Кеннан институти ва Уилсон Маркази илмий ходими Эдуард Лемон “Mirziyoyev’s Uzbekistan: Democratization or Authoritarian Upgrading?” номли мақоласида Ўзбекистондаги сўнгги сиёсий ислоҳотлар ва ўзгаришларни таҳлил қилади.
Ўзбекистон улкан ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. Ўн йилларча ҳокимиятни эгаллаб турган репрессив ҳукумат 2016 йили Ислом Каримов вафоти билан барҳам топди. Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги ҳукумат вазиятни юмшатиш, бозор иқтисодиётини рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшни мамлакатлар билан алоқларини қайта тиклаш ва раҳбарлик лавозимларига ёш технократларни тайинлаш каби бир қатор ислоҳотларни амалга оширди. Бироқ Лемоннинг таҳлилига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда кузатилаётган нарса демократлаштириш эмас, балки authoritarian upgrading ‒ “авторитар янгиланиш”, яъни аҳоли талабларини қондиришга қаратилган танлаб олинган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш стратегиясидир. Айни стратегияда ҳокимиятдаги мавжуд элита мамлакатнинг глобаллашуви ва бозор ривожидан энг манфаатдор томон бўлиши кўзда тутилади. Бундай юмшоқ авторитар тизимда, яъни янги ҳокимият тизимида куч ишлатиш эмас, ишонч қозониш стратегияси қўлланади.
Бугунги кунда мамлакатдаги ислоҳотларни аҳоли қўллаб-қувватламоқда. Аммо ҳукумат берган ва бераётган ваъдаларини бажаришнинг уддасидан чиқа олмаса ва янада йирик ўзгаришларга бош бўлмаса, Мирзиёевнинг янги тизим йўли бир томондан, Каримов даврини қўмсаганлар ва иккинчи томондан, ҳақиқий демократияни истаганларнинг қаршилигига учраши мумкин.
Ўзбекистон ҳукумати авторитар модернизация йўлида Сингапур, Хитой ва Қозоғистон каби мамлакатлар стратегиясидан, яъни демократиясиз модернизацияга эришиш йўлидан ўрнак олмоқда. Ўзбекистоннинг авторитар янгиланиши Каримов даври репрессиясини, болалар меҳнати ва кенг тарқалган қамоққа олиш ва сиёсий маҳбусларга қийноққа солиш каби босимларни юмшатиш орқали фуқароларга имтиёзлар яратиши мумкин. Бироқ ушбу “янгиланган” тизим охир-оқибатда сиёсий элитага кўпроқ манфаат келтиради. Авторитар янгиланиш Мирзиёевга сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни амалга оширишига ёрдам беради.
Иқтисодий ислоҳотлар
Ўзбекистон иқтисодиёти мустақилликнинг илк йилларида яхши кўрсаткичларга эга эди. Ички бозор катта ҳажми, пахта экспорти ва табиий газ қазиб олиш кўпайиши сабабли мамлакат 1991 йилдаги ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) даражасини қайта тиклашга эришган биринчи собиқ совет республикаси бўлди. Лекин тез орада иқтисодиёт турғунлаша бошлади. 1996 йилдан бошлаб, Марказий банк ўзбек сўми алмашув қийматини белгилай бошлади. Бу эса инвестицияларга тўсқинлик кўрсатган ва валюта алмашуви учун қора бозорнинг юзага келиши ва коррупциянинг авж олишига сабаб бўлди. Шунингдек, йирик, самарасиз бошқарилаётган давлат корхоналари иқтисодиёт устидан хукмронлик қилишни давом эттирди.
Ҳукумат иқтисодиётни хорижий рақобатдан ҳимоя қилиш чораларини кўра бошлаган эди. 2012 йилга келиб импорт қилинадиган истеъмол товарлари бўйича тарифлар 90 фоизга етди. Қўшни мамлакатлар билан чегаралар тақа-тақ ёпилди ва миллионлаб ватандошлар хорижга, асосан, Россияга иш излаб кетишга мажбур бўлди.
Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилдан буён иқтисодиётни либераллаштириш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Энг муҳим ислоҳотлардан бири хусусийлаштириш ва хорижий инвестицияларга тўсиқ бўлаётган сўмни хорижий валюталарга конвертация қилиш ислоҳоти бўлди.
Мирзиёев 2017 йили иқтисодиётни ривожлантириш бўйича савдо-сотиқни кенгайтиришга йўл очадиган фармон қабул қилди ва бу 8000 дан ортиқ маҳсулотга бўлган тарифлар ўртача 6,45 фоиз камайишига олиб келди. Бундан ташқари, Мирзиёев ҳукумати солиқ борасида ислоҳотларни амалга оширди ва корпоратив даромад солиғини 14 фоиздан 12 фоизга туширишга эришди. Ўзбекистон 2013 йилдан буён Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 146-ўриндан 74-ўринга кўтарилди. Хорижий инвестициялар ҳажми 2016 йилги 1,9 миллиард доллардан 2017 йилда 4,2 миллиардгача ўсди. Экспорт ҳажми 2017 йилда 15 фоиз ошди. Ўзбекистон 60 дан ортиқ мамлакат вакиллари ва ташкилотлар билан 11 миллиард долларлик битимлар имзолади.
