Суратда: Дональд Трамп, фото: Joe Raedle / Getty Images
Муаллиф: Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти (Япония)
АҚШда президентлик сайлови якунланиши билан оммабоп нашрларнинг бари Трамп давридаги сиёсат мавзусига бағишланган янгидан-янги таҳлилларга тўлиб кетди. АҚШнинг келгуси тўрт йилга мўлжалланган ички ва ташқи сиёсати 2021 йил 20 январдан фаолият бошлайдиган Байден ҳукумати эълон қилган тайинловлар билан деярли аниқ бўлгандек: сиёсатнинг асосий векторларини COVID-19, иқлим ўзгариши муаммоси, НАТО аъзолари билан алоқаларни яхшилаш ва Хитойга қарши чоралар белгилайди. Янги ҳукуматнинг сиёсати баҳсли мавзу бўлса-да, амалдаги президент Дональд Трамп ҳали-ҳануз муҳокама марказида турибди. Аслида, Трампнинг ҳокимиятга келиши ҳамон кўпчиликни ўйлантиради: нутқи ёлғон, ҳақорат ва камситишларга тўлиб-тошган шахсни америкаликлар қандай қилиб АҚШдаги энг юқори мансаб – Оқ уй раҳбари лавозимига сайлашди? Хўш, Трамп феномени АҚШ тарихида бир марта учраб, хотиралардан буткул ўчиб кетадиган тасодифми ёки йиллар давомида турли шакл ва қиёфаларда қайталаниб турувчи ҳодисами?
Трампизм – Американинг ирқий-миллатчи популисти
Трамп шахсиятини юзага чиқарган 2016 йилги АҚШ президентлик сайлови кампанияси глобал популизм феноменини акс эттиради. Популизм турли шахслар учун турлича маънони англатса-да, унинг барча талқинларини бирлаштирган асосий мавзу – мавжуд элита, анъанавий сиёсат ва давлатда шаклланган сиёсий институтларга нисбатан гумон, адоват билан қараш мавжудлигидир. Бошқача айтганда, популист фалсафа замирида уч асосий ғоя ётади: мавжуд сиёсий тузилмага қаршилик, шахсий кучга таянишга мойиллик ва миллатчилик. Популист сиёсатчилар, аввало, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қийналган оддий халқни пул кучига сотилган сиёсий тузилма чангалидан халос қилиш ғоясини олға суришади. Бу сиёсатчилар унутилган қадриятларни тиклаш, муаммоларни ҳал қилиш ваъдаси ортида ўзларини чинакам ватанпарвар ва “оддий халқ ҳимоячиси”дек кўрсатишади. Популизм, шунингдек, “оддий одамлар” дискурсияси орқали мамлакатдан “ўзгалар”ни четлаштиришга чорловчи ксенофоб миллатчиликни ҳам олға суради. Ва ниҳоят, популист сиёсатчилар шахсий кучга устунлик берувчи характерга мойиллик билдиришади.
Албатта, Трамп элиталарни ёмонлаб, оддий одамлар манфаатларини ҳимоя қилган биринчи популист сиёсатчи эмас. Тарихга назар ташласак, АҚШда ўзаро рақобатдош чап ва ўнг қанот ғояларига асосланган икки хил популистик анъана кўпдан бери ривожланганини кузатиш мумкин. Аммо, 2016 йилда сиёсий саҳнага чиққан трампизм популизми ўзига хослиги билан ажралиб туради. Аслида, аниқ сиёсий режаларга асосланмаган бўлса-да, нафратга тўла миллионлаб америкаликларни ўзига жалб қилган трампизмни қуйидаги хусусиятлар билан изоҳлаш мумкин: мавжуд сиёсий тузумга нисбатан адоват, оқ танлилар устунлигини олға сурувчи ирқий-миллатчилик, иқтисодий глобаллашув ва иммиграцияга қаршилик, иқтисодий протектционизм ҳамда ташқий сиёсий изоляция. Умуман олганда, Трампнинг популист дискурияси замирида ягона ғоя ётганига гувоҳ бўламиз; давлат тепасидаги ёвуз кучлар ва паст қатламнинг турли ирқ ҳамда рангли келгинди, камбағал синфи ўртасидаги келишув сабаб ўртада қолган Американинг “асл эгалари” – ватанпарвар оқ танли кўпчиликнинг қадрият ва манфаатлари топталмоқда. Турли тўсиқлар орқали ноқонуний келгиндилар ва мусулмонларга қарши курашиш, АҚШдаги ишсизликнинг бош сабабини яшириш мақсадида Хитойни тарифлар орқали жазолаш, АҚШ компанияларини ички бозорга жалб қилиш орқали ишчи ўринлари яратиш, геосиёсий саргузаштларга сарфланадиган пулларни ички муаммолар ҳал қилинишида ишлатиш кабиларга асосланган “Американи қайтадан жонлантириш” сиёсати бу унутилган америкаликлар қатламини яна эски иқтисодий-сиёсий қудратга қайтаришни кўзлаган.
