Алишер Илҳомов, таниқли ўзбек эксперти, социологи, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабининг (SOAS) илмий ходими. CAANга берган интервьюсида у ўзбекларнинг давом этаётган миллий ўзлик эволюцияси, айниқса, мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш учун модернизациянинг зарурлиги ҳамда норасмий policies нинг тузоқлари ҳақида гапириб беради.
Сиз 2002 йилда шов-шув бўлган “Ўзбекона ўзига хосликнинг археологияси” мақоласи муаллифисиз. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистоннинг 27 йиллик мустақиллик даврида ўзбекларнинг миллий ўзига хослиги шаклландими? Ва бугунги кунда бу нимани англатади?
Аслида, миллий ўзига хослик маълум қайд этилган ёки якуний бир ҳолат ҳисобланмайди. У ҳамиша шаклланиш ва ўзгариш жараёнида бўлади. Бу жараён фақат Ўзбекистондагина юз бермаяпти. Масалан, АҚШда, Францияда ҳам америкалик ёки француз бўлиш нима дегани ва кимларни ҳақиқий америкаликлар ёки французлар деб аташ мумкинлиги ҳақида баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Албатта, бу мунозаралар сиёсий тусга эгадир. Яқинда Дональд Трампнинг демократларни “ҳақиқий америкаликлар” эмасликда айблагани бунга мисол бўла олади. Улар ахир, Америка жамиятининг кўп қисмини ташкил этади-ку. Миллий ўзига хослик масаласи у ёки бу халқнинг қайси таомни хуш кўриши ёки қандай либос кийишни ёқтириши билан эмас, ижтимоий-сиёсий масалалар билан ҳам бевосита боғлиқ. Ўрни келганда, таъкидлаш жоизки, ошпазлик ва кийиниш услуби масалаларида ҳам улкан хилма-хиллик ва доимий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ҳақиқий “ўзбеконалик” нима – палов ёки айтайлик, пицца тайёрлаш ва истеъмол қилишми? Хон-атласдан кўйлак кийишми ёки замонавий мини-юбкада юришми? Ахир униси ҳам, буниси ҳам ҳозир кенг тарқалган ва ўзбеклар ҳаётида уларнинг ўрни бор.
Мен ушбу масалани бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлган иккита соҳага ажратган бўлардим. Масалан: ҳар хил миллат вакиллари билан оила қуриш (чатиштирилган никоҳлар), алифбо ва имло қоидаларининг ривожланиши ва қабул қилиниши, маиший одатларнинг ўзгариб бориши, китоб маҳсулотларининг ривожланиши ва ОАВда тарқалиши ва ниҳоят интернетдаги мулоқот. Буларнинг барчасини шартли равишда объектив деб айтиш мумкин, чунки «субъективлик» шу ерда ҳам мавжуддир.
Бошқа томондан эса, мазкур жараёнлар ва ҳодисаларнинг аксида нимани «ўзбекона» деб аташ мумкин ва бу қаердан келиб чиқаётгани тўғрисидаги тасаввур ва баҳс-мунозараларда кўряпмиз. Улар мазкур ижтимоий ва маданий тасаввурлардан ташқарида биз учун мавжуд эмаслар. Ана шу ерда биз ижтимоий тузилма тушунчасига дуч келамиз. Гап реал ҳаётда акс этаётган ва ҳамиша баҳслашиш жараёнида бўлган, унда кўплаб одамлар ва институтлар иштирок этсада, у ёки бу мамлакатнинг бошқарувчи ва интеллектуал намоёндалари асосий ролни ўйнаётган тасаввур ҳақида боряпти.
