Шу йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри – Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади. Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, қитъада жойлашган давлатларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида мамлакатни изчил тараққий этаётган мамлакатлар қаторига қўшиш, адолатли қонунлар ҳукм сурган кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида бир қатор муваффақиятларга эришилди. Аммо мамлакатда ўз ечимини кутиб турган муаммолар камайиб қолгани йўқ. Айниқса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида. Кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларни озод қилиш, айбсизларни оқлаш, қийноқларга барҳам бериш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, хорижий ва мустақил сайтларга қўйилган тўсиқларни олиб ташлаш, диний эркинликни кенгайтириш, яқин ўтмишдаги хатоларга сиёсий баҳо бериш каби кўплаб масалалар ўз ечимини кутиб турибди.
Хусусан, мана бир мунча вақтдан бери Ўзбекистондаги айрим оммабоп ОАВ сайтлари ва ижтимоий тармоқлар – facebook, youtube каби сайтлар фойдаланувчилар учун чеклаб қўйилган. Таъкидлаш керакки, бундай вазият аввалги Президент пайтида ҳам кузатилмаган эди. Ушбу вазиятга мутахассислар қандай муносабат билдиришади?
UzAnalitics.com мухбири Форум олдидан бир гуруҳ таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига айрим саволлар билан мурожаат қилди:
1. Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида қандай ўзгаришлар рўй берди? Қайси муаммолар долзарблигича қолмоқда?
2. Бу соҳада сизни нима кўпроқ ташвишга солади – аниқ муаммоларми, жамиятнинг муносабатими ёки давлатнинг ҳаракатлари? Жамиятнинг оғриқли нуқталари деб нималарни айта оласиз?
3. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлардаги вазият қандай? Уларнинг аҳоли, давлат, чет эл ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолияти яхшиландими? Молиялаштиришдаги аҳвол қандай?
4. Давлат бор эътиборини ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг қайси йўналишига қаратган – озчиликлар ҳуқуқигами, сўз эркинлигигами ёхуд маиший зўравонликнинг олдини олишга? Қайси бирини биринчи даражали аҳамиятга эга, деб ўйлайсиз?
5. Келажакни қандай кўраяпсиз? Янги ташкилотларни тузиш, чет элдан маблағлар олиш, жамият томонидан қўллаб-қувватланишнинг имкони борми?
Шуҳрат Ғаниев, гуманитар ҳуқуқ маркази директори (Бухоро):
1. Авваламбор, бугунги кундаги ютуқларга сиёсий иродасиз эриша олмас эдик. Бу – айни ҳақиқат. Ушбу ютуқлар қаерда очиқ-ошкора намоён бўлди, деб ўйлайсиз? Бу саволга мен пахта секторида мажбурий меҳнатни йўқ қилиш ташаббуси, деб жавоб берган бўлар эдим. Ишончим комил, бу ташаббус бюрократик тўсиқлар қаршисида тўхтаб қолмайди ва тез орада нафақат пахта теримида, балки кўчаларни тозалаш ёки иккиламчи хомашёни йиғиб олишда ҳам мажбурий меҳнат тушунчаси таг-туги билан қўпориб ташланади…
2. Ўн йиллар давомида қамоқ жазосини ўтаб келаётган сиёсий маҳбусларни озод қилиш… Жамиятдаги диний қатламлар қора рўйхатини тугатиш… Ижтимоий низоларнинг олдини олиш бўйича мутахассис сифатида айтадиган бўлсам, мен учун сўнгги ҳолат, энг аввало, ўзбек жамиятини ўзимизникилар ва бегоналарга ажратадиган қатағон сиёсатининг диндорларга нисбатан ўз ниҳоясига етаётгани билан аҳамиятлидир…
Бу сиёсатга жалб этилган маҳалла – расмий диний уламолар – секторларнинг бу борадаги фаолиятига чек қўйилиши керак ва бу қадам ташланди… Бироқ ОАВда ва юксак минбарларда очиқ-ошкора айтилаётган, аммо бундан икки йил қандай бўлса, шундайлигича қолаётган муаммолар ҳам борлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Бу, энг аввало, мамлакатда коррупцияга қарши кураш, ҳокимиятдаги, унинг барча институтлари – судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳокимият ва парламентдаги коррупция ҳолатларига қарши кураш масаласидир.
