Украинадаги уруш бутун дунёда хавфсизлик масаласини кескинлаштириб юборди. КХШТ, ШҲТ, ЕХҲТ ва ҳатто БМТ сингари анъанавий кўп томонлама тузилмалар хавфсизликнинг қатъий кафолатини бера олмай қолди.
Ўрта ва кичик ўлчамли замонавий давлатлар қўшнисининг кучли қўлига муҳтожми? Ёки улар ўз армиясини яратиши ва қайта қуроллантириши зарурми?
Марказий Осиё мамлакатлари учун хавфсизлик кафолатлари Москва билан боғлиқ бўлиб келган, ҳатто Украинадаги урушга қарамасдан, ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда. Гарчи КХШТ Афғонистондан бўлган ҳарбий таҳдидларни муваффақиятли ҳал этиб келган бўлса–да, бошқа вазифаларни бажаришдан ўзини четга олиш йўлини тутди. Эгаменлик кафолати ҳақидаги баёнотларига қарамай, Хитой минтақа хавфсизлигида катта рол ўйнаши даргумон, аммо ШҲТнинг роли ошиб боравериши шубҳасиз. Марказий Осиёнинг 5 та мамлакатини ўз ичига олиши мумкин бўлган минтақавий ҳавфсизлик блоки тузилишига эришиш даргумон, чунки 5 та мамлакатнинг барчаси ўз хавфсизлигига таҳдидларни ҳар хил тушунади ва бу ҳам етмагандай, ўзаро ҳал этиб бўлмайдиган зиддиятларга эга.
Ҳозирча маркази Москва бўлган хавфсизлик тизими қанчалик мустаҳкам бўлши маълум эмас. Гарчи Марказий Осиё мамлакатлари Украина билан уруш бошлангандан бери Россиядан – Москванинг қарорини қўллаб–қувватламай, янги ташкил топган квази–давлатларни тан олмай, Россияга қарши санкцияларни оғизда дастаклаб – ўзини четга олишга уринган бўлса–да, аслида Марказий Осиё мамлакатлари Россиядан кўзга ташланарли даражада узоқлашди, дейишга ҳали эрта. Моҳиятан олиб қараганда, фақат маданият жиҳатидан рус дунёсидан аллақандай узоқлашиш кузатилмоқда, иқтисодий ва сиёсий алоқалар ва хавфсизлик соҳасидаги алоқалар ўта қалинлигича қолмоқда.
Эҳтимол тортиш кучи постсовет маконини яна қанчадир вақт долзарблигича қолдирар. Бугунги сўзловчимиз айтаётганидай, мафкуравий жиҳатдан бугунги дунё 2 та жамлоққа бўлиниб кетаётганда, бетараф қолиш жуда мушкул. Ўзаро боғлиқлик, иқтисодий либерализм ва глобализмга асосланган дунё, ҳар ҳолда ҳозирги кунда, ўтмишга айланиб бораётир. Унинг ўрнига яна совуқ уруш даврида бўлгани каби икки қутбли дунё вужудга келаётир, ундан қутбларнинг ҳар бири ўз тарафига дунё сиёсатининг қолган субъектларини тортмоқда.
Украинадани вазият ривожланишининг эҳтимол тутилган сценарийси, замонавий дунё тартиби қандай ўзгараётгани ва Марказий Осиё хавфсизлиги ҳақида меҳмонимиз, лондонлик тадқиқотчи Анна Матвеева сўзлаб беради.
Салом, менинг исмим – Анна Матвеева, лондонлик тадқиқотчиман, Kings College’нинг Россия тадқиқотлари институти, Лондондаги қироллик коллежининг катта илмий ходимасиман. Яна мен постсовет маконидаги можаролар бўйича кўп тадқиқотлар олиб борганман, ушбу мавзуга оид эълон қилинган кўплаб илмий ишларим бор. Тўлиқ таржимаи ҳолим – https://www.kcl.ac.uk/people/anna–matveeva
Катта раҳмат.
Анна, келинг, суҳбатимизни Украинадаги урушга сабаб бўлган омиллар таҳлилидан бошлаймиз. Сиз “Донбасс: Европани ўзгартирган постсовет можароси” деган мақола ҳам ёзгансиз. Ушбу мақоланинг энг муҳим далиллари ҳақида гапириб берсангиз.
Шу пайтгача урушга сабаб бўлган омиллар, айниқса, Донбасс масаласи турли жойларда турлича талқин қилинмоқда.
Албатта, улар бундан кейин ҳам турли йўсинларда талқин қилинаверади. Менинг далилларим қуйидагилар: ушбу можаронинг 3 та таркибий қисми бордай.
