Муаллиф: Руслан Изимов
Туркия қалин тарихий ва маданий алоқалар сабаб ҳар доим Марказий Осиё мамлакатларининг алоҳида шериги бўлиб келган. Айнан Туркия Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг янги ташкил этилган республикаларни биринчи бўлиб тан олди ва ўша пайтдан бери Марказий Осиё давлатлари эгаменлигини тинмай қўллаб-қувватлаб келмоқда. Аммо бугун Украинада уруш бўлиб турган пайтда Туркия билан Марказий Осиё давлатларининг жадал яқинлашувиучун янги омиллар пайдо бўлмоқда.
Бир тарафдан, бунга Анқаранинг сўнгги йилларда юритаётган фаол ташқи сиёсати билан боғлиқ стратегияси эш бўлмоқда. Айниқса, Тоғли Қорабоғдаги урушда қозонилган ғалабадан сўнг Туркия ҳокимияти янада олға силжиб, Марказий Осиёда ҳам ҳарбий ва сиёсий таъсирини кучайтиришга қарор қилди. Бошқа тарафдан, Туркиянинг минтақадаги ролини кучайтиришга туркий халқлар интеграциялашуви жараёнининг институционаллашаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Ўтган йили туркий тилли мамлакатлар етакчилари саммитлари тўлақонли халқаро тузилма – Туркий давлатлар ташкилоти сифатида расмийлаштирилди, энди унинг таркибига 5 та давлат: Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қиррғизистон ва Ўзбекистон киради. Ушбу фактдан турк мафкурачилари “Бир миллат – беш давлат” принципини олға сурган ҳолда ички сиёсатда ҳам фойдаланмоқда.
Бироқ Туркия Марказий Осиёдаги сиёсатининг кўзга кўринмас хатарлари ҳам бор. Анқара мамлакатда Ф. Гюлен издошларини таъқиб қилмоқда, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам 30 йил давомида обрўли мактабларга айланиб бўлган бундай таълим муассасаларини ёпишни талаб этмоқда. Анқаранинг Марказий Осиёдаги стратегиясига Туркиянинг ўзидаги вазиятни беқарорлаштириши мумкин бўлган потенциал хавф солмоқда, у ерда мисли кўрилмаган пул қадрсизланиши кузатилмоқда, мамлакат сиёсий жиҳатдан нотинч сайловолди гирдобига ташиб қолди.
Айни чоқда Марказий Осиё давлатлари Туркия тимсолида нафақат муқобил логистика маршрутларини барпо этишда шерикни, қолаверса, энг истиқболли жуғрофий-сиёсий мўлжални кўрмоқда.
Туркия Марказий Осиё мамлакатларининг Россия ва Хитой билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларига муқобил бўла оладими? Бундан Туркиянинг ўзи қанчалик манфаатдор? Туркия Россия билан минтақада қандай ҳамкорлик қилади?
Бугун Туркиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати ҳақида турк тадқиқотчиси Анар Сўминжуўғли билан суҳбатлашамиз.
Мен туркиялик тадқиқотчи Анар Сўминжуўғли бўламан. Анқарада истиқомат қиламан ва Ҳожаттепа университетида дарс бераман, доцентман. Тадқиқот мавзуларим – Россия билан Марказий Осиё. Таржимаи ҳолим ҳаволаси: https://avesis.hacettepe.edu.tr/anars/egitim
Туркияда Украинадаги урушга муносабат қандай? Анқара Россия билан Европа Иттифоқи ўртасидаги зиддиятлардан фойдаланиб қолмоқчи бўлаётгани сабабли Туркия билан ЕИ ўртасидаги келишмовчиликларни кузатяпмиз. Туркия ҳокимияти қандай мақсадни кўзламоқда? Бу ЕИга аъзо бўлиш йўлидаги музокараларда мавқени яхшилаб олиш учун савдолашишми ёки Ғарбдан ҳафсаласи пир бўлганлик аломатими?
Дастлаб жавоб беришни гапни саволингизнинг охиридан бошлаб, кейин бошига қайтаман. Ҳа, бу – савдолашиш. Лекин ЕИ билан эмас, НАТО, тўғрироғи, АҚШ билан савдолашиш. Бу ўриндаги энг асосий жиҳат Туркия билан ЕИ ўртасидагидан кўра, Туркия билан Америка ўртасидаги муносабатлардир. Биз ҳали бунга қайтамиз.
