Сурат манбаси: central.asia-news.com
Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича тутган позицияси – мавқеи Марказий Осиёдаги ўзига хос асосий оқимга қараб сузишдир, у Россия билан Хитойнинг мавқеига мос келади. Тошкент биринчилардан бўлиб «Толибон» ҳаракати билан музокара ўтказди, афғон қочқинларини ушбу мамлакатдан олиб чиқишга ёрдам бермоқда ва Кобул билан янги ҳокимият даврида савдо ва иқтисодий ҳамкорликни тиклашга ҳам ҳозирланмоқда. Ўзбекистоннинг Афғонистонда, қамровни кенгроқ олиб айтганда, Жанубий Осиёда муҳим иқтисодий манфаатлари бор, Тошкентда яқинда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича ўтказилган конференция шундан дарак беради.
Ўзбекистон минтақадаги тартибни сақлаш учун қанчалик саъй-ҳаракат қилишга тайёр? Афғонистондаги инқироз Тошкентнинг бошқа турли минтақавий платформаларда қатнашишида қандай акс этади? Ушбу масалаларни ўзбек экспертлари Фарҳод Толипов ва Рустам Маҳмудов CAAN сайтига берган интервьюсида муҳокама қилади.
Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан жорий мавқеи ҳаддан зиёд чўзилган бўлиб туюлмаяптими? Балки Афғонистоннинг жон қўшниси бўлган Ўзбекистон учун кўпроқ ўзига хос мавқени ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлмасмиди – агар шундай бўлса, у нимадан иборат бўлади?
Фарҳод Толипов: Ўзбекистоннинг мавқеи Тожикистонникидан ҳайратланарли тарзда фарқ қилади, чунки расмий Душанбе “Толибон”нинг Афғонистондаги ҳокимиятини принципиал тарзда тан олмаяпти. Ушбу бир-бирига қарши кўринган ҳолатда аслида мавқеларнинг ўхшашлиги яширинган: иккала давлат ҳам инклюзив – ушбу мамлакатда барча манфаатдор томонлар иштирокидаги коалицион ҳукумат тузишни ёқламоқда ва бир гуруҳ ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишини қораламоқда. Тожикистоннинг ҳам Афғонистонда иқтисодий манфаатлари бор, бироқ Душанбе Афғонистондаги вазият бўйича принципиал баёнотлар бермоқда. Афтидан, минтақадаги энг йирик, мусулмон аҳолиси жуда кўп бўлган ва тиғиз яшайдиган Ўзбекистон нозик масалалар ва турли-туман иғволардан эҳтиёт бўлиши кераклиги мантиқан тўғри.
Шу пайтгача Тошкентнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги ҳаракатлари билан боғлиқ 1990-йиллардан бери илгари суриб келаётган ташаббуслари давлатнинг ўта фаол мавқеини акс эттириб келади. Бироқ улар Афғонистондаги урушни тўхтатиш ва тинчлик ўрнатиш ишини чин маънодаги ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан жуда оз самара берди. Айни пайтда жаҳон ҳамжамиятида ушбу мамлакатнинг “Толибон” ҳаракати раҳбарлигидаги келажагига шубҳа билан қараётганлар сони ортиб бормоқда. Боз устига, агар “Толибон” террористларни яшириш ва ўз тартибини зўравонлик билан ўрнатишни давом эттирадиган бўлса, уни тан олмаслик ҳақида очиқ даъватлар янада кўпроқ янграйдиган бўлади. Толиблар ҳокимиятга келиши билан бошланган гуманитар инқироз ўша скептицизмни кучайтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Афғонистондаги вазият ва ўз лойиҳаларини амалга ошириш борасида босиқ бўлиши, шунингдек, ушбу масалада БМТ роли ва мавқеига қараб мўлжал олиши керак, фикримча.
