Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети етакчи илмий ходими ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Акрам Умаров билан суҳбат.
Акрам Умаров Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 2016 йилдан бошлаб фаолият олиб бормоқда. Университетда жаҳон сиёсати, қўшни мамлакатлар билан халқаро муносабатлар ва замонавий дипломатия фанларидан дарс беради.
Унгача Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида ишлаган.
А. Умаров UzAnalytics билан бўлган суҳбатда илмий қизиқишлари, Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун долзарб мавзулар ҳақида фикр юритади.
Ушбу интервьюда билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ёки Ўзбекистондаги бошқа бирор муассаса нуқтаи назарини акс эттирмайди.
‒ Илмий изланишларингиз қайси мавзулар билан боғлиқ? Марказий Осиё ва Ўзбекистонга оид қайси соҳаларни тадқиқ қиляпсиз?
− Илмий қизиқишларим, асосан, Марказий Осиё минтақасидаги сиёсий, хавфсизлик ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни ўрганиш билан боғлиқ. Улар орасида қуйидаги йўналишларни устувор деб биламан:
Афғонистондаги вазият. 2016 йилда ниҳоясига етган докторлик диссертациям мавзуси ҳозирги вазиятда Марказий Осиё минтақавий хавфсизлигини таъминлашда афғон омили аҳамиятига бағишланган эди. Ушбу илмий ишда мен илгари сурган асосий ғоя Афғонистонга узоқ йиллар давомида Ўзбекистонга ва бутун минтақага хавф-хатар манбаи сифатида қарашлар ушбу мамлакатдаги можароли вазиятни янада оғирлаштирувчи омиллардан бири эканидир. Айни ёндашув Афғонистоннинг асрлар давомида Марказий Осиё минтақаси билан шаклланган чуқур ва кенг қамровли алоқаларини деярли тўлиқ чеклаб қўйган ва хавфсизлик нуқтаи назари бошқа барча йўналишлардан устун қўйилган. Мен илмий ишимда қўшни мамлакатга бундай муносабатни ўзгартиришга, ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўл очиш зарурлигига урғу берганман.
Турли ташқи кучларнинг Марказий Осиё минтақасидаги манфаатлари ва амалга ошираётган сиёсати таҳлили. Мен ушбу йўналишда АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, Эрон, Туркия ва бошқа давлатларнинг устувор манфаатлари ҳамда уларнинг минтақа мамлакатлари барқарор ривожланиши ва ташқи сиёсати шаклланишига таъсирини ўрганаман. Бунда, албатта, ушбу давлатларнинг Марказий Осиё билан хавфсизлик, сиёсат, энергетика ва иқтисодиёт соҳаларидаги ўзаро алоқалари, уларнинг ўзгариш динамикасини доимий равишда кузатиб, таҳлил қилиб бораман.
Ниҳоят, сўнгги пайтларда минтақа мамлакатларининг ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммоларини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпман. Яқинда якунланган тадқиқотим Қирғизистоннинг мустақиллик йилларида чет мамлакатлар ва турли халқаро ташкилотлардан олган молиявий ёрдамининг мамлакат равнақи, амалга оширилган турли ислоҳотлар натижасига таъсирини ўрганишга бағишланади. Ушбу изланишнинг дастлабки натижалари ташқи молиявий ёрдамга қарамлик, яъни ялпи ички маҳсулот шаклланишида унинг улуши катта бўлиши айрим ҳолларда давлат ислоҳотлари унумдорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Фикримча, минтақадаги ички салоҳиятдан оқилона фойдаланиш барча мамлакатлар тараққиёти гарови бўлиши мумкин. Кейинги илмий фаолиятимда ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги муаммоларини таҳлил қилишга кўпроқ эътибор қаратишни режалаштирганман.
‒ Хитойнинг “Макон ва йўл” ташаббуси (Belt and Road Initiative) ҳақида кўп айтилди ва ёзилди. 2015 йилги мақолангизда АҚШнинг “Янги ипак йўли” стратегияси билан Хитой ташаббусини таққослаган эдингиз. Ўша пайтдан бери қандай ўзгаришлар рўй берди?
‒ Ўша мақоламдан кейинги вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, АҚШнинг “Янги ипак йўли” стратегиясини Трамп маъмурияти эсдан чиқарди ҳисоб. Бироқ Вашингтоннинг яқинда эълон қилинган ва 2019 – 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясидан Марказий Осиё барқарорлигини таъминлаш, минтақанинг қўшни йирик мамлакатлар таъсирига тушиб қолиши олдини олиш ва қўшни Афғонистон билан муносабатларини мустаҳкамлаш сингари масалалар ўрин олган. Назаримда, Вашингтон баландпарвоз номлар ва концепцияларни илгари сурмаган ҳолда, Марказий Осиёга қаратилган ташқи сиёсатида айни устувор йўналишларни амалга оширишни давом эттирмоқчи.
