Муаллиф: Руслан Изимов
Украинадаги уруш Евроосиёдаги янги ўзгаришлар занжирини ишга тушириб юборди, у пировардида қандай натижа бериши мутлақо аниқ эмас. Аммо аниғи шуки, минтақанинг транспорт харитаси жуда тез ўзгариб боради. Тортиш, савдо-сотиқ ва логистик йўллар маркази Россиядан кўчди ва бу Россия ҳудуди орқали ўтадиган жаҳон савдо йўлларидан узилиб қолган Марказий Осиё мамлакатларига бевосита тегишлидир.
Албатта, Россиянинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири ҳали-ҳамон жиддийлигича қолаётир. Гарчи янги қоидалар сабаб Россия статистикасидаги ташқи савдо-сотиққа оид маълумотлар аниқлиги муаммолигича қолаётган бўлса-да, бу мамлакат ҳалигача айни соҳадаги таъсир пишангларига эгалигича қолмоқда. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Россияда ишлашни давом эттираётган меҳнат мигрантлари масаласида Россияга қарамдир. Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари то ҳануз Москванинг сиёсати борасида хавфсираб ҳаракат қилаётганини кузатяпмиз. Улар Россиянинг мавқеини қўлламаётган пайтда Кремлнинг аксил-чораларига дучор бўлмоқда ва мавқеларини мажбурий тарзда юмшатмоқда ёки бутунлай ўзгартирмоқда. Булар барчаси Россия қарамлигидан қутулиш ҳақида гапиришга ҳали эрта эканидан далолат беради.
Шунга қарамай, бугун биз минтақа етакчилари бўлмиш Қозоғистон билан Ўзбекистон товарларини етказиб бериш ва четдан товар импорт қилиш борасида муқобил маршрутлар топиш йўлида фаол уринаётганини кузатяпмиз. Шу тариқа, қадам-бақадам Марказий Осиё мамлакатларининг Россияга қарамлиги муқаррар тарзда пасайиб бораверади.
Эътиборлиси, Хитой ҳам Россиянинг транзит маршрутларига қарамлик борасида Марказий Осиё мамлакатлари билан бир хил аҳволга тушиб қолган. Бунинг маъноси шуки, Пекин ҳам Марказий Осиё мамлакатлари сингари муқобил транспорт-логистика коридорлари қуришдан манфаатдор бўлади. Ўз навбатида, мутахассислар фикрича, Хитойнинг янги лойиҳалардаги иштирокига Москва эътироз билдира олмайди. Лекин айни чоқда Россияга қарамликдан қутулишга уриниб, Хитойга кўпроқ қарамлик домига тушиб қолмаслик ўта муҳим. Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатларига яна ички мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кучайтириш зарур бўлади.
Постсовет макони қай тарзда бузилиб, янги минтақавий макон шаклланмоқда? Қозоғистон билан Ўзбекистон қандай қилиб ўз товарларини экспорт ва импорт қилишнинг муқобил йўлларини қидирмоқда? Марказий Осиё мамлакатларининг Россияга қарамлиги қай даражада турибди ва уни қандай заифлаштириш мумкин? Ички сиёсий барқарорликни бемалол таъъминлаш ва маваффақиятли ташқи сиёсат юргизиш учун Марказий Осиё мамлакатлари қандай муросага бориши керак бўлади?
Бугун ушбу масалаларни биз билан яқинда ташкил этилган ва Британида рўйхатга олинган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов муҳокама қилади. Бу ташкилот таҳлил билан шуғулланади, тадқиқотлар ўтказади.
Мен суҳбатимизни бутундан қисмга қараб давом эттиришни таклиф этаман. Россиянинг Украинадаги уруши муносабати билан, кўплаб кузатишлар шаҳодат беришича, постсовет маконининг ҳалокатга юз тутиши бошланди. Сиз шу гапга қўшиласизми ва нега бундай бўлмоқда? Чиндан ҳам маркази Москва бўлган конструкция йўлдош давлатлар, иқтисодий ва транспорт қарамлик, сиёсий патронаж, умумий совет мероси ва умумий тили бўлишига қарамай, бузилдими?
