айтганча, ўша пайтдаги энг муҳим омиллардан бири таълим тизими кучли ривожлангани бўлди, Афғонистонда яратилган деярли барча таълим тузилмалари, асосан, ташқи ёрдам билан тузилган. Ва бу база, асосан, Ғарб институтлари эди, чунки АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия бундай институтларни ташкил этишда кўмак кўрсатган. Бундай институтларни тугатган кишилар либерал қадриятлар ташувчилари бўлган ва либерал қадриятлардан улги олган. Бироқ айни чоқда кўпчилик Совет Иттифоқида ҳарбий муассасаларда таълим олган ҳарбий хизматчилар, улар кейинчалик социалистик йўналишдаги ҳаракатнинг ўзагини ташкил қилган сўл радикаллар эди. Улар сўнгра икки фракция: “Халқ” ва “Парчам”дан иборат Афғонистон халқ демократик партияси (АХДП) айнан ўша пайтда ташкил топишига сабаб бўлган. Қизиғи шундаки, улар ҳам яна икки миллий белгига қараб бўлинган аъзолардан таркиб топади. “Парчам”га, асосан, дарий тиллилар, “Халқ”қа эса, асосан, пушту тиллилар киради. Шунинг учун 1953–1963 йиллар Афғонистон учун жуда муҳим давр бўлди, аммо Муҳаммад Довуд кўпроқ ҳокимиятга эришишни истаётган эди. У бош вазир бўлгани ҳолда кўпроқ ҳокимиятга эришиш йўлида ислоҳотлар ўтказишни, сайлов тизимини ислоҳ қилишни таклиф этган, аммо бу бош вазирнинг ваколатларини ошириб, амир Зоҳиршоҳнинг ваколатларини камайтириши керак эди. Зоҳиршоҳ бу ролга, яъни мустақил бўлмаган арбоб бўлишга рози бўлишни истамаган. Шунинг учун Зоҳиршоҳ норози бўлгани боис вазиятни ўзгартиришга қарор қилади.
Муҳаммад Довуд 1963 йили истеъфога чиқарилади, ўрнига Ғарбда таълим олган, янада либерал сиёсатчи Муҳаммад Юсуф келади. Унинг ғояси, Афғонистонда каттароқ даражадаги либераллаштириш вақти етди, деган фикрдан иборат бўлиб, яна либерал ислоҳот ўтказишга уринишни назарда тутар эди. Аниқроғи, сайловлар ўтказилаётган эди, аммо уларни назорат остида ўтказишга уриниш бўлди, эндиги сайловлар Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги сайловларга ўхшамаслиги керак эди. Сайловлар назорат остида бўлиши лозим эди. Масалан, ҳокимият сайлов округларини ўз ўйин қоидасига кўндиргани жуда қизиқ. Ҳокимият пуштунлар аҳолининг кўпчилигини ташкил қилмаганини ҳисобга олиб, парламентда улар сони кўп бўлишини истайди ва округ ўз билганича тақсимлаб чиқади. Бу тақсимотга кўра, 8 минг пуштун яшайдиган округдан бир пуштун парламент аъзоси этиб сайланиши мумкин эди, миллий камсонли аҳоли учун эса шу мақсадда 100 минг сайловчидан иборат округ тузилган. Шу тариқа, улар парламентда қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган патриархал пуштун аҳолиси орасидан сайланган кишилар устунлигини таъминлади, аъзолар орасида анъанавий оила ва дин вакиллари жуда кўп эди. Лекин либераллар ҳам бўлган. Ўша пайтда сайловда Афғонистоннинг бўлғуси етакчиси, совет ҳокимияти давридаги президенти Бабрак Кармал ва Афғонистондаги аёллар ҳаракатининг жуда машҳур арбоби, АХДП партиясининг келгуси аъзоси Анахита Ратебзод ҳам ғолиб чиққан эди
Зоҳиршоҳ мантиғига кўра, парламентга қанчадир миқдорда либераллар ўтади, аммо бунинг хавфи йўқ, чунки унинг аъзолари орасида жанублик кўҳна пуштунлар кўпчиликни ташкил қилади ва улар овоз беришда ҳар доим ютиб чиқиши мумкин. Аммо у бир нарсани ҳисобга олмаган: ҳатто кам сонли либераллар ҳам бундай парламентга аъзо бўлгандан сўнг ўша даврнинг кўп сонли қишлоқ киборлари ва буржуазияси олдида интеллектуал устунликка эга бўлади. Шунинг учун бу кишилар ғояларни, ҳокимиятга нисбатан кескин танқидий фикрларни ўртага ташлайди ва мутлақо кутилмаган вазият юзага келади. Улар принцип жиҳатидан ҳокимиятни қўллаб-қувватлайди, чунки ҳаммаси жанубдан, аммо айни пайтда барчаси – турли жамоатлар ва қабилалар вакиллари, табиийки, ҳокимият, бизга битта қарор ёки қонун керак, деса, улар, “Ҳа, албатта, биз буни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин қабиламиз, учун, жамоатимиз учун фалон-фалон имтиёзлар керак”, дейди. Бу марказий ҳокимият обрўсининг, жумладан, анъанавий жамиятга таъсир кўрсатиш имкониятининг кескин пасайиб кетишига олиб келди.
