Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст, халқаро лойиҳалар бўйича муҳаррир
Багила Бухарбаева – Associated Press ахборот агентлигининг Марказий Осиёдаги собиқ мухбири ва Пол Хлебников номидаги “Журналистикада жасорат” мукофоти лауреати. Унинг 2019 йилда Индиана университетида чоп этилган The Vanishing Generation: Faith and Uprising in Modern Uzbekistan китоби замонавий Ўзбекистонни ҳамда диний тикланиш ва радикаллашув жараёнларини тушуниш учун муҳим манба деб баҳоланди. Багила Бухарбаева CAAN сайтига берган интервьюсида СССР инқирозга юз тутгандан сўнг Ўзбекистоннинг ислом динига “қайтиши” бетартиб, аралаш-қуралаш ва “жиззаки жараён” экани, “у ёки бу даражадаги тинч шароитда радикализм билан зўравонлик ҳар доим бир ҳовуч кишиларнинг танлови бўлиши” ҳақида ҳикоя қилади.
– Китобингиз “The Vanishing Generation: Faith and Uprising in Modern Uzbekistan” − “Йўқолиб бораётган авлод: Замонавий Ўзбекистондаги эътиқод ва исён” деб номланади. У нима ҳақда ўзи?
– Китоб СССР тарқаб кетгандан сўнг Ўзбекистонда рўй берган “диний тикланиш”ни англаб етишга уриниш ва ўша “қайта исломлашув” тўлқини тафсилотларини кўрсатиб беришдир.
Шартли қилиб айтганда, Горбачёвнинг қайта қуриши даврида ва Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида пайдо бўлган сиёсий-мафкуравий эркинликнинг кичик дарчаси орқали фаол “исломга қайтиш” рўй берган эди. Ислом Каримов ўша дарчани тез ёпиб қўйди ва бу нафақат дин эркинлигига, қолаверса, барча бошқа сиёсий ва фуқаролик эркинликлари ва ҳуқуқига ҳам тегишли бўлган. Иттифоқ тарқаб кетгандан сўнг имкон туғилгач, кўпроқ диний эркинлик талаб қила, ислом таълимотларини ўргана ва уларга амал қила бошлаган кишилар асосий таҳдид деб қабул қилинган. Мамлакат бошқарувининг дастлабки 26 йилининг сўнгги 20 йили ортиқча диндорликда (расман “диний экстремизм”да) гумон қилинган кишиларни тутиш ва қамоққа тиқиш бўйича тинимсиз кампанияга айланиб кетган эди. Улар терроризмда, конституцияга зид фаолият билан шуғулланишда, ислом давлати барпо этиш режасини тузишда айбланган.
“Ислом тикланиши” ҳақида шуни айтиш мумкинки, у мустамлакчиликдан сўнгги ҳиссиётлар, совет мафкурасидан қутулиш ҳамда ўзининг маданий ва маънавий йўналишларини тиклаш истаги ҳаракатлантириб турган табиий жараёни бўлган. Ҳали советлар давридаёқ Ўзбекистонда, Марказий Осиёда норасмий ва диссидентлик ислом дини, диний мактабларнинг яширин тизими мавжуд бўлган, бироқ умумий миқёсда олганда, диний билимларнинг авлоддан-авлодга ўтиши узилиб қолган, мусулмон дунёсининг ислом дини амалиёти атрофидаги барча фикрий, ғоявий, сиёсий жараёнлар юзасидан эркин, очиқ мунозаралар ва уларни тушуниб олиш йўқ эди. СССР инқирозга юз тутгандан сўнг Ўзбекистоннинг ислом динига “қайтиши” бетартиб, аралаш-қуралаш ва “жиззаки жараён” бўлган эди.
Совет мафкурасидан қутулиш ҳамма яхшироқ бир нарсани онгли равишда танлашга тайёр эканини ва бу уларнинг қўлидан келишини англатмас, иттифоқ ташқарисидаги олам турли-туман мафкуралар билан тўлиб-тошган, аммо уларни ҳар бири ўзига хос тарзда чекланган эди. Ўзбекистон ва бошқа постсовет мамлакатларидаги аҳолининг мутлақ кўпчилиги энди “тўғри” исломга эътиқод қилишни ва ҳақиқий мусулмон бўлишни истаган, бироқ улар ислом ҳам бошқа ҳар қандай диний тизим ва мафкура каби бир-бири билан рақобатлашаётган турли мактабларга бўлиниб кетгани ва ҳамма “ўзининг” ислом динини тўғри ва ҳақиқий деб билиши, уларнинг бошқаларга тоқатсиз (“кофирлар”га қарши қуролли курашишга тайёр) радикал секталари ва ҳк. ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас эди. Бундан ташқари, эндигина совет изоляциясидан чиққан аксарият ўзбеклар турли ислом мамлакатларида сиёсий нуқтаи назардан рўй бераётган воқеаларни, ислом дини Яқин Шарқда, ва Ўзбекистоннинг шундоққина биқинида бўлган Афғонистонда геосиёсий ўйинларда қурол бўлаётганини қайдан ҳам билар ва тушуниб етар эди?
