Ўтган 30 йил мобайнида Марказий Осиё мигрантлари кўплаб инқирозлар синовидан ўтишига тўғри келди. Улар аҳолининг энг заиф қатламидан хоҳ иқтисодиёт, хоҳ сиёсат ёки ҳатто уруш сингари оғир вазиятларга ҳам кўника оладиган энг мослашувчан гуруҳлардан бирига айланди. Сўнгги тадқиқотлар далолат беришича, мигрантлар маҳаллий тизимга яхши мослашиб кетиш баробарида кўплаб ҳуқуқий ва бошқа меъёрий коллизиялар – манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этишда ёрдам берадиган ўз меъёрий макони, алоқалари ва институтларини ҳам барпо этмоқда.
Украинадаги уруш сабаб Россиядаги меҳнат миграцияси таназзули башорат қилинган кўп сонли салбий прогнозларга қарама–қарши ўларак, у қисқариш ўрнига жадалликнинг олдинги суръатларини ва пул кўчирмалари ҳажмларини сақлаб қолмоқда. Аммо бу соҳада муаммолар йўқ дейиш нотўғри бўлади. Минтақанинг ҳар бир мамлакати ўз даражасида ва ўзига яраша муваффақият билан Россияга йўналган меҳнат мигрантлари оқимини институционаллаштиришга (муносабатларни институтларга, яъни ўрнатилган қоидалар ва меъёрлар асосида ташкил этиш шаклига айлантириш жараёни ва уларнинг ўзини-ўзи тартибга солиши) уринмоқда. Мигрантларнинг ҳам манфаатлари турлича. Айримлари Россия ватандошлигини олмоқда, бошқалари эса Россияда бўлиб туришдан соф иқтисодий манфаат кўзламоқда. Шунга қарамай, умуман олганда, уруш инсон сафарбарлиги масаласида улкан ўзгаришларга олиб келди. Украиналик қочқинларнинг улкан тўлқинидан ташқари россиялик релокантлар (яшаш жойини, бошқфа малакатдаги яшаш жойи билан алмаштирган кишилар) ҳам бор, Марказий Осиёдан анъанавий мигрантлар оқими мураккаброқ жуғрофия ҳосил қилмоқда. Мигрантлар ўртасида ўтказилган тадқиқотлар далолат беришича, гарчи Россиянинг жозибадорлиги юқорилигича қолаётган бўлса–да, бошқа йўналишлар: Жанубий Корея, Туркия, Канада, Шарқий Европа мамлакатлари, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мумлакатлар тобора оммавийлашиб бормоқда.
Бутунги меҳмонимиз қайд этишича, Марказий Осиёнинг меҳнат миграциясини жиддий тарзда тартибга солиш зарур – одамлар фақат пул топиш учун эмас, салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ҳам янги имкониятлар қидириб, чет мамлакатларга кетмоқда, чунки ўз мамлакатларида бунинг у ёки бу сабабларга кўра имкони йўқ. Миграция жамиятларимизда гендер муносабатларидан технологиялар ва қишлоқ хўжалиги қадар сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди.
Бугун ушбу мавзуни қирғизистонилк тадқиқотчи Асел Мурзакулова таҳлил қилади.
Исмим – Асел Мурзакулова, Қирғизистонда яшаб ва ишлаб, тадқиқот билан шуғулланяпман. Илмий қизиқишларим доираси жуда кенг, лекин биз бугун яқиндан бошлаб тадқиқ қила бошлаган йўналишим – Марказий Осиё мамлакатларида қишлоқ меҳнат миграцияси ва қишлоқ хўжалиги ривожланишини муҳокама қиламиз. Бироқ тадқиқотчилик фаолиятимнинг дастлабки даври можаролар, чегарабўйи тортишувлари, табиий ресурсларни бошқариш масалаларига бағишланган эди. Тадқиқотнинг улкан миқёси билан менинг Academia.edu сайтидаги саҳифамда танишиш мумкин.
Бугун биз Украинадаги уруш постсовет маконидаги, биринчи навбатда Марказий Осиё мамлакатларидаги миграция жараёнларини қандай ўзгартираётгани хусусида гаплашиб олсак, дейман. Марказий Осиёдан Россияга меҳнат миграцияси бир неча ўн йилдан бери давом этмоқда. Бу томонлар учун қай даражада ўзаро манфаатли? Шунча вақт мобайнида ушбу миграция қандай шаклга кирди? Масалан, у қонун чиқарувчилик ва институционал созламалар маъносида қай тарзда расмийлаштирилди? Россияда мигрантлар учун қулай тизим пайдо бўлдими? Шу ҳақда гапириб берсангиз.
Сўнгги 30 йил мобайнида Марказий Осиёнинг Россияга меҳнат миграцияси анча барқарор тизим бўлиб шаклланди ва жуда кўп инқирозлар синовидан ўтди. Масалан, энг биринчи йирик миграция инқирозларидан бири 90–йиллар бошида юз берган ва миграциянинг тескари жараёни юзага келган эди. У меҳнат миграцияси бўлмаган, илмий асарларда кўпинча этник миграция деб аталади. Масалан, Қирғизистондан, асосан, Россияга, шунингдек, Россиядан ташқаридаги тарихий ватанига 2 миллиондан ошиқ киши кўчиб кетганди. Шу гапни Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ҳақида айтиш мумкин.
Минтақадан Россияга ўзига хос меҳнати миграциясига келсак, у ҳам минтақадаги ҳар бир мамлакатнинг Россия билан ҳам икки томонлама, ҳам минтақа даражасида институционал жиҳатдан расмийлаштирилган тизимга эга.
Лекин мен таъкидлаб айтмоқчиманки, тизим – у кўтариб турувчи тизим экани шубҳасиз – нафақат институтлар ва аллақандай қонунчилик механизмлари ҳисобига шаклланади, энг аввало, ушбу тизимнинг барқарорлиги инқирозлар билан синалади. Россияга Марказий Осиё миграцияси жуда кўп инқирозларни бошидан кечирди, ўша буҳронлар, бир тарафдан, миграция оқимларини бузган бўлса, аммо бошқа тарафдан, уларни янада барқарор ва яшовчан қилди. Дунёдаги кенгроқ иқтисодий таназзул билан боғлиқ ва пировардида рублнинг қадрсизланишига (ўша пайтда, аниқ рақам эсимда йўқ, рубл қадрини, тахминан, 40 фоиз йўқотган эди) сабаб бўлган 1998 йилги буҳронни эсга олсак, меҳнат мигрантларининг даромади қадрсизланиб кетди. Ва биз бунинг минтақа учун жиддий оқибатларга олиб келганига гувоҳ бўлдик.
