Қорахонийлар IX асрда ва XIII аср бошида Марказий Осиёда ҳукмронлик қилган туркий сулоладир. У биринчи туркий – исломий давлатлардан бири эди. Кошғар, Болосоғун, Ўзган ва Самарқанд Қорахонийлар хоқонлигининг турли даврлардаги пойтахти бўлган.
1040-йилларда Қорахонийлар давлати Шарқий ва Ғарбий ҳоқонликларга бўлиниб кетади. XI аср охирида улар Салжуқийлар империяси сюзеренитетига (давлатнинг кучли давлатга қарамлиги), кейинроқ эса Қорахитойлар ҳукмронлиги остига тушиб қолади. Шарқий хоқонлик 1211 йилда барҳам топади, Ғарқий хоқонликни эса 1212 йилда Хоразмшоҳлар ер билан яксон қилади.
Қорахонийлар хонлиги тарихи узиқ-юлиқ ва кўпинча бир-бирига зид ёзма манбалар ҳамда пул ва танга зарб қилишига оид тадқиқотлар асосида тикланади.
Қорахонийлар давлати тарихи ҳақида биз билан Франциянинг Ижтимоий фанлар бўйича олий мактаби ва Ўзбекистон фанлар академияси миллий археология маркази ходими Дилноза Дутураева суҳбат қилади.
Гапни бошидан бошласак. Қорахонийлар сулоласи қаердан келиб чиққан? Ушбу давлат қай тарзда ва қандай муҳитда дунёга келган? Бу давлат асосчилари орасида турли туркий қабилалар бор, лекин энг асосий қабила сифатида қарлуқлар тилга олинади. Қарлуқлар ким бўлган ва улар Олтойдан Марказий Осиё ҳудудига қандай келиб қолган?
Гапни бошидан бошлайдиган бўлсак, туркий этник гуруҳлар, жумладан, қарлуқларнинг дастлаб 744 йилда Туркий хоқонлик, кейинчалик эса 840 йилда Уйғур хоқонлиги таназзулидан сўнг оммавий кўчишини албатта эсга олиш жоиз. Ҳали биринчи тўлқин даврида айрим гуруҳлар, жумладан, ушбу давлатлар таркибига кирган қарлуқлар Еттисув ҳудудига кўчади ва орадан бироз вақт ўтиб, Кошғария ҳудудига ҳам тарқалган конфедерацияга бирлашади. 840 йилда Уйғур хоқонлиги қулагандан сўнг айни конфедерация ҳукмдори олий ҳокимиятга даъвогарлик қилиб, “ҳоқон” мартабасини қабул қилади. Айрим тарихчилар ўша даврдан Қорахоний сулоласи тарихини бошлайди. Аммо замонавий тарих фанида тез-тез бошқа солномага ҳам дуч келиш мумкин. Масалан, баъзи тадқиқотчилар сулолага асос солинишини ислом динини қабул қилган Сатуқ Бўғрохон билан боғлайди. Шундан сўнг Х аср ўртасида туркий гуруҳлар ислом динини оммавий тарзда қабул қилганини кузатамиз. Аммо фикримча, бу ерда сулола тарихини исломгача бўлган ва ислом даврига бўлиш мақсадга мувофиқ. Қорахонийлар ислом динини қабул қилгандан сўнг Трансаксония – Мовароуннаҳрдаги Сомонийлар ҳудудига босқинчилик юришлари қилади. Шу сабаб уларнинг мулки замонавий Хитойнинг ғарбий ҳудудларидан Эроннинг шимолий минтақалари қадар кенгаяди.
Ҳукмрон элита ҳақида гап кетганда, бир неча фараз борлигини қайд этиш жоиз. Айрим тадқиқотчилар сулола келиб чиқишин қарлуқлар билан, бошқалари эса чигиллар ва яғмолар боғлашни таклиф қилади, яна уйғурларга оид фараз ҳам бор. Сўнгги тахминлардан бирини Борис Кочнев нумизматика (тангалар) материаллари асосида таклиф этди. Унинг тахминича, игдиш уруғи ёки чигил қабиласининг игдиш уруғи билан боғлиқ эканини тахмин қилган эди. Ушбу тахминни Хитой тарихчиси Лю Иншэн ҳам қўллаган. Хусусан, Хитой тарихий манбасида Қорахонийлар делегацияси Цзин императори саройига боргани эслатилади ва делегация аъзолари цзуоко қабиласига мансублиги таъкидланади. Лю Иншэн тахмин қилишича, бу чигил қабиласининг хитойлаштирилган номи бўлиши мумкин.
Қорахонийлар ҳоқонлиги туркий давлат бўлгани аниқ. Уларнинг туркий кимлиги ҳақида бироз сўзлаб берсангиз. Қадимги туркийлар нимага эътиқод қилган ва янги ҳудудда эътиқодини қандай сақлаб қолган? Ашина аймоғи нима дегани ва у нима учун муҳим?
