Сурат манбаси: nytimes.com
Жорий йил 29 февралда Қатарнинг Доҳа шаҳрида АҚШ ҳукумати билан “Толибон” ҳаракати ўртасида тинчлик битими имзолангани дунё оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди ва турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Бироқ битимга эришилгандан сўнг орадан икки кун ўтмаёқ, АҚШ қўшинларининг Афғонистон жанубида “Толибон” ҳаракатига зарба бергани вазият ниҳоятда қалтис эканини, тинчликни битта битим билан қўлга киритиб бўлмаслигин кўрсатмоқда.
UzAnalytics таҳлилий сайти ушбу битим имзоланишига бағҳишланган айрим мақолаларнинг қисқача баёнини эътиборингизга ҳавола қилади.
“Афғон можароси: АҚШ билан “Толибон” 18 йиллик урушга барҳам бериш учун битим имзолади”
Афғонистондаги уруш нега бу қадар узоқ давом этаётгани тўғрисида турли хил фикрлар билдирилиб келмоқда. Бунга “Толибон”нинг кескин қаршилик кўрсатиши, Афғонистон ҳукумати кучлари ва бошқарувининг чеклангани ҳамда бошқа мамлакатларнинг қўшинлари ушбу мамлакатда узоқ вақт ушлаб туришни истамаслиги сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Би-Би-Си Умумжаҳон хизматининг ушбу номдаги мақоласида мабодо жангарилар келишувга амал қиладиган бўлса, АҚШ билан унинг НАТОга аъзо иттифоқчилари 14 ой ичида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетишга рози экани айтилади.
Шу муносабат билан АҚШ президент Доналд Трамп Афғонистондаги “узоқ сафар”дан қўшинларини уйга қайтармоқчи эканини маълум қилди. Унинг фикрича, “Толибон” ҳаракати узоқ вақтдан бери АҚШ билан битимга эришишга ҳаракат қилиб келган.
“Толибон” билан ушбу масала юзасидан музокаралар давом эттирилади.
Шу пайтгача АҚШ қўшинлари минглаб жангариларни ўлдирган, “энди бу ишни бошқалар қиладиган вақт келди, бу “Толибон” ёки [Афғонистонни] ўраб турган бошқа мамлакатлар бўлиши мумкин”лигини айтган президент “Толибон” “ҳаддидан ошадиган бўлса”, қўшинлар яна ушбу мамлакатга қайтиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирди.
АҚШ 2001 йил сентябрида “Ал-Қоида” гуруҳи Нью-Йоркда учоқлар билан ҳужум уюштиргандан сўнг орадан бир неча ҳафта ўтиб, Афғонистонга қўшин киритган эди. Ушбу уруш давомида АҚШнинг 2400 дан ошиқ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди, 12 мингдан ошиғи эса ҳамон ҳамон афғон тупроғида қолмоқда.
Қатар пойтахтида битимни АҚШни Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва “Толибон”нинг сиёсий масалалар бўйича раҳбари мулла Абдулғани Биродар имзолади. Имзолаш маросимида АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳозир бўлди ва у толибларни “Ал-Қоида” билан алоқаларни узиш ҳақидаги ваъдасини бажаришга чақирди.
Айни чоқда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан музокара ўтказди. Ашраф Ғани “Толибон” билан музокара қилишга тайёр эканини, бутун мамлакат “оташкесимга умид билан кўз тикиб тургани”ни айтди.
Битимга кўра, дастлабки 135 кунда АҚШ Афғонистондаги ҳарбий хизматчилари сонини 8600 кишигача қадар қисқартиради. Бу Трампнинг ноябрдаги сайлов олдидан қўшинларни Ватанга қайтараётганини намойиш қилиши учун муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 1 мартига қадар 5000 нафар “Толибон” маҳбуси ва 1000 нафар Афғонистон хавфсизлик кучлари маҳбусини ўзаро алмашиш бўйича музокара бошланиши керак.
АҚШ “Толибон”га қарши санкцияларини бекор қилади ҳамда ҳаракатга қарши БМТ жорий этган алоҳида санкцияларни бекор қилиш бўйича ушбу ташкилот билан иш олиб боради.
Афғонистондаги аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи фаоллар айни битимдан ва толибларнинг ҳокимиятга қайтишидан хавотирга тушмоқда.
Мақолада қайд этилишича, “ушбу жараён толиблар учун ҳам, Афғонистоннинг собиқ етакчи ветеранлари учун ҳам, сўнгги 20 йил ичида туғилиб ўсган ҳамда бошқа келажакни орзу қилаётган янги авлоди ҳам учун синов бўлади”.
