Суратда: Женнифер Муртазашвили
Муаллиф: Дилмира Матяқубова
“Одамлар фикрини давлат аралашувисиз эркинроқ ифода қила олишнинг улкан психологик самараси бор”, дейди Марказий ва Жанубий Осиё бўйича мутахассис, “Informal Order and the State in Afghanistan” (“Норасмий тартиб ва Афғонистон давлати”) китоби муаллифи, Питтсбург университети қошидаги Ижтимоий ва халқаро муносабатлар олий мактабининг Халқаро ривожланиш мактаби дастури директори ва доценти Женнифер Муртазашвили.
UzAnalytics мухбири халқаро экспертнинг Ўзбекистонда юз бераётган жараёнлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
‒ Ўзбекистонда янги ҳукумат амалга ошираётган сўнгги ислоҳотлар ҳақидаги кузатишларингизни сўзлаб берсангиз
− Ўзбекистонда узоқ вақт тадқиқотчи бўлган биздай кишиларни ислоҳотлар ҳайратга солмоқда (Мен Ўзбекистонга илк марта 1997 йили “Тинчлик корпуси” кўнгиллиси – талабгори сифатида борган эдим). Кўпчиликнинг ҳаяжони ва умумий ижобий муносабати – йўллар нотекислигига қарамай, орадан икки йил ўтиб, мени ҳам ҳайрон қолдирди. Умумий чарчоқ борга ўхшамайди, аммо некбинлик кўзга ташланади.
Энг муҳим ислоҳотлар иқтисодиёт ва чет мамлакатлар билан муносабатлар соҳасида рўй берди. Миллий валютанинг либераллаштирилиши ҳамда савдо-сотиқ билан халқаро муносабатларнинг очилиши кўп нарсани ваъда қилмоқда. Кичик ва ўрта ҳажмдаги корхоналарни ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш анча осон бўлди. Худди шу тарзда мамлакатга кириш ва ундан чиқиш, айниқса, қўшни мамлакатларга сафар қилиш анча енгиллашди. Мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, қийноқларни камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар шарофати билан Ўзбекистон ватандошлари енгил нафас ола бошладилар. Сиёсий очиқлик аломатлари ҳам бор, бироқ кенг қамровли сиёсий ислоҳотлар кўзга ташланмайди.
Ислоҳотларни марказий ҳукумат амалга оширмоқда. Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи ҳалигача вето қўя оладиган даражага етмади, Президент администрацияси ва вазирлик расмийлари қўлида фармон ва янги қонунлар чиқариш ҳуқуқи бор. Жуда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди, аммо ватандошларнинг ҳалигача сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнида бемалол қатнашиш имкони йўқ. Бунинг маъноси шуки, одамлар марказий ҳукуматнинг ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасидаги яхши ниятидан умидвор, ислоҳотлар эса халқнинг манфаатларига мос келади.
Сўнгги ойларда халқнинг норозилиги ҳукумат фаолиятини чеклаётганига гувоҳ бўлдик. Бу, айниқса, яқинда ватандошларнинг уйлари бузилишига қарши норозиликларида яққол кўзга ташланди. Ватандошлар вилоят ва туман ҳокимлари уларга уйларидан айрилгани учун товон пул беришга оид ваъдасини тўлиқ бажармаётгани ҳақидаги шикоятларини баралла айта бошлади. Халқни норози қилган ҳокимлар лавозимидан четлатилди. Президент уйларни яна бузишни тўхтатди ва мавжуд тартиб-қоидаларни қайта кўриб чиқишга ваъда берди. Гап бу ерда президентнинг жавоб қайтарганида эмас, балки ватандошлар ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлганидадир. Улар ҳокимият идораларига қарши чиқишдан чўчимади. Бу ўта илҳомлантирувчи ўзгаришдир ва унинг аҳамиятини пасайтириш керак эмас.
‒ Шу пайтгача қандай сиёсий ислоҳотлар амалга оширилди ва уларнинг маъноси/таъсири қандай?
