Муаллиф: Маҳмуд Ғиёсов ва Шерали Ризоён
Бир йил олдин Афғонистонда толиблар ҳокимиятни эгалаган эди. Гарчи бу йил олатасирларсиз ўтган, “Афғонистон муаммоси” ҳақида Украинадаги уруш сабаб камроқ гап-сўз бўлаётган бўлса-да, Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистонда юз бераётган ўзгаришларни кузатиб бориши ва минтақа учун эҳтимол тутилган оқибатларни башорат қилиши муҳимдир.
Афғонистондаги реал вазият ва жараёнларни кузатиб боришга асосланган таҳлил кўрсатишича, “Толибон” ҳаракати ҳокимиятни ташқи кучлар кўмагида бир йил бошқариши мобайнида муайян “муваффақиятлар”га эришиши баробарида ўта оғир муаммоларга ҳам дуч келган. Улар тажрибасини таҳлил қилиш учун қуйидаги бандларни кўриб чиқамиз.
Ташқи сиёсатдаги ютуқлар ва бой берилган имкониятлар
Покистон, Хитой, Эрон, Ўзбекистон, Форс кўрфазидаги айрим монархиялар ва қисман Россиянинг мислсиз қўллаб-қувватлаганини ҳаракат ҳокимиятни эгаллаб турган бир йил ичидаги асосий муваффақият деб ҳисоблаш мумкин. Қуйидагиларни ташқи сиёсат йўналишидаги муваффақиятлар сирасига киритса бўлади:
- Афғонистон Ислом Республикасининг Покистон, Эрон, Россия, Хитой, тасдиқланмаган ахборотга кўра, Ўзбекистон ва Туркманистонда элчихоналар билан тамсил этилгани;
- Толибларга қарши ички қуролланган мухолифат, айниқса, Афғонистоннинг миллий қаршилик фронтига (АМҚФ) асосий акторларнинг очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлови йўқлиги;
- “Толибон” делегациясининг долзарб кун тартиби ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун дунёнинг айрим мамлакатлари пойтахтлари ва халқаро конференцияларга таклиф этилгани;
- Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатилиши, бу “Толибон”га қўл келмоқда, чунки энг зарур ва халқ истеъмоли товарлари, дори воситалари билан таъминлаш имконияти пайдо бўлмоқда;
- Халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва айрим мамлакатларнинг элчихоналари фаолияти тикланиши.
Қайд этиш жоизки, “Толибон”ни қўллаб-қувватлаётган давлатлар биринчи навбатда ушбу ҳаракатнинг муқобилини кўрмаётганидан эмас, аввало манфаатларидан келиб чиқади. Шу тариқа улар “Толибон”ни ўз манфаатини таъминлаб тургунча қўллаб-қувватлайди. Вазият ўзгарадиган бўлса, санаб ўтилган мамлакатлар осонгина бошқа томонга бурилиб кетади.
Толибларнинг ташқи сиёсатдаги камчиликлари ва йўл қўйган хатоларига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин энг асосийларини қайд этиб ўтамиз:
- халқаро эътироф ва ташқи легитимлик йўқлиги. Барча халқаро тадбирларда ҳалигача уч рангли байроқдан фойдаланилмоқда;
- халқаро ҳамжамиятнинг бирорта ҳам талабини бажармади ва шунинг учун ўз ижобий имижини ярата олмади;
- АҚШ ва бошқа молия институтлари “музлатиб” қўйган молиявий маблағларни фойдаланиш учун ола билмади;
- жуда кўп мамлакатларда Афғонистон Ислом Республикаси элчихоналари устидан назорат ўрната олмади. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси толиблар тайинлаган махсус вакилни қабул қилмади;
- толибларга қарши қатъий мавқега эга бўлган мамлакатлар (масалан, Тожикистон ва Ҳиндистон) билан муносабатларни изга солишнинг уддасидан чиқа олмади;
- ҳеч қандай йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳасини амалга оширмади (ваҳолонки, бу йўналиш бўйича жуда кўп тарғибот материаллари эълон қилинган эди) ва консервация қилинган лойиҳаларни тиклай олмади (Ҳамид Карзай ва Ашраф Ғани даврида ишга туширилган ва ярми бажарилган лойиҳалар).
