Дунёдаги барча кишилар саломатлигига хавф солаётган оғир буҳронга қарамай, дунёнинг иккита етакчи мамлакати: АҚШ билан Хитой ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги турдаги коронавирусга қарши курашда ҳамкорлик қилиш ўрнига тобора кескинлашмоқда.
Хитойнинг яқинда New York Times, Wall Street Journal ва Washington Post журналистларини ҳайдаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилгани, шунингдек, ушбу оммавий ахборот воситаларини (ОАВ) чет эл агенти сифатида рўйхатдан ўтказишни талаб сифатида қўйгани кутилмаган, аммо тушунарли қадам бўлди, чунки Ухандаги воқеалардан сўнг бутун дунёда синофобия (Хитойга, хитойликларга ва Хитойга тегишли барча нарсаларга муросасизлик ва нафратни англатадиган атама) даражаси ошди. Президент Доналд Трамп коронавирусни “Хитой вируси” деб атади, бу расмий Пекинга жуда оғир ботди (ваҳолонки, Хитой президенти Си Цзинпин ҳам уни “Ухань вируси” деб атамоқда). Foreign Policy ёзишича, Хитойда чет элликларга қарши салбий кайфият тўлқини бошланмоқда: “Хитойдаги америкаликлар ва Ғарб мамлакатларининг бошқа ватандошлари полиция ўзларини сўроқ қилаётганини, бир жойдан иккинчи жойга боришини чеклаётганини ва текширувлари кўпайиб кетаётганини хабар бермоқда”. АҚШда Хитойнинг расмий каналлари орқали тарқатилаётган хабарлар – вирус гўё Хитойда пайдо бўлмагани, АҚШ ҳарбий хизматчилари вирусни у ерга олиб киргани ҳақидаги ахборот янада оғриниб қабул қилинмоқда. Ушбу тахминни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзян эълон қилди: “АҚШ армияси эпидемияни Уханга олиб келган бўлиши мумкин, – деб ёзди у Твиттерда. – Очиқ айтинглар! Қўлингиздаги маълумотларни эълон қилинглар! АҚШ бизга тушунтириш бериши керак!” Хабар қилинишича, яқинда Осиё ва Африка мамлакатларига яқинда Хитойга қарши баёнотлар бериб сафар қилган АҚШ давлат котиби Майк Помпео давлат маслаҳатчиси Ян Цзечи ва Хитойнинг АҚШдаги элчисига ушбу Твиттер хабаридан сўнг норозилик билдирди.
Йил бошида савдо битими имзоланганига қарамасдан, сўнгги ойларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар анча-мунча ёмонлашди.
Washington Post ёзишича, Вашингтонда коронавирус билан боғлиқ инқироз АҚШ билан Хитой иқтисодиётининг “ўзаро ажрашиши” билан тугаши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу ҳақда гапираётганлар айни “ажрашиш”нинг устун тарафларини Хитой товарлари импортига қарамлик пасайиши, савдо тақчиллиги камайиши, иш ўринларининг АҚШга қайтарилишида кўрмоқда, яъни Трамп маъмуриятининг савдо музокараларидан кўзлаган мақсадларига коронавирус инқирозидан сўнг бемалол эришиш мумкиндай туюлмоқда.
Бироқ Хитой ҳукумати бунинг тескариси ҳақида бош қотирмоқда. Пекин инқироздан Хитойнинг “поствирус стратегияси”нинг бир қисми сифатидаги иқтисодий стратегияни олға силжитиш учун фойдаланишга ҳозирлик кўрмоқда, дейилади Horizon Advisory консалтинг компаниясининг Хитой ҳукумат идораларидаги расмий манбалар ва ОАВ материалларига асосланувчи ҳисоботига асосланган материалда. Ўша манбаларда айтилишича, Пекин Ғарб мамлакатларидаги иқтисодий пасайишни ўз фойдасига ишлатишни режалаштирмоқда, Хитой чет мамлакатларга бевосита инвестициялар киритишни ҳамда Ғарбни ўта муҳим соҳаларида бозор улушини эгаллаб олишни кўзлаётир.
Бошқа материалда келтирилган маълумотларга асосан, Хитойнинг давлат оммавий ахборот воситалари шарҳловчилари ушбу мамлакат компанияларини чет эллардаги 5G, тезюрар темирйўллар, янги энергия ресурслари, сунъий ақл ва саноат интернети сингари ўта муҳим соҳаларга посткоронавирус экспансиясини бошлашга даъват қилмоқда. “Инқирозни имкониятга айлантириш, ишончни ошириш ва дунёдаги барча мамлакатларни “Хитойда ишлаб чиқарилган” маҳсулотларга боғлиқ қилиб қўйиш мумкин”, − деб ҳисоблайди Хитой фанлар академияси ходими Хитой фуқаролик ишлари вазирлиги директори Хан Цзян.
Чиндан ҳам, Financial Times газетаси Хитой ҳукумати учун тарғибот фожиаси сифатида бошланган коронавируснинг кенг тарқалиб кетиши энди Пекиннинг фойдасига хизмат қилаётганини айтмоқда. Хитойда пайдо бўлган янги нарративга[1] кўра, Коммунистик партия ушбу касалликка қарши курашда кескин чоралар кўриб, муваффақиятга эришди, бу ҳол АҚШ ва Европанинг аксарият мамлакатларида шошма-шошарлик билан кўрилаётган аралаш-қуралаш чораларнинг бутунлай тескарисидир. Хитойда ўсиш рўй бераётгани, Ғарб мамлакатлари эса узлуксиз таназзулга юз тутаётганига ишончнинг ҳам янги тарафдорлари пайдо бўлмоқда.
