Муаллиф: Микаэл Левистон
Асосий жиҳатлар:
• Тарихан марказий ҳукуматга мухолиф бўлиб келган Тоғли Бадахшон мухтор вилояти 2021 йил ноябридан бошлаб маҳаллий аҳоли билан Душанбе режими ўртасидаги кескинлик ортиб бораётган ҳудудга айланиб қолди.
• Президент Имомали Раҳмоннинг 2022 йил 16 майда Тоғли Бадахшондаги норозиликларни бостиришга буйруқ бериш ҳақидаги қарори 1997 йилги фуқаролик урушидан сўнг ҳеч қандай фаолияти кўрсатмаётган Бирлашган тожик мухолифати (БТМ) фаоллашувига туртки берди. Бу яна Помир миллий кучлари мудофааси ташкил этилишига сабаб бўлди.
• Инқироз вужудга келишига сиёсий ўзгариш – давлат раҳбарининг давлат бошқарувини ўғли Рустам Имомалига топшириши нияти борлиги сабаб бўлди.
• Тоғли Бадахшондаги инқироз минтақада кенгроқ оқибатларга олиб келди – Раҳмон режимини қўллаб–қувватлаётган турли чет давлатлар вазиятдан фойдаланиб, ўз манфаатларини кўзлаб иш тутишга киришди.
Муаллиф: Микаэл Левистон – Франция халқаро муносабатлар институти таркибига кирувчи Россия / Янги мустақил давлатлар (Russia/New Independent States Center) марказининг боғланган тадқиқотчиси. Тўлиқ таржимаи ҳоли мана бу ҳаволада – https://www.ifri.org/fr/a–propos/equipe/michael–levystone
Кириш
Тожикистондаги 1992 йилдан 1997 йилга қадар давом этган фуқаролар уруши вақтида кескинлик ўчоғи бўлган Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида помирликлар билан марказий ҳукумат вакиллари ўртасида зиддият юз бермоқда. 2022 йил 16 майда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғда юз берган намойишни ҳукумат кучлари шафқатсизлик билан бостириши ва унинг оқибатларидан келиб чиқиб (маҳаллий қуролланган лашкар тузилиши) тахмин қилиш мумкинки, узоқ вақт ўзини мамлакатнинг қолган қисмидан ажралган деб ҳисоблаб келган минтақада ниҳоят кескин бурилиш юз берди.
Тоғли Бадахшон Тожикистон таркибида қанақа субъект ҳисобланади? Бундай ўзига хос ҳолатда юз берган инқироздан қандай сабоқ чиқариш мумкин?
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилояти: алоҳидалик ва маҳрумлик ҳисси
Тоғли Бадахшон кўп жиҳатдан Тожикистоннинг алоҳида минтақаси ҳисобланади. Умумий майдони 64 100 км2 бўлган минтақа деярли мамлакат ҳудудининг ярмини ташкил этади, аммо мамлакат минтақалари ичида аҳолиси энг кам ҳудуддир – бор–йўғи, 230 000 киши (Тожикистон умумий аҳолисининг 3 фоиздан камроғи[1]) истиқомат қилади. Тоғли Бадахшон аҳолиси ҳам мамлакатнинг қолган қисми аҳолисидан фарқ қилади. Тожиклар ҳам, помирликлар ҳам шуғнон, рушан ва ёзғулом сингари маҳаллий помир шеваларидан иборат эроний тилларда сўзлашади. Аммо тожиклар, асосан, сунний мусулмонлардир, помирликлар эса шиа исломининг исмоилийлик тармоғига мансубдир, уларнинг маънавий раҳнамоси Оғахон Францияда қувғинда яшайди. Тоғли Бадахшон маъмурий жиҳатдан мухтор (автоном) вилоят сифатида таснифланади. Вилоятга ушбу мақом совет даврида – 1925 йил январида берилган эди ва у Тожикистон 1991 йил 9 сентябрида мустақиллик эълон қилгандан сўнг ҳам ўша мақомда қолаверди, аммо бу мақомни бекор қилиш масаласи, айниқса, 2022 йил 16 майда бўлиб ўтган конституцияга ўзгартиришлар киритишга бағишланган референдуми олдидан муҳокама қилинган эди[2].
Тожикистон мустақиллик олгандан сўнг Тоғли Бадахшон аҳолиси Душанбеда ўрнатилган янги режим уни чет минтақа деб ҳисоблайдиган бўлди. Мана шу четга чиқиб қолганлик ҳисси фуқаролар уруши вақтида қаттиқ сезиладиган бўлди. Бирлашган тожик мухолифати (БТМ, унга помирликлар, ғармликлар ва кўлобликлар киради) таянчи бўлган Тоғли Бадахшонни Душанбе қамал қилиб олди. Қамал иқтисодиётни барбод қилди, ўша пайтда уни наркотик, қурол–яроғ ва қимматбаҳо тошларнинг ноқонуний савдосидан бойиб кетган маҳаллий ҳарбий тўралар бошқараётган эди. 1997 йил 27 июнда Москва келишувлари имзоланиши билан ниҳоясига етган фуқаролар уруши Тоғли Бадахшон вилоятидаги таранг вазиятни тартибга солишга йўл очмади. Вазият уч даражада кескинлашаётган эди. Сиёсий даражада: Тоғли Бадахшоннинг тайинланган ҳокимлари помирликлар эмас, Душанбе режимига яқин тожиклар эди. Ҳудудий даражада: 2011 йилда марказий ҳукумат маҳаллий аҳоли билан келишмасдан туриб, вилоятнинг 1000 км2 лик ҳудудини Хитойга бериб юборди. Иқтисодий даражада: минерал ресурслардан Душанбе билан Пекин фойдаланишидан помирликлар ҳеч қандай иқтисодий фойда кўрмади.
