Суратда: Озарбайжон ССР харитаси, 1928 й.
Муаллиф: Эльвира Айдарханова – Олмаота бошқарув университетининг ўқитувчиси, “Forbes Kazakhstan” журналида энергетика масалалари бўйича шарҳловчи.
Постсовет маконидаги жуғрофий-сиёсий воқеалар ривожи қисман пандемия ва Ғарбнинг иштироки пасаяётганидан ва қисман ички омиллар сабаб ўзгармоқда. Россия билан Хитойнинг роллари қандай бошқаланади?
Бу масалада узил-кесил жавоб йўқ, деди CAAN сайтига берган интервьюсида Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Халқаро тадқиқотлар институти (МДХМИ ХТИ) етакчи илмий ходими, Ташқи ва мудофаа сиёсати кенгаши (СВОП) аъзоси, “Валдай” халқаро мунозара клуби аъзоси Иван Сафранчук ҳамда Вашингтон шаҳридаги Ташқи сиёсат бўйича Америка кенгашининг етакчи илмий ходими Стивен Бланк.
Евроосиёдаги жорий жараёнларни қандай баҳолайсизлар? Улар қайсидир жиҳати билан Евроосиёдаги «ваколатларни» қайта тақсимланишига боғлиқми? Бунда йирик давлатларнинг Евроосиё ишларидан ўзини четга олгани ҳамда минтақанинг йирик мамлакатлари бўлмиш Россия ва Туркиянинг ушбу минтақада ўз таъсирини ҳозирча на мустаҳкамлай ва на тақсимлай олаётгани назарда тутилган.
Иван Сафранчук: Евроосиё ишларидан ўзини чет олган қайси катта давлатлар ҳақида гап кетаётгани унчалик тушунарли эмас. Россия Евроосиё ишларидан ўзини четга олаётгани йўқ. Хитой ҳам майда давлат эмас, у Евроосиё ишларидаги иштирокини кўпайтирмоқда. Дарҳақиқат, сўнгги 5 – 7 йилда, айниқса, Дональд Трамп маъмурияти даврида АҚШ Евроосиёдаги постсовет маконига бўлган қизиқишини камайтириб боргани ҳақида гапириш мумкин. Бироқ вазиятни, АҚШ Евроосиё ишларини қаровсиз қолдирди ва “болалар пишқириб кетди”, қабилида тасаввур қилиш уни жўнлаштиришдан бошқа нарса эмас.
Бироқ, назаримда, бунинг бутунлай қарама-қаршиси бўлган ва Россияда кенг тарқалган бошқа фикр, яъни барча муаммоларни америкаликлар қўзғамоқда ва уларнинг гумашталари сувни лойқалатиб юрибди, деган фикр ҳам яна бир гўлларча қарашдир.
Постсовет маконидаги беқарорликнинг, асосан, ички сабаблари мавжуд. Постсовет маконининг минтақалари ва кичик минтақаларида ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар рўй бермоқда, ҳокимият тепасидаги авлодлар алмашмоқда ва бу ҳолат иқтисодиётнинг тизимни ташкил қилувчи соҳаларидан рента даромади олишни қайта тақсимлаш учун шарт-шароит яратади. Булар барчаси рақобат ва кураш учун асос ҳосил қилади. Бошқарув институтлари заиф, сиёсий онг учун эса, “ғалаба учун ҳар қандай мақсад ўзини оқлайди”, деган принцип бегона эмас. Қаердадир вазият издан чиқиб кетяпти, қаердадир эса булар барчаси “гилам остидаги кураш” тарзида қолмоқда. Айни чоқда маҳаллий ўйинчилар ўз курашига ташқи кучларни жалб қилмоқда. Шунинг учун ташқи омил мавжуд. Бунинг маъноси шуки, ташқи кучлар постсовет маконидаги жараёнларга маълум маънода таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ уларни тўлиқ назоратига ола билмайди.
Стивен Бланк: Дарҳақиқат, бугун жуда кўп инқирозлар ва бошбошдоқлик жараёнлари кенгаймоқда: Беларусь, Укринани айтиш мумкин, Молдова, истасангиз, Грузиянинг ўзидаги ҳамда Грузия билан Россия ўртасидаги можарони, албатта, уруш давом этаётган Тоғли Қорабоғни, шунингдек, Қирғизистондаги қўзғолон ва давлат тўнтариши ҳақида гапиришимиз мумкин.
