Твиттерда миллионлаб издошлари бор АҚШ давлат котиби Майк Помпео Қозоғистон билан Ўзбекистонга сафарига бағишланган 16 та “твит” қолдирди.
In Belarus, Kazakhstan, and Uzbekistan, I underscored the importance of peace, security, and prosperity for the people of all our nations. I can say with confidence that our partnerships are even stronger after this visit. pic.twitter.com/1ND3zSXF73
— Secretary Pompeo (@SecPompeo) February 3, 2020
(Мен Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонда барча мамлакатларимиз учун тинчлик, хавфсизлик ва равнақ топиш жуда муҳим эканини таъкидладим. Сафаримдан кейин ушбу мамлакатлар билан ҳамкорлигимиз янада кучайди, деб ишонч билан айта оламан. pic.twitter.com/1ND3zSXF73
— Давлат котиби Помпео (@SecPompeo) 2020 йил 3 февраль)
Албатта, унинг постсовет мамлакатлари, жумладан, Беларусь ва Украинага сафари стратегик нуқтаи назардан муҳим бўлди, дейиш мумкин, чунки ҳар бир борилган жойда АҚШнинг Беларусь, Қозоғистон ва Ўзбекистонда “тинчлик, хавфсизлик ва равнақ топиш”ишига содиқ экани қайд этилди, аммо ушбу содиқлик (Украинага ҳарбий ёрдам бериш билан боғлиқ жанжал ҳисобга олинса) жуда омонат бўлиб кўринади.
АҚШнинг Марказий Осиёдаги асосий шериклари сифатида танланган Қозоғистон билан Ўзбекистон Вашингтон мақтовларига лойиқ кўрилди.
“Қозоғистонга сафаримдан сўнг халқларимиз равнақини таъминлаш борасидаги ҳамкорлик учун яратилаётган имкониятларга янада некбинлик билан қараяпман. Тинчлик, равнақ ва хавфсизликка умумий содиқлигимизни ҳисобга олсак, минтақа келажаги янада порлоқ бўлиб кўринади”, дейилади Помпеонинг Твиттердаги хабарида.
У Қозоғистон ҳукуматининг ватандошларини Сурия ва Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардан олиб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
АҚШ давлат котиби Ўзбекистон ҳақида мана бу твитни ёзди: “Мирзиёев ислоҳотларининг узоқни кўзловчи дастури анча-мунча ривожланишга сабаб бўлмоқда, мен ҳамкорлигимиз орқали тинчлик, равнақ ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилишни сабрсизлик билан кутяпман”.
Минтақа ягона ҳудуд сифатида
Помпео мақтовларга тўла бошқа твитларида савдо-сотиқни ривожлантириш ва инвестицияларни кўпайтириш, Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнидаги иштироки (АҚШ Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида савдо-сотиқни ривожлантиришга кўмаклашиш учун 1 миллион доллар, яна фонд бозорини ривожлантириш учун 1 миллион доллар ажратди), шунингдек, минтақадаги ҳамкорликнинг умумий руҳи муҳим эканига алоҳида эътибор қаратди. У Тошкентда бўлиб ўтган С5 + 1 (АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта мамлакати) форматидаги мажлис чеккасида Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, “уларнинг ҳар бирига минтақада барқарорлик ва равнақни таъминлаш учун минтақадаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ушбу соҳасидаги олға силжишни мустаҳкамлаш зарур эканини таъкидлади”.
АҚШ Давлат департаментининг Марказий Осиёга бағишланган қисқа маълумотномасида шундай дейилади: “Марказий Осиё инсоният цивилизацияси – тамаддунининг муҳим чорраҳаси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Гарчи ушбу минтақа узоқ ва кўпчилик америкаликлар учун деярли номаълум бўлиб қолаётган эса-да, асрлар давомида глобал юк ташиш маршрутларининг кесишувида жойлашган эди. 28 йил аввал Марказий Осиёнинг 5 та мамлакати мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг Қўшма Штатлар улар мустақиллиги, суверенитети – эгаменлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқликда изчил сиёсат юргизиб келди. Биз уларнинг барқарорлиги, равнақи ва хавфсизлигидан манфаатдормиз. Биз минтақа барқарорлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизликка бўлган трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш қобилиятини оширишга интиляпмиз. Биз инсон ҳуқуқини таъминлаш ва демократия институтларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсий ислоҳотларни ҳамда Марказий Осиёда маҳаллий ва Америка инвестициялари учун қулай шароит, шунингдек, одамларни ишга жойлаштириш ва улар фаровонликка эришиши учун имконият яратишни қўллаб-қувватлаймиз”.
