Сурат манбаси: img.theculturetrip.com
Муаллиф: Наргиза Умарова
Бугун Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсатида нафақат қўшни мамлакатлар, балки қўшни минтақалар билан яқинлашиш тенденцияси кўзга ташланмоқда. Бу жиҳатдан Жанубий Осиё йўналиши, айниқса, аҳамиятли. Зотан, мазкур минтақа бой ички салоҳияти (инсон капитали, табиий ва молиявий ресурслари, иқтисодий ўсиш динамикаси), халқаро сиёсий майдонда ўзига хос ўрни ҳамда жаҳон бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга. Бундай ҳолатдан Марказий Осиё давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкин. Ҳарқалай, мамлакат раҳбариятининг амалдаги саъй-ҳаракатлари айнан шунга қаратилган.
Охирги вақтда Покистон Ислом Республикаси билан икки томонлама алоқалар сезиларли равишда жонлангани фикримизга яққол мисол. 2021 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўлини қуришга келишиб олди. 14 апрель куни мамлакатимиз Президенти Покистон Бош вазири Имрон Хон билан онлайн форматда мулоқот қилиб, савдо, инвестициявий, транспорт ва транзит соҳалардаги амалий ҳакорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашди. Бундай ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида минтақавий эксперт, сиёсатшунос Фарҳод Мирзабоев билан суҳбатлашдик.
— Жанубий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Нега мазкур минтақа билан яқинлашишга ҳаракат қиляпмиз?
— Жанубий Осиё географик жиҳатдан Марказий Осиёга ниҳоятда яқин. Масалан, Термиз шаҳридан Покистоннинг Карачи портигача атиги 660 километр йўл босиш кифоя. Бу ҳатто мамлакатдаги бир шаҳардан иккинчи шаҳаргача бўлган масофадан ҳам кам. Шу нуқтаи назардан Покистон йўналиши Марказий Осиёдан Ҳинд океанига олиб борувчи энг қисқа йўл эканини қайд этиш жоиз.
Денгиз портларига чиқиш ҳамда бу бўйича қулай транспорт коридорларини яратиш Ўзбекистон учун стратегик вазифа. Бусиз дунё билан савдо-сотиқ қилишимиз, миллий маҳсулотларнинг ҳамёнбоплигини таъминлашимиз, экспорт салоҳиятимизни ошириб, иқтисодий тараққиёт сари илдамлашимиз имконсиз.
Яқин-яқингача Афғонистон ва Покистонга фақат таҳдид манбаи сифатида қараларди. Улардан имкон қадар узоқлашиш, барча даражадаги алоқаларни формал тусда олиб бориш тенденцияси мавжуд эди. Бироқ 2016 йилда Ўзбекистон бу масалага ёндашувини кескин ўзгартирди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тарихда биринчи маротаба қўшни Афғонистонни имкониятлар мамлакати, дея эътироф эта бошладик.
Аввалроқ Ҳиндистон билан икки томонлама ҳамкорликни кучайтирган Ўзбекистон Эроннинг Чобаҳар портигача чўзилган “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўли қурилишидан манфаатдорлигини билдирганди. Эндиликда Покистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш асносида мамлакатимиз яна бир йирик транспорт-логистика лойиҳаси — Пешаворга олиб борувчи трансафғон темир йўли қурилишига бош қўшмоқда.
Шахсан ўзим Ўзбекистон раҳбариятининг денгиз йўлларига чиқувчи транспорт маршрутларини диверсификациялаш сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки бунинг ортида, авваламбор, иқтисодий манфаат ётибди. Жанубий Осиё минтақаси билан яқинлашишимизнинг асл сабаби ҳам шунда. Бунга рахна солиши мумкин бўлган стереотиплардан эса воз кечишнинг пайти келди. Дейлик, Афғонистондаги нотинчлик ёки Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги таранг муносабатларни баҳона қилиб, улар билан ҳамкорликдан тийилаверсак, фақат ютқазамиз. Ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам муроса йўлини тутиш зарур.
Дунёга назар солинг. Уруш-жанжалдан боши чиқмайдиган Африка мамлакатларида хорижий компаниялар йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширяпти-ку. Натижада йирик ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектлари қурилиб, ер ости бойликлари қазиб олинмоқда. Кўряпсизми, иқтисодий манфаат бор жойда ўзаро келишиб олса бўлади. Ташқи сиёсатда ҳам шундай.