Мен чиндан ҳам ваколатлар тақсимланиши билан боғлиқликни кўраман. Европа Иттифоқи ва НАТО (айниқса, НАТО) ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин Арманистон билан Озарбайжондаги вазиятга нисбатан ҳаётий талабларга мос келадиган сиёсат ишлаб чиқишни уддалай билмади.
Албатта, НАТОнинг роли жуда чекланган, чунки у – ҳарбий ташкилот.
АҚШ Марказий Осиёда катта роль ўйнаётгани йўқ. Мен Трамп маъмурияти ролини кенгайтиришига умид қилган эдим, лекин бундай бўлиб чиқмади. Олдин ёзганимдай, АҚШ Кавказда ҳам фаол эмас. Ҳа, мен ҳам буюк давлатлар кетди, шу билан бирга, Россия ҳокимияти ҳам заифлашди деб ўйлайман.
Россиянинг на Украина, на Беларусь, на Тоғли Қорабоғ, ҳатто на Қирғизистон ва эҳтимолки, на Марказий Осиёда кечаётган теран жараёнларга тайёр жавоби бор. Россиянинг ўзи билан яхши муносабатлар эвазига Марказий Осиё ва Кавказ минтақалари ҳамда Беларусь билан Украина сингари мамлакатларни зарур бўлган нарсалар билан таъминлаш учун ресурслари йўқ. Шу тариқа, бу бўшлиқ ҳосил қилмоқда ҳамда Туркия сингари мамлакатлар учун имконият яратиб бермоқда. Унинг раҳбари бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашиш учун ўзини буюк давлат деб ҳисобламоқда. Эрдўған Озарбайжонга йирик дипломатик кўмак кўрсатиш баробарида қурол-яроқ етказиб берди, Украина билан қурол-яроқ етказиб бериш бўйича битим имзолади. Яна Туркия Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар куч роли ўзаги берилишини талаб қилмоқда.
Евроосиёдаги безовталик жараёнлари ўзимиз сўз юритаётган муайян мамлакат ёки мамлакатларнинг ички аҳволи билан бир қаторда буюк давлатларнинг Марказий Осиё ва Кавказ ёки ҳатто Украина билан Беларусга таъсир кўрсатиш имкониятлари анча пасайганини кўрсатмоқда.
Россиянинг Евроосиёдаги жорий жараёнлардаги ролини қандай баҳолайсизлар? Расмий Москва муайян омиллар сабаб (ички, санкциялар ва ҳк.) назоратни йўқотдими ёки аксинча, унинг роли кучайиб боряптими?
Иван Сафранчук: Россияга узоқ вақт постсовет маконидаги баҳсли масалаларни “музлатилган” ҳолда ушлаб туриш ва улар ечимини кейинга қолдиришни истаган жандарм сифатида қараб келинди. Шу нуқтаи назардан, албатта, ҳар қандай ечимсиз турган муаммо Россияннг муваффақиятсизликлари ўлароқ қабул қилинган. Бироқ энди кўряпмизки, Россия муайян вазиятларни “эритиш” билан боғлиқ бутун бошли динамикани ўз фойдасига ишлатиши мумкин экан.
Энг ёрқин мисол сифатида Тоғли Қорабоғдаги можарони келтирса бўлади. Эришилган келишув натижасида Россия, умуман олганда, минтақадаги, қисман олганда эса, Арманистондаги мавқеини мустаҳкамлаб олди. Россия Беларусда ҳам мавқеини йўқотаётгани йўқ ва пировардида ушбу мамлакат билан интеграциясини анча яхшилаб олиши мумкин. Мен буни Беларусь макроиқтисодий суверенитетини бир қисмини Россия билан бирга юритиш учун бериши деб тавсифламоқчиман.
Қирғизистондаги вазият алоҳида ажралиб турибди. У ерда ички сиёсий курашга ҳаддан зиёд берилиб кетиш оқибатида мамлакатдаги давлатчилик хавф остида қолмоқда. Лекин тушунишим бўйича, Москва Қирғизистондаги маҳаллий сиёсатчилар нима иш қилаётганидан, қиш арафасида ўз халқини иқтисодий фалокат жарига итараётганидан, айни чоқда Москва уларнинг ҳисоб варақларида кўрсатилган харажатларни тўлаб беришига ишонаётганидан аччиқланмоқда ва Қирғизистонга таъсирини йўқотиб қўйишдан чўчимоқда.
