Муаллиф:
Малика ШАРИПОВА, Корпоратив ижтимоий масъулият ва барқарор ривожланиш бўйича мутахассис, «Buyuk kelajak» кенгаши эксперти.
Ўзбекистон жаҳондаги иқтисодий, савдо ва молиявий жараёнларга қўшилиш мақсади бор экан, мамлакатда замон талабларига мос келадиган масъулиятли ва барқарор бизнесни олиб бориш тамойилларини кенг тадбиқ этиши лозим бўлади. Халқаро меъёрлар ва йўриқномаларга амал қилмайдиган мамлакатларга юқори сифатли маҳсулот ва хизматларни тақдим эта оладиган ишончли ҳамкор сифатида қаралмайди. Ривожланишнинг энг маъқул йўли – ўз шароитларимиздан келиб чиққан холда, бу соҳада муваффақият қозонган бошқа мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиб, уларнинг ютуқларидан фойдаланиш, камчиликларидан эса сабоқ олишдир.
Бу борада энг кўп муҳокама қилинадиган масала – Корпоратив ижтимоий масъулият (КИМ) тамойилларини тадбиқ этишда давлат иштирок этиши лозимми ёки корхоналар ўз хоҳишлари билан ўзларининг фаолиятларида масъулиятли бизнес қоидаларига риоя қилишлари керакми деган мавзудир. Балки КИМ ривожланишининг асоси бу жамият, мижозлар, харидорларнинг ташкилот ва бизнеслардан масъулиятли фаолиятни талаб қилишларидир? Ривожланган мамлакатларга назар соладиган бўлсак, бу борада ягона ёндашув мавжуд эмаслигини кузатишимиз мумкин.
АҚШ ҳукумати КИМ тамойилларини тадбиқ этиш учун бир қатор ҳуқуқий воситаларни қўллайди. Акциядорлар, мижозлар, кредиторлар ва ходимларнинг ҳуқуқлари КИМ, атроф-муҳит ва жамоатчилик қонунчилигига оид бир қатор қонун ва қоидалар билан ҳимояланади.[i] Сарбон-Окслей қонуни (Sarbanes–Oxley Act), Қимматли қоғозлар қонунчилиги (Securities Laws) ҳамда қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси хужжатлари (Securities and Exchange Commission Acts) борасидаги нормалар бизнес ва ташкилотларни КИМ ва шаффофлик тамойилларига риоя этишга тақозо этади. Шу билан бирга, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар компанияларга номолиявий маълумотларни кенг оммага тақдим этиш мажбуриятларини юклайди. Айни пайтда, АҚШнинг Савдо ва иқтисодий масалалар бўйича бюроси қошида этика нормалари, масъулиятли бизнес ва КИМ тамойилларини тарғиб этувчи экспертлар жамоаси мавжуд.[ii]
Финляндия, Франция, Германия, Қозоғистон, Литва ва Нидерландия каби мамлакатларда эса миллий КИМ тамойилларининг ташаббускори ва тарғиботчиси Меҳнат вазирлиги ҳисобланади.[iii] КИМ тамойилларини барча ташкилот ва идораларда маъмурийлаштириш учун бу давлатларда Меҳнат вазирлиги билан хамкорликда қонунчилик ва ҳаракатлар режаси қабул қилинган.
Буюк Британияда КИМ ихтиёрий равишда амалга оширилсада, амалда ташкилотлар корпоратив бошқарув талабларига риоя этишга мажбурдирлар. Бунга қўшимча равишда, бизнесларга ўзларининг ижтимоий ва экологик масъулиятларини амалга ошириш борасида 1974 йилги йўриқнома сифатида Иш жойи хавфсизлиги ва саломатлик Акти мавжуд (Health and Safety at Work Act). Қолаверса, 2002 йилги Меҳнат тўғрисидаги (Employment act ), 2006 йилги Корхоналар фаолияти тўғрисидаги (Companies Act) ва бошқа бир қатор қонунлар масъулиятли бизнес амалиётларини тақозо этади.
Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар 2014/95/ЕИ Кўрсатмасига (Directive 2014/95/EU) риоя қилишга мажбурлар. Ушбу қонун доирасида халқаро йирик компаниялар (камида 500 нафар ходими бўлган) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал шартномаси (UN Global Compact), ИСО 26000 (ISO), Германиянинг барқарорлик кодекси (German Sustainability Code) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) кўрсатмалари асосида яратилган номолиявий, ижтимоий ва экологик масъулиятлар маълумотларини ўз ичига олувчи йиллик ҳисоботларни тайёрлашга ва оммага тақдим этишга мажбурдирлар.[iv] Данияда 2008 йилги Молиявий ҳисоботда ўзгартиришлар киритиш акти (Amending the Danish Financial Statement Act ) асосида компанияларнинг хажмидан келиб чиққан холда, улардан хар йили КИМ амалиётларига асосланган йиллик номолиявий ҳисоботларни нашр этиш талаб этилади.
Ўзбекистонда хам бундай ташаббуслар ана шу давлатлар тажрибасига таянган холда ишлаб чиқилиши мумкин. Аммо айтиб ўтиш жоизки, бундай қонун ва кўрсатмалар маҳаллий одатлар, мамлакатдаги ўзига хос муҳит, маданият ва сиёсий вазиятга асосланган холда ишлаб чиқилиши лозим. Ривожланган давлатларга оид КИМ тамойилларининг тўғридан тўғри кўчирилиши мақсадга мувофиқ бўлмаслиги мумкин. Чунки бу давлатлар энди ривожланаётган мамлакатларга нисбатан кўп соҳаларда устунликка эгалар. Ривожланган давлатларда муассаса ва ташкилотлар пул топишдан ташқари, жамият ривожланиши учун хисса қўшишни ҳам ўз бурчи деб билади, жамият эса ўз ҳуқуқларидан хабардор бўлиб, ташкилот ва корхоналардан ошкоралик, жавобгарлик ва масъулиятни талаб этади.
Бу борада Ўзбекистон шароитларига яқинроқ бўлган мамлакатларга назар ташласак мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Бир қатор ривожланаётган давлатлар орасида бизнесларнинг ижтимоий, иқтисодий ва экологик мажбуриятларини бажаришларини таъминлаш учун ҳукуматлар КИМга доир нормативларини тадбиқ этаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Мисол учун Ҳиндистон ҳукумати КИМга оид қонунларини қабул қилиш бўйича дунёда етакчилардан ҳисобланади – 2013 йилдаги Компанияларнинг қонуни (Companies Act 2013) бизнеслар соф фойдасининг 2 фоизини хайр-эҳсонга сарфлашларини талаб этади.[v]
КИМ қонунлари тадбиркорлик субъектларига катта масъулият юклайди. Бу борада “яшил алдов”, яъни сохта маълумотларнинг тақдим этилишига йўл қўймаслик учун ҳукумат стандарт ва талабларни аниқ белгилаб бериши мухимдир. Айни пайтда, ташкилотлар ўз ходимлари орасида КИМ тамойилларига амал этишни қўллаб-қувватлашлари ва масъулиятли тадбиркорлик тамойилларини оммалаштиришлари лозим бўлади. КИМ қонунчилигининг хар тарафлама жиддий ўйланган ва мукаммал бўлиши жуда муҳимдир. Агарда уни турли равишда талқин этиш мумкин бўлса ёки мамлакат қонун устиворлигида муаммолар мавжуд бўлса, КИМ борасидаги қонунлар мамлакат ривожланишига ҳисса қўшиш ўрнига қўшимча муаммолар яратиши ва салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Масалан, Индонезия 2007 йилда КИМ бўйича 40-сонли қонунни (Law No. 40) қабул қилмоқчи бўлганида, у жамоатчилик ва тадбиркорлар орасида қаттиқ тортишувларга сабаб бўлган. Натижада қонун ҳар томонлама пухта бўлмаганлиги сабабли хали ҳам Индонезия Конституциявий судининг муҳокамасида.[vi] 40-қонун кўпмиллатли компанияларнинг экологик масъулиятларини халқаро стандартлар даражасида бажаришларини таъминлайдиган муҳим қонун бўлиши керак эди. Масалан, Индонезияда фаолият юритаётган дунёда етакчи тоғ-кон корхонаси ҳисобланган “PT Freeport Indonesia” ва глобал миқёсда энг йирик нефть ва газ корхоналардан бири ҳисобланган “Exxon Mobile” каби ташкилотлар ўз фаолиятларини ушбу қонун талабларига зид равишда олиб бораётгани аён бўлди.
