Сурат манбаси: sugdnews.com
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги икки томонлама муносабатларга бағишланган интервьюлар туркумида икки мамлакат экспертлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Тожикистонга сафар қилгани ва янада қалинроқ ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилади.
Ўзбекистон:
Тожикистон:
Икки мамлакат ўртасидаги ҳозирги муносабатлар босқичига қандай тавсиф берасизлар? Ўзбекистон президентининг Тожикистонга сафари чоғидаги олий даражали икки томонлама музокаралари натижаларига қараб, хулоса қиладиган бўлсак, бугун томонлар жуда кўп соҳаларда алоқаларни жадал ривожлантирмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги бундай импулс нима билан боғлиқ?
Фарход Толипов: Муносабатлар ривожланмоқда. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати билан боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлишини эълон қилган эди. Билишимча, у ушбу янги йўналишни изчил амалга ошириб келаётир. Бундан ташқари, ўзбек-тожик муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши халқаро тизимдаги жадал юз бераётган ўзгаришлар ва минтақадаги, айниқса, қўшни Афғонистондаги вазият ёмонлашаётган шароитдаги статус-кво билан боғлиқ. Минтақа хавфсизлиги учун юзага келаётган янги муаммолар ушбу икки давлат сиёсатини мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда.
Парвиз Мулложонов: Биз бугун икки томонлама муносабатлар жиддий тарзда яхшиланаётганининг иккинчи босқичини кузатяпмиз. Биринчи босқични 2017 – 2018 йилларда кузатганмиз, ўша пайтда гап асосан бутунлай ёмонлашиб кетган икки томонлама алоқаларни нормал изга солиш ҳақида кетган эди. Уларнинг яхшиланиши кўп жиҳатдан қўшни мамлакатда ҳокимиятга янги президент Шавкат Мирзиёевнинг келиши билан боғлиқ. Лекин айни ҳолатда гап фақат Тожикистон эмас, Тошкент муносабатларини яхшилай бошлаган барча ташқи шериклар ҳақида кетмоқда. Энди эса иккинчи босқич бошланди ва Тожикистон билан Ўзбекистон тобора аниқ бўлган икки томонлама лойиҳаларни амалга оширишга ўтмоқда. Айни чоқда, менинг фикримча, ҳали қандайдир натижалар ҳақида гапиришга эрта. Томонлар 2017 йилдаёқ бир неча лойиҳани эълон қилган, лекин улар ҳалигача амалга оширилмади. Уларнинг кўпчилиги муҳокамалар даражасида қолиб кетди. Бугунги кунда эса ГЭС қурилиши соҳаси, саноат соҳасида қўшма корхоналар барпо қилиш бўйича аниқроқ лойиҳалар бор.
Жорий йилнинг 10 – 11 июнь кунлари икки томонлама музокаралар вақтида эълон қилинган маълумотлар кўрсатишича, товар айланмаси ҳажми ўсиб бормоқда. Асосан, қайси соҳаларда савдо-сотиқ ўсиб бормоқда ва уларнинг яқин истиқболдаги манзараси қандай?
Фарход Толипов: Яқин келгусида товар айланмаси 1 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик саноат кооперацияси, тоғ-кон, электротехника, траспорт, енги саноат, тиббиёт, илм-фан, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, авто ва темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш каби соҳаларда, шунингдек, минтақалараро мулоқот соҳасида амалга оширилмоқда.
Парвиз Мулложонов: Ўзбекистондан, асосан, саноат товарлари кириб келмоқда. Умумий товар айланмаси ҳажми бироз ортди. Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳали ҳам Тожикистоннинг энг йирик савдо шериги бўла олгани йўқ.
Ўзбекистон Тожикистоннинг ташқи савдо шериклари қаторида қайси ўринни эгаллаб турибди?
Парвиз Мулложонов: Тожикистоннинг энг йирик савдо шериклари Хитой, Россия, Қозоғистон, Европа Иттифоқидир (ЕИ), шундан сўнг Ўзбекистон билан Қирғизистон келади. Лекин айтиб ўтганимдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан савдо-сотиқ ҳажми ортиб бормоқда, бу биринчи навбатда Ўзбекистон ҳокимияти кўраётган фаол чоралар билан боғлиқ. Тошкент ўзбек товарларини қўшни бозорларга сотишни йўлга қўйишга интилмоқда. Қозоғистон билан Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлгани учун Тожикистон билан Туркманистон ўзбек товарларини сотишнинг потенциал бозори бўлиб қолмоқда.
