Сурат манбаси: asiaplustj.info
Муаллиф: Наргиза Умарова
Бугун дунёнинг айрим минтақалари замонавий кўринишдаги геосиёсий ўйинлар майдонига айлангани сир эмас. Мазкур жараён Марказий Осиёни ҳам четлаб ўтмаган. Айни ҳолат қардош республикаларнинг ўзаро интеграциялашувини бирмунча қийинлаштирмоқда. Ташқи таҳдидлар таъсирида улар ўртасидаги яқин қўшничилик муносабатлари, шу жумладан, кўп форматли ҳамкорлик механизми жиддий синовдан ўтяпти. Бундай мураккаб вазиятда Марказий Осиё мамлакатлари ўзини қандай тутиши керак? Минтақавий стратегик шерикликнинг кейинги истиқболи хусусида экспертлар нима дейди? Мавзуга доир айрим саволлар билан Ўзбекистондаги “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси директори, сиёсатшунослик фанлари доктори Фарход Толиповга юзландик.
— Марказий Осиё мамлакатлари мустақил бўлганига 30 йил тўляпти. Афсуски, шу чоққача улар на сиёсий, на иқтисодий жиҳатдан ўзаро интеграциялашди. Сиз бунинг сабабларини нималарда кўрасиз?
— Шахсан ўзим Марказий Осиёда интеграция амалга ошмади, деган фикрга қўшилмайман. Масалага чуқурроқ қараш керак. Охирги ўттиз йил мобайнида минтақамизда юз берган геосиёсий жараёнларни таҳлил қилсак, уларнинг бир қанча муҳим ўлчамлари борлиги кўзга ташланади.
Совет Иттифоқи парчалангач, 1991 йилнинг ўзидаёқ Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Ашхобод шаҳрида учрашиб, интеграцион тузилмани яратишга келишиб олади. Ўшанда “Туркистон – умумий уйимиз”, деган шиорлар янграган. Ваҳоланки, ёш мустақил республикаларни бирлашишга ҳеч ким мажбурламаганди. Бундай интилиш табиий эҳтиёж, таъбир жоиз бўлса, минтақада азалдан шаклланган тарихий қонуният асосида юзага келган.
1991 йилдан 2006 йилгача Марказий Осиёда интеграция жараёни узлуксиз ва муваффақиятли давом этди. Тасаввур қиляпсизми, нақ ўн беш йил мобайнида қўшнилар билан эт-тирноқдек ривожландик. Ўзига яраша қийинчиликлар бўлди, албатта. Масалан, Европа Иттифоқининг шаклланиш тарихи ҳам осон кечмаган. 28 та мамлакатнинг боши қовушгунча қанчадан-қанча зиддияту талафотлардан ўтилмади дейсиз. Европадан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирига ҳам тарихий, ҳам этно-маданий жиҳатдан, ҳам қадриятлар тизими бўйича жуда яқин. Интеграция борасидаги салоҳиятимиз европаликлардан минг чандон юқори. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
— Демак, сизнингча, 1990-йилларда Марказий Осиё давлатлари интеграциялаша олди.
— Албатта. Интеграция кенг маънода кўп томонлама ҳамкорликнинг институционаллашувини англатади. Давлат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши каби минтақавий институлар тузилади, уларнинг қарорлари барча иштирокчи давлатлар учун мажбурий характерга эга бўлади. Шуларни яқин ўтмишда кузатганмиз. Фақат негадир ҳозир бу ҳақда кам гапириляпти.
1993 йилда Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ташкил этилди. Ҳатто умумий бозор яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган. Мазкур соҳада элликка яқин қўшма лойиҳа ишлаб чиқилганини ҳам таъкидлаш жоиз. 2000 йилгача минтақада иқтисодий интеграцияни тўлиқ якунлаш кўзда тутилганди.
Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти кейинчалик Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига айлантирилади. Бу иқтисодий интеграциядан сиёсий интеграция сари ташланган қадам эди. Президентлар ўз баёнотларида унга қадрият сифатида баҳо бергани ҳам бежиз эмас.
Афсуски, 2006 йилга келиб интеграция жараёни тўхтаб қолди. Чунки Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти аъзолигига минтақага дахли бўлмаган қудратли давлат – Россия Федерацияси қабул қилинади. Натижада ташкилот соф минтақавий институт сифатидаги қиёфасини йўқотди. МОҲТга Россиянинг қўшилиши Марказий Осиё давлатларига жуда қимматга тушгани бугун кундек равшан.
Боз устига 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг АҚШ билан муносабатларимиз кескинлашди. Бундай қалтис вазиятда Ўзбекистон раҳбарияти Россия томон юз ўгириб, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо бўлишга қарор қилади. Бу икки тузилмага Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўшилганди. Минтақа мамлакатлари раҳбарлари Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти доирасида учрашишни ортиқча ҳисоблаб, кейинчалик уни тугатишга розилик берган.