Украинадаги урушга муносабат ҳақидаги саволга қайтсак, бу ерда 2 та жиҳат борлигини айтиб ўтиш лозим бўлади. Турли ОАВда айни можаро ҳақида сиёсат билан фаол шуғулланаётганлар, сиёсий вазиятга баҳо бераётган шарҳловчилар аҳоли уни қандай қабул қилаётгани ҳақида фикр билдирмоқда. Уни аҳоли қандай қабул қилаётгани хусусида қўлимда ҳеч бир аниқ маълумот йўқ, чунки улар жуда зиддиятли. 2 – 3 та сўровга кўзим тушди ва улар мутлақо бир-бирига қарама-қарши. Сўров натижаларидан бирига кўра, турк жамоатчилиги, асосан, Россиянинг Украинадаги урушини қораламоқда. Бошқа бир сўровга кўра эса, овозлар бўлинган ва нафақат Россия, балки Россия ҳам, Ғарб ҳам, Украина ҳам бу уруш келиб чиқишида айбдор экан. Хулоса шуки, қўлимизда вазиятни аниқ акс эттирувчи маълумот йўқ. Агар ОАВга ва бизда Украинага бостириб кирилгандан сўнгги бошланган баҳсларга қаралса, фикрлар жуда турли-туман эканини айтиш зарур. Улар Туркия билан АҚШ муносабатларига боғлиқ ҳолда шундай ўзига хос тус олиб кетди. Яъниким, Туркия ёки алоҳида шарҳловчилар ва ёхуд сиёсатчилар бу урушга Ғарб билан Россия ўртасидаги зиддият нуқтаи назаридан қараётгани сабабли Украинадаги вазият устига Туркия билан АҚШ муносабатларидаги муаммолар ҳам қўшилмоқда. Шу маънода ахборотни ҳаққоний узатиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, чунки Туркия учун АҚШ билан ўртадаги муаммолар ўта долзарб, улар анчадан бери давом этиб келмоқда. АҚШ ўз қоидаларини ўрнатмоқда ва бошқа мамлакатлар, жумладан, Туркия манфаатлари билан умуман қизиқмайди, деб ҳисобланади. Ша сабаб фикрларда бўлиниш мавжуд.
Агар сиёсий муносабатларга қаралса, айниқса, сиз Финландиянинг НАТОга киришини назарда тутдингиз, шекилли, албатта, бу ўринда савдолашиш бўлди, бу – аниқ, бу мавзу кўпроқ НАТОга дахлдор эди. ЕИ билан Туркия муносабатларига қайтсак, Туркиянинг ЕИга кириши жуда чўзилиб кетганини қайд этиш жоиз. Сиз тўғри айтдингиз, ҳафсала пир бўлгани бор гап. Ҳатто мамлакатдаги барча асосий сиёсий кучлар Европа мамлакатлари Туркияни ЕИ аъзоси сифатида кўришни истамаётганини тушунади, яъни бу – қарор топган фикр ва дейлик, 10 йил олдинги фикрдан фарқ қилади. ЕИ билан музокара жараёнига боғлиқ тарзда шаклланган фикр. Бу тушунча – энди мавжуд нарса.
Агар ҳукуматнинг мавқега қаралса, ҳукумат ҳам, “Адолат ва тараққиёт” партияси (АТП) ҳам, Р. Т. Эрдўған ҳам Туркиянинг ЕИга кириш жараёнидан ўзининг муайян ички сиёсий мақсадларига эришиш йўлида, масалан, армияга ўхшаш муайян мухолифларини йўқ қилиш учун фойдаланган. Аслида жамиятни демократлаштириш ниқоби остида судралувчи авторитаризм унсурини кучайтириш жараёни юз берган эди.
Украинага қайтсак, бу ерда бўлаётган гаплар Украина ҳақида эмас. Туркияда юз бераётган барча воқеалар, ушбу барча мунозаралар туркий кимлик, унинг дунёдаги ўрни ва ЕИ, АҚШ ва НАТО билан муносабатлари хусусида кечмоқда.
Батафсил жавоб берганингиз учун раҳмат. Умуман, сўнгги йилларда Туркия ташқи сиёсатида янги импулс юзага келганига гувоҳ бўляпмиз. У бир неча – Сурия, Тоғли Қорабоғ, Россия, Украина ва Марказий Осиё – йўналишда жуда фаол. Кўпинча бу ташқи сиёсат муваффақият қозонмоқда. Айтинг-чи, бу нима билан боғлиқ? Бу қандайдир ички сиёсий омиллар билан боғлиқми? Масалан, 2023 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги президент сайлови яқинлашиб келмоқда. Эрдўған яна ҳокимиятда қолишга уриниб кўрадими ва унинг имкониятлари қандай?
Албатта, Туркиянинг ички сиёсати ташқи сиёсати билан бевосита боғлиқ. Мамлакатдаги кучларнинг ички мувозанатини ва у ерда нималар юз бараётганини баҳоламай туриб, ташқи сиёсатни баҳолаб бўлмайди. Бошқа тарафдан, ички сиёсий вазият бу вазиятга кучли таъсир ўтказди, чунки Туркияда айни пайтда халқаро муносабатлар қайта мувозанатланмоқда ва қайта шакллантирилмоқда, деб ҳисобланмоқда, шу тариқа бундай қулай ҳолатлар Туркия сингари ўрта даражадаги акторлар фаол бўлишида ва қандайдир муваффақиятларга эришувида ёрдам беради. Бунга Тоғли Қорабоғдаги вазиятни мисол қилиб келтириш мумкин. Аммо ичкаридан қарайдиган бўлсак, Сурия бўйича сиёсат муваффақиятли юритиляпти, деб айтиш қийин, чунки бу мамлакатга нисбатан сиёсатда муваффақиятдан кўра таҳдидлар кўпроқ. Суриянинг “араб баҳори”дан сўнг бўлиниб кетгани, унда турли анклавлар борлиги, ҳатто ИШИДга бўйсунган ҳудуд мавжуд бўлгани билан боғлиқ вазиятни олайлик; энди эса Курдистон ишчилар партияси (ПКК) террорчилик ташкилоти билан узвий боғлиқ тузилмаларга бўйсунувчи ҳудуд ҳам бор. ПКК Туркия ҳам, унинг НАТО бўйича иттифоқчилари, жумладан, АҚШ ҳам тан олган террорчилик ташкилотидир. Яъниким, бу ҳали муваффақият дегани эмас ва Туркиянинг ички сиёсатига қаттиқ таъсир кўрсатмоқда. Бунинг устига мамлакатда қочқинлар билан бирга сон-саноқсиз ноқонуний мигрантлар ҳам бор. Бу ҳам сиз айтиб ўтган сайловга албатта таъсир кўрсатади.
