Сурат манбаси: exk.kz
Муаллиф: Асель Мурзақулова – сиёсатшунослик фанлари номзоди, Марказий Осиё университети
Агар Google қидириш тизимига “Марказий Осиё”, “интеграция”, “регионализация”[1] каби бош сўзларни киритсангиз, у ердан чиқиб келадиган ахборот тўпламининг асосий қисмида турли саммитлар ҳақидаги хабарлар ёки у ёки бу ташқи кучнинг бирлаштирувчилик роли самарадорлигини назарийлаштиришга оид чиқишлари ҳаволаларидангина иборат бўлади. Ушбу мақолада деколониал[2] тилга асосланган ҳолда Марказий Осиё интеграцияси ва регионализацияси ҳақида юзага келган тилни – қарашларни танқидий жиҳатдан қараб чиқилади. Муаллиф фикрича, интеграция ва регионализация тўғрисидаги мунозаралар билан энг чигал муаммо интеграцияга Ғарб ўлчамларига асосланган институционал жараён сифатида қаралаётган европоцентризм бўлиб қолмоқда, унга кўра, қандайдир ташкилий шакл интеграциялашувнинг “олий” босқичини ифода қилади. Айни чоқда экспертларнинг тили аксарият ҳолларда элитар, яъни танланганлар тили бўлиб қолмоқда, шу тариқа у президентлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлигини мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг асосий кўрсаткичи ва ҳокимият муносабатларининг ягона йўл кўрсатувчиси сифатида ифодалаб бермоқда. Назаримда, айни ҳолат сиёсий тажрибасини ва бирга яшаш кундалик воқелик бўлган турли гуруҳлар, жамоатлар ва шахсларнинг ролини мулоҳаза қилиб кўриш ва тан олиш имконини бермайди.
Интеграция ва регионализация дискурси танқиди
кўплаб муаллифлар Марказий Осиёдаги интеграция билан боғлиқ муваффақиятсизликлардан ҳафсаласи пир бўлиб келаётганликда якдилдир. Масалан, Карло Фраппи ёзишича, Марказий Осиё постсовет тараққиёти доимий изчилликларсиз ёки минтақавий ҳамкорлик схемалари барбод бўлгани билан характерланадиган минтақадир (Frappi, 2016). Улуғбек Азизов интеграция ҳақидаги дискурсдан тасасвурдаги жараённи ифодалашда фойдаланилаётгани ва бу тил ҳаракатлардан фарқ қилаётганига эътибор қаратади (Azizov, 2017). Себастян Крапохл ва Александра Васильева-Динес (2019) мамлакатлар “минтақа”дан ташқарига чиқадиган иқтисодий қарамлиги сабаб тўлаётган тўлов сифатидаги интеграция муваффақиятсизликларига эътибор қаратади. Тимур Дадабаев билан Жон Ҳэтершоу (2020) тадқиқотида билдиришича, халқаро муносабатлар назарияси Марказий Осиё мамлакатларидаги сиёсий ўзгаришларни тушуниш учун жуда кам наф берар экан. Улар таҳлилнинг 2 та кенг тарқалган ҳолатини ажратиб кўрсатади: ташқи давлатларнинг қўшилиши орқали юз берадиган регионаллашувнинг циклик жараёнини ва қалин иқтисодий муносабатлар барпо этишни назарда тутувчи инструментал ҳолат ҳамда Марказий Осиёдаги жараёнларни тушунишга бўлган теологик ёндашувни назарда тутувчи ва маданият, тарихий тажриба умумийлигини эътибор марказида тутувчи цивилизацион ҳолат. Бироқ муаллифлар кўрсатиб ўтганидек, иккала ёндашув ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ўзининг ҳаракат қила билиш иродаси (agency) ва уларнинг теран трансмаҳаллий инклюзивлигини эътиборга олмайди. Бу ўз навбатида тинч йўл билан ўзгаришларга асосланган муҳим минтақавий траекторияни 1991 йилдан сўнгги ҳамкорликнинг асосий белгиларини кўриш ва тушунтириш имконини бермайди. Ушбу қараш билан бирга Марлен Ларуел и Александр Кули Марказий Осиё мамлакатлари аксарият ҳолларда ташқи лойиҳаларнинг сусткаш иштирокчилари сифатида тасаввур қилинаётганига эътибор қаратади, айни чоқда ушбу мамлакатлар ҳамкорлиги таҳлилидан маълум бўлишича, улар ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ташқи акторлар ниятларини манипуляция қилиши ҳам мумкин (Laruelle, 2015; Cooley 2012).