Мазкур икки соҳа ўртасида бир-бирига яқин бўлган ўзаро алоқа бор. Аввал айтиб ўтганимдек, биз «объектив» реалликка ўтмишдан қолган ва янги авлодлар томонидан қайтадан кўриб чиқилаётган қандайдир концепциялар, назариялар, хурофотлар ва қолиплар таъсирида баҳо берамиз. Айни дамда, биз ушбу реалликка мазкур белгили тизимдан ташқарида баҳо беролмаймиз. Бу ерда белгили тизим автоном реаллик ҳисобланади. Шу боис, бизнинг «объектив» реаллик, айтайлик, этник ёки тилга оид жараёнлар ва ҳодисалар ҳақидаги мулоҳазаларимиз олдиндан белгиланган бўлиб, улар бизга ушбу хилма-хил реалликнинг қайси жиҳатлари биз «миллий ўзлик» деб атайдиган тасаввурнинг аломатларини белгилашни айтиб туради.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, ўзбекларнинг ўзига хослиги қайсидир даврда шаклланган дейиш, менимча нотўғри бўлади. Биз миллий ўзлик шаклланган асрлар ҳақида гапиришимиз мумкин, холос. Масалан XVI аср бошларида ўзбек қабилалари томонидан замонавий Ўзбекистон ҳудудини забт этишига ўхшаш даврлар, бу пайтгача эса, минтақада турк тиллари ва лаҳжаларининг тарқалиши; минтақа ҳудудида ўзбек қабилалари вакилларининг бошқарувида бўлган давлатларнинг ташкил топиши; кейинчалик «ўзбек» деб қонунийлаштирилган ёки ўзбек адабиётининг асосчилари бўлмиш адибларнинг туғилиши ва ҳаёт тарзи; минтақада истиқомат қиладиган турли халқлар ва қабилалар ўртасидаги этниклараро ассимиляция жараёнлари; миллий ғояларни биринчилардан бўлиб кўтариб чиққан жадидчилик ҳаракати; Ўзбекистон ССР таълими ҳамда уни шакллантириш бўйича мактаблар ўртасида юз берган курашлар; ўзбек тили ва «ўзбек халқи» тарихининг қонунийлаштирилиши; ўзбек халқининг келиб чиқишининг расмий назариясини тасдиқлашда маҳаллий ва рус тарихчиларининг роли; вақт ўтиб, оммавий ва ижтимоий коммуникацияларнинг интернет, фейсбук, В Контакте ва бошқа шу каби янги тармоқларига айланган ўзбек тилидаги босма маҳсулотлар ва ОАВ нинг ривожланиши; ўзбек алифбосига оид ислоҳотлар туркуми ва алифбо бўйича давом этаётган баҳс-муноазараларни айтиш мумкин.
Турли ўйинчилар томонидан ушбу воқеалар, давр босқичлари ва ҳодисаларнинг танлаб олиниши ва уларнинг талқин этилиши «ўзбекона ўзига хослик» деб аталиши мумкин бўлган қарашларни белгилаб беришга таъсир қилади. Тан олиб айтишим керакки, ҳатто юқорида мен кўрсатган даврлар ҳам субъектив ҳисобланади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.
Қозоғистонда «жамоатчилик онги»ни модернизациялаш жараёни жадал амалга оширилмоқда, шахсан Президент Назарбоев томонидан “Рухани жаңғиру” дастури «маданий инқилоб» режаси сифатида таклиф этилди. Нима деб ўйлайсиз, сизнингча Ўзбкистонга ҳам шундай дастур керак бўладими?
Бу ерда модернизация қилиш деганда, нима тушунилаётганига боғлиқ. Умуман олганда, Қозоғистон жамият ва давлатни модернизация қилишга қаратилган жараёнлар ва лойиҳаларда Ўзбекистонга қараганда, анча кўпроқ ва фаолроқ иштирок этмоқда. Бу ўз навбатида, қозоқларнинг ҳам этник гуруҳ, ҳам миллат сифатида ўзини ҳис қилишига таъсир этмай қолмайди. Масалан, Қозоғистонда ғарбий, умуман хорижий марказлар билан алоқа қиладиган мустақил университетлар сони нисбатан кўпроқ; анча-мунча қозоқ талабалари ғарб университетларида таҳсил олганлар ва ҳозир ҳам таҳсил олишмоқда – улар ўртача олганда, хорижда таълим олиш учун ўзбекларга қараганда, анча тўқроқ, шунингдек, давлат ҳам одамларнинг хорижий олий ўқув юртларида таълим олишга юборилишини кўпроқ қувватлайди. Яқинда мен Варвик университетида (University of Warwick) Марказий Осиё бўйича ўтказилган талабалар анжуманида панелчи сифатида иштирок этиб, бу ерда таҳсил олаётган қозоқ талабаларининг кўплигидан ҳайратга тушдим ҳамда у ерда биронта ҳам ўзбек талабаси йўқлигидан хафа бўлдим.