Бундан ташқари, КИМ бизнеслар учун яна бажарилиши лозим бўлган кераксиз қонун бўлиб қолмаслиги лозим. Ривожланаётган давлатларда “бажарилди” белгисига ошно бўлган бу каби қонунлар коррупция даражасини ошишига олиб келиши мумкин. Бангладешда олиб борилган бир қанча тадқиқотлар[vii] шуни кўрсатадики, то порахўрлик ва коррупция тизимдан сиқиб чиқарилмас экан, ҳукуматлар мамлакатда мажбурий КИМ қонунларини ишлаб чиқишда жуда эҳтиёт бўлишлари лозим бўлади. Баъзи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Ҳиндистондаги КИМ қонуни ҳам ижобий натижаларга олиб келмаган, чунки мажбуриятлар аниқ тарзда тушунтирилмаган, қонуннинг ўзига эса етарли даражада амал қилинмайди. 2016 йилда Ҳиндистонда КПМГ халқаро аудиторлик компанияси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, муайян миқдордаги компаниялар қонунни алдашга мувофиқ бўлганлар яъни хайрияга кетказган маблағлари охир оқибат ўзларининг чўнтакларига қайтиб тушганлиги ошкор бўлган.[viii]
Ўзбекистон ҳам ривожланаётган давлатлар қаторида. КИМ ва масъулиятли бизнес юритиш ҳукумат, ташкилот, корхоналар ва жамоатчилик томонидан чуқур ўрганилиши керак бўлган янги тушунчалардир. Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги кўпгина мисолларни ўрганиб чиққандан сўнг, Ўзбекистонда хеч бўлмаса муайян турдаги бизнеслар, масалан транс-национал компаниялар ва қўшма ташкилотлар ёки табиий қазилмалар, ишлаб чиқариш, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби атроф-муҳитга зарар етказадиган компания ва корхоналар учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни тавсия этган бўлардим.
Ўзбекистонда бизнес, корхона ва ташкилотларнинг ўз ишчилари, мижозлари, акциядорлари олдидаги масъулиятларини амалга оширишларини таъминлайдиган бир қанча қонунлар мавжуд. Уларга мисол қилиб, Меҳнат кодекси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, 1996 йилда чиқарилган ва 2014 йилда янгиланган Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги норматив ҳужжатларни кўрсатсак бўлади. Афсуски, масъулиятли бизнесни амалга оширишга қаратилган қонунлар ёки Корпоратив ижтимоий масъулиятни (КИМ) тадбиқ этиш борасида кўрсатмалар мавжуд эмас.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг низо мавжуд ва хавф-хатар юқори ҳудудларда масъулиятли таъминот занжири бўйича кўрсатмаларига риоя қилмайди. Шу билан бирга афсуски, мамлакатимизда хорижий компаниялардан хам умумий эътироф этилган ва улар риоя қилишга мажбур бўлган КИМ тамойилларига (масалан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг кўпмиллатли корхоналар учун кўрсатмалари)[ix] риоя этишлари хам талаб қилинмайди.
