Сурат манбаси: potokmedia.ru
Муаллиф: Эльвира Айдарханова – Олмаота бошқарув университетининг ўқитувчиси, “Forbes Kazakhstan” журналида энергетика масалалари бўйича шарҳловчи.
Дмитрий Суслов – Россиянинг халқаро сиёсат бўйича эксперти, Миллий тадқиқот университети “Олий иқтисодиёт мактаби” (НИУ ВШЭ) Жаҳон иқтисодиёти ва дунё сиёсати факультетининг Европа ва халқаро комплекс тадқиқотлар илмий-таълимий маркази директори ўринбосари ва илмий ходими. Қуйида унинг CAAN сайтига берган интервьюсининг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Байденнинг янги маъмурияти даврида Россия билан АҚШ муносабатлари қай тарзда ўзгаради?
– Умуман олганда, Байден маъмурияти даврида Россия билан Америка муносабатларидаги зиддиятлар янада ортиб кетади. Қўшма Штатлар Россияни демократия, инсон ҳуқуқи ва қадриятлар муаммолари бўйича кескин танқид қилиши кучаяди. Американинг Россия билан постсовет маконидаги геосиёсий кураши авж олиб боради ва Қўшма Штатлар Украинани, яна, масалан, Беларусь мухолифатини, Молдова ва Грузияни Россия билан қарама-қаршилигида тобора фаол қўллаб-қувватлашга ўтади, умуман олганда, постсовет маконидаги ҳам классик, ҳам халқ дипломатиясини фаоллаштиради. Оқибатда Россия-Америка муносабатларининг умумий муҳити янада кескин тус олади.
Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Россияни тийиб туриш сиёсатига ўз иттифоқчилари, биринчи навбатда европалик иттифоқчиларини жалб қила бошлайди. Бинобарин, АҚШ билан ЕИ ҳаракатларини мувофиқлаштириш синхронлиги кучаяди. Умуман олганда, Байден президентлиги даврида Америка ташқи сиёсатида мафкура ролининг ортиб бориши трансатлантик муносабатлар қалинлашуви ва АҚШнинг Россияга нисбатан тийиб туриш сиёсати кучайишига олиб боради. Шу муносабат билан, айтиб ўтганимдек, умумий нуқтаи назарга кўра, Россия билан Америка муносабатлари янада зиддиятли бўлади, бу мамлакатда Америка унга нисбатан янги санкциялар қўллаши ва россиялик мухолифат вакилларини бевосита дастаклаши кутилмоқда. Байден ҳокимиятга келгач, Трамп президентлиги даври билан солиштирганда, АҚШнинг Россияга нисбатан риторикаси – гап оҳанги кескинлашди. Масалан, Америка Давлат департаментининг Алексей Навальнийни зудлик билан озод қилишга даъвати бунга мисол бўла олади – АҚШнинг бундай гап оҳанги Барак Обама маъмуриятининг сўнгги йилларида янграган эди, лекин Доналд Трамп ҳеч қачон Россия олдига бунақа талабларни қўймаган. Яъниким, АҚШ Россия мухолифати, ушбу мамлакатнинг либерал нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва ҳк.ни кўпроқ ва очиқ қўллаб-қувватлашини намойиш этмоқда. Бунинг оқибатида Россия билан АҚШ ўртасидаги қарма-қаршилик янада кескинлашади, айни дамда иккала томон манфаатларига мос келадиган айрим масалалар юзасидан танланган ҳамкорлик имкониятлари ҳам мавжудлигини кўряпмиз. Бироқ аввалбошдан шуни ҳисобга олиш керакки, бундай танланган ҳамкорлик АҚШ билан Россия муносабатларининг табиатини ва гап оҳангини ўзгартира олмайди.
Танланган ҳамкорлик соҳалари “Стратегик ҳужум қуроллари-3” (СҲҚ-3) шартномасининг амал қилиш муддатини чўзишга тегишли бўлади. Россия Байден маъмуриятининг ушбу масала бўйича тутган мавқеини қутлади ҳамда СҲҚ-3 шартномасининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича АҚШ ва Россия маслаҳатлашувлари бошланиб кетди. Кейинчалик эса қуролланиш назорати, СҲҚ-3 шартномаси имзолангандан сўнг стратегик хавфсизликни мустаҳкамлаш усуллари бўйича мулоқот қилинади, чунки иккала тараф ҳам СҲҚ-3 шарномасидан кейин нима бўлиши хусусида музокара олиб бориш учун вақтни чўзиш зарур эканини тушунади. Ушбу мулоқот осон бўлмаслиги турган гап. Бу масала юзасидан ҳам Байден маъмурияти, ҳам Россия эълон қилган мавқелар бир-биридан кескин фарқ қилади, ҳатто айтиш мумкинки, бир-бирига зид ҳам. Масалан, Қўшма Штатлар СҲҚ-3 шартномасининг амал қилиш муддати узайтирилгандан сўнг унга Хитой ҳам қўшилиши, янги битим билан стратегик бўлмаган ва тактик ядро қуроллари ҳам чекланишини талаб қилмоқда. Россия эса унисига ҳам, бунисига ҳам қарши. Москва ўз навбатида янги битим ёки битимлар туркуми стратегик барқарорликка таъсир кўрсатадиган барча соҳалар, жумладан, ракетага қарши мудофаа, ядро қуролига боғлиқ бўлмаган юксак аниқликка эга қуроллар, коинотдаги қуролларни қамраб олиши зарур деб ҳисобламоқда, аммо бунга Америка Қўшма Штатлари, хусусан, Байден маъмурияти қарши чиқмоқда. Шунинг учун мулоқот осон кечмайди, эҳтимол биз Байден маъмурияти билан ҳеч нарсани келиша олмасмиз, СҲҚ-3 шартномаси қуролларни назорат қилиш бўйича АҚШ билан Россиянинг сўнгги улкан шартномаси бўлиб қолиши ёки қандайдир сиёсий янги режимлар ҳақида бирор келишувга эришилиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, бундай мулоқотга киришилиши муқаррар.