Умуман, Туркиянинг ташқи сиёсатдаги фаоллигини сўнгги йиллар билан чеклаш керак эмас. У анча вақтдан бери фаол. Гапни Совет Иттифоқи тарқаб кетгани ва совуқ уруш тугаган пайтдан бошлаш керак бўлади. Бу ўринда иқтисодиётга алоҳида эътибор берилаётгани ва унга сармоя киритилаётганини кўряпмиз. Мана шу фаоллик халқаро вазият билан боғлиқ тарзда ўз мевасини бера бошлади. Иккинчи, Эрдўған яна сайловда қатнашадими ва бу қандай юз беради, деган саволга қайтсак, албатта, аниқ бир нарсани башорат қилишимиз қийин. Аммо ишонч билан бемалол айтиш мумкинки, овозлар камайиб кетганига қарамай, президент сайлови ҳақида гапирадиган бўлсак, Эрдўған сайловда ютиб чиқиши мумкин бўлган сиёсатчига ўхшаб кўринмаяпти. Лекин у сайловда қатнашади. Аммо биз ўйлаган форматдаги сайлов бўлиши ёки бўлмаслиги – оғир масала. Мухолиф доиралар фикрича, эртароқ сайлов бўлиши ёки ҳокимиятни сақлаб қолишнинг бошқа усуллари қўлланиши ҳам мумкин, чунки энди демократик усуллар билан ҳокимиятни сақлаб қолиш қийин ва бу тушунарли. Вазиятни беқарорлаштириши мумкин бўлган улкан потенциал мавжуд. Шу маънода ташқи сиёсатдан ҳам қайсидир тарзда, яъни рейтингни кўтариш ёки эътиборни чалғитиш учун фойдаланилиши мумкин.
Келинг, бевосита Туркиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати ҳақида батафсилроқ гаплашамиз. Туркиянинг умумий устуворликлар тизимида Марказий Осиё мамлакатларига қандай жой ажратилмоқда? Масалан, Туркиянинг ўзида қандай муҳокамалар бўлмоқда? Пантуркизм мавзусини алоҳида тилга олиб ўтишингизни истайман. Марказий Осиё мамлакатлари Туркияда туркий халқларнинг маънавий етакчиси тимсолини кўряптими ёки улар бу йўналишда ўзи ҳаракат қилишни маъқул биляптими? Бир тарафдан, албатта, Туркия бу ролга интилмоқда ва масалан, уйғурларга, энди эса Қрим татарларига виза масаласида кўмаклашмоқда. Бошқа тарафдан эса, Марказий Осиё мамлакатлари Туркий дунё маркази Марказий Осиёда жойлашган деб ҳисоблайди. Сиз нима деб ўйлайсиз?
Туркия ташқи сиёсатининг устуворликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Марказий Осиё ва ҳатто Кавказ учинчи ўринда туради. Ҳатто ундан ҳам кейинроқ бўлиши мумкин. Бу ҳозир юритилаётган сиёсат ҳақида гапирганда шундай. Албатта, ушбу устуворликларнинг турли ўлчамлари бўлиши мумкин. Аммо биринчи ўринда Яқин Шарқ туриши табиий. Иккинчи ўринда эса, TIKA агентлиги орқали кўрсатилаётган ёрдамга қараб фикр юритадиган бўлсак, Болқон мамлакатлари ва Шарқий Европа туради. Марказий Осиё билан Кавказ эса учинчи ўринда. Туркиянинг ташқи сиёсатига ёки савдо-сотиғига зикр этилаётган ёрдамни эътибордан соқит қилиб қаралса, унда ЕИ билан Россия катта ўрин эгаллаётганини кўриш мумкин. Алоҳида мамлакат олиб қаралса, Россия, шунингдек, АҚШ иккинчи ўринда турибди. Савдо-сотиқ бўйича Марказий Осиё мамлакатлари – охирги ўринларда
Марказий Осиё – турклар тушунчасидаги Туркий дунё – 90-йиллар бошида муҳокама ва мунозараларда муайян ўрин эгаллаган эди. Аммо улар ўша ўринда қолиб кетди ҳисоб. Дастлаб Туркия Туркий дунё мамлакатлари билан турли: сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга фаол киришган эди. Лекин нима бўлди? 