Муаллифлар: Доминик Флейтманн, Жон Ҳалдон, Раймонд С. Брэдли, Стивен Ж. Бернс, Ҳай Ченг, Р. Лоуренс Эдвардс, Кристоф К. Райбл, Мэтю Жейкобсон, Алберт Маттер
Арабистонда милодий VI асрнинг биринчи ярмида 525 йилга қадар етакчи бўлган давлат Ҳимяр ҳалокатга учради. Шундан сўнг муҳим ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар юз берди ва улар арабларнинг асосий давлатлари таназзулига сабаб бўлди. Биз ушбу илмий мақолани таёрлаш жараёнида Арабистоннинг жанубий қисмидаги гидроклимат (сувнинг иқлимга таъсири), жумладан, Ўмон шимолидаги сталагмитлар (ғор тагида ҳосил бўлиб, юқорига ўсадиган конуссимон оқиқ-томчи (кўпинча оҳактошли) ҳосилалар) бўйича аниқ янги ёзувдан фойдаландик. Бу ёзувлар милодий VI аср давомида мисли кўрилмаган қурғоқчилик бўлганини, энг кучли қурғоқчилик милодий 500 – 530 йилларда сақланиб турганини кўрсатади. Тахминимизча, бундай қурғоқчилик Ҳимяр давлати барқарорлигига путур етказган ва шу тариқа ижтимоий ўзгаришларга туртки бериб, унинг оқибатида ислом дини пайдо бўлган.
Ҳимярлар подшолиги Арабистонда милодий III аср охиридан VI аср бошига қадар ҳукмрон давлат бўлган. Унинг милодий VI аср давомида таназзулга юз тутиши Арабистонда исломдан олдинги қабилалар устидан ҳукмрон давлатларнинг 1400 йиллик даврига якун ясади, бироқ унинг инқирози сабаблари ҳалигача баҳсли бўлиб қолмоқда. Ҳимяр давлати таназзули сиёсий тартибсизликлар, ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар, аҳоли манзиллари андазаси ва демография тузилмаси ўзгариши, шунингдек, асосий ирригация тизимлари инқирози тарзида намоён бўлди. Ҳимярни милодий 525 йилда Аксум давлати (ҳозирги Эфиопия) истило қилиши ва унинг ички ишларига Бобил ва Сосонийлар империялари тез-тез аралашиб туриши милодий VI аср давомида чуқур ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларга эш бўлди. Ушбу ўзгаришларни тушунтириб бериш ижтимоий ва сиёсий омилларга таянади. Қурғоқчилик бу ўзгаришларга туртки бергани эса Ҳимяр билан Арабистон минтақаси жануби қурғоқчиликдан тез зарар кўрувчи бўлганига қарамай, инкор қилинади, ваҳолонки, улар иқтисодиёти лалмикор ва суғориладиган деҳқончиликка асосланган.
Жанубий Арабистондан олинган ўта тиниқ ва санаси аниқ палеоклиматик (тарихдан олдинги давр иқлимига оид) ёзувлар йўқлиги қурғоқчилик Ҳимяр давлати таназзулига сабаб омил бўлгани ёки бўлмаганини баҳолашш имконини бермади. Биз бу ерда кескин ва давомли қурғоқчилик VI асрда Арабистон жанубида юз берган ўзгаришларни келтириб чиқарган муҳим омил бўлганини кўрсатиш учун бу ўринда Яқин Шарқ ва Шарқий Африкадан олинган гидрологик, тарихий ва археологик ёзувларни Шимолий Ўмондан олинган қишки ва баҳорги ёғингарчиликлар ва ўсимликлар учун мавжуд намликнинг янги сталагмит ёзувини бирлаштирамиз. Шимолий Ўмондаги Ҳоти ғоридан олинган H12 сталагмитида тарихнинг мана шу ўта мушкул даврини қамраб олувчи санаси аниқ гидроклиматик ёзув бор. Шимолий Ўмон ва Арабистоннинг аксарият қисмида ёмғир, асосан, Ўрта ер денгизи фронтал тизимларидан ҳосил бўлиб ёғади, айни чоқда ёзги муссон ёмғирлари фақат Ямон ясси тоғлиги ва Жанубий Ўмонга инади. Ёз пайтидаги момоқалдироқлар ва тасодифий циклонлар ёғингарчиликнинг қўшимча манбалари ҳисобланади. Минтақадаги ёғингарчилик миқдори йилига 50 – 255 мм бўлади ва у қишда, баҳорда (йиллик ёғингарчиликнинг 65 фоизи) ва ёзда ёғади. Ушбу тадқиқот учун муҳим бўлган жиҳати шуки, ёмғир ёғишидаги ўзгаришлар, айниқса, кескин қурғоқчилик пайтида жанубий Арабистонда доимий бўлиб, улар кўпинча минтақадан ташқари ерларга ҳам хос бўлади.