Бу ўринда ҳалокат ва постсовет макони деганда нимани назарда тутаётганимизни аниқлаштириб олишимиз зарур. Макон сақланиб қолмоқда. Барча давлатлар ва мамлакатлар, постсовет республикалари ҳали ҳам жуғрофий маконда турибди ва ўша-ўша совет меросига эга ва уларнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатига кучли таъсир кўрсатмоқда. Ва табиийки, Россия ушбу постсовет республикалари, жумладан, Болтиқбўйи республикаларига нисбатан улкан таъсир кучига эга бўлган ва бўлиб турибди. Россия Федерациясига қарамлик, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари қарамлиги бироз пасайганини кўриш мумкин. Лекин барибир қарамлик сақланиб қолмоқда. Бир қанча мезонлар ва далилларга қараб, Россия жиддий рол ўйнаётганини кўряпмиз, [у] минтақа мамлакатлари иқтисодиётига ҳам, ташқи сиёсатига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Хабарингиз бор, Путин бир пайтлар СССРга ўхшаш давлат тузилмасини тиклаш бўйича шундай сиёсат юргизмоқчи эканини эълон қилган эди. СССР тарқаб кетганини аладолатсиз иш бўлган эди, деб ҳисоблайди. У нафақат Совет Иттифоқи ва совет меросига, ҳатто Россия империяси даврига ҳам мурожаат қилади. Путин ўша пайтда Россия империяси таркибига кирган мана шу барча республикаларда Москванинг етакчилик роли легитимлигича қолмоқда, деб ҳисоблайди. Ва уни тиклашга уринмоқда. Албатта, у СССРни бор ҳолича тиклашни олдига мақсад қилиб қўяётгани йўқ, чунки бу нафақат ушбу республикалар устидан назоратни тиклашни, қолаверса, иқтисодиёт соҳасида муайян мажбуриятлар олишни ҳам англатган бўлур эди. Совет тизими шундай барпо этилган эди. У чекка ўлкаларни ҳам назорат қилган, лекин шу билан бирга, қайсидир маънода иқтисодий кўмак ҳам кўрсатган. Ҳозирги кунда Россия ҳеч бир тарзда иқтисодий ёрдам кўрсатишни истамайди, истисноли ҳолатлар эса постсовет маконидаги мамлакатлар, айниқса, Марказий Осиё билан Жанубий Кавказ мамлакатлари ташқи сиёсатини назорат қилишдан иборат. Биз буни Россия Федерацияси бир мақсадни кўзлаб, тизимли тарзда юритаётган сиёсат эканини кўряпмиз. Расмий Москва бу мақсадга дурагай усуллар билан эришмоқчи. Бир тарафдан, биз буни Путиндан олдин, Елцин даврида ҳам кўрган эдик, ўша пайтда бир қатор постсовет республикалари, мухториятлар, Молдавада, Днестр дарёси бўйида, Грузиядаги Жанубий Осетия ва Абхазияда шундай можароли ҳудудлар яратилган эди. Улар қайсидир маънода Қорабоғ муаммосидан ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишни кўзлаган эди. Шу кунларда Украинада юз бераётган воқеаларга келсак, улар Украинага босим ўтказиш учун Қримдан, яна сохта республикалар ЛХР ва ДХРдан ҳам фойдаланишга уриняпти. Бу – таъсир кўрсатишнинг шафқатсиз воситаси. Лекин шу билан бирга, улар юмшоқроқ усуллардан ҳамс фойдаланмоқда. Бунга ЕООИ, КХШТ сингари иттифоқлар ташкил этиш орқали шундай таъсир кўрсатишга уринишлар мисол бўла олади.
Украинага бостириб кирилгандан сўнг қандай ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз? Бошқа нарсалар қатори Россия логистика учун, ташқи савдо йўллари, масалан, Европага, АҚШга чиқиш учун транзит ҳудуди ҳам бўилб турган эди. Ушбу мамлакат Марказий Осиёдан олиб чиқилаётган товарлар ўз ҳудудидан ўтиб, Болтиқ денгизидаги ёки Қора денгиздаги ва ёки Узоқ Шарқдаги портлар орқали зикр этилган жойларга етиб бориши учун темирйўл тармоғидан фойдаланишга изн бериб бераётган, товар ва хизматларнинг ушбу минтақалардан ортга оқими ҳам шу йўл билан келаётган эди. Бу Марказий Осиёнинг жуғрофий изоляцияси билан боғлиқ, минтақа жаҳон савдо йўлларига чиқиш нуқтаи назаридан ўта ноқулай аҳволда. Шу маънода Россияга қарамлик бироз сусайди. Лекин ҳозирча бу қандайдир устунликларга олиб келгани йўқ ва ҳалигача қандайдир муқобиллар йўллар, муқобил логистика маршрутлари ўтказилишига сабаб бўлмади. Биз ҳозир шу йўлдаги фаолликни кўряпмиз. Бу масалада, айниқса, Ўзбекистон жанубий йўналишда Афғонистон орқали Покистоннинг жанубий портларига чиқиш сингари маршрутлар барпо этишга уриниш бўйича фаоллик кўрсатмоқда. Илгари Россия орқали ўтадиган маршрутдан фойдаланиб келган Хитойнинг ҳам уринишларига гувоҳ бўляпмиз. Энди Пекин мана шу транзит ҳудуд ўрнини босадиган йўл топишдай муаммога дуч келмоқда. Улар Марказий Осиё ва Кавказ орқали Европага йўл қуриш учун ҳаракат қилишига тўғри келади. Қизиғи шундаки, бу маршрутлар, айниқса, Каспий денгизи, Кавказ орқали Европага ўтадиган маршрут янги ғоя эмас – анчадан бери