Бироқ ўша йиллардаги кенг миқёсли йўқотишларга қарамай, тизим кейинги инқирозларга ҳам чидаб берди; ўша инқирозлар 2014 йилда Россияга қарши Ғарб мамлакатлари киритган санкциялар, 2020 йилги пандемия ва Украинада уруш бошланиши билан жорий этилган санкциялар сабаб юз берган бўлса–да, 2014 йилдан сўнг ҳам, айниқса, 2020 йилги пандемияда вақтида ҳам, эксперт доираларидаги тушкунликка қарамай, Марказий Осиёдан меҳнат мигрантлари оқими пасаймаяпти. Бу башоратлар барчаси нотўғри бўлиб чиқди. Эсингизда бўлса, бир пайтлар Жаҳон банкининг, пул кўчирмалари ҳалокатли тарзда пасайиб кетади, тиклаш жуда секин, оғриқли бўлади, деган прогнози ўзини оқламади. Меҳнат мигрантлари туриб берди ва тез орада пул кўчирмалари ҳажми тикланди. Бу тизимнинг мустаҳкамлик захираси анча катта.
Назаримда, ушбу жараённинг орқа томони ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жуда муҳим. Нафақат Россия, қолаверса, мигрантлар ватанлари ҳам институционал чарчаваларни ишлаб чиқмоқда, улар ҳам ушбу оқимнинг институционал жиҳатдан расмийлаштириш йўлига ўтмоқда. Шундай қилиб, олинган сабоқларга эга бўлдик.
Ҳар бир мамлакат ҳақида гапирадиган бўлсак, масалан, Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари ва меҳнат миграциясига нисбатан сиёсий дискурс жиддий тарзда ўзгариб кетди. Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида меҳнат мигрантлари эътибордан четда қолган ва улар мамлакат иқтисодий жараёнининг бир қисми сифатида тан олинмас эди. Меҳнат мигрантлари Россияга пул ишлашга кетиш учун чиқиш визасини олишига тўғри келар, чет эл паспортини олиш жиддий муаммо эди, мигрантлар Россияга боргач, дуч келаётган муаммолар ҳақида ҳукумат лом–мим демас эди. Албатта, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан сиёсий риторика кескин ўзгарди. Ушбу йўналишдаги ҳаракатларга гувоҳ бўляпмиз. Ҳукумат мамлакатдан чет элларга чиқиб пул топиш учун кетаётган меҳнат миграцияси мавжудлигини тан олди. Яна у ушбу жараёнларга ҳамроҳлиқ қилиш бўйича мажбурияти борлигини ҳам эътироф этди.
Аммо таассуфки, бугун ушбу жараённи тартибга солиш бўйича фойдаланила бошлаган воситалар (бу фақат Ўзбекистон ҳукуматининг эмас, жами Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари риторикасига тегишли) Жануби–Шарқий Осиё мамлакатлари тажрибасига асосланади. Жануби–Шарқий Осиё мамлакатлари миграция оқимларини ё ҳукумат воситачилиги, ёки ишга жойлаштириш бўйича агентликлар сингари воситачилар орқали жуда қаттиқ институционаллаштирган. Назаримда, бу биз учун унчалик тўғри йўл эмас, чунки миграция баҳосини ошриб юборади. Ушбу оқимлар қандай ривожланганига назар солсак, улар ҳеч бир давлат институтлари воситачилигисиз, қўллаб–қувватлашисиз ва давлат аралашувисиз ривожланганини кўрамиз. Улар “ишга жойлаштириш бўйича агентликлар” ва “мамлакатдан чиқиб кетиш олдидан тайёргарлик бўйича агентликлар” сифатида фаолият кўрсатган мигрантлар ижтимоий тармоқларига таянган. Ҳаммасини атай қўштирноққа олдим. Шу пайтгача Россиядаги меҳнат миграцияси баҳоси меҳнат мигрантлари учун пастлигича қолиб келган. Ҳатто миграцияни қарз ҳисобига ҳам бошлаш мумкин эди, ишга жойлаштириш бўйича турли воситачи агентликлар ёки “ташкилий ёллаш” деб аталган нарса бўйича воситачилар кўпайиб кетиши билан бунинг иложи бўлмай қолмоқда. Шунинг учун, назаримда, бу бутун бошли тизимнинг, Марказий Осиёдан Россияга миграциянинг рақобатбардош устунлиги эди, чунки дунё даражасидаги таққослама истиқбол ҳақида гапирадиган бўлсак, транзакция харажатлари жуда паст бўлган.
Мен шу ўринда бугун “AGRUMIG – Орқада нимадир қолдириб. Дунёнинг етти мамлакатидаги миграция ва қишлоқ жамоатлари” деб номланган беш йиллик тадқиқотлар нгатижасида олинган маълумотлар ва улар таҳлилига асосланиб фикр юритмоқчиман. Унда Марокаш, Эфиопия, Хитой, Непал, Таиланд ва Молдова сингари мамлакатлардаги вазият ўзаро таққосланган. Албатта, айни ҳолат таҳлилнинг бундай маконини кенгайтиради.
Қирғизистонга келсак, сиёсий риторика ҳар доим ушбу жараёнга нисбатан хайрихоҳ бўлганини кўришимиз мумкин. Қирғизистон даставвал – 90–йиллар бошидан бошлаб ўз меҳнат мигрантларини мақомини Россия билан кўплаб икки томонлама келишувлар орқали, кейинчалик эса Евроосиё иттифоқига кириш билан тартибга солишга уриниб келди. Барча иқтисодий параметрлар бўйича бу фойдали эмас эди. Аммо Россиядаги меҳнат мигрантлари мақомини яхшилишга қаратилган шундай “ёқловчи” жуда муҳим далил мавжуд бўлган. Шунинг учун ушбу иттифоққа киришни ёқлаш тарози палласини ўша томонга босиб кетди. Биз энди бу кутилган натижага олиб келгани ёки келмаганига “ҳа”дан кўра “йўқ” деб жавоб берамиз. Бироқ шунга қарамай, минтақанинг ҳар бир мамлакати Россиядаги меҳнат мигрантлари оқимларини ҳар хил тарзда институционаллаштиришга ҳаракат қилаётганини кўрсатиб бериш муҳим.
Тожикистонга келсак, у минтақадаги икки томонлама ватандошликни тан олиш бўйича келишувга эга ягона мамлакатдир. Кўряпмизки, 30 йил давомида тожикистонлик меҳнат мигрантлари сони Россияда юқорилигича қолмоқда. Ҳеч бир буҳрон бу миқдорнинг кескин камайишига сабаб бўлаётгани йўқ.
Қозоғистонга келсак, бу ердаги вазият жуда қизиқ. Қозоғистон мигрантлар жўнатиш билан бир қаторда уларни қабул қилаётган мамлакат ҳамдир. Бу мамлакатнинг миграция профили шу маънода мураккабдир. Айтиш мумкинки, Қозоғистондан Россияга меҳнат миграциясининг аниқ минтақавий фарқи бор. Асосан, бу Қозоғистоннинг чегарабўйи минтақаларидаги циркуляр миграциядир. У – турли–туман. Мигрантлар оқимига барча авлодларга мансуб гуруҳлар киради. Шунинг учун фақат ёшлар пул ишлагани боряпти, деб бўлмайди. Оқимда ҳаётда ўз ўрнини топиб улгурган, ҳатто кекса ёшли кишилар бор. Ва бу миграция шунақа минтақавий хусусиятга эга.