− Ўзбекистондаги энг муҳим сиёсий ислоҳотни бирор ёзилган қонун ёки фармондан топиб бўлмайди. Бу ватандошларга ўз фикрини ифода қилиш учун қайтариб берилган майдондир. Кўплаб олимлар ва таҳлилчилар ҳукумат сиёсатдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида хабар қилишини кутиб турган бир пайтда ҳукумат ихтиёридан ташқарида бўлаётган бошқа кўплаб ўзгаришлар аҳамиятлироқ таъсир кучига эга бўлмоқда. Назаримда, ҳам хусусий, ҳам давлат секторидаги яратиш ва қуриш эркинлиги энг муҳим ўзгаришдир. Бу ҳам тадбиркорлар, ҳам ижтимоий соҳа фаолларига таъсир кўрсатиш имкониятини яратиб беради.
Энг муҳим ислоҳот шуки, ҳукумат жуда кўп масалаларда халққа йўл бермоқда. Бу ватандошларнинг ҳукуматни танқид қилишидаги қўрқувини камайтирмоқда, шу билан бирга Ўзбекистондаги ҳаёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ассоциатив ҳаётдан[1] баҳраманд бўлиш йўлида ижобий майдон яратмоқда. Ушбу ҳолат яқин йилларда сиёсатнинг ҳам, иқтисодиётнинг ҳам ривожланиш йўлини белгилаб беришига ишонаман.
Ҳукумат инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратиш ҳақида кўп гапиряпти. Одамларга яратиши, тасаввур қилиши, ҳатто муваффақиятсизликка учраши учун имкон бўлмаган жойларда инвестициялардан кўп нарса кутиш қийин.
Шундай қилиб, энг муҳим сиёсий ислоҳот ҳукумат ҳурмат қилишни истаётган “салбий эркинлик”дир. Бунинг маъноси шуки, ҳокимият маънавият ва маърифатни тарғиб қилувчи маданий бирликка эришишдан манфаатдор эмас, чунки ўзбек жамияти ранг-баранг эканини тушунади. Давлатнинг ушбу мафкуравий дастурларини миқёсини камайтириш ранг-баранглик ва бағрикенгликка кўпроқ макон ҳозирлайди. Бу барча кишилар, айниқса, ёшларга гуруҳлар ташкил қилиш, муаммоларни интернет орқали ошкора муҳокама этиш, фикрини янада эркинроқ изҳор қилиши учун макон яратиб беради. Одамлар энди полиция ходимлари қўпол муомала қилаётган тақдирда уларни тасвирга олишдан чўчимаяпти. Юқорида сўз юритилганидай, улар энди ҳокимларга қарши боришдан ва етказилган зарар ҳақида тегишли идораларга маълум қилишдан қўрқмаяпти. Одамлар фикрини давлат аралашувисиз эркинроқ ифода қила олишининг улкан психологик самараси бор. Бу аҳолига ўз дунёси ва жамоатига янгича қараш имконини беради. Бу жамоатга тегишлиликнинг янгича ҳиссидир. Назаримда, ушбу ўсиб бораётган эркинлик амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барча спектри бўйича мисли кўрилмаган қўллаб-қувватлашни келтириб чиқарди.
Фикрни эркин ифода қилиш майдони нафақат “либерал” қадриятлар тарафдорлари, қолаверса, унга қарши турувчилардан ҳам иҳоталанмаган. “Консерватив” нуқтаи назардан айрим ислоҳотларга қарши чиқаётган кишиларга ҳам шундай қилиши учун майдон ажратилиши муҳимдир. Масалан, Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ туман кенгаши (сайлаб қўйиладиган йиғин) аъзоси Қобул Дўсов яқинда Фейсбукдаги саҳифасида аёлларнинг сиёсат ва бошқарувдаги ўрни ҳақида баъзи зиддиятли фикрларини баён қилди. Унинг айтишича, агар аёллар сиёсатга аралашадиган бўлса, мамлакат парчаланиб кетар эмиш. Яна диний таълимни кўпайтиришни ҳам ёқлаб чиқди. Бошқа тарафдан, у Хитойда уйғурлар қатағон қилинаётгани хусусида ҳукумат жим турган пайтда бу ҳақдаги фикрларини очиқчасига айтди.
