Суратда: Теҳрондаги катта бозор. Атта Кенаре сурати / AFP Getty Images орқали
Муаллиф: Гули Йўлдошева – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази илмий ходими; сиёсий фанлар доктори; халқаро муносабатлар бўйича профессор-ўқитувчи. Гули Японияда (1998 йили), IREX стипендияси доирасида 1998 – 1999 йилларда, Фулбрайт стипендияси доирасида эса 2001 – 2002 йилларда АҚШда малака оширган. 2009 – 2010 йилларда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг сиёсий масалалар бўйича эксперти бўлган.
Пандемия Эроннинг ижтимоий-иқтисодий тизимидаги иллат ва камчиликларни очиб ташлади, ижтимоий норозилик ва ҳукуматга ишончсизликнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди, расмий доираларнинг ҳукумат хатти-ҳаракатларини очиқроқ танқид қилишга ундамоқда.
Эрон биринчилардан бўлиб коронавирус билан тўқнашган эди. Мамлакат ҳалигача коронавирус юқтирганлик ва ўлим ҳолати бўйича (110 мингга яқин киши уни юқтирган ва 6700 киши ҳалок бўлган) дунёда 10-ўринда турибди, апрель охирида кунлик вирус юқтирганлик ҳолатлари бир оз пасайган бўлса-да, орадан кўп ўтмай, яна кўтарилиб, кунига 1500 тагача чиқиб кетди. Эроннинг вирусга қарши курашдаги оғир аҳволи қўлланаётган санкциялар, нефть нархининг тушиб кетиши ҳамда жаҳоннинг тиббиёт товарлари ва препаратларидан изоляциялангани сабабли янада оғирлашиб кетди. Ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасидаги муваффақиятсизликлар узоқ муддатли иқтисодий турғунлик, ижтимоий норозилик ва ҳукуматга ишончсизлик ортиб бориши, ташқи ёрдамга қарамликка олиб келиши таҳдиди мавжуд. Пандемия мамлакатни Эрон-Ироқ урушидан сўнгги энг йирик инқироз домига тушириб қўйди.
Дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида бўлгани каби ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз ҳукуматнинг иш самадорлиги билан боғлиқ саволларни ўртага чиқармоқда. Эндиги инқироздан олдин ҳам беқарор бўлган ички сиёсий вазият ўз мақсад ва манфаатларини (Оятуллоҳ Хоменеий, мажлис, ҳукумат ва бошқаларнинг атрофидаги кишилар) кўзлаётган ҳукумат ва ноҳукумат гуруҳлари сабаб мураккаблашмоқда. Масалан, дунёвий кучлар прагматик қарорлар топишга интилаётган бўлса, дин пешволари мамлакатдаги диний муассасалар фаолияти давом этиши керак деб оёқ тираб туриб олмоқда. Бундай зиддият, мувофиқлаштирилмаганлик, шаффофлик йўқлиги ва қабул қилинаётган қарорларнинг самараси пастлиги омманинг ҳукуматга ишончсизлиги ҳақидаги масалани янада кескинлаштириб юбориши мумкин.
Иқтисодий инқироз
Жаҳон банки маълумотига кўра, Эрондаги иқтисодий пасайиш 2019 йилдаёқ 2018 йил охирида жорий этилган санкциялар сабаб тезлашиб кетган эди. Эрон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2018 / 2019 йилда (Эронда янги йил 21 мартдан бошланади) 4,7 фоиз пасайди. 2019/2020 йилда эса нефть соҳасидаги кескин пасайиш сабаб ушбу кўрсаткич 8,2 фоиз тушиши тахмин этилмоқда. 2020 / 2021 йилда пасайиш учинчи йил давом этиши ва мамлакат иқтисодиёти яна 3,7 фоиз қисқариши режалаштирилмоқда. АҚШ санкциялари қайта кучга киргандан сўнг Эронда нефть қазиб олиш кескин пасайди ва 2019 йил декабрига келиб, бир кеча-кундузлик кўрсаткич 2 миллион барреллик энг паст даражага тушиб кетди. Эрондан хом нефть импорт қилишнинг умумий ҳажми 2019 йил апрелидаги 3 миллион тоннадан ўша йил ноябрига бориб 600 минг тоннагача пасайди. 2019 йилнинг апрель – декабрь ойларида нефтга тааллуқли бўлмаган ЯИМ деярли ўсмади. 2020 йил баҳорида эса коронавирус эпидемияси саёҳат ва тижорат учун энг қизғин даврда савдо-сотиқ, туризм ва чакана савдонинг белига тепди.