Филиппо Коста Буранелли “Марказий Осиё регионализми” ўрнига “Марказий Осиё тартиби” атамасини қўллашни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, бу атама бетараф бўлиб, “регионализация муваффақиятсизлиги” деб аталган ҳаддан зиёд салбий дискурсдан қочиш, шу тариқа давлатлар ҳамкорлигининг турли-туман амалиётларини муҳокамага киритиш йўли билан уни қайта кўриб чиқиш имконини беради (Filippo Costa Buranelli, 2021). Гарчи бундай ёндашув европоцентризм атамасидан нарироқ туриш имконини берса-да, фикримча, у билан алоқа узишга йўл қўймайди, ҳатто қайсидир маънода “тартиб”нинг “регионализм”дан фарқини кўрсатиш учун доимий ҳаволалар бериш эффекти билан уни кучайтиради ҳам. Маҳаллий ижтимоий амалиётдан келиб чиқиб Марказий Осиёдаги сиёсий ҳамкорликни қандай тушуниш мумкин? – деган савол туғилади. Минтақада ўтказилган замонавий тадқиқотларнинг шу масалада қандай ёрдами тегиши мумкин? Мен кейинги бўлимда “интеграция” ва “регионализация” дискурси деконструкцияси[3] бўйича кўп йўллардан бири сифатида қўшничиликни ифодалайдиган тилни мисол қилиб келтираман ҳамда чегара бўйида яшовчи жамоатларни қўшничиликни илгари сурувчи ва уни амалда синаб кўрувчи, шунингдек, ушбу амалиётнинг мағзини чақувчи ўйинчилар ўлароқ мисол қилиб келтираман.
“Интерграция” ва “регионализация” дискурсини деколониал жиҳатдан танқид қилиш учун чегараларни тадқиқ қилиш нимаси билан фойдали?
Фарғона водийсидаги чегаралар муаммоларининг ҳал этилмагани аксарият ҳолларда Марказий Осиёдаги интеграция ва регионализация барбод бўлганининг муҳим далили сифатида келтирилади. Ҳукуматлар ўртасидаги чегараларни аниқлаш бўйича мунозараларга вазиятни потенциал издан чиқариш ва хавфсизликка таҳдид ўлароқ қаралади. Ўз навбатида Фарғона водийсидаги чегараларга оид замонавий тадқиқотлар маҳаллий сиёсат динамикасини тушуниб олиш учун бой материал беради ва бу турли-туман акторлар ҳамкорлиги тўқималарини тушуниб олишга имкон яратади. Мартин Ревз классик асарга айланган “Чегара иши: Давлатнинг Марказий Осиёнинг қишлоқ туманларидаги маконий ҳаёти” (“Border Work: Spatial Lives of the State in Rural Central Asia”, 2014) тадқиқотида кўрсатишича, давлат ҳам жамият каби минтақада алоҳида ва айрим тузилмалар сифатида олиб қаралиши керак эмас. Бундай бўлаклаб қараш ва айрим ҳолларда қарама-қарши қўйиш турли гуруҳлар давлат номидан қуриб, қайта қуриб, тасаввур қилиб ёки ҳеч нарса қилмай жойларда ҳокимият юритаётгани сингари кўплаб жараёнлардан эътиборни чалғитади
Ривз Исфара дарёси водийсидаги “шахматсимон чегара” тажрибасини муҳокама қилар экан, уни ҳудуд билан боғлиқ чалкашликлар муаммо эканини тасдиқловчи “этно-маконни қайд этиш” сифатида намойиш этади, ўша тажриба ҳалқаро акторлар ва ҳокимият ҳаракатларини йўналтириб туради, айни чоқда маҳаллий аҳолининг бир мамлакатда уйга, бошқасида томорқага, учинчисида эса бозорга эга бўлиши ғайриодатий ҳам, муаммоли ҳолат ҳам эмас. Ушбу тўқимага миллий ва ҳудудий бирликлар ўзаро мос тушишига оид Вестфал мантиғи билан иш кўрувчи “чегаралар иши” жараёни қўшилиб кетади, айни ҳолат жуда кўплаб траекториялар: бузилиш, қаршилик, ҳақ-ҳуқуқ талашиш, барқарорлик ва мослашувни ҳаракатга келтиради.