Туркманистон ҳақида гап кетганда, бу мамлакат ҳақидаги билганларимиз жуда оз эканини қайд этиш жоиз. Бу тадқиқотчилар жойига бориб, тадқиқот қилиши учун чекловлар мўллиги билан боғлиқ. Фикримча, бу – жуда қизиқ йўналиш, унга тадқиқотчилик назаримиз йўналтирилиши шарт.
Шу ўринда ҳамкасбларимиз тадқиқотларига ҳавола бермоқчиман. Марказий Осиё мамлакатларидан Россияга миграциянинг тафовутлари жуда кўп, яъни Россиянинг институционал муҳити мигрантларимиз учун мутлақо бегона эмас. Шунинг учун улар Россия маконини етарли даражада муваффақиятли ўзлаштирмоқда. Масалан, Раъно Тўраеванинг тадқиқоти бор, унда Марказий Осиёдан борган меҳнат мигрантлари масжидларга мунтазам қатнаш, ушбу маконда, Россияда ислом динини тамсил қилиш маконида кучли ижтимоий ҳозирлиги орқали Мокванинг маданий манзарасини ўзгартираётгани кўрсатиб берилади. Яна Марк Симоннинг тадқиқотида марказий осиёлик мигрантлар маданият уйларини тадбирлар ўтказиш мақсадида ижара олиш билан Москвадаги маданий макондан фойдаланаётгани тавсифлаб берилади. Улар ўзига реликтга (эски замондан қолган нарса) москваликлар ўртасида керак бўлмай қолган муаасасага айланиб қолган. Рустам Ўринбоевнинг ҳам жуда қизиқарли тадқиқоти мавжуд. Муаллиф унда Россиядаги меҳнат мигрантлари расмий идоралар, расмий қонунчиликка параллел равишда ўз норматив маконини барпо этаётганини кўрсатиб беради. Уларнинг ўз агентлиги бор, кўплаб ҳуқуқий ва норматив зиддиятларни ҳал этишда дастак бўладиган параллел институтлар тузиш, ўз ижтимоий капитали ҳисобига ушбу маконга жойлашиш қобилиятига эга. Шунинг учун алоҳида қайд этиш муҳимки, Марказий Осиёдан Россияга меҳнат миграциясининг норматив чарчавасини фақат давлатлар ва ҳукуматлар эмас, мигрантларнинг ўзи ҳам ташкил қилади. Уларнинг ушбу жараёндаги иштироки аҳамиятлидир.
Асел, батафсил жавоб берганингиз учун раҳмат. Тадқиқотингиз натижалари бўйича кейинроқ албатта гаплашамиз, чунки бу – айни мавзунинг энг қизиқ жиҳати .
Энди мен сизга аниқлаштирувчи савол бермоқчиман. Чиндан ҳам мигрантлар инқирозлар, турли ларзаларга – улар иқтисодий буҳронлар бўладими ёки ҳатто қандайдир сиёсий, ҳарбий–сиёсий ларзалар бўладими – энг мослашувчанлигича қолмоқда. Агар бугун содир бўлаётган воқеаларга қайтсак, яқинда миграция оқимларини тўхтатиб қўйган пандемия якунланди. Ундан сўнг уруш бошланди. Ўзингиз айтаётганингиздек, дастлабки кутилмаларга терс ўларак, Марказий Осиёдан Россияга бораётган мигрантлар сони пасаймаяпти, улар меҳнатидан фойдаланиш соҳаси, уларнинг жадаллиги ёки Россиядаги меҳнатга ҳақ тўлаш ўзгардими? Марказий Осиёдан борган меҳнат мигрантлари босиб олинган ерларда ишга жалб этилаётгани ёки Россия ҳокимият идоралари мигрантларни қуролли кучлар сафида хизмат қилиш орқали ватандошликни олишга ундаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолатлар ҳақида гапириб берсангиз.
Хўп бўлади. Бу ерда шуни қайд этиш жоизки, биз айни масала билан махсус шуғулланганимиз йўқ, яъни қўлимизда бирор ўзига хос маълумот йўқ. Аммо бу жараёнларни кузатаётганимиз бор гап. Биринчидан, шуни эсда тутиш муҳимки, агар ўтмишга қарайдиган бўлсак, бундай жараёнларТуркистон билан ўша пайтлардаги чор Россияси билан ўртасида бошқача кўринишда кечган, у пайтлар Марказий Осиё мамлакатлари ҳали ташкил топмаган эди. Марказий осиёлик мигрантлар Украинанинг босиб олинган ерларида окоп қазишга ёлланаётгани ҳақидаги тез–тез қулоққа чалинаётган хабарлар сабаб ёдимга 1916 йилги воқеалар тушди. Албатта, у пайтлар ҳудудий бўлиниш бошқа эди ва тузилма ҳам бошқа бўлган, аммо меҳнатдан фойдаланиш олдин ҳам, ҳозир ҳам бир хилдир. Ўша пайтда Туркистон ўлкаси аҳолисини Биринчи жаҳон уруши вақтида окоплар қазишга сафарбар қилиш ҳақидаги фармон қўзғолонни қўзғаган сабаблардан бири эди. Мен тарих такрорланяпти, демоқчи эмасман. Асло. Фақат шунга ўхшаш жараёнлар юз берганини айтиб ўтмоқчиман.
Ҳозир ўртадаги фарқ шуки, марказий осиёлик мигрантлар аниқ бир неча гуруҳга бўлинади. Улар – Россия ватандошлигига эга кишилар, Россия армияси сафида хизмат қилиш учун чақирилиши мумкин. Ва ҳали ватандошликни олмаган, аммо уни олиш жараёнида ёки олишни ният қилган кишилар. Улар учун Россия ҳукуматининг ватандошлик бериш эвазига урушда қатнашиш ташаббуси бор. Учинчи гуруҳга эса Россиядаги миграциядан сўнгги ҳаётини ушбу мамлакатда қолиш билан боғламаётган меҳнат мигрантлари мансуб. Уларнинг Россияда бўлиб туриши соф иқтисодий манфаат билан чекланади. Бундай гуруҳга мансуб кишилар уй учун пул топиш, оиласини қайсидир даврга қадар боқиб туриш ва бу сценарийдан чиқиб кетишни кўзлайди.