Нефть нархи паст ва пандемия шароитида, Эрон ҳукумати башоратига кўра, узоқ муддатли изоляция режими 4 миллион ватандошни ишсиз қолдиради. Мамлакат парламентига қарашли тадқиқот маркази ҳисоб-китоб қилишича, эронликларнинг 40 – 55 фоизи ўта қашшоқ ҳолда яшайди. Аксарият эронликларнинг энг кам иш ҳақи, норасмий баҳоларга асосан, 100 доллардир, расмий баҳога кўра эса – 300 доллар. Фуқаролик жамияти фаоллари энг кам ойлик иш ҳақини, 40 фоизгача бўлган баланд инфляцияни ҳисобга олиб, 50,000 миллион риёлгача – 300 доллардан бир оз ошиқ – кўтаришни талаб қилмоқда, аммо ҳукумат ҳозирча 110 долларлик даражага рози бўляпти.
Таълим соҳасидаги инқироз
Коммуникация муаммоси жамиятда анча-мунча норозиликларга сабаб бўлди. Мамлакат статистика маркази ўтказган сўнгги сўров натижасига кўра, эронликларнинг 28 фоизи интернетга уланмаган ёки уланишда чекловлар мавжуд. Эрон таълим вазирлиги 10 мартдаёқ коронавирус тарқалишини камайтириш мақсадида барча мактаб ва университетлар ёпилишини эълон қилган эди. 4 апрелда мамлакат таълим вазирлиги SHAD миллий масофавий таълим илова дастурини расман ишга туширди. Ўқувчилар синфдошлари ва ўқитувчилари билан бирга виртуал дарсларда қатнашиш учун унга обуна бўлиши керак. Бироқ масофавий таълим кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда, уларнинг асосийси қашшоқлик ва интернет алоқасига уланиш чекланганидир. Аҳоли интернет хизматлари ҳақини тўлашга қобил эмас, ўқувчиларнинг ҳаммасида ҳам мобил телефон йўқ. Яна цензура мавжуд – ҳокимият идоралари ўқитувчиларга таълим бериш мақсадида ҳар қандай чет эл илова дастуридан фойдаланишни тақиқлаб қўйди. Оқибатда эронлик талабаларнинг 24,6 фоизи, ўқитувчиларнинг эса деярли 50 фоизи таълим платформасига обуна бўлган. Ҳатто расмий баҳоларга кўра, Систон, Белужистон сингари аҳоли қашшоқ яшайдиган вилоятларда SHAD иловасига талабаларнинг 6,8 фоизга яқини обуна бўлган, холос. Боз устига, “уйда ишлаш” платформаси керакли даражада ишламайди, у ўта мураккаблаштириб юборилган ва хатолари бор. Эрон парламенти вакили Ҳусайн Муҳаммад Солиҳий ўзи истиқомат қиладиган Исфаҳон вилоятининг қишлоқ туманида йўллар ўйдим-чуқур экани, баъзан телевизор кўрсатмай қолиши, интернет ҳақида гапирмаса ҳам бўлишига эътибор қаратди.
Ҳукумат ва жамият ҳамкорлигининг янги усуллари
Пандемия сабаб бўлган кўп томонлама инқироз ҳукумат билан жамият ўртасида янги бирдамлик шаклларини юзага келтирди ва бу ҳолат пандемиядан сўнгги истиқбол учун узоқ таъсир кучига эга оқибатларга олиб келиши мумкин. Пандемиянинг илк кунлари Эрон ҳукуматининг саросимага тушиб қолгани кейинчалик қатъий ҳаракатлар билан алмашди: коронавирусга қарши кураш бўйича штаб тузилди; жавоб чоралари ярим расмий даражада, хусусан, Эрон қуролли кучлари штабининг бирлашган раҳбари, генерал-майор Муҳаммад Ҳусайн Бакирий бошчилигидаги соғлиқни сақлаш ва коронавирусдан даволаш масалалари бўйича штаб – параллел буйруқ-назорат маркази билан ҳамкорликни ташкил қилиш орқали таъминланди; бутун мамлакат бўйлаб вирус тарқалиши ҳолатларини кенг миқёсда мониторинг қилиш бўйича расмий ва норасмий маҳаллий ташкилотлар орқали сафарбарлик ташкил этилди.