Саодат Олимова билан Музафар Олимов (2017) Тожикистон билан Қирғизистон чегарасидаги маҳаллий ҳокимият идоралари хатти-ҳаракатларидаги амбивалентлик – гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа оғишга эътибор қаратади. Тадқиқотчилар ёзишича, “томонлар чегарани делимитация қилиш муаммосини ҳал этмаётган икки мамлакатнинг ҳукуматлараро комиссияси ва марказий ҳокимият идоралари ишидан ҳафсаласи пир бўлгач, чегара делимитацияси масаласи “факт бўйича” ечилишига умид қилиб, баҳсли ҳудудларни ўзлаштириш ва эгаллаб олишга интилмоқда (36-бет). Муаллифлар шу билан параллел равишда сувдан фойдаланиш институтлари ўртасида оғзаки келишув, ўзаро ён бериш, соғлом ақл ва шахсий муносабатларга асосланган ўзаро муносабатлар давлат муросага эриша олмаётган баҳсли ҳудудларни сув билан таъминлашга имкон туғдираётганини кўрсатиб беради.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги воқеалар тарихини ўрганган Ник Мегоран тадқиқотида (2017), бир тарафдан, маҳаллий аҳолидан ўзини қайси давлатга мансуб деб билишни қатъий талаб қилаётган, бошқа тарафдан эса, ушбу танловни маҳаллий даражада рад этиш / барқарорлик муҳити – “бетараф ҳудуд”даги ҳаёт кўрсатиб берилади. Ушбу илмий ишда теран кўрсатилганидек, ноаниқ ҳудудий мақомга эга бўлган чегара бўйидаги қишлоқларнинг харитадан қўпол ва драматик тазда ўчириб ташланиши жавоб тариқасидаги зўравонликларга олиб келмади.
Чегаралар тадқиқоти кўрсатишича, давлат артикуляциси (муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш) жараёнлари ва давлат номидан амалга ошириладиган сиёсий жараёнлар кўп қатламли, зиддиятли ва муваққатдир. Шу тариқа жараёнлар кўплигини ва уларда ҳокимият юрита билиш қобилияти истисно тариқасида давлатга ёки сиёсий элиталарга тегишли эмаслигини кўряпмиз; боз устига, чегаралар тадқиқоти мулк масалалари билан бир қаторда иштирок этиш масалалари ҳам муҳокама қилинаётганини, зўравонлик авж олишига жавоб чоралари сифатида босиқлик қилинаётганини кўрсатмоқда.
Фарғона водийсининг давлатлари ўртасидаги чегарабўйи ҳудудларига сафар қилганимда, фикрини ўрганган респондентларим қўшничилик тажрибасини жамоавий тўкислик атамалари билан тавсифлаб берди, бу қўшниларнинг бир-бирига боғлиқлиги тўғрисидаги қишлоқ этикасидан келиб чиқади. Бу бирга бошқарув ва табиат ресурсларидан ўртада фойдаланиш, одамлар хавфсизлигини таъминлаш ва ўзаро бош қўшишни англатади. Қўшничилик санъати 2010 – 2016 йиллардаги сиёсий мулоқот тўхтаб қолишига сабаб бўлган сиёсий можаролар авж олган даврда муҳим аҳамият касб этди. Қизиғи шундаки, қишлоқ мироблари қўшничилик анъаналарига асосланиб, бундай шароитда (Murzakulova, 2022) трансчегаравий каналлардаги сувдан оқилона фойдаланиш бўйича жуда яхши келишиб, иш тутишган. Яна чўпонлар ҳам жорий этилган чекловларга қарамай, Фарғона водийсида анъана бўйича қарор топган амалиётга кўра, қўшниларнинг молини яйловда бирга боқиш учун олиб турган. (Murzakulova, Mestre, 2016).