Қорахонийлар ўзини Ашина аймоғи деб атаган. Ҳам шарқий, ҳам ғарбий Туркий хоқонликнинг ҳукмрон сулоласи ушбу аймоққа – уруққа мансуб бўлган. Шу тариқа улар давлатини ал-Ҳақания, сулоласини ал-Афросиё, яъни Афросиёб уйи деб атаб, ўзини Туркий ҳоқонликнинг ворислари деб билган. Туроннинг афсонавий ҳукмдори Афросиёб туркий дунёда Алп Эр Тўнга номи билан машҳур бўлган. Шу сабаб турк тарихчиси Ўмир Сўнир Ҳункан (Ömer Soner Hunkan) ушбу давлатни Туркий Хоқонлик деб аташни таклиф этган эди. Биламизки, “Қорахонийлар” тарихи фанига XIX асрда киритилган, яъни Қорахонийларнинг ўзи давлатини бу ном билан атамаган. Ушбу сулоланинг асосий рутбаси “қорахон” – “буюк хон” бўлган, тарихчилар шунинг учун бу сулолани айни ном билан атайди. Масалан, Хитой манбаларида Қорахонийлар давлати Хоқон подшоҳлиги, ундан олдин эса Кошғар подшоҳлиги деб номланган. Қорахонийлар ҳукмдори “хейхан” дейилган, бу “қорахон” рутбасининг хитойлаштирилган версияси бўлса ажаб эмас.
Ислом динидан олдинги даврда Қорахонийлар Тангрига сиғинган ва дини тангричилик бўлган. Шу билан тангричилик расмий дин сифатида тан олинганми? Қорахонийларнинг исломгача бўлган даврига оид ёзма ҳужжатлар ва манбалар етишмаслиги сабабли бир нарса дейиш қийин. Менимча, ҳа, у расмий дин бўлган. Исломлаштиришдан сўнг ислом расмий дин бўлди. тангричиликнинг баъзи асослари жамиятда сақланиб қолган. Масалан, Британия тарихчиси Эндрю Пикок ўрта асрларда ортодоксал ислом бўлмаган, туркийлар ислом динини қабул қилаётганда, ушбу дин билан ўз эътиқоди ўртасида кучли тафовут кўрмаган, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, тангричиликнинг тасаввуфга, яъни халқ дини деб аталувчи ҳодисага таъсири бўлгани маълум. Агар Қорахонийлар бошқа туркий ва исломий сулолалар, хусусан, Ғазнавийлар ёки Салжуқийлар билан таққосланса, айнан Қорахонийлар давлатида туркий анъаналарга кучлироқ садоқат бўлганини кўришимиз мумкин, яъни Ғазнавийлар ва Салжуқийлар давлатида Қорахонийлардан кўра форс маданияти таъсири кўпроқ бўлган. Масалан, буни Қорахонийлардаги туркий анъаналарга садоқатни давлат ҳукмрон уруғнинг мулки ҳисобланганидан ҳам билса бўлади. Шунга кўра, давлат сулола вакиллари орасида эгалик қилиш учун вилоятларга бўлинган. Бу яна “иқтаъ” институти деб аталади, айни ҳолат кейинчалик ўзаро можароларга ва Қорахоний давлати 2 га: асосий пойтахти Болосоғун бўлган Шарқий Қорахонийлар давлати ва маркази Самарқанд бўлган Ғарбий Қорахонийлар давлатига бўлиб кетишига олиб келади. Аммо айни дамда туркий кимлик Қораҳонийларга уйғурлар ва бошқа туркий гуруҳлар билан яхши алоқалар ўрнатишда ёрдам беради. Улар Уйғур хоқонлиги таназзулидан сўнг Турфон ва Гансу ҳудудида бир жойдан бошқасига кўчиб юрган, айни ҳолат кейинчалик Хитой билан алоқалар ўрнатилишига сабаб бўлади. Шу маънода Қорахонийларга туркий дунё ва туркий анъаналар билан алоқаларини сақлаб қолиши қўл келган.
751 йилда Талас яқинида араб ва хитой қўшинлари ўртасида машҳур жанг бўлиб ўтган эди. Х аср ўртасига келиб, Қорахонийлар ислом динини қабул қилади. Ўрта асарлар араб тарихчиси Мақдисий хабар беришича, у пайтга келиб, Қорахонийлар давлатининг ҳар бир шаҳрида масжид бўлган. Бу жараён қанчалик силлиқ кечган? Ислом дини туркий кимликка қандай таъсир кўрсатган? Давлатда буддизм қанчалик ривожланган эди?