Фуқаролар урушидан, мамлакат яна бошбошдоқлик ҳолатига тушиб қолиши мумкин, дея таҳдид қилиб, ҳокимиятни эгаллаб олиш ва мустаҳкамлаш учун фойдаланиб қолган президент Имомали Раҳмонга қарши туришда Тоғли Бадахшон 1997 йилдан бошлаб доимий кескинлик ўчоғи бўлиб қолди. Айниқса, Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг (ДМХҚ) минтақавий бошқармаси бошлиғи генерал Абдулло Назаров сирли равишда ўлдирилгач, жиддий инқироз юз берди. Душанбе бу воқеага маҳаллий дала командири Толиб Аёмбековни айблаб, зудлик билан муносабат билдирди, унинг Тоғли Бадахшондаги манфаатларига қарши жазо чоралари қўллашни бошлади ва минтақа устидан назоратни кескин кучайтирди[3]. Ўша пайтдан бери бундай сценарий (маҳаллий аҳоли вакилларини ўғирлаб кетиш ва/ёки ўлдириш, Хоруғдаги ундан сўнгги норозилик намойишлари ва намойишларнинг қон тўқиб бостирилиши) Тоғли Бадахшонда, масалан, 2014, 2018 ва 2020 йилларда бир неча марта такрорланди, бироқ бу инқирозлар оқибатларини 2012 йил ёзидаги қурбонлар сони билан тенглаштириб бўлмайди, ўша пайтда, расмий маълумотларга кўра, 40 киши қурбон бўлди. 2022 йил майида 2021 йил охиридаги воқеалар сабаб бўлган инқироз парадигма (муайян концепциялар туркуми ёки фикрлаш шаблони) ўзгарганини кўрсатиб берди.
2022 йил майидаги инқироз: парадигма ўзгариши
Гулбиддин Зиёбековни Роштқалъа тумани (ТБМВ) прокурори ўринбосарини 2020 йилда бир жувонга шилқимлик қилгани боис кечирим сўрашга мажбур қилгани учун ҳокимият идоралари унга қидирув эълон қилган эди. Оқибатда Зиёбековни ДМХҚ ходимлари 2021 йил 25 ноябрда Роштқалъа туманининг Тавдем қишлоғида ҳибсга олишга уриниш вақтида ўлдирди. Ўша куни минглаб одамлар нохуш ҳодиса учун масъул кишиларни жавобгарликка тортишни сўраб, Хоруғ марказига йиғилди. Улар яна бошқа, жумладан, Тоғли Бадахшон вилояти раиси Алишер Мирзонабот ва Хоруғ ҳокими Ризо Назарзодани ишдан бўшатиш, режим минтақага жойлаштирган қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва интернетдан фойдаланишни тиклаш талабларини ҳам илгари сурди. Тожикистон ҳокимият идоралари 28 ноябрда тарқаган оломонни тинчлантириш учун маҳаллий амалдорларни ишдан бўшатишни истисно қилиб, қолган бошқа талабларни қондиришга ваъда берди. Аммо берган ваъдаларини бажармади, бу эса 2022 йил 16 майдан бошлаб Тоғли Бадахшон аҳолисини норозилик намойишларини қайта бошлашига сабаб бўлди.
Айни шу лаҳзада иккала томон ҳам ортга қайтиб бўлмайдиган чизиқни кесиб ўтди. Помирликларнинг марказий ҳукуматга қарши очиқ сиёсий норозиликлари тобора ҳарбий кўриниш ола бошлади, бу айни этник гуруҳнинг анъанавий тинчликсеварлик обрўсига ҳайратланарли тарзда зид келиб қолди. 22 майда Тоғли Бадахшоннинг норасмий етакчиси Мамадбокир Мамадбокиров Миллий мудофаа кучларини ташкил қилди. Ўша куни уни ДМХҚ ходимлари ўлдирди. Айни дамда назарий жиҳатдан фуқаролар уруши тугагандан бери фаолият кўрсатмай келаётган БТМ, афтидан, янги қуролли қанот тузди ва унга президент Раҳмон мухолифлари, тахминан, уни ҳокимиятдан четлатиш нияти билан кирди[4]. Душанбенинг жавоби ўта шафқатсиз бўлди[5], бу қурбонлар сони минтақадаги олдинги норозилик чиқишлари вақтидагидан анча кўп бўлганидагина эмас (ўлганларнинг расман эълон қилинган сони 16 киши, аммо БМТ қурбон бўлганлар сони 40 нафар бўлганини айтмоқда[6]), балки интернетга киришни ўчириб қўйиб, 18 майда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи журналист Улфатхоним Мамадшоевани ҳибсга олиб, матбуотнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилиш билан Тоғли Бадахшон вилоятини ташқи дунёдан узиб қўйишга уриниш кўзга ташланди. Норозилик тақиқи ОАВгагина татбиқ этилгани йўқ. 16 июнда ижтимоий тармоқларда ҳукуматнинг Тоғли Бадахшондаги ҳаракатларини танқид қилган ДМХҚ собиқ зобити, истеъфодаги полковник Мамадсултон Мавлоназаровнинг ҳибсга олиниши қатағон илгари Раҳмон режимига хизмат қилганларни ҳам аяб ўтирмаётганининг яққол белгиси эди.
