“Ўрдалар ва империялар” подкастидa Дамир Саттаров сухбатлашди.
Бугунги суҳбатимиз мавзуси глобал тарих оқимидаги Марказий Осиёни ўрганишга бағишланади.
Туркистон Мухторияти 1917 йил 28 ноябридан 1918 йил 22 февралига қадар замонавий Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида мавжуд бўлган ва ўзини давлат деб эълон қилган тузилма эди. У Марказий Осиё тарихидаги аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил этувчи энг биринчи демократик давлатлардан бири бўлган. Давлат пойтахти Қўқон шаҳри, расмий тиллар эса 5 та: ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва рус тиллари бўлган. Туркистон Мухториятини жадидлар билан қадимчилар ташкил этган бўлиб, у ўз парламенти бўлишини, ундаги ўринларнинг учдан икки қисмини мусулмон депутатларга, учдан бир қисмини эса мусулмон бўлмаган аҳоли вакилларига ажратишни режалаштирган эди. Аммо асосийси – у ташкил топаётган совет Россиясидан тўлиқ автономия – мухторият талаб қилган. Шунинг учун 1918 йил январида советларнинг Совет Россияси таркибига ихтиёрий қўшилиш тўғрисидаги дўқ билан қилинган талабига жавобан мухторият раиси Мустафо Чўқай совет ҳокимиятини тан олишдан бош тортади. Туркистон Мухториятини йўқ қилиш учун Москвадан Тошкентга Константин Осипов қўмондонлигида қўшинлар ва артиллерия ортилган 11 та эшелон етиб келади. Оқибатда болшевиклар Туркистон Мухториятини ташкил топганидан уч ой ўтиб-ўтмай йўқ қилади. Унинг ўрнини Туркистон АССР эгаллайди.
Туркистон Мухторияти ҳақида бизга “Туркистон Мухторияти тарихи” китоби муаллифи Саидакбар Аъзамхўжаев сўзлаб беради.
Аъзамхўжаев Саидакбар Саидович – шарқшунос, тарихчи, тарих фанлари доктори, профессор. 1970-1977 йилларда мактабни тугатгач, Тошкент Давлат университети (ТошДУ) Шарқ факультети араб факультетида шарқшунос-филолог, арабшунос мутахассисликларида таҳсил олди.
1977-1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида илмий ходим, катта илмий ходим бўлиб ишлаган. 1996 йилда “Туркистон мухторияти: озодлик ва истиқлол кураши (1917–1918)” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, тарих фанлари доктори илмий даражасини олган. 2002 йилда профессор илмий унвони берилган.
1997-1999 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг тарих, фалсафа ва маданиятшунослик кафедраси доценти, жаҳон ижтимоий-сиёсий тарихи кафедраси мудири лавозимларида ишлаган. 1999-2018-йилларда Тошкент ислом университети “Ислом тарихи ва фалсафаси” факультети декани, Маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори, “Демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти”, “Диншунослик” ва “Ислом тарихи ва манбашунослиги” кафедраси мудири лавозимларида ишлаган.
2018-йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси IRCICA “Ислом тарихи ва манбашунослиги” кафедраси профессори лавозимида ишлаб келмоқда. С.С.Аъзамхўжаев “Ўзбекистон тарихи”, “Ўрта Осиё халқлари этнологияси”, “Музейшунослик ва архив иши”, “Ислом маданияти ва санъати тарихи” ва бошқа фанлардан ўзбек ва рус тилларида маъруза ва семинарлар олиб боради. Илмий изланишлари 20-аср бошларида Ўрта Осиёда жадидчилик ҳаракати тарихи, ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнлар билан боғлиқ. Хусусан, унинг илмий ишлари 1917-1918 йилларда фаолият кўрсатган Туркистон мухторияти тарихига бағишланган.
Яхши маълумки, Туркистон Мухторияти тасаввур маҳсули ва жадидлар мафкурасини изчил интеллектуал ривожлантириш натижаси бўлган эди. Гарчи бизга маърифатпарвар жадидларнинг маданий ва таълимга оид мақсадлари маълум бўлса-да, уларнинг сиёсий мақсадлари нима бўлган? Ягона Туркистон ғояси қаердан пайдо бўлган –бутун ҳолича жадидларга тегишли эдими у ёки кўҳна орзу бўлганми?
Маълумки, жадидчилик Марказий Осиё минтақаси ижтимоий тараққиётининг ХIХ аср охири – ХХ аср бошидаги кескин бурилиш босқичида пайдо бўлган эди. Жадидчилик жамиятни янгилаш ва ислоҳ қилиш ҳаракати бўлган. Биринчи босқичда ҳаракат иштирокчилари мавжуд ижтимоий тизимни бошдан-оёқ ўзгартиришга ҳаракат қилмаган. Ижтимоий ҳаётнинг алоҳида соҳалари, энг аввало, таълимнинг маънавий соҳасини ислоҳ қилиш устувор вазифа ўлароқ кўринган. Ҳа, шуни ҳам қайд этиш жоизки, улар дунёқарашига Туркиядаги 1907 – 08 йиллардаги инқилобий ҳаракат ва 1912 йилдаги Эрон инқилоби таъсир кўрсатган. Айнан жамиятни ислоҳ этиш масалалари, айнан ислом динини ислоҳ қилиш билан боғлиқ масалалар, эркак ва аёлларнинг тенгҳуқуқлигига оид масалалар – булар барчаси ХХ аср бошида албатта кўтарилган. Аммо кейинчалик, айниқса, 1917 йилги феврал инқилобидан сўнг, монархия режими ағдариб ташлангач, бу ҳаракат сиёсийлашув йўлига ўтди. Бу ерда ишчилар, депутат аскарлар кенгашлари тузила бошлади ва ўша пайтда бу ғоялар жадидлар онгига кириб борди ва улар мана шу таъсир остида дастлаб ижтимоий ташкилотлар тузиш, сўнгра мусулмонларнинг сиёсий партияларини тузиш масалаларини ўртага ташлайдиган бўлди. Албатта, аста-секин Россия Федератив Демократик Республикаси таркибида автоном – мухтор республика тузиш ғояси илгари сурила бошлади.
