Суратда: исмоилийларга тегишли Аламут қалъасининг бугунги кўриниши, манба: assassinscreed.fandom.com
Муаллиф: Дамир Сатторов
Исмоилийлик шиа исломининг бир тармоғи ёки кичик сектаси ҳисобланади. Шу билан бирга, бир вақтлар исмоилийлик ислом дини шиа йўналишининг энг йирик тармоғи бўлган, милодий X – XII асрларда Фотимийлар халифалиги даврида сиёсий зирвасига (чўққисига) етган ва юксак таъсир кучига эга бўлган. Исмоилийлар Худонинг бирлигига, шунингдек, Муҳаммад пайғамбарга келиб, илоҳий ваҳий нозил бўлиши тугаганига ишонади. Улар Муҳаммад пайғамбарни “сўнгги пайғамбар ва уни Аллоҳ таоло бутун инсониятга расул қилиб жўнатган” деб ҳисоблайди. Исмоилийларнинг энг кўп сонли жамоати Бадахшондадир, лекин бугунги кунда улар бутун дунёда яшайди, Оға Хон ташкилоти исмоилийлар жамоатлари, айниқса, таълими ривожланишига муҳим таъсир ва кўмак кўрсатмоқда.
Ушбу мақолада исмоилийлик билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими Ойбек Маҳмудов билан муҳокама қилинади.
– Исмоилийлик нима дегани? Унинг тарихий илдизлари, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароити ва сиёсий омиллари нималардан иборат? Исмоилийликнинг қандай оқимлари, фалсафий ғоялари бўлган, улар буларга қанча вақтдан бери амал қилиб келади? Вақт ўтиши билан уларнинг қарашлари ўзгариб борганми?
– Исмоилийлик исломда суннийлар ва шиалардан сўнгги издошлари кўплиги бўйича учинчи асосий йўналишдир. У тарихи ва тадрижи давомида кўплаб кутилмаган воқеалар ва ўзгаришларга дуч келди. Исмоилийликнинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий оқим сифатидаги сарчашмаларини тушуниб олиш учун Араб халифалигининг дастлабки даврига мурожаат қилишга тўғри келади. Масалан, VIII аср ўртасида Араб халифалиги Умавийлар сулоласи ҳукмронлиги пайтида оғир таназзулни бошидан кечирган. Бу халифаликнинг турли вилоятларида бир қанча қўзғолонлар келиб чиқишига сабаб бўлган. Ҳам ўрта осиёлик, ҳам замонавий тадқиқотчилар исмоилийлик пайдо бўлишини VIII асрда шиалар ўртасида юзага келган бўлиниш билан боғлайди, исмоилийлик таълимотининг ўзагини ташкил этувчи имомат, таъвил ва ҳк. ҳақидаги асосий тасаввурлар VIII ўртасидан анча олдин пайдо бўлган. Шиаларнинг олтинчи имоми Абдулжаъфар ас-Содиқ Умавийлар халифаси Ҳишом, яна Аббосийлар халифаси ал-Мансур билан тинч муносабатда бўлган. Аммо 757 йилда Умавийлар сулоласи ҳокимиятдан кетгандан сўнг у ўзига алийларнинг бошлиғи сифатида таклиф этилган халифаликлардан воз кечган.
Умуман, исмоилийликнинг пайдо бўлишига имом Жаъфар ўлимидан сўнг имоматни ким мерос қилиб олиши тўғрисидаги баҳс бевосита сабаб бўлган эди. У тўнғич ўғли Исмоилни мерос ҳуқуқидан маҳрум қилган ва Жаъфар тўртинчи ўғли Мусо ал-Козимни меросхўр этиб тайинлаган. Чунки бу Исмоил шиа пешволарининг муросасозлиги ва ҳеч иш қилмаслигидан норози бўлган, улардан суннийлар ҳокимиятига қарши кескин чиқишлар қилишни талаб этган ашаддий шиалар гуруҳига кириб қолгани билан боғлиқ эди. Исмоил 762 йилда отасидан 3 йил олдин вафот этади, аммо қадрловчилари унинг ўлганини тан олмайди. Улар фикрича, Исмоил қойим, яъни қутқарувчи сифатида қайтиб келиши керак эди. Улар Исмоилни етттинчи ва сўнгги имом деб эълон қилади. Лекин Исмоилнинг кўплаб тарафдорлари унинг ўғли Муҳаммадни имом деб тан олади ва шиалариннг мана шу гуруҳи Исмоил ибн Жаъфарнинг “ал-муборак” васфидан келиб чиқиб, ал-муборакия деб атала бошлайди. Тарихчи Жувайний шаҳодат беришича, Муҳаммад ибн Исмоил Аббосийлар халифалиги таъқибидан дастлаб Жабалада яширинади, сўнгра Райга келади, у ердан Эроннинг Рай шаҳри яқинидаги Дамавандга ўтади ва орадан кўп ўтмай, 795 йилдан сўнг вафот этади. Муҳаммаднинг ўлимидан сўнг муборакийлар ўртасида бўлиниш юз беради, яъни бир гуруҳ вафот этган имом авлодига яширинча эргашишни давом эттиради, бироқ ушбу гуруҳнинг мавжудлиги Абдуллоҳ ал-Маҳдий 903 – 904 йилларда исмоилийликни ислоҳ қилгунга ва Шимолий Африкада Фотимийлар давлатини барпо қилгунга қадар ҳеч қаерда қайд этилмаган. Муборакийларнинг аксарият қисми унинг маҳдий ёки қойим сифатида келишини кутиб, Муҳаммад ибн Исмоил ўлимини тан олмаган. Имомийлар доксографлари (қадимги файласуфлар ва олимлар фикр ва қарашларини ўз асарларида баён этувчи муаллифлар) айнан ушбу гуруҳни қараматийларнинг тўғридан-тўғри ўтмишдошлари деб ҳисоблаган.