Минтақага нисбатан қўлланганда, қўшничилик этикаси ҳар хил айбловлардан тийилишни назар тутади – “Қорооно сақ бол, қошунаны ууру тутпа” (“Қўрангга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”) Менинг Исфара дарёси водийсининг қирғиз ва тожик чегарасидаги ҳали хатланмаган ҳудудида жойлашган Тош-Тумшуқ қишлоғининг энг қалтис маҳаллаларидан биридаги кузатишларимдан маълум бўлишича, ўз маҳалласида зўравонликка дучор бўлган қўшнилар ҳудуднинг хатланмаган қисмига кириб қолган ҳайвонларни қўшниларнинг молхонасига – шартли равишда “чегаранинг нариги томони”га ҳайдаган. Бу қўшничилик автоматик тарзда ишончга сабаб бўлишини англатмайди. Улар ҳали ҳам чегара бўйидаги қишлоқ жамоатларида татбиқ қилиш мумкин бўлган тийиб туриш ва иштирок этиш механизмларини ишга туширмоқда.
Муаммоларга йўқотишлар тажрибаси орқали қараш ҳам муҳим ҳисобланади. Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро вақтида ўлдирилган Хўжаи Ало қишлоғилик Ҳусайнбой Ҳакимовнинг синглиси “Фарғона” ахборот агентлиги тайёрлаган материалда шундай деган эди: “Ҳусайннинг ўлимидан сўнг қирғиз дўстлардан ҳеч бири таъзия билдиргани келмади […], — Эҳтимол улар бева қолган Наргис ва фарзандларининг юрак ярасини янгилагиси келмагандир. Нима бўлганда ҳам, биз қўшниларимиз – этник қирғизлардан, гарчи илгари деярли ҳар куни уйимизга килиб турган, энди эса келмай қўйган бўлса-да, домангир эмасмиз. Менимча, агар чегара бўйидаги можаро ҳақида ўз вақтида огоҳлантиришганда, булар барчасининг олдини олиш мумкин бўлар эди…” (Тилов Расулзода, 2019).
Қўшничилик фавқулодда хатарларни камайтиришга қаратилган ҳаракатларни ривожлантиришни назарда тутади. “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши” деган мақолда дафн маросими назарда тутилади, ислом қоидаларига кўра, уни имкон қадар тез амалга ошириш керак. Яқин (масофа нуқтаи назаридан) қўшни маросимни ўтказиши ва шу билан яқин (қон-қардош) кишининг ўрнини босиши мумкин. Қўшничилик доирасида муайян вазиятга муносабат билан боғлиқ ҳаракатларни аниқлаб олишда макон билан масофа муҳим аҳамият касб этади. Мен фикрини сўраган респондент Исфара дарёси водийсидаги зўравонлик авж олиб кетишини муҳокама қилар экан, гапини мана бундай давом эттирди: “Қўшниларнинг аҳволи ҳам бизникига ўхшаш, эркаклар чет элга ишлашга кетган, рўзғор юки аёлларнинг бўйнида, биз уларнинг аҳволини тушунамиз”.