Яъниким, ягона Туркистон ғоясини айнан жадидлар ҳаракатига тааллуқли деб айтишимиз мумкин, чунки ушбу ҳудудни Россия империяси босиб олгандан ва бу ерда мустамлакачилик режими ўрнатилгандан сўнг ўша пайтда зиёлилар ўз қарашларини, фикрини очиқ айта олмаслиги тайин эди. Илк жадид ташкилотлари ва жадидларники деб аталадиган биринчи газета “Тараққий” ташкил этилгандан – 1906 йил 27 июндан – сўнг шунақа имконият пайдо бўлди. Ўша пайтда жадидлар ҳам “тараққийпарвар” деб аталган. Улар газетасида “тараққий”, “тараққиёт” тушунчаси ҳақида ёзар эди. Айни чоқда шуни ҳам қайд этиш зарурки, ўша пайтда жадидлар чоп қилган газеталар қандайдир китоб дўконлари орқали эмас, қўлма-қўл тарқатилган, уларнинг чекланган адади бир қўлдан иккинчисига яширин тарзда узатилган, чунки улар эски ўзбек тилида араб алифбосида ёзилган. Бу давр монархия режими ҳукм сураётган 1905 – 1908 йиллар бўлган.
Албатта, жадидлар ҳаракатини, улар гапирган гапларни назорат қилиб турувчи цензура бор эди. Биз Ўзбекистон марказий архивида ишладик. У – жуда ноёб архив, у ерда жуда кўплаб ҳужжатлар сақланиб қолган – рус тилида битилган ҳисоботлар ҳам бор. Улар цензура қилувчи ташкилотлар ҳисоботларида газеталарни, газеталар муҳаррирлари, уларда қандай масалалар кўтарилаётгани ҳақида ёзилган. Шунинг учун ягона Туркистон ғояси қаердан: жадидлардан олингани ёки бу кўҳна орзу бўлгани ҳақидаги саволингизга жавоб бераётиб, албатта, Туркистон ғояси, ягона Туркистон ғояси жадидлар вақтида дунёга келган эди, деб айтишим мумкин. Кўпчилик мана шу ягона Туркистон ғоясини ўша замонда тушунмаган, чунки у вақтда Россия империясидан ажралиб чиқиш ва алоҳида давлат барпо этиш учун шароит бўлмаган. Шу билан бирга, Россия маъмурияти ва ҳокимияти бу масалага жуда қаттиқ қараган ва жараённи кузатиб борган.
1917 йил апрелидан ноябрига қадар Умумтуркистон мусулмонларининг 4 та қурултойи бўлиб ўтган ҳамда Туркистон Мухторияти барпо этилиши билан якун топган. Ўша қурултойлар ҳақида сўзлаб берсангиз. Жадидлар ва қадимчилар қандай бўлиниб кетган? Қандай ғоялар ва мақсадлар муҳокама қилинган? Туркистоннинг қуйи қатлам аҳолисини жараёнларга жалб этиш қандай кечган?
Ҳа, бу – жуда қизиқ ва муҳим савол. 1917 йил апрелидан ноябрига қадар – биз энди бир минг тўққиз юз ўн еттинчи йил воқеаларига ўтяпмиз – айтиб ўтганимдек, 1917 йилдаги Феврал инқилобидан ва монархия тизими ағдарилгандан сўнг советлар – кенгашлар ташкил қилинган. Энди кенгашлар, ишчилар кенгашлари тузилиши ғоясига келсак, дастлаб деҳқон депутатлар кенгашлари, кейинчалик бирлашган ишчи ва деҳқонлар депутатлари кенгашлари бўлган. Шунингдек, айни ғоя Туркистонга ҳам кўчиб ўтган. Бизда ҳам монархия тизими тор-мор этилгандан сўнг кенгашлар тузиш имконияти юзага келди. Ва кенгашлар демократия принципига эга, яъни ҳамма ушбу кенгашларга ўз депутатларини сайлаш ҳуқуқига эга бўлади, деган масалалар ўртага чиққан. Тарихий тадқиқотларга кўра, аввал Тошкентда, кейин Фарғонада, Самарқандда, Туркистонда тузилган кенгашларга мусулмон аҳоли вакиллари қўшилмаган. Мен маҳаллий аҳолини назарда тутяпман, тушуняпсизми? Ўша пайтда тараққийпарвар зиёлилар ўртасида ўз ташкилотларини тузиш ғояси пайдо бўлади. Апрел ойида Умумтуркистон мусулмонларининг биринчи қурултой бўлиб ўтди. Ушбу қурултойда, энди нима қилиш керак, монархия режимидан сўнг нима бўлади, кенгашлар нима дегани, ҳокимият тузилмалари қандай ташкил этилади, қабилидаги саволлар кўриб чиқилди. Унда “Шўрои исломия” деган ташкилот тузишга қарор қилинди. “Шўро” сўзи “кенгаш” маъносини англатади ва “мусулмонлар кенгаши” деб таржима қилинади. Тошкент шаҳрида апрел ойида шундай ташкилот тузилгани ҳақидаги хабар бошқа шаҳарларга ҳам ёйилиб кетди.
Ҳа, бу ерда жуда улкан ижтимоий ва сиёсий воқеалар юз берди. Дарвоқе, Россиянинг Қозон шаҳрида эса Умумроссия мусулмонлар қурултойлари ўтган ва унда Туркистон вакиллари, хусусан, Убайдулла Хўжаев қатнашган эди. Ўша қурултойларда Туркистон вакиллари қатнашганини намойиш этувчи архив суратлари бор. Бу қурултойларда ҳам, татар халқининг тақдирни нима бўлади, Россия халқининг тақдири нима бўлади, қабилидаги саволлар муҳокама қилинган. Ўша чоқда миллий мухторият тузиш ҳақидаги масала кўтарилган. Миллий-маданий мухторият ва миллий-ҳудудий мухторият тушунчалари бор. Албатта Россияда Россия ҳокимияти ушбу мамлакат тарқалиб ёки парчаланиб кетишини истамас эди. Шунинг учун улар бу ҳудудларни ўз таркибида сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан интилган. Ғоялар қандай бўлган, энди Россиянинг тақдири нима бўлади? Ушбу масалалар кўтарилган, турли партиялар: эсерлар, социал инқилобчилар партияси ва ҳк. ташкил топган. Сўнгра социал-демократлар партиясида болшевиклар ва меншевикларга бўлиниш юз беради. Албатта, Россияга нима бўлади, у қандай давлат бўлади, ушбу давлатни қандай бошқарув тизими идора қилади, деган бир савол кўпчиликни ўйлантирган. Ва албатта, кўпчилик Россия Федератив Демократик Республикасини ташкил этиш ғоясини мақуллаган.
