Муаллиф: Руслан Изимов
Евроосиёда юз берган сўнгги воқеалар минтақавий хавфсизлик тизими беқарор эканини кўрсатиб берди. Анъанага кўра, минтақавий хавфсизликни Россиянинг ҳарбий қудратига таяниб ташкил этилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти таъминлаб келаётган эди. Бироқ минтақада Россиянинг роли пасайиши, Хитой таъсири ортиши ва Россиянинг ортиқ минтақавий хавфсизлик асосий таъминотчиси бўла олмаслиги, айниқса 2022 йилда, Қозоғистондаги январ воқеалари ва Украинадаги урушдан тортиб, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёдаги минтақавий можаролар ва Россиянинг ўзидаги ҳарбий ҳолат кескинлашувига қадар бўлган воқеалардан сўнг аниқ кўзга ташланиб қолди. Хитой раҳбари ўз мамлакати фақат Қозоғистоннинг (бутун бошли минтақанинг эмас) мустақиллиги, эгаменлиги ва ҳудудий яхлитлигини қатъий ҳимоя қилишини айтди, шу сабаб Пекин бунга тайёр, аммо масалага танлаб ёндашмоқда.
Бироқ Хитой билан Россия ўртасидаги яқин шерикчилик муносабатлари ва уларнинг дунё тартибига ўхшаш қарашларини ҳисобга олсак, бу улар ўзаро келишган ҳолда қандайдир хавфсизлик блокини ташкил этиши мумкинлигини англатадими? Ҳар ҳолда ШҲТнинг Эронни қўшиб олиш ҳисобига кенгайиши бу ташкилот Ғарбга тегишли бўлмаган дунёнинг блокли варианти бўлиши мумкин. Яқинда Самарқандда бўлиб ўтган форумда яна Туркия, Озарбайжон ва Беларус президентлари ҳам иштирок этди. Бу мамлакатлар ҳам яқин йилларда ШҲТ сафини тўлдириши ва айни ҳолат энг йирик Евроосиё тузилмаси ташкил топишига сабаб бўлиши мумкин.
Аммо кенгайиб бораётган ШҲТ ҳам, қисқариб бориб бораётган КХШТ ҳам, афтидан, минтақа ичидаги қўшнилараро маҳаллий можаролар билан шуғулланмоқчи эмас. Айниқса, бизни Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги вазият ташвишга солмоқда, у сурункали тусга кира бошлади ва кўплаб одамларнинг, жумладан, тинч аҳоли вакилларининг ёстиғини қуритди. Бу муаммолар на ШҲТ ва на КХШТга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳеч бир тарзда муҳокама этилгани йўқ. Марказий Осиё мамлакатларидан ҳеч бири можарони бартараф этиш учун воситачи бўлаётгани йўқ.
Булар барчаси Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг янги ва янада амалий механизмларини ишлаб чиқиш вазифасини бевосита ёки билвосита ўртага қўймоқда. У қандай бўлиши кераклиги ҳозирча тушунарсиз. Аммо шуниси аниқки, Марказий Осиё хавфсизлигининг янги архитектураси ташқи “оға”сиз ва албатта минтақадаги 5 та давлат иштирокида барпо этилиши шарт. Лекин уни қандай шакллантирса бўлади? Бу ғоя яшаб кета оладими? Бу каби саволларга қозоғистонлик Санат Қушқумбаев ва ўзбекистонлик Фарҳод Толипов жавоб беради.
Фарҳод Толипов – “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси (Тошкент) директори
Санат Қушқумбаев – ҚР президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти (Остона) директори ўринбосари
Сўнгги ҳафталар воқеаларга жуда бой бўлди. Умумийдан хусусий томон бориб, гапни яқинда Самарқандда якунланган ШҲТ саммити якунларини муҳокама қилишдан бошлашни таклиф қиламан. Кўплаб кузатишларга кўра, унда Эроннинг ташкилотга аъзолиги ҳақидаги ҳужжатдан бошқа ҳеч қандай асосий қарор қабул қилинмаган ва нафсиламрини айтганда, у қуруқдан-қуруқ якунланган. Сизлар нима деб ўйлайсиз? Балки гапни жорий йилда саммит ўтган Ўзбекистон вакили сифатида Фарҳод Толипов бошлаб берар?
Фарҳод Толипов: Қисқа ва гапнинг пўскалласини айтадиган бўлсак, саммит чоғида жуда оз нарсага эришилгани ҳақидаги фикрга қўшилса бўлади. Аммо шуни ҳам қайд этиш зарурки, бу ташкилот аввалбошдан, тузилган пайтидан бери шундай табиатга эга. 1996 йили Шанҳай бешлиги форматида тузилганидан то шу кунга қадар мулоқот учун, иштирокчи мамлакатлар қандайдир муроса, дўстлик муҳитини намойиш этиши учун дипломатик супа (платформа) вазифасини ўтаб келмоқда. Саммитлар ўтаётган пайт яхшилаб эътибор қилинса, бундай саммитлар Ғарб институтларида, Ғарб ташкилотларида ўтиши мумкин бўлганидек ўтмаётгани кўриш мумкин. ШҲТ саммитлари чоғида дабдаба билан ҳиссиёт кўп бўлади. Бу айни ташкилотда дўстлик, яқинлашув ва жипслик муҳити мавжудлигини алоҳида таъкидлаб кўрсатиш учун шундай қилинади. Яъниким, у бу ташкилот аъзоларининг доимий мулоқоти учун ўзига хос дипломатик супа вазифасини ўтайди.