Муҳаммад ибн Исмоилнинг авлодлари таъқиблардан қочиб, турли мамлакатларга тарқаб кетган. Навбатдаги имом сифатида тан олинган кишининг исми ва истиқомат жойи фақат оз сонли кишиларга маълум қилинган. Исмоилийларнинг Х асргача бўлган даврга оид тарихи “яшириш даври” деб аталади. Яширин имомлар ҳақида жуда оз нарса маълум, уларнинг исмлари турли манбаларда бир хил берилмайди. Исмоилийлар секта тарафдорларидан иборат тармоқланган яширин ташкилот тузиб, исмоилийликни кенг тарғиб қила бошлайди, яъни тарғиботчи миссионерлар ислом динининг ушбу тармоғи таълимотини тарқатган.
Қараматийлар исмоилийликнинг энг эртанги йирик тармоқларидан бири бўлгани шубҳасиз. Уларга батафсилроқ тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан. 874 йилда энг катта таъсир кучига эга даи, яъни миссионерлардан бири ал-Ҳусайн ал-Аҳвозий қараматий тахаллусини олган Хамдон ибн ал-Ашасни исмоилийликка ўтказади. Хамдон Савад ал-Кўфа, шунингдек, Ироқнинг бошқа йирик ҳудудларида даъватлар, яъни тарғибот қилади. Орадан кўп ўтмай, Хамдоннинг барча издошлари караматийлар деб атала бошлайди. Лекин Хамдон ўз лақабини мавжуд бўлган ташкилот номидан олган бўлиши ҳам мумкин – бу ҳали охиригача аниқ эмас. Қараматийлар ва исмоилийлар ижтимоий-мафкуравий дастурини маздакийлардан олган ҳамда ушбу ғоялар келгусида исмоилийлик ислом оламининг барча мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиё бўйлаб ривожланиши ва тарқалишида катта рол ўйнаган.
Фотимийлар исмоилийлиги деб аталувчи ҳолат исмоилийликнинг бошқа асосий тармоғи ҳисобланади, унга Фотимийлар халифалигида эътиқод қилинган ва мусулмон шарқида Марказий Осиёга қадар тарқалган. Айнан Баҳрайнда Фотимийлар ва Қараматийлар давлатлари ташкил бўлгандан сўнг исмоилийлик таълимотининг қараматийлик ва исмоилийликка бўлиниши бошланади. Исмоилийлар ва қараматийлар ўртасидаги догматика (догма – ақидаларга асосланган танқидсиз фикрлаш) соҳасидаги асосий келишмовчилик қараматийларнинг узлуксиз имоматни, яъни имомнинг меросхўр ҳокимиятини тан олмаслигидадир. Қараматийлар Маҳдийнинг фотимийлар эълон қилган сўнгги “нотиқ”, яъни пайғамбарнинг яна келишини ва унинг келишини кутишини ёлғон деб билган. Улар таълимоти воқиф турига, яъни тўхтаб қолган имоматга тегишли бўлган.