Ижтимоий тармоқлардаги либерал шарҳловчилар Дўсовнинг изоҳларини ўқиб жаҳлланди, лекин фикримча, бундай мунозара ривожланаётган жамият ва иқтисодиёт талаб этаётган соғлом муҳокама пайдо бўлаётганини кўрсатади. Одамлар энди бундай фикрларни яшириш ўрнига бемалол улашмоқда ва улар хусусида мунозара қилмоқда. Бундай масалаларни муҳокама қилиш учун майдон бўлиши муҳим, чунки Дўсовга ўхшаш кишилар жамиятнинг кенг қамровли қатламлари манфаатини ифода қилади. Бундай тафовутлар йўқ деб ўзини алдаб ўтиришнинг мавриди эмас, улар жамоатчилик олдига олиб чиқилмоқда ва бундай ғоялар устида тортишиш мумкин.
‒Амалдаги сиёсий тизим Мирзиёев бошқаруви остида қанчалик марказлаштирилган? Ҳеч бўлмаса, иқтисодий фойда олиш нуқтаи назаридан бўлғуси либераллаштириш ёки марказлаштиришдан қочиш аломатлари кўзга ташланяптими?
‒ Мирзиёев қўл остидаги сиёсий тизим марказлашганича қолмоқда, ҳукумат марказлаштиришдан қочиш ёки ҳокимиятнинг бир қўлда жамланишига барҳам бериш учун қайси йўналишни танлаши аниқ эмас. Гапирилаётган гап билан амалдаги сиёсат ўртасида зиддият борга ўхшайди.
Мирзиёев ҳокимиятга келган пайт уни марказлаштиришдан қочиш кераклиги ҳақида гапирган эди. Ушбу фикр 2017 йил сентябрида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонда баён қилинган эди. Унда ислоҳот йўналиши ҳақида кучли фикрлар билдирилди. Яна мамлакат миқёсида парламентнинг ролини кучайтириш орқали ҳокимият тармоқларини ўзаро ажратиш ҳақида сўз юритилди. Айни ҳол маҳаллий даражада туман ва вилоят кенгашларини кучайтириш орқали амалга оширилиши керак. Фармонда яна давлат бошқарувини босқичма-босқич марказлаштиришдан қочиш ҳақида ҳам фикр юритилиб, ҳаддан зиёд марказлаштириш танқид қилинади, ҳатто маҳаллий амалдорлар ишини самарали назорат қилиш учун келгусида ҳокимларни сайлаш тартиби жорий қилиниши ҳақида ҳам гап боради.
Гарчи онлайн порталлар (виртуал қабулхоналар) орқали ватандошларнинг шикоят қилиш орқали сиёсий жараёндаги иштирокини ошириш учун муайян қадамлар қўйилган бўлса-да, уларнинг сайлов орқали бошқарув ишларида қатнашиши кенгайтирилгани йўқ. Ҳали ҳокимиятни марказлаштиришдан йироқлашиш бўйича жиддий ишлар қилинмади. Аксинча, ҳукумат сўнгги йилларда вилоят ва туман ҳокимларига нисбатан ўз ваколатларини марказлаштирганини кўрдик. Масалан, марказий ҳукумат ҳокимлар коррупция билан шуғулланаётгани, мактаб директорлари, ўқитувчилар ва ватандошларни мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани тўғрисидаги гап-сўзлардан кейин улардан халқ таълимининг маҳаллий тизими билан боғлиқ кўплаб ваколатларини тортиб олди. Шундай қилиб, ваколатлар ҳокимлардан олиниб, соҳа вазирликларига берилди, бу аслида ҳокимиятнинг марказлашувини англатади. Бошқа тарафдан, марказий ҳукумат ҳам, ватандошлар ҳам ҳокимлар коррупция ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётганидан шикоят қилади.