Айни чоқда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев, Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми, деб яқинда берган баёноти, тўғриси, ҳайрон қолдирди. Сўнгги пайтларда ушбу тезис турли платформалар, сиёсий ва эксперт доираларида тез-тез жаранглаб, жуғрофий-сиёсий, тарихий ва ҳатто жуғрофий фактни анча-мунча бузиб кўрсатмоқда. Аксинча, Афғонистон Жанубий Осиёнинг бир бўлагидир, ушбу мамлакатсиз, Жанубий Осиё тушунчаси маъносини йўқотади. Бундан ташқари, бу мамлакатда рўй берган ва уни халқаро террористлар бошпанаси ва Марказий Осиё учун таҳдидлар ўчоғига айлантирган сўнгги воқеалар Афғонистонни минтақамизга бутунлай бегона қилиб қўяди. Афғонистон билан дўстона муносабатлар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш, турли тинчликпарвар даъват ва баёнотлар бериш мумкин, аммо ушбу Жанубий Осиё мамлакатини Марказий Осиёнинг бир қисми деб аташ нотўғри.
Рустам Маҳмудов: Ўзбекистон Афғонистондаги инқироз жуда тез ҳал этилиши ва ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилишидан сўзсиз манфаатдор ва ушбу жараёнга ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқда. Бунга 2018 йилда Афғонистон бўйича, 2021 йилда эса Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги бўйича ўтказилган халқаро конференцияларни ва уларда Афғонистон асосий масалалардан бири сифатида муҳокама қилинганини мисол қилиб келтириш мумкин. Назаримда, Ўзбекистон мавқеида прагматизм билан умидлар ўзаро қоришиб кетган.
Прагматизм шундаки, “Толибон” ҳаракатига Афғонистон ички сиёсий жараёнининг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда. ЎзР ТИВнинг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев айтганидек: “биз “Толибон”га афғон жамиятининг рад этиб бўлмас омили сифатида қараймиз”. Толибларнинг бугун Афғонистонда устунлик қилаётгани рад этиб бўлмас ҳақиқатдир. АҚШ ва иттифоқчиларининг “Толибон” билан 20 йигирма йил давомидаги қарама-қаршилиги толибларнинг 2001 – 2002 йиллардаги мағлубиятдан сўнг нафақат омон қолиши, ҳатто Афғонистондаги етакчи кучга айланиши аҳолининг асосий қисми уларни қўллаб тургани билан боғлиқдир. Айни чоқда толибларнинг жиддий рақиби йўқ. Олдинги Шимолий иттифоқдан асар ҳам қолмади, афғон кучишлатар тизимлари йирик шаҳарлар ва вилоятлар назоратини улар қўлига жангу жадалсиз топшириб, қумдай сочилиб кетди.
Ҳозирги кунда толиблар Афғонистоннинг бошқа сиёсий кучлари билан тил топишиши ва музокаралар натижасида колалицион ҳукумат тузишига умид қилмоқда. Мабодо чиндан ҳам шундай ҳукумат тузиладиган ва уни жаҳон ҳамжамияти тан оладиган бўлса, бу ҳол Афғонистоннинг минтақадаги савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларга тўлақонли қўшилиши ва мамлакатни тиклаш жараёни бошланишига йўл очиб беради. Бироқ мана шу ерда бошқа ва мураккаброқ ўйин бошланади.
Афғонистон билан боғлиқ ўйиннинг янги давраси иқтисодиётга бориб тақалади. Ҳозирча толиблар Ғарбдан ёрдам ола билмайди – ушбу мамлакат марказий банкининг авуарлари (банкнинг чет эл валютаси, қимматли қоғозлар ва олтиндан иборат чет мамлакатлар банкларида сақланаётган активлари) ҳаракати музлатилиб, ХВЖ ва ЕИнинг ёрдам ажратиши тўхтатиб қўйилди. Тез орада Хитой билан Россиядан йирик миқдордаги инвестициялар келиши ҳам даргумон. Ҳеч ким ҳукуматини жаҳон ҳамжамияти тан олмаган мамлакатга кўп пул тикмайди. Фақат мусулмон дунёсининг айрим етакчи мамлакатлари қоляпти. ОАВ хабар беришича, Туркия Кобул аэропортини бошқаришга розилик берган. Форс кўрфази бўйидаги айрим мамлакатлар ҳам кўмак бериши эҳтимолдан холи эмас. Аммо бу ЯИМнинг камайиб кетиши, пулнинг қадрсизланиши ва ишсизлик ошиши, қашшоқлик, очарчилик ва қурғоқчилик таҳдиди билан боғлиқ фундаментал иқтисодий муаммоларни ҳал этиши мушкул. Бунинг учун пул умуман йўқ. Афғонистон анъанага кўра ташқи ёрдамга қаттиқ боғланиб қолган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, олдинги ҳокимият давлат харажатларининг 70 фоизгача бўлган қисми грантлар ҳиссасига тўғи келган. Ташқи савдо-сотиқда ҳар доим кўп миллиард долларлик сурункали танқислик кузатилган.