Душанбе “аксилтеррор амалиёти” баҳонаси билан икки баробар ноаниқ вазиятда қўзғолонни шафқатсиз бостирди. Имомали Раҳмон сиёсий жиҳатдан давлат бошлиғи лавозимини топширишга тайёргарлик кўрмоқда ҳамда ушбу ҳокимият унинг ўзи маъқул кўрган номзодга – у президентнинг ўғли Рустам Имомали (2017 йилда Душанбе шаҳри ҳокими, кейинчалик 2020 йилда Сенат раиси этиб тайинланган) экани аниқ – ўтиши жараёнда ишончли назоратни таъминлаб беришга интилмоқда. Раҳмон шу мақсадда аҳоли қўллаб–қувватлашига эришиш учун фуқаролар уруши ҳақидаги оғриқли хотираларни жонлантиришга уринмоқда. Бироқ аҳолининг ярми 1997 йилдан кейин туғилган ва ўша воқеаларни эслай олмайдиган мамлакатда бу стратегия иш бермаслиги мумкин. Шу боис 20 йилдан ошиқ вақтдан бери Тожикистонни бошқариб келаётган режимга унинг содиқлигига шубҳа билан қараш учун асослар етарли. Айтмоқчи, Тожикистон улкан инқирозлар юз берган мамлакатлар билан қуршалган: 2022 йил январида Қозоғистон ва 2022 йил июлида Қорақалпоғистондаги (Ўзбекистон) кучли норозилик намойишларидан тортиб толиблар билан очиқдан–очиқ душманона қўшничилик муносабатлари (толиблар 2021 йилда Афғонистон устидан назорат ўрнатганидан бери Душанбе улар билан ҳар қандай мулоқотни қайсарларча рад этиб келмоқда) ёки ўша йили тезкор чегара урушини бошлаган Қирғизистон билан муносабатлар (ҳарбий ҳаракатлар 2022 йил сентябрида яна тикланди). Минтақадаги муҳит йирик давлатлар билан иттифоқ тузишни тақозо қилмоқда, улар ҳаммаси ҳам 2022 йил майидаги воқеаларга бир хил муносабат билдиргани йўқ.
Йирик давлатларнинг Тоғли Бадахшондаги воқеаларга муносабати: қўллаб–қувватлашдан тепса–тебранмаслик қадар
Тожикистон билан қалин муносабатларга эга 3 та йирик давлат Тоғли Бадахшон инқирозига турлича муносабат билдирди: Хитой қатағонни давом эттиришни ёқлади, Қўшма Штатлар “қаттиқ ташвишда экани”ни маълум қилди, Россия эса ҳайратланарли тарзда суст тутди ўзини.
Тоғли Бадахшонга Хитойдан назар: хавфсизлик ва иқтисодиётдаги манфаатлар тўқнашуви
Имомали Раҳмон режими билан боғлиқ турли чет мамлакатлар ўртасида Тоғли Бадахшонда 2022 йил майида юз берган норозилик намойишларини Тожикистон ҳокимияти бостиришини қўллаб–қувватлашда Хитой энг фаол бўлди ҳамда расмий Пекин Душанбе куч ишлатар тузилмаларига кўмак бериш учун махсус ҳарбий бўлинма юборди[7], ўша бўлинмадаги ҳарбий хизматчилар кузатиш учун Хитой жиҳозларидан фойдаланди[8]. Пекин Тоғли Бадахшондаги барқарорликка катта аҳамият бермоқда ва ушбу ҳудуддан Шарқий Туркистон ислом ҳаракати (ШТИҲ) билан боғлиқ уйғур жиҳодчилари ўтиш йўлаги сифатида фойдаланмаслигига интилмоқда, чунки уйғур жиҳодчилари Афғонистон шимоли–шарқидаги амалий базасидан Шинжондаги вазиятни беқарорлаштириш бўйича ҳаракатларини режалаштириши мумкин. Айнан шу сабабга кўра, Хитой бир неча йилдан бери Тожикистон билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтира бормоқда. Хитой–Тожикистон муносабатлари нуқтаи назаридан 2016 йил бурилиш йили бўлди. Ўша йили икки мамлакат ўз разведка хизматлари ҳамида Ағонистон билан Покистон разведка хизматлари ўртасида ахборот алмашишга кўмаклашиш бўйича тўрт томонлама ҳамкорлик механизмига қўшилди. Улар яна тожик–афғон чегарасида хавфсизликни кучайтиришга ҳам келишиб олди, бунинг натижасида Тожикистонда 11 та чегарачилар пости ва ҳарбий ўқув маркази қуриб берилди. Бундан ташқари, Хитой терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳаракатларини Душанбе билан мувофиқлаштириш учун Шаймакда (Тоғли Бадахшоннинг жануби–шарқи) ҳарбий застава қуриб берди. Ушбу аванпост мавжудлигини 2020 йилда Пентагон аниқлаган эди.