ишловда бўлган. Бир замонлар кўп томонлама ТРАСЕКА деган лойиҳа бор эди. Лойиҳани амалга ошириш учун у ўтадиган мамлакатларни кўндириш борасидаги саъй-ҳаракатлар 1993 йилдаёқ бошланган. Лойиҳа 12 та, жумладан, Евроосиё мамлакатларини қамраб олган, аммо, таассуфлар бўлсинки, қандайдир арзигулик натижаларга олиб келмади. Назаримда, бунга Россиянинг яширин босими сабаб бўлди, чунки у мана шу маршрутлар ўзининг логистикани таъминлаш ва жаҳон савдо йўлларига чиқиш борасидаги монополиясига путур етказиши мумкинлигини кўрди. Транзит ҳудуди устидан, ташқи савдо устидан назорат мамлакатларимиз пойтахтларини назорат қилишда таъсир пишанги бўлиб хизмат қилди. Айни кунларда бу қарамлик заифлашди. Лекин шу билан бирга, ҳозирча унинг муқобили йўқ. Ҳамма бало шунда. Тўғрироғи, шундай муқобил йўллар бунёд этила бошлади, лекин ҳали тўлиқ қувват билан ишлаб кетгани йўқ. Яна бир босим ўтказиш пишанги – меҳнат миграцияси, унга Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон қаттиқ қарамлигича қолмоқда. Гарчи Россияга мигрантлар оқими бироз камаяётганини, бир қисми республикаларимизга қайтиб келаётганини кузатаётган бўлсак-да, барибир уларнинг Россиядан пул кўчирмалари, долларга чаққанда, камаяётган бўлса-да, мамлакатларимиз иқтисодиётига қувват бўлиб турибди. Бу қарамлик ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда.
Ташаккур.
Аниқлаштирувчи савол беришга ижозат этсангиз. Сиз Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Россияга қарамликдан бироз қочишга ҳаракат қилаётганини айтиб ўтдингиз. Умуман, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ушбу постсовет маконининг энг муҳим ўйинчилари ва акторлари сифатидаги минтақавий сиёсатида қандай аниқ ўзгаришларни кузатяпсиз? Чиндан ҳам улар сиёсатининг Россиядан қайсидир томонга ранг-баранглашуви юз беряптими?
Ҳа, дарҳақиқат, уринишлар, ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистон билан Қозоғистон қилаётган саъй-ҳаракатлар бор. Биринчидан, уларнинг кўп векторли ташқи сиёсатга бўлган йўналиш олишга интилаётгани ва уринишлари бор. Қозоғистон Назарбоев даврида шундай сиёсат юргизишга интилган эди ва ҳозир ҳам шу йўлни тутяпти. Ўзбекистон ҳам. Айни чоқда ташқи савдо шериги ва инвестор сифатида Россия иккита биринчи ўринни Хитой билан бўлишган ҳолда иккита етакчи мамлакатнинг бири бўлиб турибди. Аммо уринишлар бор. Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистоннинг жануб томон маршрут барпо этишга ҳаракат қилаётгани кузатилмоқда. Қозоғистон ҳам бунга қизиққанини ва уни молиялаштиришга тайёр эканини билдирганини кўриб турибмиз. Яна Кавказ мамлакатлари билан муносабатларни қалинлаштиришга ҳаракат қилинмоқда, масалан, яқинда Озарбайжон президентининг Ўзбекистонга сафари ва эришилган келишувлар оддий келишувлардан бутунлай фарқ қилади. Уларга иккала томон ҳам улкан аҳамият бермоқда. Ўша келишувлар трансмиллий ҳамкорликка замин яратади ва Кавказ минтақаси орқали маршрут барпо этишга ёрдам беради.
Яна Туркманистон ва унинг янги президенти билан ҳам ўзаро муносабатлар яхшиланмоқда. [Қисқаси,] бу уринишлар давом этмоқда. Ҳатто яқинда Қирғизистонда [Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг] саммит[и] ҳам бўлиб ўтди. Аммо ўша саммитдан сўнг зикр этилган уринишларни мустаҳкамлаши мумкин бўлган қандайдир қадамлар қўйилаётганини кўрмаяпмиз. Ўтмишда бундай минтақавий иттифоқ ташкил этишга уринишлар бўлганини ҳам биламиз. Лекин улар Москванинг яширин ва парда орти босими ёки бошқа аллатасин муаммолар, масалан, Ислом Каримовнинг бир замондаги шахсий амбициялари сабаб йўқ бўлиб кетди. Айни пайтда бундай минтақавий ҳамкорликни қадам-бақадам йўлга қўядиган тизим яратиш учун саъй-ҳаракатлар етишмаяпти. Қандайдир саммит ўтади, аммо бу йўналишда, ҳеч бўлмаса, қайсидир кластерлар, қандайдир тизим саъй-ҳаракатларини кузатаётганимиз йўқ. Бу мамлакатлар ҳали ҳам хавотир билан, Москвага чўчиб қараш билан ҳаракат қилмоқда. Бу, айниқса, Қирғизистонда яққол кўзга ташланяпти. У дарҳол ҳар бир ҳаракатини Москва билан келишадиган бўлди. Қирғизистон президенти худди Москвадан рухсат сўрагандай, худди арзигулик ҳеч нарса бўлмаётгандай ва улар бундай минтақавий саммитларни Москва иштирокисиз ўтказаётганидан [хижолат бўлгандай гапиради]. Москва эса ҳар доим ўзининг иштирокисиз ўтаётган бунақа саммитларга рашк билан қараб, иштирок этишга уриниб келган: “Нимадир ўтказаётган бўлсангиз, бизни ҳам таклиф қилинг”.