90-йиллардаги иқтисодий муаммолар, пулнинг қадрсизланиши сабаб Туркиянинг ЕИга интеграциялашуви оғир вазиятдан чиқиш йўли ва бу ҳаммани бахтли қиладигандай бўлиб кўринди. Шу сабаб бу мавзу аста-секин чеккага чиқиб қола бошлади. Бироқ Туркиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати учун бир ижобий жиҳат бор – ушбу муносабатларни институционаллаш бошланди. TIKA сингари муайян тузилмалар ташкил этилди, Турксой – туркий халқларнинг ЮНЕСКОси. Яна туркий тилли мамлакатлар саммитлари ўтказилмоқда. Кейинчалик айнан АТП ҳукмронлиги йилларида ўша институционаллаш давом эттирилгани ва туркий саммитлар халқаро ташкилотга айлантирилганини ишонч билан, бу ташаббусларни айнан Туркия кўтарган, деб айта олмаймиз. Шу ўринда сиз кўрсатиб ўтган жиҳат жуда муҳим – ташаббус Қозоғистон билан Озарбайжондан чиққан, яъни ушбу муносабатларни расмийлаштириш Қозоғистон ва Озарбайжон сингари туркий республикалар ташаббуси бўлган. Бунга яна Туркий академия сингари бошқа ташкилотларни ҳам қўшиш мумкин. Дастлаб у Қозоғистонда ташкил этилган эди, кейинчалик халқаро ташкилот мақомига эга бўлди. Кўряпмизки, туркий республикалар тарафидан ҳам мана шу қалин алоқалар, кимлик ва ҳк. потенциалидан қайсидир тарзда фойдаланиш истаги мавжуд.
Айни пайтда Марказий Осиё Туркияни қуршаб турган кўплаб минтақалардан кейин турган бўлса ҳам, бу ердаги муҳим жиҳат туркий ҳамкорлик ва туркий биродарлик – турк ва ва туркий кимликнинг бир қисми экани муҳимдир, яъни турк тилида “турк” ва “туркий” сўзлари фарқланмайди. Бу тафовут рус тилида бор, холос. Турк тилида фақат битта “турк” сўзи бор, яъни Туркияда истқомат қилаётганлар турклардир, у – турклар мамлакати. Бунга Отатурк замонидаёқ асос солинган эди, яъни ўзини фақат усмонли турк ёки мусулмонлар деб билиш билан ҳамма нарса ҳатто кескин тарзда ўзгариб кетди. Марказий Осиёдан ва ҳозирги Монголия ҳудудидан бошланадиган турклар тарихига асосий эътибор қаратилди. Туркия ўрта мактабида ўқитилаётган тарих саклардан бошланиб, Туркий ҳоқонлик ва б. билан давом эттирилади. Бу – тарихнинг бир бўлаги, кимликнинг бир бўлаги. Ва бу тил билан жуда боғлиқ. Туркияда турк тили бор ва яна бошқа туркий тиллар бор, улар аслида бир тилнинг бўлакларидир. Шу муносабат билан бу – туркий кимликнинг бир қисми, ушбу мавзунинг ички сиёсатга, ҳар қандай ҳукуматга таъсир этиш потенциали жуда катта. Бу Эрдўған билан боғлиқ эмас. Сиз тўғри таъкидлаганингиздек, мутахассислар унинг пантуркизмга яқин эмаслигини айтмоқда. У, умуман, пантуркист эмас. У – исломчи. Лекин бу мавзу – жуда қулай. Олдинги сиёсат, яъни ЕИга киришга номзодлик ёки Яқин Шарқ мамлакатлари билан қалинроқ муносабатлар мавзуси сийқаланиб кетгандан сўнг туркий мамлакатлар билан қалин муносабатлар мавзуси ҳукмрон партия учун фойдали бўлиб қолди. Бу ўз фойдасига ишлатиш мумкин бўлган мавзудир ва у Туркия президентини жуда ватанпарвар қилиб кўрсатиш учун керак, гўё у шу тариқа туркий мамлакатларга ғамхўрлик қилмоқда ва улар билан алоқаларни ривожлантирмоқда.
Пантуркизмни ёки панисломизмни эслаб ўтганингиз яхши бўлди. Туркиянинг Марказий Осиёдаги стратегиясига қандай яширин хатарлар бор? Сиз мутахассисларга иқтибосан Эрдўған пантуркистлардан кўра панисломистларга мансуб эканини эслатиб ўтдингиз, яъни у пантуркизм ғояларидан кўра панисломизм ғояларини кўпроқ олға суради. Яъниким, Эрдўған давридаги Туркияда асосий эътибор турли диний муассасалар, таълимотлар ва б. орқали таъсирини кенгайтиришга қаратилади. Сиз бундай тахминларни қандай баҳолайсиз?