“Толибон” ҳалқаро кўмак ва инвестициялар олиш учун ислом динининг мутаассиблик версиясига асосланган мафкура принципларини анча-мунча ўзгартиришига ҳамда барча асосий инсон ҳақларини тан олган ҳолда эътиқоди, жинси ва этник мансублигидан қатъи назар, барча афғонлар учун сўзда эмас, амалда тинч жамият қуришига тўғри келади. Айни чоқда мавжуд иқтисодий муаммоларни эътиборга оладиган бўлсак, ички ўзгаришларга эришиши учун муддат жуда оз.
Яна толиблар мамлакатдаги террорчилик гуруҳлари ҳозирлиги масаласини ҳам ҳал этиши зарур, бу минтақа мамлакатлари, айниқса, Хитой билан Россия учун муҳим. ИШИД – Хуросон ташкилоти Кобул аэропортида сўнгги уюштирган террорчилик амали “Толибон” ҳаракати узоқ йиллардан бери унга қарши кураш олиб бораётган бўлса ҳам, бу борада муваффақиятга эриша олмаганидан далолат беради. Бу чет эл инвестициялари хавфсизлигини таъминлашни янада мураккаблаштиради.
Афғонистонни бошқариш учун “12 лар кенгаши” тарзида танланган бошқарув шакли ҳам саволларни келтириб чиқармоқда. Тажриба кўрсатишича, 12 аъзонинг ҳар бири кўрпани ўзига тортиши эҳтимолдан холи эмас, бу ҳол коррупция ва ички сиёсий курашнинг янги ўрами учун потенциал жиҳатдан қулай шароит яратиб беради.
Яқин вақтда Афғонистондаги вазият қайси йўналишда ривожланиши ва шу муносабат билан Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатга нисбатан стратегиясига қандай тузатишлар киритилиши маълум бўлиши аниқ.
Ўзбекистоннинг минтақадаги манфаатларини қандай изоҳлайсизлар? Биламизки, расмий Тошкент бу масалага устувор аҳамият бермоқда, бироқ Ўзбекистон минтақадаги тартибни сақлаб қолиш йўлида қандай саъй-ҳаракатлар қилиши мумкин – масалан, Душанбенинг “Толибон” бўйича тутган мавқеи бутунлай бошқача, Тошкент шундай бўлишини кутганмиди?
Фарҳод Толипов: Душанбенинг позицияси ҳар доим қатъий бўлиб келган ва янгилик эмас. Душанбе ҳам, Тошкент ҳам Афғонистон ҳукуматида ушбу мамлакатнинг шимолий халқлари вакиллари иштирок этиши ва улар ҳақлари керак даражада таъминланишидан жуда манфаатдор эканига шубҳа йўқ. Ўз вақтида Шимолий иттифоқ 1990-йиллардаги уруш тугашига ҳал этувчи ҳисса қўшган эди.
Минтақадаги тартиб ҳақида гап кетганда, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари маслаҳат кенгашининг потенциали ва амалий иш беришини кўпайтириш муҳим эканини айтиб ўтиш жоиз бўлади. Яқинда бўлиб ўтган учинчи уврашув чоғида қўшма баёнот қабул қилинди, унда, жумладан, шундай дейилади: “Давлат раҳбарлари ташқи сиёсат маҳкамаларига яқин вақтда 2022 – 2024 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича (Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат кенгаши натижалари бўйича) йўл харитаси лойиҳасини келишиб олиш бўйича топшириқ берди”. Булар барчаси минтақавий интеграциянинг янги, янада мустаҳкам конструкциясини яратишга йўналиш олинганини кўрсатмоқда.