Бу – ўта қийин жараён. Мамлакатларимизнинг ҳар бири Москва ташкил қилган иттифоқларга – ЕОИИ, КХШТ – кирмайдиган Ўзбекистон ҳам ҳатто унга жуда қарам ва ҳар доим Москвага чўчиб қараб ҳаракат қилади. Бу Ўзбекистоннинг Россия Украинага бостириб кириши билан боғлиқ мавқеида яққол кўзга ташланди. Ўзбекистон аввалбошдан ҳеч қандай муносабат билдирмай, на маъқуллаб ва на қоралаб “бетараф” мавқени эгаллаган эди. Фақат орадан бирмунча вақт ўтиб, ташқи ишлар вазири А. Комилов парламент мажлисида, Ўзбекистон ушбу сохта республикалар эгаменлигини тан олмайди, деб баёнот берди ва бу Москванинг Украинадаги мавқеига нисбатан қўйилган кичик бир қадам эди. У Россияни қораламади, фақат, биз бу икки сохта республикалар эгаменлигини тан олмаймиз, деб баёнот берди. Лекин шунга қарамай, орадан кўп ўтмай Москвадан муносабат билдирилди. Путиннинг Мирзиёев билан телефон орқали сўзлашувидан сўнг Кремлда коммюникега ўхшаш нарса баёни эълон этилиб, Мирзиёев Москванинг Украинага нисбатан сиёсатига тушуниш билан муносабатда бўлди, деган баёнот тарқатилди. Мирзиёев эса ўз навбатида бу баёнотни на рад этди ва на бир изоҳ берди. Орадан бир неча кун ўтиб, Мирзиёев Комиловни истеъфога чиқарди ва ўрнига бошқа кишини вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинлади, назаримда, у ҳеч қандай ўз фикрига эга бўлмаган амалдор, холос. Ўзбекистоннинг янги ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи (В. Норов) ўзини ШҲТ бош котиби сифатида намоён қилган, афтидан, ўша пайтда Москва билан ҳам, Пекин билан ҳам муносабатлари яхши бўлган.
Раҳмат.
Биз бир неча мавзуни тилга олиб ўтдик. Модомики, Марказий Осиёдаги минтақавий интеграция ҳақида сўз очган эканмиз, сўнгги пайтларда бу ерда кузатаётган бир неча масалани муҳокама қилсак, дейман. Биз Марказий Осиёдаги минтақавий интеграцияни тез-тез муҳокама қиляпмиз. Ва тез-тез у ҳозирча тўлақонли интеграция даражасига тортмаслигини англаб етяпмиз. Яъниким, объектив тўсиқлар мавжуд. Эҳтимол, ҳали ҳеч ким иқтисодий ва сиёсий интеграциянинг тўлақонли даражасига чиқиш учун тайёр эмасдир. Бироқ ташқи шароит жадал ёмонлашиб бормоқда. Шу муносабат билан сиз ишни минтақа ичидаги қандайдир кичик блоклар ташкил қилишдан бошлаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайсизми? Масалан, баъзи ҳолларда Қозоғистон билан Ўзбекистон иттифоқи ғояси муҳокама қилинади. Сиз бу ғояни қандай баҳолайсиз?
Мен буни қандайдир аниқ вазифаларни ҳал этиш учун яхши ғоя деб ҳисоблайман. Масалан, ушбу муаммони, минтақавий интеграциянинг умумий муаммосини қандайдир кластерларга, аниқ вазифаларга бўлиш, ҳар бир кластер доирасида нима иш қилиш кераклигини ва бундан ким манфаатдор эканини аниқлаш мумкин. Кимдир бу ишда иштирок этмайдиган бўлса, бу унинг қўл ва оёғини боғлаб қўйиш керак эканини англатмайди, яъни қизиққанлар кичик гуруҳ бўлиб, ишини қилавериши мумкин. Албатта, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун эшик нисбатан қуйи даражадаги ташаббуслар кўрсатиш мақсадида очиқ бўлиши шарт.