Албатта, юқоридаги популистик ғояларнинг мамлакат бўйлаб ёйилишида Трапм шахсиятининг ҳам ўрни бор. Президентликка даъвогар бошқа сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, Трамп катта бир компаниянинг қатъиятли соҳиби сифатида муваффақият қозонган. У таниқли шахсиятидан стратегик мақсадда фойдаланиб, янги сиёсий имиж шакллантиришга ва сиёсий нофаол фуқароларни жалб қилишга эришди. Трампнинг Вашингтон сиёсий доираларига бегоналиги унга мавжуд сиёсатчиларни қобилиятсизликда айблаш, сиёсий институтларни эса чириган дея танқид қилиш имконини берди. Ва Трамп тузумдан нафратланган оддий америкаликларнинг янги сиёсий “қўзғолони” пешвоси бўлди. Аммо, ирқий-миллатчилик популизмини ёйган Трамп муаммонинг сабаби эмас, балки оқибати эканлигини унутмаслик керак. Унинг асл илдизи йиллар давомида шаклланган ижтимоий-иқтисодий сабаблар билан чамбарчас боғлиқдир.
Глобал популизмнинг асл сабаблари
Деярли ҳар бир демократик давлатда ўтган рақобат муҳитидаги сайловлар жараёнида сиёсий манфаатларни деб оммани сафарбар қилишга уринган радикал популистларни тарих кўп кўрган. Биринчи Жаҳон Уруши мағлубияти ортидан вужудга келган иқтисодий эзилиш ҳамда миллий хўрлик ҳиссидан фойдаланиб, немис халқини ўз ортидан эргаштирган Гитлер бунга яққол мисол бўла олади. Лекин кўпчилик Ғарб демократлари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги 70-йиллар охиригача ҳукм сурган иқтисодий ўсиш ва фаровонликка бой “Олтин Давр” натижасида популизмни саҳнадан суриб чиқаришди. Фақат 1990 йилга келиб, популистик ҳаракатлар Ғарб анъанавий партия тузилмалари ва сиёсий кун тартибини экстремистик ғоялар билан тўлдира бошлади. Хўш, ирқий-миллатчилик руҳидаги популистик ҳаракатлар нега айнан Ғарбда, хусусан, АҚШда яқин йилларга келиб орта бошлади?
Дональд Трамп президентлигида намоён бўлган ирқий-миллатчилик популизмига уч сабабнинг қоришмасидан вужудга келган йирик ўзгаришларга анъанавий сиёсат жавоб бера олмай қолгани дастак бўлди: неолиберал иқтисодий сиёсат натижасида вужудга келган нотенглик ва иқтисодий ишончсизлик, иқтисодий муносабатларни ўзгартирган технология инқилоби ҳамда глобаллашув натижасида ижтимоий, маданий, ирқий муносабатлар янгича тус олди.
Чегараланмаган бозор ва чегараланган давлатни тарғиб қилиб, капитал манфаатини ишчи кучидан устун қўювчи неолиберал иқтисодий сиёсат АҚШга 1970 йиллар охиридаги стагфляция натижасида кириб келди. Бу иқтисодий инқилоб ривожланишга ҳисса қўшса-да, жамиятда кенгайган нотенглик, миллий қарзнинг ўсиши, ижтимоий ёрдам даражаси камайиши ва иқтисодий инқирозлар кўп такрорланиши сингари йирик “яра”ларни газак олдирди. Албатта, бу” яра”лардан олий таълим олмаган оддий халқнинг қуйи қатлами энг кўп зарар кўрди. Масалан, АҚШдаги 1960 йиллар ривожланишида аҳолининг 90% қуйи қисми миллий даромаднинг 67% улушига эга бўлган эди. Президент Рейганнинг неолиберал сиёсати таъсирида бу кўрсатгич 20 фоизга тушди. 2001-2007 йилларда вужудга келган уй-жой пуфаги даврида бу халқ қатлами ҳар бир доллар қўшимча миллий даромаддан атиги икки цент олган бўлса, юқори қатламнинг 10 фоиз бойлари даромаднинг қолган қисмига эгалик қилишган. Шунингдек, четдан келадиган импорт ва иммигрантлар оқими кўпайиши, оддий халқнинг асосий иш манбаси бўлмиш ишлаб чиқариш саноатининг қулаши ва молиявий инқироз каби гипер-глобаллашувга оид салбий “шок”лар ҳамда оддий ишчи кучига талабни қисқартирган технология инқилоби, автоматлаштириш маошга яшайдиган аҳолининг қуйи қатламида иқтисодий ишончсизлик, катта хавотир, бахтсизлик ва қўрқув ҳиссини юзага келтирди. Масалан, илмий тадқиқотлардан маълум бўлишича, 1972 йилда олий маълумотга эга бўлмаган америкаликлар ўзларини деярли олий маълумотлилардек бахтли ҳис қилишган. Аммо бугунги кунга келиб, олий маълумотга эга бўлмаганлар ўз ҳаётидан жуда ҳам норози. Шу маънода Трампнинг “Америка Биринчи” дея жар солиши, иқтисодий миллатчилиги, “америкаликларнинг иш ўринларини ўғирлаётган” иммигрантларга салбий муносабати, Хитойга кескин чоралар кўришга интилиши ва қаттиққўл шахсияти эски кунларни қўмсаган аламзада халққа катта умид бахш этган.