“Федерация” тушунчасини нимани англатар эди? Бу федератив республика бўлиб, унинг таркибига, дейлик, автоном республикалар, бир қанча автоном миллий тузилмалар киради.
Албатта, айни масала Умумтуркистон мусулмонлар қурултойида ҳам кўтарилган. Сўнгра у апрел – июн ойларида ҳам кўриб чиқила бошлади ва иккинчи қурултой бўлиб ўтди. Албатта, шу ўринда жадидлар билан қадимчилар ўртасида бир қанча зиддиятлар келиб чиқади.
Қадимчалар ким бўлган? “Қадим” деган тушунча бор. Масалан, мен уларни анъаначилар, яъни эски анъаналарни сақлаб қолиш истаган кишилар, деб атайман. Жадидлар ва қадимчилар – жуда муҳим масала ва ҳозирги кунгача у кўриб чиқилмоқда ва ўрганилмоқда.
Жадидлар билан қадимчилар ўртасидаги зиддиятлар нимадан иборат бўлган? Жадидлар – ёш авлод вакиллари, қадимчилар эса янги давлат шариат қонунларига асосланиши шартлигини истаган ёши катта имомлар, қозилар, муфтийлар бўлган. Жадидлар қилган таклиф: “Ҳа, қайсидир маънода бу шариат қонунлари бўлиши мумкин, аммо Ғарб мамлакатларида бугунги кунда мавжуд янги қонунлар ҳам жорий этилиши шарт. Биз ҳар доим шариат қонунларига асосланган ҳолда яшай олмаймиз”. Мен фақат масаланинг бир жиҳатини айтдим. Аммо кўп жиҳатлар давлат бошқаруви масалалари билан боғлиқ бўлган. Бу ҳолат қадимчиларнинг “Шўрои исломия”дан чиқишига сабаб бўлган ва улар шундай деган эди: “Биз ёшлар билан бирга бўлмаймиз ва ўзимизиннг алоҳида ташкилотимизни тузамиз. Ва у “Шўрои уламо” деб аталди”. Аммо жадидлар ҳам, қадимчилар ҳам миллий-маданий эмас, миллий-ҳудудий Туркистон Мухториятини тузиш ғоясини қўллаб-қувватлаган. Татаристон билан Бошқирдистонда эса миллий-маданий мухториятлар тузиш масаласи кўндаланг турган, чунки бу давлатларо Россия империяси ичида бўлган. Туркистон чекка ўлка эди, шунинг учун у ердаги фаоллар миллий-ҳудудий мухторият тузилиши масаласини ўртага ташлаган, афтидан, алоҳида давлат тузишни назарда тутган. Улар яна бу ҳудудлар бир пайтлар алоҳида давлатлар бўлганини ҳам айтган. Мана шу нуқтаи назардан жадидлар билан қадимчилар ўртасида қандай зиддиятлар бўлганини кўриб чиқишимиз мумкин.
Туркистон халқларини бундай жараёнларга жалб этиш жараёни қандай кечган?
Мен айтиб ўтган ташкилотлар ўша пайтларда ташкил этилган. Газета ва журналларга асос солинган, одамлар маҳаллаларга бориб, тушунтириш ишлари олиб борган, чунки ўша пайтларда кўпчилик нималар бўлаётганини тушунмаган. Шу сабаб тушунтириш ишлари олиб борилган. У пайтда ҳали “Шўрои исломия” бутун Туркистонни қамраб олмаган эди. Аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борган шундай шаҳар мусулмон кенгашлари тузилган. Албатта, халқларни, аҳолини доимий тарзда эркин йиғиб туриш ва улар орасида бемалол тушунтириш ишлари олиб бориш имконияти бўлмаган, чунки айнан Тошкент кенгаши – Ишчи ва аскар депутатларнинг Тошкент кенгаши бу жараённи назорат қилиб, айнан тартибга солиб турган.
Улар биринчи ва иккинчи қурултойга йиғилади, кейинчалик сентябрда “Шўрои уламо” ҳам қурултойини ўтказгач, ўртага янги ғоя чиқади. Бу туркий халқларни бирлаштириш ғояси эди. Мусулмон иттифоқи деб аталган ташкилот, кейинчалик эса “Турк одами марказияти” тузилади, сўнгра Турклар партияси деб аталган бу ташкилот “Турон” деб номлана бошлайди, туркий халқлар бирлиги ғояси ўша даврда, август охири ва сентябр воқеалари даврида кўтарилган эди. Тошкент кенгаши мусулмон ташкилотларининг ҳаракат эркинлиги ҳокимият улар қўлига ўтишига олиб келиши мумкинлигини кўради.
Нега жадидлар ўзини Россия давлатининг бир бўлаги деб ҳисобламаган? Руслар билан солиштирганда, Туркистон ўлкаси аҳолиси ўзини иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳақлар жиҳатидан не қадар камситилган деб билган? Масалан, китобингизда мавжуд рус-тузем мактабларини миллий мактабларга айлантириш, тузем мактаблари ўқитувчилар маошини рус ўқитувчилари маоши билан тенглаштириш талаби ҳақида ёзилган. Туркистонликлар Европа болшевиклари буюк давлатчилик ўтмишидан воз кеча олмаслигини ўйлаб кўрганми?
Нега жадидлар ўзини Россия давлатининг бир қисми сифатида кўрмаган? Чунки аҳоли ўртасида Россия ушбу ҳудудларни босиб олгани, чунки у ердаги элиталар мустақил давлатларни тиклаш ва қуришни истаётгани ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилган. Яна бошқа воқеалар ҳам юз берган, Биринчи жаҳон уруши йилларида кўплаб йигитлар поездга ўтқазилиб, фронтга олиб кетила бошлаган. Айниқса, бу 1908 йилда, кейинчалик 1916 йилда йигитларнинг фронт орти ишларига мардикорликка олиб кетилишига кўпчилик қарши бўлиб, норозилик билдирган. Ҳатто айрим филмларда кўрсатилишича, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида кўплаб аёллар фарзандлари, эрлари ва болаларини олиб кетаётган поездни тўхтатиш учун темирйўлга ҳам чиққан. Яъниким, қарама-қаршилик бошланмоқда ва бир қатор қўзғолонлар кўтарилмоқда, улар ўша даврдаги Россия маъмурияти ўтказган сиёсатга қарши норозиликлар билдирмоқда эди. Шунинг учун жадидлар ўша тарихий даврда Россиядан тўлиқ ажралиб чиқиш масаласини ўртага олиб чиқмаган, чунки улар бу яхши оқибатга олиб келмаслигини тахмин қилган ва билган, шу важдан улар биринчи босқичда Россия Федератив Республикаси таркибида Туркистон автоном республикасини ташкил этиш масаласини кўриб чиққан. Албатта, қачон жадидлар ҳақида ёзсак, уларнинг мактаблар ташкил этиш ҳақидаги фаолияти ҳақида гапирамиз. Дастлаб улар илк мактабларни уйида ташкил қилган, масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий Самарқанддаги уйида мактаб очган. Мактаб нима дегани? Ўқувчилар мактабда ерда ўтирмаган, мадрасалардагига ўхшаб, парталар тайёрланган, яъни рус-тузем мактабларида, Россиядаги рус мактабларида шундай парталарни ва доскаларни кўриб, уларни ўз мактабларига ҳам кўчирган ва ўша мактабларда дунёвий фанларни ўқитган.