Қайд этиш жоизки, гарчи 2011 йилдан бери Қатарда АҚШ билан “Толибон” раҳбарлари ўртасида тинчлик битими тузиш юзасидан 9 марта музокара ўтказилган бўлса-да, толиблар етакчилари Афғонистон ҳукумати билан музокара қилишга унамади.
Музокаралар билан бир қаторда коалиция кучлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари билан толиблар ўртасида тўқнашувлар ҳам юз бериб турди.
2001 йилдан бери давом этаётган урушда Афғонистон тинч аҳолиси, жангарилар ва ҳукумат қўшинларидан қанча киши ҳалок бўлганини ҳисоблаб чиқиш қийин. БМТнинг 2019 йил февралида эълон қилинган ҳисоботида 32 минг тинч аҳоли қурбон бўлгани айтилади. Браун университетининг Уотсон институти ҳисоб-китобича, 58 минг ҳавфсизлик ходими ва 42 минг мухолифат жангчиси ҳалок бўлган.
Афғонистондаги уруш нега бу қадар узоқ давом этаётгани тўғрисида турли хил фикрлар билдирилиб келмоқда. Бунга “Толибон”нинг кескин қаршилик кўрсатиши, Афғонистон ҳукумати кучлари ва бошқарувининг чеклангани ҳамда бошқа мамлакатларнинг қўшинлари ушбу мамлакатда узоқ вақт ушлаб туришни истамаслиги сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Шулар қаторида яна бир омил – Покистон толибларни қўллаб-қувватлаб турганини ҳам эсдан чиқариб бўлмайди.
“Қўшма Штатлар билан “Толибон” имзолаган битим тафсилотлари”
Битимда АҚШ ва НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш, “Ал-Қоида”нинг Афғонистон заминидан туриб АҚШ ва унга иттифоқчи мамлакатларга таҳдид этишига йўл бермаслик, толибларнинг Афғонистон ҳукумати билан тинчлик ўрнатиш бўйича музокара бошлаши, АҚШнинг “Толибон”га нисбатан жорий қилган санкцияларини бекор қилиш шарт қилиб қўйилган.
“Рейтер” агентлигининг номи сарлавҳада келтирилган мақоласида Қўшма Штатлар билан “Толибон” исёнчилари чет эл қўшинларини Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиш ва 18 йиллик урушга барҳам беришга йўл очиши мумкин бўлган битимни имзолагани тафсилотлари келтирилади.
Битимда АҚШ ва НАТО қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш, “Ал-Қоида”нинг Афғонистон заминидан туриб АҚШ ва унга иттифоқчи мамлакатларга таҳид этишига йўл бермаслик, толибларнинг Афғонистон ҳукумати билан тинчлик ўрнатиш бўйича музокара бошлаши, АҚШнинг “Толибон”га нисбатан жорий қилган санкцияларини бекор қилиш шарт қилиб қўйилган.
Экспертлар афғонлараро музокара жуда қийин кечишини, чунки шу пайтгача унда Афғонистон ҳукумати четлаб ўтилганини айтмоқда. Масаланинг бошқа бир мураккаб жиҳати ҳам бор: ўтган йили бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини амалдаги президент Ашраф Ғанига рақиб бўлган Абдулла Абдулла тарафдорлари тан олмаяпти. Шунинг учун ҳукумат тарафидан музокарада ким қатнашиши аниқ эмас.
“Биз, толиблар, нимани истаяпмиз”
“Модомики, биз чет эллик душман билан битимга эришаётган эканмиз, музокаралар ёрдамида афғонлараро келишмовчиликларни ҳам бартараф этишимиз шарт”, деб ёзади Ҳаққоний.
“Толибон” раҳбари муовини Сирожиддин Ҳаққонийнинг “Нью-Йорк Таймс” газетасида чот этилган мақоласида “одамларни ўлдириш ва майиб қилиш тўхтатилиши кераклигига ишончим комил”, дейилади.
Айтишича, “Толибон” ҳаракати билан 2018 йилда музокара бошлаган бўлса-да, 18 йиллик урушдан сўнг унинг бирор натижа беришига ишонмаган, чунки олдинги бир неча уринишлар натижа бермаган.
“Биз тинчликка эришиш учун ҳар қандай потенциал имкониятни ‒ гарчи у жуда кам натижа берса-да − бой беришни нодонлик бўлади, деб ҳисобладик. 40 йилдан ошиқ вақтдан бери ҳар куни афғонлар қимматли ҳаётидан айрилмоқда. Ҳар бир киши яхши кўрган одамини йўқотди. Ҳамма урушдан чарчаган. Одамларни ўлдириш ва майиб қилиш тўхтатилиши кераклигига ишончим комил”, деб ёзади у.