XI аср охиридан бошлаб, исмоилийлик инқирози чуқурлашиб боради, унинг ташқи кўриниши диний ва сиёсий бўлинишлар тарзида зуҳр бўлган. Мустаълийлар Мисрда кўпчилик бўлган ва улар исмоилийликнинг мўътадил йўналишига мансуб эди, низорийлар эса ашаддий бўлган: улар таълимоти, ишни ташкил қилиш усуллари алоҳида ўзига хосликларга эга эди. Мисрдаги исмоилийлар давлати 1171 йилда қулайди, аммо унгача Эронда Исмоилийлар – Низорийлар давлат ташкил топган эди. Ҳасан ас-Сабоҳ ушбу давлат асосчиси бўлган. У 1081 йилда “ад-даъват ал-жадида”, яъни “янги даъват” таълимотини эълон қилади ва Фотимийлар исмоилийлигидан (“ад-даъват ал-қадим”) (“қадимги даъват”) фарқ қилиб, ақидаси (доктрина) ва жамоатларни ташкил қилишда бир қатор янги усуллари бўлган. 1090 йилда Ҳасан ас-Сабаҳ тоғ устида жойлашган Аламут қалъасини эгаллаб олади ва ўша қалъа унинг қароргоҳига айланади. Исмоилийлар тез орада Эроннинг тоғли жойларидаги кўплаб қалъалар, қўрғонлар ва мудофаа иншоотларини эгаллайди. Айтиш жоизки, Низорий исмоилийлар душманларига қарши ўта шафқатсиз террористик кураш усулларини қўллайди. Исмоилийларнинг илк қурбони салжуқийларнинг машҳур вазири Низом ул-Мулк бўлади. Низорийлар ҳаракатлари оқибатида неча юзлаб кишилар ўлдирилади, уларнинг аксарияти йирик сиёсий арбоблар ва ҳукмдорлар эди. Бироқ сиёсий қотиллик амалиёти исмоилий низорийларнинг таълимотидан келиб чиқмаган. Терроризм Ҳасан ас-Сабоҳнинг кашфиёти ҳам эмас эди. Дастлабки шиалар бу кураш усулини “жиҳодэ махфий” (“яширин уруш”) деб атаган ва у чегарада юз берадиган очиқ урушга қарама-қарши қўйилган. Шиаларнинг битта экстремистик гуруҳи “хуннак” (бўғувчилар) деб аталган, ушбу оқим издошларининг энг яхши кўрган қотиллик усули шу бўлган. Шунга қарамай, ушбу гуруҳлардан бирортаси низорийлардан олган террорчилик қотилликларига бу қадар кўп сиёсий аҳамият бермаган. Афтидан, терроризм душман низорий ҳукмдорлар таъқибларига қарши кураш воситаси сифатида аста-секин ўзлаштирилган. Аммо ас-Сабоҳ замонидан бери низорийлар террори кенг миқёсда тарқалиб кетди.
Булар барчасига мўғуллар босқини чек қўйди – низорийларнинг сўнгги имоми ўлдирилди ва исмоилийлар давлати ер билан яксон қилинди. Аммо низорий имомлар мўғуллар таъқибидан қочиб, яширин ҳаёт кечириш йўлига ўтди. Имомлар қаерда эканини фақат уларга энг яқин кишилар билар эди ҳамда исмоилийлар жамоаси билан ҳар қандай алоқалар бутунлай бас қилинди. Бир неча аср давомида исмоилийларнинг бошқаруви ва уларнинг муридлари билан алоқалари тўхтаб қолди.
Бироқ қайсидир вақтга келиб, улар қайта туғилди, яъни ёддан чиққан имомлар яна ёдга қайтиб, ижтимоий ҳаётга қўшилди. Хусусан, имом Шоҳ Халилуллоҳ III нинг Фатҳали шоҳ Қожар билан муносабатлари яхши эди. У қизини Ҳасан Али Шоҳнинг (1787-1881 йй.) ўғлига узатади. У Қум ҳукмдори этиб тайинланади ва Оғахон, яъни “жаноб”, “хўжайин” унвонига сазовор бўлади ва бу кейинчалик исмоилий имомларнинг мерос унвонига айланди. Сўнгра у Кармон вилоятининг ҳокими этиб тайинланади. Аммо ўртада Оғахон I меросхўр Фатҳалишоҳ Муҳаммад билан зиддиятга боради ва Оғахон I ни ҳокимлик лавозимидан четлатади ва таъқиб қилади. Натижада 1840 йили Ҳасан Али ҳокимиятни ағдариб, куч билан тахтни эгаллашга ҳаракат қилади, аммо уддалай олмайди ва 1841 йили Эрондан чиқиб кетади. У Афғонистон чегарасидан ўтиб, Қандаҳор шаҳрига келади. Тез орада Афғонистондан ҳам кўчиб, Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳрига бориб жойлашади. 1848 йили исмоилийлар – низорийлар имомати марказини ташкил этади. Шуни айтиш жоизки, имомат марказини Эрондан Ҳиндистонга кўчириш исмоилийлик ривожланишида муҳим рол ўйнаган. Исмоилийлик – низорийлик тарихида янги давр бошланади. Оғахон I Британия Ҳиндистонида инглиз ҳокимияти билан фаол ҳамкорликни давом эттиради. Бу давр 30 йилга чўзилади ва ушбу давр мобайнида Оғахон атрофига кўп сонли, бошбошдоқ низорий жамоатларини, жумладан, Бадахшондаги қавмларни бирлаштиришнинг уддасидан чиқа билади.
– Келинг, Марказий Осиёдаги исмоилийлик шаклланиши ва ривожланиши ҳақида гаплашайлик. Исмоилийлик Марказий Осиёда тарқалишининг асосий босқичлари қандай бўлган? Бухоро беклари ҳокимияти ва Россия бошқаруви ўрнатилгандан кейин ғарбий Помирдаги исмоилийлар аҳолисининг аҳволи қандай эди? Исмоилийлар маиший турмушининг Ҳиндикуш тоғларидаги шакли қай тарзда?
