Фото: President.uz
Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар бошланганига деярли уч йил тўлган бўлса-да, айни пайтда ҳали ҳеч бир соҳада уларни “ортга қайтиб бўлмас” нуқтага етиб келган ёки ундан ўтган дейиш қийин. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, ушбу ўзгаришлар ҳали нозик ва мўрт. Бунинг асосий сабаби – ҳали мамлакат миқёсида ислоҳотларни ҳимоя қила оладиган, уни олдинга торта оладиган сиёсий элита ва фуқаролик жамияти шаклланиб улгурмаганида. Барча қўлга киритилган ўзгаришлар замирида давлатнинг, аниқроғи, шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг интилиши ва дунёқараши ётибди…
Ислоҳотлар бошлангунгача қадар ўтган даврда фикрлаш ва яшаш борасида улкан “тажриба” тўпланди. Ҳозирги вазиятнинг мураккаблиги шундаки, Ўзбекистон ҳали ҳам ўша тажриба асоратларидан қутулиб улгургани йўқ ва яқин йилларда ундан қутулиш эҳтимоли кам, дея таъкидлайди сиёсатшунос.
Қуйида Камолиддин Раббимов билан республика давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар ҳақидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
‒ Президент Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида кўп гапирилади. Сизнингча, қайси соҳаларда ислоҳотлар умуман кузатилмаяпти? Ўзгаришлардан четда қолаётган “қизил чизиқлар ортидаги соҳалар” мавжудми?
‒ Президент Мирзиёевнинг ислоҳотлар борасидаги оҳангини, урғусини тўғри талқин қилиб олиш керак. Агар унинг Ўзбекистондаги вазиятга берган баҳосини концептуал даражагача қисқартирадиган бўлсак, қуйидаги фикр ҳосил бўлади: “Ўзбекистоннинг олдинги модели ривожланиш модели бўлмаган. Авторитаризм ва монополияларнинг уйғунлашуви барқарорликни таъминламайди. Биз ўзгаришларни иқтисоддан бошлаймиз”. Бу билан эски модель яроқсиз экани билдирилди, лекин янги модель нима экани хусусида ҳали жамиятга тайинли гап айтилмади.
Ўйлайманки, Президент Мирзиёевнинг маълум тасаввури ва сценарийси мавжуд, бироқ жамиятни вазиятга қараб трансформация қилиб бориш ниятида. Бошқача айтганда, у жамиятда кечаётган ислоҳотларни, энг аввало, ижтимоий онгдаги ўзгаришларни тезлаштирмоқчи ёки секинлаштирмоқчи эмас. Асосийси, ҳозирги Президент ўзгаришларга хавотир ва қўрқув билан қарамайди. Ўзбекистон Конституциясига кўра, президентлик институти энг қудратли давлат органи ҳисобланади, давлат раҳбари ҳокимиятнинг барча бўғинларини, бевосита ва билвосита шакллантиради, ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиради.
Бошқача айтганда, Президент давлатнинг асабларидир. Президентнинг дунёқараши, унинг ички кечинмалари, хавотир ва ишончи давлат сиёсати йўналишини белгилаб беради. Биринчи Президент даврида Ўзбекистон ўзгаришларга, айниқса, жамият фаоллиги асосидаги ислоҳотларга қаттиқ хавотир билан қарар эди. Бугунги кунга келиб, давлат раҳбари билдираётган фикр шундан иборатки, миллий бойлик яратиш миллий онг ва фаолликнинг ўсиши ҳисобига бўлади.