Биз бу яширин хатарга тўқнаш келишга ҳам улгурдик. Бу Фатҳуллаҳ Гюлен диний жамоатининг ҳаракатлари билан боғлиқ, у давлат тўнтаришига биринчи уринишидан сўнг террорчилик ташкилоти деб тан олинди, яъни Туркия Марказий Осиёга ўзи билан бирга муаммоларини ҳам олиб келди. АТП ҳукмронлиги даврида улар аслида иттифоқчилар бўлган. Мақсад режимни қайта форматлаш, ислом унсурларини кучайтириш бўлган. Бироқ қайсидир босқичда мана шу 2 етакчи ўртасида рақобат пайдо бўлди. Балки бошқа сабаблар ҳам бордир. Яширин тўсиқлар айнан давлат тўнтаришига уринишдан сўнг ўзини кўрсатди, чунки ўша воқеаларга қадар ҳукмрон партия ҳам, Туркия ҳам ушбу жамоатнинг Марказий Осиёдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаб келаётган эди. Шундан сўнг бу ерда ким Туркия ва турк халқи номидан гапира олади, қабилида рақобат юзага келди. Ўртада, масалан, Қирғизистонда ихтилоф вужудга келди. Лекин бундай ихтилоф олдин ҳам бор эди. Масалан, Ўзбекистон ушбу мактабларни ёпмоқчи бўлди, аммо Туркия ҳукумати қаршилик кўрсатган. Бу Туркия сиёсати ва Маказий Осиёга таъсир кўрсатишни давом эттирадиган жиҳатдир, чунки Марказий Осиё мамлакатларида илдиз отиб улгурган эди. Келгусида бу Марказий Осиё мамлакатларининг ички сиёсатига қандай таъсир кўрсатишини кузатамиз. Айни пайтда нималар юз бераётгани ва бошқа бир яширин хатар ҳақида гапирадиган бўлсак, вазиятни беқарорлаштириш потенциали иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан Туркиянинг ўзидадир. Туркия ҳозир турбулент – олатасир даврга кирди. Бу камида бир йил ёки ундан ҳам кўпроқ давлом этади. Бутун дунёда пул қадрсизланмоқда. Аммо бошқа мамлакатларда пул қандай қадрсизланаётгани таққосланса, G20 клубига кирувчи мамлакатлар ўртасида Туркия биринчи ўринда турибди. Бу юритилган иқтисодий сиёсат натижасидир, яъни пасайиш кузатилмоқда. Шу маънода буқарорлик мавжуд. Бу ерда иқтисодий вазият сиёсий вазият билан бевосита боғлиқ. Аҳоли ўртасида ўтказилиётган барча сўровлар кўрсатишича, айнан иқтисодий вазият сиёсий вазиятга таъсир кўрсатаётган экан. Мухолифатдаги сиёсий партияларнинг овози тобора баландлаб бормоқда. Биз тилга олиб ўтган муаммолар партияси билан Эрдўғаннинг ҳокимиятда 20 йилдан бери қолаётгани ва афтидан, у ҳокимиятни топширишни истамаётгани билан боғлиқ. Яъниким, Туркиядаги ички беқарорлик Анқаранинг Марказий Осиёдаги сиёсатига ҳам таъсир кўрсатади.
Бу – жуда муҳим омил. Туркия ичида юз бераётган воқеалар унинг ташқи сиёсатида ҳам акс этиши табиий.
Туркиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати Россиянинг минтақадаги сиёсати билан ўзаро яқинлашадими ёки рақобатлашадими? Бир тарафдан, Россия тарихан ҳар қандай туркий иттифоқларга эҳтиёт бўлиб ёндашади. Бошқа тарафдан эса, вақти-вақти билан Туркия Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи бўлиши кераклиги ҳақида ташаббуслар янграб қолади. Ҳозирги шароитда бунинг амалга ошиш эҳтимоли қанчалик юқори ва Анқара нимага умид қилиши мумкин?
Туркия ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиши мумкин, Туркия ШҲТга кириши мумкин, қабилидаги барча гаплар унинг Ғарб мамлакатлари, биринчи навбатда АҚШ ва ЕИ билан муносабатларини мувозанатлаштиришга уринаётганига бориб тақалади. Бу Туркиянинг муқобил йўллари ва суянадиган бошқа нарсаси ҳам борлигини кўрсатиш учун керак эди. Лекин бу қадамлар ортида жиддий қатъият йўқ. Чиндан ҳам бу ўринда Туркиянинг Россия билан муносабатлари жиддий. Аммо бу тўсатдан 5, 10 ёки 20 йилда пайдо бўлиб қолган вазият эмас. Бу 30 йил олдин, совуқ уруш тугагандан сўнг қўққисдан пайдо бўлган вазият эди. Туркиянинг Россия билан муносабатларини Совет Иттифоқи таҳдиди тийиб турганди. Совуқ уруш тугагандан сўнг бу таҳдид тумандан тарқаб кетди. Совет Иттифоқи ўрнида пайдо бўлган Россия Туркиянинг миллий хавфсизлигига таҳдид сола оладиган куч эмас, яъни Туркия теварагидаги жуғрофий-сиёсий вазият бутунлай ўзгариб кетди. Туркия билан Россиянинг Кавказдаги қўшничилигига назар ташланса, бу ерда 3 та мустақил давлат ташкил топганини, Қора денгизга қаралса, Варшава битими барбод бўлиб, Европа битими кучаяётганини кўриш мумкин. Украинанинг пайдо бўлиши Туркиянинг совуқ урушдан сўнгги янги сиёсатини баҳолашда жуда муҳим жуғрофий-сиёсий омилдир. Яъниким, Совет Иттифоқи йўқ бўлиб, ўрнида Россия пайдо бўлди ва у на Қора денгизда ва на Кавказда Туркиянинг муҳим манфаатларига таҳдид қилгани йўқ. Лекин бу ўринда бир жиҳат бор – шу билан бирга, Марказий Осиёнинг туркий республикалари ва Озарбайжон билан муносабатларни ривожлантириш имконияти вужудга келди. Бу ерда аввалбошданоқ 2 та жиҳат мавжуд эди: Россия билан кооперация ва иқтисодий соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш имконияти, шунингдек, Туркиянинг куч сифатидаги мавқеларини мустамкамлаб олиш имконияти, яъни аввабошданоқ бундай мувозанат мавжуд бўлган. Айни ёндашув АТП 90-йиллар охирида ҳокимиятга келмасидан бурун шаклланган бўлиб, ўша пайтда Туркия Марказий Осиёдаги манфаатларини мувозанатлаши ва Россия билан ҳамкорлик истиқболи мавжудлиги тушунарли бўлган эди. Бу ҳозир ҳам давом этмоқда. Сўнгги пайтларда Сурия билан Украинадаги вазият ва яна Тоғли Қорабоғ уруши янги жиҳатларни қўшди. Бироқ то шу кунгача Туркия Россия билан рақобатлашишнинг ҳам, ҳамкорлик қилишнинг ҳам уддасидан чиқа билди ва билмоқда.