Кўриб турганимиздек, қўшничилик бирга яшаш амалиёти сифатида ўзаро ҳаракат, ўзаро қарма-қаршилик ва ўзаро иштирок этишнинг турли томонларга йўналган механизмларини ўз ичига олади.Қўшнининг ҳаракатлари сенинг ҳаракатларингга нисбатан қўзғатувчи, тийиб турувчи ва бетарафлаштирувчи омил бўлади. Чегара бўйида яшайдиган жамоатларнинг қўшничилик тажрибасини фақат қарама-қаршилик ва можаролардан иборат деб билиш хатодир. Кўряпмизки, қўшничилик этикаси муҳим капитал ва кўникма, айни чоқда танг вазиятлардан чиқиб кетиш, уларни бартараф этиш имконини берадиган ўзаро боғлиқлик ва ўзаро қарамликнинг амалий институти ҳам ҳисобланади. Қўшничилик таҳлилий чарчава[4] сифатида ушбу жараёнларни кўриш, маргинал амалиётларни уларга овозга эга бўлиш ҳуқуқини бериш йўли билан қайта ўйлаб кўришга имкон туғдиради.
ХУЛОСА
Регионализмнинг муваффақиятсизлик дискурси бирга яшаш сценарийсининг имкони йўқлигида қатъий туриб олиб, ўз ҳаёти билан яшаётган пайтда қўшничилик амалиётига асосланган ҳолда ўзининг мавжудлиги билан буни инкор қилаётганлар бор. Мен ушбу битик билан қўшничилик тажрибасини аллақандай уйғунлик ёки куч ишлатиладиган можароларга зид тушунча сифатида тақдим этишни мақсад қилиб олганим йўқ. Мақсадим ушбу битик билан референт майдони – таққослаш майдонини деконструкция қилишдан иборат, бу бугунги деколониал давр тилини яратиш ва бирга иштирок этишнинг бутун хилма-хиллиги, зиддиятлилиги ва оғриқлилиги тажрибасини тан олиш имконини беради.
“Меҳр – кўзда” деган мақол Фарғона водийсининг турли жойларида турли кўринишларда учрайди. Респондентларим чегара бўйи ҳудудларидан тобора ортиб бораётган ҳарбийлаштириш ва ушбу жараёнлар билан боғлиқ тарзда ночорлик ҳисси ўсиб бораётган вазиятда ўз фаровонлиги кафолати сифатида қўшничилик амалиётига тез-тез мурожаат қилиб турган.
Мен ушбу мақолам билан “Қошуна колоң – қўшничилик” тушунчасини ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланишни таклиф қиламан. Мен интеграция ва регионализация дискурсини кам фойда беради, деб ҳисоблайман, чунки, биринчидан, у биргаликдаги ҳаракатларнинг институционал таркибига ҳаддан зиёд боғланиб қолган; иккинчидан, бу дискурс – элитар; учинчидан, Фарғона водийси чегара ҳудудларида кузатаётганимиздек, Марказий Осиё жамиятларининг ҳамкорлик тўқимасига унчалик ҳам қовушмайди. Фарғона водийсида яшаётган одамлар ҳамкорлигининг улкан қўшничилик тажрибаси бор, фикримча, уни тан олиш, таҳлил этиш ва тушуниш керак бўлади. Ушбу тажриба айни кунларда қарор топаётган, ўзида муносабатлар ранг-баранглиги ва мураккаблигини акс эттирадиган тилни топишга имкон яратади. Одамларнинг кўп вариантли ҳаракатини давлат институти ҳаракатларининг бир хиллиги билан боғлайдиган умумлаштирувчи мантиқдан қочиш ва ҳозирги кун ҳақида жуда зарур суҳбат бошлаш муҳим.
[1] Регионализация – ҳокимият ваколатларини қайта тақсимлаш ва уларни давлатдан минтақа даражасидаги тузилмага бериш ҳамда минтақа даражасида янги устмиллий институционал тизилмаларнинг пайдо бўлиш ва ривожланиш жараёни.
[2] Деколониаллик (ингл. decoloniality) – Ғарб билимининг универсаллиги, Ғарб маданияти устунлиги – европоцентризмга танқид кўзи билан қараш.
[3] Деконструкция (ингл. deconstruction) – замонавий фалсафа ва санъат тушунчаси бўлиб, стереотипни бузиш орқали тушунишни англатади.
[4] Таҳлилий чарчава (ингл. analytic frame) – айрим ижтимоий ҳодисанинг батафсил хомаки режаси ёки схемаси.
