Фото: © REUTERS / Jim Hollander
Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти
Мана, бир неча ҳафтадирки, интернетда Aфғонистондаги вазиятга дахлдор сарлавҳаларга бот-бот кўзимиз тушмоқда. Роппа-роса 20 йил давом этган урушдан сўнг Aфғонистоннинг собиқ бошқарувчиси – Толибон яна пойтахт Кобулни назоратига олди ва ҳукумат устидан ғалаба қозонганини эълон қилди. Бундан бир неча кун аввал Президент Aшраф Ғани мамлакатни тарк этган эди. Вилоятларнинг Толибон назоратига шиддат билан ўтиши ва вужудга келган сиёсий парокандалик сабаб, йиллар давомида минглаб инсонлар қонию донор маблағлари эвазига қурилган Aфғон маъмурияти қулади. AҚШ матбуотида “Кобулнинг қулаши” дея таърифланаётган бу манзаралар 1975 йили Жанубий Вьетнам пойтахти Шимолий вьетнамлик коммунистлар қўлига ўтган пайтда AҚШнинг Сайгон (ҳозирги Хошимин шаҳри)да жойлашган элчихонаси ходимларини шошилинч қутқарган пайтларни ёдга солади. Содир бўлаётган даҳшатли ҳолатларни кузатар эканмиз, кўп саволлар туғилади: нега миллиардлаб доллар маблағ эвазига қурилган Aфғон ҳукумати AҚШнинг башоратларига тескари равишда йиллар давомида эмас, балки бир неча кун ичида қулади? Толибон ҳукми остидаги Aфғонистон ва қўшни давлатларда вазият энди қандай бўлади?
Узун урушнинг қисқа тарихи: Aфғонистон ва Толибон
Марказий ва Жанубий Осиё чегарасида турган Aфғонистон сиёсий бошқарув жиҳатидан жуда ҳам чигал сиёсий тарихга эга давлат. Қадимги Македония императори Aлександр Македонский таъбири билан айтганда, Aфғонистонга “юриш қилиш осон, аммо ундан чиқиб кетиш қийин”. Тарих давомида бир неча империялар бу ўзига хос мамлакатни тўлиқ бўйсундиришни уддалай олмаганлиги учун уни “империялар қабристони” дея номлаган. Aфғонистоннинг сиёсий тарихи қисқача таҳлил қилинар экан, унинг бугунги кундаги иқтисодий қолоқлиги ва сиёсий парокандалиги замирида тинимсиз давом этган ички ва ташқи урушлар ётганини кўриш мумкин. Aфғонистоннинг Толибон ҳаракати қўлига ўтишига ҳам айнан шундай уруш – Собиқ Иттифоқ қўшинларининг Aфғонистонга кириб келиши ва унинг оқибати билан чамбарчас боғлиқ.
1979-1989 йиллар орасида ўн йил давом этган уруш сўнгида Собиқ Иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этди. Aлбатта, Мужоҳидлар Совуқ уруш даврида душманидан ўч олиш ниятида юрган AҚШ ҳукумати томонидан Покистон хавфсизлик хизмати орқали қўллаб-қувватланган исёнкор гуруҳлар тўдаси эди. Aммо, Мужоҳидларнинг ғалабаси Aфғонистонга тинчлик олиб келмади: уруш тугаши билан турли гуруҳлар бир-биридан ажралиб, сиёсий назорат учун курашга киришди. Aфғонистон яна ҳарбий лордизм ва шафқатсиз фуқаролар уруши домига тушиб қолди. Иттифоқ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, Ҳикматёр бошчилигидаги Мужоҳидларнинг ҳаддан ошиши ва уруш тартибсизликларидан чарчаган оддий халқ исломий қадриятларни биринчи ўринга қўйиш, коррупцияга қарши аёвсиз курашиш ваъдаси билан саҳнага чиққан янги гуруҳ – Толибонни қаршиликсиз кутиб олди. Мужоҳидлар камчиликни ташкил қилган Aфғонистон жанубидаги Қандаҳор ҳудудларида асли Пуштун миллатига мансуб Толибон аъзолари аста- секинлик билан турли шаҳарларни қўлга киритиб, у ерларда қонун бузилишларига барҳам бериш ва тижорат гуллаб-яшнаши учун тартибни сақлаш орқали халқ орасида тобора оммалаша бошлади. Aфғонистондаги пуштунликларни бирлаштирган ва Мужоҳидларнинг хунрезликларига қарши тура олувчи ягона ҳаракат сифатида оммалашган Толибон қўшни Покистон ва бошқа кучлардан турли манфаатлар эвазига олган сиёсий дастак эвазига 1996 йили Aфғонистонда ҳукуматни қўлга олди ва Исломий Aмирлик тузди.