Бироқ Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти минтақавий манфаатларга жавоб берадиган ҳамда умумий муаммоларни ҳал қилса бўладиган тузилма эмаслиги тез орада аёнлашди. Шу боис 2008 йилда Ўзбекистон уни тарк этди. Марказий Осиёда интеграцияни қайта тиклаш учун эса ўн йил талаб қилинди.
— Узоқ танаффусдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини яна бир стол атрофига жамлади. 2018 йилдан буён улар мунтазам равишда учрашмоқда. Маслаҳат учрашувлари форматига янгилик киритишнинг вақти келмадимикан?
— Мазкур механизм аввалига эҳтиёткорлик юзасидан маслаҳат учрашуви, деб номланган. Чунки ўн йилга “музлатилган” минтақавий интеграцияни бирданига институционал кўринишда тиклаб бўлмасди. Ҳар ёққа тарқалиб кетган Марказий Осиё республикалари бир-бирини яхшироқ таниб олиши, умумий тил топиши учун вақт керак эди. Остонада ўтказилган Биринчи маслаҳат учрашувида Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоев ҳам шунга ишора қилган ҳолда: “Биз ҳозир интеграция ҳақида эмас, мунтазам учрашувларни тиклаш ҳақида гапиряпмиз”, – дегани эсимда.
Коронавирус пандемияси ҳамда Қирғизистон Республикасидаги сиёсий тартибсизликлар сабаб, ўтган йилги Маслаҳат учрашуви номаълум муддатга қолдирилганди. Жорий йилда у Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилиши белгиланган.
Албатта, маслаҳат учрашуви – вақтинчалик формат. Тез фурсатда уни такомиллаштириб, тўлақонли интеграцион тузилмага айлантириш мақсадга мувофиқдир. Ахир, бешта республика раҳбари ҳадеб маслаҳатлашиб ўтиролмайди-ку. Кўп томонлама муносабатларни янги даражага олиб чиқиш зарур.
Охирги йилларда Ўзбекистоннинг диққат маркази Евроосиё интеграцияси томон силжиганини кузатяпмиз. Ҳозир мамлакат раҳбарияти мураккаб танлов олдида тургандек, назаримда. Бир томондан, Ўзбекистон Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олди. Иккинчи томондан, Президент Шавкат Мирзиёев аввал-бошданоқ Марказий Осиёни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши, деб эълон қилган. Мантиқан олиб қараганда, минтақавий интеграция биз учун қолган форматлар (МДҲ, ШҲТ, ЕОИИ ва ҳ.к.)дан кўра муҳимроқ аҳамият касб этиши керак. Шу маънода Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Учинчи маслаҳат учрашувини ортиқ қолдиришга хожат йўқ. Устига-устак, йил бошидан минтақада бир қатор нохуш воқеалар юз берди. Қардош давлатлар лидерлари муҳокама қилиб оладиган мавзулар талайгина.
— Қудратли давлатлар минтақамизга доимо геосиёсий қизиқиш билдирган. Қўшни республикалар ўртасида турли низоларнинг келиб чиқишида ҳам мазкур омилни инкор этиб бўлмайди. Ҳозир ташқи акторлар томонидан Марказий Осиёга эътибор янада кучайди. Бир томондан, АҚШ ҳарбий қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши, иккинчи томондан, Қирғизистон – Тожикистон чегарасида юз берган қонли тўқнашув фонида минтақа мамлакатларининг ички ишларига аралашиш, уларга қарши информацион хуружлар уюштириш, ҳатто босим ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай вазиятда Марказий Осиё давлатлари бирдамлигини кўрсата оляпти?
— Бугун минтақамизда нафақат АҚШ, Россия, Хитой каби йирик сиёсий ўйинчилар, балки Эрон, Туркия, Ҳиндистондек ўрта бўғин давлатлари ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Мана шундай геосиёсий ўйинлар фонида марказий осиёликлар ўзини қандай ҳис қиляпти экан, деган савол туғилиши табиий.
Баъзи таҳлилчилар нима ҳам қила олардик, дея бир чеккада томошабин бўлиб ўтириш позициясини ёқласа, бошқа экспертлар, аксинча, мантақада Марказий Осиё мамлакатлари асосий актор бўлиши ҳамда умуммиллий манфаатларни биргаликда ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлайди. Ҳозирча сиз айтаётган ўша ахборот хуружлари, турли провокацион уйдирмаларни қайтариш даражасида бошимиз бириккани йўқ.
Қолаверса, замонавий геосиёсат ўтган асрдаги “Буюк ўйин”дан кескин фарқланади. Энди империялар бир-бири билан юзма юз тўқнашмайди. Улар ахборот маконида жанг олиб бормоқда. Кўринмас қўллар Марказий Осиё мамлакатларига ҳам ҳамла қилаётгани айни ҳақиқат.