Ички сиёсатдаги ютуқлар ва бой берилган имкониятлар
“Толибон” ҳаракати ҳокимиятни эгаллаб турган бир йил мобайнида Афғонистон ичидаги вазият сезиларли тарзда ёмонлашди. Бу илк навбатда мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволи ва оддий аҳолининг фаровонлигига дахлдор. Шунга қарамай, қуйидагиларни жиддий ютуқлар сирасига киритиш мумкин:
- мамлакатда ҳокимиятнинг мустаҳкамланиши, ҳокимиятнинг толибларга хос андозасини (ислом амирлиги кўринишида) қайта жонлантириш (реинкарнация) ва ҳукуматни тайинлаш, ҳокимиятга содиқ бўлган гуруҳлар тузилгани;
- ички қуролланган (АМҚФдан ташқари) ва қуролланмаган мухолифатни бўғиб ташлаш. Олдинги амалдорларнинг мамлакатдаги вазиятга таъсирини йўқ қилиш ва уларни (айниқса, Шимолий иттифоқ вакилларини) сиёсий майдондан сиқиб чиқарилгани;
- ОАВ, дин арбоблари ва фуқаролик жамияти вакиллари устидан назорат ўрнатилгани;
- собиқ амалдорлар билан ишлаш учун махсус гуруҳ тузилгани. Уларнинг бир қисми республика вақтида “Толибон” ҳаракатига салбий муносабатда бўлмаган (этник омил сабаб, масалан: собиқ таълим вазири ва парламент ишлари бўйича вазир Фаррух Вардак; собиқ ҳаж ва вақф ишлари бўйича вазир Муҳаммад Сиддиқ Чакарий; собиқ молия вазири Амин Арсалон; Брешна (DABS) корхонасининг собиқ раҳбари Омонуллоҳ Ғолиб; мудофаа вазирлигининг собиқ матбуот котиби Давлат Вазирий ва б.) ап Афғонистонга қайтиб келди;
- республика вақтида фаолият кўрсатган давлат хизматчилари ва ҳарбий хизматчиларнинг оз қисми толиблар ҳукумати тузилмаларига ишга жалб этилгани;
- ҳам қонуний, ҳам ноқонуний барча фойда келтирувчи соҳаларни назорат қилиш. Иқтисодий соҳа устидан мутлақ назорат ўрнатишга муваффақ бўлинди.
Мамлакат ичидаги муаммолар “Толибон” учун асосий бошоғриқлигича қолмоқда. Ушбу соҳада йўл қўйилган хатолар ва бой берилган имкониятларга мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
- аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшлар, аёллар ва зиёлилар ўртасида қўллаб-қувватлашнинг мутлақо йўқлиги;
- на республика ва на “Толибон” даврида қабул қилинган қонунлар ва буйруқларга амал қилинмайдиган ноқонуний давлатнинг устунлик қилиши;
- этник, диний ва гендер тафовутлари сабаб тўлиқ миқёсли камситиш: этник ва диний тозалашлар, рози бўлмаганлар, толибларнинг мавқеига қўшилмаганларни ва ҳокимиятини таҳдид солувчиларни ўлдириш;
- ижтимоий-иқтисодий тизимнинг инқирози, қашшоқлик ва ишсизлик ортиши, одам (ота-оналар ўз болаларини сотмоқда) ва инсон танаси аъзолари савдоси;
- таълим соҳаси буҳрони: республика давридаги ютуқларнинг йўққа чиқиши, аёлларнинг таълим олиши тақиқланиши, аёлларнинг олий таълим олиши чекланиши, хусусий таълим муассасалари фаолиятининг аста-секин тўхтатилиши;
- Афғонистондан ақл соҳибларининг чиқиб кетиши кўпайиши, кадрларнинг кескин етишмаслиги, турли соҳалар тўхтовсиз фаолият кўрсатишини таъминлаб берадиган мутахассислар: фуқаролик мутахассисларидан (айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасида) тортиб, ҳарбий ва махсус ихтисослар вакилларигача бўлганлар сони қисқариши;
- Афғонистондан бошқа мамлакатларга чиқиб кетаётган қочқинлар сони ортиши ва имконият пайдо бўлиши биланоқ мамлакатдан чиқиб кетишни истаётган афғон ватандошлари сони кўп экани;
- Барча соҳалар, жумладан, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида паспорт олишдан бошлаб, чет мамлакатларга даволанишга боришга [рухсат олишгача] коррупциянинг мисли кўрилмаган тарзда урчиб кетиши;
- кўкнори майдонларининг, наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва экспортининг анча-мунча ортиши (бу жараённи толиблар бугун тўлиқ назорат қилмоқда).
Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистондаги “Толибон” ҳаракати ҳокимиятига нисбатан юритаётган сиёсати
Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келгандан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари жанубий йўналишда ўз миллий манфаатлари талқини нуқтаи назаридан бир қанча тадбирга қўл урди. “Толибон” вакиллари Ўзбекистонга (юксак даражада) ва Туркманистонга (вазир ўринбосари мақомида) сафар қилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг расмий вакиллари турли даражада Кобулга ташриф буюрди.
Ўтган йил мобайнида Ўзбекистон вакиллари Афғонистон йўналишида жиддий фаоллик кўрсатиб, Кобул билан бир қаторда бу мамлакатнинг бошқа шаҳарларини ҳам (масалан, Мозори Шарифни) зиёрат қилди. Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Афғонистон қўшнилари орасида “Толибон” ҳаракати билан расмий музокара ўтказмаган, уларнинг олдига вакилини юбормаган ва улар вакилини ҳам қабул қилмаган ягона мамлакат Тожикистондир. Шу тариқа Марказий Осиёда “Толибон”га нисбатан турли сиёсат юритилаётганини кўряпмиз.
“Толибон” ҳаракатининг ҳокимиятга келиши нисбатан Марказий Осиё мамлакатлари сиёсати умумийлигини қуйидагича таърифлаш мумкин:
биринчидан, минтақа мамлакатлари ўз миллий манфаатлари талқинидан келиб чиқади ва бу давлат сиёсатида белгиланган устуворликларда акс этади;
иккинчидан, минтақа мамлакатларининг Афғонистон йўналишидаги ёндашувлари улар давлат сифатида эришган мустақиллигининг илк кунларидан бери айтарли ўзгаришларга учрагани йўқ;
учинчидан, минтақанинг барча мамлакатлари “Толибон” ҳокимиятга келгани боис юзага келган реал ва потенциал хатарлар мавжудлигидан хабардор. Ушбу мамлакатдан бўлаётган таҳдид ва хатар муаммолари яқинда Қирғизистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Тўртинчи маслаҳат учрашувида ҳам, 2022 йил июл ойининг сўнгги ўн кунлигида Афғонистон бўйича Тошкентда ўтказилган халқаро конференцияда ҳам минтақа мамлакатлари раҳбарлари нутқларида тилга олинди.
Марказий Осиё мамлакатлари “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келишига нисбатан сиёсатининг принципиал фарқлари бор. “Толибон” билан мулоқотлар фаоллигини қуйидагича таснифлаш мумкин:
Ўзбекистон билан Туркманистон Афғонистон йўналишида юксак фаоллик кўрсатмоқда. Тошкент ХХ асрнинг 90-йилларидан бери Кобулга нисбатан қатъий прагматизмга асосланган сиёсат юргизиб келмоқда, яъни ушбу мамлакатда ким вазиятни чин маънода назорат қилаётган бўлса, ўшалар билан иш олиб бормоқда. Тошкентнинг Афғонистондаги манфаатлари савдо-сотиқ, ўз сармояларини ҳимоя қилиш ёки халқаро тузилмалар билан лойиҳаларни амалга оширишдан иборат. Бугунги кунда Тошкент бу мамлакатга энг кўп электр қуввати экспорт қилмоқда, у ўзбек экспорт маҳсулотлари: энг зарур, енгил ва оғир саноат ва б. товарлар сотиш бозорини, Жанубий Осиё мамлакатлари, айниқса, Покистон йўналишида (Карачи ва Гвадар денгиз портлари) транспорт алоқаларини кенгайтиришдан манфаатдор.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистон бўйича халқаро тадбирлар ўтказаётган ягона мамлакатидир, сўнгги 5 йил ичида 3 та шундай тадбир ўтказилди. Ўша тадбирларнинг сўнггиси Тошкентда 2022 йилнинг 25 – 26 июл кунлари бўлиб ўтди ва унда 20 та мамлакатдан 100 ортиқ делегация иштирок этди. Конференцияда “Толибон” ҳаракатини мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ва молия вазирлиги тамсил қилди. 