Қозоғистонга Ўзбекистондагига қараганда анча кўп хорижий инвестиция киритилмоқда, мамлакатда хорижий компаниялар ва халқаро ташкилотлар сони ҳам талайгина, демакки, чет тиллари ва замонавий билим ва кўникмалар талаб этадиган иш ўринлари ҳам кўп. Бу ўз навбатида, Қозоғистон аҳолисининг ижтимоий маданиятига янгича руҳ олиб киради. Ушбу таъсир дастлаб элита доираларда сезилади, сўнгра жамиятнинг бошқа қатламларига тарқалади, чунки жамият элита қабул қилган ижтимоий-маданий андазаларга эргашишга мойилдир.
Умуман олганда, Ўзбекистон глобал жараёнларга интеграциялашув масаласида Қозоғистондан анча орқада қолган, деб ўйлайман. Агарда ўзбек раҳбарияти жамиятни модернизация қилиш жараёнини тезлаштиролса, у ўзиинг барча ижобий ва салбий натижалари билан бирга, ўзбекона ўзига хосликда ҳам ўз аксини топади. Лекин мен унинг ижобий таъсири кўпроқ бўлади, деб ҳисоблайман.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда воқеалар жадал ривожланмоқда. Ўзбекларнинг бирлик ҳисси ёки жипслигини яққол кўрсатиб берган одамлар бўлдими? Қаерда бўлсада, ҳоҳ у салбий бўлсин, ҳоҳ ижобий, жамоавий ўзини англаш кузатилган ҳолатлар юз бердими?
Миллатни нима кўпроқ бирлаштира олиши ҳақида гапириш мушкул иш. Бу эҳтимол, мамлакатни хорижий давлатлар томонидан ишғол этилиши бўлса керак, ана шунда миллий-озодлик ҳаракати шаклланган бўларди. Худога шукрки, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда бундай жипслашиш учун сабаблар бўлмади. Тинч-осойишта замонда халқаро спорт мусобақалари миллий ўзликни белгилашни актуаллаштиришда муайян роль ўйнамоқда. Яъни одамлар ўзларининг миллий жамоаларига ихлосмандлик қилишни бошлаган пайтда бу нарса намоён бўлмоқда. Бироқ буларнинг барчаси юзаки хусусиятга эга бўлиб, аҳоли ўзининг кундалик ташвишларига қайтиши билан, у тезда йўқолиб кетади. Жипслашишнинг салбий турлари ҳам бўлади. Масалан, халқлараро низолар ва қирғинлар юз берганда, жамоатчилик оммавий психоз ҳолатига тушиб қолади. Айрим ҳолларда, муқаддаслаштирилган сиёсий етакчиларнинг ўлимидан оммавий таъсирланиш ҳам шундай турдаги психозга мисол бўла олади. Масалан, Сталиннинг ўлимидан сўнг унинг азасида оммавий психоз кузатилган ва бу асосан олдинги йилларда шакллантирилган унинг шахсиятига сиғиниш туфайли сабаб бўлган эди. Бунинг акс-садоси «Сталиннинг ўлими» кинокомедиясидаги Россия Федерациясининг ҳукумат ОАВ ва сиёсий арбоблари олдида жазавага тушганлар мисолида ҳозир ҳам кузатилади.
Бу каби психоз ҳолатлар, одатда, давлат иштирокисиз ўтмайди. Масалан, юқоридаги фильмда юз берган шов-шув федераль ҳукумат тузилмалар томонидан уюштирилган ва оркестрлаштирилган эди. Ўзбекистонда Ислом Каримов ўлимидан сўнг Сталиннинг азасини эслатувчи ҳолат кузатилди. Бироқ бу ҳолатда давлатнинг дирижёрлик роли янада яққолроқ сезилди. Самарқанддаги Каримов мақбарасини илгари ҳам, ҳозир ҳам зиёрат қилиш маҳалла қўмиталари, ҳокимиятлар ва бошқа ҳукумат ташкилотларининг сафарбарлик кучи орқали амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, турли қарашлар ва одатлар ҳурмат қилинадиган маданиятли жамиятда миллат жипслигини фаол намойиш этиш талаб этилмайди ҳам. Жамиятнинг сиёсий фаол қисми маълум сиёсий партиялар атрофида бирлашиб, сайловларда овоз беради. Бироқ қарашлардаги бундай сиёсий тафовутлар ҳеч қачон ўз миллатига тегишли бўлиш ҳиссининг қулаши ва йўқ бўлиб кетишига олиб келмайди. Аксинча, аҳолида ҳалиги умумий қадриятлар тизими (энг аввало инсоннинг эркинлиги ва ҳуқуқлари қадриятлари) га бир хил қараш юз беради. Бу жамият ана шуларга асосланади. Яъни бир пайтнинг ўзида ҳам фарқлилик, ҳам бирлик кузатилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон капитали ҳолатига қандай баҳо берасиз?