Айтмоқчиманки, Президент узоқ муддатли ислоҳотларга, ўзгаришларга ва ўзгаришлар асосидаги ижтимоий фаолликни кенг жамоатчиликнинг сиёсий иштирокида кўришга мойил. Айни пайтда ҳали ҳеч бир соҳадаги ислоҳотлар “ортга қайтиб бўлмас” нуқтага етиб келгани ёки ундан ўтгани йўқ. Ўзбекистондаги ўзгаришлар анча суст кечмоқда – улар ҳали нозик ва мўрт. Бунинг асосий сабаби ҳали мамлакат миқёсида ислоҳотларни ҳимоя қила оладиган, уни олдинга торта оладиган сиёсий элита ва фуқаролик жамияти шаклланиб улгурмаганида. Барча қўлга киритилган ўзгаришлар замирида давлатнинг, аниқроғи, шахсан Президент Мирзиёевнинг интилиши ва дунёқараши ётибди. Мабодо, агар у-бу сабаб бўлиб, Президентнинг ҳуқуқий давлатчилик томон юришга рағбати йўқолса, ислоҳотлар унинг манфаатларига зид келиб қолса, қаттиқ авторитаризмга қайтиш ниҳоятда осон бўлади. Ўтган давр мобайнида мамлакатда қаттиқ авторитаризм доирасида фикрлаш ва яшаш борасида улкан тажриба тўпланди. Ҳозирги вазиятнинг мураккаблиги шундаки, Ўзбекистон ҳали қаттиқ авторитаризмнинг оғриқ ва асоратларидан қутулиб улгургани йўқ ва яқин йилларда ундан қутулиши имконсиз.
Шунинг учун ислоҳотлар сунъий эмас, табиий динамикага кўра, яъни анча сокин тарзда амалга ошмоқда. Зиддиятлар сероб. Улар замирида учта томоннинг қарашлари ва манфаатлари ҳар хил экани кўзга ташланади: 1) жамият ислоҳотларни тезлаштиришни, самарасини тезроқ кўришни истайди; 2) бюрократия эса биринчи маъмурият инстинктлари билан яшамоқда, инерция ҳолатида қолмоқда ва шу сабаб ислоҳотларга шубҳа билан қарайди ва яширин қаршиликлар кўрсатади; 3) ўртада эса Президент турибди. У – ислоҳотлар муаллифи, илҳомчиси ва ҳозирча уларнинг ягона қудратли ҳимоячиси. Мирзиёев жамият ва бюрократия ўртасидаги модератор сифатида, бир томондан, ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга ҳаракат қилса, бошқа томондан, ижтимоий барқарорликни сақлаш мақсадида бюрократия билан келишишга мажбур.
Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар моделини, шартли равишда “Хитой/Сингапур модели” деб аташ мумкин. Бунда давлат иқтисодий соҳага устувор аҳамият беради, сиёсий ислоҳотлар – ҳуқуқий давлатчилик барпо этиш ишига эса иккинчи даражали вазифа деб қарайди. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистондаги ислоҳотлар, асосан, иқтисодий-ижтимоий соҳани ўзгартиришга йўналтирилган. Сиёсий ва маъмурий ислоҳотлар, қадриятлар борасидаги сиёсий қарашлар ҳали жиддий тарзда тафтиш қилинмади, ўзгаришларга юз тутмади. Мисол учун, иккинчи маъмурият парламентаризм, сиёсий партиялар фаоллиги борасидаги фундаментал ўзгаришларга шошилмаяпти.
Сиёсий партиялар тузишга бўлган ҳуқуқий-сиёсий тўсиқлар пасайтирилиб, парламент сайлови бир мандатли мажоритар тизимдан партиявий рўйхатлар тизимига ўтказилганда эди, Ўзбекистонда мутлақ жўшқин ва ниҳоятда эркин сиёсий муҳитни кўрар эдик. Лекин ҳозирча иккинчи маъмурият олдин синовдан ўтган кўппартияли тизимни сақлаб қолиш ниятида. Шу йил охирида кутилаётган парламент сайловининг ягона эҳтимолий фарқи – партиялар ва номзодлари ўтган даврга нисбатан ижтимоий муаммоларни дадилроқ кўтариш имкониятига эга бўлиши мумкинлигидир. Бу ҳам парламентаризм ва давлатнинг партияларга оид сиёсати ўзгараётгани эмас, нисбатан ошкоралик муҳити сабаб амалга ошиши мумкин.