Айни чоқда қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислом Каримов ҳам шундай сиёсат юргизган эди. Ўша сиёсат Марказий Осиё минтақасида “лангар давлат” бўлишдан иборат бўлди. Ҳозирги президент Мирзиёев ҳам шундай сиёсат юргизмоқда. Лекин ўз мақсадларига эришиш учун Мирзиёев ташқи сиёсатни амалга ошириш тактикасини, жумладан, Тожикистон учун ҳам бутунлай ўзгартирди. У қўшни мамлакатларнинг сиёсий ва бизнес элиталари билан иш алоқалари боғлаш йўли орқали битимлар тузиш тактикасига амал қилмоқда.
Тожикистон Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларни яхшилаш ва кенгайтиришдан қанчалик манфаатдор?
Парвиз Мулложонов: Бу Тожикистонга биринчи навбатда иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан керак. Объектив зарурат ҳам шу. Транспорт артерияларининг асосий қисми Ўзбекистон ҳудуди, ташқи бозорларга энг қулай йўллар айнан Ўзбекистон чегараси орқали ўтади. Бироқ Ўзбекистон Тожикистон учун инвестициялар манбаси сифатида устувор ҳисобланмайди, чунки Тошкентнинг ундай имкониятлари йўқ. Тожикистоннинг асосий мақсади эса, айниқса, пандемия даврида ўз иқтисодиёти учун ташқи инвестициялар олиб келишдир.
Шу билан бирга, минтақада овоза қилинмайдиган дуумвират (маъноси: давлат аппарати ёки мулкни икки шахс бошқариши) мавжуд – Россия хавфсизлик, Хитой эса иқтисодиёт соҳасида етакчи. Шу сабабли Тожикистон учун Россия, Хитой ва Ғарб мамлакатлари асосий шериклар бўлиб қолаверади. Ўзбекисон улардан кейин туради.
Душанбедаги икки томонлама музокаралар натижалари матбуотда кенг ёритилмоқда, экспертлар ҳамжамияти ўртасида ҳам шов-шувли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Тан олиш керак, минтақа ичидаги муносабатларнинг ҳаммаси ҳам минтақанинг ўзида ҳам, ундан ташқарида бундай эътибор қозонавермайди. Сизнингча, ўзбек-тожик муносабатларига бундай эътибор нима билан боғлиқ?
Фарход Толипов: Минтақа ичидаги барча муносабатлар ҳам ОАВ, ҳам экспертлар ҳамжамиятининг эътиборини тортади. Айни ҳолатда шуни қайд этиш лозимки, ўзбек-тожик муносабатлари икки мамлакат учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Икки халқнинг тарихи ва ҳозирги ҳаёти бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган. Бир пайтлар Ўзбекистон президенти И. Каримов айтганидай, “тожиклар билан ўзбеклар – икки тилда гаплашадиган бир халқ”. Уларнинг ўзаро муносабати бутун бошли минтақа учун стратегик аҳамиятга эга. Иккала мамлакат ҳам нотинч Афғонистон билан чегарадош. Яқин вақтларгача ушбу давлатлар Роғун ГЭС қурилиши масаласида ўзаро баҳслашиб келаётган эди. Иккала давлат ҳам бугун ЕОИИдан четда қолмоқда, Марказий Осиёнинг икки мамлакати: Қозоғистон билан Қирғизистон ушбу ташкилотга аъзодир. Мана шу санаб ўтилган ва бошқа масалалар Ўзбекистон билан Тожикистон сиёсатини мувофиқлаштириш муҳимлигини белгилаб беради.
Инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик даражаси қандай?
Фарход Толипов: Мирзиёв сафари вақтида ушбу соҳада ҳам келишувга эришилди. Ўзбек-тожик инвестиция компанияси тузилди, саноат ва янги технологиялар, тоғ-кон саноати соҳасидаги инвестицион ҳамкорлик ривожланмоқда, Зарафшон дарёсида тахминий қуввати 320 МВт бўлган 2 та ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акционерлик компанияси тузилди.
Сўнгги беш йилда Тожикистон билан Ўзбекистон икки томонлама муносабатларни режали тарзда мустаҳкамламоқда. Айтиш мумкинки, томонлар муаммоли масалаларга диққатни жамлаётгани йўқ. Шунга қарамай, ҳали ҳам принципиал масалалар ҳал этилмасдан қолаётир. Томонларнинг сув ва энергетика муаммоларини ҳал этишда тутаётган мавқелари қандай?
Фарход Толипов: Юқорида айтиб ўтганимдек, ушбу муаммоларга ҳам ечим топилмоқда. Бир тарафдан, Ўзбекистон билан Тожикистон Роғун ГЭС фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бирга иш олиб бормоқда, шунингдек, янги кичик ГЭСлар қуришга қарор қилинди, бошқа тарафдан, CASA-1000 сингари йирик лойиҳалар доирасида ҳам иш олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Афғонистонда қураётган “Сурхон – Пули-Хумри” электр қуввати узатиш линияси ушбу транс-чегаравий лойиҳанинг таркибий қисми бўлиши мумкин.
