Суратда: “Қирғизистондаги 1916 йилги қўзғолон” картинаси, рассом Семён Чуйков, 1936 йил
Муаллиф: Дамир Сатторов
1916 йилдаги қўзғолон Ўрта Осиё мустамлакалари тубжой аҳолисининг энг йирик норозилик кўтарилиши бўлди. Қўзғолон 1916 йил 4 июлда Самарқанд вилоятининг Хўжанд шаҳрида (ҳозирги Хўжанд, Тожикистон) бошланди ва тез орада кўп миллатли аҳолиси 10 миллион кишидан зиёд бўлган Самарқанддан Уралгача бўлган ҳудудни қамраб олди.Қўзғолон келиб чиқишига иқтисодий ва ижтимоий аҳвол, ер масаласи ва бошқа омиллар сабаб бўлган, шунингдек, зўравонлик авж олиб кетган эди. 1916 йилги қўзғолон ҳақида қирғизистонлик тарихчи Аминат Чўқобаева сўзлаб беради.
1916 йилга келиб, биз тилга оладиган асосий ҳудуд Туркистон ва Дашт генерал-губернаторлиги ўртасида маъмурий жиҳатдан бўлиб олинган эди. Дастлаб 1916 йил воқеаларига сабаб бўлган вазиятни тасвирлаб бера оласизми? Ушбу губернаторликларга қаерлар кирган? Россиянинг ўша мустамлакалари қандай аҳволда бўлган? Маъмурий тақсимлаш ва умуман, ўша ерларни бошқариш қандай амалга оширилган? Чор ҳокимияти 1916 йилга келиб ўша ерларнинг ачинарли аҳволига таъсир кўрсатган иқтисодиёт билан боғлиқ қандай асосий фармонларни қабул қилган? Умуман, уларни мустамлакалар ёки мулк (владение) деб атаса бўладими?
Аминат Чўқобаева: Бу саволга жавоб бериш учун дастлаб мастамлака (колония) деганда нимани, мулк деганда нимани тушунишимиз кераклигини аниқлаштириб олсак. Мулк унга бўлган эгаликни англатади. Бизнинг ҳолатда Туркистон ва Дашт генерал-губернаторлиги ҳудудлари, шунингдек, уларнинг аҳолиси ва ресурслари шундай мулк ҳисобланади. Бундан ташқари, мулк унинг эгаси бўлиши кераклигини ҳам англатадики, Россия империясида унинг соҳиби император бўлган.
Мулкнинг мустамлакадан нима фарқи бор? Унга изоҳли луғатда шундай таъриф берилади: “Мустамлака – сиёсий мустақиллиги бўлмаган ва чет давлат ҳокимиятида остида бўлган мамлакат ёки ҳудуд”. Мустамлакалар метрополияга бўйсунади, сиёсий ва иқтисодий мустақилликдан маҳрум бўлади. Яъниким, “мустамлака” атамаси мулкдан кўра торроқ маънога эга, бироқ улар орасида принципиал фарқ йўқ. Туркистон ва Дашт генерал-губернаторликлари Россия империясининг қўлга киритилган мулклари, шунингдек, сиёсий субъектлиги йўқ мустамлакалари бўлган. Ўша вақтдаги ҳужжатларда Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудларини англатиш учун иккала атама ҳам қўлланган, лекин ҳозирги пайтда “мустамлака”нинг салбий маъноси бор, чунки у тенгсизлик ва зўравонликни англатади. Шунинг учун Россиянинг замонавий тарихшунослигида Ўрта Осиё мустамлака эмас, мулк сифатида тез-тез тилга олинади. Қизиғи шундаки, биз тилга олаётган даврда – XIX аср ва ХХ аср бошларида “мустамлака” атамаси салбий маъноларга эга бўлмаган. Мустамлакага эгалик қилиш империя бўлиш, яъни улкан ва қудратли давлат бўлиш сингари обрўли саналган. Александр Моррисон мақолаларида ва яқинда чоп этилган китобида кўрсатишича, Ўрта Осиёнинг истило қилиниши нафақат Россия империясининг жанубий чегараларидаги хавфсизликни таъминлаш, қолаверса, Россия эришиш ва кучайтиришга интилган нуфуз ва обрў-эътибор талабидан ҳам келиб чиққан. Александр Моррисон Британия Ҳиндистони мисолида Россиянинг 1917 йилги инқилобга қадар Ўрта Осиёни бошқаргани бошқа мустамлакалар бошқарилгани билан бемалол таққосласа бўлишини кўрсатиб беради.
