Муаллиф: Фарҳод Толипов – “Билимлар карвони” нодавлат илмий-маърифий муассасаси директори, сиёсатшунослик фанлари доктори (PhD), 170 дан ортиқ илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи, “Марказий Осиё ва Кавказ” журнали таҳририяти аъзоси, Марказий ва Евроосиё тадқиқотлари жамиятининг аъзоси.
Россиянинг “кутилмаган совғаси”
2 октябрда Россия Федерацияси Федерал кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тошкентга ташриф буюрди. Бир қанча расмий учрашув ва музокаралардан сўнг у Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кириш ҳақидаги масалани кўриб чиқишга киришгани ҳақидаги “эсанкиратувчи” янгиликни хабар қилди. Баёнотга шу заҳотиёқ ижтимоий тармоқларда экспертлар, таҳлилчилар, журналистлар ва бошқа кўплаб кишилар – кимдир ҳиссиётга берилиб, кимдир босиқлик билан, кимдир содда, яна кимдир илмий услубда – муносабат билдирди ҳамда ЕОИИга эҳтимол тутилган кириш ҳақидаги қарорнинг ижобий ва салбий жиҳатларини муҳокама қилиб, унга муносабат билдира бошлади.
Ахборот воситаларининг сал олдинроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг келаси йил баҳорида Москвага қиладиган сафари ҳақидаги хабари ҳам эътиборни тортади. Одамнинг хаёлига дабдурустдан ўша сафар чоғида аъзолик тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланишин мумкин, деган фикр келади. Бундай пайтда мамлакат тақдири учун учун муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеа – Тошкент ташқи сиёсатининг Евроосиё йўналиши томон кескин бурилиши – арафасида дўппини бундоқ ерга қўйиб, пухта ўйлаш ва машҳур ҳамлетона саволга жавоб беришга уриниб кўриш муҳимдир.
Ўзбекистон расмий доиралари мамлакатнинг ЕОИИга кириши ҳақида қарор қабул қилинганини тасдиқламади, фақат масала киришга оид эҳтимол тутилган барча фойдаю зарарлар таҳлили билан боғлиқ тарзда ўрганилаётганини маълум қилди. Бироқ “ўрганилаётгани” ҳақидаги фикр айни масаланинг очиқ-ойдин (ва кутилмаган тарзда) актуаллаштирилганини кўрсатади. Жамоатчилик ҳукмига гўёки деярли битган иш ҳавола қилингандай. Айни муаммо оддий эмас: уни фақат иқтисодий жараён сифатида талқин қилиш ўта мураккаб ва кўп ўлчамли жараённи ҳаддан зиёд жўнлаштириш бўлар эди, чунки унинг таркиби тенг қийматли детерминантлар ёки ҳамроҳ омиллар бўлган қуйидагилардан иборат: сиёсий таъсир, геосиёсий оқибатлар, қадрият драйверлари (яъни ҳаракатлантирувчи кучлари), тарихий фон, турли-туман ижтимоий идрок ва кутилмалар ва ҳк. Маҳаллий иқтисодчилар фикрича, ҳали иқтисодий фойда олиш билан боғлиқ нарсалар ҳам очиқ-равшан эмас.
Евроосиё/Россия билан Марказий Осиё
Хўш, Евроосиё Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси учун нималарни англатади? Евроосиёчилик мафкураси ва уни сиёсий лойиҳага айлантиришга уринишлар собиқ Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши биланоқ қайта бошланган эди. Совет Иттифоқининг мафкураси ва сиёсий тизимида евроосиёчилик олдинги аҳамиятини йўқотиб улгурган эди. 1991 йилда СССР парчаланиб кетгандан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон – евроосиёча ёки ноевроосиёча ўзлигини белгилаши концептуал аҳамияти ва долзарблиги илмий доиралар кун тартибига қўйилган ва ҳатто минтақанинг номини аниқлашдай арзимас бўлиб туюлган муаммода ўз аксини топган эди.
Минтақа мамлакатлари мустақиллигининг илк кунларидан бошлабоқ (1991 йил) уни Марказий Осиё деб номлашга қарор қилганига ҳамда жаҳон ҳамжамиятида ўша пайтлар Ўрта Осиё деб номланган бешта республикадан иборат мамлакатлар гуруҳи оти сифатида тасдиқланганига қарамай, шу пайтгача олимлар ўртасида номланиш билан боғлиқ баҳслар тўхтагани йўқ. Танқидчилар Осиё қитъасининг жуғрофий маркази айни пайтдаги Марказий Осиё ҳудудидан ташқарида жойлашганини айтиб, минтақага муқобил тарзда «Марказий Евроосиё» деб ном беришни таклиф қилмоқда. Гўёки Евроосиё маркази Марказий Осиё ҳудудида бўлгани учун ушбу атама ҳақиқатга яқин эмиш.