Стивен Бланк: Россия ролини ҳам, эпчиллигини ҳам йўқотди. Назаримда, бунинг асосий сабаби Владимир Путин яратган тизимнинг табиати билан боғлиқ. У Россиянинг қайсидир тарзда қонуний ва тинч тартибга чин маънода кўмак бериш учун зарур бўлган қатнашиши учун қонунийликни ҳам, иқтисодий ресурсларни ҳам ярата олмаяпти. Масалан, Тоғли Қорабоғдаги урушда Россия якка ўзи ёки бошқа бирор мамлакат билан бирга оташкесимга эришиши мумкин эди. Аммо Россия на Озарбайжонга ва на Арманистонга қочқинларнинг бошқа жойга кўчиши, уруш пайти вайрон қилинган ҳудудлар ва инфратузилма ва ҳк.ни тиклаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун моддий ёрдам бера олмайди. Унинг иқтисодий имкониятлари ўсмаяпти; Россия иқтисодий соҳада Хитой, ҳатто Европа Иттифоқи билан муносиб тарзда рақобатлашиши учун зарур бўлган ресурсларни кўпайтира олмаяпти. Шунинг учун Россия мавжуд тизими турғунлигини енгиб ўтиш йўлини топмаса, роли пасайиб бораверади.
Қирғизистоннинг янги ҳокимияти олдингиларига нисбатан миллатчироқдир, миллатчилик Озарбайжон билан Арманистонда ҳам кучайиб бормоқда. Айни дамда Франциядаги воқеалар билдан боғлиқ равишда диний дискурсни ҳам ўсаётгани кузатилмоқда. Ушбу жараёнлар минтақадаги хаафсизликка таҳдид қиладими? Яна бу мураккаб масалаларга Россиянинг қараши қандай?
Иван Сафранчук: Бутун постсовет маконида жиддий миллатчилик унсурининг диний жуз билан қоришган анъанавийлашуви кузатилмоқда. Давлат ичидаги кураш, рақобат ва минтақалар ўртасидаги рақобат анъанавийлашув трендини кучайтиради. Минтақадан тараққиётнинг муваффқақиятли моделини амалга ошира оладиган кўплаб ўқимишли ва замонавий бўлиш кайфиятидаги ёшлар етишиб чиқишига оид умидлар оқланмади. Замонавийлик тарафдори бўлган (модернист) кишилар қатлами жуда юпқа. Анъаначилар – миллатчилар эса ниҳоятда кўп.
Замонавийлик тарафдори бўлган (модернист) кишилар қатлами жуда юпқа. Анъаначилар – миллатчилар эса ниҳоятда кўп.
Мен бу хавфсизликка сўзсиз таҳдид қилади, демоқчи эмасман. Бу кенг ва узоқ муддатли истиқболда тараққиётга таҳдид солади. Анъаначи миллатчилар ижросидаги кўп векторлилик йирик ўйинчилар ўртасидаги зиддиятлардан фойдаланиб қолишдай хавфли геосиёсий ўйинга, доимий ё остидан, ё устидан юришга айланиб кетиши мумкин. У ҳокимиятга фойда беради (гоҳ бировлардан, гоҳ бошқалардан ёрдам олинади, ҳатто қандайдир йирик инфратузилма объектлари ҳам қурилади – аъёнлар учун бу ҳам бир даромад манбаи-да), бироқ барқарор – халқаро ташкилотларда айтиладиганидай – инклюзив (яъни ундан фақатгина аъёнлар бойиб қолмасдан, янги рента олиш манбаларидан умумий иқтисодий имкониятлар кенгайиши ҳисобига кенг жамоатчилик ҳам фойда кўради) ривожланиш йўлига чиқиб олишга ёрдам бермайди. Бошқа бир вариант ҳам бўлиши мумкин. Анъаначи миллатчилар геосиёсий бетарафликни мақбул билиши мумкин, бироқ бунинг оқибатида ташқи ўйинчиларнинг “бетарафлар”га эътибори сусайиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатда модернизация ва ривожланишга бўлган ички содиқлик пасайиб кетиши мумкин, чунки бунинг учун ресурслар етарли бўлмай қолади.
Стивен Бланк: Арманистонда, у ердагилар ушбу урушни тамаддунлар ўртасидаги уруш деб қараётгани учун ҳам, миллатчилик авжига чиқмоқда, афсуски, Озарбайжон миллатчилиги ушбу гап оҳангини четдан ўзлаштирмоқда, Туркия эса оловга мой сепмоқда.