Шу тариқа Украинадаги уруш мигрантларнинг ушбу гуруҳларига турлича тарзда таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Албатта, армияга чақирилиш хавфи остида бўлган кишилар ватанига қайтишга ҳаракат қилмоқда. Яъниким, бу ҳол, масалан, гендер оқимларига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Агар бутун бошли оила Россияда бўлиб турган бўлса ва барча оила аъзоларининг Россия ватандошлиги бўлса, энг аввало, оталар ватанига қайтади ёки бутун оила ватанига қайтади. Маош манбаси Россия меҳнат бозори билан боғлиқ бўлса, кўпинча аёл ёки армияга чақирилиш ёшига етмаган оила аъзолари Россияда қолади. Ватандошлиги бўлмаган, уни олиш учун ариза бермаган ва кейинги ҳаётини Россия билан боғлашни режалаштирмаган кишилар учун меҳнат бозоридаги бундай таклифлар жиддий тузоқ ҳисобланади. Бу масалада элчихона, ватандошлар ассоциациялари, диаспоралар муҳим рол ўйнаши керак, чунки улар шунга ўхшаш ишларда қатнашиш қанчалик хатарли экани ҳақида меҳнат мигрантларига маълумот бериб туриши шарт.
Албатта, босиб олинган ҳудудларда окоплар қазишга таклиф этилаётган мигрантлар олдида турган бу дилемма – икки йўлдан бирини танлаш мушкуллигини ўша ерда бўлиб турганингиз билан бизнинг бунақа масалаларни Бишкек ёки Олма–Отада ўтириб онлайн режимида муҳокама қилишимиз ўртасида катта фарқ бор. Шунинг учун мигрантларимиз Россияда бўлиб турган пайтдаги мавжуд дилемма ва контекст бутунлай бошқачадир. Фикримча, ижтимоий муҳокамалар вақтида ушбу масаланинг этик жиҳати муҳокама қилинаётганда, биз фундаментал қадриятлар ва фундаментал нарсалар борлигини ҳам тушунимиз зарур. Аммо мигрантлар ҳаёти мавҳумлик ва қалтислик билан қаттиқ боғланган. Шу сабаб улар наздида бу сюжетлар ва амалиётлар мутлақо бошқача эшитилади.
Саволингизга келсак, бу масалада мигрантлар тармоқлари барча ҳукуматлардан кўра фаолроқ эканини таъкидлаш жоиз. Мен бу ерда ҳеч кимни ажратиб кўрсатаётганим йўқ. Назаримда, улар барчаси анча фаол, олдини олиб ҳаракат қилди. Яъниким, энг долзарб маълумотлар, вазиятдан чиқишнинг муайян сценарийлари, муайян йўллари муҳокама қилинди, тарқатилди ҳамда айнан мигрантларнинг Whatsapp гуруҳларида, Telegram гуруҳларида эълон қилинди. Шунинг учун бундан қандай қилиб қочиш кераклиги, унинг оқибатлари қандайлиги мигрантлар тармоқлари орқали керакли одамларга етказилди. Ҳукуматлар ёки қандайдлир ташкилотлар эмас, айнан мигрантларнинг ўзи етказди.
Марказий осиёлик мигрантлар бундай вазиятда ўз келажагини қандай кўряпти? Уруш ва ўша урушга тушиб қолиш хавфи муносабати билан ўз истиқболини қайта баҳолаш ва миграция учун бошқа муқобил йўлларни излаб топишга уринишлар борми? Агар Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётида қўққисдан ўсиш юз берса ҳамда бу ердаги мамлакатларда иш кучига талаб ортиб кетса, умуман, вазият ўзгариши мумкинми ёки Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат ресурслари ҳаддан ортиқми ва меҳнат миграцияси муқаррарми? Нима деб ўйлайсиз?
Менимча, “миграция” атамасидан воз кечишимиз керак. Билишимча, бу атама бизни олдинги саволингиз кўрсатганидек, меҳнат мигрантларини жўнатган жамоатлар эмас, бораётган мамлакати манфаатлари ҳақида бизни кўпроқ гапиришга мажбур қилади. Шунинг учун меҳнат миграцияси ҳақида эмас, инсон сафарбарлиги хусусида гапиришни таклиф қиламан, чунки инсон тарихан – сафарбарлик бирлиги, яъни ҳаракатсизлик аслида нормал бўлмаган, сафарбарлик эса – инсон учун нормал ҳолат. Шунинг учун одамларнинг ўз мамлакатидан ташқарига пул ишлаб топиш учун боришини мутлақо нормал ҳолат деб ҳисоблаймиз. Мен минтақамизда меҳнат миграцияси ҳақида салбий ижтимоий дискурс вужудга келганини айтмоқчиман, чунки биз ушбу жараённи бирёқлама қабул қиламиз.
Келинг, минтақамизда инсон сафарбарлиги учун имконият йўқ, ҳар бир киши ўзини фақат миллий чегаралари ичида намоён қила олади, деб фараз қилайлик. Сиз буни қулайроқ вазият деб ҳисоблайсизми? Мен эса бундай деб ўйламайман. Албатта, биз инсон ҳақлари билан боғлиқ хатарлар, ушбу бозорга, меҳнат бозорига кириш ва ҳк. масаласида аниқ–тиниқ кўриниб турган тенгсизлик мавжудлиги ҳақида гапиришимиз шарт. Бироқ шу билан бирга, ўз туғилиб ўсган ватанида қобилиятини рўёбга чиқара олмаган кишилар учун жуда кўп имкониятлар борлиги ҳақида ҳам гапиришимиз шарт. Агар мисол тариқасида ўзини анъанавий тарзда аграр мамлакатлар деб ҳисоблайдиган Тожикистонни, Қирғизистонни оладиган бўлсак, ушбу мамлакатларда ҳамма ҳам бу иш билан шуғуланишни истамайди. Ўзини бошқа соҳаларда синаб кўришни хоҳловчилар бор. Одамлар нимага қобил эканини намойиш этиш учун турли мамлакатларга бориши – мутлақо нормал ҳолат.
Шунинг учун мен бугун сиз билан суҳбатим орқали нафақат зикр этилган атамани, қолаверса, унинг ҳавола майдонини ҳам дискурсив тарзда ўзгартиришга даъват қилмоқчиман. “Меҳнат миграцияси” деб сўз қотганимизда дарров кўз ўнгимизда мигрантларнинг азият чекиши ва албатта уларни ноқонуний ишлашга мажбур қилиш ва ҳк. билан боғлиқ ҳавола майдони намоён бўлади. Агар ушбу манзара бор саҳифани ағдариб, “яхши, улар ўша ёқларга бормайди, қўпол қилиб айтганда, ўз мамлакатларида, қолиб, жуда кўп заводлар қуради”, дейлик. Шу билан роҳат–фароғатга эришиладими? Мен бунақа деб ўйламайман. Шунинг учун, келинг, бу жараёнга комплекс тарзда ёндашайлик.
Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодиёт жадал ривожлана бошласа, меҳнат миграцияси тўхтаб қолишини тасаввур қилиш қийин. Қолаверса, буни фақат мамлакатларимизнинг демографик ҳолати билан боғламоқчи эмасман. Билишимча, бу энг аввало миграция ҳақида қандай қарор қабул қилиниши, турли авлод вакиллари келажакни қандай тасаввур қилиши билан боғлиқ. Жуда кўп кишилар оилавий муаммолардан қочиш учун миграцияга юз тутади. Қандайдир касбга эга бўлиш учун кетаётган одамлар ҳам кўп. Ўзини, кучини синаб кўриш учун кетаётган одамлар ҳам бор. Жуда кўп бошдан кечирилган воқеалар тарихи бор. Шу сабаб мен бу оқимга мигрантларни азият чеккан қилиб кўрсатиш нуқтаи назаридан ёндашмаган бўлар эдим.
Шунинг учун Марказий Осиёдан одамларнинг мана шу сафарбарлиги давом этади, деб ўйлайман. Улар бориб меҳнат қиладиган мамлакатлар ранг–баранглашиши ҳақидаги гапингизга қўшиламан. Шу кунларда биз ҳукуматлар, масалан, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари меҳнат мигрантлари оқимларини ранг–баранглаштиришга ҳаракат қилаётганини, ўз ташқи ишлар вазирликлари орқали жуда кўп мамлакатлар билан турфа хил икки томонлама келишувлар имзолаётганини кўряпмиз. Албатта, одамлар ҳам ҳар хил меҳнат тажрибасига эга бўлишни истаяпти. Масалан, Қирғизистон бўйича олган маълумотларимиз шаҳодат беришича, ёшлар учун Россия энди, дейлик, Жанубий Корея йўналиши ёки яқинда қишлоқ хўжалик миграцияси учун очилган Буюк Британия ва Полша сингари жозибадор мамлакат бўлмай қолаётир. Ҳа, мигрантларимиз Шарқий Европада кўп юк ташувчи уловлар ҳайдовчилари ўрнини тобора фаол эгаллаб бормоқда. Яъниким, бундай ҳаракатлар юз бераётир. Албатта, қамрови унчалик катта эмас. Айни пайтда Россия меҳнат бозорини бошқа бирор мамлакат билан алмаштириб бўлмайди, чунки бундай катта ҳажмли меҳнат бозори йўқ.
Меҳнат мигрантларимиз ёки сафарбар кишиларимиз глобалроқ меҳнат бозорига чиқиб бораётгани ижобий ҳол, ўша бозорда одамнинг малакаси, ахборотга эгалиги, муайян кўникмалалари ўта муҳим. Сафарбар кишиларни чет мамлакатларга ишлаш учун жўнатаётган мамлакатлар уларга ўша ерда зикр этилган малакани орттиришга кўмаклашиши лозим. Шу тариқа, фикримча, меҳнат сафарбарлиги бор, бўлади ҳам, у, афтидан, ранг–баранглашиб боради. Аммо ҳозирча биз Россияникига ўхшаш кенг қамровли меҳнат бозорини кўраётганимиз йўқ. Россия бозори яқин келгусида ушбу йўналишни бошқа томонга буриб юбориши ҳеч гап эмас. Аммо ҳамма нарса, аслида, миграцияни бошлаб берувчилардан бошланади. Бошлаб берувчилар аниқ кишилар бўлиб, биринчи бўлиб муайян мамлакатларга боради, ўша ерга бориб жойлашиб, мана шу миграция коридорларига асос солади, бу коридорлар келгусида кенгайиб борса, миграция тизимини вужудга келтириши мумкин. Биз ҳозир бу жараённинг бошида турибмиз.
Айтиб ўтганимдек, тадқиқотимизда, турли мамлакатларни солиштирма таҳлил қилганимизда шу нарса аниқ бўлдики, масалан, узоқ вақтдан бери амал қилиб келаётган Марокаш–Европа миграция модели кўрсатишича, бу жараён тўхтамас экан. Яъниким, дунёдаги жуда кўп мамлакатлар меҳнат мигрантлари туғилиб ўсадиган мамлакатлигича қолмоқда ёки ўзгармоқда. Масалан, Скандинавия мамлакатларини олайлик. Ўша шведлар узоқ вақт пул ишлаб топгани Германияга, Буюк Британияга қатнаб турган. Кейинчалик швед иқтисодиёти Европанинг бошқа мамлакатлари меҳнат мигрантлари учун жозибадор бўлиб қолди. Айтмоқчиманки, бу роллар ўзгариб туради, булар барчаси ўткинчи. Шунинг учун бу қарамлик янада оғирроқ қарамликка айланиб қолишига оид хавотирли қарашлар авж олган. Мен биз бунақа кайфиятга берилмаслигимиз керак. Булар бари – ўткинчи. Ҳаммаси ўткинчи. Бу роллар ҳам алмашиб туради.
Мен ҳатто Марказий Осиё мамлакатларига тескари миграция тўғрисидаги савол бермоқчи эканингизни ҳам билиб турибман. Лекин, келинг, буни айтмай қўя қолай.
Ҳа, чиндан ҳам, мамлакатларимиз, Марказий Осиё билан Россиянинг роли ўзаро алмашиши ҳақида савол берсам майлими? Бугун биз тескари оқимни, релокантларни ёки меҳнат мигрантларини – уларни нима деб тўғри аташ мумкин? – кузатяпмиз. Ёки бу ҳам инсон сафарбарлигими? Яъни бу ерда гап Россия ватандошларининг Марказий Осиё мамлакатларига кўчаётгани ҳақида кетяпти. Бу ҳол минтақамизда қандай ўзгаришларга сабаб бўлмоқда? Масалан, Россия ватандошлари маҳаллий бозорларда сезиларли рақобат ҳосил қиляптими? Маҳаллий жамоатлар ва ҳукуматларнинг россиялик релокантларга ёки меҳнат мигрантларига қандай муносабат билдираётганини кўрсатяпсиз? Шу ҳақда гапириб берсангиз.
Гапим бир хил бўлиб эшитилишини истамайман, аммо ўтмишда бундай амалиётимиз бўлган, яъни Марказий Осиё мамлакатлари XIX аср охири – ХХ аср бошида ўз ҳудудида Россиядан келган меҳнат мигрантлари ёки сафарбар кишиларни қабул қилган минтақа ҳам бўлган. Яна таниш вазиятга гувоҳ бўляпмиз. Масалан, мен яқинда Москвага бориб, кўп одамлар, ўзимизнинг меҳнат мигрантларимиз билан суҳбатлашган эдим, суҳбатлар жуда қизиқарли бўлди. Мен улардан уруш ҳақидаги фикрини сўраганимда, респондентларимдан бири, “бу Қўшма Штатлар Виетнамга қарши уришгандай гап”, деб жавоб берди. Респондент Украинадаги урушни Виетнамдаги урушга менгзагани менга жуда қизиқ туюлди. Американинг Виетнам ишларига аралашгани ва умуман, АҚШнинг бу мамлакатга бостириб кирганига қарши бўлган Америка ватандошларининг катта тўлқини Канадага кўчиб ўтгани – релокант бўлганини қайд этиш жоиз. Релокантлар орасида зиёлилар қатлами, ўрта синф вакиллари жуда кўп бўлган. Яъниким, россиялик меҳнат мигрантларининг Марказий Осиё мамлакатларига кўчиб келиши тарихда, миграция тарихида ёки инсоний сафарбарлик тарихида мисли кўрилмаган нарса бўлмаганини айтмоқчиман.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари бу миграцияга қандай муносабатда бўлгани ҳақида гап кетса, умуман олганда, минтақа мамлакатлари бу кишиларнинг аҳволига тушуниш билан муносабатда бўлганиини айтиб ўтиш зарур бўлади. Айрим ҳукуматлар “Рақамли кўчманчилар”, “Креатив иқтисодиёт” сингари дастурларни қабул қилиш билан бу оқимдан фойдаланиб қолиш пайига ҳам тушиб қолди. Аммо бу уринишлар қандайдир кўзга кўринарли фойда келтирганини кўраётганимиз йўқ.