Давлат сиёсатида кўзимиз тушаётган яхши намуна маҳалланинг сиёсатдаги роли ўзгараётганидир. Каримов ҳукумати даврида маҳалладан ижтимоий назорат, шунингдек, нафақаларни тақсимлаш воситаси сифатида фойдаланилган эди. Мирзиёев маҳалла раислари сайловининг янада тизимли ва шаффоф бўлишига (энди ёпиқ мажлислар орқали эмас) интилди. Яна у ҳар бир маҳаллада хавфсизлик хизмати вакили бўлган посбон лавозимини бекор қилди. Жорий йилда маҳалла раисларининг расмий сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловда рақобат қай даражада бўлгани хусусида етарли ахборотга эга эмасмиз, лекин шуниси аниқки, у фаол бўлмади. Сайловда сиёсий партиялар айтарли даражада қатнашмади. Бошқа тарафдан, ушбу сайлов ўтказиш тартибини белгилаб берган қонунчилик узоқ истиқболда ватандошларнинг давлат бошқарувида кўпроқ тизимли қатнашишига имконият туғдириши мумкин бўлган институтлар ва жараёнларни яратди. Жорий йил декабрида бўлиб ўтажак парламент сайлови билан боғлиқ худди шундай нарса юзага келаётгани шоҳиди бўляпмиз. Ҳукумат бўлғуси демократик сайловлар ва уларда ватандошлар фаол қатнашиши учун кўприк яратмоқда. Ушбу масалалар яқин келажакда қандай ҳал этилишини кўриш қизиқ бўлади, албатта.
‒ Мирзиёевнинг ҳукуматнинг юқори лавозимларидаги кишиларни тез-тез алмаштираётгани сабаб ўша лавозимларга янги кадрлар ва юксак малакали эмигрантлар тайинланмоқда, лекин бу эски тизимни ўзгартиришга ёрдам берадими? Буни Грузия ҳукумати эски тизимга мансуб амалдорларга нисбатан тутган йўл билан қандай таққослаган бўлар эдингиз? Ўхшаш жиҳатлари борми?
‒ Ҳукумат ўзгаришлар борасида маслаҳат бериб туриш учун айрим эмигрантлар ва бошқаларни лавозимларга тайинлади. Хусусан, биз янги “Буюк келажак” ташкилоти қарор топгани гувоҳи бўлдик, у узоқ йиллар чет элларда яшаган ёки чет мамлакатлар ватандошлари бўлган ўзбекистонликлар уюшмаси бўлиб, унинг вазифаси мамлакатда ўтказиладиган сиёсий ислоҳотлар борасида маслаҳат беришдан иборат.
Бу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ижобий қадамдир. Ҳукумат ушбу шахсларни, илгари бўлганидай, яккалаб қўйиш ва таъсирини чеклаш ўрнига уларнинг истеъдодидан фойдаланиш йўлларини қидирмоқда. Биз яна бир қанча истеъдодли ва ёш, кўп йиллар олдин Ўзбекистон ватандошлигидан чиқиб кетган ўзбекларнинг ҳукуматдаги юқори лавозимларга тайинлангани гувоҳи бўлдик. Бироқ мамлакат Грузияда ўн йил олдин кузатилган кенг қамровли ўзгаришлар сари ҳали қадам қўймади.
Ислоҳотлар суръати шунчалик тезки, ҳатто ҳукумат амалдорлари ҳам уларнинг барчасини кузатиб боришга улгурмаяпти. Ислоҳотларнинг дадил одими муаммога айланмоқда. Фармон ва тартибга солувчи низомлар шунчалик тез қабул қилинмоқдаки, амалдорларнинг барча талаб қилинаётган ишларни бажаришга вақти жуда оз қолмоқда. Ислоҳотлар кўплаб ёшларни бошқарув соҳасида иш излашга жалб этди, чунки улар давлат бошқарувига таъсир кўрсатиши мумкинлигига ишона бошлади. Бироқ ўша ёшларнинг кўпчилиги узоқ соатлаб ишлашдан чарчаб қолмоқда ва ҳамқадам бўлишга улгурмаяпти.