«Марказий Евроосиё» атамаси аввалбошданоқ Марказий Осиё Евроосиёнинг ажралмас қисми бўлиб келганини англатади. Аслида шундайми? Жуғрофий, яъни макон билан боғлиқ параметрлар нуқтаи назаридан Евроосиё Марказий Осиё ўлкасини ҳам қамраб олади. Аммо бундай нуқтаи назарга асосланиб, Евроосиё Осиё қитъасидаги Хитойни ҳам, Вьетнамни ҳам, Японияни ҳам, Европадаги Франция, Швеция, Греция ва ҳк. мамлакатларни ҳам қамраб олади, деб ҳисоблаш мумкин. Бу номга «Европа» ва «Осиё» атамалари бирикмасидан ясаладиган семантик ва мантиқсиз ўйиндан бошқа нарса бўлмаган муболағали ёндашувдир. Ушбу ёндашувда, бир томондан, Евроосиёнинг бирлиги ва яхлитлиги, бошқа томондан эса, Марказий Осиёнинг геосиёсий қадр-қиммати ва ўзлиги сийқалашиб кетади.
Ниҳоят, Марказий Осиё минтақасини Марказий Евроосиё деб аташ замирида жуғрофий-сиёсий коннотация – қўшимча маъно бор, чунки минтақа маълум маънода Евроосиё концепциясидан келиб чиқувчи барча жуғрофий-сиёсий оқибатлари билан Евроосиё маконига таркибий жиҳатидан мустаҳкам боғланган бўлади. Бу ўринда геосиёсат чиндан ҳам мавжуд. Путиннинг, СССРнинг инқирози ХХ асрнинг энг катта геосиёсий фалокат бўлди, деган фикрини ҳамда унинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) деган янги интеграция тузилмасини ташкил этиш ташаббусинини эсга олайлик.
Марказий Осиё ва Евроосиё интеграцион моделлари бир-бирига мос келадими? Бу – мураккаб ва фундаментал масала. Марказий Осиё интеграцияси йўлида бешта мамлакатни бирлаштириш учун бирламчи субстрат[1] сифатида мавжуд бўлган ўша сабаблар ва дастлабки шартлар Евроосиё маконида (агар унга Марказий Осиёни ҳам тиркайдиган бўлсак) – ё йўқ, ёки жуда заиф ифодаланган. Аммо бу иккита моделнинг бир-бирига мутлақо мос келмаслигини англатмайди. Муҳими, Марказий Осиё моделини йирик ва бутун қитъага чўзилиб кетган, жуғрофий-сиёсий юк остида майишиб бораётган ва ҳозирча қанақалиги аниқ бўлмаган тузилмага киришини кўриб чиқишдан аввалроқ у модель сифатида тўлиқ қарор топиши керак[1].
Ҳатто иккита интеграциянинг ўзаро мос келиши шароитида ҳам Марказий Осиё нафақат собиқ совет Евроосиёсида, қолаверса, жаҳон тизимида ўзининг халқаро субъектлигини сақлаб қолиши учун Марказий Евроосиё деб аталиши ноўриндир. Бироқ Марказий Осиёдаги интеграция жараёни осон кечаётгани йўқ. Минтақадаги бешта мамлакатнинг иккитаси – Қозоғистон билан Қирғизистон – ЕОИИ таркибига кирган. Бу Марказий Осиё мамлакатларининг минтақа ичидаги интеграцияси истиқболига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча маълум эмас. Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан минтақа миқёсидаги ишларга янги туртки берилгани бу ерда яширин ва очиқ интеграция потенциали мавжудлигидан ва у доимий тарзда шундай бирлаштирувчи импульс – туртки ҳосил қилиб туришидан далолат беради. Минтақадаги ушбу яширин куч мамлакатларни интеграция ҳолатидан оғиб кетган тақдирда ҳам доимо унинг нормал ҳолатига қайтаради.
Евроосиё иқтисодий иттифоқида ички ҳусусияти, яъни “совет синдроми” (ҳақиқий ёки алдамчи) яширинган. Бежиз эмаски, Ўзбекистоннинг ЕОИИга эҳтимолий тутилган кириши тўғрисида эълон пайдо бўлиши ўтмишга қайтиш, яъни Россия собиқ иттифоқни қайта тиклашга уринаёгани ҳақидаги гоҳ истеҳзоли, гоҳ жиддий шамаларни қўзғатди. Умуман олганда, уларни тушунса бўлади, чунки бу бирлашмада (Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон) Россия етакчилик қилаётгани кундай равшан. Бу Россия етакчилигидаги (Russia-led) нотенг аъзолар тузилмасидир. Айни дамда Россия президенти ҳам, СССРнинг тарқаб кетиши ХХ асрнинг энг йирик геосиёсий фалокати бўлган эди, қабилида ўтмишни қўмсаш руҳида гапирганни бир қур эслаб қўйиш зарур.
Мазкур бирлашмага нисбатан Ғарбнинг зидди бўлган Евроосиё танлови ҳақидаги қотиб қолган ва кенг тарқалган тасаввур мавжуд. Эҳтимол шунинг учун бўлса керак, ЕОИИ Россияга бутун периметр бўйлаб геосиёсий буфер чизиғини яратиш учун бошқа аъзоларидан кўра кўпроқ зарурдир. Иқтисодий жиҳатдан олиб қараган тақдирда ҳам, ЕОИИ ялпи ички маҳсулотининг 80 фоиздан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келади. Посанги Россия томонига ва фойдасига босилиб кетяпти.