Биринчиси – дунё қурилиши, сиёсий тартиб, мамлакат олган ривожланиш йўналиши, миллатнинг роли, ўша миллатга мансуб шахснинг роли, кимликни (идентитет) танлаш, бағрикенглик, инклюзивликни турлича тушуниш сабаб Украинада юзага келган ички зиддият. Шунинг учун, масалан, Киевдаги ҳукуматга қарши курашган кишилар бошқа Украина учун жанг қилаётганини айтар эди. Улар Украинанинг ўз маданий ва сиёсий дунёқарашига яқинроқ бўлган тушунчаси учун курашган.
Иккинчи изоҳ шуки – унинг ҳам мавжудликка ҳаққи бор ва у СССР парчаланиши сабаб қолган мерос билан боғлиқ – СССР иттифоқдош республикаларнинг маъмурий чегаралари бўйлаб парчаланиб кетди, бу ўша ҳудудларда яшаётган аҳолининг ўзини ким деб билишига ҳар доим ҳам мос келавермади. Биз ушбу мисолларни Марказий Осиёдан ҳам келтиришимиз мумкин: Тожикистон билан Қирғизистон, яна Арманистон билан Озарбайжонни олайлик. Чегаралар айрим одамлар, кўплаб одамларнинг тушунчасига мос келмади, тўғрироғи, ўша чегаралар улар истаган жойдан ўтмади. Одамлар, хусусан, Донбассдаги одамлар ўзини Россияга яқин деб билар, шу сабаб қайсидир тарзда сиёсий жиҳатдан ёки ҳеч бўлмаса, маданий ва ижтимоий жиҳатдан Россия билан қалин муносабатларга эга бўлишни истар эди.
Бу – иккинчи омил. Ҳамма нарса, бутун бўлиниш юз бергандан сўнг бу кишилар ўзига нисбатан таҳдид ҳис қила бошлади, чунки улар буни ўзининг жамоат сифатида яшаб қолишига экзистенциал (мавжудликка) таҳдид дея тушунди.
Учинчи сабаб эса жуғрофий сиёсат, Россия билан Ғарб ўртасидаги муносабатлардир. Айни муносабатларда, Украина Европа хавфсизлиги, Россиянинг дунёдаги аҳамияти, унинг роли Ғарбда қандай тушунилиши, буни Москвада раҳбарият қандай тушуниши учун кураш майдонига айланди. НАТОнинг шарқ томон кенгайиши ўзига хос рамзий маънога эга эди. Мен мақоламда бу ҳақда кўп гапирмаганман, чунки бу мавзу ҳақида жуда кўп нарса ёзилган. Аммо хулоса ўрнида айтишим мумкинки, агар Донбассдаги инқирознинг ички жиҳатлари Москва билан Киев ўртасида бевосита ҳал этилганда, унинг жуғрофий–сиёсий жаҳатлари ҳам ўз ўрнига тушиши мумкин эди. Бироқ Москва Киев ҳеч қандай муросага кўнмаяпти, Ғарб бу масалада Киевга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди, деб ҳисоблагач, инқироздан чиқиш йўллари тобора торая борди ва вазият таранглашишига, уруш келиб чиқишига эш бўладиган омиллар тобора ўртага чиқиб кела бошлади.
Раҳмат.
Украинадаги ҳозирги вазиятни қандай баҳолайсиз?
Бўлғуси тинчлик музокаралари мундарижаси Украина хавфсизлиги билан боғлиқ баҳслар ва дилеммалар билан қуршалган, ушбу мамлакат учун фақат ҳудудлар эмас, НАТОга аъзолик ёки ядро қуроли мавжудлиги кўринишидаги кафолатлар, шунингдек, иқтисодиётни ривожлантириш учун товон пули ҳам муҳим.
Бу уруш тўлиқ мағлубият қадар давом этишини англатадими? Яъни ҳеч қандай ўрта вариантлар кўриб чиқилмаяптими? Европадаги эксперт–таҳлилий ҳамжамиятда бу борада қандай мунозаралар бўлмоқда.
Бу ерда бир неча савол бор. Келинг, уларни бир неча таркибий қисмга бўламиз.
Биринчиси – тинчлик ҳақидаги савол. Мен уруш бошланиши биланоқ мақолалар ёздим, чиқишлар қилдим, ҳозир ҳам буни давом эттиряпман, ўша мақола ва чиқишларимда тинчлик музокаралари ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш зарурлигини, ҳар иккала томондан ён беришлар зарурлиги ҳақида гапириш лозимлигини айтиб келдим, келяпман.