Муаллиф фикрича, толиблар урушни танламаган, мамлакатга бостириб кирган чет эл қўшинларига курашишга мажбур бўлган, ҳамкасблари 18 ой давомида америкаликлар билан тинимсиз музокаралар олиб борган, ҳатто президент Трамп музокарани тўхтатиб қўйган пайтда ҳам эшикни очиқ қолдирган.
У яна Афғонистон ичкариси ва ташқарисида янграётган, чет эл қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан сўнг мамлакатни қандай ҳукумат бошқаради, деган саволга жавоб берар экан, бу афғонлар ўртасидаги муросага боғлиқ бўлишини айтади.
“Ҳеч ким ушбу жараённи олдиндан белгилаб қўйилган натижалар ва дастлабки шартлар билан тўлдириб ташламаслиги муҳим. Биз бошқа томонлар билан янги ва барчани қамраб олувчи сиёсий тизим яратиш йўлида ўзаро маслаҳатлашув ва чуқур ҳурмат билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, ўша тизимда ҳар бир афғоннинг овози акс этиши ва ҳеч бир афғон ўзини четда қолдим, деб ҳисобламаслиги муҳим”, дея таъкидлайди Ҳаққоний.
Муаллиф мақолада Афғонистоннинг урушдан сўнгги келажаги, ташқи дунё билан алоқалари, мамлакатда барчанинг тенҳуқуқлигини, аёлларнинг эса исломда белгилаб қўйилган ҳуқуқини таъминлаш, чет элларда қочқинда юрган ватандошларни юртга қайтариш масалаларини ҳам тилга олади.
Яна у умумий келажакни аниқлаб олиш учун Афғонистондаги турли гуруҳлар ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлар экан, “бунга ишончим комил. Модомики, биз чет эллик душман билан битимга эришаётган эканмиз, музокаралар ёрдамида афғонлараро келишмовчиликларни ҳам бартараф этишимиз шарт”, деб ёзади.
“Ишониш қийин: Афғонлар АҚШ-“Толибон” битимига шубҳа билан қарамоқда”
“Агар “Толибон” қайтадиган бўлса, афғон аёллари ҳамма нарсадан: 18 йил давомида эришилган ютуқлар ва ҳатто идентитети – кимлигидан айрилади. Агар толиблар олдин мамлакатни бошқарган вақтдан бери фикрини ўзгартирмаган бўлса, афғон аёллари асосий жабрдийда бўлиб қолаверади”, деди Ҳусайний.
“Ал-Жазира” телекомпанияси журналисти Ширина Қозийнинг зикр этилган мақоласида АҚШ билан “Толибон”нинг битимга эришиши Афғонистондаги аёллар ҳуқуқи тақдири хавф туғдирмайдими, деган саволни ўртага ташлайди.
Шанба куни Қатар пойтахти Доҳада эришилган битимда чет эл қўшинларини Афғонисондан олиб чиқиб кетиш, “Толибон” бундан буён АҚШ ва иттифоқчилари хафсизлигига таҳдид қиладиган чет эл қуролли гуруҳларга йўл бермаслигига кафолат бериш сингари масалаларни қамраб олади.
Гарчи битимда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ваъда қилинган бўлса-да,
27 яшар Марям Ҳусайний ҳалигача опаси Нажибанинг ўлимига аза тута ётгани айтилади мақолада.
Ҳиндистон ва Японияда ўқиб келган Нажиба 2017 йили Кобулда давлат хизматчиларини олиб кетаётган автобусга “Толибон” ҳужум қилиши оқибатида ҳалок бўлган эди.
‒ Толиблар юзлаб гуноҳсиз кишиларни ўлдиргани учун афсус ҳам қилгани йўқ, ‒ дейди Ҳусайний.
БМТнинг Афғонистонга ёрдам бериш миссияси ҳисоб-китобича, сўнгги 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида 100 минг кишидан ошиб кетди.
“Толибон” вакиллари 18 ойлик саъй-ҳаракатлардан сўнг эришилган тинчлик битимини ўзининг “ғалабаси” деб атай бошлади. Ўша тадбирда қатнашган АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳаракат вакилларини Афғонистонда тинчлик ўрнатишга чақирди.
Афғонистондаги аёллар ҳуқуқи фаоллари толибларнинг ҳокимиятга келишидан ва аёллар ҳуқуқини поймол қилишидан ташвиш билдирмоқда.
