Др. Фарход Толипов (PhD), “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси директори
Кириш
2022 йилда Марказий Осиё минтақасининг икки йирик давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистон – ўз мустақиллигининг 31 йиллигини нишонлашди. Улар орасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига эса 30 йил тўлди. Шу муносабат билан ушбу икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлигида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш мақсадга мувоффиқдир, чунки уларнинг муносабатлар тарзи, мазмуни ва динамикаси бутун Марказий Осиё минтақасининг тақдирини кўп жиҳатдан белгилаб беради.
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу минтақа жиддий геосиёсий жараёнлар марказида бўлиб келди ва бу ўз навбатида минтақадаги интеграцион жараёнга бевосита ўз таъсирни кўрсатиб келди. Ҳўш, мана шу геосиёсий зўриқиш ва мавҳумлик шароитида мазкур икки давлат қандай йўл тутди ва ўзаро қандай муносабатларни қурди?
Авваламбор, шуни таъкидлаш керакки, Марказий Осиёнинг минтақавийлашуви борасида энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга бўлган интеграцион ташаббуслар айнан мана шу икки давлаттомонидан илгари сурилган. Ва энг қизиғи улар ўзаро боғлиқлиги билан аслида минтақадаги ҳамма бешта мамлакат ўзаро боғлиқлигини ҳам намойиш этди, ҳам таъминлаб келди.
Эслатиш жоиз, совет даврида Марказий Осиёнинг номи бошқача эди, яъни “Ўрта Осиё ва Қозоғистон” бўлган. Айрим скептиклар ва минтақаваий интеграция лойиҳасининг танқидчилари мана шу номни рўкач қилиб, бу ердаги мамлакатлар ва халқлар орасида якдиллик мавжуд бўла олмайди, хусусан, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг тараққиёт векторлари ҳар хил, деб таъкидлаб келишди. Бироқ, ўзбек-қозоқ муносабатларининг янги тарихи мана шу тезиснинг сохта эканлигини тасдиқлади. Аксинча, бу муносабатлар бутун Марказий Осиёнинг минтақавийлашувига туртки бўлиб хизмат қилди. Бунинг ҳам назарий, ҳам эмпирик тасдиғи бор.
Мустақилликнинг чақириқлари ва уларга умумий жавоб
“Марказий Осиё ва Қозоғистон” атамасини эслатишганда бу атама гўё Қозоғистонни минтақанинг қолган қисмидан ажратиб туришини кўрсатишади, худди бу мамлакат ва минтақа орасида масофа бордек; аммо иккита муҳим нарсага эътибор беришмайди. Биринчидан, бу номдаги ‘ва’ боғловчиси барча бешта республикалар бир биридан ажралганлигини эмас, балки боғланганлигини англатади. Иккинчидан, мустақилликка эга бўлгандан сўнг бешта республика президентлари ўзларининг умумий қарори билан минтақага янги ном беришди, яъни “Марказий Осиё”.
Демак, Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ўз олдига интеграцион вазифани қўйган. Ушбу номни айнан Қозоғистон Президенти Н. Назарбаев таклиф этган эди. Ўшандан бери Қозоғистон ва Ўзбекистон интеграцион мақсад сари доим биргаликда ҳаракат қилди. Бошқача айтганда, бу икки давлатнинг икки томонлама ҳамкорлиги доим минтақавий ўлчамга эга бўлиб келди. Мустақиллик бутун минтақа учун жиддий чақириқ бўлди. Айрим ҳорижий экспертлар ва хатто сиёсатчилар ўша пайтларда бу мамлакатлар ўзларининг тўла қонли давлатчилигини яратиши ва мустақил ривожланишини шубха остига олган эди. Боз устига, мазкур масала давлатчилик моделини танлаш, совет мустабид тузумининг иллатларидан қутилиш, халқаро тизимга кириш, геосиёсий трансформацияга бардош бериш каби муаммолар туфайли янада мураккаблашди.
