Сурат манбаси: Turan & Maverannahr Youtube канали
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
Туркий тилли давлатлар кенгаши ривожланиб бораётган минтақалараро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ушбу ташкилот туркий тилли мамлакатларнинг этнолингвистик бирлиги асосида яратилган. Кенгаш 2009 йили Озарбайжонда Нахичеван Битимини имзолаш билан таъсис этилди. Таъсисчилар Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидир.
Туркманистон туркий тилли давлат бўлса-да, нейтраллик статусига кўра, Кенгашга аъзо бўлмаган. Ўзбекистон ҳам аввалбошдан аъзоликни инкор қилган эди. 2016 йили Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач, расмий Тошкент очиқ ташқи сиёсат юрита бошлади ва 2018 йилнинг апрелида ушбу ташкилотга қўшилиш нияти борлигини эълон қилди. Орадан сал кам бир ярим йил ўтиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида Нахичеван Битимини ратификация қилиш ҳақидаги Қонун Президент томонидан имзоланди, Ўзбекистон Туркий Кенгашга аъзо бўлди.
Кенгаш Котибияти Истанбулда жойлашган. Унинг муҳим тузилмаларидан яна бири Анқарадаги туркий халқлар маданиятини тарғиб қилувчи халқаро ТУРКСОЙ ташкилотидир. Шу кунга қадар расмий равишда Кенгашнинг еттита саммити бўлиб ўтди. Кенгашнинг биргаликдаги аҳоли нуфуси 144 миллиондан зиёд, ҳудуди 4 млн. кв. км.дан зиёд ва умумий ЯИМ қиймати 1.13 триллион долларни ташкил қилмоқда.
Бир гуруҳ халқаро экспертлар мазкур ташкилотни туркий халқларни бирлаштирувчи ва уларни интеграцияга бошлаб борувчи тузилма сифатида баҳолайди. Ҳақиқатан ҳам, у туркий халқлар бирдамлигини ифодалай оладими? Ташкилот маданий тарихий алоқалардан ташқари туркий тилли давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий интеграцияси учун имкониятлар яратадими? Ва ниҳоят, бу Кенгаш туркий халқларнинг биргаликда ривожланиши учун платформа вазифасини бажара оладими? Қуйида мазкур саволларга жавоб излаймиз.
Дунё туркийлари
Мақола аввалида Кенгаш асосини ташкил қилувчи туркий тилли халқлар хақида бироз маълумот келтириш ўринлидир. Жаҳон бўйлаб туркий тилларда сўзлашувчи халқлар сони ҳақида интернет тармоқларидан осонликча ахборот топиб бўлмайди. Борини ҳам саралаб олиш қийин, чунки уларда пантуркистик ёки аксинча қарашларнинг таъсири катта. Тахминий ҳисоб-китоблар бўйича туркий тилли халқлар сони 200 миллионга яқин ёхуд бундан ҳам ортиқроқ бўлиши мумкин.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркманистондан ташқари форсий тилли халқлар ареали бўлмиш Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва қисман Покистонда ҳам туркий халқлар мавжуд. Эрон аҳолисининг 26 фоизга яқинини туркий озарлар ташкил қилса, Афғонистонда 12 фоизга яқин аҳоли туркий халқлардан иборат экани айтилади. Туркий халқларнинг катта гуруҳи Хитой ва Россияда ҳам яшайди. Шунингдек, Шарқий Европа ва Яқин Шарқ ҳудудларида ҳам туркий халқларни учратиш мумкин.
Туркий халқларни бирлаштириш ғояси
Бу ғоя бугун пайдо бўлган эмас. Буюк Амир Темур орзуларида ҳам туркий халқларни бирлаштиришни назарда тутувчи Турон тушунчаси мавжуд бўлган. Бугун эса Туркия бу ғоянинг ташаббускори саналади. Мазкур мамлакатнинг собиқ Президенти Сулаймон Демирел таъбири билан айтганда, “Aдриатикадан Буюк Хитой деворигача чўзилган турк дунёси”ни бирлаштириш масъулиятини Туркия ўз зиммасига олиши керак.