Хитой Тоғли Бадахшондаги вазиятни изга солиш борасидаги саъй–ҳаракатлари баробарида Шинжон билан чегарадош минтақанинг иқтисодий потенциалидан фойда олишга ҳам ҳаракат қилмоқда – Пекин 2011 йилда Тожикистон ҳокимиятидан Тоғли Бадахшоннинг бир қисмини эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Бу Хитойга айни минтақанинг қишлоқ хўжалик ва минерал ресурслари устидан назорат ўрнатиш имконини берди. Масалан, 2019 йилда Kashgar Xinyu Dadi Mining Investment Company LtdОқ Жилға деган жойдаги кумуш конидан фойдлаланиш учун лицензия олди. Пекин инфратузилма қурилиши билан ҳам шуғулланмоқда. У 2020 йилдан бери Тошқўрғонда (Шинжон) аэропорт барпо этди, Тоғли Бадахшонда 2022 йилги инқироз ниҳоясига етиши билан Хитой Кулмани (Қорасув) (Хитой ва Тожикистон чегарасида) пойтахт Душанбе билан боғлайдиган асосий магистрал йўлни тиклаш бўйича иш бошлади[9]. Хитой кредитлари эвазига молиялаштирилаётгани тахмин қилинаётган лойиҳа Пекинга Тожикистон иқтисодиётидаги ролини ошириш имконини беради (мамлакат ташқи қарзининг 1/3 қисми тўғри келади ва бу кўрсаткич 1,9 миллиард АҚШ долларига тенг), шунингдек, Афғонистон ва у билан боғлиқ хатарларни айланиб ўтиш орқали Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон бозорларига чиқиш учун иш бошлаш майдончаси бўлиши мумкин. Хитойнинг Тожикистондаги ҳаракатлари иқтисодий ўлчам билан омухта ҳолда стратегик қараш маҳсулидир, улар шуниси билан биринчи навбатда афғон инқирози таъсир этаётган АҚШнинг ёндашувидан фарқ қилади.
Тожикистон: АҚШ учун Марказий Осиёга дарвозами?
Айғонистонлик саркарда ва “Ҳизби исломия” исломий сиёсий партия етакчиси Гулбиддин Ҳикматёр 2022 йил майида, яъни Тоғли Бадахшонда навбатдаги норозилик намойишлари олдидан Тожикистонни толибларнинг душманларини яшираётганликда айблаб чиққан ва уруш учун ўзига хос баҳонани ўртага ташлаган эди[10]. Бу душманларча баёнот Қўшма Штатлар муносабат билдиришига сабаб бўлди, расмий Вашингтон тожик–афғон чегарасидаги[11] шусиз ҳам кескин вазият ёмонлашиб кетмаслигидан манфаатдор[12]. Шунинг учун АҚШ Тоғли Бадахшон инқирозини тартибга солиш учун расмий Душанбе танлаган йўлга нисбатан босиқ танқидни сақлаб қолган ҳолда Тожикистон ҳукуматини хабардор қилиб туриш йўлини танлади. 2022 йил 10 майида АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершейм мамлакати Тожикистон билан Афғонистон ўртасидаги чегарада пост қуришга ва умумий баҳоси 20 миллион АҚШ доллари бўлган дронлар етказиб беришга қўшимча равишда Душанбега кейинги икки йил давомида 60 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишга тайёр экани ҳақида баёнот берди[13]. Сўнгра АҚШнинг бир қанча расмий шахслари Тожикистонга сафар қилди. Май охирида минтақа мамлакатларига сафар қилган делегация раҳбари, АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу Афғонистон масаласи бўйича маҳаллий дипломатлар ва фуқаролик жамияти аъзолари билан музокаралар ўтказди. Июн бошида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожидидн Муҳриддин билан учрашди. Июн ўртасида CENTCOM’нинг янги қўмондони, генерал Майкл Эрик Курилла президент Раҳмон билан учрашув ўтказди.