Шунга қарамасдан, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам ўзининг давлатчилигини ривожлантиришда, ҳам минтақавий ҳамкорликда нафақат ушбу чақириқларга жавоб бера олди, балки ўзларининг ички ва ташқи сиёсатида жиддий муваффақиятларни намойиш қилди. Қозоғистонлик сиёсатшунос Мурат Лаумулин ёзишича, “Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари Марказий Осиё минтақасида барқарорликни сақлаш ва самарали иқтисодий ҳамкорликни амалга ошириш учун катта аҳамиятга эгадир. Икки давлат орасида тарихий, лингвистик ва маданий ҳамжиҳатлик мавжуд. Жуғрофий яқинлик, иккала давлатда йирик қозоқ ва ўзбек жамиятлар мавжудлиги ҳам муҳим омилдир. Сиёсий нуқтаи назардан, Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг нормал ва барқарор муносабатлари бутун Марказий Осиё минтақавий хавфсизлигининг кафолатидир”.[i]
Шуни таъкидлаш керакки, айрим муаммолар, совет тизимидан мерос бўлиб қолган эди ва уларни зудлик билан ечиш керак бўлди. Бу, авваламбор, давлат чегарасининг делимитация муаммосидир. Бироқ, Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари мазкур муаммо туфайли совуқлашмади: иккала давлат минтақада биринчи бўлиб чегара масалалари ва делимитациясини мувоффиқлаштира олди.
1993 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиё Иқтисодий Ҳамжамиятига (МОИҲ) асос солишди[ii] ва унга Қирғизистон ва Тожикистон қўшилди. 1993 йилдан то 2001 йилгача МОИҲ тадрижий равишда интеграцион жараённинг намояндаси бўлиб келди. 2001 йилда МОИҲнинг номи Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилотига (МОҲТ) ўзгартирилди. Ўшанда бу ташкилот сиёсий интеграция томон йўл олди.
Шу даврда айрим таҳлилчилар ва журналистлар Қозиғистон ва Ўзбекистон орасида минтақавий етакчилик учун рақобат (кураш) мавжудлиги тўғрисида афсонани тарқата бошлади.[iii] Бу каби спекулятив гаплар кенг тарқалиб кетганини кўриб, Назарбаев ва Каримов 2010 йил март ойида масалага ойдинлик киритишди. Улар икки давлат орасида ҳеч қандай келишмовчиликлар йўқлиги, рақобат тўғрисидаги уйдирмалар ўринсизлигини баён қилишди ҳамда улар давлат раҳбарлари сифатида қандайдир рақобатнинг олдини олиш учун етарли сиёсий иродага эгалигини таъкидлашди.
Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директор муовини Санат Кушкумбаев бу масалага оид шундай фикр билдирган: “Етакчилик тўғрисида гапирганда, албатта Қозоғистон эришган иқтисодий кўрсаткичлар тўғрисида гап боради. Буни мутлақо бир томонлама устуворлик деб тушунмаслик керак. Бу аслида кўп томонлама ва ўзаро фойдали ютуқдир. Президент Токаев муваффақият учун соғлом рақобат бўлиши шарт, деб бежиз айтмади. Фақат шу тариқа олға ҳаракатланиш мумкин. Бу қозоғистонликларни рағбатлантирувчи жуда ижобий заминдир. Бу сўзлар ички аудиторияга қарата айтилган. Ўйлайманки, ўзбек дўстларимиз буни тўғри тушунишади”.[iv]
1997 йил январ ойида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари антиқа номланган «Абадий дўстлик тўғрисида»ги битимни имзолашди. Бундай номланган ҳужжатнинг аҳамияти бошқа давлатлар билан тузилган стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалардан ҳам баландроқ, чунки унда мазкур мамлакатлар биродар ва дўст халқлар эканлигини ифодаланган. Мазкур битимнинг 2-моддасида давлатлар ҳамкорликни уларнинг мустақиллигига, суверенитетига ва ҳудудий яҳлитлигига бўлган таҳдидларга қарши кўмак берган ҳолда олиб боради, деб айтилади. 3-моддасида эса томонларнинг ҳудудига ҳарбий тажовузларга қарши қўшма чоралар кўрилиши тўғрисида сўз боради. 4-моддада давлатлар минтақавий ва глобал масалалар бўйича ўз позицияларини мувоффиқлаштиради, деб айтилади. Кўриниб турибдики, “Абадий дўстлик тўғрисида” битимнинг маъно-моҳияти ҳам стратегик шериклик, ҳам иттифоқдошлик, ҳам интеграцион стратегияни ўз ичига мужассамлаштирган.
Афсуски, айрим сабабларга кўра, айниқса геосиёсий сабабларга кўра, Марказий Осиёдаги интеграцион жараён мудроқ ҳолатга тушиб қолди, ва бу ҳолат 2006 йилдан то 2017 йилгача давом этди. Бунга сабаб – 2004 йилда МОҲТга Россия Федерацияси аъзо бўлиб кирди. Натижада МОҲТ ўша даврдаги Евроосиё Иқтисодий Хамжамияти (ЕОИҲ) билан бирлаштирилди ва МОҲТ ўз фаолиятини тугатди. Ўшанда Тошкент ва Астананинг ушбу қарори стратегик хато бўлиб чиқди. Қизиғи, Ўзбекистоннинг ЕОИҲдаги аъзолиги аслида узоқ давом этмади ва у 2008 йилда бу ташкилотни тарк этди.