Мен унга у қадар юқори баҳо беролмайман ва бу учта ҳолат: 1) совет иттифоқидан кейинги даврда таълим тизимининг таназзули; 2) маҳаллий меҳнат бозорида юксак малакали кишиларга бўлган талабнинг йўқлиги; 3) инсон капиталининг хорижга чиқиб кетиши билан изоҳланади.
Масалан, таълим тизимини олайлик. Ҳар йили пахта териш мавсумида пахта далаларида талабалар ва ўқитувчиларни қулга айлантиришаётган бир пайтда, инсон капитали ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Мамлакатдаги олий ўқув юртлари ва мактабларда коррупция тобора авж олса, ўқитувчилик ва устозлик касби ўтмишдаги мавқеи ва жамиятдаги нуфузини йўқотса, инсон капитали ҳақида гапириб бўладими? Республикадаги кутубхоналарнинг йиллаб, ҳозир эса, ўн йиллаб хорижий адабиётлар билан тўлдирилмаётганини, китобчилик саноати инқироз ҳолатида эканини ҳам шунга қўшса бўлади. Ўзбекистонда СССР қулаганидан кейин ўтган 25 йил мобайнида жамиятнинг тубанлашуви юз берди, агарда яқин орада бу ҳолат ўзгармаса, мамлакатнинг келажаги бўлмайди: у дунё тараққиётидан четда қолиб кетади.
Хориждаги ўзбек диаспоралари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, улар Ўзбекистонга маданий ёки сиёсий жиҳатдан таъсир кўрсата оладиларми? Ҳукумат ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг ёрдамидан умид қилиши мумкинми?
Албатта, диаспора катта салоҳиятга эга. Энг аввало, шуни ҳисобга олиш керакки, унинг юқори малакали вакиллардан иборат қисми (авваломбор, ғарб олий ўқув юртларини тугатганлар) мамлакатдан чиқиб кетган инсон капитали маҳсулотидир. Афсуски бу одамлар уларнинг меҳнатига берилган мукофот уларнинг касбий малакаси ва интилишларига мос келмайдиган, хизматдаги кўтарилишлар эса, таниш-билиш ҳамда раҳбар ва унинг қўли остидагилар ўртасидаги муносабат ва алоқаларга бевосита боғлиқ бўлган Ўзбекистонда қўлланилмади.
Профессионал ходимларнинг меҳнат миграцияси ҳар бир мамлакат, ҳатто Ғарбда ҳам нормал ҳодиса ҳисобланади. Масалан, Буюк Британиянинг ўн минглаб фуқароси дунёнинг турли бурчакларида ишлайди. Бироқ бу миграция Ўзбекистонда юз бераётгани каби мамлакатнинг жами инсон капиталини бузаётганича йўқ.
Менимча, хорижга чиқиб кетган профессионал диаспора вакилларини Ўзбекистонга қайтариш осон бўлмайди, чунки кўп ҳолларда мамлакат ҳозирги тараққиёт даражасида уларга ойлик маош ва ўсиш бўйича керакли шароитлар яратиб беришга қодир эмас. Агар ҳукумат ҳақиқатда ҳам уларни қайтаришдан манфаатдор бўлса, бунинг учун икки ечим бор: 1) хорижий инвестицияларни жалб этиш ва тадбиркорлик фаолияти учун шароитлар яратиш. Бунинг самарасида профессионал ходимларга талаб бўлади. Ана шундагина чет элдаги ўзбек мутахассислари ва экспертларида қайтиш учун табиий рағбат пайдо бўлади; 2) Шартнома асосида вақтинча бандликдан фойдаланиш. Бу чет элдаги ўзбек профессионалларнинг sabbatical (ўз ҳисобидан узоқ муддатли меҳнат таътили) олиб, бир неча ой мобайнида ўз мамлакатининг фаровонлиги учун, масалан маслаҳатчи сифатида ишлаш имкониятини беради. Бундай мутахассислар Ғарбда институтларнинг қандай ишлашига доир билим ва кўникмасидан ташқари, ўзлари йиллар давомида амалий тажрибада тўплаган ижтимоий капиталларини, яъни ўз соҳаларида алоқа қиладиган танишлари ҳамда профессионал ва бизнес-ҳамжамиятларда тегишли бўлган инсонларни қўшишлари билан ҳам Ўзбекистон учун зарурдирлар.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистондаги шавқатсиз паспорт тизими кераксиз бўлиб, ана шу туфайли ҳам кўпчилик мамлакатга қайтишдан қўрқади. Одамлар шунингдек, одил ва холис (impartial) адлия бўлмаган, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмайдиган, товламачилик, порахўрлик ва таниш-билишчилик авж олган жойга қайтишни ҳам исташмайди. Одамзод, айниқса узоқ йиллар давомида ҳуқуқий ва демократик давлатда яшаган инсон бундай муҳитда ўзини хавфсиз ҳис қилолмайди.