Ҳозирги босқичда Роғун атрофидаги вазият қандай? Томонлар қандай келишиб олди ва умуман келишиб олдими? Бир неча йил олдин масаланинг ҳал этиш формулаларидан бири ўзбек томонининг Роғун ГЭС қурилишида қатнашишидир, деган хабарлар пайдо бўлган эди.
Фарход Толипов: Ҳа, айнан шу формула амалга оширилмоқда. Ўзбек мутахассислари ва ҳукумат аъзолари Роғунга бир неча марта бориб келди, афтидан, Тожикистон томони билан ушбу ГЭС фаолиятини биргаликда тартибга солиш бўйича келишувга эришилган. Тожикистон президенти И. Раҳмон 2018 йил августида Тошкенга сафари вақтида расман, “тожиклар ҳеч қачон ўзбек биродарларини сувсиз қолдирмайди”, деб айтган эди, бунинг маъноси шуки, Роғун бўйича муайян муросага келинган. Бундан ташқари, Мирзиёевнинг яқинда Тожикистонга қилган сафари чоғида Зарафшон дарёсида 2 та чоғроқ ГЭСни бирга қуриш ҳақида қарор қабул қилинди.
Парвиз Мулложонов: Сув соҳасида жиддий муаммолар бор эди. Уларнинг деярли барчаси ҳал этилди. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Роғун ГЭС қурилишига рози бўлди. Ҳозирча Ўзбекистоннинг айни қурилишдаги иштироки техника ва асбоб-ускуналарни сотиш билан чегараланмоқда. Лекин умуман олганда, ушбу келишувлардан сўнг икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги зиддиятлари минимум даражага туширилди. Лекин келгусида Тошкент тенгҳуқуқли муносабатларга интиладиган бўлса, менимча, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Маълумки, 2016 йилдан бери Тожикистон билан Ўзбекистон чегарадан ўтиш тартибини, шунингдек, қўшни мамлакатда бўлиб туриш шартларини анча енгиллаштирган бир қанча қарорлар қабул қилди. Ушбу чоралар ва икки томонлама муносабатлардаги бошқа ўзгаришлар Тожикистонни Ўзбекистонда ва Ўзбекистонни Тожикистонда қабул қилиниши масаласига қандай таъсир кўрсатди? Умуман, бугун Ўзбекистон Тожикистонда жамоатчилик фикри ва сиёсий доиралар даражасида қандай қабул қилиняпти?
Парвиз Мулложонов: Ўзбекистон Тожикистонда ҳар доим босиқлик билан қабул қилинган. Албатта, муносабатлар совуқлашиб қолган пайтлар бир мамлакат матбуотида амалдорлар ва зиёлилар вакиллари бошқа мамлакат ҳақида салбий фикрлар билдиргани бор гап. Шу билан бирга, икки томонлама муносабатлар учун қандайдир тўсиқлар йўқ.
Фарход Толипов: Тожикистон ва Ўзбекистонда бир-бирини қабул қилиш ҳеч қачон сиёсий конюнктурага боғлиқ бўлмаган. Давлат раҳбарлари ўртасидаги келишмовчиликлар оддий одамлар муносабатларига таъсир кўрсатмаган. Икки халқ, минглаб тожик-ўзбек оилалари қариндошлик алоқаларини, маданий алоқаларни мустаҳкамламоқда.
Тан олиш керак, Ўзбекистон билан Тожикистон икки томонлама муносабатлардаги салбий ҳолатларни пасайтира олди. Сизнингча, қайси кўрилган чоралар сабаб бунга эришилди, минтақадаги бошқа мамлакатлар муносабатларида ҳам шу чораларни қўллаш мумкинми?
Фарход Толипов: Бунга ўзаро ён беришлар сабаб эришилди. Ўзбекистон президенти Тожикистон билан муносабатлардаги “музни эритиш”нинг уддасидан чиқа билди. Сиёсий ирода бўлган жойда барча муаммоларни ҳал қилса бўлади. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг бундай моделига талаб борлиги баробарида у амалга ошириляпти ҳам. Масалан, сиёсий ирода ва ўзаро ён беришлар асосида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегарани делимитация қилиш масаласи тўлиқ ҳал этилди.
Экспертларнинг бир қисми минтақадаги вазиятни баҳолаётиб, Марказий Осиё мамлакатларининг бир-биридан олислаш тамойили кузатилаётганини айтмоқда. Сизнингча, шундай тамойил мавжудми ва бу нима билан боғлиқ?
