Яқин истиқболда Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар кенгайиши кенг миқёсга чиқиши мумкин. Бу айни босқичда Пекин билан Тошкентнинг стратегик манфаатлари ўзаро мос тушаётгани билан боғлиқ – иккала томон ҳам Ўзбекистоннинг минтақадаги кучи мустаҳкамланишидан манфаатдор. Бу Ўзбекистонга ўз иқтисодий аҳволини мустаҳкамлашга, 34 миллионлик аҳолиси фаровон яшашига шароит яратиш учун керак. Хитой учун Ўзбекистоннинг кучайиши Марказий Осиёда минтақасида мувозанат сақлаш ва буюк давлатлар ўртасида устомонлик билан ҳаракат қилиш учун керак, дея қайд этилган CAAN нашрида чоп этилган мақолада.
Бундай қалин шериклик мева бера бошлади. 5 – 6 йил муқаддам Ўзбекистон Марказий Осиёдаги Хитойга энг кам даражада боғлиқ бўлган мамлакат ҳисобланар эди. Бугунги кунда эса ўзаро ҳамкорлик даражаси ортиб, Тошкент учун Хитой инвестиция ва кредитлари тобора кўпроқ аҳамият касб этмоқда.
Си Цзинпиннинг Торшкентга сафари чоғида Ўзбекистон билан Хитой ўртасида янги битимларга қўл қўйилиши кутилмоқда. Ўтган йил охирида ушбу сафарга ҳозирлик кўрилаётгани эълон қилинган эди.
Аввал иқтисод
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар кенгайиши драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи савдо-сотиқ ва иқтисодий соҳа бўлиб турибди. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шеригига айланди ва шу мавқени сақлаб қолаётир. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, республиканинг Хитой билан 2019 йилдаги ташқи савдо айланмаси 7,62 миллиард АҚШ доллари бўлди ва бу 2018 йилга нисбатан 18,5 фоиз кўпдир. Ҳозирча Хитой савдо ҳажми бўйича Россиядан бир оз олдинда бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 16,8 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда. Ундан кейин Россия (14,8 фоиз), Коғоғистон (7,3 фоиз), Корея Республикаси (5,8 фоиз), Туркия (5,2 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Германия (2,1 фоиз) бормоқда.
Ўзбекистоннинг Хитойга экспорти ортмоқда, бироқ экспортнинг асосий қисмини ҳозирча стратегик хом ашё: табиий газ, уран, мис, пахта ва минерал ўғитлар ташкил қиляпти. Ушбу товарлар орасида энг муҳим ўринни табиий газ эгаллайди, Табиий газ бўйича 2011 йилда имзоланган икки томонлама олди-сотди шартномага кўра, ХХРга уни етказиб бериш 25 йилга мўлжалланган.
Ўзбекистон маҳсулотларининг Хитойга экспорти ҳажми ортишига давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ушбу соҳани шахсан назорат қилаётгани ёрдам бермоқда. Масалан, Ўзбекистонда президент кўмагида Хитой билан электрон савдо-сотиқ жадал тус олмоқда. Ўтган йил октябрида Ўзбекистонда Хитойнинг “Alibaba” савдо платформасини давлат рўйхатидан ўтказиш соддалаштирилган эди. Ўзбекистоннинг бир қандолатчилик компанияси ушбу платформа билан биринчилардан бўлиб 3 миллион АҚШ долларилик экспорт шартномасини имзолади.
Умуман олганда, Хитой билан ҳамкорлик кўп жиҳатдан президентнинг шахсий кўмаги сабаб чуқурлашиб бормоқда. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши биланоқ барча глобал ва минтақавий ўйинчилар билан ташқи сиёсий алоқаларни кучайтиришга қарор қилди. Илгари Хитой компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётининг фақат бир неча секторида фаолият юритаётган эди, холос.
Тошкент пандемия даврида Хитой йўналишидаги сиёсатини янада фаоллаштира бошлади. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 14 октябрида йиғилиш ўтказиб, вилоятлар раҳбарларини Хитой билан савдо-иқтисодий, инвестиция ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш суст кетаётганини танқид қилган эди. Айни чоқда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига Хитойдан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилишга йўналтирилган янги лойиҳалар ишлаб чиқишга топшириқ берилди.
Бундан ташқари, биринчи навбатда савдо-сотиқ алоқаларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил октябрида Ўзбекистон Гуанчжоу шаҳрида бош консуллигини очди. У Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги бунақа шаклдаги иккинчи ваколатхонасидир, илк ваколатхона Шанҳай шаҳрида фаолият кўрсатмоқда. Томонлар бош консуллик очилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тараққиётига қўшимча туртки беришини, Ўзбекистон вилоятлари билан Хитойнинг жанубий вилоятлари ўртасидаги товар айланмаси ошишини кутмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент (Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам шу қаторда) Пекин билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини ўтказиш тўғрисида келишиб олди. Музокара вақтида қайд этилишича, клиник синовлар муваффақиятли якун топган тақдирда Ўзбекистон вакцинани ўз муддатида ва арзон нархда сотиб олиш учун устуворликка эга бўлади.
