Шу кунларда Ўзбекистон қандай қилиб қисқа давр ичида катта ўзгаришларга эришгани кўплаб саволлар туғдирмоқда. Сиёсий ислоҳотлар қай даражада муваффақиятли кечмоқда ва қандай қийинчиликларга дуч келинмоқда?
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги янги ҳукумат иш бошлаганида унинг олдида мавжуд тизимни сиёсий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш борасида аниқ мақсад ва концепция бор эди. Бу эса сиёсий, ижтимоий ва жамият жабҳаларида катта ўзгаришлар бошланишига туртки бўлди. 2017 йил февралида тасдиқланган “2017-2021 Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари стратегияси” ушбу вазифаларни амалга ошириш учун асосий ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди:
- Давлат ва жамоат қурилишини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари
- Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари
- Иқтисодий ривожланиш ва либераллашувнинг устувор йўналишлари
- Ижтимоий соҳа ривожланишининг устувор йўналишлари
- Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасидаги устуворликлар ҳамда мувозанатли, икки томонлама манфаатли конструктив ташқи сиёсат борасидаги устувор йўналишлар
Сиёсий тизим ислоҳоти
Сиёсий тизимни ислоҳ қилиш стратегиянинг энг долзарб вазифаларидан бири эди. Мирзиёев ҳукумат ва маҳаллий раҳбарларни танқид қилиб, уларнинг масъулиятсизлиги сабаб ижтимоий муаммолар ечилмаётганини таъкидлади. У жойларда бўлиб, халқ билан учрашганида раҳбарларга халқ фикрига қулоқ тутишни уқтирди, шунингдек, 2017 йилни “Халқ билан мулоқот” йили деб эълон қилиш билан давлат муассасаларини очиқликка чақирди. Бевосита мурожаатларга мўлжалланган президент портали ҳам очиқлик ва халқ билан мулоқот сари катта қадамлардан биридир. Портал шу қадар оммалашиб кетдики, биринчи ўн ой давомида 10 миллиондан ортиқ мрожаат қабул қилинди.
Мирзиёев 2017 йил сентябрида “Маъмурий ислоҳот концепцияси тўғрисида”ги фармонни имзолади. Концепция ҳукумат фаолияти самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси ва мамлакатнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини оширишни таъминлашга қаратилган эди. Шунингдек, концепцияда 100 дан ортиқ мамлакат ва иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Фармонга кўра, концепцияни амалга оширувчи комиссия тузилди ва давлат тизимини ислоҳ қилиш учун таклифлар тайёрлайдиган ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Ислоҳ қилиниши зарур бўлган яна бир муҳим соҳалардан бири парламент фаолияти эди. Бу борада асосий муаммо қонун лойиҳаларини тайёрлашда сиёсий партиялар ўртасида ҳақиқий рақобатнинг йўқлигидир. Бундан ташқари, парламент аъзолари ҳеч қандай ташаббуссиз, президент маъмурияти ёки қонунчилик ташаббусига эга бошқа идоралар тавсия этган қонун лойиҳалари устида ишлашга ўрганиб қолган.
Инсон ҳуқуқини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар
Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқи ва эркинликлари соҳасидаги рейтинги қониқарсиз бўлиб, халқаро инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик тўхтаб қолган эди. Янги ҳукуматнинг инсон ҳуқуқи ҳимоясини таъминлаш борасидаги ютуқлари сиёсий институтлар фаолияти ва мамлакатнинг дунёда сиёсий имижи яхшиланишига сабаб бўлди. Халқаро ҳамжамият, айниқса, мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш, аёллар ҳуқуқи ва сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқи бўйича олий комиссари президент Мирзиёев, ҳукумат аъзолари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари билан учрашди. БМТ Ўзбекистонга кейинги ўн йил ичида илк марта шундай юксак мақомли делегация жўнатди. Бундан ташқари, Халқаро Амнистия ташкилоти ҳукуматга тавсиялар рўйхатини тақдим этди. Унда сиёсий маҳбусларни оқлаш, уларга қарши жиноий ишларни тугатиш ва инсон ҳуқуқи фаолларига қарши ноҳақ айбловларни қайта кўриб чиқиш каби масалалар кўтарилди.
Иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар
Иқтисодиётни либераллаштириш давлат раҳбари олдига қўйган устувор вазифалардан бири эди. Мақсад валютани ислоҳ қилишда илғор бозор механизмларини қўллаш ва бу орқали эркин валюта алмашинувига ва иқтисодиётни эркинлаштиришига эришиш эди. Бундан ташқари, ҳамкор мамлакатлар ва халқаро молия ташкилотлари билан муносабатларни яхшилашда барча сунъий тўсиқлар олиб ташланмоқда.
Шу билан бирга, иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилаётган муаммолар борлигини ҳам қайд этиш керак. Сўнгги 20 йил давомида Ўзбекистонда валютанинг қора бозори “фаолият кўрсатиб келгани” хорижий инвесторлар билан тўлақонли ҳамкорликка йўл бермаётган эди. Ушбу тўсиқни бартараф қилиш учун президент Мирзиёев валюта сиёсатини либераллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади ҳамда Халқаро валюта жамғармаси делегациясининг 2018 йилги сафари давомида миллий валютани либераллаштириш режаси тасдиқланди. Шунингдек, ҳукумат айни дамда миллий иқтисодиётни барқарорлаштириш учун халқаро сармоя ва кредитларни фаол жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. 2017 йилнинг ноябрида Тошкентда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ваколатхонаси расман очилди.
Халқаро ва минтақавий ҳамкорликка янгича ёндашув
Мирзиёев даврида қўшни ва дунёнинг бошқа йирик мамлакатлари билан алоқалар сезиларли даражада яхшиланди. Улар билан 400 дан зиёд қарийб 60 миллард АҚШ долларилик савдо ва инвестиция битимлари имзоланди. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги энг йирик муаммолар чегараларни демаркация ва делимитация қилиш ҳамда сув манбаларидан фойдаланишни тартибга солиш эди.
Халқаро миқёсда эса янги ҳукумат Европа Иттифоқи билан алоқаларини яхшилашга, Туркия, Америка Қўшма Штатлари ва Германия каби мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга интилмоқда.
Афғонистондаги вазиятни изга солиш Ўзбекистон учун муҳим масалалардан биридир. Яна Мирзиёев ҳукуматини гиёҳванд моддалар ва ноқонуний қурол-яроғ савдоси, экстремизм ва радикализмнинг тарқалиши каби анъанавий муаммолар қаторида Афғонистон жануби ва ғарбида ИШИДчиларининг қайта фаоллашаётгани хавотирга солмоқда.
Мирзиёев бир маърузасида Афғонистон минтақанинг бир бўлаги эканини алоҳида таъкидлаган эди. Ҳукумат у ерда тинчлик ўрнатиш йўлида саъй-ҳаракатларини аямаяпти. 2018 йил 25-27 мартида Афғонистонга бағишланган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ўтказилгани бунинг ёрқин далилидир.
Хулоса
Ўзбекистон узун ва мураккаб ўзгаришлар жараёнини бошдан кечирмоқда. Иқтисодий ислоҳотлар узоқ истиқболни кўзлаб амалга оширилмоқда, аммо ҳали узоқ йиллар давомида тўпланиб келган ва ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар жуда кўп.
Қўшни мамлакатлар билан муносабатларнинг илиқлашуви минтақа қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Яна шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, ҳукумат олдига минтақада етакчилик қилишни мақсад қилиб қўяётгани йўқ. Мақсад – сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, кўптомонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш.
Ушбу мақола Жасур Саломовнинг “MIRZIYOYEVS UZBEKISTAN: TOWARDS OPENNESS AND REAL DEMOCRACY?” номли мақоласига асосланиб тайёрланди. Жасур Саломов – Ўзбекистон Миллий университети тарих факультети кичик илмий ходими.