АҚШ билан Россия Эрон ва Шимолий Кореянинг ядро дастурлари бўйича кўп томонлама форматда ҳамкорлик қилади. Ниҳоят, Байден маъмурияти билан киберхавфсизлик соҳасида мулоқот ўтказилиши мақбул иш бўлур эди, чунки на Байденни ва унинг маъмуриятини Москва билан тил бириктирганликда айблаб бўлмаслиги, гарчи томонлар бир-бирини рақиб деб билса ҳам, Россия билан музокара олиб бориш Қўшма Штатларда жиноят ва Американинг миллий манфаатларига хиёнат сифатида қаралиши даргумон бўлгани сабабли мулоқот қилиш осонроқ кечади. Эҳтимол, АҚШ билан Россия, асосан, Арктика минтақаларига эътибор қаратган ҳолда иқлим ўзгаришларига қарши кураш борасида ҳам мулоқотни йўлга қўяр. Биринчидан, Арктикада иқлим ўзгариши, бутун сайёрадаги вазият билан солиштирганда, 3 баробар тез кечмоқда, иккинчидан, Россия билан АҚШ ўша минтақада бевосита қўшнилар ҳисобланади.
Байден маъмурияти ҳокимиятга келиши билан Россия ва АҚШнинг умумий муносабатлари ўзгармайди.
Хулоса қилиб, шуни айтиш мумкинки, Байден маъмурияти ҳокимиятга келиши билан Россия ва АҚШнинг умумий муносабатлари ўзгармайди. Россия худди олдингидек, АҚШни асосий стратегик рақиб ва Россия хавфсизлигига бош таҳдид сифатида қарашда давом этади. Лекин шу билан бир вақтда, мафкура омили ҳам кучаяди, яъни Қўшма Штатлар нафақат дунёнинг барча минтақалари: постсовет макони, Европа, Яқин Шарқ, Осиё, Лотин Америкаси, Африка – ҳамма-ҳамма жойда Россиянинг мавқеини заифлаштиришга ҳаракат қилаётган геосиёсий рақиб, қолаверса, Россиянинг ички сиёсий режимини кучсизлантириш ва барбод қилишга ҳамда Россиядаги режимни алмаштиришга очиқ-ойдин интилаётган мафкуравий рақиб сифатида қабул қилинади. Россияда бунақа гаплар айтилиб ҳам турибди. Шунинг учун АҚШга нисбатан ҳам сиёсий, ҳам мафкуравий душман ва рақиб сифатидаги муносабат сақланиб қолади. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков яқинда берган интервьюсида Россиянинг АҚШга нисбатан сиёсатини тавсифлар экан, ушбу сиёсат, бир тарафдан, тотал даражада тийиб туриш, яъни АҚШ билан дунёнинг барча минтақалари ва барча муҳитлари, жумладан, кибермаконда кураш олиб бориш, бироқ уни танланган ҳамкорликнинг айрим унсурлари, масалан, СҲҚ-3 шартномасининг амал қилиш муддатини чўзиш билан омухта қилиш, Россия манфаатларига мос келадиган ҳолатларда стратегик хавфсизлик бўйича мулоқот юритишдан иборат бўлишини айтиб ўтди. Бундай соҳалар кўп эмас: стратегик барқарорлик, ядро қуролини тарқатмаслик ҳамда биринчи навбатда Арктикада иқлим ўзгаришига қарши кураш ва Арктикада барқарорликни ҳимоя қилиш. Дарвоқе, бу йил Россия Арктика кенгашида раисликка киришяпти, АҚШ ҳам ўша кенгашнинг аъзосидир. Шу нуқтаи назарга кўра, Россия АҚШ билан Арктика бўйича, икки томонлама бўлмаса, кўп томонлама ҳамкорликдан манфаатдордир. Россия дунёнинг бошқа минтақалари: постсовет ҳудуди, Яқин Шарқ, Европа ва Осиёда Қўшма Штатларга қарши туради, АҚШ ҳам ўз навбатида Россиянинг манфаатларига қарши чиқади. Бугун шуни аниқ айтиш мумкинки, Россия билан Америка келишмовчилиги тизимли тус олиб кетди, оқибатда томонлар миллий манфаатларини бир-бирига қарши қилиб тузмоқда ва шакллантирмоқда.