1916 йилда Туркистон ва Дашт генерал-губернаторликлари таркибига қаерлар кирган ва улар қандай шаклга эга бўлган? Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига Жанубий Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, шунингдек, Тожикистон ҳудудлари кирганини қайд этиш лозим. Айни дамда Дашт генерал-гебернаторлиги таркибига замонавий Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидан бошқа барча ҳудудлари кирган. Олмаота вилояти ўша вақтлар Еттисув вилоятига қараган, Еттисув вилояти қизиқ маъмурий тузилма бўлган, чунки у Дашт генерад-губернаторлигидан Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига ўтган. Қўзғолон юз берган пайт Еттисув вилояти Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида эди.
Россиянинг мана шу мустамлакалари қандай аҳволда бўлган? Маъмурий тақсимлаш қандай бўлган ва умуман, ушбу ерлар қандай бошқарилган?
Аминат Чўқобаева: Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудлари Туркистон ҳарбий округига қараган, яъни маъмурият Россиянинг Европа қисмидагидек маданий (ҳарбий бўлмаганларга бўйсунадиган) эмас, ҳарбий бўлган, яъни Туркистон генерал-губернаторлиги ва Дашт генерал-губернаторлиги Россиянинг Европа қисмидагидан кўра ўзга тарзда бошқарилган. Губернаторликлар бошлиқлари генерал-губернаторлар, профессионал ҳарбий хизматчилар бўлган. Туркистоннинг 1905 йилга қадар ва 1917 йилдан сўнг сиёсий вакиллиги бўлмаган, яъни Туркистон депутатлари фақат биринчи чақириқ Думасига сайланган. Туркистон 1907 йилда ҳар қандай сиёсий вакилликдан маҳрум бўлган. Бошқарувни маҳаллий қуйи даражада волост бошқарувчилари бажарган, улар маҳаллий аҳоли орасидан сайланган ва мустамлака маъмуриятининг қуйи даражасини ташкил қилган. Лекин маъмуриятни, асосан, ўлкани бошқариш учун Россиянинг Европа қисмидан юборилган амалдорлар ва ҳарбий рутбадаги кишилар тамсил қилган. Бошқарув 1868 йилда қабул қилинган “Вақтинчалик Дашт низоми” асосида Дашт генерал-губернаторлиги ва Еттисув вилоятида амалга оширилган. Туркистон генерал-губернаторлиги 1892 йили қабул қилинган “Туркистон Ўлкаси ҳақида”ги низом асосида бошқарилган. Дашт ҳақидаги низомнинг энг муҳим жиҳати шуки, унда Россия империясининг Ўрта Осиёдаги янги ҳудудлари ер мулкини бошқаришга оид моддалар бўлган. Айни Дашт ҳақидаги низомнинг иккита моддаси ҳокимият вакилларига маҳаллий кўчманчи аҳолининг ошиқча ерларини тортиб олиш ҳуқуқини берган, бу эса қирғиз ва қозоқлардан улкан ер майдонлари тортиб олинишига сабаб бўлган. Ўша ерлар кўчкинди кишилар эҳтиёжлари йўлида фойдаланиши учун тортиб олингани маҳаллий кўчманчи аҳолининг норозилиги ва қашшоқлишига олиб келган ва 1916 йилдаги қўзғолоннинг сабабларидан бири бўлган.
Чор ҳокимияти иқтисодиёт соҳасида 1916 йилга келиб ўша ерларнинг ачинарли аҳволига таъсир кўрсатган қандай асосий фармонлар қабул қилган эди?