Шубҳасиз, Туркия бу орқали XXI асрдаги геосиёсий жараёнларда фаоллашиб, ўзи учун янги имкониятлар ҳосил қилишни кўзлаган. Маълумки, Усмонийлар давридан кейин Туркия раҳбарияти қандай ташқи сиёсат олиб боришидан қатъий назар, ҳамиша Яқин Шарқ, Болқон, Қора денгиз ва Ўрта ер денгизидаги сиёсий воқеъликларга нисбатан эътиборли бўлди. Бу ҳудудларда ўз манфаатларини ҳимоялаб келди. Марказий Осиёга келсак, у Туркия учун нисбатан янги йўналиш ҳисобланади. Гарчи, ҳеч қачон Усмонийлар империяси таркибига кирмаган бўлса-да, Марказий Осиё Туркия билан этник, лисоний ва диний-маданий муштараклиги туфайли алоҳида қизиқишга сабаб бўлган. Туркия айнан мазкур минтақа ҳисобига янги минтақалараро тузилма ташкил қилиш ва шу орқали жаҳондаги кучли давлатлар бирлигини вужудга келтиришни кўзлаган. Ва албатта, Саудия Арабистони, Эрон, Россия ва Европа Иттифоқи олдида кучли обрў орттиришни мақсад қилган. Шу боис ҳам, Туркия мустақил Марказий Осиё давлатларида фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйишга интилди. Дастлабки йилларда унинг минтақадаги ташқи сиёсатини Европа Иттифоқи ва АҚШ қўллаб-қувватлади. Бироқ 1991-1996 йилларда бу сиёсат тизимли ташкил қилинмагани, илгари сураётган ташаббусларининг молиявий таъминоти йўқлиги, шунингдек, Ғарб давлатлари хавотирланганидек, минтақадаги мусулмон давлатлар Эрон ёки Саудия Арабистони таъсирида эмас, балки дунёвийлик тамойиллари асосида ривожлангани боис, Туркиянинг янги туркий тилли республикалар шаклланишидаги иштироки пасайди. 1996 йилдан кейин Туркия туркий тилли республикалар билан муносабатни қайта ташкил қила бошлади. Энди бу сиёсат реал сиёсий воситалар ва узоқ муддатли ҳисоб-китоблар билан таъминланган эди. Муносабатларнинг иккинчи босқичида пантуркизм сингари пафосли ғоялардан воз кечилган бўлса-да, минтақа давлатлари билан кўп қиррали муносабатларни ўзига хос этно-лингвистик асосда ривожлантириш тамойили сақлаб қолинди. Бунинг ёрқин исботи – туркий тилли давлатлар Кенгашининг таъсис этилганлигидир.
Чекланган имкониятлар
Маданий-тарихий алоқалардан ташқари, туркий тилли давлатларнинг иқтисодий-сиёсий интеграция учун имкониятлари чекланганини тан олиш лозим. Хусусан, савдо алоқаларини ривожлантириш Кенгаш низомида алоҳида қайд этилган. Унда “Савдо ва сармоялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар, капитал, хизматлар ва технологияларнинг ҳаракатланишини енгиллаштириш учун божхона ва транзит жараёнларини, молиявий ва банк операцияларини янада соддалаштириш” масаласига алоҳида урғу берилган. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига асосланиб Еurasianet нашри тақдим этган маълумотларга кўра, Туркий Кенгаш аъзолари ўртасидаги умумий савдо ҳажми 2008 йилга нисбатан 2018 йилда пасайган. 2009 йилдан кейин эса бу кўрсаткич маълум муддат, яъни 2012-2014 йилларда ортиб борган бўлса-да, 2018 йилга келиб, 2009 йилдаги кўрсаткичидан пасайган. Бу рақамлар алоҳида давлатлар мисолида олиб кўрилганда ҳам ўсиш тенденциялари кўринмайди. Хусусан, Кенгаш ташкил қилингунига қадар Озарбайжон ва Қозоғистоннинг Туркия билан савдо алоқалари яхшироқ эди. 2009 йилдан Туркиянинг Озарбайжон ва Қирғизистон билан савдо алоқалари нисбатан ўсган бўлса, Қозоғистоннинг савдо алоқаларига Кенгашда иштирок этаётганлиги таъсир қилмаган.