Ислоҳотлар суръати билан боғлиқ муаммо шуки, янги ислоҳотлар мавжуд ислоҳотларни қисқартириши ва бу ҳол, сиёсат– беқарор, деган янглиш тушунчага сабаб бўлиши мумкин. Бу – айниқса, вазирликлардаги ходимларнинг доимий алмашувига оид долзарб масала. Лавозимдаги кишиларнинг доимий алмашуви мамлакатдаги барқарорлик ва ислоҳотлар қаерга олиб бориши мумкинлигини идрок қилишни қийинлаштиради.
Мен ҳис қилаётган нарса шуки, ёш ислоҳотчилар билан статус-кво – мавжуд ҳолатда ўсган кишилар ўртасидаги муносабатлар чигаллашиб бормоқда. Ўзгаришга эришиш – жуда қийин масала. Қуйи бўғинлардаги давлат идоралари тизимли равишда босим ўтказмаётган пайт юқоридан бошлаб ўзгаришлар қилиш ундан ҳам оғир бўлади.
‒Сиз Ўзбекистонда олдинги бошқарув вақтидаги автократик барқарорлик ҳақидаги мақолангизда режим нафақат сиёсий қатағон, қолаверса, ўртачадан баланд иқтисодий кўрсаткичлар ва ижтимоий сиёсатни қўллаш сингари омиллар сабаб яшаб қолганини айтган эдингиз. Амалдаги ҳукуматнинг барқарорликка ёндашувини қандай баҳолайсиз? Мирзиёев режимининг барқарорлиги манбаси нима?
‒ 2012 йили ёзилган мақоламда Каримов режимининг қонунийлиги манбалари тавсифлаб берилган эди. Ғарблик кўплаб ҳамкасбларим Каримовнинг инсон ҳуқуқини таъминлаш борасидаги аянчли аҳволига эътибор қаратган пайт мен ҳар доим мамлакатдаги вазият бундан мураккаброқ эканини ҳис қилганман. Албатта, Каримов ҳокимиятни сақлаб қолиш учун қамчидан ҳам фойдаланган, четдан кузатувчилар эса аксарият ҳолларда ҳукумат қўллаган рағбатлантиришларга кўз юмиб келди. Назаримда, ушбу ижобий роль ўйнаган рағбатлантиришлар мамлакатда бугунги ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам бермоқда. Олдинги режим кўпчилик наздидагидай оқ ёки қора эмас эди: у ўта мураккаб бўлган. Ҳукумат заиф эмас, кучли ва мақсад сари интилувчан эди. Давлат ватандошлар кўз ўнгида қонуний бўлиш учун ижтимоий таъминот ва инфратузилмага сармоя ётқизиш сингари воситалардан фойдаланди. Мамлакатдаги аҳвол демократлаштириш жараёнига босим ўтказадиган – қўшни мамлакатлар Тожикистон ва Қирғизистонни ва албатта Афғонистонни қамраб олган – бошбошдоқлик ва тартибсизликлар, тобора ортиб бораётган қашшоқлик билан солиштирганда, анча афзал кўринар эди.