– Қайд этиш жоизки, Хуросонда исмоилийлар даъвати 903 – 913 йиллардаёқ эълон қилинган. Марказий Осиёга исмоилийликнинг илк ваъзини дои (воиз) Ғиёс олиб келган. У Хуросондаги асосий дои бўлган. 902 йилда Фотимийлар халифи ал-Маҳдий Нишопурда махсус қароргоҳга асос солган Абу Абдуллоҳ ал-Ходимни дои этиб тайинлайди. У Ғиёсдан фарқли ўлароқ Абдуллоҳ ал-Маҳдий номида маъвиза қилади, Ғиёс эса яширин маҳдий – Муҳаммад ибн Исмоил номидан ваъз айтар эди, яъни улар ўртасида тафовут мана шу ердан бошланган. Улардан бири қараматий, иккинчиси эса Фотимий исмоилий эди.
Манбалар шаҳодат беришича, 919 йилда Абдуллоҳ ибн Маҳдий Хуросонга Абу Саид аш-Шааронийни юборади, вилоят аъёнларидан бир қатор кишиларнинг исмоилийликни қабул қилишини у етиб келиши билан боғлашади. Хуросоннинг кейинги доиси Ҳасан Али ал-Марвазий Сомонийлар сулоласи саркардаси бўлган ва исмоилийлик таъсирини қўл остидаги ҳудудлар: Маймана, Ҳирот, Ғаржистон ва Ғурга ёйган. Доининг минтақадаги истиқоматгоҳи Нишопурдан Марвга кўчирилди. Аста-секин исмоилийлар Сомонийлар амири Наср ибн Аҳмаднинг ишончини қозонишга муваффақ бўлди, амирнинг ўзи ҳам исмоилийликни қабул қилди. Бу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган гап эди. Айрим маълумотларга кўра, у ўзини Фотимийлар халифининг ноиби сифатида тан олган. Лекин, табиийки, бу зодагонлар, айниқса, туркий соқчиларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлади ва улар оқибатда давлат тўнтаришини ясайди. Наср ибн Аҳмад тахтидан ағдарилади, унинг ўрнига тахтга ўғли Нуҳ ибн Наср ўтиради. Исмоилийлар даҳшатли қувғинга дучор бўлади, кўпчилиги жисмонан йўқ қилинади. Лекин бу билан исмоилийлар ваъзлари Марказий Осиёда тўхтаб қолмайди, унинг кейинчалик қайта тикланиши буюк форс шоири Носир Хусрав фаолияти билан боғлиқ, у Газнавийлар султони ал-Масъуд саройида хизмат қилган. 1045 йилда Носир Хусрав ҳажга бориб, йўл-йўлакай Мисрни ҳам зиёрат қилади, у ерда Исмоилийлар ташкилотининг йирик мафкурачилари ва ташкилотчилари билан учрашади. Айни сафар уни исмоилийликнинг ашаддий тарафдорига айлантиради. Фотимий халифа ал-Мустансир Носир Хусравни Хуросон ва Бадахшондаги даъватчиларнинг бошлиғи этиб тайинлайди. У Эрон ва Хуросонда воизлик қила бошлайди ва бу ерда исмоилийлик таълимоти издошларини ёллашга киришиб кетади. Айни чоқда Носир Хусрав ва тарафдорларининг воизлик фаолияти улкан машаққатлар ва хавф-хатар билан қоришиб кетган эди. Оқибатда у таъқибга учраб, Помирдаги Ямгон деган жойга қочишга мажбур бўлади ва ўша ерда мустақил сиёсат юргизган эътиқоддоши, Бадахшон исмоилийлари пири ва амири Абул Маалий Али бин Асаднинг ҳузуридан паноҳ топади. Афсуски, бу ҳақдаги маълумотлар – узуқ-юлуқ. Лекин манбалардан олинган барча маълумотларни умумлаштириб, шуни айтиш мумкинки, Носир Хусрав дастлаб Ямгон водийсида улкан маҳрумликларни бошидан кечиради, сўнгра тарафдорларини йиғиб, ушбу водийни Хуросондаги ноибнинг қароргоҳига айлантиради. Халқ уни бежиз Шоҳ Носир деб атамаган. Лекин у ўша ерда қанча вақт яшаганини билмаймиз. Лекин муҳими, аниқ нарса шуки, ҳозирги помирлик исмоилийлар ўртасида айнан Носир Хусрав бу ерда исмоилийликнинг ўрнашиши асосчиси ва ислом динининг ушбу тармоғи тарқатувчиси ҳисобланади.
Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, Бадахшон ва Марказий Осиёнинг бошқа қисмлари исмоилийлари узоқ вақт моҳиятан низорий – мустаълий бўлинишидан четда қолиб келди ва улар мустақил Форс давлати таркибига кирмаган эди. Марказий Осиё исмоилийларининг Носир Хусрав билан мўғуллар истилоси даври ўртасидаги тарихи ҳақида бизга жуда оз нарса маълум. Марказий Осиё исмоилийлари сўнгги Аламут даврида низорийлар саъй-ҳаракатлари билан аста-секин улар имоматини тан олган. 1221 йилда Бадахшонни мўғуллар босиб олади. Помир ва Ҳиндикуш исмоилийлари босқинчиларга садоқат кўрсатади.
Кейинроқ исмоилийлар нафақат Помирда, қолаверса, Ҳиндикуш амирликларида анча-мунча ҳудудни эгаллаган, яъни кенг тарқалган эди. Улар турли тилларда сўзлашганига қарамай, умумий маданият, умумий урф-одатлар ва қисман маданият фондига эга бўлган ноёб маданий умумийликни ташкил қилади. Яна уларни бирлаштириб турган дини ҳам умумий бўлган. Лекин шу билан бирга, улар атрофидаги кўп сонли суннийларга нисбатан озчиликни ташкил қилган. Табиийки, суннийлар Помир ва Ҳиндикуш минтақасидаги исмоилийларни кофирлар деб билган ва бу келгусида жуда оғир оқибатларга олиб келган. Масалан, 1883 йилда афғонлар ғарбий Помир ҳудудини босиб олгач, маҳаллий аҳоли даҳшатли қатағонларга маҳкум этилган. Улар чин маънода таланган, зўрланган, бу ҳақиқий геноцид даври бўлган, шу сабаб улар ўша пайтда фақат Россия империяси ёрдам бериши мумкинлигига умид қилган. Аммо у пайтда империя бундан манфаатдор эмас эди. Россия империяси қаерда нималар юз бераётганини тушунмаган ҳам, шунинг учун ҳеч нарса содир бўлмаган.
Бироқ 1891 йилга келиб, вазият бироз ўзгаради, чунки инглизлар Помирни босиб олиб, уни Хитой билан Афғонистолн ўртасида бўлмоқчи бўлган. Шундан сўнг Россия империяси амалдорларининг пайтавасига қурт тушади. Исмоилийлар ўзини Қўқон хонлиги ворислари деб атаган, чунки айнан Помир ҳудуди Қўқон хонлигига вассал саналган. Россия амалдорлари ўз-ўзидан ғарбий Помир ҳудудини ҳам унинг шарқий қисми сингари Қўқон хонлиги мулки деб ҳисоблаган. Улар инглизларнинг ниятидан воқиф бўлгач, полковник Ионов раҳбарлигида шу ёққа махсус Помир экспедициясини жўнатган, у ўша ердан хитойликлар ва афғонларни қувиб солган. Аммо рус ҳарбий бўлинмаси кетгандан сўнг афғонлар билан хитойликлар қайтиб келиб, маҳаллий аҳолини қатағон қилган. Ўшандан кейин 1892 йилдан бошлаб Помирга юришлар бошланган ва кейинчалик тез бўлмаса-да, режали тарзда Помир ҳудудини Россия империяси бўйсундирган. Ғарбий Помирнинг маҳаллий аҳолиси бу масалада русларга жон-жон деб ва фаол ёрдам берган, чунки улар тимсолида қутқарувчи ва ҳимоячиларни кўрган. Афсуски, 1895 йилда сиёсий сабабларга кўра ғарбий Помир ҳудуди Бухоро амирлиги ихтиёрига берилган ҳамда яна ислом динининг суннийлик йўналишига мансуб бухороликлар маҳаллий аҳолини қувғин ва қатли ом қилган ва бу русларнинг ўша ерда жойлашган Помир бўлинмаси билан кўплаб можароларни келтириб чиқарган. Айни чоқда шуни ҳам тушуниш керакки, Помир ҳарбий бўлинмаси бошлиқларининг помирликларга муносабати жуда яхши бўлган, чунки биринчидан, помирликлар суннийлар эмас, яъни улар Туркистон сунний аҳолисининг доимий душманлари бўлган, Туркистон аҳолиси эса Россия ҳокимиятига ушбу минтақада доимий тарзда таҳдид солиб турган. Шу сабаб Россия ҳокимияти помирликларни ўзига иттифоқчи деб билган. Иккинчидан, славян руслар орасида орийлар деган тушунча мавжуд бўлган, Помир эса орийларнинг кўҳна ватани саналган, яъни гўё руслар қадимий ватанига қайтиб келиб, узоқ қариндошлари билан учрашган. Помирликларга муносабат Туркистоннинг бошқа аҳолисига нисбатан ўзгача бўлган, шунинг учун Россиянинг сиёсати Туркистоннинг бошқа қисмида ўтказилган сиёсатидан тубдан фарқ қилган, яъниким бу ерда мустамлакачилик айни сўзнинг туб маъносида юз бермаган. Россия амалдорлари аҳолининг ҳаётини енгиллатиш ва яхшилашга имкон қадар интилган ва бу инқилобга қадар давом этган. Айни чоқда исмоилийларнинг пирлари Россия ҳокимиятига мутлақо содиқ бўлган. Шу билан бирга, бир тарафдан, исмоилийлар барибир аллақандай шубҳа уйғотган, чунки Оғахон Британия Ҳиндистондаги истиқомат қилиши маълум эди ва у британияликлар билан ҳамкорлик қилади, деган гумон бўлган. Россиялик амалдорлар, агар Оғахон истаса, помирлик исмоилийларни Россияга қарши қайраши мумкин, деб ўйлаган. Айрим амалдорлар мана шу ҳолатни таҳдид деб билган. Аммо Помирда бўлиб қайтган ҳамма амалдорлар ҳам бундай фикрда бўлмаган. Хусусан, Помирга у ердаги вазият билан танишиш учун борган барон Черкасов бу гапни мутлақо ақлига сиғдира олмаган. Умуман олганда, вазият фақат 1907 йилга келиб, инглизлар руслар билан келишувга эришгач ва Антанта ташкилоти тузилгач, бутунлай ўзгарди ҳамда у 1917 йилга қадар шундай бўлиб қолди.