Туркий давлатларнинг аксарияти ўзи учун устувор саналган бошқа давлатлар ва интеграцион бирлашмалар билан муносабатларни ривожлантиришга кўпроқ аҳамият бермоқда. Бир сўз билан айтганда, туркий давлатлар сиёсий элитаси бу Кенгашда иштирок этишни бошқа ташкилотлар доирасидаги самарали фаолиятига муқобил вариант сифатида кўраётгани йўқ. Бу яқин келажакда ҳам ўзгармас сиёсат бўлиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Марказий Осиёдаги етакчи куч сифатида Россия ва Хитой ҳам Кенгаш фаолиятини жиддий рақобат сифатида қабул қилмаса-да, унинг фаолиятини кузатиб бормоқда. Кенгаш аъзоларининг Россия ва Хитой билан иқтисодий алоқалари мазкур Кенгаш доирасидаги иқтисодий ҳамкорликдан бир неча баробар кўп. Кенгашнинг барча аъзолари Хитойга тегишли “Бир макон ва бир йўл” лойиҳаси доирасидаги иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Туркия туркий давлатлар сиёсати ва иқтисодида етакчи бўлишни қанчалик истамасин, у баъзи туркий республикаларнинг Россия ва Хитой билан иқтисодий муносабатлари ўрнини боса оладиган даражадаги имкониятларга эга эмас.
Кенгаш аъзолари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари реал сиёсий ва иқтисодий мулоқотдан кўра кўпроқ маданий алоқалар доирасида кўзга ташланади. Бироқ маълум бир вақтларда Кенгаш аъзолари биргаликда жиддий сиёсий қарорларни ҳам қабул қилган. Масалан, Туркиянинг Сурия ва Ироқдаги ҳарбий амалиётларини Кенгаш аъзолари қўллаб-қувватлаган. Туркия Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжонни қўллаб-қувватламоқда. Озарбайжон тарафининг маълумотларига кўра, Кенгаш аъзоларидан Қозоғистон ва Қирғизистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида Арманистон билан ҳамкор бўлса-да, Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжонни қўллаб келмоқда.
Маданий гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилганлиги билан бирга бу ҳамкорликнинг ўзига хос мубоҳасали жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Мисол учун, 2014 йилнинг июнь ойида Туркиянинг Бодрум шаҳрида Кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг икки кунлик саммити доирасида туркий халқларнинг муштарак тарих китоби ва умумтурк алифбосини яратиш масалалари муҳокама қилинган эди. Бу таклифлар жуда жозибали, аммо рамзий маъно касб этади, холос. Аслида, муштарак тарих ва ягона тил масаласи ҳақиқатдан йироқ, бу ғоя фақат айрим сиёсатчилар, ёзувчи ва шоирлар учунгина баландпарвоз шиор бўла олади. Зеро, тарих гувоҳки, бутун жаҳондаги туркий халқлар ҳеч қачон ягона байроқ остида бирлашмаган ва уларнинг ҳар бири ўз тараққиёт йўлидан борган.
Ягона мулоқот тили масаласи ҳам баҳсли масала. Ўз миллий тили таъсирини оширишга интилаётган Марказий Осиё туркий республикалари учун ҳам, Озарбайжон учун ҳам бу масалани долзарб деб бўлмайди. Бир мисол: Туркия ва Озарбайжон ўртасида иқтисодий-сиёсий муносабатлар илиқ эканига қарамай, бундан бир неча йил аввал Озарбайжон раҳбарияти хорижий телеканаллар, жумладан, Туркия телеканалларига таъқиқ қўйди. Ўзбекистонда эса шу кеча-кундузда ҳам жамоатчилик Туркия сериалларининг ёшлар онгига кўрсатаётган салбий таъсири ҳақида тез-тез баҳслашмоқда.