Қабул қилинаётган баёнотларни амалий ишлар билан тўлдириш кўпинча жуда чекланган. Ҳатто яна айтишим мумкинки, ШҲТ ҳар сафар саммит якунлари бўйича баёнот қабул қилаётганда, ШҲТга аъзо мамлакатлар БМТ, халқаро ҳуқуқ, муаммоларни зўравонлик йўли билан ҳал этишни рад қилиш, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик принципларига содиқлиги, бир қутбли дунё тартибини қабул қилмаслик, кўп қутблилик мавқеида туриши ва ҳк. сингари маълум шиорлар ва декларатив баёнотларни такрорлашга берилиб кетади. Бундай баёнотлар декларациядан декларацияга кўчиб юради. Албатта, ҳар бир декларацияда қайсидир тарзда янгилик бўлади, лекин умуман олганда, 15 – 16 бетдан иборат ҳажми катта бундай ҳужжатларда олдинги декларацияларнинг аксарият қисми такрорланади. Шундан ҳам маълумки, ШҲТ аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўладиган амалий ва функционал тузилмадан кўра аллақандай дипломатик форумдир. Самарқандда бўлиб ўтган форум кўп жиҳатдан буни тасдиқлади. Янгилик жиҳатидан фақат Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиши ҳақидаги меморандум қабул қилинганини кўриш мумкин. Унинг аъзо бўлиши ҳам ШҲТга раислик навбати етган Ҳиндистонда келаси йили расмийлаштирилади.
ШҲТ саммитига Туркия билан Озарбайжон президентлари ташриф буюрганини кузатиш жуда қизиқ бўлди. Бу ҳам келгусида ШҲТга бу иккала мамлакат ҳам аъзо бўлиб кириши мумкинлигидан далолат берувчи ўзига хос ишорадир. Ҳозирча мен кейинроқ қандайдир аниқ масалалар ҳақида батафсилроқ гапириш учун мана шу умумий фикрлар билан чекланаман.
Санат Қушқумбаев. Мен Фарҳоднинг фикрини давом эттирмоқчиман. Албатта, умуман олганда, ШҲТ блок бўлмаган супадир. Аввалбошдан бу ташкилотнинг 2 та ғилдираги бор эди: иқтисодий масалалар ва хавфсизлик масалалари. Унинг сарчашмаси нимадан иборат бўлганини эсда тутиш лозим. У, албатта, Шанҳай бешлиги: Хитой ва 4 та постсовет давлатининг ўзаро муносабатларидан ўсиб чиққан. Унинг минтақа учун чегара муаммоларини ҳал этиш бўйича мисли кўрилмаган кун тартиби бор эди. Вақт ўтиши билан ШҲТ жуғрофиясини кенгайтирди. Буни Самарқанди саммитида ҳам кўрдик. ШҲТ кун тартиби катта ва аралаш-қуралаш бўлди.
Албатта, ШҲТни Ғарб билан келиша олмаётган аллақандай блок ёки бирлашма ёки унга қарши турган мамлакатлар сифатида тамсил этишга уринишлар ҳам бўлди. Лекин аслида ундай эмас. Кўриб турибмизки, у дастлаб бундай бирлашма сифатида режалаштирилмаган ва ҳозир ҳам унинг номида “аксил-“ олд қўшимчаси йўқ. Бу тушунарли, чунки ШҲТни халқаро ва қатъий тузилма сифатида кўрсатиши мумкин бўлган низоми ва бошқа институционал нарсалари йўқ. Шунинг учун ШҲТнинг мана шу аморфлиги – уюшмаганлиги – бир вақтнинг ўзида ҳам яхши, ҳам ёмон, чунки бундай кўп томонлама саммитлар улар гирдида ўтадиган икки томонлама учрашувлари билан қизиқ. Мен ОАВнинг асосий эътибори кўпчилик ҳолларда Хитой раҳбарига қаратилганини кўрдим. Си Цзинпиннинг узоқ танаффусдан сўнгги иштироки ва пандемия бошлангандан кейинги биринчи чет эл сафари ҳам эътиборни тортгани тушунарли. Тушунарлилиги сабаби сўнгги ўзгаришлар ва воқеалар жараёнидаги потенциалидир, чунки Хитой тарафи ўз кун тартибини муваффақиятли амалга ошираётиб, мана шу икки томонлама учрашувларни ўтказди. Россия раҳбарига ҳам Украина билан, жаҳондаги вазият билан боғлиқ воқеалар контекстида эътибор қаратилгани тушунарли. Саммит ўтиб бўлгандан сўнг Туркия тарафи ШҲТга аъзо бўлиши нияти борлигини билдираётгани ҳам тушунарли. Бу ҳам жуда қизиқарли. Бир тарафдан, Туркия – НАТОга аъзо мамлакат, бошқа тарафдан эса, ЕИ бўсағасида турибди ва берган аризасини қайтариб олгани йўқ ҳалича ва ўша йўналишда ҳаракат қилишга интилмоқда, шунинг учун бу – жуда қизиқ ҳолат.
Масаланинг яна бир жиҳати бор – бундай жуғрофий кенгайиш қаерга олиб боради? Марказий Осиё ШҲтнинг эпимарказида бўладими? Аввалбошданоқ ШҲТнинг асосий эътибори ҳар доим Марказий Осиёга қаратилиб келган ва у ШҲТдаги боғлаб турувчи ҳалқа бўлган. Мамлакатларимиз учун ШҲТнинг мана шу марказий вазифасини – вазн ва иқтисодий потенциал нуқтаи назаридан эмас, манфаатлар кесишуви, яъни мана шу транзит функцияни – сақлаб қолишимиз муҳим. Ҳар бир учрашув қайсидир ўринда такрорланади. Декларациялар бир-бирига ўхшаб қолаётгани тўғрисидаги гапга қўшиламан. Аммо Самарқанд саммити имзоланган ҳужжатлар сони ва иштирокчиларнинг одатий бўлмаган таркиби бўйича рекорд ўрнатди. Табиийки, мана шу нарса ва ШҲТдаги кўп векторлилик эътиборни жалб қилади. Умуман олганда, муаммолар ШҲТдан олдин ҳам бўлган, унинг даврида ҳам юзага келди ва ҳозир ҳам мавжуд. Кун тартиби бутунлай бошқа мамалкатлар ҳам борлиги, уларда Хитой дастлаб эркин иқтисодий ҳудудлар яратишни талаб қилгани, аммо ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаётгани ҳам тушунарли. Яна бошқа бир қатор масалалар ҳам бор.