– Совет Иттифоқида исмоилийларга нима бўлди? Бугунги кунда уларнинг Марказий Осиёдаги роли қандай? Уларнинг ғоялари бугунги кунда Марказий Осиёда қанчалик долзарб?
– Албатта, совет ҳокимияти, болшевиклар бу ерда ўз ҳокимиятини ўрнатгандан сўнг нафақат исмоилийларга, қолаверса, ҳар қандай динга бутунлай бошқача муносабатда бўлди. Бу ерда совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнгги дастлабки босқичларда исмоилийларга, энг аввало, уларнинг пирлари ва помирлик исмоилийлар етакчиларига хайрихоҳлик билан қаралган бўлса, аста-секин Совет ҳокимияти мустаҳкамлана боргани сари зиддият кучайиб кетди, яъни 1920-йиллар бошида гўё исмоилий пирлар Помирда инглизлар кўмагида ҳокимият тўнтаришини режалаштираётганига оид аллақандай фитна аниқланди. Ушбу фитна фош этилди, аммо совет ҳокимияти бундай фитна мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай аниқ исботларни топа билмади. Шунинг учун исмоилийлар фитнаси раҳбари, пир Юсуф Алишога нисбатан мисли кўрилмаган ҳукм чиқарилди. Помирдаги ҳарбий ва сиёсий учлик раҳбари Дяков ёзишича: “Ушбу пирларнинг маҳаллий аҳолига таъсири жуда катта”. Шунинг учун у Юсуф Алишони шартли равишда отувга ҳукм қилишни таклиф этади, албатта, бу ҳайратланарли ва мисли кўрилмаган ҳол эди. Кейинчалик пирларга аста-секин ва аниқ босим ўтказилади, яъни мақсад уларни Помир ҳудудидан сиқиб чиқариш эди. Пирларнинг аксарияти Афғонистон ҳудудига қочишга мажбур бўлди, ўша ерда инглиз ва афғонлар агентларига айланди, инглизлар билан афғонлар уларни ҳар томонлама фаол қўллаб-қувватлади, чунки айни пирларнинг муридлари совет Помири ҳудудида яшаётган эди ва табиийки, улар пирлари билан қалин алоқада бўлган. Кетмаган пирлар қатағонга учради, қатағон қилинганлар орасида Юсуф Алишо ҳам бор эди. У сирли тарзда вафот этди. Иш шу билан тугадики, Помирда ҳеч қандай пир қолмади, яъни барча пирлар ёки қатағон этилиб, йўқ қилинди ёки унинг ҳудудидан қочиб кетишга мажбур бўлди. Помирда пир-мурид тизими йўқ қилинди. Орадан анча вақт ўтиб, собиқ иттифоқ парчаланиб кетгач ҳам, бу тизим қайтиб тикланмади. Бу ерда бошқарув, жумладан, Оғахоннинг таъсири тиклангандан сўнг илгари пирларнинг ёрдамчилари бўлган халифалар тизими тикланди. Аммо пирлар бу ёққа қайтиб келмади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг исмоилийлик, жумладан, уларнинг дини оҳиста тиклана бошлади. 1990 йилдаёқ Душанбеда Носир Хусрав жамияти ташкил этилди, у фақат маърифий фаолият юритиб, Душанбе шаҳрида, келгусида эса республиканинг бошқа шаҳарларида жамоатхона, яъни ибодат уйи қурилиши учун маблағ йиғиш билан шуғулланди. Имомат билан алоқалар тиклана бошлади. Аммо 1992 йилда Тожикистонда ушбу алоқаларни бир неча йил узиб қўйган фуқаролар уруши бошлангандан сўнг Тоғли Бадахшон ҳам ушбу можарога тортилди. У иттифоқ даврида дотация ҳисобига кун кўрувчи ҳудуд бўлгани учун маҳаллий аҳоли чин маънода очарчилик сабаб қирилиб кетар даражага келиб қолди. Фақат Оғахон жамғармаси Қирғизистоннинг Ўш шаҳри орқали озиқ-овқат етказиб беришни йўлга қўйгач, маҳаллий аҳоли очарчиликдан қутулиб қолди. Шунинг учун Тоғли Бадахшонда маҳаллий аҳоли: нафақат исмоилийлар, ҳатто суннийлар Оғахонни яхши кўради, чунки вазият барча учун бир хил эди – айни сабабга кўра, Оғаҳон IV нинг сурати Тоғли Бадахшондаги ҳар бир уйда бор.