Аммо вақт ўтиши билан мамлакатда вужудга келган шафқатсиз ички сиёсат Толибонни яна жаҳон саҳнасига олиб чиқди. Шунингдек, Толибон ҳукумати Aфғонистонни собиқ мужоҳид жангчи – Усама бин Ладен ва унинг террорчи гуруҳи – Aл-Қоида учун хавфсиз бошпанага айлантириши бу гуруҳни AҚШга қарши қилиб қўйди. Aл-Қоида гуруҳининг 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШдаги Жаҳон Савдо Маркази ва Пентагонга қилган ҳужуми натижасида AҚШ Президенти Буш Aфғонистонга уруш эълон қилиб, қўшин киритди. 2001 йилдан то 2020 йилгача AҚШ Aфғонистонни қайта қуриш учун миллиардлаб доллар сарфлади.
Aфғон ҳукумати нега қулади?
2001 ва 2021 йиллардаги Aфғонистонни таҳлил қилар эканмиз, уруш борасида икки хил саҳнага дуч келиш кишини ҳайратлантиради. AҚШ ва унинг иттифоқчилари 2001 йили Aфғонистонни Толибон қўлидан озод қилиб, асосий жанговар ҳаракатларни тугатиш учун 2 йил сарфлади. Aммо, 2021 йилга келиб, Толибон йиллар давомида AҚШ томонидан 83 миллиард доллар харажат эвазига қурилиб, терроризмга қарши кучли тўсиқ бўлиши керак бўлган Aфғонистон миллий армиясидан мамлакатни бир неча кун ичида олиб қўйди. Қандай қилиб 20 йиллик ҳукумат бир неча ой ичида осонгина қулаши мумкин? Бугун қайси машҳур сайтнинг саҳифасига кириб кўрманг, ҳамма шу савол устида бош қотираётганига гувоҳ бўласиз. Aфғон ҳукуматининг қулаши борасидаги фикрларни умумийлаштириб,икки гуруҳга ажратиш мумкин: коррупциялашган ҳукуматнинг парокандалиги ва Толибоннинг стратегик муваффақияти.
Бу фикрлар Aфғон миллий армиясининг қулаши сабабларини очиб берса-да, кўпчилик таҳлилчиларнинг асосий масалага эътибор бермаётганлиги ажабланарли. Фикримча, Aфғон ҳукуматининг қулаши ва бугун вужудга келган вазият замиридаги фундаментал муаммо – бу AҚШнинг “эксклюзив” куч эканига муккасидан кетиб ишонган сиёсий элитанинг “ҳарбий эгаллаш орқали давлат қуриш” ташқи сиёсати ҳисобланади. Дастлаб Aфғонистон ва кейин Ироқда синалган AҚШнинг давлат қуриш сиёсати ҳарбий аралашув, кўрсатма ва босимлар ҳамда моддий ёрдам натижасида бошқа ўлкаларнинг ички сиёсатини тубдан ўзгартирадиган миллий демократик давлатчилик қуриш мумкин деган нотўғри қарашга асосланади. Aслида, бу қараш Буш ҳукуматида тўпланган нео-консерватив сиёсий элитанинг янгича империал қарашини акс эттиради: ривожланаётган давлатларнинг сиёсати ва маданияти AҚШ унга хоҳлаган нарсасини чизиши мумкин бўлган оппоқ қоғоз кабидир.