Маҳаллий меҳнат бозорига келсак, фақат айрим компанияларнинг тор мутахассислик соҳаларида ишлаб турган кишилар релокантларга алмаштирилган бўлиши мумкин. Мен бу соҳада кўп мутахассислар алмаштирилди, дея олмайман, яъни айрим иш ўринларини эгаллаган релокантлар ўта тор ва муайян ихтисосга эга одамлардир. Бунга АТ соҳаси ва банк секторини мисол қилиб келтириш мумкин. Агар улар қозоғистонлик мутахассисларни сиқиб чиқарган бўлса, қозоғистонлик мутахассислар қирғизистонлик мутахассисларни сиқиб чиқарди, қироғизистонлик мутахассислар эса ўз навбатида Тожикистон сегментига кўчиб ўтди. Аммо улар жуда кам сонли жамоалар бўлиб, меҳнат бозорида унчалик кўзга кўринмайди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, масалан, Қирғизистондаги меҳнат бозоримиз ўзига хослиги жиддий рақобатнинг йўқлигидадир, чунки асосий меҳнат бозори норасмий иқтисодиётда фаолият юритади. Унга мамлакатга олиб кирилган товарларнинг қайтадан экспорт қилиниши ва муайян хизматлар киради. Ушбу соҳада ишлаб топилган пул релокантларнинг аксарияти учун жозибадор эмас – уларни қизиқтирмайди.
Албатта, асосий таъсир кўчмас мулкни ижарага олиш бозорида кузатилди. Айрим шаҳарларда хонадонларнинг ижара пули кескин ортиб кетганидан хабаримиз бор. Аммо кейинчалик, орадан 3–4 ой ўтиб, бу меъёрига тушди, нархлар пасая бошлади. Мана шу жиҳат жамоатчилик фикри салбийлашувига сабаб бўлди, чунки ижара хонадонларда яшаётган талабалар, ўз уйини сотиб олишга маоши етмайдиган кишилар иқтисодий жиҳатдан заиф гуруҳлардир. Умуман олганда, ушбу оқимга қарши кескин, антагонистик жавоблар бўлгани йўқ. Айрим кескин ҳолатлар бўлди, лекин умуман олганда, бу оқим тушуниш билан қабул қилинди.
Суҳбатимиз ўртасида мана шу миграция оқимлари Марказий Осиёдаги жамиятларимизга қандай таъсир кўрсатаётганини тилга олиб ўтдик. Мен бу ҳақда батафсилроқ гапириб беришингизни таклиф қиламан. Тадқиқотларингизда ушбу масалаларга асосий эътибор қаратилган. Демография, маҳаллий иқтисодиётлар, анъанавий ҳаёт тарзида қандай ўзгаришларни кузатяпсиз? Марказий Осиёдаги миграция жамоатларимизда нималарни ўзгартиряпти?
Бу савол учун сизга раҳмат. Албатта, миграция кўп нарсаларни ўзгартирмоқда. Қайсидир жойларда бу жараёнлар бўртиб кўринмоқда, бошқа жойларда эса унчалик кўзга ташланмайди, аммо фаол тарзда юз бермоқда.
Биринчидан, меҳнат сафарбарлиги битта кенг қамровли таъсир кўрсатади, деб бўлмайди. Бу жараённинг мураккаблиги шундаки, у кўплаб жиҳатлари бўйича жуда яқин жамоатлар ёки миграцияга кетаётган жамиятлар доирасида ҳам кўп жиҳатли, турли ва аксарият ҳолларда бир–бирига тескари таъсир кўрсатади. Масалан, меҳнат сафарбарлигининг гендер ролларига қандай таъсир кўрсатадиган жиҳатини олишимиз мумкин. Кўплаб тадқиқотлар мисолида таъсир турли–туман эканини кўрса бўлади. Масалан, Қирғизистондан бошқа мамлакатларга аёллар меҳнат миграциясига қарайдиган бўлсак, ушбу оқимда аёлларнинг анча–мунча экани Қирғизистон меҳнат миграциясининг ўзига хос жиҳатларидан биридир. Таассуфки, айни пайтда меҳнат мигрантларининг жинсларга бўлинган маълумотларидан фойдаланишнинг иложи йўқ, чунки 2016 йилдан бошлаб Россия ўз тузилмасидаги Федерал миграция хизматини тугатиб, унинг функциясини Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклади. Ички ишлар вазирлиги эса илгари ҳамма очиб кўриши мумкин бўлган статистика маълумотларини очиқламай қўйди. Меҳнат мигрантлари оқимларини жинс, ёшга қараб бўлакларга бўлиш биз тадқиқотчилар учун қайси гуруҳлар ҳаракатланаётгани, у ёқдаги демографик манзара қандай эканини тушуниб олиш учун муҳимдир. Шунинг учун ҳозир мен булар эскирган маълумотлар эканини айтмоқчиман.
2016 йил маълумотларига кўра, Қирғизистондан Россияга бориб ишлаган меҳнат мигрантларининг 40 фоизи аёллар бўлган. Агар ёш бўйича бўлинишга эътибор қилинса, улар турли ёшлардаги аёллар экани маълум бўлади. Улар тўққизинчи синфни битириши биланоқ Россияга ишлашга кетган қизлар эди. Улар оиласи таркибида ишлаш учун кетган аёллар эди. Оқим таркибида эрлари билан ажрашган аёллар ҳам, кекса аёллар ҳам бор эди. Меҳнат тажрибаси уларнинг оиладаги етакчилик поғонасида тутган мавқеига қандай таъсир кўрсатганига қарасак, у турлича самара берганини кўрамиз. Масалан, тўққизинчи синфни битириб ишлашга кетган қизларга бу тажриба, бир тарафдан, ўзи ишлаб пул топиш борасида маълум маънода иқтисодий эркинлик берган ва бу баъзи ҳолларда, хусусан, умр йўлдоши ёки ҳаёт йўлини танлаш эркинлигига айланган эди. Аслида бу қишлоқ қизлари учун жуда чекланган бўлади, аммо шу билан бирга, никоҳ бозорида уларни заифлаштириб қўяди, “никоҳ бозори” жуда қўпол эшитилиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уни никоҳ стратегияси деб атай қолайлик, чунки миграцияга бориб келган қиз бола келин сифатида унчалик мақбул танлов эмас, деган ижтимоий стереотип – қотиб қолган фикр мавжуд. Бу билан айтмоқчиманки, меҳнат миграциясига бориб келишнинг оқибатлари кўп томонлама ва жуда ранг–барангдир, яъни қизлар қайсидир жиҳатдан муайян касб эгаллаш имкониятига эга бўлади, қандайдир кўникмани эгаллайди, инқирозларга бардошли бўлар даражада чиниқади. Аммо бошқа тарафдан, ҳаёт стратегиясини белгилаб олишда, никоҳдан ўтиб, оила қуришда оқсаб қолади.