Шу тариқа онгли ва теран қидирув натижасида руҳий юксалишнинг тикланиши эмас, ширинлик ейиш тақиқидан сўнгги болаларга хос эйфория – кайфият кўтаринкилиги юзага келди.
Радикал таълимотларга қизиққанлар ҳам бўлди, лекин бундай кишилар камчилик эди, уларни оммавий қатағонларсиз ҳам зарарсизлантириш ва устидан назорат ўрнатишнинг иложи бор эди.
Таассуфки, “АҚШнинг терроризмга қарши глобал уруши” деб аталувчи ва 2001 йилда бошланган кампанияси бунга йўл очиб берди. Бу кампания бутун дунёда исломофобия – исломдан қўрқиш кучайишига хизмат қилди, ислом динини “олабўжи”га айлантирди, шу билан бирга, дунёда авж олиб кетган зўравонлик билан боғлиқ турли муаммоларнинг ҳақиқий сабабларини аниқлашга халақит берди.
– Сиз мусулмонлар азият чеккан конун бузилиш ҳолатлари ва адолатсизликларни қайд этиб ўтдингиз. Ислом Каримов ўлимидан сўнг давлат ушбу масалага ёндашувини юмшатган кўринади. “Қора рўйхатлар” деб аталувчи нарсалар йўқотилганини, маҳбусларнинг озодликка чиқарилганини ва машъум “Жаслиқ” қамоқхонаси ёпилганини эсга олайлик. Сиз бу фикрга қанчалик қўшиласиз?
– Ҳа, Шавкат Мирзиёев ҳукумати Ислом Каримов амалга оширган миқёсда диндорларни таъқиб қилишни тўхтатди, деб айтиш мумкин. Бундан ташқари, у қора рўйхатларни бекор қилди, собиқ президент вақтида қамоққа ташланган кўплаб маҳбусларни афв этди, Қорақалпоғистондаги асосан диндорларни қамашга мўлжалланган ва шароити оғир бўлган “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпди.
Шахсан мен учун Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозирги кунда ҳалок бўлган ёки Сурияда қочқинлар лагерлари – жамлоқларида бўлиб турган асир ўзбек жиҳодчиларининг аёллари ва фарзандларини ватанга қайтариш борасидаги ишлари оммавий қатағонлар қайтмаслигининг умидли аломатларидан бўлиб кўринади. Бу инсонпарварлик ва рамзий белги бўлиб, муроса даври келганини ҳамда аввалги зўравонликларнинг тугаганини англатади. Ўша қатағонлар ватандошлар нималарни ўйлаётгани сабабларини ахтариб топиш, муаммоларни ҳал этишни таҳдидларга зўравонлик орқали эмас, етти ўлчаб, бир кесиш ёрдамида жавоб қайтаришга интилиш йўқлиги сабаб юз берган эди.
– Турли манбалар Ўзбекистонда ислом амалларини бажармоқчи бўлган кишилар кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу гап тўғрими ёки буни ошкоралик ва одамлар ўша кайфиятини баралла айтаётгани билан изоҳласа бўладими? Умуман олганда, динга қайтадан уйғонган қизиқишнинг “яхши” ва “ёмон” томонлари нимада?
– Мабодо сиз айтаётган маълумотлар бўлса, уларни осон тушунтириш мумкин. Одамга ҳаётида қандайдир улги оладиган нарса бўлиши, зўравонлик ва адолатсизлик тўла дунёда ким экани, қаердан ва нима учун келиб чиққани ва қандай яшаши кераклиги тўғрисидаги саволларга жавоб олиши керак. Кимнингдир шахсий ва маънавий изланишларга уқуви, қобилияти бор, бироқ аксарият кишиларнинг устозга, тайёр тизимга, аниқ ёзиб қўйилган қоидаларга, изчил ваъзларга ва маросимларга муҳтожлиги бор.