Бугун жамиятни бу борадаги аҳвол билан таништиришда шаффофлик етишмаяпти. Қонунни бузган амалдор ҳеч кутилмаганда бошқа лавозимда, баъзан аввалгисидан ҳам юқорироқ лавозимда пайдо бўлиб қолаяпти. Албатта, бу одамларни ҳукуматнинг коррупционер амалдорларни тозалаш ҳақидаги гапларига шубҳа билан қарашга ундайди.
Ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб борадиган, халқнинг дарду-ташвишини рўй-рост кўрсата оладиган реал тўртинчи ҳокимиятни – чинакам оммавий ахборот воситаларини кўраётганимиз йўқ. Телевизорда муайян муаммолар ҳақида очиқ мунозараларга бой телекўрсатувларни ёки нашрларда чинакам таҳлилий мақолаларни кўрмаяпмиз… Яна ютуқлар ҳақидаги маърузалар ва қайнона-келин ўртасидаги муносабатлар борасида на боши ва на охири бор суҳбатлар… Ахир шу масала бугунги кун ўзбек журналистлари ва таҳлилчиларининг энг катта муаммосими? Уйларни бузиш лойиҳаларига бағишланган муҳокамалар қаерда қолди? Парламентнинг ёки бирор-бир ҳоким фаолиятини муҳокама қилиш-чи? Жамиятнинг талабларини, фуқароларнинг дарду-ташвишини ўрганиш учун ҳудудларда ташкил этилган Халқ қабулхоналарининг фаолияти билан боғлиқ масалалар қаерда? Биз ҳали ҳам милициянинг жамиятга яқинлашаётганини ҳис қилмаяпмиз. Президент ташаббуси билан милиция фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжат қабул қилинди ва бу ижобий баҳоланди. Биз тартиб посбонларининг кўчадаги оддий фуқароларга нисбатан муносабати ўзгараётганига гувоҳ бўлдик. Бу эса ИИВ тизимида янада жиддийроқ ўзгаришлар рўй беришига умид уйғотди. Афсуски, ИИВ тизимидаги ислоҳотлар самараси ҳақида гапиришга ҳали эрта. Зеро, иши терговга оширилган шахсларни мустақил адвокатлар хизмати билан таъминлаш масаласига муносабат нуқтаи назаридан ҳам, баъзи бир ходимларнинг коррупциялашгани нуқтаи назаридан ҳам, бу ҳақда хулоса чиқаришга эрта. Фикримча, ИИВда ҳатто жамиятни амалга оширилган ишлар билан таништириш ёки жамиятнинг у ёки бу сўровларига тезкор муносабат билдириш мақсадида инновацион матбуот хизматини ташкил этиш мисолида олиб қараганда ҳам, жамият билан самарали ҳамкорлик механизми йўлга қўйилмаган. Ҳозирча булар йўқ…
3. Албатта, ҳукумат аҳоли билан ишлашда анча очиқ фаолият олиб бораяпти, биз Human Rights Watch (Хьюман Райтс Вотч) ёки Cotton company (Коттон кампейн) га ўхшаш халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизга келаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Олдин буни тасаввур қилиб бўлмасди. Бироқ Халқ қабулхоналарининг вилоят бўлимлари шикоятни айнан ўша қонунбузилишига йўл қўйган амалдорга кўриб чиқиш учун жўнатиш ёки шикоятларни эътиборсиз қолдириш тамойилига асосланиб ишлашни бошлаяптилар. Бундай мисоллар вақт ўтган сари кўпроқ қайд этилаяпти. Эҳтимол, инсон ҳуқуқлари муаммоларининг устувор йўналишларида давлат ҳали ҳам турлича ёндашувларга таянаётгандир? Чунки оиладаги зўравонлик ҳақидаги фикрларга кўпроқ эътибор берилиб, сўз эркинлиги ёки озчиликлар ҳуқуқи бир четда қолиб кетаяпти. Қонун устуворлигига асосланган давлат қуриш йўлида собитмиз, дея бонг ураётган эканмиз, биз учун муҳокама қилиб бўлмайдиган ёки устувор аҳамият касб этмайдиган мавзулар бўлмаслиги керак. Бу жиҳатдан сўз эркинлиги масаласи расмий телевидение томонидан уюштирилаётган оиладаги зўравонлик мавзусининг қизғин муҳокамалари соясида қолиб кетмоқда. Ва бу билан давлатнинг бунга даҳли йўқдай тасаввур уйғонмоқда.