1995 йил 25 майда Ғарбий Помирга Оғаҳон IV нинг ўзи ҳам ташриф буюрди. Бу ерга Помир тарихида биринча марта Исмоилийлар жамоати раҳбарининг келишига ҳамда маҳаллий аҳолига ўз маънавий раҳнамосини илк марта кўриш ва гапларини эшитиш учун имконият туғилган эди. Табиийки, ушбу сафар Помир исмоилийларининг маънавий ҳаётида тарихий саҳифа очди, чунки бунга қадар Помир исмоилийлари дийдор кўришиш учун, яъни имомни кўриш учун юзлаб чақирим наридаги жойга яёв боришга мажбур эди. Бундай саёҳат аҳамиятига кўра Маккага ҳаж қилиш билан тенг бўлган. Таълим ривожланди. 2009 йилда Хоруг шаҳрида Оғахоннинг таълим бўйича дастури офиси очилди, ушбу дастур доирасида исмоилийлик тариқати ва диний таълим бўйича қўмита фаолият юргизди. Помир исмоилийларига оид барча масалаларни кўриб чиқиш унинг ваколатига киради. 1998 йилда Хоругда Оғахон лицейи ташкил этилди, халқаро аҳамиятга эга ҳамда Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирок этаётган яна бир муҳим лойиҳа – Марказий Осиё университети (МОУ) ташкил этилгани бўлди. Зикр этилган мамлакатлар ва Оғахон офиси ўртасида ушбу университетни ташкил этиш бўйича шартнома 2000 йилда имзоланган эди. МОУнинг биринчи талабалар кампуси Қирғизистоннинг Норин шаҳрида 2016 йилда, иккинчи кампус эса 2017 йилда Тожикистоннинг Хоруг шаҳрида 2017 йилда очилди. Яна битта кампус Қозоғистоннинг Текели шаҳрида бор. Университетнинг 3 та мактаби: санъат ва илм-фан мактаби, ривожланиш бўйича олий мактаб ва профессионал узлуксиз таълим мактаби мавжуд.
– Исмоилийлар жамоати бутун дунёга сочилиб кетган. Улар индивидуаллиги ва ўзига хослигини сақлаб қола оляптми? Уларни диндан бошқа яна нима бирлаштириб туради? Исмоилийлар жамияти моҳиятига глобаллашув таъсир кўрсатяптими ва жамоатни келгусида нималар кутяпти?
– Савол учун раҳмат. Исмоилийлар чиндан ҳам дунёга тариқдай сочилиб кетган. Агар улар олдин ихчам яшаган бўлса, яъни исмоилийларнинг энг йирик жамоати исмоилийлик ёйилишининг алоҳида шакли мавжуд ғарбий Помир ва Ҳиндикуш минтақасида яшаган бўлса, исмоилийлар жамоатининг анча-мунча миқдори – ҳозирги Покистон ва Ҳиндистон ҳудудидаги жамоатлар энг бойларидир. Яна у ёки бу жамоатлар Яқин Шарқ, Сурия ва Эронда мавжуд бўлган. Лекин янги даврда, айниқса, Британия Ҳиндистони ва бўлғуси Покистон ҳудудидан кўчиб кетиш натижасида бошқа давлатлар, хусусан, шарқий Африка мамлакатлари ҳудудида анча-мунча исмоилийлар жамоатлари пайдо бўлди. Аввало, улар Танзания, Уганда, Мозамбик ва Кениядир, ушбу мамлакатларда Покистон ва Ҳиндистондан борган кишиларнинг анча-мунча қисмини исмоилийликка эътиқод қилувчи аҳоли ташкил қилади, чунки айни дамда у ерларда боҳралар – ҳинд мустаълийлари ҳам истиқомат қилади ва улар кучли жамоатдир. Бундан ташқари, ҳожилар, яъни ҳинд исмоилийлар – низорийлардан чиққанлар Европада, жумладан, АҚШ ва Канададаги жамоатларнинг анча-мунча қисмини ташкил этади. Масалан, Канадада анча кучли жамоат бор – бир жойда ғуж бўлиб яшайди ва жуда аҳил. Исмоилийлар тарқоқ бўлишига қарамай, ўз динига жуда содиқ.