Аминат Чўқобаева: Дашт ҳақидаги низомда 1916 йилга келиб, зикр этилган ҳудудларнинг аянчли аҳволига таъсир кўрсатган асосий қонун бор эди, чунки у Россиянинг Европа қисмидан оммавий кўчириш ва кўчманчи аҳолидан ерларини тортиб олишга сабаб бўлган. Масалан, Еттисув вилоятида Европадан кўчиб келган кишилар аҳолининг чоракдан қамроқ қисмини ташкил этган. Лекин ўша чорак қисм европаликлар бу вилоятдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг 2/3 қисмига эгалик қилган, яъни марказий давлатнинг иқтисодий сиёсати кўчманчи аҳолиси бор вилоятларга европалик кўчкиндиларни жойлаштиришни кўзлаган, қабул қилинган қонун маҳаллий ҳокимият идораларига фойдаланилаётган ерларни тортиб олиш ва уларга кўчкиндиларни жойлаштириш ҳуқуқини берган. Туркистон ва Дашт генерал-губернаторликларига аҳолини олиб келиб жойлаштириш билан марказий ҳокимият Россия империясининг жанубий чегаралардаги хавфсизлигини кучайтириш ва Россиянинг Европа қисмидаги ер инқирозини бартараф қилишга интилган. Ғайритабаа мақомига эга бўлган маҳаллий аҳолига диний ва тил билан боғлиқ ғайритабаалигига кўра ишончсизлик билан қаралган ва бинобарин, чегарада хавфсизликни кучайтириш учун ўша ҳудудларга кўчкинди деҳқонларни жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилинган. Бу эса ўз навбатида кучайиб бораётган ижтимоий тангликка олиб келди.
Қўзғолон ҳозирги Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ерлари бўлган жуда катта ҳудудга тарқалди. Ушбу ҳудуднинг турли бўлакларида қандай ўзига хосликлар бор эди?
Аминат Чўқобаева: Умуман шуни қайд этиш зарурки,қўзғолонлар ҳамма жойда ўзига хос бўлган. Уларнинг қандайдир ажралиб турувчи белгилари, сабаблари ва динамикаси бор эди. Умуман, қўзғолон Ўрта Осиёнинг бутун ҳудудини эгаллаб олганини қайд этиш жоиз. Аммо айни дамда Ўрта Осиёнинг барча аҳолиси қўзғолонда қатнашди, деб бўлмайди, яъни қўзғолон ўчоқлари муайян туманлар, муайян волостларда бўлган. Масалан, кўчманчилар яшаган ҳудудлардаги қўзғолон, асосан, ер билан боғлиқ низолар, кўчириб келтирилган аҳоли билан ўртадаги зиддиятлардан келиб чиққан, бинобарин, кўчманчилар яшайдиган ҳудудлардаги зўравонлик кўчкиндиларга, айни чоқда, дейлик, Фарғона водийсидаги қўзғолон кўчкиндилардан кўра ҳокимиятга, хусусан, маҳаллий аҳоли орасидан чиққан ҳокимиятнинг жойлардаги вакилларига қарши қаратилган эди. Биробарин, Фарғона водийсидаги қўзғолон кўчкиндилик ҳаракатидан кўра уруш иқтисодий вазиятни оғирлаштириб юборган сабаблардан келиб чиққан.
Қўзғолон қандай кўтарилган? У биз сўз юритаётган ҳудудларни қанчалик тез қамраб олган?
Аминат Чўқобаева: Бу қайси вилоят ҳақида гапиришимизга боғлиқ. Қўзғолон тезда Еттисув вилоятининг Пржевалск туманини (уезд), Жиззах туманининг 3 та волостини қамраб олган. Лекин у узоқ давом этгани йўқ. Июл бошида бошланиб, 1916 йил августида Еттисув вилоятида энг кенг тарқалди, сўнгра Дашт генерал-губернаторлигига ўтиб, ярим йил давом этди, бироқ жуғрофий ландшафт ва аҳоли сийрак яшагани сабабли Жиззах ва Еттисув вилоятларидаги каби жадал бўлмади. Даштда бир жойда бошқа жойга осон кўчиш ва жазо қўшинларидан осон қутулиб кетиш мумкин эди. Умуман, 1916 йил ноябр-декабрига бориб, Туркистон ҳудудининг асосий қисмида қўзғолон бостирилди.