Ҳозирги кунда Мирзиёев ҳокимиятининг қонунийлиги унинг харизмаси – раҳбарлик истеъдоди, шунингдек, узоқ йиллардан бери йиғилиб қолган муаммоларни муҳокама қилишга йўл очгани бўлди. Ўтган йили бир ҳукумат амалдори менга Фарғона водийсида, “президент Каримов бизга барча муаммоларни бекитишни тайинлар эди. Бу президент ҳар бир кишига барча муаммоларимизни кўрсатиш кераклигини айтмоқда, лекин бу биз учун осон иш эмас”, деган эди. Айни дамда муаммолар фаол муҳокама қилинмоқда. Масалан, ўзбек давлат телевидениесини ёқсангиз, қишлоқ аҳолиси қай даражада қашшоқ яшаётганининг эсанкиратувчи муҳокамаси ва тавсифига кўзингиз тушади, ваҳолонки, икки йил олдин буни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Бироқ ҳукуматнинг ушбу масалага ечими кўпинча янги инфратузилма яратиш ва уйларни бузишга асосланади. Бу жамоатчиликнинг салбий муносабатига сабаб бўлди. Мирзиёев дуч келаётган муаммо ислоҳотларни амалга ошираётган ҳеч бир мамлакатга бегона эмас: аҳоли ўзининг манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлардан миннатдор, аммо ҳукуматни бу учун жазолайди, чунки инсон хотираси қисқа. Ислоҳотлар кутилмаган муаммоларни келтириб чиқаради. Шу сабабли ватандошларнинг жараёнда иштирок этиши улар ҳам ислоҳотлар учун ҳукумат баробарида жавобгар эканини таъминлашда ёрдам бериши билан муҳимдир.
Гарчи ислоҳотлар ҳаяжонли бўлса-да, уларнинг янгилиги бирпасда эскириб қолади. Ватандошлар энди ҳукумат икки йил олдин ташкил этган онлайн платформа,“фуқароларнинг виртуал қабулхонаси”дан кўпроқ нарсани талаб қилаётганга ўхшайди. Улар маҳаллий ва ҳатто миллий даражадаги қарор қабул қилиш жараёнида кўпроқ тизимли равишда иштирок этишни талаб қилаётганга ўхшайди. “Снос” (уй-жой мулкининг бузилиши) билан боғлиқ норозиликлар вақтида ана шу нарса баралла ва аниқ-тиниқ айтилмоқда. Президент бунга, ўз сўзларига кўра, жавобгар деб топилган ҳокимларни ишдан олиш билан жавоб қайтарди. Бу ушбу масала бўйича дадил қадам бўлди, лекин “снос”лар яна такрорланса нима бўлади? Албатта улар такрорланади. У ҳолда президент ватандошларига олдингисидан ўзгача нимани таклиф қилади? Бу савол жавобсиз қолмоқда.
Ҳукумат реал буҳронга дуч келмагунча мамлакатдаги барқарорликнинг ҳақиқий манбаси нима эканини тушуна олмаймиз. Бу ҳукуматлар исталган жойда дуч келадиган ҳар қандай муаммо: табиий офат, иқтисодий карахтлик ёки сиёсий фалокат сабабли юзага қалқиб чиқиши мумкин. Биз ҳукумат ҳақиқий танг вазиятга тушгандагина, буни яхшилаб тушуниб олишимиз мумкин.
‒ Айни пайтда Марказий Осиё (Ўзбекистон) бўйича тадқиқот олиб бораётиб, қайси соҳаларга кўпроқ эътибор қаратяпсиз?
‒ Энг аввало, мен пухта тадқиқотлар ўтказиш имкониятларини қидираётган ўзбекистонлик социологларнинг ишини қўллаб-қувватлашга қизиқяпман. Яна Ўзбекистондаги социология фанини қўллаб-қувватлаш йўлларини қидиряпман. Айни дамда бу мен учун ўзим тадқиқот ўтказишимдан кўра муҳимроқдир. Ҳозир– ушбу мамлакат учун ўзига хос давр, мен учун ўзбекистонлик ёш социолог олимлардан ўрганишим жуда қувонарли бўлди, ушбу олимлар ўта мураккаб вазиятда кўп ишларни амалга оширишган.