Хавфсизлик кафолатлари ҳозир ўзингиз айтиб ўтганингиздек, энг муҳими – ҳозир юз бераётган воқеалар: бемаъни одам ўлдиришни тўхтатиш, бироз ўзни босиб олиш ва барибир тинчлик ҳақида гаплашишни бошлаш зарур.
Менинг тинчлик ҳақида гаплашишга уринишларимга ҳеч қандай жавоб бўлмади. Ҳатто қандайдир дискурс кераклиги ва унда уруш қанчалик даҳшатли экани гапирилмасдан, умид бағишловчи вазиятдан камроқ талафот билан чиқиш йўли муҳокама қилинишига уриниш ҳам бўлгани йўқ. Ҳозирча можарога аралашган учала томон ҳам масала фақат ҳарбий йўл билан ечилишига ҳаракат қиляпти.
Фикримча, Россия узоқ муддатли урушга тайёрланмоқда ва вазият ушбу сценарий бўйича кетяпти. Уруш узоқ давом этиши ва йилларга чўзилиб кетиши мумкин. У биз кўрган 2022 йилдагига ўхшаган у қадар жадал давом этиши шарт эмас. Фронт чизиғининг ҳудудлар билан боғлиқ қисмида катта ўзгаришлар бўлиши даргумон. Албатта, қандайдир тактик мағлубиятлар, қандайдир тактик ғалабалар бўлиши мумкин. Лекин умуман олганда, Россия қаергадир қаттиқ ҳужум қилишни тахмин қилаётгани йўқ. Киев ва Харковни босиб олиш режалари бўлган бўлса, ҳозир ҳаммаси бекор қилинди ва Россиянинг стратегияси кўпроқ мудофаага қаратилади. Бундай узоқ муддатли силлани қуритишга қаратилган урушда Россиянинг ресурслари ва аҳолиси кўп бўлгани учун устунликлари бор. Умуман, қайсидир даражада бу урушни мамлакатнинг бир қисмига ажратиб қўйиб, бошқа қисмида яшайвериш мумкин.
Украина бундай қила олмайди, чунки бу урушга ҳамма жалб қилинган. Бутун бошли иқтисодиёт ҳарбий ўзанга бурилган. Албатта, Украинадаги иқтисодий вазият фақат ёмонлашиб боради, чунки мамлакат инфратузилмаси ва иш кучи, бозорлари – барчаси таҳдид остида турибди. Аммо жамият тўлиқ сафарбар қилинган, раҳбарият муаммони фақат ҳарбий ечим орқали бартараф этишига ишонади, шунинг учун жамиятдаги бу кайфият қанчалик узоқ давом этишига жуда кўп нарса боғлиқ.
Ғарб ҳозирча бор довини Украина ҳужумига тикмоқда, шунинг учун ҳозирча Украинанинг қарши ҳужуми бўлмайди. То у ўзи нимага қодир эканини кўрсатмас экан, тинчлик ҳақида ҳеч қим ҳеч қандай жиддий музокарага киришмайди. Назаримда, бу стратегия – жуда калтабин, чунки у келгусида таназзулдан чиқиш имконини бермайди. Агар Украинанинг ҳужуми кенг қамровли бўлмаса ва ҳозир тахмин қилинаётганидай, стратегик бурилишга олиб келмаса, нима бўлади?
Албатта, олдга қаралса, Украина хавфсизлик кафолатларини олиши керак. Аммо ядро қуролини олиши эҳтимоли деярли йўқ. Аммо Ғарб кафолатлари бўлади – бу НАТОга аъзоликдир. Аммо Ғарб давлатларининг – бунга Туркия, эҳтимол Хитой ҳам қўшилиши – қандайдир норасмий коалицияси бўлиши ва ўша коалиция қандайдир хавфсизлик кафолатини бериши мумкин. Албатта, улар келгуси тинчлик режасининг улкан қисми бўлиши шарт.
Товон пулига келсак ва гап молиявий товон пули ёки молиявий ёрдам ҳақидавг кетаётган бўлса, Россияда бу жуда оғир эшитилади. Ёки гап бепул ёки деярли бепул электр қуввати етказиб бериш ҳақида кетса, бу осонроқ бўлиши ва Россиянинг бўлғуси раҳбарияти осонроқ қабул қилиши мумкин.
Назаримда, бундай вариантлар бўлади ва улар кўриб чиқилиши керак, албатта, инфратузилмани, халқ хўжалигини тиклашда ёрдам берилиши шарт.
Раҳмат.
