«Шавкат Мирзиёев бир қанча муҳим ислоҳотларни амалга оширди, аммо у энди хавфли даврга қадам қўйяпти» – деб ёзади «Россия ва Евроосиё» дастурининг тадқиқотчиси Кейт Маллинсон chathamhouse.org сайтида эълон қилинган “Ўзбекистон президенти кутилган ва катта умидларни рўёбга чиқара оладими?” (“Can Uzbekistan’s President Meet Raised Expectations?”) номли мақоласида.
Қуйида ушбу мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангандан бери ўтган уч йил мобайнида валютани либераллаштириш, мажбурий меҳнатни бартараф қилиш ва чиқиш визасини бекор қилиш сингари кенг қамровли ислоҳотлар жараёнини бошлаб берди. Бу инвесторларни ҳам, аҳолини ҳам илҳомлантириб юборди, аммо ўтган ҳафтада табиий газ ва электр қуввати етишмовчилиги билан боғлиқ рўй берган камдан-кам бўлса-да, норозилик ҳолатлари ўзбек халқининг янги раҳбарият бошчилигидаги ўзгаришга ишончи пасайиши мумкинлигини кўрсатмоқда, айни дамда иқтисодиётга ҳақиқий қиймат берадиган чет эл инвестицияси етишмаяпти.
Президент Мирзиёев ҳокимиятга келган пайт Ўзбекистон банкротлик жари ёқасига келиб қолган эди. 13 йил бош вазир бўлиб ишлаган прагматик иқтисодчи ва янги президент Ўзбекистонни қўшниларга очиш ҳамда савдо-сотиқ ва чет эл инвестицияси йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича жадал қадамлар қўйди. Ҳуқуқшунослар ва компаниялар наздида ислоҳотлар жараёнининг жадаллиги ва кўп нарсаларни кўзлаётгани ҳамда пул сиёсати ва иқтисодиёт либераллаштирилаётгани вақти-вақти билан ҳайратомуз бўлиб кўринди.
Боз устига, капитал, одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатига рухсат бериш 20 йиллик турғунликдан сўнг иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги табиий қадамлар бўлди. Айни дамда мамлакат ўз тараққиётининг мураккаб ва асосий босқичига кирмоқда, бу хусусийлаштириш, монополияларга барҳам бериш ва капитал бозори ислоҳотини қамраб олади.
Гарчи бевосита чет эл инвестицияси сезиларли даражада ортган бўлса-да, мамлакатга исталган миқдордаги инвестиция кириб келаётгани йўқ. Уларнинг аксарияти Россия билан Хитойдан икки томонлама битимлар, Хитойдан олинаётган қарз эса давлатга тегишли банклар ва корхоналар орқали олинмоқда. 2016 йил охиридан бери Ўзбекистоннинг Хитой олдидаги қарзи уч баробар ошди.
Айни чоқда Европа билан АҚШ компанияларининг ҳали ҳам бизнес юритиш муҳити ва ислоҳотларнинг кучи сақланиб қолишига ишончи комил эмас. Изчил сиёсат йўқлиги, фармон ва қонунларнинг шошма-шошарлик билан тайёрланаётгани, улар маъносини аниқлаштириш учун кўпинча президент фармонларини чиқариш талаб этилаётгани, шунингдек, қоидалар шаффоф эмаслиги Ғарб инвесторларини йўлдан қайтараётган қўшимча омиллар бўлмоқда. Меҳнат ресурсларининг ҳамон советча ёндашувдан эркин меҳнат бозорига ўтиш босқичида тургани вазиятни чигаллаштирмоқда.
Айрим ислоҳотларни ўтказишга ҳукуматнинг ичида қаршилик кўрсатиш ҳоллари мавжудлиги, шунингдек, ҳукумат сармоясини киритиш билан боғлиқ рақобат (валютанинг эркин ва чекланмаган тарзда конвертация қилиниши сингари) маълум ислоҳотлардан воз кечишга, иқтисодиётнинг айрим соҳаларида протекционизмнинг аста-чекин кучайишига олиб келди. Баъзи ислоҳотлар президент фармонидан ижро этишгача бўлган узун занжир давомида йўқолиб кетмоқда. 2018 йилдан сўнг товарларни импорт қилиш тарифлари бекор қилинган эди, аммо яқинда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ва ҳимояга олинаётган товарлар рўйхати тузилгани манфаатдор томонлар давлат монополияларини хусусий монополияларга айлантираётгани юзасидан хавотирлар пайдо қилди.