Марказий ҳокимиятдан ҳеч ким либерал сайловнинг ғайриодатий хусусиятини ҳисобга олмаган эди. Шартли тарзда шунга ўхшаш яна бир ҳолатни мисол қилиб келтириш мумкин: М. Горбачёв ислоҳот ўтказаётганда, халқ депутатларининг биринчи қурултойида худди шу хатони такрорлаган эди. У юз чоғлиқ либераллар ҳеч нарса қила олмайди, деб ўйлаганди, аммо улар марказий ҳокимият назоратидаги депутатларнинг улкан оммасидан интеллектуал жиҳатдан устун бўлган. Афғонистонда ҳам худди шу ҳолат юз берди. Шунинг учун яна бир ғайритабиий жиҳати шуки, сайланган парламент 1965 йилда мажлисга йиғилганда, ўша куни Кобулда қаттиқ тартибсизликлар бошланиб кетди. Айтишларича, уни, бир тахминга кўра, АХДП уюштирган, талабалар бебошликлари сабаб Муҳаммад Юсуф истеъфо берди, ўрнига янги бош вазир этиб Муҳаммад Ҳошим Майвандвал тайинланди. Нега? Муҳаммад Юсуф талабалар уюштирган тартибсизликлар бостирилган вазиятда либераллар мамлакатни бошқара олмаслигини айтиб чиққан эди.
Мен шу ўринда нега ўша пайтда талабалар афғон сиёсий ҳаётида бу қадар фаол бўлганини қайд этмоқчиман. Дарвоқе, афғон сиёсий ҳаётининг кейинги ўн йилликларидаги деярли барча етакчилари: коммунистлар ҳам, мужоҳидлар ва исломчиларнинг пешволари ҳам Кобул олий ўқув юртлари талабалари орасидан етишиб чиққан эди. Ҳаммаси: Б. Раббоний, Г. Ҳикматёр, А. Р. Сайёф, Б. Кармал ва Аҳмадшоҳ Масъуд ўша ёқдан чиққан. Нега бундай бўлган? Чунки эслатиб ўтаман, барча университетлар Ғарб андозалари бўйича ташкил этилган эди. Университетларда талабалар кенгашлари тузилган ва улар сиёсий курашнинг дастлабки намуналари, сиёсий кураш маркази бўлган ва эслатиб ўтганимдек, мана шу кенгашлардаги барча ёшлар қотиллик, можаролар ва муштлашувлар билан шафқатсиз сиёсий кураш олиб борган. Ўша талабалар кенгашларида сиёсий элита тобланган, кейинчалик у Афғонистоннинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта бошлаган. 1965 йил октябрида айнан шу кишилар ўша сиёсий жараёнларда муҳим рол ўйнади ва ўша воқеалар нозиктаъб либерал деб айтиш мумкин бўлган кишининг истеъфосига сабаб бўлди. Нега Муҳаммад Юсуф ҳокимиятдан кетди? У талабалар ғалаёни бостирилганини қабул қила олмади. Унинг ўрнига келган Майвандвал эса ҳамма, жумладан, талабалар билан ҳам тил топишишга ҳаракат қилди.
Яна Афғонистонда ресурс тақчиллиги сабаб Майвандвал даврида модернизацияга сарфланган барча маблағлар четдан келаётган ёрдам эди, ташқи ёрдамни эса бир вақтда АҚШ билан Совет Иттифоқи фаол тарзда кўрсата бошлади. Нега? Чунки совуқ уруш қизигандан қизиб борар ва бундай вазиятда Афғонистонда уларнинг манфаати аста-секин яқинлаша бошлади, бу муҳим манфаатлар эди, шунинг учун улар бу мамлакатга жуда кўп маблағ тикди, бу армия тузиш, модернизация омилларини кучайтиришга сарфланди. Айни ҳол қайсидир босқичда муайян ривожланишни таъминлаб берди, яъни Афғонистон 2 та буюк давлатнинг манфаатларидан ўзи учун фойдаланиб қолишга интилар, шартли қилиб айтганда, қандайдир ўзгаришларни амалга ошириш учун ресурсларни олиб турар эди.
1973 йилда подшоҳлик барҳам топди. Сизнингча, нега у бунчалик қисқа вақт ҳукм сурди? Ҳозирги пайтда ушбу мамлакат бошига тушган фожианинг тарихий сабаблари борми?