Ўзбекистон ҳудудида барқарор ва масъулиятли тадбиркорликни амалга оширишни таъминлайдиган самарали қонун ва йўриқномаларнинг йўқлиги авваламбор ўзимизга, қолаверса жаҳондаги мавқеимизга салбий таъсир кўрсатиши, мамлакатимизда экологик вазиятни яна хам ёмонлашишига сабаб бўлиши, бу эса қайтариб бўлмайдиган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масъулиятсиз пахта етиштиришнинг салбий оқибатлари Орол денгизи мисолида намоён бўлди. Бу нафақат атроф-муҳит ва экологияга зарар етказди, балки маҳаллий аҳоли саломатлигининг ёмонлашиши, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг кўпайиши, ишсизлик даражасининг ўсиши, ишчи кучининг миграциясига олиб келди.
Халқаро тажриба ва маҳаллий шароитга асосланиб, Ўзбекистонда КИМ тамойиллари ва масъулиятли бизнес талабларини ишлаб чиқиш учун қуйидаги тавсияларни этишим мумкин:
• Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал шартномаси (UN Global Compact), ИСО (ISO), Глобал ҳисобот ташаббуси (GRI) ва бошқа халқаро кўрсатмалар, йўл-йўриқлар асосида номолиявий ҳисоботларни тайёрлашни тарғиб этиш, бизнес ва ташкилотларда шаффофлик ва масъулиятли иш юритишни рағбатлантириш;
• КИМ ва масъулиятли бизнесни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги низомларни жорий этиш;
• Номолиявий аудит тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқиш;
• Нодавлат ташкилотлар, банклар, бизнес-мактабларни КИМ йўналиши бўйича дастур ва курслар ишлаб чиқишларини, тегишли семинар ва конференцияларни ташкил этишларини қўллаб-қувватлаш орқали маъсулиятли бизнес амалиётларини кенг тарғиб этиш;
• Тадбиркорларни ўз бозорларини кенгайтириш ва маҳсулот сифатини таъминлашлари учун таъминот занжирларидаги масъулиятларини халқаро кўрсатмаларга асосан амал қилишларини рағбатлантириш;
• Хорижий ва кўп миллатли корхоналардан бошқа ривожланган давлатларда амалга оширадиган КИМ ва халқаро стандартларига амал этиш тартибларини худди шундай тарзда Ўзбекистонда ҳам риоя қилишларини талаб этиш;
• КИМ борасидаги турли халқаро ташаббуслар, янгиликлар, номолиявий ҳисоботларни чоп этиш учун турли йўл йўриқлар ва х.к.лар каби маълумотларни ўз ичига олган ва КИМни тарғибот этувчи веб-сахифалар яратиш;
• КИМ ва масъулиятли тадбиркорлик тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар ишчи гуруҳини яратиш.
Ривожланган ва ривожланаётган давлатлардаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, КИМ давлат сиёсатининг асосий мақсадларини яъни ижтимоий ривожланиш, жамиятдаги мавжуд масалаларни хал этиш ва ижтимоий фаровонликни таъминлашда, экологик вазиятни, мамлакатдаги иқтисодий шароитни яхшилашда муҳим ахамият касб этади. Ўзбекистонда хам айнан шу мақсадларга эришиш учун хукумат тадбиркорлар билан хамкорликда миллий КИМ тамойилларини яратиб, бизнесларни уларга амал этишга рағбатлантириш орқали КИМ асосларини маълум бир даражада мамлакатда тадбиқ этилишини таъминлаши зарур.
[i] https://lawexplores.com/us-law-and-csr-implementation/
[ii] https://www.state.gov/e/eb/eppd/csr/
[iii] http://www.emg-csr.com/csr-and-government-role/
[iv] https://eur-lex.europa.eu/legal-content/EN/TXT/?uri=CELEX%3A32014L0095
[v] https://www.givainc.com/blog/index.cfm/2015/3/16/Governmental-CSR-Policies-Around-the-Globe
[vi] https://www.ipra.org/news/itle/compulsory-csr-indonesia-takes-a-tough-stance-but-clarity-on-definitions-is-lacking/
[vii] https://link.springer.com/article/10.1007/s10551-010-0511-4
[viii] https://www.theguardian.com/sustainable-business/2016/apr/05/india-csr-law-requires-companies-profits-to-charity-is-it-working