3 та конференциянинг барчаси Ўзбекистон манфаатлари нуқтаи назаридан бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Афғонистон Ислом Республикаси қулашидан олдин Афғонистонга оид мавзулар бўйича Тошкент формати бошқа шунга ўхшаш майдончалар билан рақобат қилаётган ва Афғонистондаги жараёнларга жалб этилган мамлакатлар учун жозибалироқ жой бўлаётган эди. “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” деб номланган сўнгги конференция “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келгандан сўнг Тошкентнинг Афғонистонга нисбатан сиёсати мақсадларини акс эттирар экан, глобал миқёсдаги айни мавзуга бағишланган энг йирик тадбир бўлди. Бу конференцияда Тошкент ўз инфратузилма, биринчи навбатда Афғонистондан Покистонга ўтиш учун коридор – даҳлиз сифатида фойдаланиш лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Юқори лавозимли ўзбек амалдорлари (масалан, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов) “Толибон” ҳаракати билан муносабатларни йўлга қўйиш, Афғонистоннинг Ғарб мамлакатлари молиявий муассасаларида сақланаётган молиявий ресурсларни фойдаланишга очиш учун жаҳон ҳамжамиятига даъват қилиш борасида фаол ишлаш билан бир қаторда толибларнинг ўша учун ижобий имижини яратиш билан ҳам шуғулланди. Юқорида зикр этилган ва “Толибон” учун ҳам муҳим бўлган Тошкен конференциясида ушбу ҳаракатнинг ташқи ишлар вазири берилган имкониятдан фойдаланиб, эришилган “муваффақиятлар” ҳақида сўзлаб берди. “Толибон”нинг бош дипломати яна бир карра бажариб бўлмайдиган ваъдалар берди: турли террористик гуруҳлар, жумладан, Ислом Давлати – Хуросон билан алоқаларни узгани (“Ал-Қоида”етакчиси Айман аз-Заваҳирийнинг Кобулнинг хос мавзесидаги “Толибон” ҳукумати ички ишлар вазири уйида яшагани Тошкентда эълон қилинган баёнотни рад этади) ҳамда наркотик моддалар ва коррупцияга тоқат қилмаслик сиёсати юритилаётгани ҳақида баёнот берди.
Бетараф Туркманистон сиёсати ўзига хослиги Ашхобод ҳам Афғонистонни назорат қилиб турган куч билан иш олиб бораётганидир. Шундай қилиб, Туркманистон профессор Бурҳониддин Раббоний, “Толибон” ҳаракати (1996 – 2001) ҳукуматлари, муваққат ҳукумат, Ҳамид Карзай ва Ашраф Ғани маъмуриятлари билан қалин муносабатда бўлган, энди эса “Толибон” ҳаракати билан шундай мносабатларга эга. Туркманистоннинг Афғонистондаги асосий манфаатлари сифатида Жанубий Осиё мамлакатлари, айниқса, Покистонга энергия ресурсларини узатиш бўйича инфратузилма лойиҳаларини (TAPI) амалга оширишни; туркман маҳсулотларини ушбу мамлакат бозорларига экспорт қилишни; максимал савдо ва иқтисодий фойда олишни; Туркманистондаги сиёсий воқеликнинг ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда Афғонистондаги таъсирга эга кучдан хавфсизлик кафолати олишни санаб ўтиш мумкин.
Юқорида билдирилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон билан Туркманистон иқтисодий мақсадга мувофиқлик, сиёсий сабаблар ва ўз хавфсизлигини таъминлаш учун “Толибон” ҳаракати билан ҳамкорлик қилади, деб хулоса чиқарса бўлади. Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан сиёсатини “Толибон” бу мамлакатдан ҳокимиятга узоқ вақт келгани билан асослайди. Туркманистонда Афғонистондаги вазиятга баҳо берилаётгани кўзга ташланмайди, аммо “Толибон” билан мулоқот ва умуман, ушбу мамлакатнинг жанубий йўналишдаги сиёсати ҳақида эълон қилинаётган ахборот унинг стратегияси Ўзбекистонникига ўхшаш эканини кўрсатади. Тошкент билан Ашхобод мана шу ва бошқа омиллар асосида жанубий йўналишда олдин бошланган ҳамда янги иқтисодий ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Уларни “Толибон” ҳаракати кўмагисиз амалга ошириб бўлмайди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ашхобод билан Тошкент АИР элчихонасини “Толибон” дипломатлари ихтиёрига берган. Шунга қарамай, уларнинг “Толибон”га нисбатан сиёсати ўзгариши эҳтимоли мавжуд. Бу Афғонистондаги сиёсат ўзгариши билан юз бериши мумкин ва улар бу мамлакатдаги вазиятни назорат қиладиган куч билан ҳамкорлик қилади.