Ҳукумат билан хавфсизлик идоралари саъй-ҳаракатлари ўзаро мувофиқлаштирилиши жиддий сиёсий оқибатларга олиб келди. Масалан, март охирига келиб армия, Ислом инқилоби соқчилари ва Басиж кучлари бутун мамлакат устидан назорат ўрнатди. Апрель бошида давлат хавфсизлик органлари 3 ҳафта давомида деярли 100 минг маҳбусни озод қилди. Эронда ижтимоий фаолиятни ташкил қилиш бўйича мустақил илмий уюшма (ISASW) мамлакат ҳукумати кўмагида алоҳида гуруҳлар ва аҳоли гуруҳлари, жумладан, жуда кўп миқдордаги уйсиз кишилар ва болаларга ёрдам кўрсатиш бўйича профессионал тармоғини сафарбар қилди. Масжидлар ва шаҳарлар чеккаларида жойлашган хайрия ва маҳаллий уюшмалар ўз ҳаракатларини ижтимоий соҳа ходимлари билан мувофиқлаштирмоқда. Улар коронавирус инфекцияси билан касалланишдан огоҳлантириш чоралари ҳақида маълумот тарқатмоқда, эҳтиёжманд оилалар ва кишиларга ниқоб ва қўлқоплар, гигиена ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бермоқда. Аёлларнинг мустақил уюшмалари ННТлар воситачилигида ўқитилгандан сўнг ниқоб ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий фабрикалар ташкил қилди.
Шу тариқа пандемия давлат билан жамият ўртасидаги мавжуд муносабатларни Қўшма Штатларнинг ҳар қандай санкциялар режими ва уруш таҳдидидан кўра кўпроқ бузади, айни ҳолат одамлар давлат ва ижтимоий ҳокимиятнинг мажбурият ва имкониятларини, шунингдек, уларнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқини тушунишини ўзгартиради.
Ҳукуматнинг бошқа чоралари
Эронда пандемия шароитида иқтисодий фаолиятни тўхтатиб туриш масаласи жуда оғир бўлди. Президент Ҳасан Руҳоний шусиз ҳам санкциялар зулми остида қолиб келаётган Эрон иқтисодиётини тўлиқ тўхтатиб туриб бўлмаслиги ҳақида баёнот берди. Ҳукумат иқтисодий фаолиятнинг айрим турларини тиклашга қарор қилди. Касалликни юқтириб олиш ҳоллари бир оз пасайгани (кейинчалик у яна кўпайиб кетди) сабабли 12 апрелдан ҳукумат “оқилона ижтимоий масофаланиш” деб атаётган нарсани амалга оширишга киришилди. Ижтимоий кўмак чораларидан бири сифатида Ҳ. Руҳоний 23 миллионта оилага қарз ва кредит кўринишида Эроннинг Миллий тараққиёт жамғармасидан 1 миллиард доллар ажратди. Бир қанча ярим расмий идоралар, хайрия ташкилотлари ва хусусий сектор, жумладан, “Нафас” компанияси, диаспора гуруҳлари ташаббуси билан кўмак мақсадида пул йиғилиб, аҳолига ёрдам уюштирилди.
Ҳукумат халқаро кўмакка ҳам умид қилмоқда. Эрон марказий банки Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) ривожланаётган мамлакатларга пандемияга қарши курашда кўмаклашиш фондидан (Rapid Financing Initiative) мамлакатга 5 миллиард АҚШ доллари ажратишни сўради. Эрон ҳукумати АҚШ ҳукуматининг гуманитар ёрдамини рад этди, бунинг ўрнига санкцияларни бекор этишни талаб қилди. Президент Ҳ. Руҳоний улар давом этаётганини “иқтисодий ва тиббий терроризм” деб баҳолади. Дарҳақиқат, савдо-сотиқдаги чекловлар ва молия муаасасаларининг Эрон билан боғлиқ транзакцияларни амалга оширишни истамаслиги мамлакатда нарх-наво ошиб кетиши ва дори-дармон тақчиллигига сабаб бўлди.
Эрон ҳукумати бу масалада, олдингидай, Европа Иттифоқи (ЕИ), аввало, Британия, Франция ва Германия ёрдамига таянишга ҳаракат қилмоқда. Ушбу мамлакатлар 31 мартда Эронга санкцияларни айланиб ўтган ҳолда тиббий товарлар юбориш учун илк марта Instex махсус савдо механизмидан фойдаланган эди.
Эроннинг асосий шериги Хитой бўлиб қолаётганини, у асосий савдо шериги ва нефти харидорига айланганини қайд этиш жоиз. Бироқ Хитой билан қалин алоқалар сабаб Эронда эпидемия эрта тарқалиб кетган эди. Айрим маълумотларга қараганда, президент Ҳ. Руҳоний ҳукумати 31 январда барча парвозларни тўхтатгандан сўнг ҳам Ислом инқилоби соқчилари корпусига алоқаси бўлган Mahan Air авиакомпанияси Теҳрон билан Хитойнинг энг кўп коронавирус тарқалган 4 та шаҳрига қатновларини давом эттирган. Нима бўлганда ҳам, Пекин Эронга турли товарлардан иборат ёрдам ажратди ва ҳатто Weibo ижтимоий тармоғида хайрия каналини очди, биринчи куниёқ 567 минг АҚШ долларилик маблағ йиғилди.