Раҳмат. Батафсилроқ гаплашишни таклиф қиламан. Эрон қўшилиши ҳисобига ШҲТнинг кенгайиши бизга нима беради? 2018 йилда Ҳиндистон билан Покистоннинг қабул қилиниши ҳам оддий дипломатик мулозимат бўлган эди. Эроннинг ушбу ташкилотга қабул қилиш истиқболи унинг Хитой билан қалин алоқалари сабаб қандайдир янги маршрутлар ёки иқтисодий имкониятлар очадими ёки Эрон Ғарб санкциялари домида қолиб кетаётган пайтда барибир бундай имкониятлар чекланганми?
Санат Қушқумбаев: Мен буни мантиқий қадам деб биламан. У кутилган эди. Ҳали Ҳиндистон билан Покистон ШҲТга аъзо бўлиб кирмай туриб, Эрон ШҲТга аъзоликка мантиқий номзод экани ҳам Эрон, жумладан, Ғарб билан мураккаб муносабатлар тарихи бўлгани учун эмас, жуғрофияси ва ҳк.ни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий потенциалга эга экани учун экспертлар супаларида муҳокама қилинган эди. Шунинг учун Эроннинг бу ташкилотга аъзо бўлаётгани мантиқан тўғри. Санкциялар алоҳида масала экан ва у алоҳида кўриб чиқилиши тушунарли.
Ҳиндистон билан Покистон олдинроқ аъзо бўлди, чунки ҳар бирининг ортида улар аъзо бўлишини истаб ҳаракат қилган мамлакатлар турган эди. Покистонни жиддий тарзда Хитой қўллаб-қувватлаган бўлса, Ҳиндистонни эса Россия дастаклади, шу тарзда ўхшашлик бўлгани тушунарли. Эрон эса Россия учун ҳам, Хитой учун ҳам, Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам муросали ҳолат ва бу қизиқарли. Тарихан Эроннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалари қалин бўлган. Менимча, бу ерда ҳамма учун: Эрон учун ҳам, минтақа мамлакатлари учун ҳам потенциал фойда бор.
Бу супадан айрим ҳолларда сиёсий ишоралар ва баёнотлар беришда фойдаланилиши тушунарли. Масалан, 2005 йилда Остонада бўлиб ўтган саммит чоғида Андижондаги воқеалардан сўнг Ўзбекистон ҳудудидан Америка ҳарбий базаларини олиб чиқиш ҳақида сигнал берилиши зарур эди. Кейинчалик яна бир қатор баёнотлар берилди. Лекин шунга қарамай, бунақа ишора ёки баёнотлар айни тузилмани иштирокчилар нуқтаи назаридан қаттиқ жипслаштира олмайди. Шунинг учун турли мамлакатлар бу супадан ўз кун тартибидаги масалаларни ўртага ташлаш учун фойдаланиши тушунарли. В у шуниси билан қизиқ. Яна шуни ҳам айтиш зарурки, сиёсий жиҳатдан Эронни аъзоликка таклиф этиш кутилаётган ҳолатдир. Аммо Эроннинг бу борадаги қизиқиши прагматик аҳамиятга эга. Унинг ҳукумати асосий эътиборни иқтисодий манфаатга қаратмоқда. Унинг потенциали катта. Туркия номидан президент Эрдўған ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш истаги борлиги эълон қилди, чунки ҳамма кўп томонлама фойда олишни кўзлайди. Бу ерда бизнинг ҳам прагматик қизиқишимиз бор деб ўйлайман.
Эроннинг ШҲТга аъзоликка қабул қилинишига ва бунинг истиқболига қандай қаралмоқда?
Фарҳод Толипов: Мен Санат Қушқумбаевнинг гапларига кўп жиҳатдан қўшиламан. Дарҳақиқат, ШҲТ кун тартибида Эроннинг бу ташкилотга потенциал ёки бўлғуси аъзо бўлиши анчадан бери кўзга ташланаётган эди. Ва бу вақт етиб келди. Мен олдинроқ гапириб ўтганимдек, модомики, ШҲТ ўзига хос дипломатик форум ўтказаётган ва шундай муҳит яратаётган экан, ушбу давлатлар гуруҳига Эронни қўшиш ташкилотнинг Ғарбга қарши ёки ҳеч бўлмаса, Ғарбга мухолиф мавқеда турган эски имижини яратади ёки мустаҳкамлайди. Умуман, Эрон, Санат ҳам айтиб ўтганидек, АҚШ билан кескин муносабатлари билан ҳам машҳур. Шу маънода ШҲТда қандайдир Ғарбга қаршилик салмоғи ёки аксил-ғарб ва ёхуд Ғарб мавқеларига муқобил бўлганларнинг критик массаси (бирор нарсанинг кескин ўзгариш қилиш учун етарли бўлган миқдори) йиғила бормоқда. Шу ўринда Эроннинг аъзолиги билан боғлиқ қизиқ бир мулоҳаза бор.