Айрим тадқиқотларда тилга олинганидек, бунга мана шу янги коммуникация, газеталар ёки масжидлардаги маъвизалар таъсир кўрсатганми?
Аминат Чўқобаева: Назаримда,масжидлардаги маъвизалар,ва газеталар тубжой аҳолини қўзғолонга даъват қилишдан кўра фармонни бажаришга ишонтириш учун кўпроқ ҳаракат қилган. Қўзғолоннинг ёйилиши хат алмашувлар, яъни турли волостлардаги етакчилар ўртасидаги ёзишмалар орқали амалга оширилган ҳамда қўзғолон кўтарганлар коммуникация воситаларини – ўша телеграфни – йўқ қилишга интилгани сабаб бошқа вилоятлардаги қўзғолон кўтарганлар билан мулоқот қилиш учун отлиқ чопарларни жўнатиб турган. Назаримда, бу ҳолатда мулоқотнинг янги усуллари унинг анъанавий усулларидан кўра камроқ рол ўйнаган.
Қўзғолоннинг идеологлари – йўлбошчилари бўлганми?
Аминат Чўқобаева: Қўзғолоннинг айрим етакчилари аслида унинг идеологлари эди. Масалан, Жиззахда қўзғолоннинг етакчиларидан бири Назирхўжа бўлган. Ва у дин соҳасида обрўли киши бўлгани учун ғазавотга чорлаган, деб ҳисобланади. Ҳарҳолда архив ҳужжатларида у ҳақда шундай маълумот бор. Ўша архив ҳужжатларида у берган гувоҳликларда у “кичик одам” экани, қўзғолонга тасодифан етакчилик қилганини, чунки қўзғолончилар диний обрў-эътиборини ҳисобга олиб, уни қўзғолон етакчиси сифатида танлаганини айтади. Одамларга таъсир кучи бўлган, лекин диний обрў-эътибори ўзининг исломий нуфузидан келиб чиққан эмас, отасидан мерос бўлиб ўтгани қизиқ. Ўша отасидан мерос бўлиб ўтган нуфуз уни Жиззахда юз берган қўзғолон вақтида олдинга олиб чиқди.
Маҳаллий интеллигенция халққа қандай таъсир кўрсатган эди? Уларнинг ўзаро таъсирлашуви бўлганми?
Аминат Чўқобаева: Европа русумидаги интеллигенция ўша пайтлар фақат Дашт генерал-губернаторлигида мавжуд эди, яъни улар кўпинча рус тузем мактабларида рус тилида таълим олган. Кейинчалик кўпчилиги Россиянинг Европа қисмидаги университетларда таҳсил олган. Ўрта Осиёнинг бошқа жойларида олий маълумотли интеллигенция жуда оз ёки умуман бўлмаган. Туркистон генерал-губернаторлигининг бошқа вилоятларидаги маҳаллий аъёнлар вакиллари, масалан, Тошкентдаги, Еттисувдаги жадидлар аҳоли билан ҳамжиҳат ҳаракат қилган. Мустамлака маъмурияти хизматини қилган айрим маҳаллий аъёнлар вакиллари қўзғолончиларга ёрдам берган, чунки қўзғолончилар орасида уларнинг қариндошлари ҳам бор эди. Масалан, Еттисув вилоятида истиқомат қилган қирғизлар орасидан чиққан илк таржимонлардан бири Абдукарим Сидиқов юртдошларига жазо қўшинларининг бир жойдан бошқасига кўчиши тўғрисидаги маълумотларни етказиб турган, кейинчалик унинг Совет Қирғизистони оёққа туришига анча-мунча хизмати сингган. Шу билан бирга, Туркистонда ҳам, Дашт генерал-губернаторлигида ҳам интеллигенциянинг кўплаб вакиллари маҳаллий аҳолини буйруқни бажаришга даъват қилган. Кейинчалик вужудга келган “Алаш” ҳаракати вакиллари ҳам буйруққа зўравонлик билан қаршилик кўрсатиш маҳаллий аҳолининг қурбонлик беришига сабаб бўлишини тушунган, шунинг учун улар “Қозоқ” газетасида аҳолини буйруқни бажариш ва фронторти ишларига чақирилганларнинг рўйхатини беришга даъват қилган. Айни чоқда “Алаш” ҳаракати вакиллари чор Россияси ҳокимиятини ҳам буйруқни бажариш ихтиёрий бўлишига, яъни Дашт ва Туркистон генерал-губернаторликлари аҳолисининг ҳарбий хизматни танлаш ҳуқуқи бўлиши ёки у бутунлай бекор қилинишига ишонтиришга ҳаракат қилган. “Алаш” ҳаракати фаоллари даъватига қўшилишга ҳеч ким шошилмаган, шунинг учун буйруқ дастлаб қандай тайёрланган бўлса, шундай кўринишда чиққан.