Шунингдек, ҳали ислоҳотларга юз тутмаган соҳалар ўз ечимини кутиб турибди. Жумладан, қадриятлар тизими ҳам давлат тафаккури ва сиёсати даражасида ислоҳ қилиниши лозим бўлади. Олдинги маъмурият даврида давлат ва жамият ўртасидаги энг катта зиддият чизиғи диний соҳа эди. Давлат жамиятни имкон қадар дунёвий ушлаб туришга ҳаракат қилди, аммо жамият диний қадрият ва эҳтиёжларидан воз кечмади. Натижада, Ўзбекистон ҳалқаро майдонда “диний эркинликларни қўпол равишда бузувчи давлат” бўлиб қолди. Ўйлайманки, иккинчи маъмурият ушбу соҳадаги муаммоларни қанчалик тез, тизимли ва ҳуқуқий давлатчилик меъёрлари асосида ҳал қилса, давлат ва жамият ўртасида шунчалик тез уйғунлик вужудга келади.
‒ Элита ҳақида нима дея оласиз? Давлат ишларига жалб қилинаётган ёшлар кам эмас, лекин давлат бошқарувида эски тизим кадрлари ҳали ҳам кўп. Бюрократияга нисбатан давлат сиёсати ўзгаряптими? Ёшларда давлат бошқарувига ўтиш учун кенг истиқбол пайдо бўлди, деб айтиш мумкинми?
‒ Маъмурий ислоҳотлар – ҳали ўз ечимини кутаётган соҳалардан бири. Президент Мирзиёев давлат мулозимлари, айниқса, турли даражадаги ҳокимларни сайлаш механизмини жорий қилиш мақсадга мувофиқлиги борасида бир неча марта гапирди. Назаримда, иккинчи маъмурият, эртами-кечми, ҳокимларни тўғридан-тўғри сайлаш, бошқа мулозимларни эса маҳаллий кенгашларда, парламентда эркин ва жўшқин баҳс-мунозаралар орқали кенг муҳокама қилиб тайинлаш механизмини жорий қилади.
Сабаби, мулозимларнинг тўғридан-тўғри сайланиш механизми Президент обрўси ва сиёсий манфаатларига хизмат қилади. Агар ҳокимларни жамият бевосита сайласа, бутунлай бошқа сиёсий конфигурация шаклланади ҳамда ҳокимларнинг ўзи масъул вилоят, туман ва шаҳарда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун Президент бевосита айбдор бўлиб қолмайди. Айни пайтда бу маҳаллий ҳокимиятлар фаолиятини ҳам ижобий томонга ўзгартириши мумкин. Жамият бевосита ва кучли рақобат асосида сайлаган ҳоким, бир томондан, марказий ҳукуматга бўйсунса, иккинчи томондан, маҳаллий манфаатларни ҳимоя қилувчи шахсга айланади. Чунки сайланган ҳоким кейинги сайловда яна жамият ишончига эришишни ўйлайди.
Демократик сайлов йўли билан шакллантириладиган давлат бошқаруви тизимида кадрларнинг ёши аҳамиятли бўлмайди. Аҳамиятлиси – жамият муаммоларига малакали ечим топа олиш. Айни тизимда ёшлар тенг имкониятга эга бўлади. Ҳозирги Ўзбекистон шароитида илғор фикрловчи, қўрқув даражаси паст кадрларнинг жамият ишончини қозониш эҳтимоли катта.
Президент Мирзиёевнинг кадрлар сиёсатида қуйидаги ёндашувни кузатиш мумкин: ҳозиргача иккинчи маъмуриятнинг мавқеини мустаҳкамлашга қаратилди. Шу сабаб эски ва қудратли шахсларнинг аксарияти юқори сиёсий лавозимларда қолмоқда. Фақатгина ишончсиз деб қаралган қудратли шахслар ҳокимият коридорларидан четлатилди. Айни пайтда олдинги маъмуриятда ишлаган ва юқори лавозимларни эгаллаб келган шахсларнинг фикрлаш ва ишлаш тарзи ҳам, аста-секинлик билан бўлса-да, ўзгармоқда. Мисол учун, Президент атрофидаги ёши катта амалдорлар ОАВ билан очиқ ва изчил мулоқотларни йўлга қўймоқда.