Қозоғистон билан Қирғизистон Афғонистон йўналишида ўртача фаоллик кўрсатмоқда. Бундай сиёсат Нур-Султон билан Бишкекнинг Афғонистон билан умумий чегараса йўқлигига асосланади ва улар қўшничиликнинг иккинчи ҳалқасида турибди. Шундай қилиб, Қозоғистон Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия ресурсларининг йирик экспортчиларидан биридир. Нур-Султон минтақанинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, АИР даврида маданий ва гуманитар йўналишда, айнан таълим ва Афғонистон эҳтиёжлари учун кадрлар тайёрлашда жиддий ҳамкорликни йўлга қўя билди. 2022 йил январидаги воқеалардан кейин сиёсий раҳбарият Афғонистондан минтақа мамлакатларига потенциал таҳдид ва хатарлар мавжудлиги ҳақида жиддий баёнотлар бера бошлади. Масалан, бундай хавотирларга сабаб бўлган нарса Ато Муҳаммад Нур тарқатган маълумотга кўра, жангариларнинг асли келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган етакчиси Қозоғистон ватандоши экан. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирганда, Қирғизистон Афғонистонда жиддий лойиҳалари ва манфаатлари йўқ бўлса-да, “Толибон” билан фаол ҳамкорлик қила бошлади. Бишкекнинг бундай сиёсатига турли сабаблар, жумладан, қўшни мамлакатлар билан мавжуд муаммолари бўлиши мумкин. Шунга қарамай, Қирғизистонда мамлакатига реал хатарлар борлиги ҳақида жиддий гапирилмоқда. Бу мамлакатдаги “Жамоати Таблиғ”, “Ҳизб ут-таҳрир” ва бошқа экстремистик ташкилотлар фаол иш олиб борган эди, улар бугунги кунда ҳам таъсирини сақлаб қолмоқда.
“Толибон” ҳаракати билан умуман ҳамкорлик қилмаётган мамлакат Тожикистондир. Душанбе бугунги кунга қадар “Толибон” вакиллари билан сиёсий музокара ўтказмаган Афғонистоннинг ягона қўшниси бўлиб қолмоқда. “Толибон”нинг турли даражадаги вакиллари Тожикистон билан дўстона муносабатлар ўрнатиш ҳақида кўп марта таклифлар берди. Тожикистоннинг айни ҳаракатга нисбатан сиёсати ўзига хослиги шундаки, Душанбе унинг биринчи ҳукумати даврида ҳам (1996 – 2001 йиллар), бугун ҳам ҳокимиятини тан олгани йўқ. Душанбе 25 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида фақат марказий ва легитим ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш зарур, деган ёндашувга амал қилиб келмоқда. Фақат бундан “Барқи Точик” очиқ акционерлик ҳолдинг компанияси билан “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) ширкати вакиллари ўртасида 2021 йил декабрида Тошкентда электр қувватини сотиб олиш ҳақидаги битимнинг амал қилиш муддатини узайтириш мустасно бўлган эди. Яна 2022 йил майида Марказий Осиё футбол уюшмасининг (CAFA) Душанбеда ўтказилган 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги чемпионатга Афғонистон терма жамоаси билан бирга “Толибон” ҳаракати вакили ҳам келган эди.
Тожикистоннинг Марказий Осиё бошқа мамлакатлари билан солиштиргандаги бошқа ўзига хос жиҳати сифатида АМҚФ билан қалин муносабатлари борлигини келтириш мумкин. Турли сабабларга кўра, “Толибон” вакиллари матбуотда ва расмий тадбирларида Тожикистонга таҳдидлар қилиб турибди. Бундай даъватлар тез-тез янграмоқда ва толиблар шу тариқа қўрқув уйғотмоқчи. 2014 йилда Тожикистон Афғонистондаги воқеаларнинг ҳар қандай ривожланишига тайёр. Умуман, Душанбенинг “Толибон” ҳаракатига нисбатан сиёсати фуқаролар урушининг аянчли тажрибасига асосланади. Шунинг учун Тожикистоннинг барча эксремистик ва террористик ташкилотлар билан муносабатлари яхшиланиши даргумон.