Ўзбек тилининг сўнгги 20 йилдан ортиқ бўлган даврда давлат тили сифатида ўзбекона ўзига хосликни шаклантиришдаги ролини қандай баҳолайсиз? Ҳанузгача ўзбек тилини мукаммал билмайдиган, бироқ шундай бўлсада, ўзини ўзбек деб ҳисоблайдиган инсонлар бўлган бир пайтда бу нарса муҳим деб ўйлайсизми?
Ўзбек тили сиёсий мустақил Ўзбекистондаги тиллар орасида етакчи ўринни эгаллайди. Зеро, аҳолининг аксарият қисми бу тилда сўзлашади. Айни пайтда, озчиликни ташкил этган этник халқлар, субмаданий бирлашмалар ва уларнинг тиллари ҳам ҳурмат қилиниши лозим, албатта. Бунда мазкур озчиликни ташкил этган этник халқлар ва бирлашмаларни интеграциялаш бўйича маданий-тилга оид мейнстрим деб аташ мумкин бўлган дастур яратиш зарур. Ва буни одоб билан, бошқа инсонларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилган ва маъмурий босим ўтказмаган ҳолда, одамларни мажбурламасдан, аксинча уларни қизиқтирган ҳолда, бажариш керак. Аҳолининг миллий ва бошқа қисмлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда дўстона муҳит сақланиб қолиши ва мустаҳкамланиб бориши лозим. Ўзбек тилини ўқитиш бўйича қулай ва самарали курсларни ташкил қилиш, тегишли дастурлар, жумладан компьютерда ўйинли дастурлар ва онлай-дастурларнинг бўлиши ўзбек тилини ўрганишга бўлган рағбатлардан бири ҳисобланади. Бундай илғор дастурлар ҳали етишмайди. Бу борада асосан эски услубдаги дарсликлар қўлланилмоқда.
Таъкидлаш керакки, мазкур ўқитиш дастурининг қандай муваффақият қозонишидан қатъи назар, асли ўзбек бўлган фуқаролар, турли сабабларга кўра, рус тилида мулоқот қилишни афзал кўрсаларда, чет элда ҳам барибир, ўзларини ўзбек деб ҳис қиладилар. Мазкур мамлакатга тегишлилик ҳисси жуда юқори бўлиб, у йиллар мобайнида ҳам ўчиб кетмайди, инсонлар ўртасидаги алоқалар эса, ёшликдан ўзлаштириладиган ижтимоий-маиший одатлар сингари сақланиб қолади. Бугунги кунда интернет чет элдаги ўзбек диаспорасини улар ҳудди мамлакатдан чиқиб кетмагандек қилиб, ўз ватанига яқинлаштирмоқда.
Хотин-қизлар аҳволига қараб жамиятнинг тараққиётига баҳо бериш мумкин, деб ҳисоблашади. Ҳозир Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳолати қандай?
Ҳозирча Ўзбекистонда хотин-қизлар аҳволи бошқа мусулмон мамлакатларга нисбатан анча яхшироқ. Биринчидан, ҳеч ким аёлларни ҳижоб кийиш ёки киймасликка мажбурламаяпти, бу нарса уларнинг шахсий танлови ҳисобланади. Яна бир мисол: ҳозирча ҳеч ким аёлларнинг машина бошқаришини таъқиқлаётгани йўқ. Гарчи Туркманистонда бу мавуга оид хабарлар кишини хавотирга солади. Ахир ёмон нарса тез тарқалади, дейишадику. Иккинчидан, кўпчилик хотин-қизлар иқтисодий жиҳатдан мустақилдирлар. Гарчи бу масалада бироз пасайиш сезилса ҳам. Кузатувларга қараганда, молиявий жиҳатдан ўзига тўқ эркаклар (бизнесменлар) оиласида уларнинг хотини олий маълумотга эга бўлишига қарамасдан, уй бекасига айланади. Менимча ўрта ва ишчи синф вакиллари хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида анча илғордирлар, чунки уларнинг оилаларида битта боқувчининг бўлиши ножоиз ҳисобланади.