Ҳукумат иқтисодий кўрсаткичларни оширишда ва иш жойлари яратишда хусусий секторга таянишига қарамасдан, давлат иқтисодиётда асосий етакчи ролини эгаллаб турибди ҳамда инвестицияларни йўналтирмоқда ва ижарага бериш билан шуғулланмоқда. Ўзбекистонда 603 та акциядорлик жамиятининг 80 фоизи давлат тасарруфида ва банк сектори давлат капиталининг 83 фоизини ташкил этади. Ватандошлар янги яратилаётган иш жойлари ва тадбиркорлик имкониятларидан фойда кўриши мумкин, лекин Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлигидан кўпроқ сиёсий элита манфаатдордир.
Янги элитанинг пайдо бўлиши
Мирзиёев ўзига содиқ шахслар, яъни олдин бирга ишлаган ва янги лавозимларга ўзи тайинланган ҳамда оила аъзоларидан иборат жамоани тузиб олди. Раҳбарлик лавозимларига ёш, ўқимишли ва сиёсат билан иши йўқ технократларни тайинлаш унинг ҳукуматини самарали ва шаффоф қилади. Президент хавфсизлик хизмати устунлигини чеклаш ҳамда ҳукуматга бундай янги мутахассислар, оила аъзолари ва мансабдор шахсларни тайинлаш орқали Мирзиёев ўз ҳукуматига содиқ ва “авторитар янгиланиш” ғоясини қўллаб-қувватлайдиган элитани яратди.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда йирик ҳажмли коррупция муаммоси бугун ҳам мавжуд. Ҳукумат вакиллари ҳамон инвестициялардан иложи борича бирор нарса орттириб олиш илинжида юрибди. Яқинда ўтказилган кузатув натижаларига кўра, қиймати 1,3 миллиард АҚШ доллари бўлган “Ташкент Сити” йирик шаҳарсозлик лойиҳасини Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевга тегишли Akfa Group субъектлари амалга оширмоқда. Қизиғи шундаки, Ортиқхўжаев ушбу лойиҳани назорат қилишга маъсул бўлган амалдорлардан бири ҳамдир.
Репрессиянинг юмшатилиши, ватандошларга кўпроқ эркинликлар берилиши ва ваъда қилинган ислоҳотларни амалга оширилишини кутиш амалдаги ҳукуматга мухолифатда бўлган кучлари салоҳиятини кучайтириши эҳтимолдан холи эмас. Агар ҳукумат хорижий инвестициялар сабаб аҳоли норозиликларига дучор бўлса, буларга унинг берадиган жавоби Мирзиёев ислоҳотларининг самимийлигига синов бўлиб хизмат қилади. Бундай ҳолатлар Қирғизистон ва Қозоғистонда кузатилган эди. Ҳукуматнинг аҳоли норозиликлари ва намойишларига қандай муносабат билдириши унинг эркинлик борасидаги чинакам ўзгаришларга қанчалик тайёр эканини кўрсатиб беради.
Хорижий матбуот: Ўзбекистонда сўз эркинлиги муаммоси
Мирзиёев ҳокимиятга келгандан буён Ўзбекистонда сўз эркинлигига ва журналистларнинг сиёсий-ижтимоий муаммоларни ёритишига кўпроқ имкониятлар яратилди. Янги ҳукумат ўнлаб сиёсий маҳбусларни озодликка чиқарди. Боз устига, шарқшунос олим Андрей Кубатин иши қайта кўриб чиқиш учун очилди ва Aljazeera хабарига кўра, унинг озод қилинишига умид бор.
Москвада ўн йил яшаган, Каримов ҳукуматининг очиқ танқидчиси бўлган сиёсий қочқин Фаррух Нурматов у ерда кафе ва реклама агентлиги очган эди. Айтишича, у ҳукумат аъзоларини танқид қилгани учун халқаро қидирув рўйхатига тушган ҳамда Ўзбекистонда тақиқланган диний ва экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланган. 2016 йилда у Москвада ҳибсга олиниб, саккиз ой давомида қамоқда сақланган ва қийноқларга солинган эди. Россия суди Нурматовни Ўзбекистонга эктрадиция қилишга қарор ҳам чиқарди. Бироқ Олий Суд у мамлакатга қайтарилган тақдирда қийноққа солиниши эҳтимоли кучлилиги сабаб айни қарорни бекор қилди.
− Бугун менинг танқидим Россияга қаратилган. Марказий Осиёда сиёсатни Москва белгилайди. Барча мамлакатлар Россияга боғлиқ. Биз учун энг катта бошоғриқ – шу. Владимир Путин ҳокимиятда экан, бизнинг мамлакатларда вазият яхши томонга ўзгармайди,” – деди Нурматов Kiev Post билан суҳбатида.
Москвада ортиқ ўзини хавфсиз ҳис қилмаган Нурматов Украинанинг Киев шаҳрига ноқонуний равишда кўчиб ўтди ҳамда БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлигига ўзига сиёсий қочқин мақоми берилишини сўраб мурожаат қилди. Унинг ишини Украина давлат миграция хизмати бир ярим йилдан бери кўриб чиқмоқда.
Хорижий таҳлилчилар фикрига кўра, Ўзбекистонда тизимли ўзгаришларга эришиш учун йил охирида бўлиб ўтадиган парламент сайловида кўпроқ сиёсий партиялар иштирокини таъминлаш, эркин ва одил сайловни ташкил этиш ниҳоятда муҳимдир.