Меҳнат миграцияси ажрашган ва қўлловчиси бўлмаган аёлларга ижобий таъсир кўрсатаётганини аниқ айтишимиз мумкин. Одатда, фарзанди бор ва ажрашган аёллар фарзандларини қариндошлари ва ота–онасига ташлаб кетади. Меҳнат миграцияси уларга ўз рўзғорини кенгайтирилган оиладан ажратиб олиш имконини беради, яъни соддароқ айтганда, аёллар маълум вақт оралиғида ўз уйи учун пул йиғади ва улғайиб қолган фарзандларини ажратиб, ўша уйига кўчириб ўтказиб яшаши мумкин. Албатта, бунинг ижтимоий баҳоси жуда юқори. Назаримда, биз транслокал – аъзолари иккита жойда яшаётган оилалар ҳақида кўп гапиришимиз, улар фаолиятини меъёрлаштиришимиз шарт, чунки ота–онасидан узоқда улғаяётган болаларнинг кундалик тажрибаси ҳамда ота, она ва фарзандлар бир жойда яшайдиган нормал оила ҳақидаги бир жойда қотиб қолган гап–сўзларнинг барчаси кундалик амалиётга мос келмай қолиб, зиддиятга киришмоқда. Болалар кўпдан–кўп ҳиссий сиқилишлар ва руҳий жароҳатларни бошидан кечиради. Шунинг учун манфаатдор томонлар бундай орқада қолаётган болаларни қўллаб–қувватловчи дастур ишлаб чиқиши шарт.
Шунингдек, меҳнат миграцияси жинсидан қатъи назар, кекса кишиларга қатитқ салбий таъсир кўрсатади, чунки у гарданидаги ортда қолган болаларга қарашдан оғир юк тушади, яъни бува ва бувилар ота–она вазифасини бажаришга мажбур. Марказий Осиёнинг барча жамиятларида тўнғич фарзандни ота–онага, яъни унинг буваси билан бувисига тарбияга бериш анъанаси мавжуд. Аммо ҳозирги кунда бу анъана ўзгариб кетди, чунки илгари муайян оиладан бир фарзанд, одатда, тўнғич фарзанд ҳақида келишув бор эди. Энди эса қиз миграцияга кетса, фарзандларини қолдириб кетади. Ўғил миграцияга кетади – фарзандларини қолдириб кетади. Агар эр–хотин бирга ёки ажрашган бўлса, катта авлод зиммасидаги юклама ортиб кетади. Энди кексалар ўз тушунчасидаги қарилик нормал ҳол деб ҳисобланганидан кўра кўпроқ бўлган вазифаларни бажарадиган бўлди.
Биз тадқиқотимизда шундан келиб чиқиб, барча ҳукуматлар ва барча манфаатдор томонларга тадқиқотларимиз, сиёсатимиз, ушбу соҳадаги муаммоларга қаратилган қандайдир лойиҳаларимиз мигрантларнинг Россияда бўлиб туриши билан боғлиқ ҳуқуқий мақомини тартибга солишга эмас, орқага, яъни мигрантларни жўнатаётган жамоатларга эътибор қаратишни тавсия қиламиз. Оила аъзолари меҳнат миграциясига кетиши билан боғлиқ стрессни бошидан кечираётган жамоатлар ва оилаларни қўллаб–қувватлашнинг жуда кучли тизимлари зурур. Ахир, бу оила ичидаги меҳнат тақсимотига ўта кучли таъсир кўрсатади. Масалан, ота ёки она чет элга ишлашга кетса, катта фарзандлар зиммасидаги юклама кескин ортиб кетади, чунки улар кичик фарзандлар олдида ота–онанинг вазифа ва мажбуриятларини бажаришга мажбур бўлади. Катта маълумотларга назар солсак, бизда 9–синфни битирган кўплаб болаларнинг чет элга ишлашга кетаётганини кўришимиз мумкин, улар 11 синфли мактабни тўлиқ тугатмайди ва меҳнат бозорига эрта чиқишга мажбур. Бу ушбу болаларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганини кўриб турибмиз. Катта фарзандлар бу юкламани кўтаришга қодир эмас, аммо уни бажаришга мажбур. Уларга ушбу муаммоларни ҳал этишда кўмак берадиган муайян дастурлар ишлаб чиқилиши шарт.
Гендер эмас, авлод билан боғлиқ жиҳатлар ҳақида сўз кетганда, меҳнат миграцияси катта ёшлилар ҳокимиятига дахл қилиши мумкинлигини ҳам кўра билишимиз даркор. Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида катта авлод вакилларининг обрў–эътибори ва ҳокимияти мавжуд. Меҳнат миграцияси буни қандай қабул этмоқда ва айни анъанани буза олиши мумкинми? Биринчи навбатда бу сармоя назорати билан боғлиқ. Мадина Отаеванинг бир қизиқарли тадқиқотида Сахалинда меҳнат миграциясида бўлиб турган оилалар ортида қолган қариндошлари: ота–онаси, ака–укаси, опа–синглиси билан пул муносабатларидан қочишга ҳаракат қилаётгани кўрсатиб берилган. Ундан маълум бўлишича, сармояга боғлиқ муносабатлар муайян мослашувга олиб келади. Бу ўринда сценарийлар турлича бўлиши мумкин: мослашув сценарийлари, емирилиш сценарийлари, можароларни бартараф этиш сценарийлари, оила қандай фаолият юритиши кераклиги хусусидаги анъанавий меъёрларни ўзгартириш учун талашиб–тортишиш. Ўзбекистон бўйича жуда қизиқарли тадқиқотлар бор, улар кўрсатишича, уяли телефоннинг мавжудлиги келинлар қайноналарга қараб ўтирмай, тўғридан–тўғри мулоқот қилишига олиб келмоқда. Миграциягача бўлган олдинги даврда қайнона муҳим медиатор – воситачи бўлган, мулоқот у орқали амалга оширилган ҳамда у оилада, ўғли ва оиладаги эркаклар, бошқа келинлар ўртасидаги ҳокимият воситаларига эга бўлган бўлса, ҳозирги кунда уяли телефоннинг мавжудлиги ушбу ҳокимият иерархиясига путур етказиши мумкин, чунки жувонларнинг, дангал қилиб айтганда, мигрант эркаклар билан ўз мулоқот канали вужудга келмоқда ва бу ўша анъанавий ҳокимият иерархиясини қайсидир тарзда мувозанатлаш имконини бермоқда. Шу тариқа, меҳнат миграцияси мамлакатларимиздаги оила институти қандай тушунилиши ва у қай тарзда ўзгараётганига кўп томонлама таъсир кўрсатмоқда. Аммо тажикистонлик тадқиқотчи Софи Қосимованинг фундаментал тадқиқоти бор. Унинг Тожикистондаги гендер роллари ва гендер муносабатларига меҳнат миграциясининг таъсири мавзусида бир неча монографияси чоп этилган. Муаллиф кўрсатишича, уяли телефонлар билан боғлиқ сценарийлар у ўрганган жамоатларда амал қилмас, аксинча, меҳнат миграцияси анъанавий патриархал сценарий кучайишига олиб келиши мумкин экан. Лекин ҳамма жойда бундай ҳолат юз бермаслиги мумкин. Бу масаланинг ижтимоий жиҳатига тегишли.