Келинг, ушбу уруш таъсири ҳақида кенгроқ гаплашамиз. Умуман, бу уруш Европадаги тартибни ўзгартириб юбориши баробарида бутун дунёдаги кенг қамровли эврилишларга ҳам туртки беради. Масалага кенгроқ қаралса, урушнинг ушбу акс садолари зикр этилган постсовет ҳудудида, биринчи навбатда, Марказий Осиёда янграмоқда.
Масалан, уруш бошлангандан бери ўтган вақт мобайнида Марказий Осиё мамлакатлари урушни ва Москванинг қарорларини қўллаб–қувватламай, Россиядан ўзини четга тортиш учун турли ҳаракатларни қилиб кўрди. Бироқ ҳозирча Марказий Осиё мамлакатлари Москвадан сиёсий нуқтаи назардан анча–мунча узоқлашиши мумкинлиги ҳақида гапиришга эрта. Марказий Осиё мамлакатлари барча раҳбарларининг Ғалаба парадига боргани уларнинг Россияга қарамлиги жуда юқори эканини кўрсатди. Аммо шу билан бирга, Марказий Осиё етакчилари, ҳатто Лукашенкога ҳам Москвага бориш ноқулай бўлгани кўзга ташланди, яъни бу – Москва сафари кўп жиҳатдан мажбурий чора эди. Шунга кўра, постсовет элиталари бундан буён ҳам ўзини Россиядан четга олишга ҳаракат қилаверишини кутса бўлади.
Москва келгусида бундай вазиятда қандай ҳаракат қилиши мумкин? Умуман олганда, сиз Россиянинг постсовет мамлакатлари, биринчи навбатда, Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан сиёсатини қандай баҳолайсиз? Украинадаги уруш давом этаётган пайтда бу ерда қандай ўзгаришларни кузатиш мумкин?
Менимча, бу саволингизни бир неча бўлакка бўлиш керак.
Биринчидан, Украинадаги уруш дунёни бўлиб ташлагани ҳақида айтиб ўтсам. Ҳа, чиндан ҳам шундан бўлди, аммо Ғарб барибир Россияга қарши аллақандай сиёсат, мавқега эриша олмади, чунки анча–мунча мамлакатлар бетараф мавқеда турибди. Ҳа, улар можарога бевосита аралашиб қолишни истамаяпти. Кўпгина мамлакатларда уруш, албатта, даҳшатли ва мавжуд вазиятдан чиқиш йўли қоронғи, бироқ Ғарбнинг бу урушга жавобан қилаётган хатти–ҳаракатларида жуда кўп таҳдид ва муаммо бор, деган кайфият юзага келмоқда. Шунинг учун муносабат бир хил эмас. Марказий Осиёда ҳам бу нарса бор.
Иккинчидан, урушнинг барча оқибатлари қандай бўлишини билмаймиз ва улар қандай бўлишини башорат қилиш тобора қийинлашиб бормоқда. Санкциялар ва дунёда юз бераётган турли ўзгаришларнинг оқибатлари, масалан, юаннинг қадри ошиб кетгани ва мамлакатлар дунё валютаси сифатида долларда ўзаро ҳисоб–китоб қилишдан қочиб, бошқа муқобил йўлларни ахтара бошлагани Вашингтон эришмоқчи бўлган мақсад эмас эди. Уруш оқибатларини олдиндан кўра билиш жуда қийин бўлди.
Жуғрофий–сиёсий танлов вазиятига солинган Марказий Осиё мамлакатлари танламасликка интилмоқда. Улар Россия билан ҳам, Хитой билан ҳам, Ғарб билан ҳам муносабатларни имкон қадар сақлаб қолишга интилмоқда, шунинг учун Москва билан муносабатларни бутунлай бузиш уларнинг стратегик манфаатларига тўғри келмайди – улар бундан ҳеч нарса ютмайди.
Марказий Осиё мамлакатлари Москва билан муносабатларини бузишдан потенциал жиҳатдан ютқазган тақдирда буни Ғарб ҳам, Хитой ҳам қоплаб бера олмайди – буни минтақа мамлакатлари раҳбарлари яхши тушунади.
Албатта, Украинадаги уруш ҳам ахлоқий, ҳам сиёсий муаммоларни пайдо қилади. Ҳа, улар Россия тарафида ёки Ғарб тарафида урушга қўшилишни истамайди, шунинг учун нозик ўйин қилишга мажбур бўлмоқда ва ҳозирча бу ишни жуда яхши эплаётир. Шунга кўра, биз Марказий Осиё мамлакатлари ҳозирги раҳбарларининг дипломатик маҳоратига тан беришимиз керак. Улар ҳозирча Москвага унчалик яқинлашиб кетмаслик, шу билан бирга, бироз масофа сақлаш, аммо айни чоқда Ғарб билан ўртадаги кўприкларни сақлаб қолишдай вазиятни назорат қилиб турибди.