ЕОИИ билан Ўзбекистон
Иқтисодчиларимиз ЕОИИга кириш натижасида 185 миллион кишилик бозорга ҳам кирамиз, дея жағ уришдан чарчамаяпти. Бироқ бу билан нима назарда тутилаётгани аниқ эмас. Биринчидан, савол туғилади: модомики, 185 миллион кишилик ақл бовар қилмас бозорга чиқмоқчи бўлаётган эканмиз, нима, 34 миллион кишилик (Ўзбекистон) ва 70 миллион кишилик (Марказий Осиё) бозори ўзлаштирилиб бўлдими, деган савол туғилади. Иккинчидан, Ўзбекистон билан Россия (шунингдек, ЕОИИнинг бошқа аъзолари) ўртасидаги савдо ва иқтисодий ҳамкорлик пешма-пеш кенгайиб бораётгани сабабли ушбу бозор аслида очиқ. Учинчидан, айни бозорнинг очиқлиги Арманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Беларусга кўзга кўринарли фойда бергани йўқ – ЕОИИ доирасида савдо-сотиқни ривожлантириш бўйича айрим маълумотлар буни тасдиқлаб турибди. Тўртинчидан, бозор тузилмасини қатъий таҳлил қилмасдан, нима сотиш ва нима харид қилиш тўғрисида саволлар бермасдан, ҳадеб унинг ўлчамини пеш қилавериш муаммо моҳиятини бузиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Бешинчидан, 2014 йилда ташкил этилган ва Ўзбекистон ҳам аъзоси бўлган МДҲ эркин савдо зонаси ўша бозор эшикларини очиб бермайдими?
ЕОИИ тақдирини ҳал этиш мигрантларга қолмаслиги керак.
Ўзбекистон Иттифоққа кириши тарафдорларининг мутлақ кўпчилиги кириш учун асосий далил сифатида, гўё “миграция” сўзи “интеграция”нинг синонимидай, меҳнат мигрантлари муаммосини важ қилиб кўрсатади. Қуйидаги сабабларга кўра, айни баҳс-мунозараларда мигрантлар асосий муаммо қилиб олинган сафсата ноўриндир:
- Биринчидан, бу табиатан асимметрик ва ўзаро бўлмаган жараёндир. Бу ўринда Ўзбекистондаги Россия меҳнат мигрантлари эмас, тескари ҳолат ҳақида гап кетмоқда. Бундан ташқари, бутун иттифоқ миқёсидаги, масалан, Қирғизистондаги Арманистон мигрантлари ва Беларусдаги Қозоғистон мигрантлари ва ҳк. ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу бутун иттифоқ учун интеграцияни таъминловчи умумий масала эмас.
- Иккинчидан, меҳнат миграцияси ижобий эмас, салбий омилдир. Бу ишда Россия ўз ватанида иш топа олмаган ўзбек мигрантлари учун олижаноб қутқарувчи вазифасини ўтамоқда, холос. Бошқача айтганда, Ўзбекистон Россияга тўғридан-тўғри қарам бўлиб қолмоқда, модомики, ушбу мамлакатдаги сиёсий иқлим воқеалар ривожига таъсир кўрсатаётган экан, мигрантларнинг ҳолатига ҳам таъсир этади. Бинобарин, меҳнат мигрантлари мавзуси сиёсий дўқ-пўписа ва босим ўтказиш дастагига айланиши мумкин. Аслида интеграцияга бунақа йўл билан эришилмайди. Айнан миграция муаммоларини интеграцияга оид муҳокамалар майдонидан четга олиб чиқиш орқали босим ўтказишга оид гумонларни бартараф қилиш мумкин.
- Учинчидан, меҳнат мигрантлари муаммоси, аввало, Ўзбекистоннинг бошоғриғидир ва уни ҳал этиш лозим. Мигрантлар оқими ҳозирги кўринишида чексиз давом этиши мумкин эмас. Иш ҳақи етарли бўлган етарли миқдордаги иш ўринлари яратиш, шунингдек, мамлакатда кутилаётган демографик барқарорлик Россияга давом этаётган тартибсиз миграция қисқаришига олиб келади. Ўшанда ушбу муаммо анча-мунча камаяди ва турли гап-сўзлар ўз-ўзидан барҳам топади.
- Тўртинчидан, айни пайтда меҳнат миграцияси муаммоси Ўзбекистон билан Россия ўртасида икки томонлама давлатлараро битимларга асосан муваффақиятли ҳал этилмоқда. Бундан ташқари, ўзбек меҳнат мигрантлари россиялик иш берувчиларга ҳам керак ва фойдалидир, акс ҳолда 2,5 миллиондан ошиқ мигрант ўша ёққа интилмас эди. Умуман олганда, Россия тарафи ўзбек мигрантларининг тақдирини Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолигига боғлиқ қилиб қўйиши даргумон, чунки у ўша мигрантларни оммавий тарзда ҳайдаб чиқара олмайди, бу Россиянинг халқаро обрўсини тушириб юборади, шунингдек, Ўзбекистоннинг ундан янада бегоналашувига олиб келади.
- Бешинчидан, Европадаги ўрнак олишимиз мумкин бўлган миграция муаммосига бир қур назар ташлайлик. Европа мамлакатларидаги мигрантларга кўпинча ижтимоий танглик ва миллатчилик хатти-ҳаракатларини, ҳозирги тил билан айтганда, сиёсий популизмни келтириб чиқарувчи номатлуб ҳодиса сифатида салбий муносабат билдирилмоқда. БРЕКСИТ шундай кескинлик ва интеграциядан қайтарувчи омилнинг ёрқин ифодаси бўлди. Шунинг учун ЕОИИ тақдирини ҳал этиш мигрантларга қолмаслиги керак.