Дин ва давлат
Гарчи ҳукуматда етакчи кучга эга бўлган ислоҳотчилар билан консерваторлар шошилинч иқтисодий чоралар кўриш зарурлигини тан олаётган бўлса-да, уларнинг мафкуравий рақобати қарор қабул қилиш жараёнидаги қийинчиликларга сабаб бўлмоқда ҳамда дунёвий бошқарувга даъват этувчи овозлар ҳамда давлат ва диннинг роли ҳақдаги эски мунозаралар кучаймоқда.
Хусусан, мамлакатнинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаменеий 22 мартдаги Эронда янги йили киришига бағишланган ваъзида пандемия юзага келишига “инсоният душманлари”, шунингдек, жинлар ёки “ёвуз руҳлар” сабабчи эканини айтган эди. Бироқ шунга қарамасдан, ҳукумат прагматик қарор қабул қилиб, Машҳад шаҳридаги саккизинчи имом Ризо ва муқаддас Кум шаҳридаги унинг синглиси Фотима бинти Мусо масжидларини ёпди. Айни воқеа унчалик кўп бўлмаган дин мутаассиблари норозилигини келтириб чиқарди. Германиядаги халқаро муносабатлар ва хавфсизлик институтининг (SWP) эроншунос ходими Озода Замирарад шу муносабат билан ёзишича, “асрлар давомида иммунитет ва шифо маскани сифатида қаралиб келган зиёратгоҳларнинг ёпилиши шиалар эътиқодини демистификация қилиш, яъни сирлилигини фош қилиш билан баробардир”. Шунга қарамай, эронликларнинг аксарияти мўътадил мусулмонлардир. Улар дин билан фан турли соҳалар эканини, бир-бирига зид бўлиши шарт эмаслиги ва бирга мавжуд бўлиши мумкинлигини тушунади. Тақводор эронликлар, секуляризм – дунёвий жамият мафкурасининг янги тўлқинига қарамай, динни вирусдан ҳимоя воситаси деб билмоқда.
Энди нима бўлади?
Пандемия Эроннинг ижтимоий-иқтисодий тизимидаги иллат ва камчиликларни фош қилиб ташлади, ижтимоий норозилик ва ҳукуматга ишончсизликнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди, расмий доираларнинг ҳукумат хатти-ҳаракатларини очиқроқ танқид қилишга ундамоқда. Шу билан бирга, у Эрондаги дунёвийлик тамойилларига янги туртки берди ва ислоҳотчилар билан консерваторлар ўртасидаги мафкуравий қарама-қаршиликни кучайтирди. Қарор қабул қилиш, илм-фан ва таълим соҳаларида прагматизм ва рационализмнинг ўсиб бораётгани мамлакатда дунёвий ислоҳотлар ўтказишга йўналиш олиш суръати ортиб бераётганидан далолат беради.
Марказий Осиё мамлакатлари учун маданий жиҳатдан қардош бўлган Эрон ҳукумат билан фуқаролик жамияти, диний ва дунёвий ғоялар қандай қилиб у ёки бу даражада муваффақиятли ҳамкорлик қилиши, етарли бўлмаган ижтимоий таъминот ва иқтисодий бошқарув заифлиги нималарга олиб келиши мумкинлиги борасида ёрқин мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин. Иқтисодиётнинг нефть ва ташқи, асосан, Хитой инвестицияларига қарамлиги омиллари ушбу қатордан алоҳида ўрин эгаллайди.
Диний нуқтаи назардан тобора мутаассиблашаётган Марказий Осиё минтақаси учун бугунги кунда теократик Эрондаги дунёвийлик тамойиллари, ҳукумат билан фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорлик усуллари ўсиб бораётгани ҳар қачонгидан кўра сезиларли сигнал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу омилларни ўз вақтида ҳисобга олиш минтақага радикализм сари сирғалиб кетиш потенциалини чеклашда ва фуқаролик жамиятини коронавирус пандемиясига қарши курашга самарали сафарбар қилишда ёрдам бериши мумкин. Минтақадаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда қардош ва жуғрофий жиҳатдан ёнма-ён ва янгиланаётган давлатларнинг бир-бирига кўмаги истиқболда ноқулай ташқи омилларга қарамликни камайтириши турган гап.