Таассуфки, Россия ҳали-ҳамон АҚШга бирор нарсага келишиши қийин бўлган шерик сифатида қараб келади. Балки бугун расмий Вашингтон Доналд Трамп маъмурияти билан солиштирганда, кўпроқ келишиш мумкин бўлган ва лаёқатли шерик сифатида қаралаётгандир, лекин шунга қарамай, Москва нуқтаи назарига асосан, Америкада айни пайтда мавжуд бўлган жамиятнинг қутблашуви ва ундаги ихтилофлар, Америка сиёсий элитасининг бугунги кундаги қутблашуви Россия бундан кейин ҳам Америка ички сиёсати унсури ва воситасига айланиб қолишига олиб келиши мумкин. Россия мавзуси Америка ички сиёсатидан чиқиб кетиши қийин. Шунга кўра, Россия мавзуси ҳамон жамият аъзолари онгини заҳарловчи унсурлигича қолаверади ва Қўшма Штатлар сиёсий элитаси, энг аввало, демократларнинг Трамп тарафдорлари – трампчилар билан Россияни бир-бирига яқин деб билишга интилиши бунинг исботидир. Улар Трамп билан тарафдорларини Кремль билан Россиянинг қўғирчоқлари қилиб кўратишни истайди ва шу йўл билан Россиянинг ички душманлар ҳомийси ва Америка демократиясининг асосий таҳдиди дея тасаввур қилади. Таассуфки, шу сабабли Россия мавзуси ҳамон жамият аъзолари онгини заҳарловчи унсурлигича қолаверади ва бу ҳол ҳануз АҚШнинг Россияга нисабатан бирор нарсага келиша олиш қобилиятини пасайтириб бораверади.
Байден маъмурияти юритадиган сиёсатни мазмунан Обама сиёсатига қайтиш қайтиш деб аташ қийин. Айниқса, Россия ва Хитой йўналишларида Трамп сиёсатига ворислик мавжуд. Бу мутлақо табиий, чунки Трампнинг 4 йиллик президентлиги даврида Америка ҳам ўзгариб кетди, АҚШ ичидаги бўлиниш, Америка сиёсий тизимининг қутблашуви кучайди, сиёсий кураш жадаллашди ва у Трамп даврида бўлгани каби жадаллигича қолади. Байден ҳокимиятга келиши билан Америкада ҳеч нарса тубдан ўзгармайди. Ўтган сўнгги 4 йил давомида дунё ҳам ўзгарди – буюк давлатлар рақобатининг янги қарама-қаршилиги бошланиб кетди. Байден АҚШ мудофаа вазири этиб тайинлаган Ллойд Остин Сенатдаги тинглов чоғида АҚШнинг Доналд Трамп қабул қилган миллий хавфсизлик стратегиясини, АҚШнинг Доналд Трам қабул қилган ҳарбий стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилган эди. Уларга кўра, Россия билан Хитой АҚШнинг стратегик рақибларидир ва уларга нисбатан тийиб туриш сиёсатини юритиш зарур.
Шу муносабат билан Американинг Байден президентлиги давридаги сиёсати Россия билан Хитойни ўзгарган воситалар ёрдамида тийиб туриш сиёсати Трамп давридагига нисбатан бир оз бошқача бўлади. Россияга нисбатан кўпроқ қадриятлар билан боғлиқ муаммоларга урғу берилса, Хитойга нисбатан савдо уруши усули камроқ қўлланади, бироқ бундан кейин ҳам Хитойни технологик жиҳатдан тийиб туриш, шунингдек, демократия ва инсон ҳақлари масаласида Хитойни танқид қилиш сиёсати амал қилади. АҚШнинг янги давлат котиби Тони Блинкен Хитой Шинжон мухтор туманида юритаётган сиёсатни геноцид деб аташга ҳам улгурди. Бу Помпеонинг гап оҳангидан умуман фарқ қилмайди. Фарқ шуки, Байден маъмурияти ҳукмронлиги вақтида Россия билан Хитойни тийиб туриш сиёсати кўп томонлама кўриниш касб этади. Байден маъмурияти кўпчилик ҳолларда ушбу сиёсатга иттифоқчилари ва шерикларини жалб қилади, АҚШнинг иттифоқчилари ва шерикларига муносабати кўпроқ ҳурматга асосланадиган бўлади. Шунингдек, Трамп сиёсатидан фарқли ўлароқ, Байден маъмурияти Россия билан Хитойни тийиб туришни ушбу икки мамлакат билан умумий хатарлар бўйича танланган ҳамкорлик қилиш билан омухта қилиб олиб боради. Бироқ моҳиятан, ушбу сиёсатдаги ворислик даражаси юқори бўлади.