- Олтинчидан, Россиядаги мигрантлар орасида ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, аксарият мигрант ўзбеклар келажагини Россия билан боғлаётгани йўқ ва ватанига қайтишни истайди; уларнинг Россияга боришдан бирдан-бир мақсади пул ишлашдир. Боз устига, уларнинг ўзлари яшаб турган мамлакатдаги ижтимоий, ҳуқуқий ва маиший аҳволи ўта ноқулай, шунинг учун мигрантлар икки мамлакат ўртасида интеграция бириктиргичи бўла олмайди. Мигрантлар орасидан террорчилик тузилмаларига ёллаш тамойили ушбу тезис тўғри эканини яна бир марта исботламоқда.
- Шу тариқа мигрантлар асосий муаммо қилиб олинган риторика ЕОИИ фойдасига ишлайдиган кучли далиллар бўла олмайди.
Сенат аъзоларининг Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш билан боғлиқ масала уч йилдан бери кўриб чиқилаётгани ҳақидаги баёноти жамоатчилик ва таҳлилчиларни ҳайрон қолдирди, чунки уч йил олдин ҳеч ким бунақа “эсанкиратувчи” эълонни эшитмаган эди. Ўзбекистоннинг Евроосиё сари қўққисдан маълум бўлиб қолган ҳақиқий ёки сохта сиёсий йўналиши уч йил олдин эълон қилинган Марказий Осиё сари йўналишга бутунлай тескаридир. Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилинган эди. Бинобарин, минтақавий муносабатларнинг тикланиш масаласи ЕОИИга кириш масаласидан муҳимроқ бўлиши керак, акс ҳолда Тошкентнинг барча ташқи сиёсат соҳасидаги фаоллиги мамлакатнинг дипломатик, стратегик, сиёсий ва қадриятлар активлари беҳуда сарфланишига ва шу тариқа ташқи сиёсатнинг концептуал асослари обрўсизланишига олиб келади.
Халқаро майдонда ва минтақа даражасида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини қатъий ифода қилиш вақти келди.
Агар Ўзбекистон чиндан ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш масаласини ўрганаётган бўлса, биринчидан, ушбу ўрганиш ёпиқ эмас, шаффоф кўринишда бўлиши керак – бу фақат Ташқи ишлар вазирлигига керак эмас, ушбу масалага фақат ТИВнинг “тиши ўтади” деган гап нотўғри.
Иккинчидан, ЕОИИга аъзо бўлишдай залворли ва стратегик жиҳатдан муҳим қарор, масалан, европаликлар қилаётганидай (Маастрихт қарорларини эслайлик), референдумга олиб чиқилиши даркор. Бу фақат аъёнларнинг қарори бўлмаслиги ва ҳужраларда қабул қилинмаслиги керак. Нима, ушбу масала референдумга олиб чиқиладиган даражада муҳим эмасми?
Учинчидан, бу айнан жорий йил декабридаги сайловда қатнашадиган сиёсий партиялар ўз муносабатини билдиришга мажбур бўлган масаладир, улар фақат одатдагидек “маъқуллаймиз!” билан чекланиб қолмаслиги керак.
Тўртинчидан, ушбу масала мамлакатда ўтказилаётган ички ва ташқи сиёсат учун ҳақиқат лаҳзасидир. Халқаро майдонда ва минтақа даражасида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини қатъий ифода қилиш вақти келди.
Бу ерда геосиёсат борми?
Мен мақолаларимда А. Бануазизи ва М. Вейнернинг анча олдин ёзилган ҳамда Марказий Осиёдаги геосиёсат ва миллий ўзлик (идентификация) ўртасидаги алоқа тавсифлаб берилган бир мақоласидан кўп марта иқтибос келтирганман. Шу ўринда ҳам ўша тезисни келтиришни маъқул деб топдим. Улар фикрича, “Марказий Осиёдаги ривожланишни геосиёсат доирасида таҳлил қилиш сабаби ҳар бир республиканинг кимлигини (ўзлиги) – алоҳида ёки бир ёхуд ундан ортиқ қўшнилари ёки қўшни мамлакатлардаги ўз этноси вакиллари билан биргами – аниқлаш усули бутун минтақа геосиёсати учун муҳим оқибатларга олиб келиши аён”. Шу нуқтаи назардан, мамлакатнинг у ёки бу халқаро ташкилотга кириш ёки кирмасликни танлаши бошқа сабаблар қатори ушбу мамлакатнинг кимлигини аниқлаб олиши билан ҳам белгиланади. (Конструктивизм назариётчилари бу тезисни ўқиб, дўпписини осмонга отса ҳам керак, лекин айтиб қўйишим керакки, бу реалистлар мактаби қарашларига ҳам мос тушади.) Жуғрофий сиёсатга кимлик призмаси ёки кимликка жуғрофий сиёсат призмаси орқали қарайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши тарафдорлари исботламоқчи бўлаётганидай, аъзолик билан боғлиқ масалалар кундай равшан ёки содда эмас.
Мажозий тил билан айтганда, Марказий Осиёда ҳамма нарсанинг геосиёсий аҳамияти бор.