Иқтисодиёт соҳасидаги ўсишга қарамай, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар сустлашиб қолди. Ҳали ҳам Ўзбекистонни, асосан, Ислом Каримовнинг олдинги маъмурияти кадрлари бошқармоқда. Гарчи ҳукумат кўпинча чет элдан қайтиб келаётган ислоҳотчиларни жалб қилаётган бўлса-да, у Ислом Каримов бошқаруви даврида коррупция жанжалларига аралашиб қолган йирик шахсларни оқлаш билан ҳам овора бўлиб қолмоқда. Собиқ бош прокурор Отабек Муродов сингари тараққийпарвар юқори лавозимли амалдорлар сабабини тўлиқ очиқламасдан лавозимидан четлаштирилди; суд маҳкамалари ёпиқ тарзда ўтказилмоқда.
Янги раҳбарият медиа-муҳитни ўзгартирди, бироқ мамлакатда ҳали ҳам ҳаққоний таҳлилий ҳисоботлар етарли эмас. Иқтисодиёт ва пул сиёсати иккита сондан иборат инфляция кўринишида халқнинг ҳисобидан либераллаштирилди, айни дамда коммунал хизмат тўловлари эркин бозор даражасига чиқиб кетмоқда. Қуйидаги халқнинг норозилиги ўсиб бормоқда, гарчи олдинги ҳукуматнинг инсон ҳуқуқини таъминлаш борасидаги обрўси бўлмаган бўлса-да, айрим кишилар ўша даврдаги барқарорликка қайтишни афзал деб ҳисобламоқда.
Қонун устуворлигини таъминлаш йўлида кичик ва инновацион қадамлар қўйилди, бироқ суд жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва маҳаллий ҳокимият идораларининг қонун олдида жавобгарлиги пастлиги ҳолатига барҳам бериш йўлида кўпроқ ишлар қилиниши мумкин. Ҳокимлар, сенаторлар ва бошқа юқори лавозимли давлат хизматчиларининг ҳукуматнинг иқтисодиётни рағбатлантириш даврида эгаллаб турган лавозимидан моддий фойда олиши мумкин бўлиб қолмоқда. Ушбу манфаатлар зиддияти муаммосини ҳал этиш йўлида ташаббус кўрсатиш раҳбариятнинг туб ислоҳотларга содиқлигидан дарак берган бўлур эди.
Ҳукумат сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ҳақида кўп ваъдалар бериш билан зиммасига катта мажбуриятлар олди. Бошқарувнинг сақланиб қолаётган патерналистик[1] шакли фуқаролик жамиятининг, инсон ҳуқуқининг чекланган эркинликлари, бўғувчи бюрократия ва коррупция ҳамда берилмаётган имкониятлар бир кунмас бир кун ўсиб бораётган ёш аҳолининг кутилмалари билан тўқнаш келади.
Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида илк марта 22 декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайловини янада жўшқин қилмоқчи. Мазкур тизимни ислоҳ қилмоқчи бўлаётган Шавкат Мирзиёев ундан кўп нарсани кутиб турган халқ манфаати йўлида натижаларга эришиш учун зарур институтларни мустаҳкамлашни устувор вазифа қилиб олиши керак бўлади.
Суратда: Президент Шавкат Мирзиёев июнь ойида. Фото: Getty Images.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Патернали́зм ( лот. paternus — «ота, отага оид») — муносабатлар тизими бўлиб, унда ҳокимият ватандошларнинг эҳтиёжларини таъминлайди, ватандошлар эса бунинг эвазига ҳокимият ўзларига ҳам умумий, ҳам шахсий хулқ-атвори қандай бўлишини амр қилишига имкон беради.