Сурат манбаси: bbc.com
“Марказий Осиёдаги чегаралар ҳар доим можаролар манбаси бўлиб қолаверади, чунки улар бир замонлар минтақа кўп миллатли аҳолисини бўлиб ташлашга ва этник муносабатлар таранглигини сақлаб қолишга уринган Сталиннинг улкан қалами билан чизиб берилган“, деган баҳсли фикр мавжуд. Тарихчи Александр Моррисон 2017 йилда эълон қилинган мақоласида қўлидаги кўплаб ҳаволалар ёрдамида ушбу баҳсли фикрни рад этишга уринди. Унинг иддаосича, “Фарғона водийси ҳудудидаги чегаралар ва анклавларнинг мураккаб аралаш-қуралашлиги Макиавелли руҳидаги миллатлар орасига душманлик уруғларини сепишни мақсад қилиб олган сталинча фитнанинг бир бўлаги эмас, аксинча, ўта миллий ранг-барангликни ва маҳаллий миллатчилар талабларини ўз ичига олган чалкаш воқеликларга мослашишга уринишдан иборат бўлган”. Муаллифнинг минтақа аҳолиси ўрталаридаги жисмоний ва ножисмоний чегараларни ўзи аниқлаши, тинчлик ўрнатиш ва уни қўллаб-қувватлаш, умуман олганда, ўз тақдири эгаси бўлишига ишончи комил эди.
Бироқ 28 апрелда Тожикистон билан Қирғизистон ўртасида юз берган можаро ушбу некбин қарашга шубҳа уйғотмоқда. Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги можаролар, айниқса, Қирғизистоннинг Сўх, Шоҳимардон ва Ворух анклавлари бор Боткен вилоятида тез-тез содир бўлиб турибди, вилоятнинг ўзи эса нафақат Бишкек, ҳатто Ўшдан ҳам узоқда жойлашган. Лекин бу сафар можарога ҳарбий техника билан қурол-яроғ аралашди. Иккала томондан ҳам ҳалок бўлганлар ва яраланган сони тасодифий отишмалар чегарасидан чиқиб, юз нафардан ҳам ошиб кетди.
Гарчи айни можаронинг оғир босқичи ортда қолгандай туюлаётган, икки мамлакат мудофаа вазирлари ва бош вазирлари шошилинч мажлислар ўтказиб, 29 апрелда маҳаллий вақт билан 20:00 да ўт очишни бутунлай тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса-да, бундай жадал кечаётган можарони тез орада назоратга олиб, тўхтатиш осон бўлмаслиги аниқ. Тушкунлик учун бир неча сабаблар айтилмоқда.
Биринчидан, чегара бўйидаги қишлоқлар аҳолиси ўртасидаги сув ресурсларидан бирга фойдаланиш билан боғлиқ нохуш ҳодиса яна авж олди, сувга оид ҳар қандай хатти-ҳаракат можароларга туртки беради, чунки улар аҳоли манфаатлари ва фаровонлигига бевосита дахл қилади. Чегара ҳудудидаги маҳаллий аҳоли ўртасида ишонч ва бағрикенглик йўқ. Иккала мамлакатда ҳам даромадлар кескин қисқариб кетган пайтда ер билан сув (ҳайдаладиган ерларни суғориш учун) даромаднинг ягона манбасига айланади. Тожикистонда одамлар Қирғизистон ҳокимияти сувни ноҳалол тақсимлаяпти, деб ҳисоблайди. Деҳқончилик ишлари бошланган баҳор ва ёзда сув сарфи ўнлаб баробар ошади ва қўшнилар ўртасидаги можаролар кескинлашади.
Бу сафар ўзаро жанжал Тожикистон тарафи вакиллари сув олиш жойидаги устунга сув тақсимотини назорат қиладиган видеокузатув камерасини ўрнатишга урингандан сўнг бошланиб кетди. Қирғизистон тарафи вакилларининг бундан жаҳли чиқиб, устунни арралашга киришган. Шундан сўнг ади-бади айтилиб, можаро иштирокчилари бир-бирига қарата тош отишга ўтган, орадан кўп ўтмай эса ўқ овозлари янграган.
Можаролар шу тарзда тез-тез қуйидан бошланмоқда. Хавотир олиш учун иккинчи сабаб шу. Ҳарбий ҳаракатларнинг бундай шиддат билан ривожланиши мамлакатлар чегарабўйи кучлари ҳаракатларнинг агрессив алгоритмига эга эканини кўрсатмоқда. Икки халқ аҳолиси ўртасидаги можарони кўрган ҳарбий хизматчилар чегара ҳудудига ҳарбий техникани олиб келиб, ўт очди. Ҳокимияти ўзини сақлаб қолиш учун миллий масалани ўртага олиб чиқаётган мамлакатлар учун арзимаган нарсалар баҳонасида жанжал бошлаш асосий сценарийга айланмоқда. Бу Марказий Осиёнинг идентитети – айнилигини аниқлаб олиш билан машғул бўлган барча мамлакатлари учун тушунарли ҳол, бироқ минтақанинг йирик бўлмаган мамлакатлари – Тожикистон ва Қирғизистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Иккала мамлакатнинг ҳам ички ихтилофлардан олинган жароҳати бор (Тожикистонда – фуқаролар уруши, Қирғизистонда эса – бир қанча сиёсий давлат тўнтириши ва 2010 йили Ўшда юз берган улкан можаро).