Геосиёсат минтақанинг тарихий хотирасида, жуғрофий жойлашувида, минтақа мамлакатларининг замонавий ички ва ташқи сиёсатида, инфратузилма ва транспорт лойиҳаларида, хавфсизлик ва ҳатто катта ва ёш авлодларнинг дунёқараши масалаларида ҳам мавжуд. Мамлакатимизнинг Россия, Хитой ва АҚШ сингари буюк давлатлар билан муносабатларини, шунингдек, уларнинг минтақадаги манфаатларини муҳокама қилишни бошлаши билан ҳатто оддий ватандошлар ҳам ушбу мамлакатларга кўпинча рақиб сифатида қарайди ва мамлакатимиз улардан бирортасини танлаши оғир (лекин зарурлигини) эканини айтади. Шу сабабли ЕОИИ ҳақидаги дискурсларга геосиёсат билан боғлиқ риторика кириб қолаётганидан ажабланмаслик керак.
Қайд этиш жоизки, буюк совет давлати таназзулга юз тутганидан бери ўтган давр мобайнида (шунга ҳам чорак асрдан ошибди) экспертлар, ахборот воситалари, сиёсатчилар ва ҳатто давлат раҳбарлари Марказий Осиёдаги геосиёсий жараёнлар тикланаётгани ҳақида гапиришдан тўхтагани йўқ; модомики, шундай экан, нега энди биз ЕОИИга кириш ҳақидаги масаланинг геосиёсий таркибини истисно қилишимиз керак? Ўз вақтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов шундай деган эди: «Минтақамиздаги жорий вазиятни ҳушёрлик билан реал баҳолаган ҳолда тан олишимиз керакки, минтақада стратегик мавҳумлик ҳукм сурмоқда. Бу ерда дунёнинг буюк давлатлари ва бизга қўшни мамлакатларнинг геостратегик манфаатлари тўпланмоқда ва баъзан ўзаро тўқнаш келмоқда»[3].
2005 йилда Андижонда рўй берган фожиали воқеалардан сўнг Ўзбекистон 2006 йили ўша вақтда мавжуд бўлган Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕврАзЭС) – ҳозирги ЕОИИнинг ўтмишдоши – аъзо бўлишга қарор қилган, аммо орадан 2 йил ўтиб, яъни 2008 йилда ундан чиқиб кетган эди. Ислом Каримов ЕврАзЭСга аъзоликни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни ушбу халқаро ташкилотнинг иши етарли даражада самарали эмаслиги билан изоҳлаган эди. У, хусусан, мана бундай деган эди: “ЕврАзЭСнинг мақсад ва вазифалари, унинг кун тартибига киритилиб, муҳокама этилаётган масалалар рўйхати аксарият ҳолларда МДҲ ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти фаолиятини такрорлайди. Булар барчаси постсовет ҳудудидаги давлатлараро тузилмалар ишида бир-бирини такрорлаш ва параллелизмга сабаб бўлмоқда, натижада бу улар фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда”. Баъзи экспертлар ўша пайтда Ўзбекистоннинг айни қарори Марказий Осиёда ўзгараётган геосиёсий вазият билан боғлиқ дея тахмин қилган эди[4].
Ўша пайтда Россия ТИВ ахборот ва матбуот департаменти мана бундай баёнот берган эди: «ЕврАзЭСда қатнашиш ёки қатнашмаслик – ушбу ташкилот ҳар бир аъзосининг суверен ҳуқуқи. Тошкентнинг қарори Ўзбекистон билан билан икки томонлама ҳамкорликка таъсир этмаслигига ишончимиз комил”[5]. Балки Ўзбекистоннинг ЕОИИга кирмаслиги Россиянинг унга муносабати ёмонлашувига олиб келади, деб юрганларга шу баёнотни эслатиб қўйиш керакдир.
Кўряпмизки, дунёнинг ушбу қисмида – Евроосиёнинг Ҳартлэндида (марказий қисмида, юрагида) – ҳам иқтисодиёт геосиёсатдан эркин эмас.
Таниқли америкалик сиёсатшунос Збигнев Бжезинский шундай деб ёзган эди: “Евроосиё иқтисодий иттифоқи, айниқса, у мавжуд даврда унинг етакчилар таркиби дунёқарашини ўзгартирса, 10 – 20 йил яшаб қолишига шубҳам бор. Россия Европанинг ғарбий қисми билан муносабатлари нормаллашуви жараёнида ва Россия пировардида ўзи Евроосиё эмас, Европа мамлакати эканини тан олса, Евроосиё иттифоқининг кераги бўлмай қолади. Евроосиё иттифоқи воқеликка дахли бўлмаган нарсани қўмсаш бўлиб, “янги Россия империяси”ни яратишга уриниши қаршиликка дуч келади”.[6] Ушбу башорат қанчалик асосли эканини айтиш мушкул, бироқ бу лойиҳага Ғарбда берилаётган баҳо аниқ ва бундай муносабатни ҳам ҳисобга олиш керак бўлади.