Совет Иттифоқида ҳамма саволларга жавоб берадиган мавкура мавжуд эди – ҳамма “совет фуқаролари, эксплуатцияга – бир кишининг бошқа кишилариннг меҳнатидан фойда олишига мўлжалланган капитализмга қарши турувчи коммунизм (“адолатли” жамият) қурувчилари” бўлган. Шу билан бирга, совет ҳукумати ватандошларининг йўргакдан бошлаб барча эҳтиёжларини (ўртача миқдорда): болалар боғчасидан жой ажратиш, мактаб, ундан кейинги таълим, иш, пенсия, тиббий хизмат ва ҳк.ни қондириш билан ҳам шуғулланган. Ватандошлар бунинг эвазига кўп эркинликлари, жумладан, эркин фикрлашдан ҳам воз кечиши керак эди. Яъниким, ҳар томонлама “васийлик” бўлган – ҳаётий эҳтиёжлар қондирилган ва ақлли кишилар назорат қилиб турилган.
Инқирозга юз тутган совет мафкураси ўрнини бошқалари эгаллашини муқаррар эди. Марказий Осиёнинг ислом динига қайтиши – табиий жараён ва бундан чўчимаслик керак. Минтақа мамлакатларидаги кишилар, худди собиқ иттифоқ давридагидек, дунёга ҳам, ўзига ҳам совет мафкураси кўзи билан қарашга ўрганиб қолган, энди эса кўпчилик ўзига ва муаммоларга тўлиб-тошган ташқи дунёга “ғарб дунёси” кўзи билан қарашга ҳаракат қилмоқда. Ваҳоланки, ислом Россияга ҳам, Ғарбга ҳам бегона диндир. Ислом динига ўшаларнинг кўзи билан қарайдиган бўлсак, ўзимизнинг маълум қисмимизни рад этган бўламиз. Ислом дунёсининг ҳам, Ғарбнинг ҳам ўтмиш ва ҳозирги кунида кўп “ёмон” жиҳатлар бор.
Иттифоқ пароканда бўлиши биланоқ “исломлашув” портлаши рўй берди, бундан ҳамманинг ҳукуматларнинг ҳам, оддий ватандошларнинг ҳам “оғзи куйди”, ҳозир ҳам шу жараён, албатта, олдингидай, шов-шув билан бўлмаса-да, бир текис давом этмоқда.
Назаримда, буни яхши ҳам, ёмон ҳам ўйлаш керак эмас. Баҳо бераётганда холисроқ бўлишимиз учун нималар ва нима сабабдан рўй бераётганини тушунишга ҳаркат қилишимиз лозим.
Ислом дини маданиятимизнинг бир бўлаги эканини, ватандошларишимизнинг бир қисми унга ва унинг амалларини бажаришга интилаётганини ва уларнинг бунга тўла ҳаққи бор эканини, айни чоқда бошқаларнинг ўша амалларни бажармасликка тўла ҳаққи бор эканини ҳам воқелик сифатида тан олишимиз шарт.
Албатта, биз энди совет изоляциясида эмасмиз ва ислом дини ичидаги турли оқимлар, жумладан, зўрвонликни оқлаш учун диндан фойдаланаётган исломий таълимотлар таъсирига очиқмиз. Лекин бу – ислом динининг эмас, умуман олганда, муайян одамнинг муаммосидир. Биз, одамлар ҳар қандай ғояни абсурд ва фанатизмгача олиб боришга, сўнгра ўша ғоялар ҳаққи бир-биримизни ўлдиришга устамиз (тарихда бунга мисоллар жуда кўп – фашизм ҳам, большевизм ҳам, салб юришлари ҳам, аксарият урушлар ҳам шулар сирасида).
Шунинг учун, назаримда, исломни аллақандай таҳдид деб билишдан тийилишимиз керак. Масалан, Туркияда ислом динининг жамиятда мавжудлиги шундоқ кўзга ташланиб туради ва баҳс талаб қилмайди, лекин бу мамлакатда иқтисодиёт ҳам, илм-фан ҳам, таълим ҳам, дунёвий маданият ҳам ривожланишига халал бермайди.