Парвиз Мулложонов: Бу бўрттиришдан бошқа нарса эмас. Асосан, ўзбек ва қозоқ сиёсатшунослари минтақадаги интеграцияга туртки бериш учун атайлаб шундай қилмоқда. Аслида унақа эмас. Қозоғистон билан Қирғизистон ҳам жуғрофий-сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан битта ҳудудга киради. Икки томонлама келишувлар иш беряпти. Шунинг учун Марказий Осиё мамлакатларининг бир-биридан узоқлашиб кетаётгани ҳақидаги иддаоларда маъно кўрмайман.
Фарход Толипов: Марказий Осиё мамлакатлари ҳатто ўзаро тангликлар вужудга келган пайтлар ҳам бир-биридан узоқлашгани йўқ. Улар ўзлари истаган тақдирда ҳам бир-биридан узоқлаша олмайди. Аҳён-аҳёнда рўй берадиган нохуш ҳодисалар (асосан, чегараларни делимитация қилиш муаммоси билан боғлиқ) минтақа мамлакатлари ўртасидаги келишмовчиликнинг жиддий омили деб қаралиши мумкин эмас. Минтақадаги интеграция жараёни вақтинчалик тўхтаб қолгандан сўнг 2018 йили 5 президентнинг маслаҳат учрашувлари шаклида тиклангани ҳам бежиз эмас.
Икки мамлакатнинг маданий ва гуманитар соҳалардаги алоқалари кенгаймоқдами? Масалан, абитуриентлар олий таълим олиш учун қўшни мамлакатни қанчалик тез-тез танламоқда?
Парвиз Мулложонов: Тожикистонда Ўзбекистон таълим бозорига талаб йўқ. Тожикистон ватандоши бўлгани этник ўзбеклар истисно бўлса ажаб эмас, улар таълим олиш учун Ўзбекистонга, этник тожиклар эса Тожикистонга бормоқда. Бу бир нечага омилга боғлиқ:
Биринчидан, бу мамлакатларимиздаги таълим сифати, умуман олганда, унчалик баланд эмаслигини кўрсатади. Яъниким, сифатли олий таълим олиш имконига эга бўлган гуруҳлар Россияга, Ғарб мамлакатларига ва ҳк.га йўл олмоқда.
Иккинчидан, нарх омили бор. Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистондан Тожикистонга келиб ўқиётган талабалар сони ортиб бормоқда. Ўзбекистонда олий таълим нархи қиммат. Шу сабабли кўплаб ўзбекистонликлар таълим олиш учун Тожикистонга йўл олмоқда.
Ниҳоят, учинчидан, Ўзбекистонда тожик тилидаги олий таълим йўқ, шунинг учун тожик тилида ўрта таълим олган ёш йигит-қизлар олий таълим олиш учун кўпинча Тожикистонга келмоқда. Айни ҳолат ўзбек тилидаги олий таълим йўқ Тожикистонга ҳам тегишли.
Эслатиб ўтамиз, расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда 1 миллиондан кўпроқ этник ўзбек, Ўзбекистонда эса, турли маълумотларга қараганда, 1,5 миллион нафар этник тожик истиқомат қилади.
Шундай қилиб, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик истиқболларини қандай баҳолайсиз?
Парвиз Мулложонов: Тожикистон манфаатларига дахл қилинмаса ва ўз иқтисодиётининг назорат қилиниши масаласи пайдо бўлмаса, интеграцияга қарши эмас. Агар Марказий Осиё интеграция истиқболлари ҳақида гапирадиган бўлсак, мен бунга шубҳа билан қарайман. Ушбу мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёти ҳам, сиёсий вазни ҳам ранг-баранг. ЕИ билан таққослайдиган бўлсак, улар ривожланиши турлича бўлган мамлакатларни аъзоликка қабул қилмагунча, ҳамма нарса осон кечаётган эди. Бироқ унга бошқа аъзолар, Испания, Италия, Шарқий Европа мамлакатлари қабул қилингач, катта зиддиятлар келиб чиқди. Марказий Осиёда эса муаммолар бундан ҳам оғирроқ бўлади, чунки бу ерда қарши салмоқ (противовес) йўқ. Яна битта муваффақиятли модел – Евроосиё Иттифоқи бор. Шундан келиб чиққан ҳолда, Тожикистонга ЕОИИга кириш осонроқ. Лекин барча масалаларни икки томонлама муносабатлар даражасида ҳал этиш мумкин. Шунинг учун мен минтақавий интеграцияга заруратни ҳам, минтақавий ҳамкорликда потенциални ҳам кўрмаяпман.