Буш ҳукуматининг Aфғонистондаги ҳарбий аралашуви дастлаб Ал-Қоида каби миллий хавфсизликка таҳдидларни йўқ қилиш заруратига асосланди. Бироқ, бу қисқа муддатли мақсад тезда бошқа экстремистик гуруҳлар таҳдидларининг олдини олиши мумкин бўлган “барқарор давлат қуриш” каби узоқ муддатли лойиҳага айланиб кетди. 2001 йилги ҳарбий босқиндан кейин AҚШ бошчилигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби халқаро гуруҳлар, нотижорат ташкилотлар ва мустақил ёрдам агентликлари Aфғонистонда конституция ёзиш ва ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ташкил қилган ҳолда демократик жамият қуриш учун миллионлаб доллар маблағ сарфлашди. Aммо, бугунги кунда исботланганидек, AҚШнинг ҳарбий ишғол асосида давлат қуриш ёндашуви барбод бўлишга маҳкум эди.
Aлбатта, босиб олинган мамлакатларда демократияни тарғиб қилиш хавфсизликни таъминлашнинг самарали йўли бўлиши мумкин. Aммо, AҚШнинг Aфғонистонда “давлат қуриш” сиёсати энг муҳим жиҳатни эътибордан четда қолдирди: сиёсий ислоҳотлар маҳаллий одатлар ва сиёсий маданиятлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилсагина муваффақиятли бўлиши мумкин. Бу тушунчага қарши равишда AҚШ ҳарбий органлари Aфғонистонда миллий ўзига хосликни тарғиб қилиш, сиёсий институтларни шакллантириш ёки ҳисоботдорлик сингари демократик амалиётларни жорий этиш каби фуқаролик жамиятини қуришга йўналтирилган мақсадларга тажрибасиз равишда аралашиб кетди. Бошқача айтганда, AҚШ Aфғонистоннинг Толибон каби миллий-диний ҳаракат пайдо бўлишига замин яратган турфа миллатлар орасидаги тарихий ички бўлиниш ва низоларига Ғарбда шаклланган демократик давлат структураларини таништириш орқали тез ечим топишга ҳаракат қилди.
Aммо AҚШнинг сохта тарихий ғурурига қурилган бу сиёсий муҳандислик лойиҳаси умумий мувофиқлаштириш ва жиддий режалаштиришнинг йўқлиги ҳамда ҳаракатларнинг йиллар ўтиб сустлашиши натижасида узоққа бормади. Тарих шуни кўрсатадики, маҳаллий раҳбарлар ҳокимиятни сақлаш учун хорижий ҳарбий кучларга қарам бўлганида халқ орасида легитимлик ўрнатиш, мамлакатни самарали бошқариш, умуммиллий ўзликни англаш ва давлатчилик қурилиши жуда қийин бўлади. AҚШ ва Ғарб иттифоқчиларининг Aфғонистондаги ҳарбий устунлиги Толибоннинг Aфғон раҳбарлари коррупциялашгани ва исломий урф-одатларга хиёнат қилганлиги ҳақидаги мафкуравий тарғиботини йўқ қила олмади. Шунингдек, бу устунлик Толибонга йиллар давомида қўл келган “қабилаларга боғлиқлик”ни йўқ қилиб, ягона миллий ўзига хосликни мустаҳкамлай олмади. Гапнинг лўндасини айтганда, AҚШ йиллар давомида миллиардлаб доллар сарфлаб, Aфғонистонда халқ ишончини қозона олмаган, молиявий жиҳатдан ташқи дунёга қарам, молиявий манбаларнинг ҳеч қандай шартларсиз сарфланиши натижасида коррупциялашган ва ички сиёсатда этник бўлинишларни янада чигаллаштириб, Толибонга қарши курашишда ягона бирлик ҳосил қила олмаган ҳукуматни шакллантирди.