Доналд Трамп маъмурияти Барак Обама маъмурияти ва давлат котиби Жон Керри даврида 2015 йили бошланган С5+1 форматини давом эттирмоқда, у Марказий Осиё мамлакатларига минтақа хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ёндашувни назарда тутади. Зикр этилган маълумотномада қайд этилишича, “минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик Трамп маъмуриятининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясида акс этган мақсад ва устуворликларни ифодалайди, биз тез орада бу ҳақда жамоатчиликка хабар қилмоқчимиз. Стратегияда Марказий Осиё билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга содиқлигимиз алоҳида қайд этилади”.
Хитой Марказий Осиёнинг бошқа йирик мамлакатлар билан алоқаларига қаршими?
Бироқ минтақа мамлакатларининг Хитой билан алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани АҚШ амалдаги маъмуриятининг хавотирларига сабаб бўлмоқда. Минтақа мамлакатларининг Хитойга қарз юзасидан тобелиги, Хитойнинг бизнес юритиш амалиёти ва айниқса, камсонли уйғурларнинн таъқиб қилаётгани Помпеонинг қозоқ ва ўзбек ҳамкасблари билан музокаралари чоғидаги оғриқли нуқталар бўлди. Давлат котиби Қозоғистони пойтахтида шинжонлик бир неча оила вакиллари билан учрашди ҳамда АҚШнинг хавотирларини минтақа даражасига кўтарди.
− Қўшма Штатлар барча мамлакатлардан ушбу қатағонларга барҳам беришга интилишда сафимизга қўшилишни қатъий илтимос қилади, − деди Помпео. – Биз фақат хавфсиз бошпана беришни ва Хитойдан қочишни истаганларга бошпана беришни сўраяпмиз. Инсон шаънини ҳимоя қилинг. Фақат тўғри бўлган ишни бажаринг.
Айни дамда АҚШ ҳукумати Марказий Осиё мамлакатларининг асосий савдо шериги ва ташқи дунё билан ўсиб бораётган алоқаларига сармоя киритаётган Хитойга нисбатан дипломатик ресурслари чекланганини яхши тушунади. АҚШ минтақа инфратузилмасига инвестиция киритиш масаласида Хитой билан рақобат қилмаслик позициясида турибди. Айниқса, Трамп талқинидаги Қўшма Штатлар ушбу масалада Америка компанияларининг хусусий қизиқишига таянмоқда ва инвестицияларни хусусий сектор киритиши керак, деган ақидага қатъий ишонади. Минтақа мамлакатлари хусусий секторнинг бундай инвестицияларини жалб қилиши эвазига нимадир бериши, яъни интеллектуал мулк ҳуқуқи, шартномаларнинг дахлсизлиги таъминланадиган, мустақил суд тизими мавжуд, қисқаси, бизнес учун («юмшоқ инфратузилма» деб аталувчи) мақбул солиқлар, тарифлар ва меъёрлардан иборат қулай шароит яратиши зарур.
Шунга қарамасдан, Помпео Қозоғистон ва Ўзбекистонда очиқ қилиб айтганидай, Марказий Осиё мамлакатлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этиши, инсон ҳуқуқи ва Шинжондаги уйғурлар, этник қозоқлар ва бошқа кам сонли мусулмонларнинг диний эътиқод эркинлигини топтаётгани учун Хитой ҳукуматини қоралашга қўшилиши керак.
Бунга Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирлари ҳеч қандай жавоб бермади. Лекин шуниси аниқки, уларнинг бундай қатъий тавсияларни бажариши – мураккаб масала. Марказий Осиёнинг АҚШ ташқи сиёсатидаги ўрни, айниқса, Трамп маъмурияти даврида озлигича қолмоқда, ҳатто Марказий Осиё мамлакатларининг қўшнилари ва асосий шериклари – Россия билан Хитой – алоҳида ёки бирга (турли қўшма блоклар ва ташаббусларда қатнашиш орқали) тобора Ғарб дунёсидан мустақил геосиёсий ўйинчиларга айланиб бормоқда. Таҳлилчи Карнеги Пол Стронски ёзганидай, АҚШнинг минтақадаги сиёсати сўнгги 25 йил давомида ўзгаргани йўқ.