Популистик трампизмга мойилликни нафақат иқтисодий, балки прогрессив маданий ўзгаришларга қаршилик кайфияти билан ҳам изоҳлаш мумкин. АҚШ глобаллашув натижасида 1960 йиллардан буён тобора кўп миллат ва маданиятли давлатга айланди. Аммо, йиллар давомида тобора қийинлашаётган иқтисодий ҳолат қуршовида қолган оқ танли америкаликлар бу турфаликни ўз қадриятларига ҳужум, келажакларига таҳдид сифатида қабул қилишди.
Трампистлар учун бу келгиндиларнинг маданият ўзгариши натижасида яқин йиллардан бошлаб ҳимоя қилиб чиқаётган бир-жинслилар тенглиги ва қора танлиларнинг ҳақлари каби ташвиқотлари ички душман ва бу асли оқ, насроний ҳамда Европоид Американинг асл хусусиятини йўқ қилишни кўзлайди. “Бегона ва ётлар”нинг АҚШни босиб кетишидан қўрқадиган, иқтисодий фаровонликдан маҳрум қатлам Трампнинг 2016 йилги сайловдаги ғалабасига катта ҳисса қўшган муҳим коалициядир. Трамп ўз сиёсий карьерасини қора танли президент Барак Обама АҚШлик эмас, иммигрант мексикаликлар тажовузкор, мусулмонлар террорчи, оқ танлилар эса юқори ирқ деган даъво билан бошлаганлиги ҳам бежиз эмас. Юқоридаги муаммолар йиллар давомида шаклланиб келган бўлса-да, унинг 2016 йил Трамп шахсияти орқали юзага чиқиши мамлакатдаги сиёсий институтларнинг камчилигини яққол кўрсатиб берди. Зеро, йиллар давомида на Демократлар ва на Республикачилар иқтисодий сиёсат натижасида моддий аҳволи ёмонлашган, ишини йўқотган, шаҳар атрофида яшовчи, олий маълумотсиз оқ танли аламзада қуйи қатламнинг дардига малҳам бўлмади.
Байден президентлиги трампизмга барҳам берадими?
Байденнинг ғалабаси аниқ бўлгач, шу билан трампизмнинг илдизи қуридими, деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда. Афсуски, АҚШ сиёсий институтларининг занглаши Трамп шахсияти юзага чиқишидан анча аввал бошланган. Байден ҳукуматида бундан кейин асосий эътибор Трампнинг бузғунчи сиёсий меросини тузатишга қаратилиб, халқ ишончини қозонишга ҳаракат қилинса-да, АҚШ сиёсатини йиллар давомида кемираётган икки муаммо – партизан бўлиниш ва ирқий қутбланиш узоқ йиллар давомида ўнлаб президентларнинг тинкасини қуритиши аниқ. Трампнинг ноябрь ойидаги сайловда Байденга умумий овозда атиги 3% фарқ билан ютқазгани, Республикачиларнинг Сенатдаги устунлиги, Олий Суддаги таъсири ҳамда Конгресс сайловида ҳам бир нечта ўринни қўлга киритганлиги вазият анча жиддийлашганини кўрсатади. Партизан бўлиниш натижасида сиёсий институтларга ишончсизлик сайловдан кейин ортганини яқинда Монмут университетида ўтказилган сўровномадан ҳам кўриш мумкин: Трамп тарафдорларининг 77 фоизи Жо Байден президентлик сайловида фириб йўли билан ғолиб чиққанига ишонишади. Шунингдек, бир пайтлар сиёсий манбаси ўрта ва юқори бизнес қатламидан иборат бўлган Республикачилар партияси бугун ўз “агенда”сини батамом ортга қайтиш мушкул бир йўлга, Трамп шахсияти атрофида шаклланган оловли сиёсат йўлига кириб қўйди. Трампизмнинг бу каби сиёсий мероси Байден ҳукумати илгари суражак ғоя амалга ошишига тўсқинлик қилиши – Американи қайта қуриш жараёнини сусайтириши, шубҳасиз. Гапнинг сирасини айтганда, Трамп 2020 йилги президентлик сайловида юқтазган бўлса-да, трампизм АҚШ сиёсатини тарк этгани йўқ.