Афғонистондаги вазят борасида Марказий Осиё мамлакатларининг ягона мавқени ишлаб чиқиши муҳим аҳамиятга аҳамиятга эга бўлишини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Тожикистон билан Ўзбекистон мавқелари ўртасидаги кескин тафовут, дейлик, ушбу масалада Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий бирдамлигига эш бўлмаслиги етмагандай, минтақа мамлакатлари бирдамлиги ва ва жипслигини мустаҳкамлашдан манфаатдор бўлмаган кучлар, жумладан, Афғонистондаги кучларга қўл келади.
Рустам Маҳмудов: Қайд этиш жоизки, Шавкат Миризёев даврида Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди, бу ҳам ҳавфсизлик, ҳам иқтисодиёт нуқтаи назаридан мантиқан тўғридир. Марказий Осиё мамлакатлари Ўзбекистоннинг ҳам жуғрофия, ҳам умумий тарихий тақдир белгилаб берган табиий шерикларидир.
Тошкентнинг минтақа сари юз буришини қўшни мамлакатлар, биринчи навбатда Тожикистон билан Қирғизистон анчадан бери кутаётган эди, кўп жиҳатдан айри бурилиш кутилмаларни оқлади. Минтақадаги сиёсий ва иқтисодий иқлим 2016 йилгача бўлган вазиятдан кескин фарқ қилишини тан олмаслик мумкин эмас. Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарлари маслаҳат кенгашининг ишга туширилиши минтақа энг муҳим муаммоларни ҳал этиш ва ўзаро ўсишни таъминловчи лойиҳаларнинг ишга туширилишига нисбатан умумий қарашларни ишлаб чиқиш даражасига чиқаётгани кўрсаткичи бўлиб хизмат қилмоқда.
“Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатгандан сўнг унга нисбатан Марказий Осиё мамлакатлари тутаётган мавқелардаги тафовутлар ҳақида гап кетганда, назаримда, айни пайтда қандайдир узоқ истиқболни кўзловчи хулосалар чиқаришга ҳали эртани қайд этиш жоиз. Орадан жуда оз вақт ўтди, у ердаги вазият эса ҳамон муаллақлигича қолмоқда. Толибларнинг давлат бошқаруви ва жаҳон ҳамжамиятининг етакчи мамлакатлари билан муносабатларни қуриш соҳасидаги илк қадамлари натижалари маълум бўлгач, яқин ойларда таҳлилчи ва сиёсатчилар кўпроқ фактларга эга бўлади ва шуларга асосланган ҳолда “Толибон” сиёсати ривожланишининг асосий тамойилларини ишончлироқ тарзда аниқлай олади. Бу ўз навбатида Афғонистон ишларига у ёки бу тарзда жалб этилган ташқи ўйинчиларнинг мавқеларини тузатишга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Россия билан Хитой АҚШ ушбу мамлакатдан чиқиб кетиши ортидан ҳосил бўлган бўшлиқни тўлдириши мумкинлигига оид кутилмалар бор. Бу Ўзбекистонга, айниқса, Тошкентнинг КХШТ, ЕОИИ, чет эл базаларини ўз ҳудудида жойлаштириш ва ҳк.да иштирок этишига (иштирок этмаслигига) қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
Фарҳод Толипов: Чиндан ҳам Афғонистондаги вазият билан боғлиқ тарзда айрим сиёсатчилар ва таҳлилчиларнинг КХШТ зарурлиги ҳақидаги иддаолари жонланиб қолди. Бир қарашда Россия юзага келган иқтисодий, ҳарбий-сиёсий ва жуғрофий-сиёсий вазиятдан АҚШга нисбатан икки ёки уч карра кўп ютуққа эга бўлгандай туюлади: Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги кузатувчилик мақоми яқинда КХШТдаги кузатувчилик мақомига айланди, бу Ўзбекистоннинг яқин орада ушбу ташкилотга аъзолигини тиклашини англатиши ҳам мумкин. Бироқ ташқи сиёсат доктринасига кўра Ўзбекистон КХШТга ўхшаш ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмайди. Шунинг учун ҳозир жўяли бир гап айтиш қийин.