Бу – мураккаб савол. Умуман, дин, исломни қабул қилиш, Марказий Осиёнинг, туркий халқларнинг исломлашуви масаласида бир-бирига зид фикрлар жуда кўп. Лекин гапни шундан бошлаш жоизки, Қорахонийлар ислом олами чегараларига, айнан Сомонийлар ҳудудларига яқинлашиб келганда, улар ўртасида дастлаб савдо алоқалари йўлга қўйилгани ва шу орқали маданий алмашув юз бергани мутлақо табиий. Масалан, тарихчи Питер Голден Қорахонийлар давлатида туркийларни исломлаштириш аста-секин кечган ва бу ўринда савдогарлар ва сўфийларнинг хизмати катта бўлган, деб ҳисоблайди. Аммо немис тарихчиси Юрген Паул таъкидлашича, ўша даврдаги сўфийларнинг фаолияти ёзма манбаларда тасдиқланмаган, яъни биз сўфийларнинг мўғуллардан олдинги даврда туркийларни исломлаштиришдаги роли ҳақида гапира олмаймиз, чунки ушбу масала бўйича қўлимизда асосли ёзма далиллар йўқ. Бу ўринда Қорахонийлар ҳукмдорлари мусулмон манбаларида ислом динига эътиқод қилишда намуна кўрсатган содиқ кишилар сифатида тавсифланади, масалан, Ғазнавий тарихчиси Утбий Ғазнавийлар султони Маҳмуд Ғазнавий билан Қорахонийлар ҳукмдори Юсуф Қодирхон ўртасидаги учрашувни тавсифлар экан, Юсуф Қодирхон расмий зиёфат чоғида ўзига таклиф этилган шаробни динда мумкин эмаслигини айтиб, рад этди, деб ёзади. Бу ўринда Қорахонийлар ислом дунёсига ушбу динни бошқалардан кўра кеч қабул қилганига қарамай, қанчалик тақволи мусулмонлар эканини кўрсатишга ҳаракат қилган, деган таассурот қолади. Афтидан, улар шу йўл билан ислом дунёсининг ажралмас қисми эканини исботламоқчи бўлган.
Буддизмга келсак, Қорахонийлар ҳокимиятни эгаллаши билан буддизм тарқалган ҳудудларни фаол ва зудлик билан исломлаштириш бошланди. Қорахонийлар манбаларида эслатиб ўтилишича, улар зикр этилган ҳудудларни босиб олаётганда, қаттиқ курашган ва буддизм санамларини бузиб ташлаган. Масалан, бу Хўтан ва Куча подшоҳликлари ҳудудларида юз берган. Шу ўринда қайд этиш жоизки, ҳар қандай уруш пайтида вайронгарчиликлар бўлади ва Қорахонийларнинг ҳарбий юришлари ҳам бундан мустасно эмас. Аммо афтидан, Қорахонийлар бир жойни забт этишдан кўрак ҳокимиятни ушлаб қолиш қийин эканини, шунинг учун буддизм ҳукмрон бўлган ҳудудларни исломлаштириш аста-секин амалга оширилиши кераклигини яхши тушунган. Бундан ушбу минтақаларда буддизм яна қанчадир вақт сақланиб қолганини тахмин қилиш мумкин. Масалан, ўша пайтда анчадан бери Қорахонийлар давлати таркибида бўлган Куча подшоҳлигидан Хитойга борган дипломатия миссияси Хитой императорига совға сифатида нефритдан тайёрланган Будда ҳайкалини тақдим этади. Бунинг маъноси шуки, буддизм рамзлари тўлиқ йўқ қилиб юборилмаган. Бундан ташқари, XII аср бошига қадар Хитойга жўнатилган Қорахонийлар элчилари делегациялари таркибида буддизм роҳибларини ҳам кўриш мумкин эди. Ўша даврда улар Хитой билан Ҳиндистон ўртасида тез-тез сафар қилиб турган ва йўли Қорахонийлар давлати ҳудудидан ўтган ҳамда буддизм монахлари Хитой саройида жуда яхши кутиб олинган, хорижий давлатлар ҳукмдорлари тез-тез улардан элчи сифатида фойдаланган, бинобарин, бу иш билан фақат Қорахонийлар шуғулланмаган. Биламизки, Уйғур хоқонлигига ҳам элчи сифатида буддистлар, айнан буддизм монахлари жўнатилган. Бинобарин, Қорахонийларнинг шарқдаги ташқи сиёсатида буддизмдан қайсидир даражада фойдаланилган.
Бошқа тарафдан, Қорахонийлар ҳукмдорлари сулоласини Хитойники билан ўхшаш деб билган. Сиз Буюк Ипак йўли тарихи ва Марказий Осиё халқларининг Хитой билан Қорахонийлар давридаги алоқаларига бағишланган “Qarakhanid Roads to China. A History of Sino-Turkic Relations” (“Қорахонийларнинг Хитой сари йўли. Хитой ва туркий халқлар муносабатлари”) китобингизда ўзингиз алоҳида эътибор қаратган Қорахонийлар давридаги Хитой билан туркий халқлар ўртасидаги муносабатлар қандай тавсифлаб бера оласиз?