Атамалар, қолип сўзлар, концепциялар
Энди ЕОИИга кириш ҳақидаги дискурс вақтида тушунча ва концепцияларни қўллашдаги – суиистеъмолчиликлар дейилмайдиган бўлса – ўзбошимчаликларга эътибор қаратмоқчи эдим, бундай пайтда, ўрни бўлмаса ҳам, киришни асослаш учун баландпарвоз сўзлар ишлатилмоқда. Беихтиёр “Кавказ асираси” кинокомедиясининг бир сюжети эсга тушади: бир қаҳрамон “волюнтаризм” деган сўзни ишлатади, бошқаси унга, менинг уйимда сўкинилмасин, деб жавоб беради.
Шундай қилиб, ушбу дискурснинг атамалар билан боғлиқ айрим жиҳатларини санаб ўтмоқчиман.
Интеграция: Интеграция деб аталадиган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам аслида унақа эмас. ЕОИИ қатъий назарий нуқтаи назардан интеграция концепциясига тўлиқ мос келмайди. Гапни мухтасар қиладиган бўлсак, давлатлараро интеграция бошқа ваколатлар баробарида суверенитетнинг бир қисмини миллий давлатдан устун бўлган идорага беришни назарда тутади. Бироқ ушбу ташқилотга асос солингандан бери у сиёсий эмас, мутлақо иқтисодий тузилма экани айтиб келинади. Шунинг учун унга нисбатан интеграция тушунчасини қўллаб бўлмайди.
Изоляционизм: баъзиларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кирмаслиги гўё унинг янги изоляционизмини англатади. Ушбу иддаога қўшилиш қийин, чунки бу президент Ш. Мирзиёевнинг очиқлик сиёсатига тўғри келмайди. Сўнгги уч йилда Ўзбекистон расмий вакилларининг, жумладан, олий раҳбариятининг чет мамлакатлар вакиллари билан мулоқоти ва ҳамкорлиги, И. Каримов ҳукмронлигининг сўнгги даври билан солиштирганда (унинг бошланғич даврида ҳам бундай ҳолат ўта фаол ва очиқ бўлгани кузатилган эди), ниҳоятда кўп бўлмоқда. Маълумки, Ўзбекистон БМТ минбаридан бир қатор минтақавий муаммоларни, жумладан, Афғонистон билан боғлиқ муаммолар ва ҳк.ни ҳал этишга қаратилган бир қанча ташаббусларни илгари сурган эди. Фақат айрим ҳолатларда ушбу мулоқотлар икки томонлама, бошқа ҳолатларда эса, кўптомонлама форматда олиб борилмоқда. Минтақа ва халқаро кун тартибидаги масалалар ўта мураккаб, кўп ўлчамли ва ўзгарувчан бўлиб, уларга давлатларни жалб қилиш шакллари ўша давлатларнинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ҳеч бир кўринишдаги (янги) изоляционизми ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Дўстлик ва ҳамкорлик: Россия билан (ЕОИИга аъзо бошқа мамлакатлар билан ҳам) дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга киришини тақозо қилмоқда, акс ҳолда бу нодўстона қарор сифатида баҳоланади, деган тез-тез такрорланадиган фикр ҳам бор. Бундай тасаввур ҳам, назаримда, изоляционизмга оид бандда келтирилган сабабларга кўра, бирёқламадир. Масалан, МДҲ совет давридан бери сақланиб қолган дўстлик ва ҳамкорлик ришталари рамзи бўлиб хизмат қилмаяптими?
Шу ўринда эслаб ўтиш жоизки, 2004 йилдаёқ Ўзбекистон билан РФ стратегик шериклик шартномасини, 2005 йилда эса иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани тузган эди. Кўплаб соҳалардаги ҳамкорликнинг улкан активи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. РФ Хитойдан сўнг Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик ташқи савдо шеригидир. Шунинг учун ҳамкорлик ва дўстлик мезони биргина ЕОИИ билан ўлчанмайди.
Россияни ёқлаган ва аксилроссия позициялари: ушбу муаммо ҳам олдинги бандларнинг давомидир. Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш масаласига муносабат тариқасида танқид ёки аксилдалиллар янграганда, кўпчилик уларни Россияга қарши позиция деб қабул қилади ёки аксинча, киришни маъқуллаган далилларни Россияни ёқлаган ёки ҳатто совет ўтмишини қўллаган позиция сифатида ифодаловчилар ҳам топилади. Дарвоқе, бундай далиллар, агар шундай дейиш мумкин бўлса, дискурснинг геосиёсий контексти борлигидан билвосита далолат беради.
Ушбу масалага ҳам аниқлик киритиш зарурати борлиги кўриниб турибди. «Ёқлаш» ва «ёқламаслик» позициялар ҳақидаги қолиплар экспертлар ҳамжамияти ва сиёсий доираларда шунчалик кенг тарқалганки, оқибатда Ўзбекистон раҳбарияти бир давлат билан яқинлашиш бошқасидан узоқлашишни билдирмаслигини бир неча марта такрорлашига тўғри келди. Дарҳақиқат, ушбу масалани ҳаққоний таҳлил қилиш учун муаммога бетараф, конъюнктура йўл-йўриқларидан холи ва холис ёндашув етишмайди.
Яна шуни ҳам эҳтимол тутиб, тушуниш лозимки, ўтказилган тадқиқотлар ва таҳлил натижасида айрим экспертларнинг билдираётган фикрлари «ёқлаш» ёки «ёқламаслик» позицияларига ўхшаб туюлиши мумкин. (Конструктивистлар буни, акторлар атрофидаги дунёни субъектив тарзда қуради, деб тушунтиради.) Бироқ бундай иддаолар a priori қилинган пайтда ҳақиқат излашни сезиларли тарзда бузиб кўрсатиши мумкин.