Буни биз АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийларининг Марказий Осиёга жуда кўп сафарлари бўлаётганида кўриб турибмиз. Минтақага бўлган эътибор тобора ошиб бормоқда, шунга кўра, Марказий Осиё минтақасининг жуғрофий–сиёсий манзарадаги аҳамияти ошиб боришини кўрамиз. Бу ҳам уруш оқибатларидан бири бўлади.
Шу ўринда сиз КХШТнинг истиқболини қандай баҳолашингизга қизиқяпман. Қозоғистоннинг 2022 йил январидаги муваффақиятли деб аталган нарсадан сўнг ташкилот жиддий инқирозга дуч келди, унга иштирокчи давлатлар мурожаат қилганда, КХШТ ҳеч қандай жавоб бера олмади. Бунга Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара можаросини, шунингдек, Жанубий Кавказдаги Озарбайжон билан Арманистон ўрнтасидаги можарони мисол қилиб келтириш мумкин. Фикрингизни билмоқчиман.
Бу биз КХШТдан нималарни кутаётганимиз билан боғлиқ. КХШТ сиз санаб ўтган можаролар юз берганда, самарасиз экани очилиб қолган ягона ташкилот эмас Яна Тоғли Қорабоғ, Арманистон–Озарбайжон ва Қирғизистон–Тожикистон воқеалари ҳам буни кўрсатди. Хавфсизликни мустаҳкамлаш устида ишлаши керак бўлган ЕХҲТ ҳам вазиятга кучлироқ таъсир кўрсата олмади. Ҳаракат қилмагани учун эмас, бунинг имкони бўлмагани учун, яъни можаролашаётган томонлар уларни ўша ерга киритмагани учун ёрдам бера олмади. БМТ ҳам Жанубий Кавказдаги ва Марказий Осиёдаги хавфсизлик таҳдидларига қандайдир аниқ жавоб беришда самарали йўл тута олмади. Бу масалада КХШТ ёлғиз эмас.
Муваффақиятни қандай баҳолаш ва ташкилотдан нимани кутиш керак? Уни ташкил этишдан кўзланган мақсад Афғонистоннинг минтақага бузғунчи таъсирини қайсидир тарзда чеклаш бўлган эди. Бу – улкан вазифа, улкан таҳдид эди. КХШТ ёки биринчи навбатда Тожикистон ва Ўзбекистон сингари миллий давлатлар, умуман олганда, бу вазифани эплаяпти. КХШТнинг энг йирик базаси Тожикистонда жойлашган. Бу тожик–афғон чегараси билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун КХШТ ҳеч нарсага қодир эмаслигини тан олди, деб айта олмаймиз.
КХШТ иштирокчи давлатларни жалб қилганининг иккинчи жиҳати уларнинг Россиядан жуда пасайтирилган нархларда, Россиянинг ички нархларига яқин бўлган қийматда ҳарбий етказмалар ва қурол–яроғ олиши мумкинлиги бўлган. Албатта, ҳозир Россиянинг ўзига қурол–яроғ керак, шу сабаб ҳозир бу етказмалар долзарб эмас. Лекин шу жиҳати ҳам ташкилот жозибадорлигининг бир кўриниши эди. Умуман, КХШТнинг ўзига аъзо бўлган мамлакатлар ўртасидаги можароларга аралашиш ваколати йўқ, шунинг учун қирғиз–тожик можароси ташкилот мандатидан ташқарида деб формал тарзда айтишимиз мумкин. У ҳолда, албатта, КХШТ Қозоғистондаги ички зиддият вақтида нима иш қилган эди, деган савол туғилади.
Тинчликни сақлаш ва минтақавий хавфсизлик соҳасига масъул бўлган минтақавий ташкилотлар фаолиятига назар солсак, улардан, одатда, самара кам бўлади. Агар, дейлик, АСЕАНга ва Мянмадаги (Бирма) можарога қарасак, АСЕАН бу муаммони мулоқот даражасида ҳал этишга даъват қилиб келади. Менимча, КХШТга ҳам тахминан шу нуқтаи назардан қараш лозим.
Раҳмат, жуда қизиқ жавоб бўлди.