Туркий Кенгаш ва Марказий Осиё интеграцияси
Туркий тилли давлатлар билан алоқаларни Марказий Осиё минтақаси доирасида ривожлантириш, минтақа давлатларининг ўзаро ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш Туркий Кенгаш фаолиятининг асоси ва барқарор истиқболи бўлиши мумкин. Минтақа давлатларининг Туркий Кенгашда иштирок этиши минтақавий интеграция жараёнларини тўлдиради ва бу жараённи янада фаоллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Туркий Кенгаш истиқболи қанчалик саволлар остида қолган бўлса, Марказий Осиё интеграцияси шунчалик реал ҳаётга яқин тушунчадир.
Маълумки, 90-йилларнинг бошларида Марказий Осиё давлатлари иттифоқини яратиш ташаббуси илгари сурилган эди. Aммо иқтисодий-сиёсий хусусиятдаги муаммолар бу ғояни амалга оширишга имкон бермади. Ҳозир эса бу ташаббусларни яна кун тартибига олиб чиқиш зарурати пайдо бўлганини инкор қилмаслик керак. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу борада муҳим қадамлар ташланди. Минтақа давлатлари ривожланиш бўйича бир қатор катта лойиҳаларни амалга оширишга киришган ҳозирги даврда хорижий инвестицияларга зарурат сезади. Шуни ҳисобга олган ҳолда агар минтақа давлатлари Европа интеграцияси намунасида бирлашса, бу бирлашув донор давлатларни кўпроқ сармоя етказишга илҳомлантиради. Шу билан бирга минтақа иқтисодидаги ички ўсиш ҳам сезиларли даражада ортади. Эътироф этиш керакки, 2016 йилдан бошлаб, ҳудудий чегаравий масалаларни тўла бартараф қилиб олишдан бошлаб, транспорт соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришгача бўлган самарали қарорлар қабул қилинди. Бироқ шуни эътиборга олиш керакки, айни ташаббуслар, аслида, аллақачон ҳал қилиб олиниши керак бўлган ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш даражаси ҳисобланади. Ҳозир эса минтақа давлатлари том маънодаги интеграцияга тайёргарлик кўриши ва буни амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқдир.
Туркий тилли давлатларнинг Марказий Осиёдаги ҳамкорлигини кучайтириш ҳақида гап борар экан, бу ердаги икки етакчи давлат сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигини янада кучайтириш заруратини тан олиш лозим. Жорий йил ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо шериклари орасида Қозоғистон 3-ўринда, Қозоғистон ташқи савдо шериклари орасида эса Ўзбекистон 8-ўринда турибди. Икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳадаги алоқаларни ҳозиргидан кўра юқорироқ босқичга олиб чиқиш минтақадаги умумий интеграция жараёнларига катта таъсир кўрсатади. Шу билан бирга туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик платформаси ҳам бу алоқалардан катта фойда кўриши мумкин. Қозоғистонлик сиёсатчи Султанбек Султангалиев Франция ва Германия Европа Иттифоқи асосини ташкил қилганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам Марказий Осиё давлатлари интеграциясининг асосини ташкил қилиши лозим, деб ҳисоблайди.
Хулоса қилиб айтганда, Туркий Кенгашининг иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий мулоқот соҳаларидаги кўрсаткичлари, эришилган натижалари ва аъзо давлатларнинг ташқи сиёсатида унинг аҳамияти қандай эканлигидан қаттий назар, Кенгаш туркий тилли халқларнинг ўзаро мулоқоти учун бир қўшимча платформа вазифасини бажариб келмоқда.