– Сўнгги воқеалар билан боғлиқ равишда Россиянинг постсовет маконидаги минтақавий сиёсати қай тарзда ўзгариб бормоқда? У фаолроқ аралашишга (полиция ролини ўйнашга) тайёрми ёки у режимларга муносабатида турли-туман ландшафтга – сиёсий манзарага тайёрми? Россия барқарорлик камаридан (постсовет маконидаги консерватизмдан) қанчалик манфаатдор?
– Россиянинг постсовет маконидаги сиёсати тубдан ўзгариб кетгани йўқ ва яқин истиқболда ўзгариб кетиши ҳам даргумон. Россия ҳамон постсовет маконида россиецентризмга амал қилиш сиёсатини юргизиб келмоқда. Расмий Москва наздида постсовет маконидаги имкон қадар кўпроқ мамлакатлар марказида Россия турувчи интеграция лойиҳалари ва хавфсизлик иттифоқларида – бугунги кунда булар ЕОИИ ва КХШТ – иштирок этиши ва энг муҳими, ушбу мамлакатлар бошқа тизимлар, хавфсизлик тартиблари ва интеграция лойиҳаларида қатнашмаслиги керак. Шу билан бирга, Россия Ўзбекистон ва Озарбайжон сингари айрим мамлакатлар марказида Россия турувчи хавфсизлик лойиҳаларида қатнашмаётганига сабр-тоқат билан қарайди, лекин зикр этилган мамлакатлар бошқа тузилмаларда ҳам иштирок этаётгани йўқ. Масалан, Озарбайжон НАТОга аъзо бўлиш учун йўналиш олмаяпти, Европа Иттифоқи билан ассоциатив муносабатлар ўрнатишга интилаётгани йўқ ва бу ҳол Россияни тўлиқ қониқтиради.
Яъниким, Россиянинг фундаментал мақсадлари ўша-ўша. Унинг постсовет маконидаги сиёсий воситалари бу ердаги ўйинчилар сони кўплиги, постсовет маконидаги геосиёсий манзара мураккаб экани, минтақанинг кўплаб мамлакатларида кузатилаётган ички сиёсий беқарорлик ва тамойиллар ҳисобга олинган ҳолда тузатиб борилмоқда.
Тузатиш шундан иборатки, Россия постсовет маконидаги Ғарб мамлакатларидан бўлмаган бошқа ўйинчилар, масалан, Туркиянинг геосиёсий ва геоиқтисодий ҳозирлигига бағрикенглик билан қараб келмоқда. Россия Туркия Кавказ мамлакатларида муҳим роль ўйнаётгани ва у Марказий Осиёдаги туркий тилли мамлакатларга юмшоқ таъсир кўрсатаётгани билан тўлиқ муроса қилади. Москва буни олқишлайди, деб айта олмайман, бироқ у Туркия билан геосиёсий курашга киришишга ва уни минтақадан сиқиб чиқаришга интилаётгани ҳам, бунинг иложи бор деб ҳисоблаётгани ҳам йўқ.
Яна Россия Хитойнинг Марказий Осиёда узоқ вақтдан бери ҳозирлигига ҳам жуда бағрикенглик билан қараб келяпти. Хитой Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларнинг асосий савдо шериги экани Россияни геосиёсий жиҳатдан безовта қилаётгани йўқ. Россия постсовет ҳудудида Хитой билан муносабатларга ноль миқдорли ўйин (zero-sum game) моделини (яна бир номи антогонистик ўйин бўлиб, 2 ёки ундан кўп ўйинчи қатнашадиган ва ютуқлари бир-бирига қарама-қарши бўлган ва ҳамкорлик қилинмайдиган ўйинга айтилади) қўлламасликни маъқул кўради, чунки Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантирар экан, марказида Россия турувчи ЕОИИ ва КХШТ сингари минтақавий ташкилотларни обрўсизлантиришга интилаётгани йўқ. Аксинча, Хитой ЕОИИ билан имтиёзларсиз савдо битимига эга. Айни чоқда Россия постсовет маконида Ғарб мамлакатлари – АҚШ билан ҳам, ЕИ билан ҳам кураш олиб бориш сиёсатига содиқлигича қолмоқда. Ғарбни постсовет мамлакатлари минтақасидан сиқиб чиқариш ва тийиб туриш ҳақида шуни айтиш мумкинки, Россия бу ишга содиқлигича қолмоқда ва сиёсат сўнгги йилларда ўзгармай, қайтанга кучайиб кетди. Биз бундай сиёсат намунасида Тоғли Қорабоғда гувоҳ бўлдик.