Мен Марказий Осиё минтақасига диний радикализм жиддий таҳдид соляпти, деб ўйламайман. Ислом анъаналари тарихий жиҳатдан кучлироқ бўлгани учун энг кўп муаммога эга бўлган Ўзбекистонда меҳнат қилиш ёшидаги аҳолининг таққослаб бўлмас даражадаги кўпчилиги (улар диний радикаллашув маъносида энг таъсирга кўп берилувчи кишилар ҳисобланади) қуролли жиҳод учун Афғонистон ёки Яқин Шарққа эмас, ишлаб пул топиш учун Россияга йўл олган эди. У ёки бу даражадаги тинчлик шароитида радикализм ва зўравонлик ҳар доим бир ҳовучгина кишиларнинг танлови бўлади.
Минтақа ҳукуматлари ватандошларининг ижтимоий ва иқтисодий хавфсизлигини ошириш, уларга қандайдир ахлоқий ва маънавий ориентир – мўлжал таклиф этиш, яъни дунёвий сиёсий тизим ва дунёвий ҳукумат адолатли бўлиши мумкинлигини кўрсатиб бериш билан диний ёки бошқа ҳар қандай радикаллашув таҳдидини анча-мунча камайтириши мумкин эди.
– Буни чегарадош мамлакатларидаги вазият билан қандай таққосласа бўлади?
– Мустақилликка эришилгандан сўнг ҳамма нарса маълум сценарий бўйича ривожланган Туркманистонни ҳисобга олмаса, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари “қайта исломлашув” жараёнидан ўтди ва ўтишда давом этмоқда. Қайта исломлашувнинг энг илк радикал тўлқини Тожикистонда пайдо бўлган, минтақалардаги кланларнинг ҳокимият учун кураши фуқаролар урушига айланиб кетган, яъни исломлашув умумий зўравонлик шароитида рўй берган эди. Уруш 1997 йилда тугагандан сўнг исломий кучлар коалицон ҳукумат таркибига кирди. Бироқ президент Имомали Раҳмон аста-секин радикал кучларни сиёсат майдонидан сиқиб чиқарди.
Қирғизистондаги вазият шуниси билан қизиқки, ушбу мамлакатда ватандошларнинг фикрлаши устидан давлат назорати минтақада энг юмшоқ экани бир қарашда “диний радикаллар”га тўлиқ эркинлик берадигандай эди. Аммо биз 30 йилдан бери кескин ва фаол сиёсий курашни кузатяпмиз, бироқ у “исломчилар” билан дунёвий кучлар ўртасида эмас, минтақалардаги кланлар орасида кечмоқда.
Қозоғистонда сиёсий эркинликлар кам, лекин ушбу мамлакат исломга, жумладан, унинг консерватив шаклларини (энг муҳими, тинч шакллларини) қабул қилаётган кишиларга нисбатан “давлат террори” уюштирмай туриб, диний экстремизм масаласини ҳал этиш йўлида яхши намуна бўлаётганини кўриш мумкин. Қозоғистон махсус хизматлари радикал уяларни ва ўқитувчиларни аниқлашда аниқроқ ва жойига бориб ҳаракат қилмоқда. Аммо қонунбузарликлар ва “таёқни керагидан ортиқ эгиб юбориш” ҳоллари (яъни у ёки бу кишиларни аллақандай постларни ижтимоий тармоқларда кўчириб босгани учун таъқиб қилишдек ҳолатлар) ҳам учраб турибди. Лекин бунинг олдини олиш мақсадида аксилтарғиботдан фойдаланилмоқда, муаммо омма кўз ўнгида муҳокама қилинмоқда, дин бўйича экспертлар, тарихчилар, маданиятшунослар қозоқ миллатига мансублик ва анъаналардан воз кечмай туриб, қай тарзда мусулмон бўлиш мумкинлигини ишонарли тарзда тушунтириб бермоқда. Масалан, салафийлик оқими[га қарши кураш] айнан шуни талаб қилади, яъни жамиятда ўзига нима керагу нима фойдали, нима зарар эканини тушунишга уриниш бўлаётгани сезилади.
Бизнинг ўз-ўзимизни сақлаб қолишга оид генетик, маданий механизмларимизни, жамиятимизнинг ҳатто соғлом фикрлаш даражасида ҳақиқий эътиқодни турли сохта нарсалардан фарқлай билиш қобилиятини менсимаслик мумкин эмас.
Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, энди ташқи дунёга ҳам, ғоя ва ғоявий қарама-қаршиликлар нуқтаи назаридан унда мавжуд барча нарсаларга очиқмиз. Яна бир эътибордан қочириб бўлмайдиган нарса минтақа аҳолисининг баъзи вакиллари кўроқ диндор бўлса, кўпчилиги умуминсоний қадриятларга асосланган дунёвийлик йўлини танламоқда. Муҳими, ҳар доим танлаш эркинлиги бўлиши лозим.