Эрондан кейинги навбатдаги аъзоликка номзод Туркия бўлса ажаб эмас. Шу тариқа ШҲТга аъзоликда шундай кластер[1] стратегияси вужудга келмоқда. Маълумки, Ҳиндистон билан Покистон жиддий минтақавий ёки макроминтақавий қадамлар қўйиш ёки ҳаракатлар қилиш йўлида ҳар доим баҳслашиб келади. Агар ушбу мамлакатлардан бири бирор ташкилотга аъзо бўлиб кирадиган бўлса, иккинчи томон ҳам мувозанатлаш нуқтаи назаридан ўша ташкилотга киради. Биттаси атом бомбасини яратса, кейингиси ҳам уни яратади, яъни улар бир-биридан ортда қолмай деб мусобақалашади. Улар ШҲТга ҳам бир вақтда аъзо бўлди. Шунга кўра, агар Эрондан сўнг Туркияга ҳам бу ташкилотга кирса, қандайдир жуғрофий-сиёсий кластер пайдо бўлади. Туркия билан Эроннинг муносабатлари рисоладагидан анча узоқ, минтақавий сиёсат борасида ҳам, ислом дунёсидаги етакчилик учун рақобат нуқтаи назаридан ҳам ва ҳк. улар орасида таранглик мавжуд. Шунинг учун ШҲТ таркибида ҳам Ҳиндистон ва Покистон ҳамда Эрон билан Туркия иккилиги юзага келади ва ушбу нуқтаи назардан ШҲТ тузилмаси ва функциясини, ҳатто айтиш мумкинки, бу ташкилот миссиясини ҳам анча-мунча мураккаблаштиради.
Туркиядан кейинги қадам қайси мамлакат бўлишини тасаввур қилинг – Озарбайжон, ушбу мамлакат президенти ҳам саммитда иштирок этди. У ҳолда яна бир – бу сафар ижобий – кластер пайдо бўлади, чунки Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиёнинг ШҲТга аъзо бўлган 4 та мамлакати жорий йил бошида ташкил топган яна ташкилот – Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) ҳам аъзодир. Агар бу айтганларимиз юз берадиган бўлса, яъни Туркия билан Озарбайжон ШҲТга аъзо бўлиб кирса, ШҲТ таркибида ТДТнинг барча аъзоларидан иборат бутун бошли кластер қарор топади – мана шундай мураккаблашган тузилма юзага келади.
Эронга қайтиб, ушбу мамлакат Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт коридорлари – даҳлизларини, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ранг-баранглаштириш нуқтаи назаридан муҳим деб гапираётганимизда, бу гаплар ҳаммаси тўғри эканига қарамай, лойиҳа икки томонлама алоқалар даражасида амалга оширилаётганидай муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтиш зарур бўлади, яъни ШҲТнинг бундай лойиҳаларга қўшаётган ҳиссаси жуда оз. Қандайдир транспорт артериялари, темирйўллар, газ ёки нефт қувурлари тилга олинганда, тегишли давлатлар ўртасидаги икки томонлама битимлар ҳақида ҳам гап кетаётган бўлади, яъни ШҲТсиз ҳам Эрон билан музокаралар кўп йиллардан бери давом этиб келмоқда. Эслаб ўтиш жоизки, масалан, Каримов президент бўлган кезлар ҳам Ўзбекистон Туркманистондан Эронга ва ундан Яқин Шарққача Сарахс – Машҳад темирйўл тармоғини қуриш ташаббусини илгари сурган эди. Эрон ҳудудидан фойдаланишга оид бунақа ташаббуслар анчадан бери мавжуд бўлган. Шунинг учун Эроннинг аъзолигига Ғарбнинг навбатдаги мухолифининг ўзига жуғрофий-сиёсий ишораси деб қараш мумкин. Аммо қайсидир ғоялар ва лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий жиҳатига кўра ШҲТ деярли кўзга ташланмайди ва у муайян хабарларни жўнатиш форуми бўлиб қолаверади.
Саммит доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон термирйўли қурилиши лойиҳаси бўйича энг муҳим ва узоқ кутилган битимга қўл қўйилгани эътиборга молик. У – минтақа учун муҳим лойиҳа. Унинг истиқболини қандай баҳолайсиз? Бу йўл бизга, яъни Марказий Осиё мамлакатларига нима беради? Лойиҳанинг бу сафар амалга ошиш имкониятлари қандай?
Фарҳод Толипов: Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон термирйўли қурилиши ҳақидаги розилик ёки битимга қўл қўйилгани ҳақида хабарни эшитиб, хаёлимга “ниҳоят” деган оддий ва аён сўз келди, чунки мана шу темирйўлни қуриш ғояси 1990-йиллар охиридан бери мавжуд эди. Турли сабаблар, айниқса, Қирғизистоннинг шу темирйўлни қуриш вектори, молиялаш муаммолари ва ҳк. билан боғлиқ мавқеи боис тинимсиз чўзилиб келди. Амалдаги йил бошида Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга сафаридан сўнг Қирғизистон энди бу лойиҳага қарши эмас, деган хабарлар пайдо бўлди. Ҳатто, биласизми, ҳозирги президент Жапаров сайланишидан олдин ҳам Қирғизистон ортиқ бу темирйўл қурилишига қарши эмас, деган илк хабарлар тарқалган эди. Гўё некбин башоратлар юзага чиққандек, ишлар юришиб кетгандек эди. Ниҳоят, Самарқанд саммитида темирйўл албатта қурилади, деб узил-кесил баёнот берилди.
Айтишим жоизки, 2020 йилдан бери ушбу темирйўл билан ёнма-ён автомобил трассаси ҳам ишлаб турибди, яъни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобил трассаси бор. Энди темирйўл қурилади. Бу мамлакатларимизга нима беради? Эҳтимол аввало шуни қайд этиш зарурки, ушбу темирйўлга оид илк ташаббуслар ёки ғоялар пайдо бўлганда, унга фақат 3 та мамлакат: Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғловчи лойиҳа сифатида эмас, қитъаларни ўзаро боғловчи ва шартли равишда Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа деб аталувчи улкан лойиҳанинг бир бўлаги сифатида қаралган. У Хитой билан Европа ўртасидаги масофани юзлаб километрга қисқартириши ҳамда Хитойдан Европага ва Европадан Хитойга товарлар етказиб беришни тезлаштириши керак эди. Ушбу трассада жойлашган Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон нафақат юкларни ташиш жиҳатдан, қолаверса, ушбу мамлакатларнинг халқаро майдондаги обрўсини ошириш нуқтаи назаридан ҳам муҳимлашиб бормоқда. Улар халқаро савдога ёки ҳар доим қувониб гапирадиганимиз замонавий Буюк ипак йўлига сезиларли ҳисса қўшиши мумкин.