Инвестициялар
Тошкент Хитой билан ҳамкорлик соҳаларини кенгайтирар экан, биринчи навбатда инвестициялар ҳажмини оширишга умид қилмоқда. Ўзбекистон ҳозирги кунда айни кўрсаткич бўйича қўшни Қозоғистондан ортда қолмоқда. Аммо шуни таъкидлаш зарурки, сўнгги вақтда Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига тобора кўпроқ инвестиция киритмоқда. Сўнгги 3 йил давомида ХХРдан киритилган 3,9 миллиард АҚШ долларилик сармоя ўзлаштирилди. 2025 йилга бориб, Ўзбекистон жалб этилажак Хитой инвестициялари миқдорини 5 миллиард долларга етказишни кўзламоқда. Паст база эффекти (бошланғич кўрсаткич пастлиги боис иқтисодиётдаги у ёки бу кўрсаткичнинг ўсиш суръати юқорилиги) сабаб Хитой компаниялари Ўзбекистон бозорига жуда тез ва барча секторларга кириб келмоқда. Хитой компаниялари телекоммуникация, саноат, ҳарбий ва гуманитар соҳаларга кириб келмоқда. Хитой инвестицияларининг энг йирик объектлари сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:
- Тез орада “UzbekTelecom” “Huawei” корпорациясидан интернетга кенг полосали уланиш тармоғини модернизация қилиш ва ривожлантириш учун 107 миллион доллар ҳамда “ZTE” коропорациясидан NGN технологияси бўйича коммутация жиҳозлари рўйхатини кенгайтириш ва “UzMobile” миллий операторининг кенг полосали мобил тармоғини модернизация қилишга 50 миллион доллар олади.
- 2020 йил январида “Sinotruk” компанияси билан оғир юк автомобиллари ишлаб чиқариш учун “Uz Truck & Bus Motors” қўшма корхонаси ташкил этиш бўйича битим имзоланди.
- Хитойнинг “China Gezhouba Group Corporation” (CGGC) компанияси Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси (ИЭС) қурилишини бошлади. ИЭС ҳар йили 2 миллиард м3 табиий газ ёқади ва электр қуввати ишлаб чиқариш 10 миллард киловатт/соатга етади.
Кўриниб турибдики, ҳозирча гап кўп миллиард долларлик инвестициялар ҳақида кетаётгани йўқ. Улкан инвестицияларни жалб этиш учун кенг қамровли лойиҳалар зарур. Масалан, Қозоғистон билан Хитой ўртасида корхоналарни кўчириш бўйича 27 миллиард долларлик инвестиция битими имзоланган. Бироқ яқин орада Ўзбекистон билан Хитой йирик лойиҳалар хусусида келишувга эришиши мумкин. Бунинг учун Ўзбекистоннинг яхши имконияти ва афзалликлари бор.
Ўзбекистоннинг афзал жиҳатлари
Хитой билан алоқаларни чуқурлаштириш учун Ўзбекистоннинг, минтақадаги бошқа мамлакатлари билан таққослаганда, бир неча афзал жиҳати бор.
Транспорт тармоғи бўлиш имконияти. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўл магистралига катта умиб боғланмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўл тармоғи қурилиши ҳақидаги музокаралар яна боши берк кўчага кириб қолди. Мутахассислар эътирофича, томонлар ҳалигача ҳатто лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китобини ишлаб чиққани йўқ.
Шунга қарамай, Ўзбекистон хитойлик шериклари билан бирга Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли (ХҚЎТЙ) маршрути бўйича мултимодал юк ташишни ишга туширди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 2020 йил 4 январида учинчи Хитой халқаро импорт товарлари кўргазмасида яна бир карра баёнот берган эди. Президент буни 2020 йил 10 ноябрда ШҲТ саммитидаги онлайн нутқида ҳам такрорлади.
Контейнерлар ортилган биринчи поезд Ланчжоу шаҳридаги “Дунчан” логистика марказидан Тошкентга зикр этилган маршрут бўйича 5 июнда йўлга чиқди. Кошғар (Хитой), Иркештом ва Ўш ўртасидаги маршрутнинг бир қисми автомобил йўлидан иборат бўлади. Шундан сўнг юклар яна поездларга ортилиб, йўлида давом этади. Маршрутнинг жами узунлиги 4380 километр, юк ташиш вақти эса 7 – 10 кун бўлади. Қўрғас (Хоргос) орқали анъанавий маршрут билан солиштирганда, вақт 5 кунгача тежалади.