Агарда ушбу ҳолатни Ғарб мамлакатлари билан таққослайдиган бўлсак, гендер тенг ҳуқуқлиги даражаси сўнгги йилларда анча ошган, уларнинг жамиятлари эса, гендер камситилиш бўйича далилларга нисбатан бетоқат бўлаётганларини кўришимиз мумкин. Голливуддаги можаролар бунга мисол бўла олади (Харви Ванштейн атрофидаги жанжалларни эсга олайлик). Ғарб ва совет иттифоқидан кейинги жамиятларимиз ўртасида гендер тенглиги масаласи бўйича фарқ яна ортмоқда. Ўтган асрнинг 50-60-йилларида СССР аёллар ҳуқуқлари бўйича Ғарбдан ўзиб кетган бўлишига қарамасдан, бу нарса содир бўлмоқда. Ҳозирги кунда биз Ғарбда кузатилаётган гендер тенг ҳуқуқлиги тарафдорларининг ҳужуми Россияда ҳам қабул қилинмаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ахир гап, фақат шилқим хўжайинларнинг ўз ходимларига мулозамат кўрсатиши ҳақидагина эмас, айни дамда, бир хил турдаги меҳнат бўйича аёллар ва эркаклар меҳнатига ҳақ тўлаш, аёлларнинг компания ва муассасалардаги раҳбарлиги тўғрисида ҳам бормоқда. Оилада патриархал муносабатлар ва қоидалар кучли бўлган Ўзбекистон ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? Ўзбекистонда патриархал оилавий тузилма қандай бўлиши ва меҳнат миграцияси қай тарзда уни фақат кучайтириши тўғрисида менинг алоҳида мақолам бор.
Айтингчи, шу кунларда қандай тадқиқотлар устида иш олиб боряпсиз?
Мен академик мавзулар билан онда-сонда шуғулланаман, чунки менинг асосий ишим бу билан боғлиқ эмас. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва барча Марказий Осиё жамиятлари давлат тузумида қўллаш учун неопатримониализм назариясини ишлаб чиқишни давом эттиряпман. Мазкур таълимотга бўлган қизиқишим, совет давридан кейинги мамлакатлар замонавий давлат барпо этиш остонасида туриб ҳам, бу босқичдан ўта олмаганлари ва ҳокимиятда ҳанузгача ярим феодал муносабатлар мавжудлиги билан изоҳланади.
Мен унга инглиз тилидаги policy сўзи билан боғлиқ масалаларни қўшиш орқали бу парадигмани кенгайтиришга ҳаракат қиламан. «Сиёсат» сўзи унинг тўлиқ маъносини бера олмайди. Замонавий Ўзбкистон мавзусида policy ҳақида гапирадиган бўлсак, бунда биз унинг икки турини – биринчиси, расмий ҳужжатларда акс этган, ва иккинчиси расман эълон қилинмаган, бироқ изчил хусусиятга эга бўлган турини кўришимиз мумкин бўлади. Масалан, мажбурий меҳнат муаммосини олиб кўрайлик. Бирон бир расмий ҳужжатда бунга рухсат берилмаган, аксинча, бу қонун билан таъқиқланган. Лекин шундай бўлсада, мажбурий меҳнат ана ўша тизимнинг – ҳукумат томонидан онгли равишда қабул қилинган муайян ҳаракатнинг бир қисми ҳисобланади. Бу қабул қилинган ҳаракатдан оғиш эмас, ана шу ҳаракатнинг ўзидир (яъни policy). Иқтисодий-сиёсий йўлда қабул қилинган расмийлик ва норасмийликнинг мана шу бирикуви неопатримониал режимининг Ўзбекистонда шаклланган туридаги муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Бу ҳаракат янада илғор бўлган бошқа ҳаракат билан алмашади, деб умид қиламан холос. Акс ҳолда, мамлакат миллий ўзига хослик, гендер муносабатлари ва инсон капитали бўйича юзага келадиган барча оқибатлари билан бирга ҳозирги ярим феодал жамият ҳолатида қолиб кетади.
Жавобларингиз учун раҳмат!
Оригинал: http://caa-network.org/archives/12384