Дарвоқе, Россия постсовет маконида аввалгидек полиция ролини ўйнаш ишига содиқ қолмоқда, бу Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этишда яққол кўзга ташланди. Айнан Россия Тоғли Қорабоғдаги вазиятни изга солди, айнан россиялик тинчликпарвар аскарлар ўша ерда тинчликни, нисбий барқарорликни таъминлаб туриши билан ушбу можарони тўлиқ бартараф қилиш сари йўл очмоқда. Россия Тоғли Қорабоғ урушини шундай тўхтатишга эришдики, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраислари бўлган АҚШнинг ҳам, Франциянинг ҳам таъсири бутунлай заифлашиб қолди. Айни дамда Туркиянинг роли ошиб кетди. Туркия Россия учун ҳам, Ғарб билан солиштирганда, энг мақбул шерик ҳисобланади, чунки Туркияга стратегик душман эмас, геосиёсий рақиб сифатида қаралади. Россия Туркия ўзи билан шериклик муносабатиларига эҳтиёжманд эканини, лекин тизимли душман эмаслигини, яъни Туркия ҳамкорлик билан рақобатни ўзаро омухта қилаётганини яхши тушунади. Бироқ Ғарб билан АҚШ Россиянинг стратегик душманидир, улар Россиянинг постсовет маконидаги ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатини бутунлай ўзгартиришга эришишга интилмоқда.
Россиянинг Ғарб билан кураши Москванинг Украина можаросини бартараф қилиш бўйича ҳамон олдинги мавқеда турганида кўзга ташланмоқда. Бу масалада вазият бутунлай боши берк кўчага кириб қолган. Россия президент Зеленский, умуман олганда, Украина талаб қилаётганига қарамай, Минск келишувлари қайта кўриб чиқилишига йўл бермайди. Москва Минск битимлари 2015 йилда имзоланган шартлар бўйича бажарилишини, яъни Украинанинг янги конституцияси қабул қилиниши ва Донбасс Украина таркибига Россияга ўта қарам, аммо Украинага интеграция бўлган гетероген (келиб чиқиши ва таркиби турлича бўлган) ҳудуд сифатида киришини талаб этишини қўймайди. Украина бу ишни қилмаслиги турган гап, демак, уруш узоқ вақт давом этади, Россиянинг ёндашуви қайсидир тарзда тузатилиши мумкинлигига оид ҳеч қандай важ кўзга ташланмаяпти.
Беларусни бошқа бир намуна ўлароқ, келтириш мумкин. Россия у ерда, ҳеч бўлмаганда, расмий Минскка Ғарбнинг таъсирини кескин заифлаштирди ҳамда Беларусь ҳукуматининг Ғарб билан мулоқот қилиши учун барча эшиклар ёпилишига эришди. Бугунги кунда Лукашенконинг мулоқот учун ягона шериги Россия бўлиб қолди. Россия Беларусдаги вазият янада беқарорлашувидан чўчиётгани аниқ, шу билан бирга, расмий Москва норозилик намойишлари ва Беларусь мухолифати ортида Ғарб турибди, деб ҳисоблаяпти. Россия нуқтаи назарига кўра, Беларусдаги ички сиёсий вазият геосиёсий тусга кириб улгурди ва Беларусь мухолифати нафақат Лукашенконинг ҳокимиятдан кетиши, қолаверса, геосиёсий йўналишни ўзгартиришни талаб қилмоқда. Светлана Тихоновскаяни Ғарб мамлакатлари қўллаб-қувватламоқда, Россия эса бунақа бўлишини зинҳор истамайди. Россия нима ишга қўл уриши мумкинлиги ҳақида гап кетганда, Путиннинг Беларусдаги вазият издан чиқиб кетгудай бўлса, ҳарбий куч ишлатиши ва ҳатто уни Беларусга нисбатан ҳам қўллаши мумкинлиги ҳақидаги гапини эсланг. Яъни Россия энг оғир вазиятларда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳамон полиция ёки жандарм сифатида ҳаракат қилишга, жумладан, ҳарбий куч қўллашга тайёр. Ҳозирги пайтда Беларусда бунга ҳожат йўқ, чунки Лукашенко режими ички сиёсий вазиятни ўз назоратида ушлаб турибди, Россия эса Лукашенко ваъда берган конституция ислоҳоти Беларуснинг геосиёсий йўналишни ўзгартирмасдан, яъни Беларуснинг Россия ташқи сиёсат орбитасидан чиқиб кетмай туриб, ички сиёсий вазиятни барқарорлаштиришидан умидвор.
– Ғарб экспертлари фикрича, Россиянинг ўзида миллатчилик кайфияти кузатилмоқда. У бошқа мамлакатлардаги миллий идентитет – кимликни англаш ҳолатлари пайдо бўлаётганига қандай муносабатда бўлмоқда?