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам “С5+1” доирасида ҳам ҳамкорликни кучайтирмоқда. Жорий йил 15 – 16 июл кунлари Тошкентда ушбу форматда ўтказилган учрашувда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” конференцияси якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилинган эди. Унда шундай дейилади: “Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмак берадиган барқарор ва қулай шароит яратиш, жумладан, барча томонларга қуйидагиларни эслатиш: сиёсий йўл билан тартибга солиш бўйича аниқ мақсадни кўзлаган музокараларни зудлик билан бошлаш; адолатли ва мустаҳкам тинчликка олиб борадиган ягона йўл вазиятни музокаралар билан сиёсий тартибга солиш ҳамда инклюзив сиёсий тизим ва барча афғонларнинг асосий ҳақлари ҳурмат қилишига олиб келиши; Афғонистонда янги ҳукуматни куч ишлатиш йўли билан тиқиштиришни ҳеч ким қўллаб-қувватламаслиги; Афғонистон ҳудудидан террористлар ва учинчи томонлар кучларининг “C5+1”га аъзо мамлакатларга ёки бошқа ҳар қандай мамлакатга таҳдид ёки ҳужум қилиш мақсадида фойдаланишга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги”. Минтақанинг 5 та мамлакати айнан мана шу баёнотда қайд этилган мавқега амал қилиши шарт.
Рустам Маҳмудов: Дастлаб биз минтақада қайси юзага келган бўшлиқ ҳақида гап кетаётганини аниқлаб олишимиз шарт. Агар гап Афғонистон ҳақида кетаётган бўлса, АҚШ ва халқаро коалиция қўшинлари у ердан олиб чиқиб кетилгандан сўнг чиндан ҳам хавфсизлик учун маъсул бўлган ташқи ҳарбий кучлар ҳозирлиги билан боғлиқ бўшлиқ ҳосил бўлди. Туркиянинг қисман ўша бўшлиқни тўлдириш, Кобул аэропортини ҳимоя қилиш учун ҳарбий контингентини ўша ерда қолдиришга уринишлари зое кетди. Айни пайтда юзага келган бўшлиқни “Толибон” ҳаракати тўлдирди, шунинг учун Россия ёки Хитой ушбу хавфли ва серхаражат юкни зиммасига олишини кутиш мақсадга мувофиқ кўринмайди.
Агар Марказий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ бўшлиқ ҳақида гап кетаётган бўлса, АҚШ 2014 йилда “Манас” авиабазасидан фойдаланишни бас қилгандан сўнг ушбу мамлакат хавфсизлик тизими унсури сифатида Марказий Осиё минтақасида ҳозир бўлаётгани йўқ. Айни чоқда минтақадаги хавфсизлик тизими кўп таркибли тузилмадан иборат. Минтақадаги 3 та мамлакат: Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон КХШТ таркибига киради ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида Россиянинг шериклари ҳисобланади. Туркманистон одатдагига кўра – бетараф. Ўзбекистон ҳарбий ва сиёсий блокларда қатнашаётгани ҳам, ўз ҳудудига чет мамлакатларнинг ҳарбий базасини жойлаштиргани ҳам йўқ – бу унинг ташқи сиёсат доктринасида мустаҳкамлаб қўйилган. Афғонистон чегарасига яқин “Ҳарб-майдон” полигонидаги Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари иштирокидаги сўнгги ҳарбий машқлар ва Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 23 августида КХШТнинг навбатдан ташқари мажлисида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этгани Тошкентнинг зикр этилган доктринада белгиланган мавқеини принципиал жиҳатдан ўзгартирмайди.