Тожикистон Американинг Марказий Осиёдаги янги таъсир ўтказиш стратегиясини мужассам этади, Вашингтон бу минтақада 2021 йил сентябрида қўшинларини тартибсиз олиб чиқиб кетгандан сўнг обрўсини тиклашга интилмоқда. Илгари – 2005 йилга қадар Марказий Осиёнинг Қарши – Хонободда (Ўзбекистон) ва 2014 йилга қадар “Манас” аэропортида (Қирғизистон) жойлашган ҳарбий базаларидаги ҳарбий плацдармни (ҳарбий амалиёт тайёрланиб, ўтказиладиган жой) тиклай олмаган Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон билан терроризмга қарши ҳамкорликка асосий эътибор қаратадиган бўлди. CENTCOM Тожикистонда 2022 йил 10 – 20 августда минтақавий ҳамкорлик бўйича ҳарбий машғулотлар ўтказди ва унда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари иштирок этди[14]. Тожикистон бир неча сабабга кўра АҚШни қизиқтиради. Биринчидан, у Кобул режимига нисбатан очиқча душманларча мавқеда бўлган ягона мамлакатдир ва бу ҳол Ғарб эътиборини тортадиган муҳим омилдир (Имомали Раҳмоннинг 2021 йил 13 октябрда Парижга сафар қилиши ва ўша ерда президент Э. Макрон билан учрашиши шундан далолат беради). Иккинчидан, Покистонни истисно қилганда, Афғонистон билан энг узун чегарага эга Тожикистон билан қалин муносабатлар Вашингтонга афғон масаласида вазиятдан бохабар бўлиб туриш имконини беради. АҚШ 2022 йил апрелида янги бош вазир Шаҳбоз Шариф ҳокимиятга келиш билан у билан ҳам илиқ муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Ниҳоят, ҳудудида Россиянинг чет эллардаги энг катта ҳарбий базаси (Россиянинг Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларидаги 201–базаси) жойлашган ва Коллектив хавфсизлик шартномасига (КХШТ) аъзо мамлакатлар хавфсизлигини таъминлашда Россия билан битта даражада туриш Украинада уруш бўлаётган пайтда муҳим рамзий қадам ҳисобланади ва Москванинг ўз стратегик жиҳатдан муҳим орқа ҳовлисида заиф эканидан далолат беради.
Россиянинг ҳаракатсизлиги: прагматизмми ёки заифликни тан олишми?
Тожикистоннинг Афғонистонга қарши Марказий Осиёдаги истеҳкоми сифатидаги унчалик мустаҳкам бўлмаган ҳолатини ҳисобга олган Россия Украинадаги урушга ўралашиб қолгани сабабли ушбу мамлакатдан инқироз юзага келишини истамаслиги шубҳасиз. Натижада Москва Тоғли Бадахшон инқирози вақтида вазмин мавқени эгаллади, Помир жамоати[15] билан тарихий алоқаларига кўзини юмишга мажбур бўлди, улар ҳар доим Москвадан қатағон авж олиб кетган пайтлар кўмак истаб келади. Аслида бунинг тескариси юз берди. Россия Тожикистон ҳукуматига нисбатан юмшоқ йўл тутишни маъқул кўрди, у эса ўз навбатида Россияга БМТда нисбий кўмак кўрсатди (Россиянинг Украинага босқинини қоралаш бўйича 2 ва 22 мартда БМТ Бош Ассамблеясидаги овоз бериш чоғида бетараф қолди ва 7 апрелда Россиянинг БМТнинг инсон ҳақлари бўйича кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туришга қарши чиқди). Россия яна Душанбенинг сўрови бўйича бир неча Тожикистон ватандошини ушбу давлат идораларига бериб юборди[16]. Бу ҳам Тожикистондаги вазиятни издан чиқармаслик истаги эди, айни истак Россияни Хитойга (Тоғли Бадахшонда) ва Қўшма Штатларга (афғон чегарасида) нисбатан фаол мухолифат яратишдан тийилишга мажбур қилди ва шу йўл билан Душанбе ҳукуматига мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ёрдам берди. Бироқ АҚШ Тожикистонга беражак ҳарбий ёрдам режасини эълон қилганидан сўнг орадан бир кун ўтиб, ушбу мамлакат парламенти Россиядан 1,1 миллион доллар миқдоридаги кредитни (Афғонистон яқинидаги чегара пости қурилиши учун) тасдиқлади. Бунинг маъноси шуки, Россия минтақадаги кескин рақобат сабаб вужудга келаётган ва ортиб бораётган хатарларга қарамай, Тожикистондан воз кечмоқчи эмас.