Суҳбатимиз давоми сифатида сўрамоқчиман, сўнгги ўзгаришлардан келиб чиқсак, постсовет маконидаги хавфсизлик тизимига нима бўлади? Қандай ташкилотлар ёки акторлар (қатнашувчи субъектлар) хавфсизлик кафили ролини зиммасига олиши мумкин?
Билишимча, кучлироқ миллий давлатлар хавфсизлик кафили ҳисобланади. Бу масалада Россиянинг роли залворли эканича қолмоқда. Биз ҳозир Туркияда нима бўлишини билмаймиз, аммо бу мамлакат – хавфсизлик соҳасида муҳим ўйинчи. Потециал жиҳатдан Хитой эса… Хитой аслида ўз ҳудудидан ташқаридаги можароли вазиятларга ҳеч қачон аралашмаган. Бундан фақат Тайван мустасно, лекин бу – бошқа масала. Шундай қилиб, бирор нарса ҳал этиладиган бўлса, у минтақадаги йирик давлатлар ёки минтақадаги йирик давлатларнинг қандайдир коалицияси даражасида ҳал этилади ёки бунга мамлакатларнинг ўзи ечим топади.
Сиз Хитойни тилга олиб ўтдингиз. Шу муносабат билан Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим, сизнингча, унинг истиқболи қандай? У Хитой етакчилигида кучлироқ блокка айлана биладими?
Умуман, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти жадал ривожланиб бормоқда. Жадал ривожланиб бораётганининг сабаби шуки, дунё сиёсатида бироз тушунарсиз бўлган, аммо шаклланаётган тушунча бор, унга кўра, Ғарб коалициясининг аллақандай сиёсий ва байналмилал антиподи (бирор шахсга ёки ташкилотга қарашлари, ишонган нарсаси тескари бўлган) бўлиши керак. Бундай антипод турли сабабларга кўра, Ғарб коалициясига кирмайдиган давлатларга керак, масалан, бу масалада Туркиянинг айрим муаммолари бор. Уларга ҳам халқаро сиёсатга, халқаро хавфсизликка қандайдир умумий ёндашувларини баҳам кўрадиган клуб зарур, яъни у ўзига хос жой бўлиши керак.
Сиз, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Хитой раҳбарлигида, деб айтдингиз. Мен бунақа демоқчи эмасман, чунки Марказий Осиёда ташкил топган ва Марказий Осиё мамлакатлари бу ташкилотда катта рол ўйнаб келмоқда. Россия ҳам шундай.
Энди Ҳиндистон ҳам – ШҲТ аъзоси. Унга бошқа мамлакатлар ҳам аъзо бўлиб кирмоқда, шунинг учун бу ташкилот бирорта ҳам куч маркази бўлмаган халқаро ташкилот сифатида ўзини намоён қилади. Унинг КХШТдан фарқи шунда. КХШТ марказида Россия бўлган ташкилотдир. ШҲТ эса ўзини ҳеч бир устун давлат – дейлик, Хитой – бўлмаган ташкилот сифатида кўрсатишга уринмоқда. Унинг кучли жиҳати ҳам – шу.
Бунинг маъноси шуки, агар бирор иш қилиш ва қандайдир тинчликпарварлик амалиёти ўтказиш керак бўлса, ташкилот фаолияти унчалик самарали бўлмай қолади. Манфаатлар турли–туманлиги боис бирор иш қилиш учун клуб аъзоларии ўзаро келишиши қийин экани аён. Сиёсий ва дипломатик фронтда ШҲТнинг кучли томони ҳам шу. Шунинг учун мен ушбу ташкилотнинг халқаро сиёсий келажаги бор деб ҳисоблайман.
Раҳмат.
Анна, сизнинг кучлироқ миллий давлатлар хавфсизлик кафили бўла олади, деган қизиқ фикрингизни давом эттириб, бир савол бермоқчиман. Марказий Осиёдаги экспертлар ҳамижамиятида фақат минтақанинг 5 та давлати иштирокида ўз минтақавий хавфсизлик тизимини яратишга оид таклифлар янграмоқда.
Албатта, бу ғоя амалга ошгунча ҳали кўп қовун пишиғи бор, лекин шунга қарамай, бу ташаббусни қандай баҳолайсиз? Истиқболда постсовет ёки хусусан, Марказий Осиё республикалари чин маънода Россиядан мустақил бўлиши мумкинми ёки Москвадан узоқлашиш автоматик тарзда шарқий қўшни билан яқинлашишга олиб келадими?