– Мен Россиядаги миллатчилик кайфияти кучаяётгани ҳақидаги фикрингизга, агар унда “рус шовинизми” ёки айнан рус этник миллатчилигини ва бошқа этник гуруҳларни қабул қила олмасликни назарда тутаётган бўлсангиз, унча қўшилмайман. Албатта, миллатчилик ҳар доим мавжуд ва у анча олдин ҳам бўлган, бироқ бундай ҳолатлар Кремль ва Россия ҳокимияти сиёсатини акс эттирмайди. Бу Кремль ҳам, ҳокимият ҳам Россия давлатининг урғу берилиб келаётган кўп миллатлилиги, кўп элатлилиги ва кўп эътиқодлилигига, Россиянинг бошқа этнослар, маданиятлар ва динларга очиқлигига зиддир. Бошқа мамлакатлардаги миллатчилик ҳолатларига келсак, Россияни биринчи навбатда тегишли мамлакатларнинг ташқи сиёсат йўналиши ва ушбу миллатчилик русларга, Россияга қарши бўлиши мумкинлиги кўпроқ хавотирга солади. Мабодо қўшни мамлакатлардаги миллатчилик Россияга қарши коннотацияга эга бўладиган бўлса, бундай миллатчиликнинг асосини Россия билан ўртадаги тафовутни ва қарама-қаршиликларни таъкидлаб кўрсатиш ташкил қилади. Бунга Украинани мисол қилиб келтириш мумкин, у ерда Россия украин миллатчилигини қарши курашиш йўли билан мустаҳкамловчи бошқа куч ролини бажармоқда, албатта, бу Россияни хавотирга солмаслиги мумкин эмас. Яъниким, украин миллатчилиги, энг аввало, русларга, Россияга қарши қаратилган. Мабодо ушбу миллатчилик геосиёсий табиатига кўра бетарафликка асосланган бўлса, тегишли мамлакатлар ҳудудида Россия ва рус тилли аҳолига нисбатан душманлик билан йўғрилмаган бўлса, Россия бунақа ҳолатларга бағрикенглик билан қарайди.
– Россиянинг Марказий Осиёдаги регионаллашув жараёнларига муносабати қандай? “Марказий Осиё + Россия” формати нима учун танланган эди?
– Биринчидан, Марказий Осиёдаги регионаллашув объектив жараён сифатида кечмоқда. Ислом Каримов вафоти ва ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келиши муносабати билан Ўзбекистонинг ички сиёсий режими ўзгаргач, Марказий Осиёдаги регионализм жараёни сезиларли тарзда жадаллашди ва бу объектив реалликдир. Айнан Каримов минтақавий интеграция ва минтақавий идентитет йўлида асосий тўсиқ бўлиб турган эди. Шунинг учун Россия ушбу регионализм жараёнларидан ўз фойдаси учун фойдаланиб қолмаслиги аҳмоқлик ва зарарли бўлур эди, ушбу жараённи менсимаслик Россиянинг минтақадаги мавқеини заифлаштириб қўйиши турган гап эди, бу – биринчидан. Иккинчидан, “Марказий Осиё +” сингари форматларни бошқа мамлакатлар ҳам ривожлантирмоқда. Масалан, Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатлари билан “5+1” форматида ҳамкорлик қилмоқда (бу масалада Трамп маъмурияти ҳеч қандай янгилик ўйлаб топгани йўқ, назаримда, Байден маъмурияти ҳам унга бирор янгилик қўшиши қийин), шу тариқа у минтақа мамлакатларини бутун, ягона, шу билан бирга, Россия ва Хитойга эмас, айнан Жануб: Афғонистон ва Ҳиндистон сари йўналиш оладиган мустақил геосиёсий минтақа сифатида кўришни истамоқда. Йирик Жанубий ва Марказий Осиё макроминтақаси АҚШ Давлат департаменти тузилмасида акс этган бўлиб, унга расман ягона минтақа деб қаралмоқда. Россия нуқтаи назарига кўра, бу Қўшма Штатларнинг минтақани Россиядан тортиб олиш ва унинг Россия ва Хитой билан ҳамкорлигини заифлаштиришга оид расман баёнот берилаётган очиқча уринишидир. Россия “5+1” форматига қаттиқ ишончсизлик билан қарайди. Айни чоқда у Марказий Осиё минтақасидаги шерикларини АҚШ билан ҳамкорлик қилмасликка мажбурламоқчи эмас. Чунки Россия ўша мамлакатларга қаттиқ босим ўтказса ҳамда уларнинг ташқи сиёсий мулоқоти ва кўп векторли сиёсатини чекламоқчи бўлса, ўзини ўзи изоляцияга тушириб қўяди, унинг минтақадаги таъсири заифлашади, минтақа мамлакатлари ўзини Россиядан янада четга торта бошлайди, оқибатда ўзи истаган нарсанинг бутунлай тескарисига эга бўлади. Шунинг учун Россия Марказий Осиё мамлакатлари билан “Россия + Марказий Осиё мамлакатлари” форматида мулоқотни мустаҳкамлашга интилмоқда. Айни чоқда шуни ҳам қайд этиш зарурки, бу Россия учун энг асосий ва биринчи навбатда йўлга қўйилаётган мулоқот эмас.