Шунингдек, Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали транзит ҳажмини ошириш учун мавжуд маршрутлардан ҳам тез-тез фойдаланмоқда. Хусусан, жорий йилда “Ҳэбэй – Қўрғас – Тошкент” маршрути бўйича доимий халқаро юк поезди қатнови йўлга қўйилди.
Яна Ўзбекистоннинг “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европра Иттифоқи” маршрути бўйича милтимодал юк ташишни йўлга қўйиш борасидаги режалари ҳам эътиборга молик. Ўтган йил декабрида Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон темирйўл раҳбарлари 2020 йилда Жанубий Кавказга халқаро мултимодал маршрутнинг бир қисми сифатида транзит поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олган эди.
Бундан ташқари, Хитойнинг жанубий йўналишдаги лойиҳалар (Афғонистон орқали жанубга темирйўл, электр қуввати узатиш линиялари ва ҳк., узоқ истиқболда Афғонистон билан Ўзбекистон чегарасида халқаро савдо марказлари ёки эркин иқтисодий зона қуриш) инвестори сифатидаги иштироки эҳтимоли ортмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон тарафи жанубга транспорт коридори барпо этиш лойиҳасига Хитой компаниялари ва инвесторларини жалб этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга транспорт коридори қуриш масаласига халқаро ташкилотларини фаол тарзда чорлаётир.
Шавкат Мирзиёев ўтган йил 10 ноябридаги ШҲТ саммитидаги нутқида 2021 йил апрелида Ўзбекистонда “Марказий Осиё ва Жанубий Осиё: ўзаро боғлиқ минтақа, муаммолар ва имкониятлар” халқаро конференциясини ташкил этишни таклиф қилган эди.
Тезкор жавоб ва янги шароитларга мослашиш. Тошкентнинг сўнгги бир неча йилдаги саъй-ҳаракатлари кўрсатишича, Ўзбекистон ҳукумати ўзгаришларга тезкор жавоб қайтаришга ва бозорда пайдо бўлаётган талабларга мослашишга интилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда қисқа муддатда онлайн платформалар яратишдай вазифалар амалга оширилди, бу Хитой билан барча соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришда ёрдам беради. Қозоғистонда бундай платформани яратиш зарурлиги ҳақида турли даражаларда доимий тарзда гапирилади, бироқ муаммо ҳануз ҳал бўлгани йўқ.
Сайёҳларни жалб қилиш. Ўзбекистон ҳукумати туризм соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Пандемия сабаб хитойлик сайёҳлар келиши анча-мунча камайиб кетди. Жорий йилнинг 1-чораги ҳисоб-китобига кўра, Хитойдан 3700 киши (жами сайёҳларнинг 0,3 фоизи) Ўзбекистонга келган, 2019 йилда эса ушбу кўрсаткич 61,9 минг кишини ташкил қилган эди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг туризм потенциали Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энг юқорилигича қолмоқда.
Хавфсизлик масалаларидаги воситачилик. Хитой минтақада хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш масалаларида Ўзбекистонни ишончли воситачи сифатида алоҳида ажратиб кўрсатади. Ўзбекистон билан Хитой хавфсизлик идоралари вакиллари афғон муаммоси бўйича тобора кўпроқ учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Ушбу соҳасидаги муносабатлар динамикасига қараб, Хитой, Ўзбекистон ва Афғонистон иштирокидаги афғон муаммосини ҳал этиш бўйича қандайдир платформа ташкил этилишини бемалол кутиш мумкин. Шу тариқа Пекин тўрт томонлама механизм (Хитой, Тожикистон, Покистон, ва Афғонистон) қаторида Марказий Осиё мамлакати билан бирга хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш учун яна битта механизмга эга бўлиши ҳам мумкин.
Ўз навбатида, Хитой Афғонистон йўналишидаги Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлаши эҳтимолдан холи эмас. Хусусан, Хитой Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган транспорт-логистика ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда.
Шунинг баробарида Ўзбекистон томони Хитойдан қурол-яроғ ва техника сотиб олмоқда. Тошкент 2017 йилдаёқ Хитойдан бир неча ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексини харид қилган эди. Давлат раҳбари 2017 йил май ойида Хитойга сафари чоғида ушбу мамлакат аэрокосмик илмий-саноат корпорацияси (CASC) раҳбарияти билан учрашгани бежиз эмас. CASC бошқа фаолият турлари қатори қурол-яроғ ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади, жумладан, бошқариладиган ракеталар ишлаб чиқаради.