Хитойда вирус тарқалиши камая боргани сари Пекин ўз обрўсини тиклаш учун кўпроқ ҳаракат қилаверади. Италияликлар Европа Иттифоқига аъзо қўшни мамлакатлардан кўмак келмаётганидан хафа бўлиб турган пайтда Хитойдан ушбу мамлакатга тиббий кўмак етиб келди. Пекин 1000 та ўпкани сунъий шамоллатувчи қурилма, 2 миллионта ниқоб, 100 мингта респиратор, 20 мингта ҳимоя кийими ва 50 мингта тиббий текширув тўплами юбориш мажбуриятини олганини эълон қилди. Хитой ҳукумати яна Эронга тиббиёт бригадалари ва 250 мингта ниқоб, Сербияга юклар жўнатди. Сербия президенти, “бизга ёрдам бериши мумкин бўлган ягона мамлакат Хитойдир”, деб айтди.
Ҳозирча Хитой инқироздан бутунлай чиқиб кетганини кафолатлаб бўлмайди. Янги, чет элдан вирус юқтириш ҳолатлари билан боғлиқ хавотирлар мавжуд, шунингдек, одамларнинг бир жойдан бошқа жойга боришига оид чекловлар бекор қилингандан кейин нима бўлиши ҳам аниқ эмас. Бироқ мамлакатда вирус юқтирганлик билан боғлиқ янги ҳолатлар йўқлиги мамлакат амалдорларининг баёнотларига ишонч бағишламоқда. “Хитойнинг ушбу курашдаги кучи, иш самарадорлиги ва тезлиги кенг миқёсдаги эътирофларга сазовор бўлди, – хурсанд кайфиятда давом эттиради Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян. Унинг фикрича, Хитой “эпидемияга қарши курашда глобал саъй-ҳаракатларнинг янги стандарти”ни ўрнатди. Шу билан бирга, буларнинг барчаси президентнинг аҳамиятини оширмоқда ва уни самарали раҳбар эканлигини кўрсатмоқда. Инқирознинг дастлабки ҳафталарида жамоатчиликка кўриниш бермаган Си Цзинпин энди тез-тез кўриниб, Уханга ҳам шахсан ташриф буюрди ҳамда ўз халқига умид ва ҳимоя ҳиссини бахш этди. Доналд Трамп билан солиштирганда, ер билан осмонча фарқ бор – АҚШ президенти ўзини бутунлай бошқача тутмоқда.
АҚШ Трамп раҳбарлигида ушбу инқирозга нисбатан кўпроқ миллатчилик ёндашувини танлади. Ушбу ёндашув коронавирусга қарши якка ўзи вакцинага эга бўлиш, бошқа мамлакатлар билан чегараларни эрта ёпиш ва айни муаммога қарши курашда бирор глобал формат ташаббуси билан чиқиш истагининг деярли йўқлигида намоён бўлди. Вирус кенг тарқалган Эрон ва Венесуэла сингари мамлакатларга вирусга қарши курашда зарур воситаларни олишга ёрдам бериши мумкин бўлган санкцияларни бекор қилишни хоҳламади. Маҳаллий сайловчилар томонидан қўллаб-қўвватланган сиёсат чет мамлакатларда ҳар доим ҳам ижобий қабул қилинмаслиги мумкин. Сўнгги йилларда АҚШнинг глобал миқёсдаги етакчилигини Хитой, Россия, баъзи ҳолларда нисбатан кичик ўйинчилар ҳам жиддий қабул қилмаяпти. Брекзитдан кейинги Европа ҳам, ҳатто яқинда Британиянинг янги 5G мобил тармоғига Хитойнинг Huawei телекоммуникацион компанияси ускуналарини етказиб беришга русхат этган Бирлашган Қироллик ҳам АҚШдан нисбатан изоляцияланган сиёсат юритмоқда. Foreign Affairs журнали коронавирус пандемиясидан сўнг бутун бошли глобал тартиб ўзгариши тўғрисидаги масалани ўртага ташлади: “Глобал тартиб бошидан аста-секин, сўнгра бир лаҳзада ўзгариш тенденцияси – тамойилига эга. 1956 йилда Британия ҳокимиятининг Миср шимоли-шарқидаги порт шаҳар Сувайш ишларига муваффақиятсиз аралашуви Британия ҳокимияти таназзули ва Буюк Британиянинг жаҳоннинг етакчи мамлакати сифатидаги интиҳосидан далолат берган эди. Бугун АҚШ сиёсий арбоблари Қўшма Штатлар айни вазиятга мос тушадиган йўл тутувчи амалларни бажармаса, коронавирус пандемияси улар учун “Сувайш лаҳзаси”ни англатиши мумкинлигини тан олиши керак бўлади”.
Сурат манбаси: qz.com, фото: REUTERS/DAMIR SAGOLJ
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Нарратив ( инглизча ва французча “narrative”, лотинча “narrare” – “ҳикоя қилмоқ” сўзидан) – бир-бири билан боғлиқ кўплаб воқеалар ҳақида мустақил яратилган ҳамда ўқувчи ёки тингловчига сўз ва тимсолларнинг изчиллиги тарзида тақдим этилган ҳикоя.