То шу кунгача Туркия Россия билан рақобатлашишнинг ҳам, ҳамкорлик қилишнинг ҳам уддасидан чиқа билди ва билмоқда
Туркия нимага умид қилаётганига эътибор берилса, даставвал у Ғарбнинг бир бўлаги, НАТО аъзоси сифатида ҳаракат қилаётганига умид бор эди. Ҳозир Марказий Осиёдаги янги вазиятга қаралса, қайсидир маънода Туркия билан Хитой манфаатлари мос тушганини кўриш мумкин, чунки Туркия совуқ уруш тугагандан сўнг ўзини Европа билан Осиё ўртасидаги кўприк сифатида кўрсата бошлади. Хитой “Бир макон – бир йўл” ташаббусини илгари сургандан сўнг Туркия уни маҳкам тутиб олиб, ўрта коридор – даҳлиз яратиш ғоясини илгари сура бошлади. Марказий Осиёда давом этаётган Туркия билан Россия рақобатига назар солинса, бу ерда турк манфаатларини қайсидир тарзда олға суришга ёрдам бераётган бошқа ўйинчилар ҳам борлигини бевосита эмас, билвосита кўриш мумкин. Бундай мисоллардан бири Хитойдир.
Тоғли Қорабоғдаги урушда 2 та туркий давлат – Туркия билан Озарбайжоннинг ҳарбий иттифоқчи бўлганини кўрдик. Анқара Озарбайжонга очиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди. Натижада, асосан, мана шу ёрдам ортидан ўша урушда ғалаба қозонилди. Бу иттифоқнинг истиқболи қандай? Туркия билан Озарбайжон тўлақонли ва расмий ҳарбий иттифоқчиларга айлана биладими ва томонлар иттифоқчи давлатга ўхшаш тузилма ташкил эта оладими? Саволимнинг иккинчи қисми ҳам бор: Туркия Марказий Осиё мамлакатлари учун бугун Озарбайжон билан бўлганидек, шерик бўла оладими?
Яна жавобни саволнинг охирги қисмидан бошлаймиз. Йўқ, Туркия Марказий Осиё учун бундай шерик бўлишга тайёр эмас ва буни истамайди ҳам. Бу, биринчидан, объектив сабаблар билан боғлиқ. Агар минтақа Туркия билан чегарадош бўлганида, вазият бошқача бўлиши турган гап эди. Аммо Туркия Марказий Осиё билан чегарадош эмас ва унинг бу минтақада муҳим манфаатлари ҳам йўқ. Яъниким, бу ер вазияти қайсидир тарзда Туркияга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин бўлган Тоғли Қорабоғ эмас. Мабодо келгусида харита ўзгарса, шундай бўлиши мумкин, лекин ҳозирча ундай эмас. Ўртамизда Эрон бор. Асосий омил – жуғрофия, у ташқи ва ички сиёсат шаклланишига таъсир кўрсатади. Масалан, Озарбайжонга қарайдиган бўлсак, бу нафақат ташқи, балки ички сиёсат ҳамдир. Туркия АҚШ таъсирида Арманистон билан муносабатларини нормаллаштирмоқчи бўлиб, протоколлар имзоланганда, Озарбайжон Туркияда лоббичилик сиёсатини муваффақиятли амалга оширди. Натижада Туркиядаги кўплаб таъсирга эга сиёсий кучлар ўша протоколларга қўл қўйишга қарши чиқди. Норозилик чиқишлари бўлди ва бу протоколларга қўл қўйилган тақдирда ҳам улар ратификация қилинмаслиги тайин эди. Бу Озарбайжон билан яқинликни англаш натижаси эди.