Мана шу 10 йил давом этган “мудроқ”, “музлатилган” интеграция даврида ОАВ ва таҳлилий марказлар Марказий Осиё мамлакатлари орасида сув, чегара, этник ва бошқа можароларнинг аломатлари тўғрисида кўп ёзишди. 2010 йилда Ош фожеаси рўй берди. Минтақада ҳақиқатан ҳам ноҳуш тенденциялар кузатилди. Шунга қарамасдан, Қозоғистон ва Ўзбекистон кўплаб минтақавий масалалар, хусусан сув муаммолари бўйича, бир хил ёки яқин позицияда туришди. Етакчи қозоқ экспертлари: “Сув-энергетика муаммоси ҳамда уни ҳал қилиш, шунингдек трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотларни қуриш бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон бир хил позицияда туради, халқаро ҳуқуқ асосида ва минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда”, –деб таъкидлашган.[v]
2013 йилда Астана ва Тошкент ўзаро яқинлашишда яна бир йирик қадам қўйишди: июн ойида Назарбаев ва Каримов «Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида стратегик шериклик тўғрисида» битимга имзо қўйишди. Стратегик шериклик бу махсус муносабатлар тарзи бўлиб, унга кўра давлатлар узоқ муддатга кенг қамровли ҳамкорликни таъминлашади ва энг йирик халқаро муаммолар бўйича бир хил позицияларда туришади, шу жумладан хавфсизлик масалалари борасида ҳам сиёсатларини мувофиқлаштиришади.
Янги давр
2022 йил 21-22 декабр кунлари Қозоғистон Президенти Қ-Ж Токаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ташриф чоғида бир қатор ҳужжатлар имзоланди ва улар орасида энг муҳими “Иттифоқдошлик муносабатлари тўғрисида” деб номланган битим бўлди. Икки давлат раҳбарлари бу учрашувни тарихий деб баҳолади. Энг муҳими, мазкур битимга имзо қўяркан, улар бу муносабатлар тарзини нафақат икки давлатларнинг ҳамкорлик даражасини ифодалашди, балки бу иттифоқдошликни бутун Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омили сифатида таъкидлашди.
Бу битимни қабул қилишдан бир йил олдин, 2021 йил декабр ойида Иттифоқдошлик тўғрисида Декларация қабул қилинган эди. Яъни ўша Декаларацияда Битимга замин яратилган эди. Бир йил давомида иккала томон битим тузиш йўлидан оғишмай ҳаракат қилиб келишди. Улар Давлатлараро Кенгаш, парламентлараро кенгаш ва ташқи ишлар вазирлари кенгашини тузишди. Тошкент ва Астана ташқи сиёсат соҳасида, ўзаро манфаатларини ва минтақавий бирлашиш ғояларини илгари суришда яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олишди. Бундан ташқари, президентлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслахатлашув Учрашувлари форматини янада такомиллаштириш устида мунтаззам иш олиб боришини эълон қилишди.
Токаевнинг Тошкентга қилган ташрифи чоғида бир қатор бошқа ҳужжатлар ҳам имзоланди. Шулардан бири икки давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида битим бўлди. Бундан буён Ўзбекистон билан Қозоғистон орасида ҳеч қандай чегара муаммолари бўлиши мумкин эмас. Мустақилликка 30 йилдан ошди ва ниҳоят чегара деган муаммо буткул ҳал бўлди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари “Марказий Осиё” номли Халқаро саноат кооперацияси марказини яратиш тўғрисида шартномани ва бошқа бир қатор ҳужжатларни қабул қилишди. Ташриф доирасида 8 млрд $ ҳажмда савдо ва инвестицион шартномалар ҳам қабул қилинди.
Икки мамлакатнинг муносабатларида янги давр янги таҳдидлар билан бошланди, тўғрироғи эски таҳдидларнинг янгича кўринишда авж олиши билан давом этмоқда. Иттифоқдошлар бундай шароитда нима қилиши керак, деган мантиқий савол пайдо бўлади. Маълумки, масалан, ғарбдаги демократик давлатлар ҳам иттифоқдош деб ҳисобланади. Уларнинг иттифоқдошлиги, масалан, НАТОнинг фаолиятида намоён бўлади: бу альянснинг Низомига кўра, бир аъзо давлатга бўлган таҳдид барча аъзо давлатларга таҳдид деб саналади ва улар биргаликда умумий таҳдидга қарши чора кўради.