Хитойнинг “Иқтисодий ипак йўли” лойиҳаси муайян эволюцион ривожланиш натижаси ўлароқ, ҳозирги кунда “Макон ва йўл” деб аталмоқда. Хитой ҳукумати ушбу янги ташаббусни молиялаштириш мақсадида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бир қанча бошқа жамғармалар тузди, яъни янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини ярата олди. Бироқ ҳали “Макон ва йўл” ташаббусини минтақамизда тўлақонли амалга оширишга киришилмади. Мен ушбу ташаббус доирасида илгари сурилаётган лойиҳаларни узоқ муддатдаги сифати, барқарорлиги, даромадлилиги, экологияга ҳамда мамлакатларнинг умумий иқтисодий ривожланишига таъсирини ҳар тарафлама таҳлил қилган ҳолда амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
‒ Хабарларга кўра, Хитой анчадан бери ўз “юмшоқ кучи”ни (soft power) минтақамизда кучайтиришга тараддуд кўриб келмоқда. Сизнингча, ушбу сиёсат бирор нарсага эришдими ёки уринишлар самарасиз кетдими?
‒ Хитойнинг Марказий Осиёдаги “юмшоқ кучи” бошқа йирик мамлакатлар (Россия ва АҚШ) билан солиштирганда, анча ортда қолмоқда. Россия “юмшоқ кучи”ни кўпроқ рус тилининг минтақамизда қарор топган махсус ўрни, умумий тарих ва оммавий ахборот воситалари орқали илгари сурмоқда. АҚШ эса ёшларга кўплаб таълим олиш имкониятлари ва ривожланиш даражаси юқорилиги билан минтақа халқлари эътиборини тортмоқда. Хитой ҳам шунга ўхшаш воситалар билан Марказий Осиёдаги таъсири ва жозидаборлигини оширишга уринмоқда.
Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати минтақа ёшларига ўз университетларида таълим олиши учун минглаб грантлар ажратмоқда, хитой тили ва маданиятини ўрганишга мўлжалланган Конфуций институтлари сонини кўпайтириш ҳамда маданий ҳамкорлик даражасини ошириш орқали “юмшоқ кучи”ни ривожлантиришга ҳаракат қиляпти. Бироқ сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида аҳолининг Хитойга қарши чиқишлари синофобия ҳалигача кенг тарқалганидан далолат беради. Коронавирус эпидемияси тарқалиши ҳам Хитойга ўқишга боришга интилаётган ёшлар сони камайишига сабаб бўлиши мумкин. Хитой маданиятини тўлақонли кўрсатишга мўлжалланган телекўрсатувлар, телевизион сериаллар ва хитойлик ижодкорларнинг минтақага сафарлари, хитойлик компанияларнинг минтақа иқтисодий ривожига қўшаётган ҳиссасини омма эътиборига тақдим эта билиш ушбу мамлакат имижининг Марказий Осиё халқлари кўз ўнгида ижобий тарафга ўзгаришига хизмат қилишини кутса бўлади.
‒ Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Ўзбекистоннинг унга қўшилиши ҳақида нима дея оласиз?
‒ Бу саволингизга аниқ бир нарса дейишим қийин. Лекин ЕОИИ билан ҳамкорлик даражасини аниқлашда кутилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларни тўлиқ ҳисобга олиш ва чуқур таҳлил қилиш лозим, деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ушбу масала бўйича эълон қилинган баъзи тадқиқотларда асосий эътибор кутилаётган иқтисодий оқибатларни ўрганишга қаратилмоқда ва умуман олганда, кўплаб ижобий натижалар кутилаётгани таъкидланмоқда. Бунда мамлакатимизнинг транспорт ва логистика, товарлар экспортини ошириш ҳамда иттифоққа аъзо мамлакатларда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига қулайликлар яратиш каби масалалар эътибор марказида бўлиб қолмоқда.
Мен иқтисодчи эмасман, шу сабабли бундай хулосаларга профессионал ва тўлақонли баҳо беришим қийин. Бироқ мустақилликка эришилгандан сўнг Ўзбекистон ташқи савдосида ҳозиргача қўшни ва бошқа постсовет мамлакатларининг салмоғи катта бўлиб қолаётганини таъкидламоқчиман. Шунингдек, ташқи йирик бозорларга чиқиш учун транзит йўллар ҳали ҳам, асосан, постсовет мамлакатлари ҳудуди орқали ўтишига эътибор бериш лозим, деб ўйлайман. Шу сабабли ушбу иттифоқ билан чуқур интеграциялашув йўлини танлаш мамлакатимизнинг ташқи экспорт бозорларини ва маршрутларини диверсификация қилишга бўлган рағбатларини сўндириши мумкин. Ҳозирги кунда ЕОИИга аъзо мамлакатлар ўртасида юзага келаётган кўплаб баҳслар ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш имкониятига эга бетараф, адолатли ва барча тарафлар тан оладиган механизм йўқлигига диққат қилиш керак.
Яна потенциал аъзоликнинг сиёсий оқибатлари ҳақида қисқача тўхталсам.