Тарихда ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ ва бир-бирига уланиб кетади. 1929 йилда Нодиршоҳ тартибсизликлардан сўнг ҳокимиятга ўз сулоласини олиб келди ва 1973 йилга қадар орадан унчалик кўп вақт ўтмади. 1920-йилларда қўшни Эронда ҳокимиятга Паҳлавийлар сулоласи келди ва у ерда ҳам 1979 йили ислом инқилоби юз берди. Бунинг сабаблари бор. Албатта, тарихдаги мустамлакачилик даври анъанавий ислом оламида ўта жиддий ўзгаришларга олиб келди. Жамият бу хатарларга жавоб қайтариши шарт эди, афғон жамияти жавоб беришга ҳаракат қилди, афғонлар қолоқликка барҳам беришга, модернизация қилишга, консерватив ва либерал тусда нималарнидир амалга оширишга ҳаракат қилди. Таассуфки, бу уринишлар ҳеч қачон кутилган натижани бермади, чунки Афғонистон – аввалбошдан ташкил қилиниши мураккаб жамият, у жуда кўп жамоатлар ва қабилалардан иборат. Қачонки марказий ҳокимият заифлашса, марказий ҳокимиятдан яширилган зиддиятлар юзага қалқиб чиқаверган.
Ва бу давлатнинг модернизация қилиш борасидаги ҳар қандай уринишларини заифлаштириб қўяр эди. Шу тариқа юқоридан модернизация қилишга уриниш билан пастдан унга қарши пайдо бўлиб турган стихия ўртасида қарма-қаршилик юзага келган. Мана шу ҳолат ҳар доим узилишларга сабаб бўлган, бундай ҳар бир уриниш давлатчилик тўқимасини заифлаштирган ва пировардида бу тўқима йиртилиб кетган. Афтидан, шу йўл билан кўплаб жамоатлар пайдо бўлган ва муросасиз жангга киришган. Бу қарама-қаршиликка чет мамлакатлар ҳам қўшилгандан сўнг ҳозир сизу биз кўриб турган вазият юзага келган.
Аммо 1973 йилда Муҳаммад Довудхон саройда тўнтариш қилишга уюштириб, монархияни йўл қилгани ажабтовур воқеа бўлганини таъкидламоқчиман. У шоҳ оиласи аъзоси эди ва Афғонистонни президент ўлароқ бошқара бошлади. Бу ҳам юқоридан пастга қараб модернизация қилишга бўлган навбатдаги уриниш эди. У 1953 йилдан 1963 йилга қадар юритган сиёсатини бошқа шароитда ўтказишга ҳаракат қилди, чунки турли мамлакатларда, жумладан, Совет Иттифоқида таълим олган кўп сонли кишилар таъсири кучайиб кетган эди. Ўша кишилар модернизацияни кескинроқ тусда амалга оширишни талаб қила бошлади. Муҳаммад Довуд, бир тарафдан, Европадан улги олаётган либераллар, бошқа тарафдан эса, совет социализмидан илҳомланган сўл радикаллар орасида қолиб кетган эди.
Албатта, сўл радикалларнинг совет моделини амалга оширишга интилиши, уларнинг ўзгаришларни, Совет Иттифоқида бўлган даражага етказадиган қилиб уюштиришга ҳаракат қилиши ўзгаришларнинг асосий турткиси бўлди. Муҳаммад Довуд эса мувозанат сақлашни истаётган эди. Шунинг учун ҳам барча ташқи кучлар билан муносабат ўрнатган эди, бугун бу кўп векторли сиёсат деб аталган бўлар эди. У нафақат АҚШ ва СССР, қолаверса, Ҳиндистон ва Форс кўрфази мамлакатлари билан ҳам муносабатларни қўллаб-қувватлаган. Яъниким, у жуда фаол сиёсат юргизган, аммо ўша пайтда совуқ уруш авжига чиққани сабаб АҚШ билан Совет Иттифоқи ўртасидаги зиддиятлар фожиали воқеаларга олиб келди. Сўл радикаллар ҳокимиятни эгаллашга уриниб кўрди, 1973 йили улар Муҳаммад Довудни ўлдирди ва шундан сўнг Афғонистонда социализм қуриш бошланди. Айтмоқчи бўлганим шуки, ХХ асрда шоҳ оиласининг Зоҳиршоҳдан бошқа барча аъзолари зўрлик ишлатиб ўлдирилган, яъни ё ўлдирилган, ёки сарой тўнтариши оқибатида ҳалок бўлган. Фақат Зоҳиршоҳ чет мамлакатга қочиб кетиб, ўша ерда жон сақлаган. Афғонистоннинг тарихи – мана шу.