Айни кунда иқтисодий манфаатларнинг энг асосийси – муқобил маршрутлар барпо этишдир. Қозоғистон (аслида Ўзбекистон бўлса керак – таржимон) президентининг ушбу баёноти ортидан зикр этилган маршрутни барпо этишга сармоя ётқизиш учун етарли ресурсларга эга консорциум тузиш бўйича аниқ қадамлар қўйилишидан умидворман. Унинг баёнотида Афғонистон ҳудуди бўйлаб темирйўл ўтказиш ҳақида гап боради, чунки темирйўлда юклар автомобиллардан кўра анча арзон еказиб берилади. Ҳозирча бу юклар, айниқса, Афғонистон ҳудуди орқали автомобил транспорти билан яккам-дуккам ташилмоқда. Энди эса темирйўл маршрутларини ўтказиш керак. Албатта, бу жиддий сармоя ётқизишни ва техник-иқтисодий асослашни (ТИА) пухта ишлаб чиқишни ишлаб чиқишни тақозо этади. Ўша ТИА Афғонистон ҳудудидаги барқарорлик, бу лойиҳаларнинг келажагига сиёсий нуқтаи назардан ҳеч бир хатар йўқлиги сингари муайян сиёсий омиллар ва шартлар билан таъминланиши зарур.
Сиз яна Ўзбекистоннинг Россия билан муносабатлари мавзусини ҳам тилга олиб ўтдингиз. Бу борада келажакка оид қандай башорат қила оласиз? Яъниким, сўнгги воқеаларни ҳисобга олсак, Ўзбекистоннинг Россия билан муносабатлари қандай ривожланади? Ҳаммамиз яхши эслаймиз, Россия Украинада уруш бошлашидан олдин Тошкентда Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи бўлиб кириш имконияти жиддий кўриб чиқилаётган эди. Аммо ҳарбий амалиёт деб аталувчи ҳаракатлар бошлангач, бу ташаббус узоқ вақтга “музлатиб” қўйилган кўринади. Шу билан бирга, яқинда пайдо бўлган маълумотга кўра, Ўзбекистондан Россияга иш излаб бораётган мигрантлар сони ортиб бормоқда. Лекин мигрантлар сони ва пул кўчирмалари ҳажми ва ҳк. камайиб боради, деган тушкун башоратлар мавжуд эди. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг мигрантлар пул кўчирмаларига қарамлиги камаяётгани йўқ. Тошкент бундай вазиятда Москвага нисбатан қандай сиёсат юрита бошлайди? Россия Федерациясидаги ўзбек олигархлари билан алоқалар Тошкентга қандай таъсир кўрсатмоқда?
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда Россия ташқи савдо шериги ва инвестор сифатида биринчи ёки иккинчи ўринда туриши билан жуда муҳим рол ўйнамоқда. Ўзбекистон юқорида эслатиб ўтилган ташкилотларнинг аъзоси бўлмаслигига қарамай, Россияга қарамлиги Марказий Осиё мамлакатларининг қарамлигидан деярли фарқ қилмайди. Агар бу ерга ташқи савдо йўлларига чиқиш учун Россиянинг транзит ҳудудлиги, шунингдек, меҳнат мигрантларининг пул кўчирмаларига қарам экани ҳам ҳисобга олинса, Ўзбекистон Россияга қанчалик қарам эканини тушуниб олиш мумкин бўлади. Тошкент Россия билан муносабатларда жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз. Ҳатто Москвага ўзининг ташқи сиёсати йўналишини қайсидир маънода назорат қилишга ҳам имкон беряпти. Бу мен эслаб ўтган далилда – ташқи ишлар вазири Комиловнинг лавозимидан четлаштирилишида – ўз ифодасини топди ва бу Ўзбекистон ташқи сиёсатда Москва билан келишиб олмай туриб, ҳамма нарсани қила олмаслигининг ўзига хос сигнали бўлди.