Албатта, айрим жойларда рус-тузем мактабини ташкил қилиш намунаси ҳам муҳокама этилган.
“Тузем” сўзи нимани англатган? У маҳаллий аҳоли, тубжой аҳолини билдирган. Албатта, бу рус мактаблари қайсидир даражада пуллик бўлган ва улар Тошкентда ва Фарғонада айнан ўша ерларга кўчиб келган рус тилли аҳоли фарзандларига мўлжалланган. Бой-бадавлат кишилар фарзандларини ўша рус-тузем мактабларига рус тилини ўрганиши учун берган. Рус-тузем мактаблари уларда турли миллатлар: руслар, ўзбеклар, қозоқлар ва бошқаларни ўқишини англатган. Сўнгра ўша рус-тузем мактабларини миллий мактабларга айлантириш масаласи кўтарилган, албатта, ушбу мактаблар ўқитувчилари маошни кўтариш масаласини кўндаланг қўйган, улар рус мактбалари ўқитувчилари билан тенг ойлик олишни талаб қилган, яъни тенгҳуқуқлилик масаласи кўтарилган.
Ўша пайтларда “тенглик, биродарлик ва тинчлик” ва бошқа шиорлар бўлганидан хабаримиз бор. Кейинчалик, совет даврида ўша шиорлар ҳамма жойга илиб ташланган эди: “Тинчлик, меҳнат, эркинилк, тенглик, бахт” дегандай, яъни тенглик, тенгҳуқуқлилик масаласи бош масалалардан бўлган: Туркистонда истиқомат қилаётган барча кишиларнинг, миллатидан қатъи назар, ҳуқуқи тенг бўлган.
Мен шу ўринда таъкидлаб ўтишни истаган бир нарса бор – Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз вақтида ёзган мақолаларидан бирида пулни таълим соҳасига сарфлаш кераклиги ҳақида ёзган эди. Муаллиф фикрича, дабдабали тўй қилиш, шахсий тадбирлар ўтказиш, ҳашаматли уйлар қуриш керак эмас. Пулни тежаш лозим. Уни қаерда бўлмасин – Туркистондами ёки Россиянинг бошқа шаҳарларидами, ҳатто бошқа чет эл шаҳарларидами – фарзандлар таълимига сарфлаш жоиз.
Биламизки, 1920 йилларда ота-оналар фарзандларини Германияга жўнатиб, у ерда Европа таълимини олишини истаган эди. Улар бу ерга қайтиб келиб, янги турдаги мактаблар очган, янги корхоналар ташкил қилган – булар барчаси Туркистон ривожига хизмат қилиши керак эди. У пайтларда Ўзбекистон ёки Қозоғистон бўлмаган. 1924 йили миллий давлатчилик чегараланиши даврида ушбу республикалар ташкил топган, ўша давр учун мустақил Туркистон давлатини яратиш ғояси ҳамон долзарб эди.
Туркистон Мухторияти Шўролар олдига қандай талабларни қўйган? Нега болшевиклар уни қабул қилмаган? Ахир, 1917 йил 2 ноябрида қабул қилинган “Россия халқлари ҳақлари декларацияси”да халқларнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш борасида ажралиб чиқиш ва мустақил давлатини ташкил этишгача бўлган ҳуқуқи тантанали тарзда эълон қилинган эди-ку.
Туркистон Мухторияти Шўролар олдига қандай талабларни қўйган? – деган жуда қизиқ савол бердингиз. Ҳа, 1917 йил 2 ноябрда – Октябр инқилобидан сўнг – жуда муҳим ҳужжат “Россия халқлари ҳақлари декларацияси”, Россия ҳудудида истиқомат қилаётган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи берилиши эълон қилинган эди. Ўша муҳим лаҳза етиб келди – 15 ноябрда Тошкентда ишчи, аскар ва деҳқон депутатлар кенгашининг ўлка қурултойи иш бошлади. Ушбу қурултойда тасдиқланган декларацияда айтилишича, ўлкада ишчи, аскар ва деҳқон депутатлар кенгаши ҳокимиятнинг олий органи бўлади, бундан буён у Туркистон ўлкаси халқ комиссарлари кенгаши – Совнарком деб аталадиган бўлди, унинг фаолиятини йўлга қўйишда Октябр тўнтаришини амалга оширган социалистик партиялар вакиллари иштирок этадиган бўлди. Ўша қурултойда мусулмонларни таҳқирловчи бир ҳолат юз берди: “айни пайтда мусулмонларни ўлка олий инқилобий ҳокимияти идораларига жалб этиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки тузем аҳолиси аскар ишчилар ва деҳқон депутатлар ҳокимиятига муносабати мутлақо аниқ эмас”. Бу ўринда тузем аҳолиси пролетар – йўқсилларнинг синфий ташкилотлари йўқлиги, уларнинг ўлка олий ҳокимияти идораларидаги вакиллиги олқишланиши назарда тутилган. Айнан ушбу қарор Шўроларга қаршилик кўрсатилишида муҳим рол ўйнади. Ўша пайтда шу тариқа сайланган ҳукумат – Халқ депутатлари ва халқ комиссарлари кенгаши таркибига ўлка маҳаллий аҳолиси аъзоларидан ҳеч ким кирмай қолди.
Мухторият масаласи – Россия таркибидан ажралиб чиқишни айтмаса ҳам бўлади – ушбу қурултой қарорларида ҳеч бир тарзда экс этмай қолиб кетди. Болшевиклар моҳиятан маҳаллий аҳолига нисбатан буюк давлатчилик, шовинистик, айтиш мумкинки, мустамлакачилик сиёсатига содиқ эканини намойиш этди. Улар миясига ўрнашиб қолган одатга кўра, маҳаллий аҳолини бегона, тузем деб аташни давом эттираверди. Маҳаллий аҳолига муносабат шунақа бўлган.