Марказий Осиё мамлакатлари учун Афғонистондан бўлаётган таҳдид ва хатарлар
Афғонистондаги вазият таҳлили кўрсатишича, ушбу мамлакатдаги ноаниқ ва беқарор вазият яқин истиқболда ҳам сақланиб қолади. Минтақадаги ва қўшни мамлакатлар саъй-ҳаракатларига қарамай, Афғонистондаги вазият барқарорлашуви эҳтимоли кам деб баҳоланмоқда, чунки санб ўтилган ўйинчиларнинг манфаатлари тийиб турувчи омил вазифасини ўтайди.
“Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганига бир йил тўлиши муносабати билан Марказий Осиё мамлакатлари учун терроризм хавфи анча-мунча ортди, деб айтиш мумкин. Афғонистонда чет эл террористик ташкилотлари фаоллашди, “Толибон” ҳаракати эса ушбу гуруҳларни фаол ҳимоя қилиш билан шуғулланмоқда, барча зарур воситалар ва шароит билан таъминламоқда, шунингдек, улардан ўз ҳарбий мухолифатига қарши курашиш учунг фойдаланмоқда. Улар яна ўша жангариларни, этник келиб чиқишига асосланган ҳолда, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегарадош ҳудудларга жойлаштирмоқда.
Юқорида қайд этилганидек, “Толибон” ҳаракати бир неча марта, чет эл террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватламаслигини айтган ва ваъда берган эди. Аслида бу ҳаракат ҳеч қачон ваъдасининг устидан чиқмаслигини ва ҳуқуқий мажбуриятларига риоя қилмаслигини кўрсатди.
Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларига улардан Афғонистонга бориб қолган жангарилар қаттиқ таҳдид солаётгани аён. 2009 йилдан кейин Афғонистоннинг шимолий вилоятларида экстремистик гуруҳлар пайдо бўлаётгани кузатилмоқда ва улар 13 йил мобайнида хатар ва таҳдидлар табиатини жиддий тарзда ўзгартириб юборди. “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келиши билан потенциал хатар ва таҳдидлар реал хатар ва таҳдидларга айланди. Бугун Марказий Осиёдан борган кишилар бир қанча чет эл экстремистик гуруҳлари, жумладан, Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ), “Ансоруллоҳ”, Шарқий Туркистон ислом ҳаракати (ШТИҲ), “Ислом Давлати – Хуросон” ва б. таркибида бўлиб турибди. Тожикистоннинг ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари ахборотига кўра, келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган жангариларнинг аксарияти “Толибон” ҳукумати ички ишлар, хавфсизлик ва мудофаа вазирликлари қошидаги “Шуҳадо”, “Бадрий”, “Мансурий”, “Умарий” ва “Интиҳорий” каби махсус бўлинмаларда йўриқчи ва ёлланма ҳарбий хизматчи бўлиб ишламоқда. “Толибон” ҳаракати чет эллик, жумладан, келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган жангарилар потенциалидан ҳужум ва жазолаш амалиётларида фойдаланмоқда.
Келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган жангарилар мақсади минтақа мамлакатларининг дунёвий режимларини ағдариб ташлаш эканини яшираётгани ҳам йўқ. Уларга “Толибон” ҳаракати ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан эгаллаб олган илҳом берди. Афсуски, бундай тажриба минтақа мамлакатларидаги экстремистик кайфиятларни жонлантириши ва фаоллаштириб юбориши мумкин. Муаммоларни ретроспектив (ортга назар ташлаб) таҳлил қилиш далолат беришича, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари мавжуд хатарлар ва қалтисликни пасайтиришга ўз вақтида эътибор қаратмаса, Ислом Давлати 2013 – 2016 йилларда минтақа мамлакатларидан одам ёллаганидан ҳам даҳшатлироқ ҳолат юз бериши мумкин экан, бу минтақа мамлакатлари ватандошларининг Афғонистонда мавжуд экстремистик гуруҳлар таркибига жалб этилишига олиб келади.