Қирғизистондаги миллатчилик, ҳокимиятга келганига, бор-йўғи, бир неча ҳафта бўлган янги ҳукумат қирғиз миллатчилигини қандайдир исломий тамойиллар билан бирлаштирмоқчи бўлаётгани ҳақида қўлимда ҳеч қандай маълумот йўқ. Олдин буни кўрайлик, кейин бир гап бўлар. Ҳали бу ҳақда гапиришга эрта. Яна Францияда рўй бераётган воқеалар Қирғизистон ёки Озарбайжонда акс-садо беришига ҳам ҳали ишончим комил эмас.
Кўп нарса улар ҳақида Россияда қандай ёзилаётганига боғлиқ. Россияда исломга қарши кайфиятда бўлган россиялик шарҳловчилар бор. Мен Россия ҳукумати вазиятни улар гапираётганидай кўраётганига ишонмайман. Ҳукуматдагилар Озарбайжонга суриялик жиҳодчилар келгани ҳақидаги баёнотлар ёки уларнинг ҳозирлиги ҳақидаги гувоҳликлардан қувонмагани аниқ. Фикримча, ушбу инқирозларнинг исталган биттасида ислом масаласи катта аҳамиятга эга бўлиши ҳақида ўйлашга эрта.
Европа Иттифоқи билан АҚШ Евроосиё ишларидан бироз узилиб қолган. Бу ЕХҲТ сингари халқаро ташкилотлар сиёсатида ёки АҚШда янги маъмуриятнинг ҳокимиятга келиши билан ўзгариши мумкинми? Хитойнинг минтақадаги роли ҳақида қандай хавфсирашлар мавжуд?
Иван Сафранчук: ЕИ билан АҚШ Евроосиё ишларидан техник жиҳатдан узилиб қолмасдан, уларга бўлган қизиқишини ҳам пасайтирди, энди камроқ, аммо концептуал ёрдам кўрсата бошлади. Постсовет маконининг аксарият қисмида модернизация амалга ошмади. Энди анъаначи миллатчиларга қараб қолиш керакми? Хитой узоқ вақт мобайнида енгил кредитлар берадиган, маҳаллий сиёсатга аралашмайдиган матлуб шерик сифатида кўрилиб келди. Бироқ бундай баҳолар аста-секин қайта кўриб чиқилмоқда. Анъанавий миллатчилик кайфиятлари авж олаётган пайтда бу муқаррарлиги турган гап. Хитойнинг бунга муносабати қандай бўлади? Хитой Россия ва АҚШ билан солиштирганда ўзини ҳамма яхши кўришига ва жуда қулай шерик эканига кўникиб қолган. Хитой шериклари ундан хурсанд бўлмай қолганда ва “кенжа шериклари” эътироз ва таъна билдирадиган бўлса, ўзини қандай тутади? Россия ҳам, АҚШ ҳам бунақа муаммолар билан тўқнаш келган. Пекин бунақа шароитда қандай йўл тутиши ҳақидаги савол ҳозирча жавобсиз қолмоқда.
Стивен Бланк: Айни пайтда АҚШнинг келгуси сиёсати ҳақида гапириш қийин. Аммо Хитойнинг минтақадаги ролига оид жиддий хавотирлар мавжуд. Хитой Россияни Марказий Осиёдан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилаётганига шубҳам йўқ. Албатта Америка билан Хитой муносабатлари айни пайтда жуда ёмон ва Марказий Осиё масаласи бунда алоҳида роль ўйнайди.
ЕИнинг Хитой билан муносабатлари ҳам ёмонлашиб бормоқда. Марказий Осиё ЕИ билан Хитой муносабатларида асосий омил экани ёки йўқлигини билмайман, бироқ Марказий Осиё ҳукуматлари Хитойни диққат билан кузатиб бормоқда ҳамда у ўйнаётган ва келажакда ўйнаши мумкин бўлган ролдан чуқур ташвишда. Боз устига, Хитой, Тожикистон билан Афғонистонда кўриб турганимиздек, хавфсизлик соҳасида ўзини тобора кўпроқ намоён қилмоқда. Ниҳоят, июлда Эрон билан ҳали имзоланмаган битимлар тўғрисида ахборот воситаларига сизиб чиққан хабарлар ҳам бутун Марказий ва Жанубий Осиёда Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий ҳозирлиги анча кучайганини кўрсатмоқда. Яна бир равшан нарса шуки, ҳамма Эрон билан Хитой ўртасида нима рўй беришини диққат билан кузатади ва бу ҳол айни минтақаларга халқаро қизиқишни сўзсиз кучайтириб юборади.