4. Ҳали ўз ечимини кутаётган муаммоларга назар ташлар эканмиз, тўлиқ оптимист бўлишимизга эрта, деб ўйлайман. Бироқ, ишончим комилки, ҳал этилган муаммолар эртами-кечми, туб ислоҳотлар ва ўзгаришларга йўл очади! Жамият авваллари тақиқланган мавзулар бўйича эркин фикр билдиришга ўзида куч топаяптими, демак бу мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги улкан ўзгаришларга умид бахш этади…
Абдураҳмон Ташанов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси вазифасини бажарувчи (Тошкент) :
1. Биласизми, тиббиёт ривожлангани сари касалликлар тури, миқёси ошиб бораверади. XIX асрнинг 80-йилларида пенициллин кашф этилганида, энди инсоният касалликлаларни бутунлай енгди, деган фикрлар юзага келганди. Мен айнан шу нарсани инсон ҳуқуқлари соҳаси билан муқояса қилмоқчиман.
Бу соҳада ижобий ўзгаришлар, туб бурилишлар кўп бўлганини эътироф этмаслик инсофсизлик бўлади. Айнан ўзим фуқаролик жамияти вакилларининг қамоқлардан озод қилинишида иштирок этдим, бошқа ўзгаришларни кўрмоқдаман. Аммо, афсуски, муаммолар ҳали кўп.
Айнан президентнинг шахсан ўзи мажбурий меҳнатга қарши кураш олиб бораётганда, ҳукумат раҳбарларидан бирининг шармандали аҳволига гувоҳ бўлдик. Бироз аввал аёлни ечинишга мажбурлаган миршаб воқеаси… буларнинг барчаси ҳали муаммо кўплигини кўрсатади. Айтишим керакки, президентнинг бу воқеаларга муносабати, кўраётган чоралари ажойиб.
2. Мен турли минбарларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ижобий силжишлар борлигини айтиб келаяпман. Муаммоларнинг камайгани учун эмас, балки ҳукумат ана шу муаммолар ҳақида бош қотира бошлагани, ўйлагани учун. Ҳар қандай муаммонинг илк ечими уни тан олиш ва ҳал этишга киришишдан бошланади. Афсуски, сўнгги 25 йил давомида биз уларни рад этиб келдик, жаннат барпо қилдик деб, ўзимизни алдадик.
Ҳолбуки, сўнгги икки йил бизнинг аввал қандай яшаганимизни кўрсатди. Коррупцияга қарши кураш стратегияси, фуқаролик жамияти ва нодавлат ташкилотларига муносабат масалалари шулар жумласидандир.
Айтиб қўяй, оғриқли нуқталар кўп. Сиз менга қайси соҳада оғриқли нуқталар йўқ, деган саволни берганингизда, “бундай соҳанинг ўзи йўқ”, деб қўя қолардим. Президентнинг ўзлари таъкидлаётган оғриқли нуқталарни тузатиш учун йиллар керак бўлади.
3. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларда вазият яхши эмас. Биринчидан, биз шу пайтгача кўтариб келган шиорлар – болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, сиёсий маҳбуслар муаммолари деярли ҳал қилинди. Бизга энди иш қолмагандек, гўё. Аммо янги стратегия керак. Фуқаролик жамиятини шакллантириш соҳасида халқаро ташкилотлар билан ишлаш лозим. Халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон ичкариси билан ишлагани маъқул, деб ўйлайман. Боиси, улар мамлакат ташқарисида, асосан юртимиздан муҳожирликка кетган фаоллар бошчилигида тузилган ташкилотлар билан ишлашмоқда.
Улар учун бу қулай: биринчидан, ҳукумат манипуляцияси йўқ, иккинчидан, хориждаги дўстларимизда тажриба, тил сингари устун фазилатлар бор.
Аммо мамлакат ичидаги факт ва маълумотларни доимо иккинчи қўлдан олиш керакмикин? Ҳозирда мен кўплаб халқаро ташкилотларга Ўзбекистон ичкариси билан тўғридан-тўғри ишлашни таклиф қилмоқдаман.
Ўрганамиз, тажриба оширамиз, Европада гапираётган дўстларимиз даражасига етишамиз, бу қийин эмас. Зотан, бунга шароит, имконият бор.
Молиявий ёрдамлар, донор ва грантлар масаласини айтиб қўя қолай: НОЛЬ!