Умуман, Яқин Шарқдан олинган гидрологик ёзувлар милодий 480 йилдан бошлаб қишки ва баҳорги ёғингарчиликлар камлиги ва ўсимликлар учун мавжуд намликнинг анча-мунча пасайиши билан боғлиқ қурғоқчиликдан далолат беради.
Умуман, Арабистон ва шимоли-шарқий Африкадаги ўртача ёғингарчиликлар миқдори милодий VI асрда энг паст даражага етади ва қурғоқчиликнинг энг оғир шароити 500 ва 530 йиллар оралиғида сақланиб қолади.
Жанубий Арабистондаги қурғоқчилик энг авжига чиққан даври билан Ҳимяр давлатининг қўққисдан таназзулга юз тутиши иккала ҳолатнинг бир вақтда содир бўлиши ўртасида эҳтимолий сабаб ва оқибат боғлиқлиги мавжудлигини кўрсатади. Подшоҳликнинг марказлаштирилган сиёсий тизимига ва унга бўйсунувчи қабилаларга эга бўлган Ҳимяр давлати жанубий ва марказий Арабистонда ҳукмрон куч бўлган. Гарчи мушки анбар ва маъданларнинг халқаро савдоси даромаднинг асосий манбаси бўлса-да, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳам марказий, ҳам минтақавий иқтисодиётларнинг аксарият қисмини ташкил қилган. Баланд тоғ этакларида кенг тарқалган зинапоя кўринишидаги деҳқончилик қилинган майдонлар (терраса), чўл чеккасидаги кўп сонли суғориш тизимлари ва милодий I ва IV асрларда гидротехника иншоотларининг жиддий тарзда кенгайтирилгани қишлоқ хўжалиги ўша давр иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаганидан далолат беради. Масалан, тўғонлар Ҳимяр ҳукмдорлари ҳокимият юргизгани рамзи ва воситаси бўлган – ёзувлар шуни кўрсатмоқда. Тўғонлар ва зинапоя кўринишидаги деҳқончилик қилинган майдонлар ёғинни йиғиш ва сув оқиб тушиши (“сув оқиб тушишига асосланган суғориш”) учун лойиҳалаштирилган, чунки сув энг чекланган қишлоқ хўжалиги ресурси бўлган. Зинапоя кўринишидаги деҳқончилик қилинган майдонлар тузилиш жиҳатидан умумийлиги адир қиялигидаги барча зинапояли ерларнинг бутун бошли тизимига тегишли тартибда хизмат кўрсатишга боғлиқ бўлган, тўғонларга эса доимий таъмир зарур эди, бунга эса фақат яхши ташкил этилган иш кучи ва барқарор жамият қодир эди. Бундан ташқари, барқарор жамият ва уни назорат қила оладиган сиёсий тузилма, айниқса, қурғоқчилик ҳукм сурган йилларда сув билан боғлиқ можаролар кўпайиб кетган пайтда сувни суғориладиган ерларга тўғри тақсимлаш учун ўта муҳим бўлган. Ҳимярнинг қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши ёғингарчиликларнинг изчил цикли ҳамда баҳор ва ёздаги 2 та ёмғир мавсумига боғлиқ эди. Ушбу омиллар биргаликда Ҳимярни қурғоқчилик олдида заиф қилиб қўйган ва қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пастлиги Ҳамярнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий барқарорлигига, шунга кўра, барча сув йиғиш иншоотлари тегишли тартибда бошқаришига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Шу тариқа, бутун Арабистонда V аср охири ва VI аср бошида ёғингарчилик миқдори ва ўсимликлар учун мавжуд намликнинг кескин ва давомли тарзда камайиб кетиши жиддий тангликка солувчи омилга айланиб, Ҳимярнинг ички ва ташқи ижтимоий, иқтисодий ва жуғрофий-сиёсий можароларга, айниқса, христиан динига мансуб аксумийларнинг Қизил денгиз ва Форс кўрфази бўйларидаги фойда келтирувчи савдо йўлларини назорат қилиш борасидаги уринишларини даф қила олиш қобилиятига путур етказди. Бундай танглик милодий 530-йилларнинг охирига мансуб дастлабки маълумотларда қайд этилган антик даврдан кейинги Кичик муз даврини бошлаб берган глобал совишнинг эҳтимолий оқибатлари таъсирида янада чуқурлашган бўлиши мумкин.