Дарҳақиқат, Қорахоний ҳукмдорларининг “табғачхон”, яъни “Хитой хони” деган рутбаси бўлган. Табғач Хитойнинг туркий дунёдаги қадим замонлардан бери мавжуд бўлган номидир. Бунақа аталишига сабаб Қорахонийларнинг Хўтан, жумладан Қошғар сингари кўплаб ҳудудлари бир замонлар Хитой императорларига тегишли бўлган деб қаралган. Шунга кўра, Қорахонийлар зикр этилган ҳудудларни босиб олиб, ўзини Хитой ерлари ҳукмдорларига мансуб деб билган. Қорахонийлар давридаги хитой-туркий муносабатлар ҳақида гап кетганда, ўша пайтда уларни биринчи навбатда ҳам иқтисодий нуқтаи назардан, ҳам жуғрофий-сиёсий нуқтаи назардан ўзаро манфаатли ҳамкорлик деб тавсифлаш мумкин. Хитой бозорига чиқа олган Қорахонийлар иқтисодиётни жуда мустаҳкамлаб олади. Қорахонийлар даври маданият, меъморчилик ва шаҳар ҳаёти гуллаб-яшнаган давр бўлган. Иқтисодиёт гуллаб-яшнамай туриб, булар барчаси бўлмаслиги тушунарли, бу ўринда Хитой бозори катта рол ўйнаган. Қорахонийлар Хитой билан қолган туркий ва ислом дини дунёсида, яъни Хитой билан қўшнилари: Шимолий Ҳиндистондаги Ғазнавийлар ёки Эрон билан Онадўлида ҳукмронлик қилган Салжуқийлар ўртасида воситачи сифатида муҳим ўрин эгаллаган. Улар қимматбаҳо Хитой товарларини қўшни минтақаларга етказиб берган, қўшнилари товарларини эса Хитойга жўнатиб турган, шунингдек, дипломатик алоқалар ўрнатилишида ёрдам кўрсатган. Масалан, улар бошқа давлатлар миссияларини Хитойга кузатиб борган.
Қайд этиш жоизки, Қорахонийлар Ляо сулоласи билан қалин дипломатик алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлган. Ушбу сулола асосчилари киданлар (қорахитойлар) бўлган, улар кейинчалик Марказий Осиёга кўчиб ўтган ва шу ерда бизга Қорахитойлар давлати сифатида таниш бўлган янги давлатга асос солган. Қорахонийлар Ляо сулоласининг имлом оламидаги ягона савдо шериги бўлган. Шунинг учун улар икки томонлама муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан ҳам манфаатдор эди. 2 сулола ҳукмдорлари ўртасида никоҳ иттифоқлари ҳам тузилган. Келгусида ғарб тараф, яъни Марказий Осиёга кўчиб ўтган киданлар қариндошлари ёнига борган. Улар Қорахонийлар давлати ҳудудида бегона бўлмаган. Айнан шунинг учун шарққа ёки бошқа бирор йўналишга эмас, ғарб томон боришга қарор қилган. Кўриб турганимиздек, Қорахонийлар билан Ляо сулоласи ўртасидаги муносабатлар тарихини ўрганиб, Қорахитойлар даврига оид жуда кўп саволларга жавоб беришимиз мумкин. Қорахитойлар сулоласига оид ёзма манбалар унча кўп эмас, шунга кўра, киданлар Марказий Осиё ҳудудига келиб, янги Қорахитойлар сулоласига асос солганига қадар улар билан Қорахонийлар тарихини ўрганиш жуда муҳим.