Санат оға, бу лойиҳа истиқбол нуқтаи назаридан Қозоғистонда қандай баҳо берилмоқда? Яна бир техник савол бор: темирйўл қандай стандарт бўйича қурилади? У стандарт темирйўл изи бўладими ёки Хитой стандарти бўйича тор изли бўладими?
Санат Қушқумбаев: Саволингизни охиридан бошлаб жавоб бераман, чунки ҳозирча лойиҳанинг техник-иқтисодий асосномаси йўқ ва у ишлаб чиқилмоқда. Хабарингиз бор, баҳолар айтилиб бўлди, лекин ҳали бу нарсалар ҳақида оғиз очишга эрта, лойиҳа қиймати 4 ёки 5 миллиард АҚШ доллари бўлиши айтилмоқда. Ҳали бу пул миқдори ўзгарса ва аниқлик киритилса керак. Албатта, темирйўл изи қандай бўлишига оид саволлар ҳам туғилмоқда. Фикримча, Хитой учун темирйўл изи ўзгармайдиган ва ягона бўлиши муҳим. Аммо Марказий мамлакатлари учун, Ўзбекистон ва Қирғизистон учун ҳам бу – муаммо, чунки бундай темирйўл изидан иқтисодиётда қандай фойдаланса бўлади? Қозоғистонда бўлгани каби бизда ҳам платформалар ва ҳк. (ғилдирак жуфтликлари ўзгартирилади) кўчирилмоқда ва бу юклар ушланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Албатта, Қозоғистон тажрибасини ҳисобга олиш зарур.
Умуман, мен буни лойиҳага нисбатан яхши муносабат деб биламан, чунки у бошланганига чорак асрдан ошди ва бу масалада Фарҳоднинг гапига қўшиламан. Айни лойиҳа муҳокама қилинган эди, унинг техник ва энди иқтисодий асосномасини тугатиш, сўнгра қурилишини бошлаш керак. Бунинг учун ҳам вақт керак бўлади. Транспорт маршрутларини ранг-баранглаштириш нуқтаи назаридан ҳам бу ҳар доим яхши. Хитой ҳукумати буни яхши тушунишига шубҳа йўқ. Унинг маршрутлари, асосан, Қозоғистон орқали ўтади. 2 та йирик ўтиш жойи бор. Қирғизистоннинг Норин вилоятида тарихан Торугарт довони бўлган, Ўш вилояти орқали Жалолобод автомобил йўли бор. Бу машҳур йирик транзит пунктидир. Қирғизистон бундай транзит савдодан кўп фойда олиб келаётган эди. Буни ҳамма билади. Улар орқали энг йирик Қорасув ва Дордой бозорлари, жумладан, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари бозорлари [товарлар олиб туради]. Табиийки, темирйўл маршрути бу алоқалар миқёсини кенгайтириб юборади. Албатта, техник муаммолар ҳам бор, яъни техник ва иқтисодий асоснома тайёрлангандан сўнг топография ва тоғ релйефи бу ишни амалга оширишга қанчалик имкон бериши, поездларнинг бу ерлардан ўтиш ўтиш тезлиги, хавфсизлиги ва ҳк. қандай бўлишини ҳам кўриб чиқиш керак бўлади.
Аммо транспорт маршрутларини ранг-баранглаштириш нуқтаи назаридан иқтисодий ўсиш, транспорт артерияларига эҳтиёж ҳисобга олинса, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман. Аслида транспорт артериялари унча кўп эмас. Сифатли транспорт даҳлизларига қаттиқ эҳтиёжимиз бор. Фарҳоднинг гапига қўшиламан, биз ҳам транспорт даҳлизларидан манфаатдормиз. Янги қурилажак Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли фақат 3 тагина мамлакатни бирлаштирмаслиги аниқ. Бу, албатта, Эрон, Туркманистон ва Афғонистон тарафга – агар Жанубий Осиё томон маршрут амалга ошса – улкан қитъалараро маршрутларга чиқиш имконини беради, яъни бу ерда потенциал ҳам, истиқбол ҳам бор.
Ҳозирги кунда Евроосиё қитъасидаги энг муҳим масала хавфсизлик бўлиб турибди. Украинадаги урушдан ташқари ҳозир Кавказдаги ва Марказий Осиёдаги можаролар ҳам кескинлашди. Минтақавий хавфсизликка қандай ёндашувларимиз бор? КХШТдаги ёндашувларни қайта кўриб чиқиш керакми ёки хавфсизлик масаласида ШҲТга кўпроқ устувор аҳамият қаратиш зарурми? Билишимизча, ҳозир у, асосан, терроризмга қарши курашишни мақсад қилиб қолган. Ёки минтақавий хавфсизликка ўз ёндашувларимизни ишлаб чиқишимиз даркорми?