Меҳнат миграцияси масаласида қарамлик сақланиб турибди, деб тўғри айтдингиз. Ўзбекистон ҳалигача мигрантлар юбораётган пулга қарам, у сўғин Ўзбекистрн иқтисодиётига хос сармоя бўлиб ётади. Мигрантлар сонига оид масала бироз чигал. Бир қатор хабарларга кўра, мигрантлар сони қисқариб бораётган экан. Лекин Россия иқтисодиёти аҳволи ёмонлашаётганини ва бу иқтисодиётнинг барча соҳалари, жумладан, қурилишга салбий таъсир этаётганини, ўша соҳада нафақат ўзбек меҳнат мигрантлари, қолаверса, тожик ва қирғиз меъҳнат мигрантлари кўплаб ишлаётганини кўриб турибмиз. Бу минтақамиздан борган мигрантларнинг бандлик даражаси юқори бўлган соҳадир ва иқтисодиётнинг мана шу сектори жуда қаттиқ зарар кўрди. Шу сабаб мен мигрантлар оқими ошиши, РФдан пул оқими кўпайишига эш бўладиган объектив шароитни кўраётганим йўқ. Аксинча, бир тарафдан, рублдаги пул кўчирмалари ошаётган бўлиши мумкин, лекин уларни долларга чақсак, даромадлар унчалик кўп эмаслигини кўрамиз. Бу рублнинг курси сунъий тарзда юқори ушлаб турилгани билан боғлиқ. Эсингизда бор, уруш бошланишидиан олдин бир АҚШ доллари 80 рубл атрофида эди. Ҳозир эса 1 доллар 60 рублга тенг. Бунга қандайдир реал иқтисодий шароит яратиш билан эмас, ҳукумат ва марказий банкнинг аллақандай ҳаракатлари билан эришилди, марказий банк валютага бўлган талабни сунъий тарзда бўғиб қўйди. Мамлакатда валютадан фойдаланиш чекланди, шу тариқа рубл қадри ошди. Айни ҳолат Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларимизга келаётган меҳнат мигрантлари пул кўчирмаларига салбий таъсир кўрсатди. Бу ҳозирданоқ мамлакатларимиздаги маҳаллий валюта ва қаттиқ валюта тақчиллиги кўринишида бўй кўрсатмоқда. Ўз пулимизни валютага айирбошлаш мушкул бўлиб қолди. Пул кўчирмалари билан боғлиқ рақамлар ортида нафақат меҳнат мигрантларининг даромадлари, қолаверса, Россия ватандошларининг рубл ва доллардаги даромадларини ушбу мамлакатга нисбатан қўлланаётган санкциялардан, чекловлардан сақлаб қолиш мақсадидаги уринишлари ҳам турибди. Пул кўчирмалари бўйича статистика маълумотларидаги ўсиш айнан шу билан боғлиқ, яъни бу – Россиянинг пули. Бу фақат меҳнат мигрантларининг пули эмас. Ушбу масала таҳлил ва экспертлар баҳосини талаб этади.
Раҳмат.
Хитой ҳақида нима дейсиз? Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой билан алоқалари мустаҳкамланиши савдо-сотиқ ҳажми ва инвестициялар ортиши, хавфсизлик сиёсати ранг-баранглашуви нуқтаи назаридан минтақа учун ўзига хос манфаат ҳам келтирди. Лекин сиз бунинг қандай хатарлари борлигини кўряпсиз? Масалан, Марказий Осиё мамлакатлари учун хавфсизлик масаласида Шинжондаги вазият билан боғлиқ қандайдир хатарлар мавжудми?
Россия Украинага бостириб киргандан сўнг Хитой ҳам Россия орқали ўтадиган транзит ҳудудидан фойдалана олмаётганидан зарар кўраётган Марказий Осиё мамлакатлари билан қисматдош бўлиб қолгани сабаб унинг роли бироз ошгани қизиқ. Яъниким, транзит ҳудуди Европа ва Ғарб жорий қилган санкциялар сабаб урушдан олдингидай фойда келтирмаяпти. Ҳозир Хитой ҳам Марказий Осиё мамлакатлари каби муқобил логистика маршрутлари барпо этишдан манфаатдор. Мен буни фойдали деб биламан, чунки бу масалада Хитойнинг таъсир роли тилга олинган лойиҳалар амалга оширилишида кафолат бўлиб хизмат қилади. Бундай биринчи маршрут Кавказ мамлакатлари орқали барпо қилинди ва юклар бир сидра Хитойдан Европага жўнатилди, яъни бу маршрут ишга тушди. Аммо у фойда келтириши, техник ва иқтисодий жиҳатдан тўлиқ қувват билан ишлаши учун ҳали хом жойларини тузатиш керак бўлади. Ҳозирча бу борада қадамлар қўйилаётганини кўрганимиз йўқ. Улкан ресурслар ва ҳатто Россияга ҳам сиёсий таъсир кучига эга Хитойнинг бунга қизиқиш билдираётгани Москва тарафидан бўладиган босим ва акс чоралардан ҳимоя кафили бўлиб хизмат қилади.
Айни чоқда Хитойнинг мамлакатларимиз ташқи савдоси ва инвестициялардаги улуши жуда ошиб кетса, улар бир мамлакатга ўта қарам бўлиб қолишидай хатар ҳам борлигини кўряпман. Барибир ранг-баранглаштириш сиёсати фақат Росияга нисбатан эмас, Хитойга нисбатан ҳам юритилиши шарт. Шунинг учун иқтисодиёт соҳасида Хитойга ўта қарамликнинг ҳам ўзига яраша хатарлари бор ва бу мамлакатларимиздаги вазиятга салбий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайман. Сиз суҳбатимиз бошида ранг-баранглаштиришга устувор аҳамият бериш шартлигини айтган эдингиз. Айни дамда Хитой мамлакатларимизнинг ташқи савдоси ва ташқи иқтисодий фаолиятида етакчи рол ўйнаши муқаррар. Ушбу хатарларни камайтириш ва Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги ташқи савдо ва инвестицияларидаги ҳиссаси керагидан ошиб кетишига йўл қўймаслик керак.