Шунингдек, Мирзиёев маъмуриятида ёшларнинг салмоғи ҳам, олдингига қараганда, анча юқори. Янгича фикрлаш ва ишлашни тақозо қиладиган кўпгина лавозимларга ёшлар тайинланмоқда. Иккинчи маъмуриятнинг вазиятга бўлган ишончи тўлиқ мустаҳкамлангач, кадрлар сиёсатининг иккинчи босқичига ўтилади, деб ўйлайман. Ўша босқичда давлат бошқарувида ёшларга кўпроқ суянилиши, анча катта имконият эшиклари очилиши мумкин. Ушбу кадрлар сиёсати шу йил декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайлови ва айниқса, 2021 йилги Президент сайловидан кейин тўлиқ амалга ошса керак, деган фикрдаман.
Сабаби, бу даврга келиб, жамиятдаги фаоллашув ва ижтимоий эҳтиёжлар юксак нуқтага кўтарилади, бинобарин, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга жуда тез, новаторлик билан ва ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ечим таклиф қила оладиган мулозимлар синфига бўлган эҳтиёж ҳам шунга яраша ортган бўлади.
‒ Давлат бошқаруви тизимининг ислоҳ қилиниши истиқболини қандай баҳолайсиз? Янги бюрократияни шакллантириш учун нималар қилинмоқда? Бу борада таълим дастурлари, илмий-амалий дастурлар борми?
‒ Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг асосий фалсафаси давлатнинг “мажбурлов” тизимидан “ишонтириш” ва “рағбатлантириш” тизимига ўтишидир. Шу пайтгача давлатчилик тафаккури ва амалиётида жамиятни мажбурлаш, маҳрум қилиш орқали бўйсундириш ёндашуви кузатилди. Шунинг учун Ўзбекистондаги давлат бошқаруви, на ичкарида, на ташқарида “демократик” дея тан олинди, унга муттасил “авторитар” ва “қаттиқ авторитар” тамғаси босиб келинди.
Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг пировард мақсади жамият барқарорлиги ва фаровонлиги учун етарли даражадаги миллий бойлик яратишдир. Миллий бойликни ҳеч қачон қатағон сиёсати билан яратиб бўлмайди. Ўтмишнинг баъзи тарихий паллаларида феноменал зўриқишлар натижасида иқтисодий ўсиш ёки жиддий саноатлаштиришга эришган мамлакатлар бўлган. Лекин ҳозирги глобаллашган дунёда бундай зўриқиш ва қатағонлар фақат зарар келтиради. Демак, Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотлар сиёсати замиридаги сиёсий бошқарув тизими ва фалсафаси ўзгармоқда. Давлат жамиятни маҳрум қилиш, мажбурлаш воситалари орқали назорат қилиш тафаккуридан воз кечмоқда, жамият билан эркин ҳамкорлик қилиш, уни рағбатлантириш ва ишонтириш орқали фаровонликка эришишни кўзламоқда.
Ушбу вазифани амалга ошириш учун мутлақо янгича фикрлайдиган, ҳуқуқий давлатчиликни мукаммал тушунадиган, айни пайтда мамлакат ўтиш даврида эканини англайдиган, жамиятга унинг муаммоларини аниқ-тиниқ тушунтириб бера оладиган мулозимлар синфи керак бўлади. Аслида, айнан мана шу синф Ўзбекистонинг глобал обрўсини, Президент Мирзиёевнинг тарихий миссиясини, давлатчиликнинг рақобатбардошлигини белгилаб беради. Ўтган уч йил давомида Президент кадрлар масаласи нақадар оғир муаммо эканини кўп марта урғулади. Лекин бу борада давлат даражасида нима ишлар қилиняпти, деган саволга мен ҳозирча аниқ жавоб бера олмайман. Назаримда, қилинаётган ишлар келажакдаги эҳтиёжларга, бизни кутаётган муаммоларга мутаносиб эмас ва кейинги йилларда малакали кадрларга бўлган эҳтиёж фақат ортиб боради.