Агар АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан сўнг ҳосил бўлиши мумкин бўлган иқтисодий бўшлиқ ҳақида сўз кетаётган бўлса, уни назарий жиҳатдан Хитой, Россия, Форс кўрфази мамлакатлари ва Туркия тўлдириши мумкин, лекин юқорида қайд этилганидек, Афғонистон майдонидаги улкан сиёсий ва иқтисодий ўйин эндигина бошланяпти ва ҳамма нарса толибларнинг мамлакатдаги вазиятни қўлга олишига, ички ўзгаришларга эришишига, етакчи ўйинчилар билан “win – win” (“ютуқ – ютуқ”) принципларига кўра келишиши ва халқаро майдонда тан олинишига боғлиқ.
Марказий Осиёдаги иқтисодий бўшлиққа келсак, у Хитой билан Россия анчадан бери МО мамлакатларининг етакчи савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлари сабаб ҳосил бўлмагани аниқ, айни чоқда АҚШ Ўзбекистон билан Қозоғистон энг йирик савдо шерикларининг ўнталигига ҳам кирмайди. Пентагоннинг Афғонистондан чиқиб кетиши инвестиция соҳасидаги бўшлиққа ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, чунки бирор ғайритабиий ҳолат рўй бермаса, Америка компанияларининг МО мамлакатларига киритган инвестициялари олиб чиқиб кетилиши даргумон.
Ўзбекистоннинг ўзи кузатувчи мақомига эга бўлган ЕОИИ билан ўзаро муносабатлари формати ўзгариши ҳақида ҳозир аниқ бир гап айтиш қийин. Ўзбекистон ўрта ва узоқ истиқболдаги барча ижобий ва салбий жиҳатларни ҳисоб-китоб қилишга интилиб, мувозанатланган сиёсат олиб бормоқда. Шунга қарамай, агар Афғонистондаги беқарорлик Жанубий Осиёга чиқишни тўсиб қўйган ҳолда давом этаверса, ЕОИИга аъзо мамлакатлар бозорининг ўзбек савдо-сотиғи ва меҳнат миграциясидаги аҳамияти ҳозирги кунгидай юқорилигича қолаверади.
Тошкентнинг Жанубий Осиё, жумладан, Покистон ва Ҳиндистон йўналишидаги ташқи сиёсати қанчалик фаол? Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёда қандай аниқ иқтисодий манфаатлари бор?
Фарҳод Толипов: Гарчи ташқи иқтисодий фаолиятни ранг-баранглаштириш сиёсати доирасида жанубий йўналишдаги транспорт коридорларини барпо этиш муаммоси Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб кун тартибида турган бўлса-да, сўнгги пайтларда ҳукуматнинг бу борадаги сиёсати анча фаоллашди. Масалан, 1990-йиллардаёқ Тежен – Сарахс – Машҳад темирйўли қурилиши ташаббускори бўлган эди. Шу ўринда жорий йилнинг 15 – 16 июл кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” конференциясини эсга олиш жоиз. Ушбу конференция Ўзбекистоннинг энг яқин йўл билан жанубий денгиз портларига чиқишдай азалий орзусини амалга оширишга интилишини аниқ-тиниқ кўрсатиб берди. Ҳинд океанига олиб чиқадиган Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар – Карачи темирйўли қурилиши лойиҳаси конференция иштирокчилари диққат марказида бўлди. Бироқ ушбу лойиҳа шунга ўхшаш TAPI ва CASA-1000 лойиҳалари қатори амалга оширилгунча бир оз вақт кутишга тўғри келадиган кўринади.