“Толибон” ҳаракати раҳбарияти бир неча ой олдин Афғонистонда кўкнори экиш ва наркотик моддалар ишлаб чиқаришни бекор қилди, аммо улар илк марта ҳокимиятни эгаллаб турган пайти ҳам шу ишни қилган эди. Бу қадам Афғонистондаги наркотик моддалар айланмаси устидан мутлақ назорат ўрнатишга қаратилган. “Толибон” ҳаракати ҳокимиятни эгаллаб турганининг бир йиллиги муносабати билан яқин истиқболда Марказий Осиё мамлакатлари учун қурол-яроғ, наркотиклар, портловчи моддалар контрабандаси ва эҳтимолки, чет эллик жангариларни минтақа мамлакатларига ташлаш таҳдиди ортиб боради, деб бемалол хулоса қилиш мумкин.
Тожикистоннинг наркотик моддалар назорати бўйича агентлиги раҳбари Ҳабибулло Воҳидзода берган маълумотга кўра, 2021 йил августидан 2022 йил августига қадар, “Толибон” ҳаракати ҳокимиятда турган пайтда Тожикистонга 3 тоннадан ортиқ наркотик моддалар олиб кирилиши олди олинган. 2020 йилда Афғонистон билан чегара орқали наркотик моддалар олиб ўтиш ҳажми 1 тоннадан ошган.
Хулоса
“Толибон” ҳаракатининг ташқи ва ички сиёсатдаги эришган ютуқлари, шунингдек, камчиликлари ва бой берилган имкониятларини таҳлил этарак, яқин истиқболда Афғонистонни нималар кутаётганини башорат қилиш мушкул. Украинадаги инқирозли вазият ҳамда Тайван масаласида АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви “Толибон”га қўл келмоқда. Яқин келгусидаги Афғонистондаги вазият ҳеч бир ўзгаришсиз қолади. Халқаро ҳамжамиятнинг “Толибон” ҳукумати легитимлигини тан олиш эҳтимоли жуда кам, чунки уларнинг ҳокимиятга келишидан энг кўп фойда кўрадиган Покистондай мамлакат ҳам ҳали толибларни тан олгани йўқ. Кўплаб мамлакатлар АҚШ “Толибон” ҳаракатига нисбатан ўзини қандай тутишига қараб, ундан улги олади, дея тахмин қилиш мумкин. АҚШ жорий йил июли охирида “Ал-Қоида” раҳбари Айман аз-Заваҳирийни йўқ қилиш бўйича махсус амалиёт ўтказиши билан ОАВдаги Америкага қарши пропаганда материаллари эълон қилиниши ва ўз ҳарбий кучларининг жисмонан Афғонистонда йўқлигига қарамай, Афғонистондаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатаёганини намойиш этди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, минтақа мамлакатларининг мавқеи ва ёндашувлари турлича бўлишидан қатъи назар, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўта муҳим аҳамиятга эга, бу Афғонистондан бўлаётган ҳақиқий таҳдидларни камайтириши мумкин. Яна Марказий Осиё мамлакатларига Афғонистондан бўлаётган хатар ва таҳдидлар табиатини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш зарур. Гарчи давлатларнинг мавқе ва ёндашувлари фарқ қилса-да, экспертлар даражасида умумий потенциал ва рел хатарлар ва таҳдидларни белгилаб олиш фойдадан холи бўлмайди.
Маҳмуд Ғиёсов
Маҳмуд Ғиёсовнинг сиёсатшунослик бўйича бакалаврлик ва халқаро муносабатлар бўйича магистрлик илмий даражаси бор. Таҳлил бўйича 20 йиллик амалий тажрибага эга. Тожикистон миллий фанлар академиясининг Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти илмий ходими, Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказида етакчи мутахассис бўлиб ишлаган. Ҳозирги кунда Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги дин, анъаналарни, тантаналарни ва маросимларни тартибга солиш бўйича қўмитада таклиф этилган эксперт бўлиб хизмат қилмоқда. Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон ва Швейцарияда стажировка ўтаган ва малака оширган. Маҳмуд Ғиёсовнинг илмий қизиқишлари доирасига Эрон, Покистон, Афғонистон, араб мамлакатларидаги сиёсий жараёнлар ва уаларнинг Марказий Осиё мамлакатлари таъсири масалалари киради.