Қўзғолоннинг етакчилари бўлганми? Бироз ўша кишилар ҳақида гапириб берсангиз. Қўзғолончилар ижтимоий жиҳатдан қандай қўллаб-қувватланган?
Аминат Чўқобаева: Камсонли тубжой аҳоли орасидан чиққан интеллигенция вакиллари – “Алаш” ҳаракати вакилларини истисно қилганда, қўзғолон ҳамма жойда қўллаб-қувватланган, яъни аҳолининг аксарият қисми қўзғолончиларнинг буйруқни бажармаслик истагига хайрихоҳ бўлган. Аммо бу Ўрта Осиёнинг барча аҳолиси қўзғолонда қатнашганини англатмайди. Қўзғолоннинг бир неча ўчоғи бўлган, унда бир неча минг киши қатнашган, лекин аҳолининг аксарият қисми унда иштирок этмаган. Балки кўпчилик қўзғолончиларга хайрихоҳ бўлгани учун маънавий қўллаб-қувватлаш ҳақида гапириш мумкиндир. Қўзғолончилар етакчиларига келсак, улар одатда волост бошқарувчилари ёки Назирхўжа сингари маҳаллий даражада обрў-эътиборга эга кишилар бўлган, у юртдошлари орасида дин соҳасидаги обрўли одам бўлган, яъни маҳаллий аъёнлар аксарият ҳолларда қўзғолонларга бошчилик қилган. Еттисув вилояти ҳудудидаги қирғиз аҳолининг қўзғолонида асосан манаплар (шимолий қирғизларнинг феодал-қабила зодагонлари) қатнашган, уларнинг кўпчилиги волост бошқарувчилари эди. Аксарият ҳолларда қўзғолон етакчиларининг бошқа иложи бўлмаган. Ўша Еттисув вилоятида волост бошқарувчилари икки йўлдан биттасини танлашга мажбур бўлган: ё улар мардикорликка чақирилган ўз вилоятлари аҳолиси вакиллари рўйхатини топшириши керак бўлган, бу уларнинг юртдошлари олдида обрўси тушиб кетиши баробарида ҳаётига ҳам хавф солиши турган гап эди, чунки волостлари аҳолиси чақирувдан сўнг уларга таҳдид қила бошлади. Айни чоқда уларга тўлиқ рўйхатларни имкон қадар тезроқ топширишни тайинлаб, мустамлакачилар ҳокимияти ҳам босим ўтказган. Шундай икки орада қолган кўпчилик бошқарувчилар нафақат қўзғолонларга қўшилишга, ҳатто улар йўлбошчилигини қўлга олиш йўлини танлаган эди. Шунга таянган ҳолда, қўзғолон етакчилари анъанавий аъёнлар орасидан чиққан эди, деб айтиш мумкин.
Қўзғолонни тез орада бостирилишига нималар сабаб бўлди?
Аминат Чўқобаева: Чор ҳокимиятининг пулемёт ва тўпларга эга бўлган яхши қуролланган қўшинлари бор эди. Ташкилотчилик ва қуролланиш борасида кўпинча ов милтиқлари ёки фақат пичоқ ва бошқа тиғли нарсалар билан қуролланган қўзғолончилар ва яхши қуролланган мунтазам қўшинлар ўртасида ер билан осмонча фарқ бўлган. Ташкилотчилик ва қуролланишдаги устунлик қўзғолон тез орада бостирилишига олиб келди.