Шу ўринда Мустафо Чўқаев хотираларини келтиришни жоиз деб биламан. У китобида ёзишича, “зўравонлик билан ўрнатилган болшевиклар ҳокимияти туркистонликларнинг инқилобий ва озодлик шиорларига бўлган ишончини ўлдирди. Туркистондаги Совет ҳокимияти маҳаллий тубжой аҳолининг ҳокимиятдаги иштирокини бирваракайига рад этишдан бошланган эди”. У кейинроқ мана бундай деб ёзди: “Болшевиклар ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиши ва халқимизнинг сиёсий ҳақлардан маҳрум қилиниши бизни шошилинч тарзда чоралар кўриш ва ҳокимиятни ноқонуний эгаллаганларга халқ иродаси билан қарши туришга мажбур этди”.
Бугун аниқ бўляптики, маҳаллий рус инқилобий демократлари мухториятни Россия таркибидан ажралиб чиқиш деб билган, айни чоқда Туркистон миллий демократлари ўша тарихий лаҳзаларда уни мавжуд кўп миллатли давлат доирасида демократик ҳуқуқий ва федерал асосларга кўра ўз тақдирини ўзи белгилаш тарзида қабул қилган.
Сиз китобингизда жадидлар ўртасида бўлиниш унсурлари эрта пайдо бўлганини, таълим соҳасида чуқур ўзгаришлар ва дадилроқ сиёсий чиқишларга даъват этувчи тараққийпарварларнинг радикал оқими билан бирга диний таълимни ислоҳ қилишга асосий эътибор қаратган ва мўътадил сиёсий талабларни илгари сурган мўътадил оқим вакиллари пайдо бўла бошлаганини ёзгансиз. Ушбу бўлиниш ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз. Нега у чуқурлашди ва нега кучлар бирлаша олмади? Ушбу бўлиниш Туркистон Мухторияти муваффақиятсизликка учрашида асосий рол ўйнаган эдими?
Айтиб ўтганимдек, 1917 йил апрелида “Шўрои исломия” ташкилоти тузилган ва айтиш мумкинки, уни аҳолининг асосий қисми қўллаб-қувватлаган эди. Албатта, ўша пайтда Туркистоннинг бундан буёнги тақдири нима бўлишига оид муҳокамалар жараёнида ўртага саволлар чиққан: давлатни бошқариш тизими қандай бўлади? Ўша давлат раҳбарияти қаторига кимлар киради? Ва айни ҳолат бир қанча фикрлар пайдо бўлишига олиб келган. Кейинчалик қадимчилар “Шўрои уламо” – уламолар кенгашини ташкил қилади. Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишни истайман. Ўша даврда – 1917 йилда шаҳар думаларига сайлов бўлиб ўтаётган, сўнгра шаҳар думаларига ўтказилган сайловга асосланган ҳолда Давлат Думасига сайлов бўлиб ўтиши керак эди, зикр этилган шаҳар думаларига сайлов жараёнида Тошкент шаҳридаги аҳолининг аксарият қисми “Шўрои уламо”ни қўллаб-қувватлайди, чунки уламо имомлардан иборат эди. Ҳар бир маҳаллада, ҳар бир жойда имомлар ва қозилар сингари шахслар ва руҳонийлар бўлган. Одамларнинг уларнинг олдига келиб, оила билан, маҳалладаги қўшнилар билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги, у ёки бу масалани мусулмон ҳуқуқи, шариатга асосланган ҳолда қандай ечиш хусусида саволлар сўраб турган.
Улар, албатта, таниқли шахслар бўлган. Тошкент шаҳри думасига бўлган сайлов уламолар жамияти бошқа ташкилотлардан кўра кўпроқ овоз олганини кўрсатди. Аммо бошқа шаҳарлардаги вазият бошқача бўлди. У ерларда “Шўрои исломия” кўпроқ овоз олди. Аммо бутун Туркистон ҳудудида овозлар саналганда, маҳаллий аҳоли орасидан шаҳар думаларига делегатлар кам сайлангани аниқланди. Албатта, айни ҳол жадидлар билан қадимчилар ўртасидаги кейинги зиддиятлар юзага келишида муайян рол ўйнади. Аммо ишчи ва аскар депутатлар кенгашининг учинчи кенгаши ва учинчи қурултойи бўлиб ўтаётган пайтда Тошкентда “Шўрои уламо” раҳбарлигида Туркистон ўлкаси мусулмонларининг учинчи конференцияси очилади. Ўша конференцияга турли мусулмон ташкилотлари вакиллари ҳам таклиф этилади. “Шўрои исломия” ҳам конференция ишида иштирок этади, бу сиз билан гапираётганимиздай, анъаначилар билан либераллар ўртасида бўлиниш бўлганини кўрсатиб берди. Ўша конференцияда Туркистон ўлкаси халқ комиссарлари кенгашининг учинчи қурултойи делегатларига коалицион ҳукумат тузиш тўғрисида мурожаат этиш хусусида қарор қабул қилинади, унга турли ташкилотлар, жумладан, мусулмонлар ташкилотлари вакиллари кириши керак эди. Аммо сўл эсерлар ва болшевиклар бу таклифни рад этади, чунки улар раҳбариятида эски коммунистларнинг ўрни салмоқли бўлган. Шу тариқа Туркистон халқ комиссарлари кенгашининг илк таркибига маҳаллий миллатлар вакиллари кирмай қолади. Мана шу ҳол ҳам муҳим рол ўйнаган.
Энди биз Туркистон Мухторияти қандай тузилгани, қандай эълон этилгани, мусулмонларнинг тўртинчи фавқулодда ўлка қурултойида қандай қарорлар қабул қилингани масаласига келяпмиз.
Улар Тошкентда мусулмонларнинг фавқулодда умумий қурултойини чақира олмаган, чунки у ерда Халқ комиссарлари кенгаши (ХКК) тўлиқ назорат ўрнатган эди. Улар кўчишга мажбур бўлади. Тасаввур қиляпсизми, у пайтларда автомобиллар бўлмагани учун отларда Қўқонга кўчади ва ўша ерда 26 ноябрда қурултой иш бошлайди. Унда 200 га яқин делегат иштирок этади. Делегатлар бу қурултойда ўз истагига кўра иштирок этмаган. Таъсис мажлисида депутатлар, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган шахслар сайланган.