Реализм мактаби асосчиларидан бири Ҳанс Моргентау иккита оммалашган адашишдан огоҳлантирган эди: “мотивлардан хавотир билдириш ва мафкуравий жиҳатдан хато фикрлаш хавотирлари… Биз фақат давлат арбобининг мотивларидан келиб чиқиб, унинг ташқи сиёсати сифати ёки муваффақиятига баҳо бера олмаймиз. Сиёсатчилар кўп марта хатти-ҳаракатларини дунёни яхшилаш истаги билан тушунтиришга ҳаракат қилган, бироқ алал-оқибат иш уни баттарлаштириш билан якун топган! Улар кўпинча бир мақсадни кўзлаб, мутлақо ҳеч ким кутмаган ва истамаган бошқасига эришган!
Агар ташқи сиёсатни тўғри тушунишни истасак, сиёсатчининг бирламчи мотивларини эмас, унинг ташқи сиёсатни тушунишга ёрдам берадиган интеллектуал қобилиятини, ушбу тушунчани муваффақиятли амалга айлантира оладиган қобилиятини билиб олиш керак бўлади… Сиёсий реализм сиёсий идеаллар ва ахлоқ принципларига лоқайд бўлишни талаб этмайди, бироқ исталган нарса билан мумкин бўлган нарсани бир-биридан фарқлашни талаб қилади, яъни жой ва вақтнинг муаяйн ҳолатларида мумкинлиги билан ҳар доим ва ҳамма жойда исталган бўладиган нарсани фарқ қилади” [7].
Миллий манфаатлар: Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги тарафдорлари ҳам, бундай қарор мухолифлари ҳам мамлакатнинг миллий манфаатларини ўзига хос тарзда пеш қилади. Бироқ миллий манфаатнинг ҳақиқий мазмунини қандай аниқласа бўлади? Моргентау берган таърифга кўра, манфаат концепцияси халқаро муносабатларда ҳокимият учун кураш билан боғлиқ (ҳокимият атамасининг кенг маъносида). Манфаат: 1) муайян субъект учун мумкин бўлган, фойдали ва зарур нарсанинг бирикувидан шаклланади; 2) атроф воқелигига у ёки бу муносабатни уйғотади; 3) мавжуд шароитларни сақлаб қолиш (статус-кво) ёки уларни ўзгартиришга (қарши ҳаракат қилишга) ундайди.
Мафкурачиларимиз, ахборот воситаларимиз, партияларимиз ва ҳатто сиёсий арбобларимиз, Ўзбекистон у ёки бу қарорни қабул қилишда ўз миллий манфаатларидан келиб чиқади, қабилидаги қолип сўзларни такрорлашдан нарига ўтмаган. Сиртдан қараганда, жозибали ва хатосиз кўринган миллий манфаатларга мурожаат қилиш ушбу манфаатларнинг мураккаб тузилмаси моҳиятига кириб борилмаса, сиёсий жиҳатдан тўғри фикр деган иллюзияни ҳосил қилади, ваҳолонки, манфаатлар ҳаётий муҳим, стратегик, муҳим, иккинчи даражали, қарама-қарши, параллел, ўзаро мос келувчи ва ҳк. бошқаларидан фарқли мезонлар асосида таснифланади.
Кўпинча ЕОИИга кириш ҳақида қарор қабул қилишдан олдин бундай истиқболнинг барча “яхши” ва “ёмон” жиҳатлари ўрганиб чиқилади, деган гапларни эшитамиз. Айни дамда “яхши жиҳатлар” “ёмон жиҳатлар”дан кўп деган иддаолар айтилади. Бундай риторика жамоатчилик фикрини олдиндан белгилаб олинган йўналишга яширин тайёрлашдан бошқа нарса эмас. Бунга Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистон-24” телеканалида 2019 йил 1 ноябрда эфирга узатилган кўрсатуви ёрқин мисол бўла олади. Унда яккам-дуккам истисноларни ҳисобга олмаганда, мунозара фақат иқтисодчилар иштирокидаги иқтисодий мантиқ доирасида кечди; жиддий муқобил позициялар деярли тақдим этилмади[8].
Бундай шубҳаларга ўрин қолдирмаслик учун экспертлар, ахборот воситалари, жамоатчилик ва сиёсатчилар иштирокида плюралистик – кўпқарашли ва кенг қамровли мунозараларни намойиш этиш лозим бўлади. “Яхши жиҳатлар” ҳақида гапирилганда, кўпинча қандайдир рақамлар келтирилади ҳамда савдо ва иқтисодий истиқболлар ҳақида сўз юритилади. Лекин, биринчидан, бундай рақамлар муқобил иқтисодий мулоҳазалар ҳам мавжудлиги сабабли унчалик ишончли бўлмайди; [9] иккинчидан, улар эҳтимол тутилган кўрсаткичларнинг чекланган мажмуини экс эттиради, бошқа кўплаб кўрсаткичларни, жумладан, иқтисодиёт билан боғлиқ бўлмаган омилларни ҳисобга олмайди; учинчидан, уларда асосий эътибор Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликка қаратилади, ваҳолонки, ушбу ҳамкорлик ЕОИИсиз ҳам муваффақиятли ривожланмоқда; тўртинчидан, ўша рақамларда бошқа мамлакатларнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлганининг тўлиқ сабаблари ва тузилмадаги аъзолиги оқибатлари ҳисобга олинмайди. Шунинг учун кенг қамровли мунозаралар айни муаммонинг барча нозик жиҳатларини синчиклаб кўриб чиқиш ва мамлакатнинг ҳақиқий миллий манфаатларини аниқ тушуниб олишга ёрдам берган бўлар эди.
