Суратда: Беларусдаги намойишлар, манба: kp.ru
Муаллиф: Эльвира Айдарханова – Олмаота бошқарув университетининг ўқитувчиси, “Forbes Kazakhstan” журналида энергетика масалалари бўйича шарҳловчи.
Беларусдаги, Қирғизистондаги янги можаролар ва Кавказдаги уруш Евроосиё минтақасида янги муаммоларни вужудга келтирмоқда, бироқ улар ташқаридан бўлаётган муносабатни ўзгартира оладими?
АҚШнинг Гудзон институти қошидаги Ҳарбий-сиёсий таҳлил маркази директори Ричард Вайнц CAAN нашрига берган интервьюсида Евроосиёнинг геосиёсий муаммолари хусусида фикр юритади.
Евроосиё минтақасидаги янги можароларни қандай баҳолайсиз? Улар COVID-19 сабаб келиб чиққан инқироз билан боғлиқми ёки теранроқ илдизлари борми?
Ушбу можароларнинг илдизлари анча олдинги замонларга бориб тақалиши аниқ. Белорус ҳалқи мамлакат мустақиликка эришган замонлардан бери Лукашенко бошқарувида яшаб келмоқда. Ушбу халқ қўшни Европа мамлакатларидаги ҳукуматлар эришаётган муваффақиятларни кузатиб, ўзгаришлар бўлишини ва кўпроқ эркинликлар истаётгани табиий. Тоғли Қорабоғ можароси Марказий Осиё ва Кавказда атай бўлиб бошқариш учун совет республикаларининг ташкил қилингани ва уларнинг чегаралари этник миллатлар жойлашган ерларга мос тушмагани Сталин миллий сиёсатининг оқибатидир. Айни чоқда Қирғизистонда ҳар доимгидай сиёсий вазият беқарорлигича қолмоқда, шунинг учун жорий йилдаги инқирозга 2005 ва 2010 йиллардаги сиёсий ларзаларнинг давоми сифатида қараш мумкин. Бироқ COVID-19 яқинда Беларусда рўй берган норозиликларда муайян роль ўйнади, чунки ҳукуматнинг пандемияга қарши курашда муносиб чоралар кўра олмагани – Лукашенко сўнгги пайтларгача уни инкор қилиб келди – белорус фуқаролик жамиятини тегишли тиббий ёрдам беришда ташаббусни ўз қўлига олишга мажбурлади. Айни ҳол фуқаролик жамияти ташаббуслари учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Беларусь атрофида қандай геосиёсий муаммолар мавжуд? Беларусь Россия билан НАТО учун қанчалик муҳим?
Беларусь Россия учун иккала мамлакатни битта сиёсий тузилмага бирлаштирадиган Иттифоқ давлат учун, Россиянинг Беларусь билан ҳарбий ва иқтисодий алоқалари, ҳар қандай оммавий норозиликлариннг Беларусдан Россияга тарқалиш эҳтимоли мавжудлиги, шунингдек, Беларусь Россия товарлари транзити учун асосий маршрут экани сабаб муҳим экани шубҳасиз. Агар Беларусь Россиядан мустақил бўлганида, НАТО учун ҳам буфер давлат сифатида муҳим бўлган ва бу Россиянинг Ғарб мамлакатларига потенциал таъсирини заифлаштирган бўлур эди; Украинанинг Россиядан ажралиши айнан шундай таъсир кўрсатди. Россия ҳарбийлари Беларусга кира олмаганида, Польша ва Литва сингари фронтбўйи мамлакатлари бундан фақат ютиши мумкин эди.
Беларусни Россиядан ажратиб олиш мумкинми?
Беларусь мавжуд миллий тузилма сифатида Россиядан алоҳида мамлакатдир. Иттифоқ давлати тузиш тўғрисидаги шартноманинг кўплаб бандлари Беларусь ҳукумати улар бажарилишини пайсалга солиб келаётгани учун бажарилмай қолиб кетди. Ҳатто Лукашенко ҳам, бир оз бўлса-да, автономияни сақлаб қолишни истаб келади. Бироқ Россия Беларуснинг на НАТОга киришига йўл беради ва на НАТО қўшинларини ўз ҳудудида жойлаштиришига рухсат этади, чунки Беларусь ҳудуди Россия Федерациясини Калинингард анклави – асосий ҳудуддан ажралиб қолган ҳудуди билан боғлаб туради. Бу анклав Россиянинг улкан ҳарбий базасига айланган.
Россиянинг Лукашенкони қўллаб туришига сабаб нима? Бу Беларусдаги Россияга қарши кайфиятлар авж олиб кетишига сабаб бўлмайдими?