26 ноябрдан 27 ноябрга ўтар кечаси депутатлар ишлаб, ҳужжатларни қабул қилган ва қабул қилинган қарорлар эълон этилган, қурултойда нималар ҳақида гапирилганидан ўша ҳужжатлар далолат беради. “Биз коалицион ҳукумат тузиш ҳақида гапирдик, аммо улар бунинг ўрнига кенгаш тузди ва биздан, ташкилотларимиздан бирор кишини унга киритишмади. Биз энди Туркистон Мухторияти тузилганини эълон қиляпмиз”. “Мухторият” сўзи араб тилидан таржима қилинганда, “танланган” деган маънони билдиради, аммо у “автономия” деб ўгирилди ва янги тузилма Туркистон Мухторияти деб аталди. Ўша воқеалардан сўнг, 60 – 70 йилларда ёзилган айрим тарихий китобларда у Қўқон Автономияси деб аталди. Бу нотўғри ёндашув эди. Ҳа, барча тадбирлар Қўқонда бўлиб ўтган, аммо тузилма номи “Туркистон Мухторияти” эди. Эллик тўрт кишидан иборат муваққат халқ кенгаши ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи вакиллик органи, ўн икки кишидан иборат муваққат ҳукумат ижро ҳокимияти бўлиши керак эди. Тушуняпсизми, қурултойга қадар муайян қарорлар қабул қилинган, муваққат ҳукумат тузилиши масаласи келишиб олинган. Нега айнан муваққат ҳукумат? 1918 йил йил мартида сайлов ўтказиш, сайланган делегатлар таъсис мажлиси ўтказиши ва унда қурултой қарори тасдиқланиши, 1918 йил 24 мартида умумий, тўғридан-тўғри, тенг ва яширин овоз бериш йўли билан парламент тузилиши режалаштирилган. Парламентдаги жойларнинг 2/3 қисмини мусулмон депутатларга бериш мўлжалланган, 1/3 қисми эса мусулмон бўлмаган аҳоли вакиллари учун кафолатланган. Ўша қурултойда мустақиллик декларацияси қабул қилинган. Мен ҳозир унинг тўлиқ матнини очиқлай олмайман, аммо унда мусулмонлар қурултойи Россия Федератив Демократик Республикаси таркибида миллий-ҳудудий мухторият эмас, Туркистон миллий-ҳудудий мухториятини тузиш эълон қилинган. Энг муҳими, ўша декларацияда Туркистон ҳудудида истиқомат қилаётган барча халқлар ва миллатларнинг ҳақлари таъминлаб берилиши айтилган.
Мухторият қандай йўқ қилинганини гапириб берсангиз. Қарорни ким ва қандай қабул қилган? Нега бунинг учун ҳарбий йўл танланган?
Йўқ қилиш дейсизми? Албатта, бу қурултой қарори ёқмагани етмаганидай, уни Халқ комиссарлари кенгаши ҳам қабул қилмади. Шу ўринда эътибор қаратиш зарур бўлган бир жиҳат бор: Туркистон Мухторияти 2 ярим ой мавжуд бўлгандан сўнг ўртада икки ҳокимият: Тошкентда Халқ комиссарлари кенгаши ва Туркистон Мухторияти ҳукумати вужудга келди. Ўрта музокаралар бошланди. Илк бош вазир ёки вазир – раис ички ишлар вазири этиб бир вақтда Муҳаммаджон Тинишпаев сайланганини эслатиб ўтмоқчиман. Бош вазир ўринбосари, вазир – раис ўринбосари, ташқи алоқалар иш бошқарувчиси этиб Мустафо Чўқаев сайланган. Чанишев ҳарбий кенгаш раиси, ҳарбий вазир, Убайдулла Хўжаев эса халқ милицияси ва ижтимоий хавфсизлик бошлиғи, Юргули Агаев ер қурилиши, ер тузилиши ва сувдан фойдаланиш вазири ҳамда Обиджон Маҳмудов озиқ-овқат вазири бўлган. Ўша ҳукумат таркибига турли миллат вакиллари: ўзбеклар, қозоқлар, яҳудийлар ва татарлар кирган, дастлаб ҳукумат таркибига 8 киши сайланган, 4 та ўрин эса Туркистон ҳудудида истиқомат қилган бошқа миллатлар вакиллари, бошқа ташкилотлар вакилларига, токи ўша ташкилолар вакиллари ўз вакилларини сайлаш имконига эга бўлсин, деган мақсадда қолдирилган. Шунда муваққат ҳукумат 12 кишидан иборат бўлиши керак эди.
Тошкент билан Қўқон ўртасида музокаралар олиб борилади. Қўқон ҳукумати энди ҳокимият Туркистон Мухтор Республикасига берилиши шартлигини айтади. Тошкент кенгаши бунга қарши чиқади. Мен ҳатто бир ҳужжат билан танишган ҳам эдим. Ўша пайтда миллатлар масалалари бўйича халқ комиссари бўлган Сталин номига телеграмма юборилади. Ўша телеграммада Туркистонда икки ҳокимиятчилик вужудга келгани, яъни Қўқонда қарор топган ўлканинг фавқулодда мусулмонлар кенгаши аксарият мусулмонлар қўллаб-қувватлаётган ҳукуматни сайлагани айтилган. У ёқдан Сталин имзоси билан қисқача мазмуни қуйидагича жавоб келади: “Биз буржуазия автономиясини эмас, пролетар автономиясини қўллаб-қувватлаймиз”. Сталин бу билан Туркистон Мухториятини ҳар қандай йўл билан йўқ қилиш шарт эканини билдиради. Яна музокаралар бошланади. Ўртада яна бир воқеа юз беради – Тошкентда одамларнинг йирик йиғини бўлиб ўтади. Ўша йиғинган Қўқондан келганлар шундай деган эди: “Биз мухтор республика тузилганини эълон қилдик ва бизни қўллаб-қувватлашингизни илтимос қиламиз”. Ўша одамлар 13 декабрда эски шаҳардан қуйидаги сўзларни қичқириб айтиб, ҳаракатлана бошлайди: “Яшасин Туркистон Мухторияти! Яшасин Туркистон Автономияси! Биз уни қўллаб-қувватлаймиз!” Тошкент шаҳрини биладиганлар яхши билади, одамлар Чорсу бозоридан Ўрта томон юрган ва Ўрда кўприги эски шаҳар билан янги шаҳар ўртасидаги чегара бўлган ўша пайтда. Оломон Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлашини, ўзи ушбу мухториятни сайлагани ва ҳк.