Миннатдорлик:
Ушбу мақолани ёзиш фикри менинг “Давлат чегаралари ва ҳаётий макон чегаралари: Марказий Осиёдаги чегара муаммоларига доир” вебинардаги Фарғона водийсининг чегарабўйи ҳудудларидаги қўшничилик тажрибаси ҳақидаги тақдимотим муҳокамаси пайтида пайдо бўлди, мени ушбу вебинарга таклиф этгани ва муҳокамани ташкил қилгани учун “Билим карвони” ташкилоти ва IWPR’га миннатдорлик билдираман. Ушбу мақола доктор Фарҳод Толиповнинг қатъиятисиз ёзилиши даргумон эди, у киши ушбу битик қоғозга тушиши учун илҳомлантирувчи сўзларни топа билди.
Фойдаланилган манбалар:
Azizov, Ulugbek. 2017. “Regional Integration In Central Asia: From Knowing-That To Knowing-How”. Journal Of Eurasian Studies 8 (2): 123-135. doi:10.1016/j.euras.2017.02.002.
Alimuhamedov F. Presentation “Dynamics of the migration regime in Central Asia”. Available: https://www.youtube.com/watch?v=V48wUZ8kbVM&fbclid=IwAR0n6yrmCOw-jmtw_1DTIdLdnwqHEySfUiDLf2mD2qkNh1wZwDviFuQ8NEw
Cooley, Alexander. 2012. Great Games, Local Rules. New York: Oxford University Press.
Dadabaev Timur And Heathershaw John (2020) “Central Asia: A Decolonial Perspective On Peaceful Change”, The Oxford Handbook Of Peaceful Change In International Relations, Edited By T.V. Paul, Deborah Welch Larson, Harold A. Trinkunas, Anders Wivel, And Ralf Emmers, Oxford University Press.. 2021.
Frappi Carlo. 2016. “Identity, Security, and Development Policies. The Drivers behind Cooperation in Central Asia” in Cooperation in Eurasia: Linking Identity, Security, and Development, ISPI https://www.ispionline.it/en/publication/cooperation-eurasia-linking-identity-security-and-development-20154
Buranelli, F. C. 2021. “Central Asian Regionalism or Central Asian Order? Some Reflections”. Central Asian Affairs, 8(1), 1-26. https://brill.com/view/journals/caa/8/1/article-p1_1.xml?language=en
Krapohl, S., & Vasileva-Dienes, A. 2019. “The region that isn’t: China, Russia and the failure of regional integration in Central Asia”. Asia Europe Journal. doi:10.1007/s10308-019-00548-0
Laruelle, Marlene. 2015. “Envisioning a Region: The US ‘Silk Road’ as an Object of Academic Enquiry.” Eurasian Geography and Economics 56, no. 4: 357–359.
Megoran, N.2017. Nationalism in Central Asia: A biography of the Uzbekistan-Kyrgyzstan boundary. University of Pittsburgh Press.
Murzakulova, A. 2022. “Rethinking the meaning of the neighborhood: the transformation of the Ferghana Valley’s transborder infrastructure”. Routledge Borderland Seria. Upcoming.
Murzakulova, A., & Mestre, I. 2016. “Natural Resource Management Dynamics in Border communities of Kyrgyzstan and Tajikistan”. MSRI UCA Research Report #1 https://ucentralasia.org/Research/Item/1148/EN
Reeves, M. 2014. Border work: Spatial lives of the state in rural Central Asia. Cornell University Press.
Олимова С. К., Олимов М. А., “Конфликты на границах в Ферганской долине: новые причины, новые участники”. Россия и новые государства Евразии, М. , 2017, № 1, С. 21-40. https://www.imemo.ru/files/File/magazines/rossia_i_novay/2017_01/8.Konflikty_Olimpov.pdf
Тилав Расул-заде, «И соседи перестали заходить…Рассказ о жизни семьи таджикского учителя, погибшего полгода назад на границе с Киргизией». ИА Фергана 24.09.2019 https://fergana.agency/articles/110854/