4. Ҳукумат ҳамма соҳага ҳам эътибор қаратишга уринмоқда, буни ўзингиз ҳам ТВдан, вақтли матбуотдан кўриб турибсиз. Менимча, сўз эркинлиги масаласи бирламчи бўлиши керак. Сўз эркинлиги таъминланмаган жамиятга ташхис қўйиш, уни даволаш қийин бўлади.
5. Келажакнинг яхши бўлишига умид қиламиз. Имкониятлар ҳам яратилаяпти. Бир замонлар маблағлар, донорлар бор, аммо имкон йўқ эди. Энди донор йўқ, имкон бор.
Умида Ниёзова, инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-немис форуми директори (Германия):
1. Кўп йиллар давомида илк маротаба ўзбек қамоқхоналарида сақланаётган маҳбуслар орасида ҳуқуқ ҳимоячиларининг йўқлигини энг катта ютуқлардан бири сифатида эътироф этган бўлардим. Сўнгги икки йил ичида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ёки журналистлик фаолияти учун ноҳақ қамалганлар рўйхатида бўлганлар қамоқдан озод этилди. Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари фаолияти билан боғлиқ режим бироз юмшади. Албатта, Ўзбекистон ҳали ҳам ҳуқуқсиз авторитар давлатлар қаторида қолмоқда. Демак, фуқаролик жамияти фаолларини исталган вақтда жазолашлари мумкин ва ҳеч ким бунга халақит бера олмайди. Аммо айтиш мумкинки, ҳозирги кунда ҳукумат фаолиятини танқид қилувчи шахслар Каримов давридагичалик таъқиб қилинмаяпти.
2. Ўзбекистонда кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Ҳеч қачон қонунлар асосида яшамаган жамият ва давлатдан яна нимани кутиш мумкин? Ўзбекистонда авторитар коррупцион давлатга хос барча муаммолар мавжуд. Тўғриси, мамлакат демократик ҳуқуқий тартиблар сари юзланиши мумкинми, деган саволга ҳозиргача қатъий жавоб йўқ. Мени ишламаётган бошқарув тизими, барча жараёнлар бир кишининг, президентнинг иродасига боғлиқ бўлиб қолаётган авторитар ёндашув ташвишга солмоқда. Мирзиёев билибми-билмайми, ислоҳотларга кўмаклашувчи институтларни ривожлантириш ўрнига қаттиққўл бошқарувни қўллаб-қувватлаяпти. Қаттиққўлликка асосланган бошқарув тизими самарали ишламайди, бир ерда депсиниб қолиши ҳам мумкин. Қолаверса, мени ташвишлантираётган яна бир ҳолат президентнинг Каримов каби чексиз ваколатларга эгалигидир. Ҳукумат таркибида мустақил фикрлайдиган одамлар бўлмас экан, у ҳам вақти келиб, ахборот изоляциясига тушиб қолиши ва Каримовнинг тақдирини такрорлаши мумкин. Барча жараёнлар бугун фақат президент иродасига боғланаётган экан, мамлакат яна диктатура сари юзланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ.
3. Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳақида гапириладиган бўлса, улар йўқ деса ҳам бўлаверади. Бутун бошли мамлакатда аҳолининг муаммоларини кўтариб чиқишга ва бир амаллаб яшаб қолишга интилаётган бир неча ўнлаб фаоллар бор. Ўн йиллар мобайнидаги қатағонлар ва изоляция фуқаролик жамиятини йўқ қилди ва энди ҳаммасини бошидан тиклаш керак.
4. Иш фаолиятим мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлгани учун мен бу мавзуга давлат қанчалик эътибор қаратаётганини кўриб турибман. Биринчидан, бу халқаро босим ва ўзбек пахтасини бойкот қилиш билан боғлиқ. Давлат ўз обрўсини яхшилашга ҳаракат қилмоқда, бу муаммони ҳал қилиш истагида эканини кўрсатиш учун анча-мунча қонун ва фармонларни қабул қилаяпти. Ҳозирча бу ўз самарасини бермаяпти. Бу йилги пахта мавсуми мажбурлов ва товламачиликка тўла бўлди. Мен Ўзбекистон учун катта муаммо саналган оиладаги зўравонлик ҳақида қонун қабул қилинаётганини биламан. Лекин қонунни қабул қилиш – бор-йўғи дастлабки қадам. Оиладаги зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш тизими қанчалик самарали ишлаши эса ҳукуматнинг кўплаб қўшимча ҳаракатларига боғлиқ. Интернетдаги сўз эркинлигининг бир қадар кенгайиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бир пайтлар ҳатто ўйлаш мумкин бўлмаган мавзулар ҳақида ёзаётган сайтлар пайдо бўлди. Шу билан бирга, чет элда рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаёти ҳақида ёзаётган сайтларнинг аксарияти блокланган.