‒ Сиз, Президент Мирзиёев куч ишлатар тизимларнинг кўп бўлишига қарши, деган фикрни айтдингиз. Аслида Ўзбекистон ичкарисида миллий хавфсизликка реал таҳдидлар мавжудми?
‒ Ислоҳотлар ўзгариш демакдир. “Нима учун ўзгариш қилиш керак?” деган қараш “Нима нотўғри эди?” деган саволни келтириб чиқаради. Мен эса саволни кенгроқ қўймоқчиман: “Ўтган 27 йиллик даврда Ўзбекистон давлатчилиги, миллат тараққиёти ва рақобатбардошлиги учун энг катта муаммо нима бўлди?”
Муаммони аниқлаш ва унга тўғри ечим топиш учун имкон қадар самимий бўлишимиз, ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам алдамаслигимиз керак бўлади. Ўтган 27 йилда Ўзбекистонда давлатчилик ва халққа энг қаттиқ зарбани айнан авторитаризм берди. Айнан қаттиқ авторитаризм стратегик имкониятларимизни қўлдан беришимизга сабабчи бўлди, минтақадаги тарихий позициямизни йўқотдик, на иқтисодда, на сиёсатда ва на маънавиятда ҳеч бир мақтанарли натижага эриша олмадик. 27 йил давомида муаммоларимизни музлатилган ҳолда сақладик. Бугун муз бир оз эригач, ортидаги муаммолар янада бўртиб кўрина бошлади. Энди давлатчилик принципларини, иқтисодий ислоҳотларни, қадриятлар тизимини, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қайта кўриб чиқишга мажбурмиз.
Олдинги Ўзбекистоннинг асосий давлатчилик белгиси куч ишлатар тизимлар эди. Мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам улар фаолияти ҳақида яхши гап айтилмас эди.
Бугунги кунга келиб, Президент Мирзиёев ўша тизимларни ислоҳ қила бошлади. Кейинги уч йилда олдинги шаклдаги ва қудратдаги куч ишлатар тизимлар фаолиятини деярли кўрмадик. Бу – катта ижобий янгилик. Шу билан бирга, куч ишлатар тизимлар импульсив, олдинги инерцияга асосланган хатолар қилишни ҳам давом эттирмоқда. Бу янгича фикрлайдиган кишилар ишлайдиган тизим ҳали шаклланмаганиги англатади. Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, прокуратура бугунги кундаги сиёсий коньюктурадан келиб чиқиб, яъни вазиятга қараб иш қилмоқда.
Ўзбекистондаги асосий муаммо жамият эҳтиёжларини қондира олмаслик, унинг қувватини бошқара олмаслик, ижтимоий портлаш эҳтимоли ва сурункали ижтимоий норозиликлардир. Олдинги маъмурият даврида диний “экстремизм” ва у билан боғлиқ терроризм таҳдиди сиёсий мақсадларни кўзлаб кўпиртирилар эди. Ҳар қандай жамият тирик, у онгли инсонлардан таркиб топган катта организмдир. Одамлар ҳар доим рационал ва ақл билан иш қилади, фақат сурункали ва қўпол адлолатсизликка, сурункали босимларга қарши бош кўтаради, босимлар ҳаддан ошганда эса, мамлакатдан чиқиб кетади.
Янги маъмурият куч ишлатар тизимлар репрессияларсиз ижтимоий барқарорликни, ижтимоий адолатни ва одамларнинг давлатга бўлган ишончини таъминлаб берадиган даражада ислоҳ қилиниши керак. Дунё тажрибасига қаралса, бу вазифани амалга ошириш у қадар қийин иш эмас. Бунинг учун сиёсий ирода билан изчил ҳаракат кифоя.
