Сурат манбаси: chamber.uz
20 февраль куни Ўзбекистон Президентининг Туркияга амалга оширган икки кунлик сафари якунланди. Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви, Туркия ҳукумати кун тартиби ўта тиғиз бўлиб турган бир шароитда, яъни, Туркия ўзининг минтақавий сиёсатида жиддий қарорлар қабул қилаётган ҳамда бунинг ортидан халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлиб турган бир шароитда бўлиб ўтди. Бироқ мавжуд вазият аввалдан режалаштирилган мазкур ташрифнинг кун тартибига ҳамда унинг доирасида белгиланган тадбирларга ўз таъсирини кўрсатмади.
Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи дастуридан Отатурк қабрини зиёрат қилиш, икки мамлакат президентлари ўртасида тор доирадаги музокаралар, Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши, етакчи турк компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашув, шунингдек, дунёнинг энг бой манбага эга кутубхоналаридан бирининг очилиш маросимида иштирок этиш каби тадбирлар ўрин олган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг бу ташрифи, Ўзбекистон мустақиллик даврида давлат раҳбарларининг Туркияга амалга оширган олтинчи давлат ташрифи ҳисобланади. Постсовет даврида ушбу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни “силлиқ” бўлган, деб айтиш ҳақиқатдан узоқ, улар “ўзгарувчан” характерга эга эди.
“Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлик алоқалари ўзига хос хусусиятга эга. Бу ҳамкорлик ўтган йиллар давомида ўзаро ҳамкорликнинг юқори нуқтасидан, нол нуқтага қадар тушиб кетганлиги, икки томоннинг абадий дўстлик аҳдлашуви, кейинроқ халқаро минбарларда ошкора танқидлар ҳамда Туркия парламенти томонидан Ўзбекистонни Туркия дўстлашиши мумкин бўлмаган давлатлар рўйхатига тушушига қадар бўлган синовли йиллар ва бугунги кунда яна стратегик шериклик даражасига чиқиб, ҳамкорликнинг юқори нуқтасига қараб интилаётганлиги билан тавсифланади”, деди Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи ва Тошкент давлат шарқшунослик институтининг ўқитувчиси Шавкат Икромов UzAnalytics сайтининг мухбири билан суҳбатда.
– Мустақиллик даврида ўзбек-турк алоқаларини қандай таърифлаган бўлардингиз?
– Туркия Республикасининг Марказий Осиёга жумладан, Ўзбекистонга қизиқиши Мустафо Камол Отатурк давридаёқ бошланган. Бироқ советлар даврида марказ иттифоқ таркибидаги туркий халқларни Анқара “нигоҳидан” бекитиб келганлиги боис Туркия ўзининг Марказий Осиёдаги қардошлари билан ҳамкорликни шакллантира олмаган. Иттифоқнинг парчаланиши эса ўзаро ҳамкорлик учун янги йўл очиб берди. Мустақил Ўзбекистоннинг Туркия билан ўзаро ҳамкорлик алоқларининг эволюцияси ўзининг маълум хусусиятларига эга бўлган учта босқичдан иборат.
Биринчиси, 1991 йилдан 2005 йилгача бўлган давр, бу даврда ҳамкорлик алоқлари ўрнатилди (16 декабрь, 1991 йил), абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди (1996 йил), турк ишбилармонлари учун республикада кенг имкониятлар яратиб берилди, фаол маданий ҳамкорлик йўлга қўйилди, минглаб талабалар Туркияга ўқишга юборилди ҳамда Ўзбекистонда турк мактаб ва лицейлари ташкил қилинди. Ушбу давр мобайнида Туркия Президентлари ва бош вазирлари Ўзбекистонга расмий ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорликни томонлар имкониятларининг максимал даражасига олиб чиқишга ҳаракат қилди. Ўз ўрнида Президент Ислом Каримов ҳам 4 маротаба Туркияга ташриф буюрган (1991, 1994, 1997 ва 1998 йилларда) ва бир қанча натижаларга эришди, бироқ кутилганидек эмас. Фаол ва самимий бошланган ҳамкорлик алоқалари 90-йилларнинг ўрталарига келиб бир қатор саволлар олдида депсиниб қолди.