Санат Қушқумбаев: Келинг, гапни ШҲТдан бошлаймиз. Мен ШҲТ фаолиятини кескин қайта кўриб чиқиш керак демоқчи эмасман. Қайд этилган саммитлар иштирокчилар бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Бундай турфа ёндашувли давлатлардан иборат компаниянинг бу каби масалаларга бош қўшиши ҳар доим ҳам осон бўлмайди. Масалан, Ҳиндистон билан Покистонни олайлик, ушбу икки давлат муносабатларнинг драматик тарихи бор. Бундай ҳолатда қандай қилиб хавфсизликка ёндашув масаласида муроса ҳақида гап бўлиши мумкин? Ҳозир Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни кўриб турибмиз. Қирғизистон билан Тожикисторн ҳамманинг диққат-эътиборида. Бу осон эмас. Шунинг учун ШҲТнинг бундай ваколати йўқ. ШҲТнинг РАТС маркази мувофиқлаштирувчи вазифани бажаради, вақти-вақти билан аксил-терроризм ҳарбий ўқув машғулотларини ўтказиб туради. Аммо гап муайян жонли можароларга бориб тақалганда, ШҲТ дипломатик далиллар ва баёнотлар билан чекланади.
Бундай ҳолатда КХШТ ҳам мураккаб аҳволга тушиб қолади, чунки иккала мамлакат – Қирғизистон ва Тожикистон – ҳам КХШТ аъзоси. Шунинг учун 2 та тузилма ҳам бундай можароларга тезкор жавоб берадиган аҳволда эмас. Қайта кўриб чиқиш ҳақидаги саволингизга келсак, Марказий Осиё минтақаси доирасида қўшнилар ўлароқ, умумий қарашни ишлаб чиқишимиз, яъни навбатдаги қандайдир хавфсизлик тузилмасини расмийлаштиришимиз ва тузишимиз мумкин. Уни институционаллаштириш шарт эмас. Энг муҳими – принциплар ва ёндашувлар. Агар мамлакатлар уларни қабул қилса, муросага ҳам кела олади. ШҲТ ва КХШТда принципларда ҳам, ёндашувларда ҳам тафовутлар бор.
Фарҳод Толипов: Менинг бу масаладаги мавқеим қатъий ва принипиал: ШҲТ ҳам, КХШТ ҳам минтақадаги биз учун хавфсизлик соябони вазифасини ўтай олмайди. Санат қайд этиб ўтганидек, ШҲТ ҳарбий ёки ҳарбий-сиёсий ташкилот ҳам, блок ҳам эмас. Унинг бир декларациясидан бошқасига, ШҲТнинг ҳарбий-сиёсий блок бўлиши режалаштирилмаган ва унинг бундай блок бўлишга интилиши йўқ, деган фикр тинимсиз такрорланаверади. Хавфсизлик масалалари дипломатия шакли ёки даражасида, музокаралар ва ахборот алмашиш орқали ҳал этилади. Бор-йўғи – шу. Албатта, бу хавфсизлик тизими ёки архитектурасини яратиш учун етарли эмас. Шу маънода ШҲТ бу миссияни бажара олмайди. Боз устига, бу ташкилот кенгайиши билан ШҲТнинг Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашга қаратилган аллақандай вазифаларни бажариши жуда оғир кечади. ШҲТнинг таркиби олачипорлашиб бормоқда, келгусида унга аъзо бўлишга араб мамлакатлари навбатда турибди. Бундай шароитда ШҲТ қачондир Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш вазифасини зиммасига олиши мумкинлигини ўйлаб ўтириш мавриди эмас.
КХШТга келсак, бу ерда масала янада мавҳумлигича қолмоқда, чунки Марказий Осиёнинг 3 та мамлакати КХШТ аъзосидир, ушбу ташкилотга минтақадаги муносабат эса ғайримуайяндир. Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлик масалаларини КХШТ билан боғлаши мумкин. Менга бир қанча экспертлар, жумладан, қозоғистонлик экспертларнинг КХШТга нисбатан танқидий қарашлари маълум. Ҳатто Қозоғистонни КХШТдан, шунингдек, ЕОИИдан чиқишга даъват қилаётган машҳур экспертларнинг мулоҳазаларини ҳам ўқиганман. Арманистон деган мамлакат бор, у шу маънодаги муайян талотумни бошидан кечирмоқда. Бу мамлакатда Арманистонга КХШТ нима учун керак, деган эътироз биринчи йил айтилаётгани йўқ, чунки на Арманистон бу ташкилотга ёрдам бера олади ва на КХШТ Арманистон хавфсизлигига кўмаклаша олади. Озарбайжон билан можароси бор Арманистон КХШТдан ҳеч нарса умид қила олмайди. Шу тариқа Россияга нисбатан анча содиқ бўлган бу мамлакатда ҳам КХШТга нисбатан норозилик билдирилмоқда. Модомики, шундай экан, баъзан КХШТга муносабатда объектив ёки субъектив сабаблар бўлишига қарамай, бу ташкилотнинг амалда Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлигини таъминлаш йўлида қандайдир вазифаларни бажара олишини тасаввур қилиш қийин.
Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари ва президентлари Каримов замонидан бери бирор можаро чиқадиган бўлса, ҳеч қандай ташқи давлатнинг воситачилигига муҳтож бўлмаслиги ва муаммолари ўзлари мустақил ҳал этиши тўғрисидаги мавқеини бот-бот такрорлаб келгани ҳисобга олинса, буни тасаввур қилиш жуда мушкул. Марқазий Осиё мамлакатларининг мана шу ҳам яширин, ҳам очиқ мавқеи ҳозирги кунда ҳам сақланиб қолмоқда. Шундан хулоса қилиш мумкинки, ШҲТ бўлмаса, КХШТ бўлмаса, Марказий Осиё мамлакатлари қайсидир йўсинда минтақавий форматларини ёки минтақавий хавфсизлик архитектурасини муҳокама қилишга эҳтимол ўзлари киришиши лозимдир. Санат айтганидек, бу архитектура қандай бўлиши, институционаллашуви кераклиги ёки йўқлиги – бошқа масала. Лекин умуман, Марказий Осиё мамлакатларининг шу масаладаги асосий эътибори минтақага қаратилиши лозим. Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларига минтақавий ёндашув фойдасига яна бир далил бор – биз мустақилликка эришилган 30 йилдан ошиқроқ вақтдан бери Марказий Осиё мамлакатлари таҳдидларнинг чекланган кўринишига дучор бўлганини кузатиб келяпмиз. Улар сирасига ўқтин-ўқтин юз берган террорчилик амаллари, чегаралардаги алоҳида нохуш ҳодисалар ва муайян объектлар бўйича тўқнашувлар киради, холос. Ҳозиргача кенг миқёсли таҳдидларни тасаввур қилиш қийин. Модомики, шундай экан, Марказий Осиё мамлакатлари бундай таҳдидларга қарши ўз кучи билан бемалол курашиши мумкин. Террористларнинг хуружлари вақтида шундай бўлди ҳам. Шу тариқа Марказий осиё мамлакатларининг ўз минтақавий хавфсизлик потенциалини яратиш учун куч-қудрати етарли, деб ўйлайман. Айниқса, 4 – 5 йилдан бери президентларнинг маслаҳат учрашувлари ривожланиб, жадаллашиб бормоқда.
Айни чоқда Қозоғистон иштирок этаётган аксарият кўп томонлама тузилмалар бир-бирининг вазифасини такрорлаяпти. Булар сирасига ШҲТ, КХШТ, ЕОИИ ва Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси киради. Бизда нафақат Марказий Осиёда, қолаверса, бутун постсовет маконида минтақаларни тамсил этувчи ташкилотлар йўқ ҳисоби. Албатта, биз бугун бундай ташкилот Марказий Осиё доирасида яратилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирдик. Сизлар нима дейсиз, барча йўллар кесишувидаги вазият кескинлашиб ё бир патронни – ҳимоячини танлаш ёки минтақа тақдирини ўз қўлига олиш вақти келмадимикан?
Санат Қушқумбаев: Гапни сўнгги жумлангизга жавоб беришдан бошлайман, бизга ташқи ҳимоячилар керак эмас, менимча. Бу – яна йўқлик сари, қарамлик сари йўл бўлади, халта кўчага кириб қоламиз.
Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари тенг, яъни бу масалада уларнинг иқтисодий потенциали, аҳолиси сони ёки ЯИМ даражасининг аҳамияти йўқ. Ёшимиз тенг, мустақиллигимиз бир вақтда бошланган, шунинг учун кун тартибидаги масалаларимиз ўхшаш. Албатта, тафовутлар ҳам бор ва бу – табиий, чунки орадан 30 йил ўтиб кетди. Менимча, эътиборни бизни ажратиб эмас, бирлаштириб турадиган нарсаларга қаратиш керак бўлади. Бирлаштириб турувчи омиллар кам эмас, шунинг учун муносабатларнинг иттифоқчилик даражасини намойиш этаётган Қозоғистон билан Ўзбекистон, назаримда, бутун бошли минтақа учун улги ва ўзига хос маёқ вазифасини ўтайди, чунки айнан йирик мамлакатлар буни ўзи намуна бўлиб кўрсатиб бериши керак. Нима қайси томонга қараб ҳаракатланиш зарур эканини намойиш этиш, назаримда, етакчиликдир.
Марказий Осиёнинг субъект бўлиши жорий ва истиқболли масаладир. Сўнгги бир неча йил мобайнида маслаҳат учрашувларига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Эҳтиёткорона форматда бўлса ҳам, улар ўтказилиб турибди. Бир-бирига муайян мослашув ва вазиятни, жумладан, бундай аччиқ тажрибани қайта баҳолаш кечмоқда. Биз бир неча минтақавий ташкилот тузган эдик. Шунинг учун гап яна бир ташкилот тузиб, уни институционаллаш, сўнгра уни хайрли ёки хайрсиз эсдан чиқаришда эмас. Гап бошқа ёқда, гап унинг самара беришида. Дарвоқа, келаси 2023 йилда дастлаб Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида шартнома имзоланганига 30 йил тўлади, кейинчалик унга Қирғизистон билан Тожикистон ҳам қўшилган эди. Мана шу шартнома Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамиятига асос бўлиб хизмат қилган эди. Айни қалин иқтисодий ҳамкорлик, сиёсий мувофиқлаштириш ҳақидаги шартнома давлатлараро кенгаш ва ҳк. тузилишига сабаб бўлди. Шунинг учун ҳамкасбим айтиб ўтганидек, давлат раҳбарлари кенгаши, ташқи ишлар вазирликлари, соҳа идоралари ва ҳк. сингари шакллар ва мўлжаллар бор, яъни биз функционал кооперация йўлидан борадиган бўлсак, яхши натижаларга эришишимиз муқаррар. Менимча, бу ўринда соғлом фикр бор. Дунё транспорт йўлларидан узоқ landlocked country (ҳаммаёғи қуруқлик билан ўралган мамлакат) аҳволимизни ва мураккаб жуғрофий-сиёсий муҳитни ҳисобга олсак, ўзаро аҳил бўлиб ҳаракат қилишдан ўзга чорамиз йўқ.
Жуғрофий-сиёсий вазият билан боғлиқ тарзда нималарни башорат қила оласизлар – сезимларингизда хавотир кўпми ёки яхши нарсаларга умид қиляпсизларми? Минтақа ишларига қозоқлар ва ўзбекларнинг ёндашуви, агар шундай дейиш мумкин бўлса, умид беряптими?