Меҳнат сафарбарлигини идрок қилишимизда кўзга ташланмайдиган ва эътиборимиздан қочадиган иқтисодий жиҳатга келсак, масалан, Қирғизистондан чет элларга меҳнат сафарбарлиги қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини ўзгартириб юборди. Агар биз мобил тармоқлар Қирғизистонни қандай қамраётганига оид маълумотларга эътибор қилсак, мамлакатни мобил тармоқлар қамраб олиши ўса бориши билан пул кўчирмалари ўртасидаги аниқ ўзаро боғлиқликни кўришимиз мумкин: транслокал (чет эллардаги меҳнат мигрантлари билан уларнинг ватанида қолган қариндошлари ўртасидаги алоқа) тармоқлар(и)га талаб жуда катта бўлди ва бу ана шундай технологик ривожланишга олиб келди. Қирғизистон, Қозоғистондан фарқли ўлароқ, тоғ ландшафти мураккаб мамлакатдир. Ҳар қандай инфратузилмани ташкил этиш техник жиҳатдан оғир муаммоларни туғдиради. Қирғизистонда на ҳукумат ва на аллақандай ҳомийлар бу ривожланишни на рағбатлантирди, на унга ҳомийлик қилди. Яъниким, бу ривожланиши айнан мобил хизматдан, мобил интернетдан фойдаланиш транслокал (айрим аъзолари меҳнат миграциясида бўлган, колганлари ватанида қолган) оилалар, оилавий мигрантлар талаби билан қўзғалди, қўллаб–қувватланди ва олға силжиди.
Қишлоқ хўжалиги сингари муҳим қишлоқ ривожланиши соҳаси ҳақида гапирадиган бўлсак, муҳим ўзгаришлар юз бераётганини кўрамиз. Масалан “Жизнь в Кыргызстане” (“Қирғизистондаги ҳаёт”) сингари тадқиқотга (Қирғизистонда ўтказилаётган ноёб ва улкан тадқиқот ) асосланиб, қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг 40 фоизи меҳнатини қишлоқ хўжалиги билан боғламаётганини кўришимиз мумкин. Қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган фаолият турлари сирасига савдо–сотиқ, бир товарни олиб сотиш, хизматлар, транспорт хизматлари киради, яъни қишлоқ жойларидаги аҳоли қишлоқ хўжалигидан бошқа соҳалардан, масалан, қурилишдан пул ишлаб топмоқда. Бу – жуда қизиқ, чунки умумий маълумотларга қарайдиган бўлсак, ушбу мамлакатларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши жуда жиддий ва оғир даражада пасайиб кетганига гувоҳ бўламиз. Масалан, Қирғизистонда 90–йиллар охири қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг мамлакат ЯИМдаги ҳиссаси 40 фоизгача етган энг катта катта давр бўлган эди. 2019 йилги маълумотлар шаҳодат беришича, қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз ЯИМда, бор–йўғи, 12 фоизлик улушга эга бўлган. Маълум бўляптики, анъанавий дискурсга кўра, Қирғизистонни энди аграр мамлакат деб аташ мумкин эмас. Айни чоқда мамлакатимиз аҳолисининг 65 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Албатта, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳам йўқ эмас, аммо у транслокал оилаларнинг даромад манбаларига мослашиб олди. Қишлоқ аҳолиси ўз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишдан кўра меҳнат мигрантларидан келаётган даромадлар, пул кўчирмаларига кўпроқ таянмоқда. Албатта, бу мамлакат озиқ–овқат хавфсизлиги учун салбий оқибатларни келтириб чиқаради, чунки мамлакат ўзини ўзи таъминлаш учун етарли даражада озиқ–овқат маҳсулотларини ишлаб чиқармаяпти ва уни сотиб олишга мажбур. Шунинг учун биз дунё бозоридаги озиқ–овқат маҳсулотлари нархи тебранишига тобора кўпроқ қарам бўлиб қоляпмиз. Албатта, бу – жуда ёмон, чунки жуда оғир қарамлик пайдо бўлмоқда.
Аммо бошқа тарафдан, бу одамлар ўз иқтисодий тахмонини эгаллашга, ўз иқтисодий кун тартибини шакллантиришга қобил эканидан далолат бермоқда. Шунинг учун таҳлил қилаётганимизда, бу – яхши ёки бу – ёмон, деган дихотомик (ҳардамхаёл) баҳолардан қочишимиз, ушбу жараённинг мураккаблигини кўра билишимиз ва ўша мураккабликни тан олишимиз керак. Шунда муҳокамаларимизда, мана шундай ижтимоий маконда кўпинча қулоғимга чалинадиган “байқуштар” (“камбағал одамлар”) қабилидаги бирёқлама баҳолардан қочамиз ва меҳнат мигрантларининг жуда муҳим ва жиддий ҳиссасини тан оламиз.
Қўшимча ўқиш учун ҳаволалар:
- Полиси бриф на русском: Включение потребностей детей мигрантов и отправляющих сообществ в повестку дня развития сельских школ в Кыргызстане https://www.osce-academy.net/upload/file/pb_8_ru_final_version.pdf
- Policy Brief: Applying a Rural Development Lens to Migration Policy in Kyrgyzstan –https://osce-academy.net/upload/file/policy_brief_9.pdf
- Project report: –https://agrumig.iwmi.org/wp–content/uploads/sites/41/2023/01/AGRUMIG–Project–Seven–Country-Reports.pdf
- Comparative article: –https://link.springer.com/article/10.1186/s40878–021-00254-0
- Research Report: https://staging.ucentralasia.org/media/pdcnvzpm/uca-msri-researchpaper-7eng.pdf