Масалан, Ҳиндистон ҳам Тожистон билан қалинроқ муносабат ўрнатишдан манфаатдор бўлиши мумкин. Бу мамлакат 1990–йиллардан бери унинг 2 та авиабазасидан (Айни ва Фархор) фойдаланиб келмоқда. Унинг Тожикистон билан савдо–сотиқ ҳажми 3 баробар ортди. Ню–Дели 2021 йилда Кобулда Ислом Амирлигининг тикланиши Покистоннинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ва иқтисодий таъсири кучайиб кетишидан хавотирда. Бу минтақада Ҳиндистоннинг амбициялари илгаридан катта бўлиб келган (Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасидаги мулоқотни эслайлик). Айни чоқда, афтидан, Эрон Тожикистон наздида ягона иттифоқчи бўлиб кўринади, икки томонлама муносабатлар 2021 йилдан бошлаб яхшилангани яққол кўзга ташланди. Президент И. Раҳмоннинг 2013 йилдан бери илк марта 2022 йил майида Теҳронга ташриф буюргани, шундан сўнг июнда Душанбеда икки мамлакат ички ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтгани бунинг исботидир. Эрон ҳам толиблар билан чегарада танг вазиятга дуч келган эди (2022 йилнинг биринчи ярмида отишмалар юз берган). 2022 йил 17 майда Тожикистонда Эроннинг Ababil–2 дронларини ишлаб чиқариш бўйича янги завод очилди. Бу Қирғизистон учун ўзига хос сигнал эди, икки мамлакат чегарасида Бишкек билан Душанбе ўртасидаги муносабатларда таранглик сақланиб қолмоқда (2021 йилда муносабатлар бироз илиқлашувидан сўнг инқироз 2022 йил сентябрида такрорланди[17]) ва Қирғизистон 2021 йил охирида Туркиядан бир неча ўн Bayraktar TB–2 дронларини олди. Анқара ҳам Душанбе билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилмоқда. 2022 йил 21 апрелда ҳарбий ҳамкорлик хусусида ҳадли битим (унга кўра, Туркия чегаралар хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатади) имзолангандан кейин икки мамлакат 22 июлда ҳамкорлик – бу сафар терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш – бўйича яна 1 та битим имзолади. Бу шартнома Туркиядан бошпана сўраган мухолиф тожиклар хавотирини уйғотди, чунки уларнинг бошига ҳам яқинда Россиядан экстрадиция қилинган ватандошлар қисмати тушиши мумкин[18]. Туркия таъсирини ўтказиш учун Тожикистондаги беқарор вазиятдан фойдаланиб қолишга интилмоқда – бу таъсир Марказий Осиёнинг туркий тилли республикаларига нисбатан бошқача тарзда намоён бўлмоқда – аммо у Тожикистоннинг ички сиёсатига таъсир қилиш имконига эга эмас, афтидан, бу соҳада ҳатто Россия ҳам бир қадам ортга чекинишга қарор қилди.
Хулоса: Тожикистондан ташқарида Россия таъсири йўқолаётгани яққол кўзга ташланмоқда
Украинадаги урушнинг кўплаб оқибатлари Тожкистонда Россияни идрок қилиш ўзгаришига олиб келиши ва бунга Россия иқтисодиётига қарши қўлланаётган санкциялар оқибатида нафақат даромадларнинг камайиши (мигрантлар юбораётган пул кўчирмаларининг кутилаётган пасайиши[19]), қолаверса, ишсиз россияликларнинг оқиб келиши таъсир кўрсатиши мумкин. Бу Душанбенинг 2022 йил майида юз берган норозилик намойишлари нима учун шафқатсиз бостирилганини қисман тушунтириб беради ва яна Россия билвосита қўзғайдиган ҳар қандай потенциал норозиликлар авж олиб кетишини бостиришини англатади. Бу помирликларга уларнинг Москва билан алоҳида муносабатлари тарихда қолиб кетганини очиқ–ойдин кўрсатиб берди. Дарвоқе, дастлаб Россия учун Душанбеда ҳокимиятнинг Имомали Раҳмондан Сенатнинг собиқ раиси Маҳмадсаид Убайдуллоевга ўтиши мақбул кўрилган бўлса, энди Кремл янги раҳбар Убайдуллоевнинг вориси ва Раҳмоннинг ўғли янги етакчиликка тайёрланишини кузатиб туришдан ўзга чораси қолмаяпти. Хабар қилинишича, инқироз пайтида Сенатнинг ҳозирги раҳбари ва Тожикистон пойтахти раиси Тоғли Бадахшонда “жазо экспедицияси” ўтказди[20], бу мамлакатдаги сиёсий ўзгаришлар тезлашуви башорати эди[21]. Эҳтимол, куч ишлатар тизимлар зобитларининг ҳаддан ортиқ жаҳду жадали режимга содиқлигини исботламоқчи эканини акс эттиргандир. Режим янги раҳбар даврида ҳам Россия билан Тожикистоннинг икки томонлама муносабатлари жиддий ўзгаришлар киритиши даргумон. Бир тарафдан, Душанбе режими ҳокимиятни сақлаб қолиш учун Кремл кўмагига муҳтож, бошқа тарафдан эса, Москва Тожикистон дунёвий давлат бўлиб қолишидан манфаатдор. Ниҳоят, Тожикистон билан Россия ҳалигача – ҳарқалай, баёнотларида – асосий эътиборини афғон таҳдидига қаратмоқда.