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, исмоилийлик етарли даражада демократик бўлгани унинг яшаб қолишига имкон берди. Исмоилийлик Ғарб жамияти билан камдан-кам ҳолларда зиддиятга боради. Исмоилийлар тез европалашади ва Ғарб жамиятига осон сингишиб кетади, бошқа мусулмонларга қараганда, уларнинг яшаш шароити қулайроқ. Бундан ташқари, уларга Оғахон махсус молиявий кўмак бериб туради. Алоҳида таълим тизими мавжуд, шунинг учун Шарқий Африкада исмоилийлар жуда яхши таълим олади ва молиявий тайёргарликка, дейлик, молиявий хавфсизлик “ёстиғи”га эга, чунки Оғахон фонди уларга иқтисодий ёрдам кўрсатади, хусусан, кредитлар ва ҳк. беради. Яъниким, вазият бироз бошқача бўлган Афғонистон билан Помирни истисно қилганда, дунёда исмоилийларнинг аҳволи бошқа аксарият иммигрант мусулмонларникидан яхшироқ. Шунинг учун исмоилийларга бошқа дин вакиллари сафига сингиб кетиш ҳавф туғдиряпти, деб айтиш қийин, чунки исмоилийлар жуда мустаҳкам жамоат эканини ҳам тушуниш керак. Шу билан бирга, Оғахон – БМТнинг йирик амалдори, унинг Ғарбий Европанинг юқори лавозимли амалдорлари ва аслзодалар билан қалин алоқалари бор. Британия қироллик оиласининг энг яқин дўстларидан бири бўлиб, Швейцарияда истиқомат қилади, унинг исмоилийлар таянадиган аҳволи жуда яхши. Албатта, Марказий Осиёдаги исмоилийлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ердаги вазият бошқачароқ, Марказий Осиёдаги исмоилийлар Оғахоннинг бу тизимига кирмайди, конституцияга бўйсунмайди. Шунинг учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий вазият бошқа мамлакатлардагидан ёмонроқ экани табиий.
Оғахон ташкилоти фақат исмоилийлар ҳаётига ёрдам бериб қолмасдан, унинг фонди амалга ошираётган бир қанча дастурлар ҳам бор. Масалан, меъморчилик обидаларини таъмирлаш соҳасида шундай дастур мавжуд. Меъморчилик обидалари – Оғахоннинг жону дили, шу сабаб уларни сақлаб қолишга ҳар томонлама ёрдам беради, турли стипендиялар, таъмирлаш ишлари учун ҳар хил мукофот пули ажратиб туради. Унинг фаолияти самараси ўлароқ, ҳам Яқин Шарқ мамлакатлари, ҳам Ҳиндистон ва Марказий Осиёда кўплаб ноёб меъморчилик ёдгорликлари турли тарзда таъмирланди. Оғахон бу ердаги мамлакатлармустақилликка эришиш арафасида ҳам фаолиятини бошлаган эди. Масалан, Самарқанддаги бир қанча обидалар унинг пулига таъмирланди, афсуски, юз берган аллақандай ўзгаришлар сабаб ҳамкорлик тўхтаб қолди. Оғахон 1995 йилда Тожикистонга боришидан аввал собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонга сафар қилган эди.
– Ушбу ташкилот бугун исмоилийлик ғояларини давом эттиряптими?
– Бу ташкилот ўз олдига прозелитизмни, яъни исмоилийликни тарқатиш ва унга янги аъзоларни қўшишни мақсад қилиб қўйгани йўқ. У кўпроқ маданият ташкилот бўлиб, фаолияти исмоилийлар фаровонлигига хизмат қилишга йўналтирилган. Исмоилийлик ғояларининг бош мақсади билим беришдир. Ҳатто Оғахон III нинг қариндошларидан бири ёзган рисолада сақланиб қоган шундай ривоят ҳам бор: Аллоҳнинг пайғамбари олдига саҳобалари келиб, “Биз кофирларга қарши курашяпмиз. Шу билан биз Буюк жиҳод қиляпмизми?” деб сўрайди. Бунга Аллоҳнинг расули шундай жавоб беради: “Йўқ, сизлар кичик жиҳод қиляпсизлар”. “О, Аллоҳнинг Расули, унда Буюк жиҳод қандай бўлади?” деб сўрайди саҳобалар. Шунда Аллоҳнинг расули, “Буюк жиҳод – билим олиш”, деб жавоб қайтаради. Мана шу ғоя, яъни билим, билимни эгаллашга, ўқишга интилиш исмоилийликнинг энг муҳим таркибий қисмидир ҳамда исмоилийлик мафкураси ва таълимотининг асосини ташкил қилади. Оғахоннинг ҳозирги ташкилоти ўша ғоя давомчисидир, яъни ҳозирги кунда диний жангарилик ва бошқа қатламлар ўтмишда қолиб кетди. Айнан тинч йўл билан билим ва маърифатга бўлган барака келтирувчи интилиш қолди. Ўйлашимча, исмоилийлар ва Оғахон ташкилотининг замонавий қарашларини исмоилийлар ғояларининг бутунлай янгича кўринишдаги давоми деб айтиш мумкин.