Рустам Маҳмудов: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёга қизиқиши сабабларини кўпроқ сўнгги йилларда ўтказилаётган ислоҳотлардан қидириш керак бўлади, чунки улар мамлакатнинг ташқи сиёсатини асосан иқтисодиётга бўйсундирмоқда, яъни у иқтисодлаштирилмоқда. Жанубий Осиё товарларни сотиш ва инвестициялар учун улкан бозордир, улар ўзбек саноати, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун рағбат вазифасини ўташи мумкин. Минтақадаги иқтисодиёти энг йирик мамлакат Ҳиндистон бозорнинг ўқи ҳисобланади, унинг глобал миқёсда хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишдаги таъсири кундан-кун мустаҳкамланиб бораверади. Иқтисодий ўсиш даврида ўрта синфга мансуб қатлам аъзолари сони кўпайиши ҳисобга олинса, аҳоли анча-мунча қисмининг истеъмолчи сифатидаги одатлари ўзгаради ва айни ҳол МОдан импорт қилинадиган товарлар жозибадорлигини оширади. Покистон билан Бангладеш бозорларининг ҳам истеъмол потенциали катта. Ўзбекистонни 1,8 миллиард аҳоли бор истеъмол бозоридан фақат Афғонистон ажратиб турибди. Шунинг учун Тошкентнинг ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғланиш тизимини барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бемалол тушунса бўлади. Агар афғон тупроғига тинчлик келса, Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар – Карачи темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш имконияти кескин ошиб кетади ва бу “Шимол – Жануб” линияси бўйича ўзаро товар етказиб беришнинг тўғридан-тўғри коридорини яратиш ва Жанубий Осиё бозорларини нафақат МО, қолаверса, МДҲ бозори билан боғлаш ҳамда Хитой “Бир макон – бир йўл” ташаббусининг Марказий Осиё ва Покистон қисмларини ягона тизимга интеграция қилиш имконини беради. Табиийки, Ўзбекистон бунинг асосий фойда кўрувчиларидан бирига айланади.
Ўзбекистонда чегараларни қўриқлаш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда ва мамлакатга радикал шахслар ва ғояларнинг кириб келиш эҳтимоли борми?
Фарҳод Толипов: Ўзбекистон ҳукумати ҳар доим террорчилик гуруҳлари кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида чегара айрим бўлакларини миналаштириш сингари чорадан тортиб, давлат чегарасининг бутун бошли тизимини модернизация қилишга қадар чегара муҳофазасига биринчи даражали аҳамият бериб келган. Давлат чегараси бугунги кунда замонавий техник воситалар билан жиҳозланган, чегарабўйи инфратузилмаси такомиллаштирилмоқда, чегарада хизмат қилиш соҳасида янги кадрлар тайёрланди.
Шу билан бирга, қўққисдан мамлакат олдида кўндаланг бўлган афғон қочқинлари муаммоси хавфсизликка таҳдид солувчи эски муаммони янгитдан кўрсатиб берди: а) қочқинларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик муаммоси ўртага чиқди (Ўзбекистон қочқинлар масалалари бўйича халқаро конвенцияга қўл қўймаган); б) дунёнинг бошқа минтақалари (аввало, Европа) тажрибаси кўрсатишича, қочқинлар муаммосининг ножўя таъсири ҳам бор, чунки қочқин ниқоби остида мамлакатга террористлар ва экстремистлар ҳам кириб келиши мумкин; в) Афғонистон армиясининг қочқин ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон чегарасини ўзбошимчалик билан кесиб ўтган биринчи кишилар бўлди, уларнинг ортидан самолётлар, сўнгра оддий қочқинлар келди. Бу Ўзбекистон тарихидаги бутунлай янги ва шу билан бирга, муаммо келтириб чиқарувчи вазият бўлди.
Рустам Маҳмудов: Америка қўшинлари олиб чиқилгандан сўнг ҳарбий ҳаракатлардан жон сақлаш учун Ўзбекистоннинг жанубий чегарасини кесиб ўтишга уринган тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматчилар бошоғриғи бўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон вақтинчалик чодирли лагер – жамлоқ ташкил этди ҳамда чет мамлакатлар ватандошларини ўзининг аэропортлар инфратузилмаси ва ҳаво макони орқали Афғонистондан олиб чиқиб кетишда ёрдам кўрсатди. Чегарадаги вазиятнинг бундан буёнги ривожи Афғонистондаги вазиятга боғлиқ. Радикал ғояларнинг кириб келишига келсак, улар чегаралар орқали эмас, чегаралар устидан интернет орқали ҳеч бир тўсиқларсиз кириб келмоқда, айнан шу йўналишда интеллектуал саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарур, чунки Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши радикал кучларнинг мафкуравий тушунчаларни оммалаштириш йўлидаги тарғибот кампаниясида кучли унсур бўлиши мумкин.