Россия яна 201–ҳарбий базасига[22] (у ердаги Россия қўшинлари Тожикистонни Афғонистондан бўладиган ҳар қандай потенциал таҳдиддан ҳимоя қилишга ёрдам бериб келаётган эди) жойлаштирилган қўшинларининг бир қисмини Украинага кўчирди. Бу Тожикистонда хавфсизлик борасида бироз бўшлиқни вужудга келтирди ва Қўшма Штатлар бундан фойдаланиб қолишга ошиқди. CENTCOM’нинг 2022 йил ёзида[23] Марказий Осиёдаги барча КХШТга аъзо мамлакатлар билан Американинг минтақадаги таъсир кучи қайта бўй кўрсатаётган вақтда қўшма ҳарбий машқлар ўтказганини Кремл таҳқир сифатида қабул қилди ва зудлик билан муносабат билдирди. Расмий Москва Душанбедаги элчисини алмаштирди (ўрнига 2022 йил 16 августда Семён Григорйевни тайинлади), Марказий Осиёдаги “Америка ташаббуслари” Россиянинг миллий манфаатларига[24] зид келишини айтиб, уларни кулгига қилди ва Тожикистон билан Қирзиғистондаги ҳарбий базалари жанговор тайёргарлигини оширди. Москва яна Шанҳай ҳамкорлик ташкилотини ўз атрофида жипслаштиришга уриниб, 2023 йилда ШҲТга аъзо мамлакатлар иштирокида терроризмга қарши қўшма ҳарбий машғулотлар (“Тинчлик йўлидаги миссия”) ўтказишни эълон қилди ва ШҲТга аъзо давлатларни қалинроқ ҳамкорлик қилишга даъват этди[25]. 15–16 сентябр кунлари Самарқанддаги ШҲТ саммити чоғида Украинада уруш бошлангандан бери Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Покистон ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг илк учрашуви бўлиб ўтди. Саммит Россиянинг Украинадаги авантюрасига (реал куч, шароит ва имкониятларни ҳисобга олмасдан, таваккалига бошланган охири вой иш, хатти–ҳаракат) нисбатан иштиёқсизликни намойиш этди. Си Цзинпин ноқулай бетарафлик мавқеини танлади, Нарендра Моди билан Ражаб Тоййиб Эрдўған бир неча марта ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга даъват қилди. Шу тариқа Россия нафақат халқаро майдонда, қолаверса, ўзи йиллар давомида “Катта Евроосиё”нинг Ғарбга қарши қарши блокига айлантирмоқчи бўлган ташкилоти ичида ҳам нисбий изоляцияга тушиб қолди. Ваҳолонки, ШҲТ бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ мамлакатларни жалб этмоқда[26].
[1] Мурғоб тумани ТБМВнинг катта шарқий қисмини қоплайди (Шинжон ва Қирғизистон билан чегарадош) ва Тоғли Бадахшон учун унинг ўзи Тожикистон учун қандай бўлса, шундай аҳамиятга эга, у вилоятнинг 60 фоиз ҳудуди ва 6 фоиз аҳолисини ташкил қилади. Мурғоб туманининг яна бир кўзга ташланиб турадиган хусусияти шуки, аҳолисининг кўпчилик қисмини форсий тилларда гаплаша олмайдиган қирғизлар ташкил қилади. Паршин П., Место и роль Горно–Бадахшанской автономной области в государственной системе Таджикистана, МГИМО, 2016, с. 47: https://cyberleninka.ru.
[2] 1994 йилда қабул қилинган Тожикистон конституциясининг амалдаги таҳририда Тоғли Бадахшон вилоятининг “мухтор вилоят” (7–модда) мақоми сақлаб қолинган. Ажабланарли жойи шундаки, Конституциянинг зикр этилган моддасида Тоғли Бадахшон биринчи бўлиб қайд этилади ва у номи асосий қонунда зикр этилган ягона минтақадир. «Конституция Республики Таджикистан» [«Конституция Республики Таджикистан»], Министерство иностранных дел Таджикистана, 14 сентября 2020 г., доступно на: www.mfa.tj.
[3] C. Киемпур, “Абдулло Назаров. От известности до забвения…” Radio Ozodi, 23 июля 2015 г., https://rus.ozodi.org.
[4] D. Gaüzere, “Haut–Badakhchan : la revendication autonomiste au cœur de la nouvelle donne du Grand Jeu géopolitique régional” [“Gorno–Badakhshan: Demands for Autonomy at the Heart of the New Regional Geopolitical Game”], op. cit.
[5] Режимнинг куч ишлатар тизимлари ўлдирган айрим намойишчилар танасида қийноқ излари аниқланган. “Heartbreak and Sorrow: Remote Tajik Region in Mourning After Bloody State Crackdown”, Radio Liberty, 24 июня 2022 г.: https://www.rferl.org.
[6] “Tajikistan: UN Expert Fears Crackdown Against Pamiri Minority Could Spiral Out of Control”, Office of the High Commissioner of Human Rights, 20 мая 2022 г. t: https://www.ohchr.org.
[7] Россиянинг Telegram ижтимоий тармоғида 2022 йил 22 майда Хоруғнинг Pamir Daily News ахборот агентлиги эълон қилган мақолага қаранг: https://t.me.
[8] “Rivals for Authority in Tajikistan’s Gorno–Badakhshan”, Crisis Group Europe and Central Asia Briefing N°87, 14 марта 2018 г., стр. 9t: www.crisisgroup.org.
[9] “Таджикистан: не успел Памир отойти от потрясений, а Китай уже строит дорогу” [“Tajikistan: No Sooner is Order Restored in the Pamir than China Begins Building a Road”], Eurasianet, 1 июля 2022 г., https://russian.eurasianet.org.