Бошқа мисол ҳам бор – Туркманистон. Туркманлар ҳам – ўғиз турклари. Уларнинг тили ҳам турк тилига жуда яқин. Аммо Туркманистон бетарафлиги сабаб Туркиянинг у билан яқин алоқалари йўқ. Бошқача айтганда, этник алоқалар ва жуғрофий яқинлик, аммо яна мамлакатларнинг сиёсати ҳам муҳим. Шу ўринда биз Марказий Осиё мамлакатлари бундай истиқболга қандай қараётганига дуч келамиз. Маълум бўляптики, Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакати Озарбайжончалик Туркия билан ҳамкорлик қилишга интилмади. Яъниким, Туркиянинг Озарбайжонга эътиборигина юз берган нарсалар юз беришига кифоя қилмас эди – бу иккала томоннинг ҳам интилишларига боғлиқ.
Туркияга нисбатан Марказий Осиё мамлакатларидаги ўша муносабат аввалданоқ тушунилган ва баҳоланган, чунки бошида, масалан, туркий мамлакатлар ягона иттифоққа бирлашиши мумкин ва б. сингари каттадан катта баёнотлар берилди. Тез орада маълум бўлдики, Марказий Осиё мамлакатлари ўша пайтда буни истамаётган экан. Ва бу Туркия сиёсатига таъсир кўрсатди. Вақт ўтиши билан бу ерда Россия фаоллашди ва Россия омили ҳисобга олинди. Маълум бўлишича, Россия бу ердан тўлиқ чиқиб кетмаган экан ва бу омил билан ҳам ҳисоблашиш керак бўлади.
Шунга қарамай, Туркия Марказий Осиёда хавфсизлик борасида жуда кучайиб бормоқда. Мен ҳозирча ҳарбий ва техник соҳада – ҳарбий ва сиёсий соҳада деяётганимиз йўқ – бир қанча шартномалар тузилаётганини назарда тутяпман. Яъниким, булар барчаси Туркия бу ерда хавфсизлик соҳасида ҳам таъсирини аста-секин кучайтириб бораверади, деган фикрни тасдиқласа керак.
Тўғри айтасиз, бу ҳам Марказий Осиё мамлакатлари сиёсати ўзгаргани билан боғлиқ, яъни Россия билан Хитойдан бошқа муносабатларни мувозанатлаши мумкин бўлган яна кимгадир суяниш истаги вужудга келди. Энди маълум бўлишича, хавфсизлик кафолати бўлган Россия потенциал таҳдид ҳам экан, бу Украинадаги уруш бошлангандан сўнг яққол кўзга ташланиб қолди. Бу фактни Қозоғистон аввалбошдан тўғри баҳолаган. Мен бу ерда ўзим ҳурмат қиладиган Умирсерик Касенов 1997 йилдаёқ Марказий Осиёдаги хавфсизлик ҳақидаги мақоласида шундай деб ёзган эди: “Россия билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг ғалати жиҳати – парадокси шундаки, Россия хавфсизлик кафили ҳам, энг катта таҳдид ҳамдир”, яъни бу таҳдидлар Марказий Осиёда энг бошиданоқ тўғри баҳоланган. Аммо бошқача сиёсат юргизиш учун ресурслар бўлмаган, халқаро вазият бунга йўл бермаган бўлиши мумкин. Кўп векторлилик сиёсати аслида бўлиши шарт бўлган сиёсат эмас эди. Бу сиёсатда Туркия ҳеч ким боса олмайдиган эмас, тўлиқ мувозанатлайдиган эмас, лекин биз ҳозир тушиб қолган вазиятдан қайсидир тарзда чиқишга ёрдам берадиган актор бўлиши мумкин эди. Уруш таъсирига қарайдиган бўлсак, Марказий Осиё мамлакатларининг Россияга қарам бўлмаган бошқа алоқа йўли ва ресурсларини ташиш имкониятига эга бўлиши кераклиги тамойили ва тушунчаси кучайганини кўрамиз. Шу тариқа уруш ва Марказий Осиёдаги иқтисодий вазият тақозосига кўра, Туркия билан товар айланмасини ошириш имконияти пайдо бўлди.
Умирсерик Касенов 1997 йилдаёқ Марказий Осиёдаги хавфсизлик ҳақидаги мақоласида шундай деб ёзган эди: “Россия билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар парадокси шундаки, Россия хавфсизлик кафили ҳам, энг катта таҳдид ҳамдир”
Ушбу саволлар туркумини тугаллаш учун яна бир савол бераман. Марказий Осиё мамлакатларининг манфаатлари нуқтаи назаридан республикалар Россия ва Хитой билан сиёсий ва иқтисодий алоқалар муқобили сифатида туркий ёки турк векторига ишонч боғлаши мумкинми?