5. Фуқаролик жамиятининг келажаги ҳақида бирон нарса дея олмайман. Унинг ривожланиши мамлакатдаги эркинлик даражаси ва моддий қўллаб-қувватлашга боғлиқ. Ўзбекистонда энг жиддий муаммоларни кўтариб чиқаётган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи, айнан ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларининг узоқ муддатли ривожланишига сармоя киритадиган жамғармалар ҳам, институтлар ҳам йўқ. Халқаро жамғармаларга эса олисдан туриб ишлаш қийин. Давлат халқаро донорларни мамлакатга таклиф қилиши ва шу билан маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларини молиялаштириш ва ривожлантириш имконини берса бўлар эди.
Стив Свердлов, Human Rights Watch’нинг Марказий Осиё бўйича адвокати ва тадқиқотчиси (АҚШ):
1. Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган Ислом Каримов вафотидан сўнг давлат бошқарувига келган президент Шавкат Мирзиёев мана икки йилдирки, мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни ислоҳ қилиш учун бир қатор умидбахш чоралар кўришда давом этмоқда. Ўтаётган йил қамоққа олинган журналист ва бошқа узоқ муддатга қамалган сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши билан ёдда қоладигандек. Оммавий ахборот воситалари бу йил ҳам ривожланишда давом этиб, ҳукуматнинг пахтачилик соҳасидаги мажбурий меҳнатга қарши кураш борасида сезиларли ишлар қилаётганини, маҳаллий амалдорларнинг инсон ҳуқуқларини бузиш ва коррупциялашган фаолияти учун кучли онлайн-тортишувлардан сўнг жазога тортилганини ёритмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати авторитарлигича қолмоқда ва кўплаб умидбахш ислоҳотлар тўлиқ бажарилмаяпти. Хавфсизлик хизматининг ваколатлари чуқур ва кенг қамровли, эркин сайловлар ва сиёсий плюрализм олис орзулигича қолмоқда, қамоқхоналарда ҳали ҳам минглаб сиёсий маҳбуслар бор. Ўзбекистон ҳукуматининг шу пайтгача амалга оширилган институционал ўзгаришларга содиқ қолиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида барқарор яхшиланиш сари қадам ташлашда давом этиши ҳам ҳозирча аниқ эмас.
Ҳукумат озодликка чиқарилганларнинг ҳуқуқий реабилитация қилинишига олиб келадиган ҳақиқат ва ярашувнинг бирон-бир мазмунли стратегиясини амалга оширишга киришиши керак. Уларнинг аксарияти узоқ вақт давом этган азоб-уқубатлар натижасида оғир касалликларга дучор бўлган.
Улар ҳаётларини издан чиқарган жиддий ҳуқуқбузарликлар учун адолатли суд ҳамда моддий ва маънавий зарарни талаб қилишга ҳақлидирлар. Бу жараён Ўзбекистонда давом этиши керак. Ўтмишдаги суиистеъмолликлар ҳақида ошкора айтиладиган миллий мулоқотсиз Ўзбекистоннинг демократик жамият сари қадам ташлашини тасаввур қилиш қийин.
2. Хьюман Райтс Вотчга кўра, Мирзиёев маъмурияти инсон ҳуқуқлари борасидаги ўзининг халқаро мажбуриятларини мамлакатда янги сиёсий даврнинг ўзига хос белгиси сифатида бажариши лозим.
Ўзбекистон ҳукумати давлат сиёсатини тинч йўл билан танқид қилинишига, ҳуқуқ ҳимоячилари бўладими, журналистларми, санъат аҳлими ёки диндорларми, нафақат тоқатли муносабатда бўлиш, балки очиқ ва демократик жамиятга ўтиш даврида рағбатлантиришга мойил эканини дунё ҳамжамиятига кўрсата олиши керак.