Афғонистон Марказий Осиёга яқин, уларнинг кўҳна тарихи умумий бўлган – кушонлар, эфталитлар, сомонийлар, сафарийлар, ғазнавийлар, мўғуллар ва ҳк. Нега кейинчалик Афғонистон тарихи минтақа тарихидан ажралиб қолди? Ушбу мамлакатни кўпроқ ўрганишимиз керакми?
Бу – тушунарли. Биринчидан, Афғонистон Россия ва Британия империяларининг мустамлакачилик тизимидан четга чиқиб қолди ва мана шу бир пайтлар ягона бўлган ҳудуд – шимолий Ҳиндистон, Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрон – улкан тарихий ҳудуд мастамлакачи давлатлар ўртасида тақсимлаб олинди. Афғонистон билан Эрон номига мустақил бўлса-да, айни чоқда ташқи кучларга қарам эди. Албатта мустамлака қарамлигининг кўплаб салбий омиллари бор. Аммо айни чоқда ҳинд жамиятининг британияликларга мустамлака қарамлиги ўзимиз кузатаётган ўзгаришларга сабаб бўлди. Россия империяси модернизация жараёнига камроқ тортилган эди, аммо барибир қандайдир ўзгаришлар амалга оширилди. Кўпроқ ўзгаришлар Совет Иттифоқи даврида юз берди, чунки Совет Иттифоқи зўрлаб модернизация ўтказди. Бу қаттиққўллик билан ўтказилган модернизация эди, унинг доирасида СССР ҳудудининг ташқи дунёдан изоляцияси таъминланди. Модернизацияни амалга оширишнинг шартларидан бири шу эди. Бутун 70 йил ёки ундан камроқ вақт мобайнида Марказий Осиё ислом дунёсининг қолган қисми, жумладан, Афғонистондан темир парда билан тўсиб қўйилди.
Мана шу жойда йўлларимиз моҳиятан айри тушган эди. Яъниким, СССРда ўтказилган модернизация, нима бўлганидан қатъи назар, темирйўллар, тузилмалар, инфратузилма ва ҳк. қолдирди, яна у жамиятни ташкил этишнинг ижтимоий структурасини ўзгартирди. Аммо шу билан бирга, қайд этиш зарурки, ташкилий жиҳатдан биз, асосан, ўхшашмиз. Бугун Марказий Осиёда – Ўзбекистонда, Туркманистонда, Тожикистонда, Қирғизистонда ва Қозоғистонда – юз бераётган ўзгаришлар Афғонистонда сўнгги йилларда эмас, балки ўтган асрнинг 20–30–40-йилларида содир бўлган жараёнларни беихтиёр эсга солади. Яъниким, либерал ислоҳотлар ўтказиш, юқоридан пастга қараб модернизация қилиш, вазиятни ўзгартирмасдан сақлаб қолишга бўлган уринишлар Афғонистоннинг оғир тарихида кузатилган нарсалар эди. Айни дамда жамиятни ташкил қилиш асосида жамоа характери: қабилалар, жамоатлар, трайбализм (уруғ-аймоқчилик) туради.
Эслатиб ўтаман, 90 йил олдин Ўзбекистонда ҳам қабилалар сони жуда кўп бўлган ва бу жамият ҳаётида муҳим омил эди. Ҳозир биз бу маданий анъана кўринишида бор ёки йўқ экани ҳақида гапиряпмиз. Бу, албатта, бўлган ва айни дамда қайсидир шаклларда тикланмоқда, шунинг учун қўшниларимиз тажрибасини ўрганишимиз шарт, чунки улар бизга маълум бўлган ривожланиш босқичидан ўтган. Биз, биринчидан, бўлиниб кетдик ва шундан сўнг у ерда нималар юз бераётганини билмай қолдик. У ерда эса нафақат биз билмаган глобал талотумлар, дин билан боғлиқ жиддий ўзгаришлар юз берди, дин ҳам жойида тургани йўқ. Ислом дини – жуда мослашувчан диний тизим, у юз бераётган воқеаларга мослашувчан тарзда жавоб қайтаради, у ерда доимий ўзгаришлар юз бермоқда. У ерда нималар содир бўлганини билмаймиз. У ерда ижтисодий тузилмада жиддий ўзгаришлар юз берди.
Афғонистон ёки Эронда юз берган воқеалар биздан узоқда, деб ўйламаслигимиз керак. Бу маълум маънода бизнинг тарихимиз ҳамдир, бир вақтлар улар билан бир бутун бўлганмиз, чегаралар аста-секин йўқ бўлиб бормоқда. Улар тажрибасини ҳисобга олишимиз шарт. Албатта, ўрганиш керак, ҳатто солиштириб кўриш, ўхшаш жиҳатларни қидириш лозим. Ўз жамиятимизда ўзгаришлар ясашга уринаётган пайтимизда бу фойдали бўлиши шубҳасиз.