Россия учун Марказий Осиё минтақасида ЕОИИ ва КХШТ асосий [ҳамкорлик] муассасалар[и] бўлиб қолмоқда ва Москва ушбу “Марказий Осиё + РФ” мулоқотига зикр этилган россиецентрик муассасаларни мустаҳкамлаш ва бошқа мамлакатларни ушбу муассасаларга жалб этишнинг қўшимча воситаси сифатида ёндашади. Сир эмаски, Россия Ўзбекистоннинг ЕОИИга интеграциялашувини олқишлаган бўлур эди, Россия нуқтаи назаридан Марказий Осиё мамлакатлари билан Ўзбекистон иштирокидаги мулоқот ушбу мамлакатнинг ЕОИИга аъзо бўлиб киришига кўмаклашиши мумкин. Россия айни шу сабабга кўра ушбу мулоқотни юритмоқда.
– Россия Хитойнинг Марказий Осиёдаги ролига қандай қарайди?
– Россия Хитойнинг Марказий Осиёдаги иштирокига ижобий ва бетараф муносабатдадир. Биринчидан, Москва Хитойни Марказий Осиёда геосиёсий рақиб деб билмайди, чунки Хитой ЕОИИ ва КХШТ сингари россиецентрик муассасалар обрўсига путур етказишга интилаётгани йўқ. Ҳатто Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш эҳтимоли муҳокама қилинаётган пайтда ҳам, мен Хитой тарафининг бу борадаги бирор танқидий фикрини эшитмадим. ЕИдан фарқли ўлароқ, Хитой ҳеч қачон Марказий Осиё мамлакатларини ё Хитой, ёки Россия билан бўласиз, қабилидаги танловга рўпара қилган ва бу талабни улар олдига қўйган эмас. ЕИ эса ўз вақтида Украина олдига у ёки бу йўлни танлаш кераклигини қатъий талаб қилиб қўйган, оқибатда ҳозирги инқироз юзага келган эди. Лекин Хитой ҳеч қачон Марказий Осиёда Россияни ўзига рақиб деб билмаган, шунинг учун Россия унинг ушбу мавқеини ҳурмат қилади. Бунга жавобан, Россия ҳам ўзини Хитойга қарши қўяётгани йўқ ва Хитойнинг Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ҳозирлигига таҳдид сифатида қарамайди. Боз устига, Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёда умумий манфаатлари бор. Улар сирасига сиёсий барқарорликни таъминлаш: экстремизм, терроризм ва радикализмга қарши кураш киради – бу Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти шуғулланаётган масалалардир. Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёдаги умумий манфаатлари Ғарбнинг бу ердаги таъсирини заифлаштиришдан иборатдир. Россия билан Хитой АҚШ билан ЕИнинг Марказий Осиёдаги таъсирини пасайтириш ёки кучайиб кетишига йўл қўймасликни ўзларининг энг устувор вазифаси деб билади.
АҚШ Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигини кескин қисқартиргани ва унинг Афғонистондан бутунлай кетмоқчи экани ҳисобга олинса, Марказий Осиёга қизиқиши бутунлай заифлашиб қолганини кўриш мумкин. Ундан ташқари, АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига билдирган ишончи оқланмади. Масалан, АҚШ Обама маъмурияти даврида Қирғизистонга анча-мунча демократлашган мамлакат сифатида кўпроқ умид боғлаган эди. Бироқ Қирғизистон Россия билан ҳамкорлик йўналишини АҚШ фойдасига ўзгартирмади, яъни тикилган дов фойда келтирмади. Шунга қарамай, АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши Россия билан Хитойни тийиб туриш билан боғлиқ, чунки Россия билан Хитойга геосиёсий рақиб ва ҳамма жойда уларга қарши курашиш керак деб қаралади. Россия Хитой билан бирга бунга қаршилик кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Хитойнинг Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ҳозирлиги Ғарбнинг минтақадаги мавқеини заифлаштиради. Масалан, айнан Хитой Марказий Осиё газининг асосий импортчиси экани ЕИнинг Марказий Осиё газини тўғридан-тўғри импорт қилиш имкониятини истисно қилади ва бу Россияни тўлиқ қаноатлантиради. Айни ҳол ЕИнинг Россияга қарамлигини оширади, биринчи навбатда Хитой шарофати билан Набукко, Жанубий газ коридори, Транскаспий газ қувури лойиҳасини чиппакка чиқаради. Шунга кўра, Россиянинг асосий потенциал рақиблари мавқеи кучсизланади ва ЕИнинг Россияга қарамлиги ортади. Шунинг учун Россиянинг ушбу масалага муносабати ижобий.
Бугунги кунда Россия олдида турган вазифа Хитойни заифлаштириш эмас – аслида бунинг иложи ҳам йўқ – аксинча, Хитойнинг минтақадаги ҳозирлиги Россия манфаатларига зид келиб қолмаслигига эришишдир.
– Ўзбекистон билан Қозоғистон Ғарб инвестицияларини жалб қилиш учун мўътадил ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бу Россия билан Хитойнинг Ғарб мамлакатлари билан муносабатлари совиганидан қўшни мамлакатлар усталик билан фойдаланиб қолишга уринаётган янги сиёсатни англатмайдими? Ғарбга қарши туришдаги “иттифоқчилик” Россия учун қанчалик муҳим?