Ўзбекистон билан Қозоғистон иттифоқдошлиги ҳам айнан шундай маъно-моҳиятига эга бўладими? Марказий Осиё минтақасига бўлган турли ва жиддий таҳдидлар, айниқса информацион таҳдидлар, мазкур давлатларни биргаликда ҳаракат қилишга нечоғли тақозо этаркин? Геосиёсий босим ва зўриқишларга улар биргаликда қандай жавоб қайтаради? Бу каби саволларга албатта иттифоқдошлар ойдинлик киритиши шарт.
Масалан, Қозоғистон Евро-Осиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) ҳамда Жамоа Хавфсизлик Битими Ташкилотига (ЖХБТ) аъзо, Ўзбекистон эса уларга аъзо эмас. Иккала ташкилотга собиқ совет республикалари киради: ЕОИИга бешта, ЖХБТга олтита давлат аъзо. Ҳам таркиб жиҳатдан, ҳам функционал жиҳатдан, ҳам мақсад-вазифалар жиҳатдан бу ташкилотлар самарасиз бўлиб, улар асосан Россиянинг геосиёсий манфаатларига хизмат қилиши тўғрисида кўплаб таҳлилчилар гапираяпти. Қозоғистонда бугунги кунда ЕОИИга нисбатан танқидий фикрлар шу даражада тобора кўпайиб бормоқдаки, хатто эксперт ва олимлар Қозоғистоннинг бу ташкилотдан чиқиб кетишини талаб қиляпти.[vi] Дарҳақиқат, бу стратегик аҳамиятга эга бўлган масала.
Ўзбекистон эса, ўз навбатида, иттифоқдошлик тўғрисида битимни 2005 йилда РФ билан ҳам имзолаган. Россия Украинага қарши уруш олиб бораётгани сабаб у бугун халқаро хамжамиятда бегоналашиб қолган ва унга нисбатан кенг кўламли санциялар ўрнатилган. Ҳўш, бундай агрессив давлат билан иттифоқдош бўлиш мумкинми?
Шулардан кўриниб турибдики, Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг иттифоқдошлиги жиддий ва ҳаётий синов олдида турибди. Улар Россия устувор ва гегемон бўлган ЕОИИ ва ЖХБТда қолишни афзал кўрадими, ёки Марказий Осиёга бор куч ва ғайратини бағишлайдими?
Хулоса
Мазкур давлатларнинг стратегик шериклиги ва иттифоқдошлиги фақатгина уларнинг шу пайтгача эришган ўзаро ютуқлари бўлмасдан, уларга юксак масъулиятни ҳам юклайди. Марказий Осиёни тақдири доим кўп жиҳатдан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг олиб борган сиёсатига боғлиқ бўлиб келган. Энди улардан минтақага нисбатан янада жиддийроқ ва керак бўлса инновацион ёндашув ва самимий жонкуярлик талаб этилади.
Валдай клубининг 2022 йил декабр ойидаги маърузасидан кўриниб турибдики, Россияда Марказий Осиёга камситиш ва неоимперияча кўз билан қараш ҳанузгача давом этаяпти.[vii] Москванинг Марказий Осиёга нисбатан қилаётган босими ва геосиёсий салоҳияти қанчалик хавфли ва унга нисбатан Марказий Осиё мамлакатлари қанчалик бардош бера олади? Халқаро ҳамжамиятда Россиянинг айрим ҳамкорлари қолган бўлса-да ҳақиқий иттифоқдошлари қолмади. БМТ унинг олиб бораётган урушини буткул қоралади ва айблади. Шуларни инобатга олган ҳолда, Қозоғистон, Ўзбекистон ва албатта Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон Россиядан нечоғли мустақил? Бу ва юқоридаги саволларга жавоб, қанчалик нореал кўринмасин, минтақавий бирлашув ғояси ва амалиётига бевосита боғлиқ бўлади.
Президентлар Мирзиеев ва Токаев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув Учрашувларини мунтазам равишда олиб бориш зарурлигини алоҳида таъкидлашди. Шундай экан, энди минтақавий интеграцион жараённи янги поғонага кўтарадиган вақт келди. Лекин бу ўзига яраша мураккаб жараён, ва қолаверса, у геосиёсий беқарорлик муҳитида кечмоқда. Шу нуқтаи назардан, минтақада етакчи вазифасини бажаришга салоҳияти етарли бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистон бунда айниқса шижоат кўрсатиши зарур.