Милодий 480-йиллардан бошлаб, Ҳимяр бир қатор муаммоларга дуч келади. Кўпинча иудаизм ёки христианликка жон-жаҳди билан берилган диний тарафкашлик рақиб ҳукмрон уруғлар ўртасидаги ички можаролар аксумийларнинг милодий 518 – 530 йиллардаги босқинлари сабаб янада кескинлашиб кетади ва Ҳимярнинг вассал сифатида мақомини янада пасайтириб юборади. Сўнгра аксумий генерал Абреҳа раҳбарлигида ҳимярийлар ҳокимияти қисқа муддатга тикланади, бунга 530 ва 545 йиллар оралиғидаги қишки ва баҳорги мавсумда ёғингарчиликлар миқдори қисқа муддат ошгани сабаб бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо бу янги режимдан ҳимярийларнинг Яман ва Ҳадрамаутдан ташқаридаги сиёсий ҳукмронлигини тиклаш учун 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида камида 4 марта юриш қилиши талаб этди. Бунинг кейинги аломатларига қурғоқчилик сабаб минтақа орқали Эрон ва ва Бобил назоратида бўлган Сурия ва Ироққа, шунингдек, Яман ва Ҳадрамаутга кўчиш, Мариб тўғонини нормал ҳолатда ушлаб тура олмасликка оид исботлар киради. Айни ҳолатлар милодий 580 йилда тизим таназзулга юз тутишига ва милодий 600 йилда бутунлай барбод бўлишига олиб келади (воқеа шунчалик муҳим бўлганки, у ҳақда Қуръони каримда ҳам эслаб ўтилади[1]). Ҳимярийлар ёзувларининг милодий 599 йилдан сўнг йўқ бўлиб кетиши ҳам сиёсий ҳокимият ўрнатилган тартиб қулаганидан далолат бериши мумкин. Тахминан 570 йилдан бошлаб, Ҳимяр форслар ҳукмронлиги остига ўтади ва амалда мустақил давлат сифатида йўқ бўлиб кетади.
Ҳимяр давлатининг милодий 480 йилдан бошлаб заифлашуви ва уни милодий 525 йилда Аксум тез орада босиб олиши шу тариқа ҳам ички зиддият билан, ҳам қурғоқчилик ортиб бориши ва қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлиги камайиши бевосита бир вақтга тўғри келади. Бунга қишки ва баҳорги мавсумда бир вақтда ёғингарчиликлар камайиб кетиши ҳамда милодий VI аср бошида Голоцен давридаги (замонавий геология даври) энг кучли қурғоқчилик сабаб бўлган. Милодий VI асрнинг ўрта ўн йилликлари давомида Ҳимярнинг Абреҳ давридаги вақтинчалик тикланишига қарамай, давомли тарзда заифлашиб боруви ва унинг милодий 570-йилларда бутунлай йиқилишини ушбу шароитлар ва милодий VI аср мобайнида қурғоқчилик шароити сақланиб қолганини эътиборга олган ҳолда тушуниш керак бўлади. Аммо Аксум давлати қурғоқчиликдан кам зарар кўради, чунки у ердаги ёғингарчилик миқдори анча кўп бўлган эди, шунинг учун ёғингарчилик миқдори камайиши қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги учун камроқ зарар келтиради. Гарчи ўзаро алоқадорлик учун сабаб ва оқибат боғлиқлиги шарт бўлмаса-да, милодий VI аср қурғоқчилигининг ноодатий миқёси ва доимийлиги лалмикор деҳқончиликка қаттиқ боғланиб қолган минтақадаги бундай ёмон оқибатлари Арабистон тарихидаги кескин бурилиш нуқтаси билан бир вақтга тўғри келади. Оқибатда сўнгги ўн йилликларда минтақадаги бирин-кетин сиёсий, ижтимоий ва диний ўзгаришлар юз беришига олиб келади. Гарчи тез-тез тахмин қилинса-да, Ҳимярнинг ҳукмрон Арабистон давлати сифатидаги инқирози ижтимоий ва сиёсий бўшлиққа сабаб бўлгани ёки бўлмагани ноаниқлигича қолмоқда. Бироқ милодий VI асрда ва VII аср бошида Арабистондаги вазият ўзгариши натижаларидан бири сифатида ҳаж ва иқтисодий марказлар аҳамияти ўсди, деб айтишга асослар бор. Улардан Маккаи мукаррама (Муҳаммад пайғамбар туғилган жой) милодий VI асрнинг биринчи ярмида марказий ва жанубий Арабистонда жиддий таъсир кучига эга бўлади. Бундан ташқари, Ҳимярийлар ҳокимияти