«Ўзбекистоннинг минтақадаги тинчлик ва барқарорликни сақлашдаги саъй-харакатларини қадрлаймиз. Ҳиндистон бу харакатларни қўллаб қувватлайди… Янги Ўзбекистонда имкониятлар ва салоҳият катта» – матбуот кузатуви.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Ҳиндистонга илк давлат сафарини амалга оширди. Ўзбекистон оммавий медиаси GazetaUZ нинг хабар беришича, Президент Мирзиёев Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан, кейинроқ Президент Рам Нат Ковинд билан учрашувлар давомида томонлар мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ва стратегик шерикликка алоҳида эътибор қаратиб, янада чуқурроқ алоқалар ўрнатишга урғу беришди. Шу билан бирга Ҳиндистон ва Ўзбекистон савдо иқтисодий ҳамкорлик битимини охирига етказиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилишди.
Муаллиф
Дилмира Матяқубова Мустақил тадқиқотчи. Сиёсатшунос
Музокаралар давомида савдо иқтисодий, сармоявий, юқори технология, тиббиёт, фармацевтика, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик учун янги имкониятлар муҳокама қилинди. Томонлар транспорт ва алоқа соҳасида ўзаро хамкорликка келишиб, Тошкент ва Мумбай ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширишни қайд этишди. Мирзиёев Ўзбекистон Ҳиндистон билан алоқаларга устувор аҳамият қаратилишини, амалий руҳда ўтган музокаралар томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлигини ва бундан иккала томон ҳам манфаатдор эканини таъкидлаб ўтди. Газетанинг хабар беришича, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олинган (2017 йилда бу рақам 323,6 млн. доллари, 2018 йилнинг биринчи ярмида эса — 134,7 млн. долларни ташкил этган).
Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлаш Ҳиндистон учун геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан устувор йўналишлардан бўлиб келганлиги ҳақида Ҳиндистон рўзномаси Daily News and Analysis хабар берди. «Ўзбекистоннинг минтақадаги тинчлик ва барқарорликни сақлашдаги саъй-харакатларини қадрлаймиз. Ҳиндистон бу харакатларни қўллаб қувватлайди» – дея таъкидлади Бош вазир Нарендра Моди суҳбат давомида. Бош вазир Ўзбекистон ҳам, Ҳиндистон ҳам қўшни давлат Афғонистонда барқарорлик ва фаровонлик исташини таъкидлаб ўтди. Рўзномада баён этилишича, асрлар мобайнида Ҳиндистон Марказий Осиё билан яқин маданий ва цвилизацион алоқалар билан ўртоқлашиб келган. Аммо бугунги кунда Ҳиндистон Покистон ва тахликали Афғонистон туфайли минтақага тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга эмас ва шу сабабли, TAPI (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Хиндистон) каби муҳим лойиҳа ҳали ҳам тўлиқ ишга тушмаганлиги газетада таъкидланди.
Бироқ, The Diplomat бу ҳақда айрича фикр билдирди, яъни бунга яна бошқа сабаб борлигини таъкидлади. Бу Покистон ва Афғонистоннинг ҳавфсиз ва барқарор давлатлар эмаслигидир. Агарда, Хиндистон Покистон билан яхши муносабат ўрнатган тақдирда ҳам, бу манзил минтақага ҳавфсиз ва ишончли йўл бўла олмасди. Маҳсулотлар ва энергия ресурслар ҳавфсизлиги ниҳоятда муҳимдир, чунки ҳам давлат ва ҳам хусусий корхоналарнинг инвестиция улуши жуда юқори.
Томонлар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) ва бошқа халкаро форумларда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олишди. Ўтган йили Ҳиндистон Евроосиё хукуматлараро ташкилоти ШҲТга аъзо бўлди. Бош вазир Модининг уқтиришига кўра, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистон биргаликда ҳарбий машқларни, ҳарбий таълим ва бошқа соҳаларда тренинглар ўтказиш масалаларини мухокама қилдилар. Economic Times ёзишича, томонлар икки давлат орасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизмат ходимлари ўртасида, шу жумладан, Ўзбекистон-Хиндистон терроризмга қарши ишчи гуруҳи доирасида ҳамкорликни кучайтиришга келишишди.
The Hindu расмий маълумотларига кўра, Ҳиндистон Марказий Осиё давлатларини Евроосиёни шаклланишида муҳим аҳамиятга эгалигини ушбу йилдаги ШҲТ саммити давомида алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Hindustan Times хабар беришича, минтақа Жанубий Осиё ва Европани бир бирига боғланишга хизмат қилади. Хиндистоннинг минтақада савдо алоқалар қуришга қизиқиши борлигини INSTC (International North-South Transport Corridor) каби лойиҳалар тасдиқлайди. INSTC лойиҳаси Ҳиндистондан Европага Марказий Осиё орқали махсулотларни қисқа муддатда олиб ўтиш имконини яратади.