− Агар “Толибон” қайтадиган бўлса, афғон аёллари ҳамма нарсадан: 18 йил давомида эришилган ютуқлар ва ҳатто идентитети – кимлигидан айрилади. Агар толиблар олдин мамлактани бошқарган вақтдан бери фикрини ўзгартирмаган бўлса, афғон аёллари асосий жабрдийда бўлиб қолаверади, − деди Ҳусайний.
“АҚШ билан “Толибон” қўшинларни олиб чиқиш битимини имзолади; ишни оғир қисми энди бошланади”
“Толибон” билан музокара қилишдан олдин Афғонистоннинг икки етакчи сиёсий рақиби – Ашраф Ғани билан бош вазир Абдаллу Абдулла – исёнчилар билан ҳукуматнинг қайси аъзолари, мухолифат вакиллари ва фаоллари музокара қилиши кераклиги ҳақидаги мунозарани ҳал этиб олиши керак.
Абдулқодир Сиддиқий билан Александр Корнвелл мақоласида афғоналараро музокаралар жуда қийин кечиши айтилади.
‒ Афғонистонда узоқ муддатли тинчликка эришиш барча томонларнинг сабр-қаноати ва муросасини талаб қилади, ‒ АҚШ мудофаа вазири Марк Эспернинг сўзларидан иқтибос келтиради муаллифлар.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани “бутун мамлакат тўлиқ оташкесимга кўз тикиб тургани”ни билдирди.
Муаллифлар фикрича, Афғоинстонда тинчлик ўрнатилишини фақат “Толибон” ёки Афғонистон ҳукумати раҳбарлари эмас, оддий халқ ҳам чин дилдан истаётганига эътибор қаратади ҳамда Кобул четида яшайдиган 38 яшар мактаб ўқитувчиси Жовид Ҳасаннинг сўзларини келтиради:
− Тинчликка эришиш жуда осон ва мамлакатим бунга муносиб. Бугун биз ижобий ўзгаришларни кўришимиз мумкин бўлган кундир.
Қайд этиш жоизки, Ҳасаннинг фарзандлари 2018 йили “Толибон” бомба портлатиши вақтида ҳалок бўлган эди. Шундан бери у жаҳон мамлакатлари раҳбарларига урушни тўхтатишга даъват қилиб хатлар ёзиб келади.
“Толибон” билан музокара қилишдан олдин Афғонистоннинг икки етакчи сиёсий рақиби – Ашраф Ғани билан бош вазир Абдаллу Абдулла – исёнчилар билан ҳукуматнинг қайси аъзолари, мухолифат вакиллари ва фаоллари музокара қилиши кераклиги ҳақидаги мунозарани ҳал этиб олиши керак, дея хулоса ясайди мақолага муаллифлар.
“Трамп афғон битимини мақтагандан сўнг орадан бир кун ўтиб, АҚШ “Толибон”га зарба берди”
АҚШнинг Афғонистондлаги қўшинлари қўмондони генерал Остин Миллер журналистларга “Толибон” зўравонликни камайтирмайдиган бўлса, тинчлик жараёни омонат бўлиб қолишини айтди.
“Лос-Анжелес Таймс” газетасида чоп этилган мақолада АҚШ ҳарбий учоқлари чоршанба куни Афғонистон жанубидаги “Толибон” жагчиларига зарба бергани икки томон имзолаган дастлабки тинчлик битимини хавф остига қўйиши қайд этилади.
Газетанинг Афғонистондаги АҚШ қўшинлари воизи, полковник Сонни Лаггеттга иқтибосан хабар қилишича, Қўшма Штатлар учоқлари Ҳелманд вилоятининг ҳукумат қўшинларига қарашли назорат пункига ҳужум қилган жангариларни нишонга олган. Полковник бу амалиётни “мудофаа зарбаси” деб атаган.
АҚШнинг Афғонистондлаги қўшинлари қўмондони генерал Остин Миллер журналистларга “Толибон” зўравонликни камайтирмайдиган бўлса, тинчлик жараёни омонат бўлиб қолишини айтди.
АҚШ учоқлари жангариларга АҚШ президенти Доналд Трамп “Толибон” раҳбари билан телефон орқали Афғонистонда урушни тўхтатиш ҳақида гаплашганидан сўнг орадан бир кун ўтиб, ҳужум қилди. Бу АҚШ қўшинлари 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонда рўй берган террорчилик ҳужумидан бери Америка президенти жангарилар ҳаракати раҳбарларидан бири билан биринчи мулоқоти бўлди.
Аслида Трамп ўтган йил сентябрида Кемп-Дэвидда толиблар раҳбарлари билан учрашиб, тинчлик битимини ниҳоясига етказмоқчи бўлган, бироқ 1 Америка аскари ўлдирилгандан сўнг учрашув бекор қилинган эди.