Ушбу можаро Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара муаммоларини бартараф этиш бўйича фаол музокаралар олиб борилаётган пайтда рўй бергани аянчлидир. Олинаётган хабарларга кўра, музокаралар силлиқ кечаётгани йўқ. Чегарада рўй берган тўқнашув томонлар ҳарбий имкониятлари ва қатъиятини намойиш этиш орқали музокаралар жараёнида ташаббусни қўлига олишга уринаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин, лекин аслида улар ҳали ҳам қатъий сиёсий ирода кўрсатиб, чегара масалалари бўйича конструктив мулоқот бошлашга тайёр эмас. Бу қуйидан бошланган можаро тепада қўллаб-қувватланишини англатади.
Яқинда Қирғизистон билан Ўзбекистон музокара ўтказиб, ҳатто давлат чегарасини делимитация қилиш масаласини ҳал этиш бўйича ўзаро келишувга эришгани эътиборга молик. Бироқ ушбу келишувлар ҳам яқин атрофдаги туманлар аҳолиси норозилигига сабаб бўлди ва жараён яна жойида депсиниб қолиши ҳеч гап эмас.
Умуман, чегаралар масаласини ҳал этиш мумкинми?
Мана шу ерда айни можароларнинг учинчи – умидбахш бўлмаган жиҳати, яъни учинчи томон зарурати кўзга ташланади. Гарчи иккала мамлакат вазирлари можароли вазиятни “тинч йўл ва сиёсий-дипломатик музокаралар орқали” изга солишнинг “ўта зарурлиги”ни таъкидлаган бўлса-да, баёнотлар оҳангини умуман дўстона деб бўлмайди. “Вазир Руслан Қазақбаев қирғиз тарафи бошқаларнинг ҳудудига даъво қилмайди ва ўз ерини бировга ҳам бериб қўймоқчи эмас, дея таъкидлади”, деб унинг сўзларидан иқтибос келтиради Қирғизистон ТИВ раҳбари матбуот хизмати.
Яна КХШТ ҳам баёнот бериб, “Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги вазиятни батафсил ва диққат билан кузатиб тургани ва ўрганаётгани” ҳақида баёнот берди, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса томонларни яхши қўшничилик руҳи ва қардошлик алоқаларини эсга олишга даъват этди. Ушбу яхши қўшничилик руҳи ташаббускори ҳисобланадиган ва Қирғизистон билан Тоджикистон чегарасидаги можародан Туркманистонда музокара қилаётган пайти хабар топган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яхши воситачи бўлиши мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг Душанбе билан ҳам, Бишкек билан ҳам ўзаро муносабатлари тарихи бор. Боз устига, Имомали Раҳмон анча олдин сиёсат бобида “отахон”га айланган бўлса, Қирғизистониннг янги президенти Садир Жапаровнинг дипломатик қобилияти ва ташқи сиёсат борасидаги мавқеи ҳали маълум эмас. Қозоғистон ва президент Тўқаев эса минтақа ишлари билан шуғулланишдан кўра кўпроқ маданий дипломатия ва миллий брендингни ривожлантириш билан банд.
Охир-оқибат нима қоляпти? Чегара муаммоларининг ҳал этилмагани пировардида иккита алоҳида мамлакатнинг эмас, бутун бошли минтақанинг заифлигини кўрсатмоқда. Қашшоқлик ва этник миллатчилик минтақавий ҳамкорликнинг ҳар қандай рецепти учун сифатсиз “масаллиқлар”дир. Ташқи кучлар деб аталувчи омиллар исталган пайт мана шу заиф жойдан фойдаланиб қолиш пайида бўлади. Шу ўринда арзимас бўлиб кўринган бир нарсани айтиб ўтиш жоиз: можаро жойидан олинаётган маълумотларга қараганда, ҳарбийлар Россия техникаси билан бир қаторда Хитой ҳарбий машиналари ва қуролларини ҳам қўлламоқда. Бунинг маъноси шуки, бугун томонлар чегарага оид баҳсларни ҳал эта олмаса, эртага у ердаги хавфсизлик масаласини нафақат Россия, қолаверса, Хитой “қаламлари” ҳал қилади, чунки Хитойнинг минтақадаги манфаатлари кун оша кенгайиб бормоқда.
Агар мана шу санаб ўтилган “масаллиқлар” бўлмаганида, ҳеч қандай ташқи куч “яхши қўшнилар”ни “шохлаштира олмаган” бўлар эди. Эҳтимол Марказий Осиё аҳолиси минг йиллардан буён ёнма-ён дўст ва муроса қилиб яшаб келгандир, лекин элита чекланган минтақавий тафаккури ва тор иқтисодий манфаатлари билан элиталигича қолаверадиган кўринади. Марказий Осиё республикалари раҳбарларининг 2018 йил баҳорида Остонадаги ва 2019 йил декабрида Тошкентдаги учрашувлари савдо-сотиқ ва бизнесни юргизиш учун бир оз туртки берди, бироқ энг мураккаб масалаларни кейинга қолдирди.