Мен вазиятни истиқболда, ҳар ҳолда ўрта истиқболда бундан ҳеч нарса чиқмайди, деб баҳолайман. Юз йилдан кейин нима бўлишидан эса бехабармиз. Лекин бир гапни айтишим мумкин: мамлакатлар битта мушт бўлиб бирлашиши учун уларда умумий таҳдид ва бир–бирига муҳтожлик ҳисси бўлиши зарур. Ҳозирча бу нарса кўзга ташланмаяпти.
Умумий таҳдид йўқми?
Марказий Осиёда – фақат хавфсизлик масаласи бўйича бўлиши шарт эмас – иқтисодий ҳамкорликнинг, сув муаммоларини ҳал этишнинг ва бошқа нарсаларнинг сиёсий шакллари бўйича бирлашишга уринишлар бўлган. Айниқса, ушбу ғоянинг катта тарғиботчиси Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев эди. У Марказий Осиё давлатлари бирлашмасини кўришни жуда–жуда истаган ва бунинг учун 90–йилларда, айниқса, 2000–йиллар бошида тинмай ҳаракат қилган. Аммо бу ғоялар ғоялигича қолиб кетди. Яна халқаро ташкилотлар ва Осиё тараққиёт банки, масалан, БМТ ҳам Марказий Осиёда қандайдир бирлашма ташкил этилишини, минтақавий ҳамкорлик, ўзаро бирдамликка таянган хавфсизлик мустаҳкамланишини кўришни истаган. Бундан ҳам бирор иш чиққани йўқ. Умуман, вазият шундай. Бунинг 2 та сабаби бор.
Биринчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг аксарият ҳолларда бир–бири билан муаммолари бор. Эҳтимол ҳозир бу аммолар бироз қисқаргандир, чунки айрим президентлар, хусусан, Ислом Каримов тарихий ўтмишга айланиб кетди, Шавкат Мирзиёев эса қўшнилари билан ижобий муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Аммо умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи ўйинчилардан кўра, масалан, сув бўйича муаммолари ёки ҳал этилмаган масалалари кўп. Иккинчидан, ҳамма жипслашувини талаб қиладиган таҳдиднинг ўзи йўқ. Масалан, Афғонистондаги беқарорликни олиш мумкин. У қайсидир маънода Тожикистонга таҳдид солмоқда, назарий жиҳатдан Туркманистонга хавф туғдириши мумкин. Лекин ҳамма Тожикистон муаммосини ҳал этишга ташланиши мумкинми? Йўқ, бунга ўхшамайди.
Россиядан қандайдир таҳдидлар бўлаётганини айни пайтда тасаввур қилиш жуда қийин. Россиянинг турли манфаатлари, дейлик, босим ўтказиш пишанглари бор. Айниқса, ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг ҳам Россияга босим ўтказиш бўйича ўз пишанглари бор. Шунинг учун мен Россияга қарши жамоа бўлиб ҳаракат қилишни кўраётганим йўқ.
Ва учинчидан, барибир давлатлар билан муносабатларда ишончсизлик сақланиб қолмоқда. Масалан, биз хавфсизлик борасидаги минтақавий ҳамкорлик разведка маълумотларини алмашишин назарда тутади, деб айтишимиз мумкин. Аммо бундай нарсаларни айни дамда тасаввур қилиш қийин. Минтақавий муносабатлар кўп жиҳатдан яхшиланганини ҳам қайд этиш жоиз. Қозоғистон билан Ўзбекистон бу масалада ижобий рол ўйнамоқда, лекин барибир ишончсизлик сақланиб қолмоқда.
Умуман, сиз “постсовет макони” атамаси Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва сўзсиз Болтиқбўйи республикалари воқелигини тобора камроқ акс эттираётганини ҳисобга олиб, уни қандай тавсифлаган бўлар эдингиз?
Мен барибир бирлаштирувчи жиҳатлар кўпроқ, чунки ушбу мамлакатлардаги муаммолар жуда ўхшаш ва Совет Иттифоқидан мерос қилиб олинган нарсалар кўпроқ, деб айтган бўлар эдим. Масалан, чегара муаммолари ҳал этилмай қолиб келмоқда. Албатта, маданий алоқалар заифлашиб бормоқда, ижтимоий босқич, умумий маданий макон, таълим тизими, ўзаро қизиқиш сусайиб бормоқда – булар барчаси ўтмишга айланмоқда.