Яхши, раҳмат.
Сиз билан муҳокама қилмоқчи бўлган яна бир масала – Қорақалпоғистондаги воқеалар бор. Қорақалпоғистон воқеалари Марказий Осиё барча мамлакатларининг заиф жиҳатларини кўрсатиб берди. Бу, бир тарафдан, жамиятда биринчи навбатда ижтимоий муаммолар ҳал этилмагани билан боғлиқ жиддий зиддият потенциали етилиб келаётганини кўрсатади. Бошқа тарафдан эса, давлат бошқарувининг жамият фикрини эътиборга олишга мўлжалланмаган эски тизими ҳали ҳам ишлаб турибди ва ислоҳ қилинмаяпти. Бундай ҳолатда қорақалпоқлар иши ҳокимият йўл қўйган сўнгги хато эмас. Инсон ҳақлари соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган киши сифатида мамлакатдаги демократик, иқтисодий эмас, айнан сиёсий ислоҳотларни қандай баҳолайсиз? Сизнингча, Ўзбекистонда жамият қанчалик ўзгарди?
Агар гапни изоҳингизнинг биринчи қисмига жавоб беришдан бошласам, Қорақалпоғистондаги воқеаларни мен икки нуқтаи назардан баҳоламоқчиман. Биринчидан, Қорақалпоғистон постсовет ҳудудидаги ноёб ҳодисадир. У қонституцияга асосан, мамлакатларимиз таркибидаги мамлакат таркибидан референдумда овоз бериш натижасида ажралиб чиқиши мумкин бўлган ягона мухтор миллий республика бўлса ажаб эмас. Лекин бунга амал қилингани йўқ. Бу соф рамзий қоида бўлиб, Қорақалпоғистон аҳолисига танлаш ҳиссини бериб келди, аммо улар бундан фойдаланишга уриниб ҳам кўргани йўқ. Ушбу республика билан зиддиятларни камайтириш учун конституцияга тузатишлар киритилганда, улар бунга салбий муносабат билдирди, чунки келишилмасдан туриб, олдиндан маслаҳатлашилмасдан туриб, муҳим рамздан маҳрум этилаётган эди. Булар ҳаммаси қўққисдан улар бошига тушди. Бу иккинчи саволни етаклаб келади. Ҳукумат, ҳокимият жамият билан қандай ҳамкорлик қилмоқда? Улар нафақат ушбу масала, қолаверса, бошқа кўплаб масалаларда қандайдир муҳим қарорлар қабул қилаётганда, уларни келишиб олмаслиги, маслаҳатлашмаслиги ва тайёрламаслиги айнан Қорақалпоғистондаги воқеаларда яққол кўзга ташланди. Кам сонли миллатлар манфаатларини ҳисобга олишга уриниб ҳам кўрилмайди. Ҳокимият ўйлаб босмаган қадамлар сабаб йўқ жойдан бунақа можаро келиб чиққанда, унинг бунга муносабати дарров одамларнинг оғзини ёпиш, норозиликни бостириш ва куч ишлатиш, қисқа муддатда тартиб ўрнатиш бўлади.
Бир қарашда Нукусда юз берган норозиликларга жавобан биринчи қўйилган қадам оқилона иш бўлгандай туюлади. Президент конституцияга Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишидан маҳрум қилиш бўйича киритилаётган ўзгартиришларни бекор қилди. Аммо шундан сўнг кўп ўтмай, 2 – 3 кун мобайнида кучи ишлатар тизимларга норозиликларни бостириш, тартиб ўрнатиш бўйича кўрсатма берди ва улар куч, жумладан, ўқ отувчи қуроллар ишлатишга мажбур бўлди. Бугун қурбон бўлганлар сони анча эканини кўриб турибмиз. Расмий маълумотга кўра, 21 киши, бошқа маълумотларга кўра, 77 киши ўлдирилган, юзлаб кишилар эса ярадор бўлган. Бу шундай беқарорлаштирувчи омилга айланмоқдаки, уни қорақалпоқлар хотирасидан ўчириб ташлаш жуда қийин бўлади – улар буни унутмайди. Айирмачиликни кўзлаган қандай кучлар бўлган бўлса, энди бу улар учун аҳолини Ўзбекистон ўзига қандай муносабатда бўлаётганига қарши иш олиб бориши ва ишонтириши учун тайёр баҳона бўлади. Таассуфки, Ўзбекистон ҳокимияти республикамизда илдиз отган сиёсий маданият билан боғлиқ масалада жуда катта хатога йўл қўйди. Бу хатога фақат бизда йўл қўйилгани йўқ. Кўриб турганимиздек, Қозоғистонда ҳам шу йил январида ўхшаш воқеалар юз берган ва норозиликларни куч билан бостиришга уринишлар бўлган