2022 йил июл ойида Қирғизистоннинг Чолпон-ота шаҳарчасида бўлиб ўтган 4-Маслаҳатлашув Учрашувида “Марказий Осиёнинг XXI асрда ривожланиши учун дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида” сарлавҳали муҳим битим қабул қилинди. Бу ҳужжатга Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари имзо қўйди, аммо Тожикистон ва Туркманистон қўл қўймади. Бундан ташқари, мазкур Учрашувда Токаев ғалати бир ташаббусни ошкор қилган эди: кейинги Учрашувга Россия ва Хитой вакилларини таклиф этиш мумкинлигини айтган. Бу таклиф 2004 йилда МОҲТга РФ аъзо бўлиб кирганини эслатди. Бу тарих қайтарилмаслиги керак ва РФ ва ХХР вакилларини 5-Маслахатлашув учрашувига таклиф этиш шарт эмас. Марказий Осиё форматлари, саммитлари, таркибий ва сиёсий-ташкилий шакллари фақат беш томонлама бўлиб қолиши зарур.
2023 йилда кутилаётган 5-Маслаҳатлашув Учрашуви учун жиддий тайёрганликни олиб бориш керак. Хусусан, Тожикистон ва Туркманистонни Чолпон Отада қабул қилинган битимга имзо қўйишига эришиш ҳаётий аҳамиятга эга. Тошкент ва Астана бунинг учун ўз обрўсини ва дипломатик санъатини ишга солиши мақсадга мувофиқ. Марказий Осиё мамлакатлари орасида шундай сиёсий муҳитни яратиш керакки, Чолпон Отада содир бўлган ва кутилмаган сиёсий “форс мажор” (имзо қўймаслик) бошқа такрорланмасин.
Маслаҳатлашув учрашувлари формати бошланганидан буён ва ундан ҳам анча олдин (“Абадий дўстлик тўғрисида” ва бошқа битим ва шартномаларни эслайлик) кўплаб муҳим, мазмунан тўғри ва кучли ҳужжатлар қабул қилинган, яъни де-юре даражасида ҳаммаси яхши. Энди де-факто даражасида бу ҳужжатларда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш керак. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон эришган ижобий тажрибасини бутун минтақага ёйган ҳолда, давлатлар раҳбарлари кенгаши, парламентлараро кенгаш, ташқи ишлар вазирлари кенгаши каби институтлар тузилса, олдинга катта қадам ташланган бўлар эди. Қолаверса МОҲТни янгича шаклда бўлса ҳам тиклаш вақти келди.
Таҳдидларга умумий жавоб қайтариш учун Маслахатлашув учрашувларининг ўзи етарли эмас. Стратегик шериклик ва иттифоқдошлик бутун минтақа миқёсида намоён бўлиши зарур.
[i] Лаумулин М.Т. Казахстан в современном мире: внешняя политика многовекторности, Астана-Алматы, ИМЭП при Фонде Первого Президента, 2014, С. 241.
[ii] Нурсултан Назарбаев. На пороге XXI века, Алматы, Атамура, 2003 г., стр. 114; Нурсултан Назарбаев, Пять лет независимости. Из докладов, выступлений и статей Президента Республики Казахстан, Алматы, Казакстан, 1996 г., стр. 135-153.
[iii] Tolipov, F. Uzbekistan and Kazakhstan: Two Failed Leaders of Central Asia, in Himalayan and Central Asian Studies, Vol.16, No.3-4, July-December 2012, pp.172-182. См. также: Ф. Толипов / М. Лаумулин. Казахстан и Узбекистан: борьба за лидерство? Индекс безопасности (Москва), №1, 2010.
[iv] Разная Центральная Азия. https://kun.uz/ru/news/2020/07/06/raznaya-tsentralnaya-aziya-sanat-kushkumbayev-o-liderstve-v-regione-opaseniyax-karimova-i-natsionalnom-suverenitete 06.07.2020.
[v] Султанов Б.К. Проблемы безопасности в Центральной Азии и вопросы политического сотрудничества Казахстана и Узбекистана. В сборнике: «Казахстан — Узбекистан: 20 лет установления дипломатических отношений», Алматы, 2013.
[vi] Сатпаев Д. Казахстан загнал себя в ловушку, выход из которой может стоить очень дорого https://zonakz.net/2018/04/17/dosym-satpaev-kazaxstan-zagnal-sebya-v-lovushku-vyxod-iz-kotoroj-mozhet-stoit-ochen-dorogo/?fbclid=IwAR2ZejfuetYOqt3tr-bgxvmQjXyN-dzfl4jErpzFCWbIFQQa6a9eSk6NDsk
17.04.2018.
[vii] “Центральная Азия и украинский кризис” https://ru.valdaiclub.com/a/reports/tsentralnaya-aziya-i-ukrainskiy-krizis/ 22/12/2022