– Сиз китобингиз сўзбошисида исломофобия ҳақида ёзасиз. Бугун биз гўё мусулмонлар қўрқинчли мавзу бўлмай қолган даврда яшаётгандаймиз. Баҳорда британиялик комик Набил Абдулрашид Ковид-19 вируси “биринчи рақамли таҳдид сифатидаги ўрнимизни эгаллаб олгани”ни ҳазил қилиб айтган эди. Бу масалада фикрингиз қандай?
– Ковид-19 бош таҳдид сифатида ғарб жамиятларида “радикал ислом”нинг ўрнини эгаллашига ва бу исломофобия камайишига олиб келишига, тўғриси, ишонмайман.
Исломофобия чуқур илдиз отган бидъатга асосланади, унинг илдизлари ирқчиликка, дунёнинг “маданиятли” ва “маданиятсиз” (ваҳший), “ривожланган” ва “ривожланмаган” (қолоқ) сингари камситувчи бўлинишига бориб тақалади.
Ғарб жамияти учун ёки шартли тарзда айтганда, бутун христиан ва постхристиан олами учун “мусулмон киши” содир этган зўравонлик амали оқтанли киши содир этган зўравонлик амалидан кўра қўрқинчлироқ туюлади.
АҚШда ҳар йили қора танли ватандошлар полиция қўлидан, юзлаб кишилар, жумладан, болалар эса ўқув юртларидаги ўққа тутишлардан нобуд бўлади, лекин ҳеч ким, дейлик, кўпчилик ўқийдиган ва ишонадиган ахборот воситалари, исломга нисбатан йўл тутилаётганига ўхшаб, бутун Америка жамияти устидан ҳукм чиқармайди. АҚШ билан қолган Ғарб дунёсининг “ислом терроризми”га қарши кураши давомида Яқин Шарқда ва Афғонистонда юз минглаб кишилар ҳалок бўлди ҳамда бу қотилликлар энг нозик, самарали ва “илғор” қуроллар ёрдамида содир этилмоқда, лекин Ғарб ахборот воситалари бу ҳақда гапиришни хушламайди.
Энди кўряпмизки, Муҳаммад пайғамбарни карикатура қилган ўқитувчининг ўлимига жавобан Франция президенти Эммануэл Макрон ислом инқирозга юз тутаётганини иддао қилди. Бу мусулмонларга қарши ирқий ва диний стереотиплар – қотиб қолган қарашлар ва бидъатни кучайтириб юборишдан бошқасига ярамайдиган калбатин позициядир.
Қотилликка қўл ураётган киши ҳар қандай диндан узоқ бўлган одам эканини, ҳатто у бу ишни ислом номидан қилганини айтиб турган тақдирда ҳам, уни ислом дини вакил деб қараш нораволигини тушуниб олиш керак.
Умумун олганда, карикатура билан боғлиқ воқеада (бу ҳол шахсий фожиаси бўлган муайян иштирокчиларни эътибордан соқит қиладиган бўлсак) иккала томон ҳам ўзининг қадриятларини мутаассибларча ҳимоя қилмоқда. Бир томон сўз эркинлигини, бошқа тараф эса эътиқодини мутлақлаштирмоқда. Модомики, сўз эркинлиги Европа учун муқаддас экан, нима учун Ҳолокостни рад этиш, Гитлерни улуғлаш, жинсий мойиллиги бошқача бўлган камсонли жамоатлар устидан кулиш ёки камситишни қонун йўли билан тақиқлаш мумкин эмас? Ахир, бу беадаблик ва маданиятсизлик-ку.
Дин йўлдаги “қотиллик”ка келсак, шуни айтиш мумкинки, одам зўравонликка мойил бўлса, унинг “дини” ҳам зўравонликка даъват қилади. “Жиҳод” мафкураси зўравонликни қулай тарзда оқлайди, боз устига, у “Аллоҳ номидан” зўравонлик қилсанг, қаҳрамон бўласан, шаҳид бўласан ва жаннатга чипта оласан, деб миясига қуяди. Бундай киши шу зайлдаги тарғиботнинг таъсирига тушмаганда ҳам, бошқа сабабларга кўра, дейлик, барибир хотини, бошқа қариндошлари ва бегоналарга нисбатан зўравонлик қилиши эҳтимолдан холи эмас.