эди. Ўтмишда Жангаўзендаги ва ҳк. воқеалар-чи? Яъниким, бу ерда гап ҳокимият жамият билан қандай ҳамкорлик қилаётгани ва муносабатлар ўрнатаётгани ҳақида кетмоқда. Бу механизмлар етишмаслиги билан боғлиқ. Нормал жамиятда, вазият нормал бўлганда, биринчидан, амал қилаётган ҳуқуқ бор. Бизнинг мамлакатларда, айниқса, Ўзбекистонда мустақил одил судлов йўқ. Уни ҳамон ижро ҳокимияти назорат қилиб келади. Бундан маълум бўладики, можаролашаётган иккала томон ҳам ишонадиган ҳуқуқий механизм бир пулга қиммат бўлаб қолади. Фуқаролик жамияти йўқ ёки у жуда заиф. Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг чиндан ҳам амалга оширган ислоҳотларга, сўз, матбуот эркинлигининг юқорироқ даражасига етилганига, қандайдир сиёсий маҳбуслар қамоқхоналардан озод этилганига қарамай, булар фуқаролик жамияти етарли даражада кучайишига олиб келмади; фуқаролик жамияти бунақа можароли вазиятларда уни бартараф эта оладиган, бундай можароларнинг салбий потенциалини камайтирадиган воситачи вазифасини ўташи мумкин эди, чунки фуқаролик жамияти жамиятнинг турли қатламлари билан маслаҳатлашув ўтказиш имконини берадиган омил саналади. У ҳокимиятга бундай маслаҳатлашувларни ўтказишда ёрдам бериши, ҳокимият олдига ўз талабларини қўйиши мумкин эди. Айни чоқда ҳокимият жамиятда муайян ишларни бажариши мумкин эди. Афсуски, уюшмалар эркинлиги борасида ҳалигача чекловлар бор. Мустақил фаолият юритувчи етарли даражадаги ННТни кўрмаяпмиз – мен ҳукумат ўзи таъсис қилаётган ННТни айтаётганим йўқ. Фуқаролар ҳуқуқи нуқтаи назаридан бўм-бўш манзарани кўряпмиз. Ҳокимият бор, аҳоли бор. Улар ўртасида ҳеч нарса йўқ: на ҳуқуқий механизм ва фуқаролик жамияти. Мен катта камчиликларни шунда кўряпман.
Дарвоқе, мен ҳозир сайтимизга бир мақола жойладим, унда президентлик муддатини кейинги 5 ёки 7 йилга узайтиришни режалаштираётган Мирзиёевга тарихий муроса имконини бериши мумкин бўлган бир ғояни илгари сурганман. УндаМирзиёев ваколатларини фақат бир муддатга узайтириши, бунинг эвазига эса фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш бўйича дадил ислоҳотлар ўтказиши кераклиги ҳақида фикр юритилади. Мустақил одил судлов, сўз эркинлигини, айниқса, уюшмалар ташкил этиш ва йиғинлар ўтказишни таъминлаш муҳим. Мана шу омиллар барчаси ҳокимиятнинг ўзбошимчалигини чеклайдиган ва узоқ истиқболда чин маънодаги барқарорликни таъминлайдиган тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати механизми бўлиши мумкин. Агар шу иш қилинмаса, ҳокимиятнинг бундай инқирози вақти-вақти билан, Қозоғистонда юз берганидек, Ўзбекистонда иккинчи марта содир бўлганидек, такрорланаверади. Андижондан сўнг Қорақалпоғистон кўплаб одамлар қурбон бўлишига олиб келган иккинчи ҳолат бўлди. Бундай воқеалар умумий сиёсий тизимда салбий из қолдиради, чунки бу ҳокимиятни Ислом Каримов даврида бўлганидек, мурватни қаттиқ бураш (жамиятга босимни кучайтириш) ва қатағоннинг эски усулларига қайтишга мажбур қилади.
Мирзиёев ушбу воқеалардан сўнг президент девонига раҳбар қилиб эски тузумдан қолган эмас, янги авлодга мансуб кишини тайинлангани умидбахш хабар бўлди. С. Умурзоқов ва ўринбосари К. Алламжонов тўлиқ маънода демократлар эмас, бироқ улар янгича фикрловчи кишилар бўлиб, очиқликни мақсад қилиб олган. Бу чекланган бўлишига қарамай, барибир очиқликдир. Бу икки кишининг муҳим лавозимларга тайинланиши айни босқичда Каримов даврларига қайтиш кўзда тутилмаётганини кўрсатади. Аммо шу билан тўхтаб қолмаслик керак. Мен юқорида қайд этган механизмларни яратиш зарур.
Раҳмат.