Қорахонийлар Ляо сулоласидан ташқари яна Сун сулоласи билан ҳам фаол алоқа қилган. Хитой ўша пайтлар унчалик бирлашган давлат бўлмаганини ҳам тушунишимиз шарт. Хитой шимоли, жумладан, Манчжурия ва Мўғулистонда киданлар ҳукмронлик қилган ва Ляо сулоласи ҳам мавжуд бўлган, улардан жунуброқ ҳудудларда Сун сулоласи ҳукм сурган, ўша сулола Шимолий Сунга бўлинган, кейинроқ Жанубий Сун ҳам бўлган. Бошқа кўчманчи гуруҳ бўлмиш чжурчжэнлар киданларни ер билан яксон қилиб, Шимолий Сунни босиб олган. Сулола императорлари жануброққа кўчарак, замонавий Хайфин шаҳридаги пойтахтини ташлаб кетиб, Ханчжоуда янги пойтахт барпо этишга мажбур бўлган. Шундай қилиб, Қорахонийлар айнан Сун сулоласи билан фаол алоқа қилиб турган. Улар айни муносабатларда Хитой томони учун нафақат савдо шериги, қолаверса, жуғрофий-сиёсий иттифоқчи сифатида ҳам муҳим эди. Ўша даврда жуда кўп технологик кашфиётлар қилинган. Аммо айни чоқда давлат ҳарбий нуқтаи назардан жуда заиф бўлган, шунинг учун шимоли-ғарбий ҳудудларини биринчи навбатда ҳудуд билан боғлиқ можаролари бўлган тангутлардан ҳимоя қилиш учун уларга ёрдам зарур эди. Масалан, ёрдам отларни етказиб беришдан иборат бўлган, чунки маҳаллий жониворлар ҳарбий ҳаракатлар юритиш учун мутлақо яроқсиз бўлган. Биламизки, Хитойда ҳар доим яхши жанг қиладиган отлар етишмаган, бинобарин, тарихда Хитой билан унинг шимоли-ғарбидаги қўшинлари ўртасида жуда кўп урушлар бўлиб ўтган. Шунингдек, Қорахонийлар ҳарбий бўлинмалари чегара ҳудудларини қўриқлаган, яъни улар от етказиб бериш баробарида ҳарбий кўмак ҳам бериб турган. Хитой манбаларидан биламизки, улар тангутларга қарши урушларда ғооил чиққан. Жумладан, Хитой манбалари шаҳодат беришича, улар ҳатто маълум муддат Гансуй коридори назоратини қайтариб ҳам олган, яъни, масалан, Шачжоуни (замонавий Дунхуанни) забт этган.
Гансуй коридори Хитойни Марказий Осиё билан боғлаб турган муҳим йўл бўлганидан хабаримиз бор. Шунга кўра, тангутлар бу йўлни назорат қилиб турганда, Хитой билан Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар мушкуллашган. Аммо Қорахонийларнинг муқобил йўли ҳам бор эди. Бу йўл кам ўрганилган ва у замонавий тарихий адабиётларда тилга олинмайди. У Тибет ва Цинхай орқали ўтгани учун Цинхай йўли деб аталган, аммо у Гансуй коридори сингари қулай бўлмаган. Ундан Тан сулоласи вақтида ҳам фойдаланилган, аммо ноқулай ва хавфли бўлгани учун чет эл делегациялари ва савдогарлар Гансуй коридоридан юришни афзал деб билган. Қорахонийлар даврида бу йўлдан жуда кўп юрилган, чунки Қорахонийлар давлати ҳудудидан бораётган айрим делегациялар бу ерга тез-тез, баъзан йилига бир неча марта келиб турган. Бинобарин, Қорахонийлар ҳам зикр этилган йўл таъмирига пул ажратиб турган ва бу ҳол у чет эллик савдогарлар ва элчилар юриши учун қулай ва манзур қилган бўлса ажаб эмас, деган хулосага келишимиз мумкин.
Қорахонийларнинг Хитойдаги савдоси ва бу борадаги ютуғи нимада экани ҳақида гап кетганда, уларнинг Хитойдаги сотиладиган товар турлари жуда кўп бўлганини тилга олиш зарур. Қорахонийлар бирор товар турига ихтисослашиб қолмаган, бозорда ниманинг савдоси чаққон бўлса, шуни олис ерлардан ҳам олиб келаверган. Улар рўйхатини (мўйна, тери, жониворлар, айниқса, отлар ва туялар) Хитой манбаларидан топиш мумкин. Яна Хитойда Марказий Осиё шаҳарларида ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари қадрланган. Турли қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар кўп миқдорда Хитой бозорларига олиб келинган. Бу ўринда, айниқса, Хўтан нефритини ва Бадахшон лазуритини алоҳида таъкидлаш керак бўлади. Бадахшон ўша пайтлар Ғазнавийлар давлатига қараган, аммо Қорахонийлар Ғазнавийлар давлати билан савдо-сотиқ қилгани учун лазуритни олиш имконига эга бўлган. Яна минералларни, асосан, новшадил ва симобни эслаб ўтиш жоиз, улар Қорахонийлар назоратидаги тоғли ҳудудлардан қазиб олинган. Яна археологик маълумотлар далолат беришича, Қорахонийлар Хитой бозорларига шиша ва маъдандан ясалган буюмларни ҳам етказиб бериб