ни Халқ комиссарлари кенгашига етказиш учун юриш қилган, Халқ комиссарлари кенгаши эса Тошкентнинг янги шаҳар қисмида жойлашган эди. Улар ўша кўприкка етиб келган пайт оломонга қарата ўқ отила бошлайди. Маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг ғазаб отига минган халқ оммаси шаҳар янги қисми томон юриш қилади. Аммо ўқ отила бошлагандан сўнг улар ортига қайтади. Бу Туркистон Мухториятини йўқ қилиш учун ташланган яна бир қадам эди. Айтганча, 13 октябрда қозоқ зиёлиларининг қурултойи ўтаётган эди, 1917 йил 13 ноябрда Алашўрда Мухторияти эълон қилинди. Воқеалар шу тариқа бир-бирига тўғри келиб қолган эди, декабр – январ ойларида музокаралар бўлиб ўтади. Мустафо Чўқаев бош вазир бўлган, Тинишпаев эса Алашўрда Мухторияти ҳукумати таркибига таклиф этилган эди. Мустафо Чўқаев музокаралар вақтида мана бундай тушунтириш беради: “Йўқ, бизни халқ сайлади. Сиз эмас, бизни халқ сайлади. Сизни эса халқ сайлагани йўқ”. Аммо марказдан ҳар қандай йўл билан йўқ қилиш тўғрисидаги топшириқ келгани Тошкентдан ҳарбий эшелон жўнатилишига сабаб бўлди. Фарғона орқали етиб борган 11 та эшелон Қўқон шаҳрини ўраб олади ва 11 та тарафдан тўплар ўрнатилади. Дастлаб Туркистон Мухториятидан таслим бўлиш талаб қилинади. Аммо улар қатъий мавқени эгаллаб, бу талабни рад этади. Шундан сўнг шаҳарни тўпга тутишга буйруқ берилади. Қўқон шаҳри 11 тарафдан ўққа тутилгандан юз берган вайронагарчиликларни тасдиқловчяи архивдан олинган суратлар бор. Шу тариқа ҳукуматнинг айрим аъзолари ҳам ўлдирилади. Бошқалари эса Қўқондан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Мақсад ҳамма нарсани ташлаб кетиш эмас, вазиятдан чиқиш бўлган эди. Бунинг оқибатида аксил-совет ва аксил-болшевик амаллар бошланиб кетиб, тарихга босмачилик ҳаракати сифатида киради. Икки ярим ой мобайнида Туркистон Мухторияти армияси тузилмади, шунинг учун халқ қўзолон кўтариб, қўлига қурол олди ва айнан Туркистон мухториятини йўқ қилишга йўналтирилган ҳаракатлар босмачилик қаршилик кўрсатиш қуролланган ҳаракати келиб чиқишига сабаб бўлди. 19 февралда Туркистон Мухторияти ер билан яксон қилинди, деб ҳисобланади, аммо Туркистони мухторияти ғоялари сақланиб қолаверган. 1918 йилда марказий ҳукумат, Халқ комиссарлари кенгаши қарор қабул қилади: “Агар сизга мухторият керак бўлса, майли, сизга мухторият яратиш имконини берамиз, аммо у фақат совет мухторияти бўлади”. 1918 йил апрелида Туркистон Автоном Совет Республикаси ташкил этилади.
Кўпчилик Туркистон мухторияти тор-мор этилиши билан 1917 йил декабрида Оренбургда қозоқ миллатчи демократлари ташкил этган ташкил Алаш Мухторияти ҳукумати ўртасида ўхшашликни кўради. Туркистон Мухторияти анча олдин тор-мор этилади, Алаш эса яна икки йил яшайди. Бу ердаги ўхшашлик ва тафовут нималардан иборат? Алаш Мухторияти ташкилотлари Туркистон воқеаларидан сабоқ чиқарган эдими?
Албатта. Айтиб ўтганимдек, 1917 йил 5 – 12 декабрда Оренбургда умумқозоқ қурултойи бўлиб ўтган. Тарихий адабиётларда у шундай деб аталади. Алаш Мухторияти эълон қилинган умумқозоқ қурултойида унинг ҳукумати сайланди ва Алашўрда деб аталди. Оренбург ҳарбий округи делегатлари бошқирдлар вакиллари, маҳаллий мусулмон ҳарбий кенгаши вакиллари ва бошқалар ушбу юқори масжлисни олқишлади. Ўша қурултойда, тушунишим бўйича, Букеев Ўрдаси, Урал, Тўрғай, Оқмўла, Еттисув ва Сирдарё вилоятлари, сўнгра қозоқлар истиқомат қилаётган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари таркибида миллий-ҳудудий мухторият ташкил этиш юзасидан қарорлар қабул қилинди. Яна келиб чиқиши қайсақ-қирғиз бўлган аҳоли бўлиб, улар Россиянинг зикр этилган жанубий ҳудудларида тарқоқ бўлиб яшаётганди. Яъниким, Туркистон Мухторияти ҳудудида яшаётган барча халқлар ҳуқуқи битта қонун билан ҳимояланиши керак эди. Аммо, афтидан, қозоқ – биз ҳали қозоғистонлик деб айтмаяпмиз – қозоқ ва қирғиз аҳоли Қозоқ Автоном Республикасини ташкил этиш масаласини кўтарган. Ўша қурултойда яна қайсақ ва қирғиз вилоятларига Алаш номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинади. Алаш автоном вилоятлари ҳудуди ер юзаси, сув ва ер остидаги бойликлар Алашга тегишли, яъни мен санаб ўтган ҳудудлар Алаш автоном республикасига кириши керак эди.
Албатта, бу ўринда Туркистон мухторияти тажрибаси муайян рол ўйнаган, чунки ушбу мухторият декабрда тузилган бўлиб, февралга қадар давом этган эди, яъни ўша пайтда 2 та республика: Туркистон ва Алаш республикалари мавжуд бўлган.
Алаш Республикаси тарихини, Алаш Республикаси билан марказ – Халқ комиссарлари кенгаши ўртасидаги муносабатларни тадқиқ қилиш – алоҳида мавзу.