Нега Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам қўлини чўзяпти? Тўғри, афғонлар бизга биродар халқ. Аммо бу юртнинг уруш туфайли йиллар давомида ишга солинмай келган улкан салоҳияти ҳам мавжуд. Шу жумладан, транспорт ва транзит соҳаларида. Бундай имкониятдан фойдаланишимиз керак, албатта! Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий манфаатларига жавоб берадиган трансафғон транспорт йўлакларининг қурилиши Афғонистонга ҳам катта фойда келтиради. Сабаби ҳозир мамлакатнинг транспорт инфратузилмаси “ўлик” аҳволда – на тузук автомобиль йўллари, на темир йўл ётқизилган. 2011 йилда Ўзбекистон Мозори-Шарифгача темир йўл қуриб берди, бу ўзаро савдо ҳажмининг муттасил ортишига хизмат қилмоқда. Бироқ биз учун янги бозорларга чиқиш ҳам муҳим. Хусусан, жанубий йўналишда Афғонистондан транзит мамлакат сифатида фойдаланиш айни муддао. Умуман олганда, Афғонистоннинг халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар тизимига қўшилишидан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари манфаатдор.
— Бугунги кунда Покистон билан ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланмоқда. Бу мамлакат биз учун қайси жиҳатлари билан қизиқ?
— Юқорида айтганимдек, Ўзбекистон асосан Покистоннинг денгиз портларидан фойдаланишни мақсад қилган. Чунки у ердан дунёнинг бошқа минтақаларига йўл очилади. Бу экспорт салоҳиятимизни ошириш учун ниҳоятда муҳим.
Пешаворгача тортиладиган трансафғон темир йўлининг узунлиги, айтайлик, амалда фойдаланилаётган Эрон йўналишидаги темир йўл магистралига қараганда анча қисқа бўлиб, юк ташувлари нархини каррасига арзонлаштириш имконини беради. Шу билан бирга, вақт ҳам тежалади.
Лекин айни ҳолатда бир жиҳатни эътиборга олиш керак. “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” транспорт коридори қурилиб, Покистон портларигача энг қисқа йўл очилган тақдирда ҳам, бу ҳали Ҳиндистон ва у орқали дунёдаги бошқа минтақа бозорларига чиқдик дегани эмас. Сабаби Покистон ва Ҳиндистон ўртасида жиддий зиддиятлар мавжуд. Кўп йиллик низолар туфайли икки мамлакат бир-бирига савдо-иқтисодий тўсиқлар қўйишга ҳаракат қилмоқдаки, бу ҳамкорларни ҳам қийин вазиятга солиб қўйяпти.
Масалан, Покистон Афғонистондан келаётган юкларни ўз ҳудуди орқали Ҳиндистон чегарасигача олиб ўтишга рухсат беради, аммо Ҳиндистондан товар олиб киришни тақиқлаб қўйган. Бундай чеклов келгусида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга муаммо туғдириши мумкин. Ваҳоланки, Жанубий Осиёдаги асосий савдо ҳамкоримиз Ҳиндистон ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Пешаворгача темир йўл ётқизилгач, эҳтимол, Ўзбекистон Ҳиндистон бозорига чиқиш учун Покистон билан қўшимча келишувга эришишига тўғри келар. Ёки бу масалани халқаро тузилмалар, масалан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳал қилишнинг иложи топилади. Ахир, Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бири билан боғлайдиган транспорт коридоридан фойдаланиш барча томонларга иқтисодий самара келтиради.
Ўз навбатида, 200 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Покистон ҳам йирик истеъмол бозори ҳисобланади. Расмий маълумотларга қараганда, ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 123 миллион долларга етди. Фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, қоғоз ва чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳаларимиз бор. Бироқ Покистоннинг ички бозорини ҳали обдон ўрганмаганмиз. У юртга қайси турдаги маҳсулотларни ва қандай ҳажмда экспорт қилиш мумкинлигига доир аниқ ҳисоб-китоблар йўқ. Яқинда бўлиб ўтган онлайн саммит давомида икки мамакат раҳбарлари бизнес доиралар ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш масаласига урғу бергани бежиз эмас.