Иккинчи давр 2005-2016 йилларни ўз ичига олади ва турғунлик даври сифатида баҳоланади. Бу давр бир қанча омилларга кўра, яъни ички ва ташқи сиёсат ҳамда маълум шахсий сиёсий амбициялар доирасидаги қарорлар билан тавсифланади. Турғунлик даври 2005 йил Туркия БМТ Бош Ассамблеясида Андижон воқеалари юзасидан Ўзбекистон ҳукуматини номутаносиб куч ишлатганликда айбловчи резолюциясини маъқуллаб овоз беришидан бошланган эди (бу резолюция қабул қилинмаган). Шундан сўнг ўзаро муносабатлар доимий равишда ёмонлашиб борди. Томонлар ўртасидаги совуқчиликнинг яна бир омили 1993 йилда ватанни тарк этган мухолифат раҳбари М.Солиҳнинг Туркиядан сиёсий бошпана олиши ва уни Ўзбекистонга қайтариш тўғрисидаги расмий Тошкентнинг талабларини турк масъуллари бажармасдан келганлиги Ўзбекистон ҳукумати ёки давлат раҳбарининг шахсий сиёсий амбицияларига мос эмаслиги билан боғлиқ эди. Бу даврнинг асосий хусусиятларидан яна бири турк инвесторларининг мамлакатдан чиқариб юборишга бўлган уринишлар билан ҳам изоҳланади. 2011 йил Туркиялик йирик ишбилармон Вахит Гюнешга қарашли бўлган Тошкентдаги Turkuaz савдо мажмуасининг ёпиб қўйилиши ортидан турк-ўзбек муносабатларида бир қанча саволлар келиб чиқди. Бу давр 2014 йил Сочи шаҳрида Ислом Каримов ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни кўриб чиқиш тўғрисидаги келишувидан сўнг ўз якунига ета бошлаган.
Учинчи давр, 2016 йил Самарқанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Р.Т.Эрдоған ўртасидаги учрашувдан сўнг бошланди. Ўтган қисқа вақт давомида икки давлат раҳбарлари ўнга яқин тўғридан-тўғри мулоқотларни амалга оширди. Хусусан, 2017 йилнинг 25-27 октябрь кунлари Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюриб, Президент Эрдоған билан учрашди. Ушбу тарихий ташриф давомида Туркия ва Ўзбекистон ўртасида авиация, транспорт, сармоя, дипломатия, таълим, соғлиқни сақлаш, мудофаа, савдо, маданият, банк соҳаларида 26 та битим имзоланди, Бундан ташқари, 2017 йилда Эрдоған ва Мирзиёев Пекин, Риёд, Остона ва Нью-Йоркдаги халқаро тадбирлар доирасида музокаралар ўтказди, хамкорлик истиқболлари ва ҳалқаро вазиятларни муҳокама қилди. 2018 йилнинг 31 апрель – 1 май кунлари Туркия Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф давомида икки мамлакат президентлари Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари раҳбарларининг қўшма бизнес форумида иштирок этишди. Ушбу ташрифга жавобан куни кеча Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи амалга оширилди.
– Сизнингча, ушбу муносабатларни тиклашда қандай омиллар асос ва сабаб бўлган? Ўзбекистон ва Туркия алоқаларининг янги босқичда ривожланиши ҳақида фикрларингиз
– Халқаро экспертларнинг фикрлари ва шахсий кузатувларим асосида шуни айтишим мумкинки, Туркия ва Ўзбекистон муносабатларини қайта тикланиши ва бугунги кунда ривожланиб бораётганлиги Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги янгиланган республика ҳукуматининг сиёсий иродасига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик учун ҳар доим салоҳият, имкониятлар ва халқларнинг ҳоҳиши мавжуд бўлгани шубҳасиз. Шавкат Мирзиёев 2017 йилда илк маротаба Туркияга ташриф буюрганида жиддий ва кўп жиҳатдан мислсиз қадамлар ташлади. Менимча, бу ташриф инвестиция, технологияларни жалб қилиш ва энг асосийси ўзаро ишончни тиклаш, хусусан, турк ишбилармонлари орасида қайта ишонч қозониш борасида ҳам сиёсий нуқтаи назардан, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан ҳақиқий ютуқ бўлган эди. Бу ташриф, биринчи навбатда, Туркия Президенти билан жиддий сиёсий алоқа ўрнатилганини кўрсатди. Иккинчидан, Ўзбекистон иқтисодиётига турли соҳаларда: қурилиш, тўқимачилик саноати ва банк соҳасида турк инвестициялари кириб кела бошлади. Менинг фикримча, Туркия билан ҳамкорликни кучайтириш ҳозирги босқичда кўпроқ Ўзбекистон учун манфаатлидир.
2016 йилдан бугунги кунга қадар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг бешта кенгайтирилган мажлиси ва бизнес-форуми бўлиб ўтди. Жумладан 2019 йилнинг июнь оийда Анқарада бўлиб ўтган форум натижаларига кўра умумий миқдори ярим миллиард долларга яқин 62 та битим имзоланган.