Совет Иттифоқи: Дискурс давомида ЕОИИга киришга мухолиф бўлган кишилар совет ўтмишига қайтиш хавфи мавжудлигидан огоҳлантира бошлади, кириш тарафдорлари эса уларни тинчлантириб, совет тизимини қайта тиклаш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини иддао қилмоқда, ваҳолонки, улар орасида совет ўтмишини чиндан олқишлаётганлар ва қўмсаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳам, булар ҳам, назаримда, СССР ҳақида ўта юзаки ва олди-қочди фикр юритади: биринчидан, ушбу мунозаралар иштирокчилари совет давлатининг моҳиятини очиб беришга фурсат топмайди (айни контекстда бунинг учун жой ҳам, вақт ҳам йўқ) ва ушбу давлатнинг номини тилга олиш билан чекланади; иккинчидан, совет ўтмишини ҳар қандай эслаш бугунги постсовет ёш авлодига деярли ҳеч нарсани англатмайди, бинобарин, бундай эслаш ўзининг далил сифатидаги кучини йўқотади ва шу тариқа жамоатчилик эътиборини муаммони жиддийроқ ва пухта муҳокама қилишдан чалғитади.
Шу муносабат билан қайд этиш жоизки, ЕОИИ ҳақидаги “интеграцион” дискурс мамлакатлар ҳар қандай интеграциясининг асосий драйвери – ҳаракатлантирувчи кучи бўлган умумий қадриятлар ҳақидаги масалани четлаб ўтади. Собиқ совет республикаларинит бирлаштириб турган мафкуравий ва қадрият бириктиргичлари анча олдин йўқолиб кетганини инкор қилиш қийин; шунинг учун интеграция модели мақомига даъво қилаётган нарсага тор иқтисодий ёндашув қайта ўртага қўйилаётган мамлакатлар ва халқларнинг қадриятлари бирлигини инкор этиши хатодан бошқа нарса бўлмайди. Собиқ совет маконида (ҳозирча) қадриятларнинг ягона тизими мавжуд эмас, лекин бу Марказий Осиё мамлакатлар ўртасида бор.
З. Бжезинский юқорида зикр этилган интервьюсида ушбу масала муҳимлигини ва ҳатто БРЕКСИТ ҳам Европа бирлигига таъсир эта олмаганини алоҳида таъкидлаган эди. “Нима бўлганда ҳам, – дея таъкидлаган эди у, – «Европа қадриятлари» тушунчаси мавжудлиги баробарида улкан Европа қитъасида ўзаро ҳамкорликка асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода ЕОИИни унга фақат шубҳали совет ўтмишидан мерос қолган қадриятларни қарши қўйиши мумкин” [10].
Сурат манбаси: izborsk.md
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Толипов Ф. Как воссоздать Центральноазиатский Союз? https://caa-network.org/archives/10438 8 Октября 2017.
[2] Ali Banuazizi and Myron Weiner, eds., The New Geopolitics of Central Asia and Its Borderlands (Bloomington: Indiana University Press, 1994), p. 11.
[3] Доклад Президента Республики Узбекистан Ислама Каримова на совместном заседании Законодательной палаты и Сената Олий Мажлиса, 28.01.2005.
[4] https://www.ictsd.org/bridges-news/мосты/news/узбекистан-приостанавливает-членство-в-евразэс
[5] https://www.fergananews.com/news.php?id=10636
[6] Просуществует ли ЕАЭС хотя бы 10 лет? http://exclusive.kz/prosushestvuet_li_eaes_10_let, 05.04.2017.
[7] H.J. Morgenthau. Politics Among Nations. The Struggle for Power and Peace (NY: Alfred-A-Knopf, 1985), P. 6.
[8] Возвращение СССР или экономическая интеграция: нужно ли Узбекистану вступать в ЕАЭС? https://www.spot.uz/ru/2019/11/01/debates/?fbclid=IwAR2Esu2SnogTYQT6Zf1QXfLNJX0zTyF4vKvcPvMFwAv-VPFQaFGQOeZn-i8
[9] См. например: Юсупов Ю. Вступать или не вступать в ЕАЭС? Быть или не быть? https://repost.uz/che-kak-bit. См. также Бахтиёр Эргашев – о рисках, возможностях и последствиях присоединения Узбекистана к ЕАЭС https://nuz.uz/intervyu/43680-bahtier-ergashev-o-riskah-vozmozhnostyah-i-posledstviyah-prisoedineniya-uzbekistana-k-eaes.html?fbclid=IwAR03r8bzXJDwcf5HRwmDURrQzwpVzvffAEEHLMx7tIB909-h5foqoZ-3Bow
[10] Просуществует ли ЕАЭС хотя бы 10 лет? http://exclusive.kz/prosushestvuet_li_eaes_10_let, 05.04.2017.