Покистоннинг инвестиция киритиш салоҳияти Ҳиндистончалик эмас. Шунга қарамай мамлакат ишбилармонлари ўзлари учун анъанавий бўлган соҳалар, масалан, тўқимачилик ёки мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича ўзбек ҳамкорлари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириши мумкин.
Покистонда қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати ривожланган. Ўзбекистонда ҳам бу икки йўналишга устувор аҳамият қаратиляпти. Ўйлаймаки, Покистонга ўзбек текстилини катта муваффақият билан экспорт қила олмаган тақдиримизда ҳам, унинг ривожланган транспорт-логистика инфратузилмаси миллий брендларни дунё бозорларига тез ва қулай тарзда етказишда ниҳоятда асқотади. Чунки Покистонда турли минтақаларга, хусусан, Европа ва Америкага юк ташиш тизими яхши йўлга қўйилган.
Покистон Марказий Осиё давлатлари иштирокида амалга оширилаётган бир қанча халқаро инвестиция лойиҳалари бенефициари ҳисобланади. Трансафғон газ қувури (ТАПИ) ҳамда жанубий йўналишга электр энергиясини етказиб бериш линияси шулар жумласидан.
Покистоннинг ҳарбий салоҳияти тўғрисида ҳам унутмаслик керак. Мамлакат ичидаги сиёсий ва этник зиддиятлар, қўшни Афғонистон ҳудудидан доимий хавф туғдириб турувчи жангари гуруҳлар, шунингдек, Ҳиндистон билан узоқ йиллик совуқчиликка сабаб бўлган чегаравий муаммолар Покистон ҳукуматини мудофаа масаласига доимий ва жиддий эътибор қаратишга ундамоқда. Мамлакатнинг терроризмга қарши курашиш бўйича тажрибаси Ўзбекистон учун, айниқса, аҳамиятли. Қолаверса, бугунги кунда томонлар минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳам ҳарбий алоқаларни кучайтиряпти. Буни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги умумий саъй-ҳаракат сифатида баҳолаш мумкин.
Зиёрат туризми мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши ҳисобланади. Покистон – мусулмон мамлакат. Бу юрт вакиллари ислом оламининг буюк пешволари яшаб ўтган Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжоларини тавоф этишга ҳамиша шай. Покистон фуқароларига виза бериш тартибининг енгиллаштирилиши эвазига сайёҳлар оқими бирмунча ортди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Карачига мунтазам авиақатновлар қайта тикланди. Умумий дин, тарих, исломий қадриятлар халқларимизни бир-бирига яқинлаштирувчи муҳим омиллардир. Улардан сиёсий мулоқот жараёнида – икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш йўлида ҳам фойдаланиш айни муддао.
— Ўзбекистон Покистон йўналишидаги трансафғон темир йўли қурилишига катта аҳамият қаратмоқда. Бу улкан лойиҳа Марказий Осиёнинг халқаро савдо-иқтисодий муносабатларга янада чуқурроқ интеграциялашувини таъминлайди. Бироқ унинг истиқболига шубҳа билан қараётган экспертлар ҳам бор. Сизнинг фикрингиз қандай?
— “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” транспорт коридори Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга йўналиш эканини юқорида ҳам қайд этдим. Янги темир йўл тўлақонли ишлаши учун, шубҳасиз, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига эришиш зарур. Бироқ ҳозирча бунинг чораси топилмаяпти.
Бошқа томондан, Жанубий Осиё билан савдо-иқтисодий ҳамкорликка доир режа-мақсадларимизга ҳадеб афғон факторини тўсиқ қилиб қўявериш нотўғри. Аҳоли салмоғи жиҳатдан йил сайин ўсиб бораётган Ўзбекистон иқтисодий юксалиши учун турли мамлакат ва минтақалар билан ташқи савдони ривожлантириши керак. Транспорт-коммуникация тизимларисиз буни амалга ошириб бўлмайди. Шу туфайли Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бири билан боғлайдиган энг қисқа йўл қурилишини пайсалга солиб бўлмайди. Ахир, Ўзбекистон келгусида Эрон портларига олиб чиқадиган “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўлидан фойдаланишни мақсад қилган-ку. Ваҳоланки, бу магистраль ҳам Афғонистон ҳудудидан ўтади. Тўғри, Пешаворгача темир йўлни асосан тоғли рельефлардан ётқизиш керак, шу боис у техник жиҳатдан бироз мураккаб лойиҳа ҳисобланади. Аммо нима бўлганда ҳам, истиқболда у ўзини тўлиқ оқлашига ишончим комил.