Тадқиқотлар ўтказиш учун очиқ муҳит Ўзбекистонда бир қанча лойиҳалар устида ишлашимга имкон бермоқда. Бу менга қанчалик илҳом бераётганини сўз билан ифода қилишим қийин. Биринчидан, ўзим Жаҳон банкига ишлаб чиқишда ёрдам берганим “Ўзбекистон ватандошлари гапига қулоқ тутиш” деган сўров ўтказиш натижасида олинган маълумотларга асосланган илмий ишлар туркуми устида ишлаяпман. Битта илмий ишда аёллар бошлиқ оилалардаги қашшоқлик омиллари кўриб чиқилади. Яна ҳашарга оид маълумотларни ҳам таҳлил қиляпман.
Иккинчидан, Ўзбекистондаги сиёсий иқтисод ислоҳотлари тадқиқотига бағишланган китоб қўлёзмасини ёзишга энди киришдим. Ушбу китобда ислоҳотларнинг сарчашмалари, турли (ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий) соҳалардаги ислоҳотларнинг оқибати тадқиқ қилинади.
Учинчидан, мен Тошкент шаҳридаги ижтимоий фанлар мутахассислари гуруҳи билан янги натижалар бериши кутилаётган бир қанча лойиҳаларни ишга тушириш устида иш олиб боряпман. Битта лойиҳа турли соҳаларда ислоҳотларни кузатиб борадиган сиёсатни мониторинг қилишнинг янги индексини жорий қилишни кўзда тутади. Иккинчи лойиҳада минтақавий ривожланиш ва маҳаллий бошқарув кузатиб борилади. Учинчи лойиҳа ватандошларнинг турар жойлари бузилишига муносабатини ўрганади. Ушбу лойиҳани жорий йил кузида ўтказишга умид қиляпмиз. Мен Хитой ватандошларининг турар жойлари бузилишига муносабатини ўрганиш учун айрим тадқиқотчилар билан ҳамкорлик қилган эдим – у ерда ҳам худди шундай муаммо бор. Ушбу тадқиқотни Ўзбекистонга боғлаб ривожлантирмоқчиман.
Ўтган 15 йил мобайнида тадқиқотларимда асосий эътиборни Афғонистонга қаратдим, чунки Ўзбекистонда – гарчи аспирантурага қайтишдан олдин беш йил бу ерда яшаган бўлсам ҳам – тадқиқот ўтказишнинг иложи йўқ эди. Мен Афғонистон билан собиқ совет Марказий Осиёсини битта минтақа деб биламан: ушбу мамлакатларнинг барчаси Марказий Осиё минтақасига киради. Таассуфки, собиқ совет Марказий Осиёси олимлари Афғонистонни бошқа минтақа деб билади, чунки бу мустамлакачилик чегаралари ва уларнинг қолдиқларига тасаввуримизни ва илмий ишларимизни чеклаш имконини беради. Аслида менинг олим сифатидаги вазифаларимдан бири ушбу минтақаларда ўзаро тушуниш муҳитини вужуд келтиришга ёрдам беришдан иборатдир, чунки [бундай бўлиниш] ўта сунъий ва мустамлакачилик қолдиқлари натижасидир. Бу минтақа олимлари учун чин маънодаги йўқотилган имкониятдир.
‒Ниҳоят, сўнгги савол: Ўзбекистондаги ислоҳот ўзгаришлари ва либераллаштиришни олимлар қандай тушуняпти? Улар Ўзбекистоннинг сиёсий тизими бўйича кўпроқ тадқиқотлар ўтказишга рағбатлантириляптими?
‒ Олимлар ўртасида Ўзбекистонда нималар рўй бераётгани хусусида қизиқ мунозаралар бўлиб ўтмоқда. Баъзилари ислоҳотлар “реал” эканига ишонмаяпти ва уни фақат авторитар ҳокимиятнинг “тўни алмашиши” деб ҳисоблайди. Улар фикрича, Ўзбекистон кўпроқ чет эл сармоясини жалб этиш ва халқаро майдонда обрўсини кўтариш учун минтақадаги Қозоғистон сингари бошқа мамлакатларга тақлид қилмоқда.