Фарҳод Толипов: Бу катта ва қизиқ савол бўлди, унга жавоб бериш учун бутун бошли конференция уюштирилса ҳам бўлади. Мен саволингизга умидлар ҳам, хавотирлар ҳам етарли деб жавоб бермоқчиман. Некбинлик ҳақида гапирадиган бўлсак, маслаҳат учрашувларининг жадаллашиб бораётганини тилга олиш мумкин. Ниҳоят, ушбу минтақавий формат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги ташаббусидан сўнг тикланди ва бу жараён собитқадамлик билан ривожланиб бормоқда. Мустақилликнинг олдинги даврларидан, яъни минтақавий жараён у ёки бу тарзда 4 та давлат форматида ривожланганидан фарқли тарзда айни дамда унда Туркманистон ҳам иштирок этмоқда. Бу тўрт томонлама эмас, беш томонлама форматдан иборат президентларнинг маслаҳат учрашувлари минтақавий муносабатлардаги жиддий олға силжиш ҳисобланади. Бу маслаҳат учрашувлари қанчалик самара бераётгани, улар минтақавий интеграцион жараён нуқтаи назаридан қанчалик муваффақиятли экани ёки эмаслиги ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин шунга қарамай, у давом этмоқда. Жараён тикланди ва некбинларга хос ўйлашимча, бу пировардида Марказий Осиёнинг 5 та мамлакатини минтақавий интеграциянинг жиддийроқ институционаллашувига олиб чиқиши мумкин.
Хавотирлар ҳақида гап кетганда, мен Марказий Осиёдаги хавотирли жиҳатлардан ҳам кўз юммаслик керак деб ҳисоблайман. Сўнгги пайтларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасига адоват уруғини сепишга қаратилган ёхуд Марказий Осиё мамлакатлари буюк давлат иштирокисиз бирлашишга қодир эмас, қабилидаги жамоатчилик фикрини яратишга йўналтирилган турли ахборот хуружлари миқёси ва жадаллиги ошиб кетди. Бу ҳам етмагандай, Марказий Осиё мамлакатларининг бирлашишга ёки муаммоларни ҳал этишга қодир эмаслиги ҳақидаги аҳмоқона гаплар ҳам майли, лекин Қозоғистондаги воқеаларнинг салбий ўзандан ривожланишига оид таҳдидларни эсланг – буларни сиз Қозоғистонда яшаётганингиз учун яхшироқ биласиз. Марҳум В. Жириновский бу ҳақда кўп гапирган, “огоҳлантирган” ва ҳк. эди. Сиз Россиянинг турли манбалари: эскпертлар, ОАВ ва ҳатто расмийлари тилидан янграган бундай ахборот ҳужумларидан хабардорсиз. Мана шу жараёнлар мени хавотирга солади. Улар жуда катта таҳдидларга айланиб, Марказий Осиё мамлакатларини гирдобига тортиб кетади, деб айта олмайман, бироқ шунга қарамай, улар мавжудлиги Марказий Осиё мамлакатларини хотиржам қила олмайди. Бу ҳаммамизнинг ичимизга буров солиб турса ажаб эмас.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида сўз юритаётиб, 2021 йил декабрида ушбу икки мамлакат ўртасида декларация имзоланганини ва у кейинчалик иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномага айланажагини эслатиб ўтмоқчиман. Буни мисли кўрилмаган ҳужжат деб биламан, чунки Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида 2013 йилда, ҳали Каримов билан Назарбоев даврларидаёқ стратегитк шериклик ҳақидаги шартнома имзоланган, яъни 2 та давлат ўртасидаги муносабатлар даражасини ошириш бўйича ҳуқуқий ва сиёсий пойдевор анча олдин яратилган эди. Бу – муҳит. Бу – муносабатлар даражаси. Декларация очиб қаралса, унда икки мамлакат ТИВга бу декларацияни шартнома даражасига етказиш топшириғи берилгани маълум бўлади. Энди Қозоғистон Ўзбекистон ўртасида иттифоқчилик ҳақидаги тўлақонли шартнома бўлади. Иттифоқчилик стратегик шерикликдан нимаси билан фарқ қилиши ҳаммага маълум, ошиқча изоҳ беришга ҳожат бўлмаса керак. Иттифоқчилик ўлчамларидан бири хавфсизлик соҳасида қалин ҳамкорлик қилиш ва бир томонга бўлаётган таҳдидни иккала томонга ҳам бўлаётган таҳдид сифатида қабул қилиш, таҳдид бўлган тақдирда ўзаро ёрдам, жумладан, ҳарбий ёрдам беришдир. Бу ҳақда ушбу декларация имзоланаётган пайтда ҳам гапирилган эди. Ўтган йилги ўша саммит чоғида томонлар давлат раҳбарлари кенгаши тузилишига ҳам келишиб олди, яъни саммитларни муайян идоралар – давлат раҳбарлари кенгашини ташкил этишга оид институционаллаш юз бермоқда. Кейиналик ТИВ раҳбарлари кенгаши ва ҳк. тузилса керак. Фикримча, Қозоғистон билан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига минтақавий жараённи қайси йўналишда давом эттириш намунасини кўрсатиб берди. Модомики, Қозоғистон билан Ўзбекистон давлат раҳбарлари кенгашини ташкил этган экан, нима учун Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари давлат раҳбарлари кенгашини ташкил этиш мумкин эмас? Бу минтақа миқёсидаги бўлғуси институтларнинг ўзига хос прототипи бўлса ажаб эмас. Қозоғистон билан Ўзбекистон шу маънода минтақавий муносабатларда муҳим рол ўйнади. Ҳақиқий етакчилар намунасини кўрсатди. Умид қиламизки, улар иттифоқчилик руҳи ва амалиётига риоя этади ва бундан буён ҳам бутун минтақа миқёсидаги интеграция ва ҳамкорликни алоҳида масъулият билан давом эттиради.
[1] Кластер (ингл. cluster – йиғилиш, тўпланиш) – бир қанча бир хилдаги унсурларнинг бирлашмаси, у муайян хоссларга эга бўлган мустақил бирлик сифатида қаралиши мумкин.