‒ Сиёсий ислоҳотлар фуқароларнинг давлатни бошқарувида сайлов орқали иштирокини таъминлаш демакдир. Сизнингча, келажакда қандай сиёсий партияларга эҳтиёж бор? Исломчи ёки миллатчи партиялар пайдо бўлишидан қўрқмайсизми? Ушбу икки тамойил: сиёсий ислом ва миллатчилик ҳақида нима дея оласиз?
‒ Олдинги маъмуриятдан қолган мерос ичида энг оғири фобиялар, асоссиз ва кўпиртирилган қўрқувлар, хавотирлардир. Бу дунёқараш билан боғлиқ муаммо эди. Дунёқараш асосидаги зиддият – зиддиятларнинг энг оғири. Қанчалик ҳақ бўлманг, қарашларингизни қанчалик асослашга уринманг, нариги томон ўз қарашлари доирасидан чиқиб кета олмайди. Бинобарин, дунёқараш замирида турадиган зиддиятни бартараф этиш ниҳоятда қийин. Олдинги маъмурият 27 йил давомида ички ва ташқи душман қиёфасини чизиб келди ва шунга яраша тизим шакллантирилди, ҳуқуқий давлатчиликдан бош тортилди, қудратли куч ишлатар тизимлар барпо этилди, жамиятни босим билан назорат қилиш механизмлари яратилди.
Ўзбекистонда, ислом – доимий омил, у бўлган, бор ва келажакда фақат кучайиб боради. Ўзбекистон ҳуқуқий давлатчилик йўлидан борадиган бўлса, жамиятнинг исломий ўзлиги унинг фикрлаши ва фаоллигида юзага чиқиши муқаррар. Эътибор берилса, барча мусулмон жамиятларида исломий фаоллик ортиб бормоқда. Лекин у ерларда демократик амалиёт қанчалик чуқур илдиз отган бўлса, ўша ердаги исломий қарашлар ва исломий фаоллик ҳам мўътадил бир кўринишда экани кузатилади.
Мисол учун, Туркиядаги “Адолат ва тараққиёт” партияси, ҳалқаро стандартларга кўра, исломий партия деб эътироф этилади. Лекин шуниси қизиқки, бу ва бошқа исломий партиялар демократик ўйин қоидасини бузишдан манфаатдор эмас. Ёки Индонезия, Покистон, Малайзия ва бошқа мусулмон жамиятларида ҳам исломий ўзлик ва демократик жараёнлар бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистонда исломий ўзлик ва сиёсий иштирок борасида ниҳоятда кучли фобия яратилди.
Айни пайтда, Ўзбекистон давлатчилиги учун, асосий муаммо хаёлий “исломизм” ёки “миллатчилик” эмас, реал қаттиқ авторитаризмга, куч ишлатар тизимларнинг жамият устидан яна қайтадан монополия ўрнатишига мойиллик бор. Агар давлатчилик легитим ва қонуний фаолият олиб борса, фикрловчи кишилар билан ҳисоблашишдан тортинмаса, диний қатлам билан самимий ҳамкорликка интилса, исломизм муаммоси назарийлигича қолади, реал таҳдид даражасига кўтарилмайди. Шунингдек, миллатчилик кайфиятлари олдини олиш учун ички ва ташқи сиёсатда, миллий қадриятлар, айниқса, тил борасида мўътадил сиёсат юритиш керак бўлади.
Назаримда, Мирзиёев давлатнинг дунёвийлиги принципига, Ўзбекистоннинг кўпмиллатли эканига заррача шубҳа қилмайди. Асосийси, биринчи маъмурият даврида бузилган мувозанатни тиклаш, дунёвийликни зўриқиш ва мажбурлаш орқали эмас, ҳуқуқий-либерал воситалар орқали таъминлаш зарур бўлади. Миллатлараро муносабатларга келсак, назаримда, Ўзбекистоннинг қўшнилар, постсовет мамлакатлари ва халқлари билан муносабатларида самимийлик, дўстлик ва очиқлик устувор йўналиш бўлади.