турган. Айни буюмлар, асосан, Ляо сулоласи ҳудудидан топилган. Бунинг маъноси шуки, қўлимизда буни тасдиқлайдиган ёзма манбалар йўқ, аммо археологик маълумотлар бор. Уларга кўра, Қорахонийлар Хитойга олиб келган товарлар рўйхатига яна айрим нарсаларни қўшиш мумкин. Бошқа товарлар қаторида марварид ва маржонни ҳам тилга олса бўлади, Қорахонийлар уларни Ғазнавийлар ва Салжуқийлар билан алоқалари эвазига қўлга киритган. Бу вақтга келиб, айнан Салжуқийлар марвариди билан машҳур бўлган Форс кўрфазини назорат қилган. Яна бир эсланадиган нарса каҳрабодир. Унинг асосий манбаси ўша замонларда ҳам, ҳозир ҳам Европанинг Болтиқ минтақаси ва Жануби-шарқий Осиёдаги Бирма бўлган. Табиийки, Қорахонийлар Хитойга айнан Болтиқ каҳрабосини етказиб бериб турган – буни араб-форс манбалари ҳам, Хитой манбалари ҳам, шунингдек, археология маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Қорахонийлар туркий ва исломий дунёнинг муҳим бўлакларидан бири бўлган Волга дарёси бўйидаги Булғория давлати билан алоқалари яхшилиги сабаб Болтиқ минтақасининг каҳрабо ва бошқа товарларини ҳам олиб турган. Ушбу давлат савдогарлари кўп жойларда, жумладан, Хоразмда ҳам жуда фаол бўлган. Яна Қорахонийлар турли зираворлар ва хушбўй моддалар билан ҳам яхши савдо қилган. Улар орасида энг машҳури бухур (хушбўй қатрон) бўлган. Ҳозир ҳам, ўша замонларда ҳам унинг манбаси Араб ярим оролининг жанубий қисми ва Сомали ҳисобланади. Бундан ташқари, ўша пайтда бухур Ҳиндистонда ҳам ишлаб чиқарилган, аммо Ғазнавийлар саройида хизмат қилган Абу Райҳон Беруний таъкидлашича, ҳинд бухурининг сифати Араб ярим оролининг жанубий қисми бухури сифатидан пастроқ бўлган. Шунинг учун Қорахонийлар Хитойга Араб ярим оролининг жанубий қисми бухурини сотиш учун олиб бориб турган. Улар сифати бундан паст бўлган товарларни Хитой бозорига олиб бориши бефойда бўлган. Қизиғи шундаки, Қорахонийлар бир вақтда кўп миқдорда – 60 тоннагача бухурни Хитойга етказиб борган. Тасаввур қилинг, агар бухурнинг оғирлиги 60 тонна бўлса, уни ташиш учун қандай узун карвон керак бўлишини. Хитой манбалари маълумотига кўра, Қорахонийлар савдогарлари ортига ипак ва кумуш билан қайтган. Хитой императорлари уларни олиб борган товарлар, отлар, ҳарбий кўмак эвазига ипак, Хитой тўқимачилининг бошқа маҳсулотлари ва кумуш билан сийлаган. Ўша даврда ислом дунёсида кумуш инқирози, яъни унинг етишмовчилиги кузатилганини яхши биламиз. Яна Қорахонийлар пул мукофоти ҳам олиб турган. Аммо Хитой тангалари ушбу мамлакатдан ташқарида ишлатилмаган, шунинг учун Қорахонийлар Марказий Осиёда сотиш мумкин бўлган товарларни Хитой ҳудудидан харид қилган бўлиши керак. Қорахонийлар яна ўзи билан Хитой чойини ҳам олиб келган. Айнан ўша даврда Хитойда “чой-от вакиллиги” деб аталувчи идора ташкил этилган ва чойни отларга алмаштириш билан шуғулланган. Қўлимиздаги бир қанча манбалар ва ҳужжатлар тасдиқлашича, Қорахонийлар Хитойда чой савдоси билан шуғулланган. Юқорида баён қиланган фикрларни умумлаштириб, шуни айтиш мумкинки, Қорахонийларнинг Буюк Ипак Йўли бўйлаб Хитой билан савдо-сотиғи иқтисодиёти ва дипломатияси ривожланишида асосий рол ўйнаган ва уларга халқаро майдонда алоҳида иззат-икром бағишлаган.
Қорахонийлар давлати маданияти ривожлангани билан ажралиб турган. Тарихчи Маҳмуд Қошғарий бироз вақт Кошғардаги Қорахонийлар саройида яшаган. У 1072 – 1076 йилларда Бағдод халифалари учун араб тилида туркий тилларнинг биринчи кенг қамровли луғатини тузган. “Қутадғу билиг” (“Саодатга элтувчи билим”) асарини туркий тилда ёзган яна бир машҳур ёзувчи болосоғунлик Юсуф (Юсуф Хос Ҳожиб) Қорахонийлар даврида яшаган. Ушбу икки асарда ҳам туркий кимлик кўзга ташлангиб туради, лекин муаллифлар ушбу асрларида форс ва араб маданиятининг таъсирини ҳам кўрсатиб беради. Қандай қилиб Қорахонийларга форслар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин? Уларнинг маданият соҳасидаги муваффақиятларини нима билан тушунтирасиз – ҳукмдорларнинг бағрикенглиги биланми ёки маданиятлараро алмашум биланми?