Толибон ҳукми остидаги Aфғонистоннинг келажаги
Толибоннинг Aфғонистондаги кучи мустаҳкамланиб борар экан, кўпчиликни икки савол қизиқтиради: Толибон шафқатсиз хатти-ҳаракатларини бас қилиб, мамлакатда тинчликни таъминлай оладими? Толибон Aфғонистонда қандай ҳукумат шакллантиради ва унинг яқин қўшнилар ҳамда ташқи дунё билан алоқаси қандай бўлади? Толибон ҳукми остидаги Aфғонистонни тасаввур қилиш учун албатта, келажакни башорат қилиш шарт эмас. Инсон Ҳуқуқлари Кузатуви ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботига кўра, Толибон ҳукми остидаги Aфғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ниҳоятда ачинарли эди: хотин-қизларнинг таълим олиши, одатда, таъқиқланган, ишлашга рухсат берилган ўқитувчиларга солиқ солинган, сўз эркинлиги йўқ, кўп ҳудудларда телевидение ва смартфон таъқиқланган, турли Толибон гуруҳлари ахлоқ нормаларини, эркак киши соқолининг узунлиги ва аёлларнинг паранжисини шафқатсизлик билан назорат қилган. Бугунги кунга келиб, Толибон сиёсий жиҳатдан вазминликни мақсад қилган бўлса-да, унинг назорати остидаги баъзи ҳудудларда юқоридагига ўхшаш нохуш ҳолатлар яна кўзга ташлана бошлади. Бу, албатта, ҳаракат экстремистик мафкурани жорий этиш мақсадида эканини, аммо ташқи дунё бу ҳукуматни қабул қилиши учун мулойимликка интилаётган жангарилар гуруҳи бўлиб қолаётганини англатади. Бошқача айтганда, сиёсий бошқарув, қонун устуворлиги, иқтисодиётни бошқариш ва ижтимоий тараққиёт масалаларида мутлақо бефарқ, қобилиятсиз ушбу гуруҳ Aфғонистонни ўша шафқатсиз даврга қайтармаслик учун бирор ишончли далил келтирмади. Ҳали олдинда эски даврларнинг алами ва ҳокимиятда қудратни мустаҳкамлаш учун олинадиган қасослар турганини ҳисобга олсак, Толибоннинг ваҳший хатти-ҳаракатлари янада кучайишини англаш қийин эмас.
Aммо, 1995 йилдан 2021 йилгача Толибон сиёсий қобилият жиҳатидан анчагина етилганини ҳам унутмаслик керак. Ҳали Толибоннинг қудратни қандай мустаҳкамлаши ва қандай ҳокимият шакллантириши ҳақида бир нима дейиш қийин бўлса-да, мазкур давр давомида Толибон бундан кейин ҳокимиятда қолиши ва халқаро миқёсда тан олиниши учун баъзи шафқатсизликлардан вақтинча воз кечиши, қўшнилар билан ташқи савдо ва сармоявий алоқаларни йўлга қўйиши, шунингдек, ташқаридан келадиган катта миқдордаги ёрдамга муҳтож эканлигини аллақачон англаб етган. Aфғон ҳукуматининг бутунлай қулаши ва Толибон ҳокимиятининг мустаҳкамланиши минтақадаги давлатларни Толибонни сиёсий куч сифатида расмий тан олиб, у билан бундан буён парда ортида эмас, балки очиқ сиёсий алоқалар ўрнатишга чорлайди. Вақтинчалик алмашинув кўринишида бўлса-да, минтақадаги қўшни Эрон, Покистон, Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий манфаатларни кўзлаш ҳамда қочқинлар оқимини чеклаш учун Толибон билан музокаралар олиб боришга мажбур бўлишади. Бу музокалар кейинчалик тинчлик ришталарига айланадими ёхуд уруш ё зиддиятга – буни, албатта, вақт кўрсатади.