«Анчадан бери америкаликларнинг шимолдаги (Россия) ёки жанубдаги (Афғонистон / Эрон) давлатлар, нодавлат тузилмалари, экстремистик ташкилотлар ёки трансмиллий жиноят тармоқлари таҳдидидан ҳимоя қилиш орқали минтақа барқарорлигини ва суверенитетини таъминлашдай иккита мақсади бор. Ушбу кенг қамровли мақсадларни Трамп маъмурияти ҳам кўзлаши эҳтимолдан холи эмас. Марказий Осиё яқин келгусида АҚШ ва Россия муносабатларига таъсирчан бўлиб қолаверади», деб ёзади у. Энди ушбу қоришмага Хитой ҳам қўшиляпти. Айни ҳол Марказий Осиёнинг стратегик аҳамиятини АҚШнинг Хитой ва Россияга нисбатан юритадиган сиёсати ҳосиласига айлантириб қўяди.
АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг нисбатан кичик савдо ҳамкорилигича қолмоқда (АҚШ билан Марказий Осиё 5 та мамлакатнинг жами савдо айланмаси 2,5 миллиард долларга боради, шулардан 2 миллиард доллари Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади). Америкалик дипломатлар фикрича, минтақа мамлакатлари тарифларни, инвестиция, корпоратив солиқлар ва ҳоказоларни камайтирса, ушбу миқдорни кўпайтириш мумкин, чунки АҚШ ҳам Европа Иттифоқи сингари минтақа мамлакатларининг ташқи дунё билан алоқаларини кенгайтиришга бўлган интилишларини қўллаб-қувватламоқда. Аммо 2011 йили Хиллари Клинтон давлат котиби бўлган пайт илк марта эълон қилинган «Янги Ипак йўли» лойиҳаси номи энди АҚШ нарративида[1] учрамаяпти. Сабаби унинг Хитой илгари сурган «Макон ва йўл» ташаббуси билан рақобати юқорилиги бўлиши мумкин, Хитойнинг ташаббуси тарихий ҳақиқат билан асосланган ҳолда «янги ипак йўли» деб аталади. Хитой минтақада жисмоний инфратузилма барпо этишни давом эттириши баробарида уни ўз меъёрлари ва амалиёти билан тўлдиришга умид қилмоқда.
Ушбу қарама-қаршилик нима билан тугашини олдиндан айтиш қийин. Бир тарафдан, Марказий Осиё америкалик инвесторларга Хитой товарларини ўз ҳудудидан ўтказишга йўл очишдан бошқа бирор нарсани таклиф қилиши душвор. Лекин шунинг ўзи ҳам алоқалар, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик, иш билан бандлик ва шуларга боғлиқ имтиёзлар ўсишига кўмаклашади. Ғарб меъёрлари маконига кириш бир қарашда осон туюлгани билан енгил битадиган иш эмас. Марказий Осиё мамлакатлари турли ўзаро кесишувчи савдо битимлари иштирокчиларидир, уларда асосий ўрин МДҲ маконига берилмоқда. Ушбу макондаги асосий савдо-сотиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳиссасига тўғри келади, Ўзбекистон эса унга кириш масаласини муҳокама қилмоқда. Мустақиллигининг кўп вақтини «кўп векторли сиёсат»га сарфлаган «Катта ўйин»нинг собиқ иштирокчилари учун Хитойнинг бундай бурилишларга қандай муносабат билдириши яна бир оғир масаладир.
Бундай шароитда Марказий Осиё мамлакатлари глобал қуршовнинг ўзгарувчанлигини ҳисобга олиб, ўзининг бошқа мамлакатлар билан алоқа қилиш ҳуқуқини қўриқлаши, сиёсий (фақат иқтисодий эмас) ҳамкорлик даражасини кўтариши, минтақадаги бошқа ўйинчилар билан муносабатларда маслаҳатлашувлардан фаолроқ фойдаланиши, умуман олганда, аҳил бўлиши зарур.
Сурат манбаси: uz.sputniknews.ru
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Нарратив ( инглизча ва французча “narrative”, лотинча “narrare” – “ҳикоя қилмоқ” сўзидан) – бир-бири билан боғлиқ кўплаб воқеалар ҳақида мустақил яратилган ҳамда ўқувчи ёки тингловчига сўз ва тимсолларнинг изчиллиги тарзида тақдим этилган ҳикоя.