Қўзғолон бостирилгандан сўнг “Уркун” (қочиш) деган ҳодиса юз берди. Қозоқлар, қирғизлар ҳам қочишга тушди. Лекин бу Қиғизистонда оммавий тус олиб кетди. Нега бундай бўлди?
Аминат Чўқобаева: Ҳа, шундай. У оммавий тус олганининг сабаби қўзғолон Еттисувнинг жанубий қисми, Иссиқкўл ҳавзаси ва Чуй водийси, яъни замонавий Қирғизистон ҳудудида энг кўп тарқалгани билан боғлиқ. Энг кўп зўравонлик ҳам ўша ерда юз берган эди ва шунга кўра, айнан ўша ерда жазо экспедициялари аҳолининг Хитойга қочишига сабаб бўлди. Еттисув вилоятининг ушбу қисмидаги география Хитойдан бош жойга қочишга имкон бермайди. Шунинг учун Иссиқкўл ҳавзаси ва Чуй водийсидаги аҳолининг қочиши бир вақтда ҳам қўзғолончиларнинг зўравонликлари, жазо экспедицияларининг миқёси ва вилоят географияси билан изоҳланади. Шунинг учун қочиш айнан Еттисув вилоятидаги қирғиз аҳолиси ўртасида оммавий тус олган эди.
Қирғизлар билан қозоқлар ватанига қайтишига нима сабаб бўлди? Улар 1916 йилги қўзғолондан сўнг бирга ҳаракат қилишга уриниб кўрганмиди?
Аминат Чўқобаева: 1916 йилги қўзғолондан сўнг ватанга қайтишга февраль инқилоби тўғрисидаги хабарлар ундади. Яъниким, Еттисув вилоятига биринчи оммавий қайтишнинг илк тўлқини Еттисув вилоятидан қочиб бориб, Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманида яшаб турган қочқинлар қулоғига феврал инқилоби юз бергани ҳақидаги хабарлар тахминан 1917 йил мартида етиб боргандан сўнг юз берган эди. Ундан олдин қайтишнинг иложи бўлмаган. Фақат қўзғолонда қатнашмаган бир неча волост қочқинларига орқага қайтишга рухсат берилган, шу сабаб улар Россия империясининг расмий ҳокимияти изни билан Еттисув вилоятига қайта олган.
1916 йилги қўзғолондан сўнгги қўшма ҳаракатларга келсак, чиндан ҳам улар юз берган. “Алаш” ҳаракати Хитойга қочган қирғизларга ҳам, қозоқларга ҳам ёрдам беришга уринган. Улар ҳаракат газеталарида қочқинларга ёрдам бериш учун пул топшириш ва хайрия қилишга даъватлар қилган. Бундай ҳаракатлар инқилобдан олдин ҳам, яъни 1916 йилги қўзғолондан сўнг, февраль ва октябрь инқилобларидан кейин ҳам қилинган. Октябрь инқлобидан сўнг Совет ҳокимияти қозоқ ва қирғиз қочқинларини Хитойдан қайтариш учун махсус комиссия тузди. Унинг таркибига қозоқлар ҳам, қирғизлар ҳам кирган. Комиссия фаолияти қочқинларни қабул қилиш жойлари ташкил этишдан иборат бўлган, у ерларда қочқинларга ёрдам кўрсатилган, овқат, кийим-кечак, ҳужжатлар ва ҳк. берилган. Адашмасам, комиссия бир неча йил фаолият юритган. Еттисув вилоятидан бўлган қочқинларнинг аксарият қисми 1925 йилга келиб, ўз юртига қайтган. Ўша пайтда Хитой ҳудудидаги Еттисув вилоятидан борган қочқинлар сони жуда кам қолган эди.
1916 йил ёзидаги ва 1917 йил кузидаги воқеалар ўртасида боғлиқлик кўрасизми?