– Мен Қозоғистон билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу мамлакатларни Ғарб андозасидаги либерал демократик мамлакатларга айлантиришига ишонмайман. Ушбу ислоҳотлар жуда чекланган тарзда ўтказилмоқда ва улар зикр этилган мамлакатларнинг давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга, иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилгандир, яъни мақсад сиёсий эмас, амалий натижани кўзлайди. Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам 2000-йиллардаги тараққиёт моделлари ўз вазифасини ўтаб бўлди ва ҳозирги кунда бундан буёнги ривожланишга тўсқинлик қилмоқда. Келгусида муваффақиятли ва жадал ривожланиш учун уларни ислоҳ қилиш талаб этилмоқда. Россия буни ўзига таҳдид деб билаётгани йўқ. Айтиб ўтганимдек, у постсовет маконидаги мамлакатларнинг ички сиёсий ривожланишидан ёки ички сиёсий ислоҳотларидан эмас, жуғрофий-сиёсий йўналиши ўзгариши мумкинлигидан кўпроқ ташвишга тушмоқда. Қозоғистон билан Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар уларнинг барқарорлигини мустаҳкамлайдиган ва воқеаларнинг инқилобий ўзанга тушиб қолишидан асрайдиган бўлса, Россия буни фақат олқишлайди, чунки расмий Москва аслида воқеаларнинг Қозоғистон ва Ўзбекистонда инқилобий тусда ривожланишидан, режимлар қулашидан, вазият издан чиқиб кетишидан, жумладан, радикаллашувидан, ташқи сиёсатда кескин бурилишлар рўй беришидан чўчийди. Агар ушбу ислоҳотлар воқеаларнинг бу тусда ривожланиши олдини олишга қаратилган бўлса, бу Россия учун яхшидир. Қозоғистон шу пайтгача, бир тарафдан, кўп векторлиликка, бошқа тарафдан эса, Россия билан иттифоқчилик муносабатларига содиқ бўлиб келди ва келмоқда. Масалан, ҳокимиятга Қосим-Жўмарт Тўқаев келиши билан ҳеч нарса ўзгараётгани йўқ, у, асосан, Нурсултон Назарбоев сиёсатини давом эттирмоқда.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат ушбу мамлакат билан Россия муносабатларини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Россия билан мулоқотга ҳам, Россия бизнеси учун ҳам, ҳатто россиецентрик интеграцияда, жумладан, ЕОИИда қатнашиш учун ҳам тобора очилиб бормоқда.
Ушбу мамлакатларнинг Ғарб билан мулоқоти Россияга маъқул эмас, лекин у бундай мулоқотнинг олдини олишга интилаётгани йўқ, чунки бу мамлакатларни кескин танловга рўпара қилишни ҳам, уларнинг ташқи сиёсий манёврларини чеклашни ҳам истамайди, чунки бундай қилинса, Россиянинг зикр этилган мамлакатларга таъсири пасайиб кетиши мумкин. Москва ушбу мулоқотларга кескин жуғрофий-сиёсий бурилиш бўлмагунча, сабр-тоқат билан қарашини давом эттираверади. Мабодо Қозоғистон ЕОИИ ёки КХШТдан чиқмоқчи эканини ва бундан буён Россия билан дўстона муносабатларга содиқ қола олмаслигини, АҚШни асосий шериги деб билишини айтса, Россия тарафи кескин куч ишлатиши ва репрессив қадамлар қўйиши аниқ, деб ҳисоблайман. Бироқ Қозоғистон ёки Ўзбекистон ўзини бундай тутиши эҳтимоли йўқ ҳисоби. Назаримда, Қозоғистон Россия билан қалин иттифоқчилик муносабатлари барқарорлик ва хавфсизлик омили эканини тўғри ва очиқ таъкидлаб келмоқда.
Ғарбга қарши туришда Россияга иттифоқчилар керакми? Бу саволга ҳа ҳам, йўқ ҳам деб жавоб бериш мумкин. Россияга иттифоқчилар ўзи кучайиши ва глобал миқёсдаги мустақил куч маркази сифатидаги мавқеда туриши учун керак. Айни чоқда Россия Ғарб билан зиддиятларига иттифоқчиларини аралаштирмоқчи эмас ва ўзи АҚШ ва ЕИга қарши қўллаётган аксилсанкцияларга ЕОИИ бўйича иттифоқчилари қўшилишини талаб қилаётгани йўқ. Россияга ўз ташқи сиёсатининг қандайдир муҳим масалалари бўйича бирдамлик зарур. ЕОИИ ва КХШТга аъзо мамлакатларнинг аксарияти, масалан, БМТ бош Ассамблеясида ё Россия билан бир томонда туриб овоз беради, ёки, ҳеч бўлмаганда, бетараф қолади ва Россияга қарши овоз бермайди. Лекин Россия барча масалалар бўйича юз фоиз бирдамлик ва садоқатни талаб қиладиган бўлса, бу акс натижа беришини ва ушбу мамлакатлар ўзидан узоқлашиб кетиши мумкинлигини яхши билади.