Бу яхши ёки ёмон эканини ҳар бир мамлакат алоҳида ҳал қилади. Уларни Россияда юз бераётган жараёнлар ўзига кучли таъсир кўрсатаётгани бирлаштириб турибди. Эҳтимол, кучли таъсир кўраётган минтақа постсовет макони бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, биз кўриб турган Финландия постсовет давлати эмас, фақат унинг Россия билан умумий чегараси бор. Россияда юз бераётган воқеалар бевосита Финландияга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда Россияда – кескин бурилиш палласи, чунки қандайдир ички сиёсий ўзгаришлар эҳтимоли бор. Улар постсовет маконидаги жараёнларга қанчалик таъсир кўрсатишини кўрамиз.
Қайси ўзгаришлар ҳақида гапиряпсиз? Россияда қандай ички сиёсий ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини аниқлаштира оласизми?
Сиз ҳам мен қатори биласиз, жуда кўп сиёсатшунослар Путин даври тез орада тугашини башорат қилмоқда. Мен бошқалар билмаган нарсани биламан, демоқчи эмасман, аммо барибир ўйлашимиз мумкинки, тез орада бўлмаса ҳам, яқин истиқболда Владимир Владимирович Путин Россия етакчиси сифатида саҳнадан тушади. Шунинг учун биз мана шу давр шомида турибмиз. Эҳтимол аллақандай кескин ўзгаришлар бўлиши мумкин, эҳтимол Марказий Осиёда кўрганимиздек, Россияда бюрократик ворисликни кўрмасмиз. Одатда Марказий Осиёда Қирғизистонни истисно қилганда, ўтмишдош ким ҳокимиятни мерос қилиб олишини танлайди. Россияда ҳамма нарса бошбошдоқ сценарий бўйича амалга ошиши, бу жараёнга жамият қўшилиши, сайлов бўлиб ўтиши, унда чин маънодаги рақобат бўлиши ва бу ҳол Россияда улкан ўзгаришларга олиб келиши ва муқаррар тарзда чегарадош мамлакатлар билан муносабатларда ҳам ўзагаришларга сабаб бўлиши мумкин. Россиянинг янги раҳбарияти ички муаммоларга ўралашиб қолиб, ташқи муносабатларга жуда кам қизиқиб, Россиянинг ички ривожланиши учун бевосита зарур бўлган нарсаларга чалғиши мумкин. Ўша пайтда дунё аҳамиятига молик улкан лойиҳалар орқага чекинади, чунки устуворликлар ўзгаради.
Ҳа, шундай сценарийлар бор. Чиндан ҳам жуда қизиқ
Умуман, суҳбатимизни тугатаётиб, бир нарсани сўрамоқчиман: кўп қутблилик ва қутблилик мавзулари хусусида қандай мунозаралар бўлмоқда? СССР парчаланиб кетгандан сўнг юзага келган мувозанат бугун бутунлай бой берилдими ва дунё миқёсидаги зиддият эҳтимоли қанчалик катта?
Зўравонлик қилинадиган маънодаги умумжаҳон можароси эҳтимоли – агар сиз шуни назарда тутаётган бўлсангиз – жуда кам. Мен яшаб турган Ғарбда сиз айтаётганингиздай, Украинага ёрдам бериш билан боғлиқ вазият таранглашуви ёки унга ишорага сабаб бўлиши мумкин бўлган чизиқдан ўтиб кетилмаслигига қаттиқ эътибор қилинмоқда. Дунё мафкура жиҳатидан бўлиниб кетаётгани эса – бошқа масала. Масалан, Ҳиндистон каби кўплаб мамлакатлар риоя қилишни истаётган ўрта позицияни ушлаб қолиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бир тарафдан, Ғарб билан муносабатлар жуда муҳим, бошқа тарафдан эса, Ҳиндистон ҳозирча Ғарб санкцияларига қўшилишга шошилаётгани йўқ. Шунинг учун бўлиниш шу пайтгача бўлган битта глобал иқтисодиёт эмас, ўртасида қандайдир зарур алоқалар бўлган, аммо ёпиқ иккита турли иқтисодиёт пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Ўзаро боғлиқликка, иқтисодий либерализмга ва глобаллашувга асосланган дунё ҳар ҳолда ҳозир ўтмишга айланиб бормоқда.
Яна бир–бири билан алоқаларни энг паст даражага туширишга интилаётган, аммо бир–бирини мағлуб қилишга интилмаётган 2 та дунё пайдо бўлмоқда. Албатта, бу тамойиллар барчамиз учун салбийдир. Ўзаро боғлиқлик, бир–бирига кириб бориш, ўзаро бойиш, имкониятлар тенглиги, маданиятлар аралашиб кетишига қайтишни кузатишни истайди одам. Аммо бугунги кунда мафкуравий жиҳатдан нотўғри иш тутяпти, деганлардан ўзини тўсиб олиш устунлик қилмоқда.