Умуман, улар ўртасидаги ўхшашлик ва тафовут нималардан иборат бўлган? Ўхшашлик шундаки, Алаш Республикаси ташкилотчилари Туркистон Автоном Республикаси ҳужжатлари билан таниш бўлган. Айтиб ўтганимдек, у ерга Муҳаммаджон Тинишпаев таклиф этилган, чунки у ҳам юридик, ҳам иқтисодий жиҳатдан катта тажрибага эга бўлган шахс эди. Шу сабаб у ҳам Оренбургда бўлиб ўтган қурултой ҳужжатларини тайёрлаш ва тасдиқлаш масаласида муҳим рол ўйнаган. Қурултойда етакчи сифатида Алихон Букейхонов иштирок этган. Унинг ишига Азимхон Кенасарин, Маржақип Дулатов ва бошқа шахслар раҳбарлик қилган. Ўхшашлик шундаки, бу ерда ҳам Алаш Ўрда деб аталган муваққат ҳарбий кенгаш 25 кишидан иборат бўлиши, шундан 10 та жой қирғиз-қайсақлар орасида яшаган руслар ва бошқа халқларга тақдим этилган. Алаш Ўрданинг жойи сифатида вақтинча Семипалатинск танланган.
Тафовутлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар, биринчидан, ҳудудий жойлашув билан боғлиқ бўлган. Иккинчидан, ўша ҳудудларда яшаган бу халқларнинг ҳаёти, урф-одатлари, анъаналари ва динлари масалаларини ечишга бўлган миллий ёндашувда ҳам бор эди бу тафовут. Аммо энг асосийси, мунимча, бугун Қозоғистон Республикаси тарихи учун муҳимдир. Айнан улар Алашўрда Мухторияти ташкил этилишини, бу қандай юз берганини, ўша мухториятни ташкил этишда қайси жиҳатлар ҳисобга олинмагани ва бошқалар ўрганмоқда. Улар олдида ҳам ушбу 2 та республика ўртасидаги ўхшашлик ва тафовут масалаларини ўрганиш турибди. Туркистон мухториятида ўша пайтда фақат унинг таркибига кирган ҳудудлар устидан назорат ўрнатиш тахмин қилинган эди, чунки бу ерда яна 2 та қўшни давлат тузилмаси бўлган. Булар Бухоро Амирлиги ва Хива Хонлиги эди. Аммо бошқа ёндашув ҳам бор. Айрим тарихчилар Туркистон, Хива Хонлиги ва Бухоро Амирлиги ҳудудларини Туркистон ўлкаси сифатида олиб, масалага кенгроқ қарайди. Шунинг учун, назаримда, Туркистон Мухторияти ва Алашўра Мухторияти ташкил этилишини шу тарзда солиштирадиган бўлсак, айнан ўша автоном республикани ташкил этишдаги ўхшашликни кўриш мумкин. У ҳам автоном-маданий эмас, миллий-ҳудудий автономия деб эълон қилинган.
Ўзбекистон мустақиллиги байрамида бутун мамлакатга ягона Туркистон қасидаси бўлмиш “Гўзал Туркистон” қўшиғи янгради. Туркистон Мухториятини демократик давлат намунаси сифатида тавсифлаш мумкинми? Туркистон Мухторияти тарихидан қандай муҳим сабоқлар чиқариш мумкин?
Ҳа, биз жуда муҳим жиҳатни тилга олдик. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси ташкил топганининг 31 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан концерт уюштирилди. Бугун биз тарихчилар ҳар бир тарихий даврда умуммиллий ғоя бўлган деб ҳисоблаймиз. Бугунги миллий ғоя – янги Ўзбекистонни барпо этиш. Бугун яна тарихимизда Биринчи ренессанс (VII – VIII асрлар), Иккинчи ренессанс (XIV – XVI асрлар) бўлган, бугунги кунда Учинчи ренессанс қайта туғиляпти, деган қараш бор. Ғоя бор, умумий ғоя бор, сўнгра бу ғояга ҳамма нарса бориб тақалади. Ўша байрамда “Гўзал Туркистон” қўшиғи куйланди. Унинг шеъри муаллифи – Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, шеър Туркистон Мухторияти ташкил этилгандан, совет даврида 1924 йилда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил топган ва СССР таркибига киргандан сўнг ёзилган. Қайта қуриш даврига келиб, 1985 йилдан бошлаб, ошкоралик, қайта қуриш даврида Совет Иттифоқида давлатчилик масалаларини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқи берилган эди. Ошкоралик масалалари очиқча кўтарила бошлади. СССР ташкил топган дастлабки даврларда қабул қилинган кўплаб ҳужжатлар, марказ, марказий ҳукумат қарори билан келишмаган кўплаб шахслар қатағон қилинган. Нима учун? Айнан мустақил давлат қуришга уринишлари учун. Албатта, Туркистон Мухторияти тажрибаси, Туркистон Мухториятини ташкил этиш тажрибаси ҳам мустақил давлат қуриш тажрибаларидан бири бўлган.
Ҳукумат таркибига кирган, Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаган ва ўша воқеалар қандай юз бергани ҳақидаги тўғри нарсаларни ёзиб қолдирган кишилар кейинчалик қатағон қилинган. Булар – ўрганишни талаб қиладиган алоҳида масалалар.
Маҳмудхўжа ушбу тадбирда саҳнага чиқиб, “Яшасин Туркситон Мухторияти!” деб айтиши мумкин бўлар ва бу “Яшасин Ўзбекистон!” деган маънони англатар эди. Сизларнинг Қозоғистонда ҳам бундай тадбирлар ўтказилиб туради ва уларда “Яшасин Қозоғистон!” деб айтилади. Шунинг учун бугун ҳам Туркистон Мухторияти тарихи долзарб.
Туркистон Автоном Республикаси яратилишининг ҳаққоний тарихи қандай бўлган? Албатта, бу 20- ва 30-йилларда қатағон қилинган шахсларнинг обрўсини тиклаш билан боғлиқ бўлади. Биз ўтмиш тажрибасидан келиб, ҳар доим халқ ва одамларнинг фикрини ҳисобга олишимиз шарт. Бугун биз XXI асрда яшаяпмиз ва албатта, у – бутунлай бошқа вақт. Ҳамма нарса радио, телевидение ва интернетда очиқ гапирилмоқда. Шунинг учун аллақандай ноқулай ёки, дейлик, олдиндан айтиб бўлмайдиган вазиятлар келиб чиқмаслиги учун ҳар йили Қозоғистон сингари мустақиллик байрамини нишонлаймиз. Албатта, улар ҳам ўтмишда мустақил давлат барпо этишга йўналтирилган масалаларни кўриб чиқмоқда.
Яшасин нафақат Марказий Осиё минтақаси, қолаверса, бутун дунё давлатлари ўртасидаги халқлар дўстлиги!