Қизиқ савол берганингиз учун раҳмат. Чиндан ҳам форс маданияти кўп асрлар давомида Марказий Осиёнинг ҳукмрон ва зодагонлари, жумладан, этник жиҳатдан форс бўлмаган гуруҳлар ўртасида ҳам етакчи маданият ҳисобланган. Форслашган жамиятлар намунаси сифатида мен тилга олиб ўтган Ғазнавийлар ва Салжуқийлар, кейинчалик эса Темурийлар ва Бобурийлар сулолаларини, шунингдек, Усмонлилар сулоласини аташ мумкин. Албатта, Қорахонийлар ҳам форс маданиятини таъсирига тушган. Бироқ айтиб ўтганимдек, қўшни туркий-исломий сулолаларда бўлгани каби бу таъсир у қадар кўзга ташланар даражада бўлмаган.
Қорахонийларнинг сиз санаб ўтган маданий, жумладан, илмий муваффақиятларига келсак, албатта, давлат иқтисодиётининг гуллаб-яшнагани аҳамиятини ҳам эсга олиш керак бўлади. Молиявий маблағларсиз ва давлатнинг тизимли қўллаб-қувватловисиз маданий ва илмий соҳаларни ривожлантириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу масала бугун ҳам – долзарб. Халқаро савдо алоқаларисиз иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди. Қорахонийлар ҳам ислом, ҳам Хитой оламида савдо-сотиқ қила олиш имконияти билан Буюк Ипак Йўли бўйлаб халқаро савдо-сотиқда алоҳида рол ўйнади ва шу тариқа нафақат халқаро майдонда алоҳида мақомга эга бўлди, қолаверса, иқтисодий жиҳатдан кучли давлатга айланди. Айни ҳол ушбу давлатда илм-фан, адабиёт ва меъморчилик, ҳунармандчилик ва бошқа кўплаб соҳалар ривожланишида кўзга ташланди. Албатта, бағрикенгликсиз бундай кенг қамровли савдо-сотиқ қилишнинг иложи йўқ эди. Айтиб ўтганимдек, Қорахонийлар замонга қараб иш тутиш ҳадисини олгани сабабли, яъни мусулмон бўла туриб, қанчалик чин мусулмон эканини намойиш этарак, ислом дунёсида мавқеини мустаҳкамлашга, мақоми ва обрў-эътиборини кўтаришни истади, бунинг уддасидан чиқди ҳам. Аммо айни дамда улар туркий анъаналарига ҳам содиқ қолди. Айнан шу жиҳат уларни турли гуруҳлар, жумладан, уйғурлар, туркийлар ва киданларга ҳам яқинлаштирди, шарқда мулоқот қилишига кўмаклашди.
Қизиғи шундаки, камдан-кам ҳолларда Қорахонийлар, айниқса, Шарқий Қорахонийлар Хитой манбаларида “даши” сифатида эсланади. Даши хитойликларнинг умумлаштирувчи атамаси бўлиб, Сун сулоласи даврида барча исломий ҳудудлар ва мусулмонларга нисбатан қўлланган. Ғарбий Қорахонийлар даши деб эсланади, Шарқий Қорахонийлар эса айнан Хўтан подшолиги сифатида машҳур бўлган. Нега Хўтан подшолиги эканидан ажабланмаса ҳам бўлади. Бу фақат Хўтан ҳукмдорлари Қорахонийлар давлатига элчихона ёки делегация юборганини англатмайди. Гап шундаки, Қорахонийлар манбаларида муайян сулола ҳукмрон давлатнинг бирор йирик шаҳри номи билан юритилиши ва у шунингдек, сулоланинг ҳам номи сифатида фойдаланилиши қабул қилинган эди. Масалан, Мин сулоласи даврида Темурийлар империяси Самарқанд деб аталган, яъни Самарқанд сулола ва давлатнинг номи бўлган. Ҳирот Темурийлар давлатининг бош пойтахти бўлган пайтда, ўша ҳудуд айнан Ҳирот шаҳри номи билан машҳур эди. Шунинг учун мен Хўтан деяётганимда, фақат бир ҳудуд тушунилмайди. Бу ном Шарқий Қорахонийларнинг бутун ҳудудига нисбатан ишлатилган.
Қорахонийлар давлати тарихи бўйича бугунги кунда қандай манбалар бор? Улар қанчалик яхши сақланиб қолган?