Иккинчи масала маблағ билан боғлиқ. Ҳозир на Ўзбекистон, на Покистон трансафғон темир йўли қурилишини молиялаштира олмаслиги ойдек равшан. Мазкур ҳолатда фақат халқаро молиявий ташкилотларнинг ёрдамига таяниш мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг ташқи қарзни бўйнига илишидан мантиқ йўқ. Сабаби биз Афғонистонгача темир йўлни қуриб бўлганмиз. Покистон ҳам бундай рискка бориши амримаҳол.
Хўш, унда ечим қаерда? Мана шу ўринда минтақамизда ўз таъсирини тобора кучайтиришга интилаётган қудратли давлатларнинг геосиёсий манфаатларидан келиб чиқишга тўғри келади.
АҚШ Афғонистондаги ҳарбий миссиясини якунлаш арафасида. Лекин у Марказий Осиё республикаларининг транспорт-логистик жиҳатдан ташқи сиёсий рақиблари – Россия ва Хитойга қарам бўлиб қолишини хоҳламайди. Шу нуқтаи назардан Пешаворгача темир йўл қурилишини қўллаб-қувватлаши мумкин. Лойиҳага Жаҳон банки қизиқиш билдирганининг ўзи ҳам буни тасдиқлаб турибди.
Ўзбекистон учун транспорт маршрутларини диверсификациялаш ҳаёт-мамот масаласидир. Зотан, юк тушувларида муқобил йўналишлар қанчалик кўп бўлса, мамлакатда танлаш ҳамда транзит тарифлари бўйича манфаатли келишувларга эришиш имкони пайдо бўлади. Ҳозир Осиё ва Европа бозорларига айланма йўллар – Қозоғистон ва Россия орқали чиқишга мажбурмиз. Бу эса ортиқча харажат дегани. Натижада маҳсулотларимизнинг нархи анча қимматлашиб, рақобатбардошлиги пасаймоқда. Шунинг учун ҳам ҳозир Ҳинд океанига чиқадиган трансафғон темир йўлига эҳтиёжимиз катта.
— Расмий Тошкент Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича жадал саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Покистон билан ҳамкорлигимиз бу масалада қанчалик қўл келади?
— Афғонистон масаласида Ўзбекистон ва Покистоннинг позицияси бир хил. Иккала мамлакат ҳам қўшниси ўзига тўқ ва осойишта бўлишини хоҳлайди. Жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон видеоконференция форматида учрашганида ҳам шу масалани муҳокама қилди. Афғон заминида уруш тўхтамаса, мамлакатларимиз хотиржам бўлолмаслиги қайд этилди.
Қўшни юртда тинчлик ҳамда барқарорлик ўрнатиш Ўзбекистон ва Покистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланган. Мамлакатларимиз бу борада бир-бирига ёрдам беришга, халқаро майдонда якдил позицияни ифодалашга тайёр.
Бир неча йил аввал Ўзбекистон раҳбарияти Афғонистонинг расмий ҳукумати ва Толибон ҳаракати вакилларини Тошкентга таклиф қилиб, ўзаро музокара олиб бориши учун шароит яратиб берганди. Уруш гирдобида қолган афғон халқига имкон қадар ёрдам беришга, ижтимоий, маданий, маърифий алоқаларни тиклашга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозир Афғонистондаги барча оппозицион кучлар юртимизга ҳурмат билан қарайди.
Ўз навбатида, Покистон ҳам толибонлар билан музокаралар олиб бормоқда. Расмий Исломобод мазкур сиёсий гуруҳга муайян даражада таъсирини ўтказа олади. Бироқ Покистон ва Афғонистон ўртасида чегаравий низолар мавжуд. Афғон ҳукумати Британия империяси даврида белгилаб берилган ҳамда пуштун халқини иккига ажратиб юборган Дюран чегара чизиғини ҳалигача тан олмаган. Қолаверса, Покистон Афғонистоннинг Ҳиндистон билан сиёсий ёки иқтисодий масалаларда яқинлашувига тиш-тирноғи билан қарши. Мана шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистоннинг тинчликпарвар позицияси томонларни муросага келтиришга хизмат қилса, ажаб эмас.