Бошқалар ислоҳотларга жиддий ва тизимни ўзгартиришга интилиш сифатида қарамоқда.
Менга ислоҳотларнинг “реал” ёки аксинча экани ҳақида тез-тез савол беришади. Назаримда, одамлар мендан ушбу саволни сўраётганида, ислоҳотлар “демократик” экани ёки эмаслигини билиб олишни назарда тутишади. Ўтган 25 йил мобайнида биз ўтиш даври парадигмаси[2] чиппакка чиққанини кўрдик. Шундай фикрлардан бири мамлакатлар автоматик тарзда авторитар давлатлардан демократик давлатларга айланиши ҳақидаги хомхаёл эди. Кўпчиликнинг Ўзбекистон ҳақида бераётган биринчи саволи демократияга тааалуқли экани мени ўйлантириб қўймоқда. Норматив нуқтаи назардан, ватандошларнинг [жараёнларда] кўпроқ иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Бироқ олимлик нуқтаи назаридан, бизнинг ишимиз рўй бераётган ўзгаришларни тушуниб олиш ва уларни тушунтиришдир. Агар 25 йиллик ўтмишдан бирор нарсани ўрганган бўлсак, эндиги қиладиган ишимиз гибридлик – дурагайликни олдиндан кўра билишимиз бўлиши керак.
Узоқ йиллар давомида жамиятшунос олимларнинг Ўзбекистонни тадқиқ қилиши ўта қийин бўлиб келди. Мен ўтган ўн беш йиллик фаолиятимни Афғонистон ва Тожикистонга бағишлашга мажбур бўлдим, чунки Ўзбекистонда олим сифатида тадқиқот олиб бора олмадим. Вазият жуда тез ўзгармоқда ҳамда университетлар, олимлар ва ҳукумат энди алмашувлар ва қўшма лойиҳалар учун бутунлай очиқ бўлиб қолди.
Шунга қарамасдан, агар академик эркинлик кафолатланса, Ўзбекистон олимлар эътиборини янада кўпроқ жалб қилишига шубҳам йўқ. Ҳукумат бундан-да очиқроқ тадқиқотларга шароит яратиб бериши мумкин. Бунинг маъноси шуки, социологлар учун – айниқса, орамиздаги ҳам миқдор, ҳам сифат билан боғлиқ тадқиқотларни бажарадиганлар учун – жамоатчилик фикрини сўраб билиш ва уйма-уй юриб, сўров ўтказиш учун тўсиқлар камроқ бўлиши керак. Мен ўз мамлакатидан бошқа сон-саноқсиз мамлакатларга оид маълумотлар билан иш юритадиган ўзбекистонлик кўплаб истеъдодли олимлар билан ҳамкорлик қиламан. Бунинг маъноси шуки, кўпчилик мамлакатдаги қашшоқлик ва бошқа муҳим масалалар динамикасини яхши тушунмайди. Жамоатлардаги вазият очиқчасига баҳоланмаган жойда ислоҳотлар самара бериши қийин. Бу учинчи томонлар, хусусан, илмий тадқиқот маълумотларини талаб қилади.
Мен кўпчилик олимлар Ўзбекистонда тадқиқот олиб бориш имкониятидан фойдаланишига умид қиламан. Сўнгги йил мобайнида муҳит сезиларли даражада очилди. Минтақада қанчалик олимлар кўп иш олиб борса, шуналик яхши.
Ўзбекистонда ҳам ёш олимлар жуда кўп, уларнинг тиришқоқлиги ҳамда нисбатан ёпиқ муҳитда, ресурслар кам бўлишига қарамай, ривожлана билиш қобилияти одамни руҳлантиради.
[1]Ассоциатив ҳаёт (Associational life)– одамлар омон қолиш учун ижтимоий тармоқлар ва қариндошлик алоқаларига таянадиган шароитни тавсифловчи атама.
[2]Парадигма – (юнонча “шаблон, намуна” сўзларидан) муайян концепциялар туркуми ёки фикрлаш шаблони.