[10] “By Providing Asylum to Afghan Opposition, Tajikistan Declares War Against Afghanistan, Says Hekmatyar”, Asia–Plus, 10 мая 2022 г., https://asiaplustj.info.
[11] 2021 йил ёзида толиблар тожик–афғон чегарасининг бир қисми устидан назоратни “Жамоат Ансоруллоҳ” террорчилик гуруҳига бериб, бошқалар қатори фитна уюштириши мумкинлигини кўрсатиб берди. Душанбе бу гуруҳни 2011 йилда Тожикистон ҳудудида террорчилик амаллари уюштирганликда айблаган эди. “Жамоат Ансоруллоҳ” етакчиси Маҳдий Арсалоннинг (у Душанбеда теократик ҳукумат тузиш мақсадида кейинчалик гуруҳдан “Таҳриқи Толибон Тожикистон”ни (ТТТ) тузиш учун кетган эди) исми Тожикистон билан чегара пости яқинидаги қояда пайдо бўлди. М. Ахмади, С. Ислом и Н. Фазлиддин, “Надпись на скале – провокация против Таджикистана? Талибан строит новый КПП на афганско–таджикской границе”, Radio Ozodi, 8 июля 2022 г.,: https://rus.ozodi.org.
[12] Хабар қилинишича, АҚШнинг марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Афғонистон билан чегарада Тожикистон хавфсизлик кучлари ишлатаётган алоқа жиҳозларининг аоссий қисмини етказиб бермоқда. “Что Путин делал в Таджикистане?”, Eurasianet, 30 июня 2022 г., https://russian.eurasianet.org.
[13] “США поставят Таджикистану беспилотники, но не намерены создавать военную базу на его территории”, Radio Ozodlik, 11 мая 2022 г., https://rus.ozodlik.org.
[14] Монголия и Пакистан также приняли участие в этих учениях. «Военные учения «Региональное сотрудничество 2022» начинаются в Душанбе», ЦЕНТКОМ, 10 августа 2022 г., www.centcom.mil.
[15] XIX асрда Россия империяси помирликларни Афғонистон хонлари ва Бухоро амирларидан ҳимоя қилган, шиа исмоилийлигига мансуб бўлгани учун хонлар ҳам, амирлар ҳам уларга душман кўзи билан қараб келган.
[16] Россиядан қайтгандан сўнг Чоршанбе Чоршанбиев билан Амриддин Аловатшоевни Душанбе судлари инқилобий, яъни амалдаги ҳукуматни ағдариб ташлашга оид шиорлардан фойдалангани учун ҳибсга олди.
[17] “Что происходит на границе Кыргызстана и Таджикистана”, BBC, 17 сентября 2022 г., www.bbc.com.
[18] “Оппозиция обеспокоена активизацией сотрудничества между МВД Таджикистана и Турции”, Radio Ozodi, 23 июля 2022 г., https://rus.ozodi.org.
[19] Жаҳон банки башоратига кўра, 2022 йилда Россияда меҳнат қилаётган тожик ишчилари жўнатаётган пул ўтказмалари ҳажми 22 фоиз қисқаради. Бу Тожикистон иқтисодиётига жиддий зарар етказади, чунки уларнинг пул жўнатмалари мамлакат иқтисодиётининг деярли 1/3 қисмини ташкил қилади.
[20] Бу маълумотни россиялик Тожикистон ва Афғонистон бўйича эксперт Андрей Серенко тақдим этди. “Многоцелевые репрессии в Таджикистане. Какую цель преследуют власти?”, K–News, 20 июня 2022 г., https://knews.kg.
[21] Бу жараённи Россия чўзиб келмоқда, у Имомали Раҳмонни бир неча марта президентт лавозимидан кетмасликка кўндиришга ҳаракат қилган эди.
[22] “Россия усилит свои военные базы в Центральной Азии”, Radio Azattyk, 4 сентября 2022 г., https://rus.azattyk.org.
[23] “Ал–Қоида” раҳбари Айман аз–Завориҳийнинг 31 июлда йўқ қилиниши ва президент Ш. Мирзиёевнинг 21 августда АҚШ конгрессменлари делегацияси билан учрашишга розилик билдириши шундан далолат беради. Айни чоқда АҚШ Кавказда қандай таъсир кучига эга эканини билдириб туриш учун Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганидан фойдаланиб қолмоқда (масалан, Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пэлосининг 2022 йилда Ереванга ташриф буюрганини эсга олайлик).
[24] “Патрушев назвал причину учений США в Центральной Азии”, Известия, 23 августа 2022 г, https://iz.ru.
[25] “Шойгу предложил повысить потенциал ЩОС в военной сфере” РИА Новости, 24 августа 2022 г, https://ria.ru.
[26] Самарқанддаги ШҲТ саммитида Беларус ва Монголия ҳам (кузатувчи давлатлар сифатида), яна Туркманистон, Туркия ва Озарбайжон (фахрий меҳмонлар сифатида) иштирок этди. Арманистон Озарбайжон чегарада ҳарбий ҳаракатлар қайта бошлангани сабабли сўнгги дақиқада саммитда иштирок этмаслигини билдирди.