Ташқи таҳдидларни қайтаришнинг фақат битта чораси бор. Қардош республикалар муаммоларни якка ҳолда эмас, баҳамжиҳат ҳал қилмоғи даркор. Муҳим сиёсий масалалар юзасидан ягона позицияни шакллантириш, катта оғаларнинг қош-қовоғига қарашдан воз кечиш, ҳар қандай вазиятда, аввало, миллий манфаатларга таяниб иш тутиш бизни кучли қилади. Жаҳон саҳнидаги овозимиз ҳам жаранглироқ эшитилади.
Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги ҳарбий можарони олайлик. Афсуски, бу масалага минтақавий кўз билан қаралмади. Икки мамлакат бир-бирига тош отди, ташқаридан воситачилар излади. Россия, Туркияга назар ташланди. Ваҳоланки, Марказий Осиё республикалари ўртасидаги чегаравий низолар асосан локал характерга эга. Улар юқори интенсивликдаги муаммолар сирасига кирмайди. Айни вазиятда қўшниларни минтақавий консенсус йўли билан яраштирса бўларди. Тўғри, Ўзбекистон, Қозоғистон президентлари тожик-қирғиз чегарасидаги ҳарбий можарога дарҳол ўз муносабатини билдирди. Бироқ қўшма баёнот қабул қилингани йўқ. Демак, ҳали бирдамлигимиз мустаҳкам эмас.
Менимча, Марказий Осиё республикалари йирик сиёсий ўйинчиларнинг салобатидан қўрқмасдан, минтақавий интеграцияни давом эттириши зарур. Шунда бизни манаман деган давлатлар ҳам ҳурмат қила бошлайди.
— Сизнингча, қайси соҳалар Марказий Осиё интеграциясининг драйверига айланиши мумкин?
— Сўзсиз, бизнес. Менга Президентимизнинг битта ташаббуси ниҳоятда маъқул. Ўзбекистон раҳбари минтақа доирасида қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ҳамда ҳудудий кооперацияни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозир шу жараёнларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбек автомобиллари Қозоғистонда йиғиляпти, чегара олди туманларда бизнес-форумлар, кўргазмалар ташкил қилиняпти. Бундай лойиҳалар маҳаллий тадбиркорларни степлер мисоли бир-бирига маҳкам боғламоқда.
Чегаралардаги ўтиш пунктларининг кўпайтирилиши, виза режимидаги қулайликлар ҳам минтақавий интеграцияга ижобий таъсир кўрсатяпти. Бундан ташқари, Марказий Осиёни кесиб ўтувчи халқаро транспорт коридорларини барпо этиш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатимиз ҳам минтақа мамлакатлари истиқболига хизмат қилишига ишонаман.
Яна бир гап. Бешта республика халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ўз позицияларини уйғунлаштириб олиши шарт. Ҳозир уларга бирдамлик етишмаяпти, бу эса жиддий муаммо. Мазкур ҳолатдан Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилган айрим ташқи кучлар, албатта, фойдаланади.
— Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви кун тартибига қандай масалалар қўйилишини кутяпсиз?
— Одатда бундай нуфузли анжуманларнинг кун тартиби ўтган бир йил орқалиғида юз берган воқеалар таҳлилидан келиб чиқиб тузилади. Қўшма баёнотда эса кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан олиб борилган музокаралар натижаси акс этиши зарур.
Учинчи маслаҳат учрашуви доирасида бешта республика етакчилари чегаравий низоларни бартараф этишдаги янги, инновацион ёндашувлар ҳақида фикрлашиб олса ёмон бўлмасди. Менимча, бундай муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиё мамлакатларининг ижобий тажрибасига таяниш керак. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида баҳсли ҳудудлар умуман қолмаган. Биз чегараларимизни аллақачон делимитация ва демаркация қилиб бўлдик. Нега буни қўшни Қирғизистон ва Тожикистонга намуна қилиб кўрсатмаслик керак? Ёки бўлмаса, Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг март ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида икки мамлакат раҳбарлари чегара муаммосини уч ойга қолмай тўлиқ ҳал этиш бўйича келишиб олганди. Бу ҳам ижобий тажриба-ку, ахир. Ана шундай ютуқли нуқталарни топиб, Маслаҳат учрашувининг якуний ҳужжатида муҳрлашни таклиф қилган бўлардим.
Марказий Осиё давлатлари интеграциясига 1991 йилнинг 13 декабрь куни айнан Ашхобод шаҳрида тамал тоши қўйилганди. Мана, ўша воқеага ҳам деярли ўттиз йил тўлди. Учинчи маслаҳат учрашуви яна Туркманистон пойтахтида ўтказилишида рамзий маъно борга ўхшайди. Балки мазкур учрашув минтақавий бирлашиш жараёнида кескин бурилиш ясар. Не ажаб…