Улкан сиёсий ва иқтисодий ўтиш даврида ҳукумат мустақил фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ҳукумат сиёсатини махсус хизматлар томонидан жазоланмаслигига ишончини таъминламасдан туриб, ҳеч қандай ислоҳотлар самара бермаслигини тушуниб етиши керак. Янгиланаётган Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозаралар натижасида бир неча амалдорлар суиистеьмолликлар учун жавобгарликка тортилди. Бу одатий ҳолга айланиши керак. Бунга фақат коррупция ва қийноқлар каби нозик сиёсий мавзуларни кўтариб чиқаётган журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари рўйхатга олинса, аккредитациядан ўтказилса ва ўз ишларини эркин бажара олсагина эришиш мумкин. Шу билан бирга, фуқароларда хавфсизлик хизматлари тазйиқидан қўрқув ҳисси ҳалигача йўқолмаган. Ҳукумат ҳуқуқ тартибот идоралари – ДХХ, Ички ишлар вазирлиги ва прокуратура фаолиятининг парламент ва оммавий ахборот воситалари томонидан назорат қилинишини таъминлаш учун аниқ чоралар кўриши керак.
3. Европа, Америка ва бошқа донорлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти ва лойиҳаларини молиялаштиришга катта қизиқиш билан қараяпти. Аммо ҳукумат маҳаллий ННТларни рўйхатга олиш ва эркин ишлаши учун қатъий чоралар кўраётгани йўқ. Манбалар Хьюман Райтс Вотчга Урганчдан Андижонга қадар ҳудудда адлия вазирлиги эълон қилган осонлаштирилган рўйхатга олиш тартиб-қоидаларига қарамасдан, ўрта бўғиндаги мансабдор шахслар кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва ташкилотларнинг рўйхатга олинишига тўсқинлик қилаётгани ҳақида хабар бермоқда.
Оммавий ахборот воситалари ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳақида ҳам шу сўзларни айтиш мумкин.
Шу йилнинг июнь ойида “Америка Овози” мухбири мамлакатда ишлаш учун аккредитация олди. Бу жуда ижобий ҳол. Бироқ бир йил олдин ҳукуматдан маҳаллий мухбирни аккредитация қилиши мумкинлигига изн берилган Би-Би-Си учун бундай имконият яратилмади. Чинакам сўз эркинлиги ва мустақил оммавий ахборот воситаларини таъминлаш ҳукуматнинг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. АҚШ Интернетни эркинлаштириш, “Озод Европа Овози” (Radio Free Europe) каби оммавий ахборот воситалари ва журналистларга аккредитация бериш борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиши керак.
Ўзбекистонга кириш имконияти бўлгани билан, Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг акрредитацияси Ўзбекистон Олий судининг 2011 йилги қарори билан ҳануз тақиқланиб келинмоқда. Ҳукумат ушбу қарорни дарҳол бекор қилиш чораларини кўриши керак.
4. Умуман олганда, ҳукумат ислоҳотларининг асосий йўналиши иқтисодий эди, шунингдек, давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлиги ҳам таъминланди. ОАВ эркинлигини мустаҳкамлаш, хавфсизлик хизматларини қайта ташкил этиш, диний эркинлик принциплари бўйича йўл харитаси, қийноқлар орқали олинган далиллардан фойдаланишни тақиқловчи, мажбурий меҳнат тўғрисидаги кўплаб қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилди. Ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб Халқ қабулхоналарини ташкил этишга катта эътибор берди. Оиладаги зўравонлик, умуман аёллар ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ.
Ҳукумат ҳозирги кунга қадар онлайн-цензура, рақобатбардош, демократик, кўп партияли сайлов жараёнини таъминлаш ва сўнгги 25 йил мобайнида содир этилган инсон ҳуқуқлари бузилишларининг қурбонларини оқлаш каби долзарб ва энг муҳим масалаларга етарлича эътибор бермаяпти.
5. Ўзбекистондаги ўзгаришларга умид ва эҳтиёткор оптимизм билан қараяпмиз. Ўзбекистондаги янги авлод фаолларини ўқитиш ва тайёрлаш билан боғлиқ бир қатор муаммоларга қарамасдан, фаоллар, ҳуқуқшунослар, ўқитувчилар, блогерлар, диний арбоблар ва мамлакатдаги фуқаролик жамиятини ташкил этувчи кўплаб одамларнинг Ўзбекистонни ривожлантириш, ҳукумат ўз фуқаролари олдида ҳисобдор бўлган янада очиқ жамият қуришга бўлган истаги ниҳоятда баланд. Агар ҳукумат ислоҳотлар жараёнида ўз зиммасига олган асосий мажбуриятларни бажарса, биз мамлакатда янада жадал тараққий этаётган кучли фуқаролик жамияти барпо бўлаётганининг гувоҳи бўламиз.