Шунингдек, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан Истанбул ҳамда Анқара шаҳарларига доимий авиа қатновлар йўлга қўйилганлиги, турк сайёҳлари учун визасиз тартибнинг қўлланилиши, Туркия ва Ўзбекистон олий таълим муассасаларида талабалар алмашинувининг йўлига қўйилаётганлиги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг фаол ривожланаётганлигини кўрсатади. Хусусан, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) фаолияти ҳам республикамизда қайта жонлана бошлади. Бугунги кунда TIKA фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ҳамда тиббиёт соҳаларида бир қанча лойиҳалар билан республикамиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон-Туркия иқтисодий ва сиёсий муносабатлари ҳозирги кунда – ҳақиқатдан ҳам янги босқичда ва у ўзаро ишонч, манфаатдорлик ҳамда яқин истиқболда янада юксак марраларга эришиш сари дадил қадам ташлаётганлиги ва энг муҳими фаол ҳамкорлик алоқлари учун давлатларнинг сиёсий иродаси ва ҳоҳиши бор эканлиги билан тавсифланади, деб ўйлайман.
Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи доирасидаги асосий воқеалар
Мазкур ташрифнинг биринчи куни (19 февраль) Шавкат Мирзиёев Анқара шаҳридаги Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Мустафо Камол Отатурк қабрига гулчамбар қўйди, давлат раҳбари ушбу музей билан танишди ва мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.
Тор доирадаги музокаралар. Ўша куниёқ Туркия Президенти саройида Ўзбекистон давлат раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан,
– савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди;
– транспорт соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди;
– интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик йўналишларида Туркиянинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, университетлар ва илмий марказлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалаларига тўхталиб ўтилди;
– Ўзбекистонда замонавий қўшма клиникалар ва диагностика марказлари ташкил этиш, кичик бизнес, тўқимачилик каби йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш таклифи кўриб чиқилди.
Муносабатлар тарихида янги мулоқот формати. Анқара шаҳрида 19 февраль куни Олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот форматидир. У 2018 йили давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида олиб боради. Сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди.
“Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда беш миллиард долларга етказишга қаратилган устувор вазифаларни бажаришда ҳам ушбу кенгаш, албатта, муҳим замин бўлади. Биз бугунги йиғилиш натижаларини мустаҳкамлаб, келгуси йили бўлиб ўтадиган учрашувнинг кун тартиби ва ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳозирдан ўйлашимиз мақсадга мувофиқдир”, деди Президент Шавкат Мирзиёев Кенгашда сўзлаган нутқида.
Музокаралар якунида икки мамлакат раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
“Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи мулоқотимизнинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Туркиянинг етакчи компаниялари билан қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик”, деди Шавкат Мирзиёев музокаралар якунида.
Туркиянинг бизнес вакиллари билан учрашув. 20 февраль куни Ўзбекистон Президенти Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди. Тадбирда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), “Гебзе” уюшган саноат зонаси, “Зираат” банки, “Зорлу холдинг”, “Жошкуноз холдинг”, “Экзачибаши”, “Байкар”, “Дунягоз”, “Канимед саглик”, “Бау глобал”, “Хавелсан” каби қатор компаниялар вакиллари иштирок этди.
“Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун мамлакатимизга кирган компания албатта манфаат топади. Мен бунга кафолат бераман. Бунинг учун зарур ҳуқуқий, институционал шароитлар яратиб берилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда “Ronesans Holding” билан “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро, Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш, шунингдек, шифохоналар ва савдо марказларини қуриш бўйича умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди.
Дунёнинг энг йирик кутубхоналаридан бирининг очилиш маросимида. Ушбу давлат ташрифи якунида Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди. Ушбу мажмуа Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан бунёд этилган. Маҳобатли кутубхона китоб фонди (4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файл) ҳамда хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан биридир. Очилиш маросимида бутун дунёдан икки мингга яқин меҳмон – олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди.
Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг истиқболлари ҳақида
“Туркиянинг таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ҳамда сайёҳлик хизматларини кўрсатиш борасидаги улкан тажрибасидан фойдаланиш ва бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш Ўзбекистон тараққиётида ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман. Назаримда, алоқаларнинг истиқболини таъминлашда айрим жиҳатларни эътибордан қочириш керак эмас. Ушбу ҳамкорликнинг ўтмишидаги хатолардан сабоқ чиқариш ва уларни бошқа такрорламаслик, республика сиёсий тизимига мухолиф бўлган гуруҳларнинг Туркияда яшаётганлиги, “Turkuaz” сингари эски тизимнинг хатолари масаласини эса мумкин қадар тезроқ ва адолатли ҳал қилиш каби ҳолатлар алоқаларнинг келажагига соя солишига йўл қўймаслик лозим. Шунингдек, Туркия билан ўзаро ҳамкорлик алоқларини мафкуравий асосларга кўра эмас, иқтисодий манфаатлар устуворлиги асосида шакллантириш мақсадга мувофиқдир”, деди Шавкат Икромов мазкур муносабатлар ҳақидаги мулоҳазалари якунида.