Аминат Чўқобаева: Ғарбнинг кўплаб замонавий тарихчилари 1916 йилги қўзғолонни Россиянинг Европа қисмидаги 1917 йилги инқилобнинг даракчиси эди, деган фикрни илгари суришади. Айтиш мумкинки, Россия империясининг чекка ўлкаларидаги ижтимоий танглик ва норозиликнинг 1916 йилдаги портлаши 1917 йилда Россиянинг Европа қисмига кўчди. Қўзғолонга Марказий Осиёнинг кўчкинди аҳолиси билан тубжой аҳолиси ўртасидаги таранг муносабатлардан ташқари февраль инқилобига олиб келган ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳам сабаб бўлган эди. Масалан, 1916 йили Тошкентнинг европалик аҳолиси ўртасида юз берган аёллар исёнлари Россиянинг Европа қисмидаги катта шаҳарларда 1917 йилга келиб содир бўлди. Яъниким, Ўрта Осиё ҳудудида 1916 йилда содир бўлган ижтимоий норозиликларнинг авж олиб кетиши Россиянинг Европа қисмида орадан бир йил ўтиб, 1917 йилга тўғри келди. Албатта, Ўрта Осиё Россия империясининг бир қисми бўлгани учун 1916 йилда юз берган қўзғолоннинг чуқур сабаблари аксарият ҳолларда Россиянинг Европа қисмида 1917 йилда содир бўлган ижтимоий норозилик сабаблари билан бир хил эди. Лекин айни дамда Ўрта Осиёнинг тубжой аҳолиси 1916 йилги қўзғолон вақтида сиёсий жиҳатдан сафарбар қилингани ва февраль инқилобидан сўнг маҳаллий сиёсий ҳаракатлар – “Алаш” интеллигенцияси ва Туркистондаги жадидлар фаоллашиб қолгани билан уларни февраль ва октябрь инқилобларида қатнашди, деб бўлмайди. Маҳаллий фаолларнинг кўпчилиги февраль инқилобини олқишлади, аммо уларни бу билан болшевиклар инқилобида қатнашди, деб бўлмайди. Россия империяси Ўрта Осиё мустамлакалари тубжой аҳолиси орасида болшевиклар йўқ эди.
Немис гумашталарининг иштироки ҳақидаги узунқулоқ гаплар ўша пайтда болалаб қолган эди. Ҳатто чор охранкасининг (қўриқлаш бўлими) қандайдир турк зобитлари ёки немис айғоқчиларининг гўё қўзғолон кўтариш учун фитна қўзғагани, қўзғолончиларни кўчаларга чиқишга даъват қилгани ёки ҳатто қўзғолонда бевосита иштирок этгани хусусидаги ҳисоботлари бор. Бироқ бошқа архив маълумотлари аслида бунақа бўлмагани ва бу гаплар фақат миш-миш эканини кўрсатади. Мен усмонлилар ва турк зобитлари ҳақида фақат Белик Солтоноевнинг “Қизил қирғизлар тарихи” китобида эслатиб ўтилганини кўрганман. Китоб 1921 йилда ёзилган, лекин у фақат СССРга тарқаб кетгандан сўнг – 1990-йилларда чоп қилинган эди. Муаллиф ўша китобда қирғизларга 1916 йил ноябрида келиб қўшилган 5 нафар турк зобити хусусида сўз боради, лекин у пайтда қўзғолон бостириб бўлинган, қирғизлар Еттисув вилоятидан Хитойнинг Текес деган жойига қочиб кетган эди. Яъниким, турк зобитларининг қўзғолонда иштирок этиши мутлақо мумкин бўлмаган. Фақат Хитойдаги Гэляо-хуэй махфий жамияти вакилларининг Еттисув вилоятидаги дунганлар ўртасида кўтарилган қўзғолонда иштирок этгани эҳтимоли этгани ҳақида гапириш мумкин. Лекин ҳатто ушбу жамият вакиллари қўзғолонга таъсир этган ёки унда қайсидир тарзда қатнашган бўлса ҳам, фақат уларнинг чекланган таъсири ҳақида гапириш мумкин, чунки фаол бўлган бўлса, фақат Пржевалск туманида яшаган ва 1916 йилги қўзғолонда бир қисмигина қатнашган дунганлар орасида фаол бўлган. Бошқа аллақандай четдан аралашиш ва ташқи кучларнинг иштироки ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.