Кремлнинг Лукашенкони қўллаб-қувватлаши бироз қалтис масала, чунки бу келгусида Россияга қарши кайфиятларни авж олдириб юбориши мумкин. Бизга маълум бўлишича, белорус халқи Россияга қарши эмас, бироқ Россия Лукашенко ҳокимиятини қўллаб-қувватлашни давом эттираверса, бундай кайфиятлар кучайиб кетиши мумкин. Беларусдаги норозиликлар ҳозирча зўравонлик ҳолатига ўтгани йўқ. Бундан ташқари, Беларусь ҳокимияти норозиликлар етакчиларини четлата олиши билан украиналик ҳамкасбларидан кўра уддабуронроқ эканини кўрсатди. Бироқ Россия раҳбарлари Минскда ҳокимиятга бошқа киши ёки гуруҳни келишини хавфли деб билаётган кўринади. Айни дамда Лукашенко заифлиги сабаб унга таъсир ўтказиш осонроқ бўлади. Масалан, асосан қоғозда қолиб кетаётган Иттифоқ давлати қурилишида ҳеч қандай олға силжишга эришилмади. Лукашенко Россиянинг таъсирини кучайишидан чўчиб, ишни пайсалга солиб келди. У ушбу Иттифоққа раҳбар бўлишни истаган эди, лекин Владимир Путин Россияга раҳбар бўлиб турган пайтда бунга эришиб бўлмайди. Энди эса Лукашенконинг позицияси Москванинг Россия билан Беларусь интеграциясини кучайтириш ҳаракатларига қарши турадиган даражада мустаҳкам эмас.
Евроосиёда рўй бераётган Жанубий Кавказдагига ўхшаш можаролар ҳақида нима дея оласиз?
Тоғли Қорабоғдаги урушга Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги Совет Иттифоқи парчаланган пайтда юзага келган зиддиятлар сабаб бўлди. Бу аллақачон пишиб етилган можаро эди. Озарбайжон халқи 1990-йиллар бошидаги урушда ютқазгани учун энди интиқом олишга ҳаракат қилмоқда. Уларга кучли замонавий армия барпо қилиш учун бир оз вақт керак бўлди. Икки мамлакат вакиллари ўртасидаги музокаралар ҳеч қандай натижа бермади. Шу тариқа, Озарбайжон армиясининг кучайгани ва Туркиянинг расмий Бокуни шиддат билан қўллаб-қувватлаётгани ҳамда Арманистоннинг ён бериш хусусида музокара олиб боришга қобил эмаслиги Озарбайжон раҳбарларининг ҳарбий ғалаба қозонишга интилаётганига сабаб бўлди. Бу кутилмаган нарса эмас эди. Одамлар кўп йиллар давомида иш уруш билан тугаши мумкинлигидан огоҳлантириб келди, бироқ йирик давлатлар қандайдир сабабларга кўра бу ишга аралашмади, унинг олдини олишга уринмади ҳам. Шунинг учун ҳозирги урушга гувоҳ бўлиб турибмиз.
Агар Туркия урушдаги иштирокини кенгайтирса, бу қандай геосиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин?
Туркиянинг ўз минтақасида – Сурияда, Шарқий Ўрта ер денгизида, Ливияда, энди эса Озарбайджон тарафини тўлиқ қўллаб-қувватлаётган Тоғли Қорабоғда фаол ҳаракат қилаётгани одамни ҳайрон қолдиради. Барчамиз Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг Туркия минтақадаги етакчи ўйинчига айланади, деб ўйлаган эдик, бироқ нима сабабдандир Туркия Марказий Осиёга маданий таъсир кўрсатишдан нарига ўтмади. Шундан бери Марказий Осиё Россия, Хитой ва АҚШ ўртасидаги рақобат майдонига айланиб қолди. Бироқ Туркия Марказий Осиёда янги мавқени эгаллаши эҳтимолдан холи эмас. Ҳозирча расмий Анқара бу ерда на Россия ва на Хитойга қарши бораётгани йўқ. Лекин Туркиянинг шиддаткорлиги мени ҳайратга солмоқда. Аниқ бир гап айтиш учун унинг бу саъй-ҳаракатларини кейинги ўн йилликда кузатиш керак бўлади.
Хитой ушбу янги можароларда қандай мавқени эгаллаши мумкин?
Хитой Беларусда, асосан, Россиянинг позициясини қўллаб-қувватламоқда, лекин бу ўзгариб кетиши мумкин. Хитой ўз товарлари Беларусь орқали Ғарб мамлакатларига олиб ўтилаётгани учун ушбу мамлакатнинг Ғарбга ёпилиб қолишини истамайди. Айни дамда Хитой раҳбарияти Беларусдаги ижтимоий норозиликлардан саросимага тушиб қолган, аммо бундай муҳим мамлакатни талашиб, Россия билан орани бузмоқчи эмас. Узоқ истиқболда ушбу масалада ихтилофга ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Марказий Осиёда эса Хитойнинг манфаатлари ўсиб бормоқда. Мабодо Россия минтақада тартибни сақлай олмаса, бу ҳолат хитойликлар янада фаол роль ўйнашига олиб келиши мумкин, деган таассурот пайдо бўлмоқда.