Ҳа, бу – жуда муҳим савол. Албатта, биринчи навбатда ҳам Қорахонийлар, ҳам қўшни давлатлар ҳудудида меҳнат қилган мусулмон муаллифлари асрларини тилга олиш зарур бўлади. Улар араб, форс ва қисман туркий тилда ёзилган. Афсуски, ушбу гуруҳга мансуб тарихчилар сони биз истаганчалик кўп эмас. Масалан, Қорахонийлар манбалари ҳақида сўз кетганда, Қорахонийлар тарихи ва уларнинг Хитой билан алоқалари тарихини ўрганаётган бўлсак, асосан, 2 та асарни қайд этиш жоиз бўлади. Булар сиз эслатиб ўтган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк” ва Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарларидир. Айни чоқда, шуни ҳам унутмаслик керакки, бу асарларнинг ҳеч бири классик тарихий солнома эмас. Биринчиси – “Девони луғатит турк” – туркий тил луғати. Албатта, унда ўта муҳим, жумладан, тарихий ва этнографик маълумот бор, аммо у моҳиятан тарихий солнома эмас. Иккинчи асар “Қутудғу билиг” эса ҳукмдорларга маслаҳатлар тўпламидир, бу бўлғуси ҳукмдор ўзини қандай тутиши кераклигига оид масалаҳатлар йиғилган адабий жанрдир. Бу китоб ҳам бизга муҳим маълумот беради, аммо у ҳам тарихий солнома эмас. Табиийки, бундай асарлар, яъни тарихий солномалар ўша даврдаги Қорахонийлар саройида яратилган. Масалан, Маҳмуд Кошғарийнинг “Тарихи Қошғар” деб аталган асари бўлганидан хабаримиз бор. Лекин у сақланиб қолмаган, фақат қандайдир қисмлари ва парчалари кейинги манбаларда учрайди. Асар шу кунгача етиб келмаган. Бошқа муаллифларнинг ҳам асарлари бўлгани табиий, аммо, таассуфлар бўлсинки, улар бизгача етиб келмаган. Биз қўшни Ғазнавийлар ва Салжуқийлар сулолалари тарихчиларининг давлат солномаларидан ҳам фойдаланишимиз мумкин, улар ҳам Қорахонийлар тарихи ҳақида қўшимча маълумот беради. Лекин ростини айтсам, шахсан ўзим китобим устида ишлаётган пайтим барча зарур маъумотни зарралаб йиғишимга тўғри келган. Ўша манбалар араб ва форс сингари турли тилларда ёзилган. Шу маънода хитой тилидаги манбалардан ҳам фойдаланиш муҳим.
Масалан, мен илмий ишимда Хитойнинг анъанавий сулолалар тарихи ва солномаларидан ҳам, эсдаликларидан ҳам, Хитой амалдорларининг ёзувларидан ҳам, шунингдек, расмий ёзишмалардан ҳам, императорларнинг фармонларидан ҳам ва бир қатор бошқа ҳужжатлардан ҳам фойдаланганман. Шу ўринда, у қанақа “расмий ёзишмалар” экан, агар Қорахонийлар Хитой амалдорларига хатлар ёзган бўлса, уларни қайси тилда битган, деган савол туғилиши мумкин. Хатлар, албатта, хитой тилида сақланиб қолган, аммо биз бу хатлар Қорахонийлар саройида хитой тилида битилган, деб аниқ-равшан айта олмаймиз, чунки Хитой императорлари жавобларини ўргансак, улар хатлар хорижий тилда ёзилганини айтганини кўрамиз, яъни Қорахонийлар хатларини хитой тилида эмас, хитойликларга чет бўлган тилда ёзганини билиб оламиз. Қайси тилда экани эса, афсуски, қоронғи. Афтидан, бу ёки туркий ёки форс тили бўлган, чунки Қорахонийлар киданлар билан туркий тилда ёзишма қилганини биламиз. Сун сулоласи императорлари билан ёзишмалар тилини эса фақат тахмин қилишимиз мумкин.
Кўряпсизки, Марказий Осиё тарихини ўрганаётганда, бошқа тиллардаги, жумладан, хитой тилидаги манбалар фойдаланиш қанчалик муҳим. Ислом дунёси тарихи, жумладан, Марказий Осиёдаги ислом тарихи ҳақида гап кетганда, тарих фанлари ва шарқшунослик соҳасидаги анъанавий академик таълим фақат араб, форс ва туркий тилларни билувчи мутахассисларни тайёрлашини афсус билан қайд этиш лозим. Қадимги Марказий Осиё тарихини ўрганаётганда, кўпинча хитой тилидаги манбаларга мурожаат қиламиз, чунки аксарият ҳолларда айнан Хитой манбаси қадимги Марказий Осиё тарихи ҳақида хабар берувчи ягона материал ҳисобланади. Аммо негадир Марказий Осиёнинг ислом давридаги тарихини ўрганаётганимизда, Хитой манбалари мавжудлигини бутунлай эсдан чиқариб қўямиз. Хитой тарихи бўйича бўлғуси мутахассисларни тайёрлаётганда, асосан, хитой тили, қўшимча тил сифатида эса япон ёки корейс тили ўрганилади. Бинобарин, улар Хитойнинг ғарбдаги қўшнилари тилини мутлақо билмайди. Сўзимни тугатаётиб, қўшимча қилмоқчиманки, эҳтимол Қорахонийлар мисолида кўриб турганимиздек, Марказий Осиёнинг келгуси тарихчиларини тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш вақти келгандир.