таъсир доирасининг қисқариши ўзаро рақобатчи Бобил ва Сосонийлар империяларини минтақада сиёсий ва диний, шунингдек, иқтисодий ресурслар, жумладан, қимматбаҳо металларга эгалик қилиш борасида таъсир кучини орттириши учун ўсиб бораётган ва кескинлашаётган рақобатга жалб этади. Бундай рақобат узоқ йиллардан бери давом этаётган, уларнинг таъсири шимолий Арабистондаги мижоз подшоҳликлар, Ғассанийлар ва Лахмийлар конфедерациялари (ва уларнинг дастлабки эквивалентлари) ҳамда Аксум орқали амалга оширилаётган эди. Шу тариқа бевосита аралашув янги нарса бўлмай, III асрдан бери бир неча марта юз берган. Бироқ VI аср ўртасидан кескин фарқ энди Ҳимярийлар подшоҳлиги йўқлиги эди. Ниҳоят, ташқаридан аралашув аксумийларнинг христиан прозелитизмига ҳам, қўшни империяларнинг сиёсий найрангларига ҳам душманларча муносабатни қўзғади, лекин “араблар”нинг кимлигини (идентитет) қидиришига нима туртки бергани тушунарсизлигича қолмоқда. Нима бўлишидан қатъи назар, милодий 525 йилдан ва аксумийлар бостириб кирганидан сўнг арабларнинг салбий муносабати ҳам, ташқаридан аралашув ҳам иш берадиган марказлаштирувчи ҳокимиятсиз жуғрофий-сиёсий боғламда (контекстда) юз беради. Шу тариқа Ҳимяр давлатининг таназзули ва барҳам топиши Арабистондаги ижтимоий ва иқтисодий, сиёсий, диний ва маданий ўзгаришларнинг энг муҳим унсури бўлади ҳамда у пировардида бир қатор янги дин ёки ҳаракатлар пешволари юзага чиқишига олиб келади, улар кўпчилиги яккахудолик эътиқодлари, жумладан, ислом дини атрофида йиғилган эди. Милодий 620-йилларда Арабистон ярим оролини бирлаштиришда ислом дини раҳбарияти дуч келган муаммолар, бундай рақиблар, шунингдек, яҳудийлик динини қабул қилган қабилалар ёки Қурайшийларга (Муҳаммад пайғамбар қабиласи) душман бўлган қабилаларнинг жиддий қаршилигига қарамай, ушбу вазиятни акс эттиради. Аммо милодий 620-йиллар охирига келиб, Ҳимярийларнинг обрў-эътибори унчалик қолмаган, Эрон билан Бобил узоқ давом этган урушлар сабаб ҳолдан тойган, ислом динининг дастлабки раҳбарияти ихтиёрига узоқ масофаларга ҳарбий юришлар қилиш учун майдон ҳозирланган эди.
Биз милодий V аср охири – VII аср бошидаги Арабистонда юз берган қақшатқич қурғоқчилик мураккаб, баъзи ўринларда узундан-узоқ фундаментал ўзгаришларга бевосита туртки берди, деб тахмин қилишдан йироқмиз. Аммо бутунлай мустақил манба ёрдамида, Арабистон ярим ороли милодий 500 йилдан 530 йилга қадар даврда ноодатий ва кескин қурғоқчиликдан жабр кўрган, деб ишонч билан гапира оламиз. Бу муҳим ва айни пайтда эътиборга олинмаган омил бўлган ва айни ҳолат Ҳимярийларнинг ҳам узоқ муддатли, ҳам бевосита ички ва ташқи стрессларга (руҳий зарба) қарши тура олиш қобилиятини пасайтириб юборган эди.
[1] Қуръони каримнинг “Сабаъ” сураси, 15-17-оятлар: “15. Сабаъ (аҳолиси) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлига доир) бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга): «Парвардигорингиз ризқидан баҳраманд бўлингиз ва Унга шукр қилингиз! (Шаҳрингиз) покиза шаҳар, (Парвардигорингиз) мағфиратли Парвардигордир» (деган эдик).
16. Бас, улар (шукрдан) юз ўгиргач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва сийрак бутазор «боғлар»га айлантириб қўйдик.
17. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз кофирдан ўзга кимсага жазо берармидик?!”, Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири (Қайта ишланган ва тўлдирилган нашри), Тошкент, “O‘qituvchi” нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2020 йил, 430-бет.