«Биз Ўзбекситонни INSTC га қўшилганидан мамнунмиз» – деди Бош вазир Моди. INSTC Хиндистон, Эрон, Афғонистон, Арманистон, Азарбайждон, Россия, Марказий Осиё ва Европа орасида юк ташиш учун 7200 км узунликдаги кема, темир йўл ва йўл мултимодал тармоқдир. Унинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида ҳар икки томон ўзларининг нуқтаи назарлари ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш режаларини мухокама қилдилар.
The Diplomat фикрига кўра, 2000 йилда юзага келган INSTC лойиҳаси, тўлиқ ишга тушгандан сўнг, юк ташиш харажатларини ва муддатини анча қисқартиради. Ҳозирда Ҳиндистондан Россияга олиб келинадиган маҳсулотлар учун 40 кундан ортиқ муддат талаб қилинса, лойиҳа ишга тушганда буни атиги 25 кун ичида бажарилиши ва траспорт вақти 30-40 фоизга камайиши кутилмоқда. Тахминан 20-30 миллион тоннага яқин юк ташиш имконига эга лойиҳа Ҳиндистон учун минтақа ва бошқа мамлакатларга йўл очиб беради. Илгари Ҳиндистон Покистон каби душманлик руҳидаги қўшни туфайли Марказий Осиёга кириш имкониятига эга эмас эди. Эндиликда, Покистон бу масалада Ҳиндистонга тўсқинлик қила олмаслиги таъкидланди. Шунингдек, манбанинг муносабат билдиришича, «INSTC лойиҳаси Янги Деҳлининг Хитой Belt and Road Initiative (BRI) йўналишидаги жавобига ўхшайди. Хитой нафақат минтақадаги қудратли қўшниси, балки унинг иқтисодий рақобатдошидир. Ҳиндистоннинг Хитойни мувозанатлаштириш истаги INSTC фаолиятини ишга тушириш орқали амалга ошади».
Бош вазир Моди Ҳиндистон-Ўзбекистон муносабатлари 2011 йилда Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга сафари чоғида стратегик шериклик даражасига кўтарилганди, дея таъкидлайди. Совет иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг, Ҳиндистоннинг минтақа билан муносабатларида сусайиш кузатилганди, фикр билдиради The Diplomat. Бунга бир қанча изоҳлар мавжуд. Энг асосийси, Ҳиндистон Кашмир масаласида қўшни Покистон билан мунозараларда иштирок этиши эди. Шунингдек, Хиндистон ҳалқаро тизимда ўз ўрнини эгаллаган ва ортиқ тарқалиб кетган Совет Иттифоқининг мададига эга эмасди.
Хиндистоннинг Марказий Осиёни Бирлаштириш Сиёсати (Connect Central Asia Policy) кенг кўламли бўлиб, ўз ичига ҳавфсизлик, иқтисодиёт ва маданий соҳаларни қамраб олади. Мирзиёевнинг сафари олдидан вазирлик томонидан туризм соҳасини ривожлантириш бўйича Ўзаро Англашув Меморандуми (ЎАМ) маъқулланганди. Business Standard нинг маълумотига кўра, шартнома томонларнинг туризм борасидаги ўзаро манфаатлари учун узоқ муддатли кенг шарт-шароитлар яратиб беради. Шунингдек, сафар давомида давлатлар томонидан тиббиёт ҳамда қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда бир қатор шартномалар имзоланди.
Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга сафари Hindustan Times, Daily News and Analysis, The Week, The Hindu каби бир неча оммабоп ҳинд газеталари саҳифаларида ижобий равишда қамраб олинди. The Week газетасининг ёзишича, «янги президент 2016 йил декабридан давлатни идора қила бошлаганидан бери бир қатор ҳалкаро ва маҳаллий ўзгаришлар юз берди ва бу ўзаро алоқаларни яқинлашишига янгидан замин яратиб берди. Янги Ўзбекистонда имкониятлар ва салоҳият катта». Шу билан бирга газетада яқинда Мумбай ва Тошкент оралиғи атиги тўрт соатдан иборат бўлиб қолиши ва Ўзбекистон Ҳаво Йўллари миллий авиакомпанияси октябрь ойининг охирига қадар бу икки шаҳарни бир-бирига боғлаши айтиб ўтилди.