ЕОИИнинг етакчи мамлакати Россия Федерациясининг жаҳон ҳамжамиятидаги ҳозирги ўрни, бошқа йирик мамлакатлар билан мавжуд зиддиятлари, унга нисбатан жорий қилинган турли санкциялар ва уларнинг иқтисодиётга салбий таъсири чуқур ўрганилиши лозим.
Умумий хулосам шуки, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик шакллари ва истиқболларини ҳар тарафлама таҳлил қилиш, турли экспертлар учрашувларини ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва жамоатчилик эътиборига тақдим этиш лозим.
‒ Жорий йил бошида барчамиз АҚШ билан Эрон ўртасидаги зиддиятларни кузатдик. Ўзбекистон билан Қозоғистон ушбу вазият бўйича муносабат ҳам билдирди. Бундай можаролар Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
‒ Эрон атрофидаги вазиятнинг чигаллашиши Марказий Осиё давлатлари учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирги кунда АҚШ билан Эрон ўртасидаги муносабатлар аллақачон билвосита можарога айланиб бўлди. Сурия билан Ямандаги ички можаролар ортида йирик ташқи кучлар ва уларнинг манфаатлари тўқнашаётгани кундай равшан. АҚШ-Эрон муносабатларининг янада кескинлашиши бундай билвосита тўқнашувлар содир бўладиган ҳудудлар сони кўпайишига олиб келиши мумкин. Айниқса, минтақамизга қўшни ва у билан кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган Афғонистонда бундай тўқнашувлар вужудга келиши Марказий Осиё хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилади. Шунингдек, Яқин Шарқдаги барқарорликнинг бузилиши турли террорчилик гуруҳлари фаоллиги ошиши ҳамда Эрон ҳудудидан ўтадиган ва Марказий Осиё мамлакатлари учун қулай транспорт йўлларининг узоқ вақт бекилиши хавфи ҳам бор.
‒ Сизнингча, Марказий Осиё минтақашунослигида қайси мавзулар яхши ёки кам ўрганилган?
‒ Марказий Осиё бошқа минтақаларга қараганда олимлар ва экспертлар камроқ ўрганадиган ҳудуд ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунёда етакчи мақомга эга Ғарб илмий журналларида ва нашриётлар чоп қилаётган китобларда минтақамизга кўп эътибор берилмайди. Бироқ шунга қарамасдан, АҚШ, Европа мамлакатлари, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон ва баъзи бошқа мамлакатларда Марказий Осиёни тадқиқ қилишга қизиқадиган фидойи олимларни учратиш мумкин. Уларнинг қизиқиш доираси жуда кенг бўлиб, минтақанинг ривожланиш тарихи, антропологияси, маданияти, тиллари ва адабиёти, сиёсий вазияти, ташқи сиёсати ва бошқа соҳаларини ўрганмоқда.
Фикримча, кам ўрганилган муаммолар қаторига минтақанинг мустақилликка эришгандан сўнгги ривожланиш йўлида учраётган тўсиқлар, ички муаммоларнинг туб сабаблари, Совет Иттифоқи давридаги ҳолатининг холис таҳлили, ҳозирги босқичда давлат бошқарувидаги муайян камчиликларнинг моҳияти ва уларни бартараф этиш йўлларини киритиш мумкин. Шунингдек, минтақанинг ўзидан чиққан олимлар тадқиқотлари ва қарашларининг Ғарб нашрларида эълон қилинмаслигини Марказий Осиёни ўрганиш соҳасидаги энг катта муаммолардан бири деб ҳисоблайман. Бунинг, албатта, кўплаб объектив сабаблари бор – инглиз тилини мукаммал билиш талаби, Ғарб академик маданиятига мослашиш кераклиги ҳамда тадқиқот методологиясига бўлган юқори талаб ва бошқалар. Шу билан бирга, Ғарб талабларига мослаштирилган тадқиқотлар баъзи ҳолларда Шарқ академик маданиятининг ўзига хос жиҳатлари йуқолишига сабаб бўлмоқда, тадқиқотчилар, асосан, Ғарб концепцияларига боғланган ҳолда изланишлар олиб боришга мажбур бўлмоқда, бу эса Шарқнинг ноёб жиҳатларини очиб берадиган ғоялар пайдо бўлишига тўсқинлик қилмоқда.
‒ Ўзбекистонлик ёш олим ва сиёсатшуносларга нима маслаҳат берасиз?
‒ Уларга кўпроқ ўз устида ишлашни ва замонавий илмий адабиётларни мутолаа қилишни тавсия қиламан. Энг асосийси, ушбу жараён танқидий таҳлил нуқтаи назаридан олиб борилиши лозим. Ҳозирги ахборот хуружлари замонида ҳар бир тарқатилаётган янгиликни турли муқобил манбалар орқали текшириб боришга, танқидий ўрганишга чақираман. Шунингдек, минтақавий ва узоқ чет эллик етакчи олимлар, таҳлилий ва илмий марказлар билан ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим деб ҳисоблайман.
UzAnalytics сайти таҳририяти Акрам Умаровга мазкур интервью учун ўз миннатдорчилигини билдиради.
Сурат манбаси: eenergy.media