Давлат қарзи ва ўзаро савдо-сотиқда салбий салдо
Сўнгги пайтлардаги ижобий динамикага қарамай, Ўзбекистон учун бир қатор жиддий хавотирлар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан:
- икки томонлама савдо-сотиқда салдонинг ХХР фойдасига ортиб бораётгани;
- Ўзбекистон иқтисодиётининг бир қатор стратегик соҳаларида (телекоммуникация, банк, қишлоқ хўжалиги) Хитой технологиялари улуши ортиб бораётгани кузатилаётгани;
- Ўзбекистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи ортиб бораётгани.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ташқи давлат қарзининг 20 фоиздан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ўзбекистонда ҳам Тожикистонда бўлгани каби барқарор аксилхитой кайфияти йўқ. Ўзбекистон Хитойнинг Шинжондаги миллий сиёсатига ҳеч қандай муносабат билдирмаяпти, бу Тошкентни Пекиннинг минтақадаги анча қулай шеригига айлантирмоқда.
“Central Asia Barometer” институтининг минтақа мамлакатларида сўнгги 2 йил давомида ўтказган сўрови натижалари кўрсатишича, Хитой бизнесига дўстона муносабати аста-секин заифлашиб бораётир. Агар 2019 йилда ўзбекистонликлариннг 65 фоизи Хитой мамлакатда амалга ошираётган энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини “қатъий қўллаб-қувватлаган” бўлса, 2020 йилда қўллаб-қувватлаш даражаси 48 фоизга тушиб қолди. “Кескин қарши” бўлган кишилар сони 2 фоиздан 10 фоизга кўтарилди. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолиси ўртасида Хитой олдидаги давлат қарзи ошиб бораётгани билан боғлиқ хавотирлар кескин ошаётгани кузатилмоқда. Хитой олдидаги давлат қарзи ортиб бораётганидан ташвишланаётган Ўзбекистон ватандошлари сони 2019 йилдаги 7 фоиздан 2020 йилда 25 фоизгача кўпайди.
Хулосалар
Хитойнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси, умуман олганда, Пекиннинг ташқи сиёсати каби трансформация жараёнидадир. Иқтисодиёт ўсишининг сусайиши ва пандемия оқибатлари Хитойнинг ташқи сиёсат, биринчи навбатда, “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги режаларига улкан таъсир кўрсатди.
Хитой ҳукумати кўп миллиард долларлик инвестициялар ажратиш йўли билан “ҳар қандай ёнғинни ўчириш” ва аксилхитой кайфиятларига барҳам бериши тактикасидан аста-секин воз кеча бормоқда. Пекин инвестициялар ажратишда энг муаммоси кам шерикларни танлаб олишни маъқул кўрмоқда. Бундай вазиятда аксилхитой кайфияти умуман кузатилмаётган Ўзбекистон Пекиннинг Марказий Осиёдаги энг устувор шерикларидан бирига айланмоқда.
Тошкентнинг ҳозирги ташқи сиёсий фаолияти сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон Пекиннинг Марказий Осиё бўйича стратегиясида Қозоғистонга тенг жой эгаллаши эҳтимоли ошиб бораверади.
Тошкент ўз навбатида асосий шериклари: Ғарб мамлакатлари, Россия ва Хитойнинг манфаатлари мувозанатини сақлаб қолишга уринмоқда. Бироқ сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятида Хитой ролининг ошиши яққол кўзга ташланаётир. Хитой савдо-сотиқ ва иқтисодий шерикликда ўз мавқеини мустаҳкамлай бормоқда.
Хитойнинг Ўзбекистондаги ҳозирлиги кенгайишининг кузатилаётган суръати яқин истиқболда Ўзбекистон ХХРнинг сиёсий таъсири кучайишига, расмий Пекин олдида давлат қарзининг ортиб боришига тўқнаш келишини башорат қилишга имкон бермоқда. Воқеаларнинг бундай ривожи эҳтимоли юқори. Бугунги кундаёқ Ўзбекистон ташқи давлат қарзининг 20 фоиздан ошиғи Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бундай истиқбол хавфини тушунган Тошкент минтақадаги қўшнилари каби ташқи ўйинчилар манфаатлари мувозанатини сақлашга ҳаракат қилиши турган гап. Шуни ҳисобга олган Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги, Туркий тилли мамлакатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида туркий интеграция жараёнларидаги иштирокини кучайтириши ва ниҳоят, Марказий Осиёдаги қалин ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини истисно қилиб бўлмайди. Пировардида фақат Марказий Оиёдаги интеграция минтақа мамлакатларига глобал ва минтақа даражасидаги кучли давлатларнинг экспансионистик интилишларга самарали қарши туриш имконини бериши мумкин.