Мен бу саволга қисман жақоб бериб ўтдим, яъни айни пайтда Туркиянинг бундай имконияти йўқ эканини, ўзи ҳам бундай тўлақонли муқобил бўлишни истамаётганини айтиб ўтдим. Туркий ҳамкорлик ривожланиши керак, бу – бор гап. Бу нафақат Туркияга, қолаверса, бошқа туркий давлатларнинг ўзи учун ҳам фойдали эканини барча тарафлар тушунади. Дарвоқе, У. Касенов ҳам Туркиянинг роли ҳақида ёзган эди. Туркия туркий тилли давлатлар учун нимаси билан муҳим? У келтирган мисолга кўра, Туркия Марказий Осиё мамлакатларини халқаро ташкилотларда қўллаб-қувватлаши мумкин. Албатта, барча мамлакатлар сиёсатида прагматизм жуда муҳим. Лекин бошқа тарафдан, биз ўзлик муҳимроқ бўлган асрда яшаяпмиз. Туркий тилларда сўзлашишимизни биздан ҳеч ким тортиб ола билмайди. Агар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда совет давридан сўнг янги тарих яратила бошласа, у барчамизни умумтуркий сарчашмаларга олиб боради. Шу тариқа жамиятнинг ўзини англаши кучаяди ва алоқалар ҳам ривожланади. Аммо бу Туркия бир ўзи яқин келажакда айнан Россия ва Хитойга қарши аксил-салмоқ ролини ўйнай олишини англатмайди. Россия 90-йилларда нимадан ҳайиқаётган эди? Ҳа, Туркия у пайтлар Ғарб манфаатлари тарқатувчиси бўлган. Хуллас, Туркия бир ўзи буни эплай олмайди. Бу ерда Ғарбдан бошқалар ҳам бор. Турли кучлар ўртасидаги кооперация ҳақида кўп гапирилмоқда. Масалан, Туркия, Корея ва б. Лекин бу – келажакка оид гаплар. Айни чоқда Туркия, албатта, муқобил эмас, лекин шу ҳолича ҳам мустақилликни сақлаб қолиш ва кучайтиришга ёрдам беради ҳамдаа бу Туркиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ва устувор вазифасидир. Туркия бу сиёсати бошиданоқ шаклланиб бўлган. Туркиянинг энг муҳим мақсади – мустақилликни сақлаб қолиш ва ушбу туркий давлатлар мустақиллигнини қўллаб-қувватлаш. Шу маънода мустақилликни сақлаб қолиш муҳим деган мақсади бор шерикка эга бўлиш. Албатта, Туркия фақат Эрдўғондан иборат эмаслигини ҳам тушуниб олиш зарур. Туркия яна турли ранглардаги мухолифатдан ҳам иборат. Уларнинг аксарияти ҳиссиёт даражасида Туркий дунёни ва туркликни қўллаб-қувватламоқда ва бу – туркий кимликнинг бир қисми. Туркиянинг Марказий Осиёдаги бошқа ўйинчилардан фарқи мана шу.
Суҳбатимизга якун ясарак, Эрдўған Туркияси ўз келажагини қандай кўраётганини айтиб бера оласизми? У қандайдир газ ҳаби бўладими? Европа Иттифоқи аъзоси бўладими? Эрдўғаннинг ўта чигал ва яширини сиёсатида унинг асосий ҳаракат йўналиши қандай?
Аслида унинг сиёсати унчалик яширин ҳам эмас. Туркиянинг, дейлик, ташқи сиёсатини баҳолаётганимизда, у, асосан, ички сиёсатдан, мамлакат ичида нима гаплар гапирилаётгани, олдга қўйилган мақсадлар ва б.дан ажратилган ҳолда баҳоланади. Яна бир жиҳат – Туркиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати билан боғлиқ тадқиқотларнинг чигаллигида, у ҳақда дискурс – турк дискурси кўплигида, АТП дискурсининг таъсирида. Масалан, ҳукмрон партиянинг ўша мафкурачилари, ўша тадқиқотчилар Марказий Осиё билан Туркия муносабатлари ҳақида ёзмоқда, бу энди объектив баҳо эмас, аксинча, қандайдир кўзланган мақсадларга эришишга уринишлардир.
Агар ички кун тартибига қаралса, ЕИ билан интеграция бугунги ҳокимиятдаги партия учун кўзланган идеал эмас. Пантуркизм ҳам идеал эмас. Ундан борлиги учун фойдаланиб қолиш мумкин. Фойдаланиб қолмаслик гуноҳ бўлур эди. Умуман, Эрдўғаннинг идеали бор, бу – 2023 йилги Туркия, республиканинг 100 йиллиги. Ва республиканинг қайсидир тарзда бутунлай бошқа ҳолатга ўтиб қолиши. Бу ерда исломий ўзлик ҳам кучайиб бормоқда. Бу ерда ташқи сиқёат билан боғлиқ алоқалар ҳақида сўз кетса, кўз олдимизга Марказий Осиёдан олдин Яқин Шарқдаги бошқа мусулмон минтақалари келади. Туркия уларга мамлакатдаги кимликка оид ўзига хос сиёсатидан келиб чиқиб, етакчилик қилиши мумкин. Эрдўған билан мафкурачилари кўп нарсани гапириб ташлаган. Аммо 20 йил ўтгандан сўнг ҳам ўзгармаган бир нарса бор. Унинг номланиши турлича – неоусмончилик, неоисломизм. Турли номлар бор, улар у ёки бу тимсол ўлароқ мавжуд. Яъниким, бу 90-йиллардаги Туркия эмас.