Муаллиф: Руслан Изимов
Бугунги Хитойни ўрганиш борган сари муракаблашиб бормоқда, бунинг объектив сабаблари бор. Бир тарафдан, Хитой улкан мақсадларни кўзлаган ва қаттиққўл етакчи Си Цзинпин сиёсати ортидан жадал ёпилиб бормоқда. Хитой экспертларининг фикр билдириш ва баҳо бериш эркинлиги, айниқса, сўнгги йилларда сезиларли даражада торайиб қолди. Бошқа тарафдан, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларидаги хитойшунослик жараёни ҳалига довур заиф ва онда-сондалигича қолмоқда. Хитойнинг ҳозирги ташқи сиёсати тобора олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган бўлиб ва ташқи кузатувчи наздида унчалик тушунарли бўлмай бораётир.
Бугунги кунда Хитой билан Россия муносабатларининг ҳақиқий қирралари асосий қизиқиш уйғотмоқда. Пекин чиндан ҳам шеригини қўллаб қувватлайдими ёки Ғарб санкцияларидан қўрқиб, аста-секин дан ўзини четга ола бошлайдими? Москва билан Пекиннинг Марказий Осиёдаги келгуси муносабатлари ундан кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Шу пайтгача Хитой билан Россия бу ерда ўзаро туташ нуқталарни топа олган ва мувофиқлаштирилган сиёсат юргизишга муваффақ бўлаётган эди. Аммо мавжуд ҳолат аста-секин ўзгариб бормоқда ва Хитой ҳозирлиги ва таъсирини кенгайтириш учун янги ва кўп томонлама механизмларни жорий этиш ташаббуси билан чиқмоқда. Бундай шароитда Москва билан Пекиннинг Марказий Осиёдаги манфаатлари эрта ёки кечдир, ўзаро зиддиятга киришиши мумкин. Асосийси, республикалар бундай сценарийга йўл қўймаслик учун нима қилиши керак?
Ушбу саволлар Россияда ҳам, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам Хитойни тадқиқ қилишни биринчи даражали вазифа қилиб қўймоқда. Бугун бу ерда замонавий Хитой бўйича мутахассисларнинг янги авлодини тарбиялашга ҳаракат қилинмоқда. Хитойни ўрганишда нималарни ҳисобга олиш зарур? Қандай қилиб ўз таҳлил мактабини яратса бўлади? Хитой, Россиянинг Марказий Осиёдаги манфаатлари қандай ривожланмоқда?
Биз ушбу масалаларни хитойшуносларнинг янги авлоди вакили, “Халқаро тинчлик учун” Карнеги жамғармаси илмий ходими Темур Умаров билан муҳокама қиламиз.
Темур Умаров 2019-йил 3-мартдан 2022-йил 20-апрелгача Москвадаги Карнеги марказининг илмий ходими. Илмий ишлари Марказий Осиё давлатларининг ички ва ташқи сиёсатига, шунингдек, Хитойнинг Россия ва собиқ СССР мамлакатлари билан муносабатларига қаратилган. Тўлиқ био – https://carnegie.ru/experts/1487
Дастлаб Хитой, аниқроғи, Хитойни тадқиқ қилишнинг аҳволи қандай экани ҳақида гаплашиб олсак. Марказий Осиё – ҳали-ҳамон номаълум шерик. Айтинг-чи, Россияда Хитой қандай ўрганиляпти? Ушбу соҳадаги вазият сўнгги йилларда қандай ўзгаряпти? Масалан, Хитой россияликларга яқинроқ бўлиб олдими ёки биздагига ўхшаб номаълум ва тушунарсиз шериклигича қоляптими?
Яхши савол. Чиндан ҳам узоқ 2013 йилда Хитойни ўрганишни бошлаганимда, у чиндан ҳам мутлақо нотаниш юрт бўлган мен учун. Албатта, Россиядаги хитойшуносларнинг тайёрлаш устахонаси бўлган Москва давлат университети қошидаги Осиё ва Африка институти учун ҳам Хитой шунақа нотаниш мамлакат бўлган, деб айтиш қийин. У ерда Хитой йўналиши энг машҳур ва унга кириб ўқиш жуда қийин бўлган. Бошқа йўналишлар, бошқа ОТМ ҳақида гапирадиган бўлсак, Хитой йўналиши 2010-йилларнинг ўртасига қадар унчалик машҳур йўналиш бўлмаган. Ҳатто МГИМОни (Москва давлат халқаро муносабатлар институти) олсак ҳам, хитой тили ҳалигача у ерда ноёб тиллар сирасига киради. Нимадир сабаб бўлиб, хитой тили ўша тоифага қўшилиб қолган, ваҳолонки, уни ноёб тил деб айтиш қийин. Хитойга қизиқиш 2010-йиллар бошидан эътиборан табиий тарзда ортиб бормоқда. Биз 2013 йилда президент ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясига ўқишга кирганимда ўз ҳаётимда синаб кўрганман. Бу биринчи қабул бўлган эди. 16 киши ўқишга қабул қилинган, лекин хитой тили унчалик машҳур эмас эди. Аммо келаси йили менинг йўналишим бўйича ўқишга қабул қилинувчилар сони икки баробар ортди. Кузатишимча, Россиядаги барча ОТМлар у ёки бу тарзда Хитой билан боғлиқ қандайдир дастурлар ёки дастурлар ичида Хитой бўйича қандайдир курслар ва ҳк. очмоқда. Бу жараён давом этмоқда.
Табиийки, Россиянинг изоляцияга тушиб қолганини ва Хитой айрим соҳаларда ягона шерикка айланаётганини ҳисобга олиб, Россияда ушбу мамлакатга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. ОТМлар уни тадқиқ қилишни оширади. Аммо бу жараён Россияда бугунги Хитой қандай экани, кеча у қандай бўлгани ва эрта қандай бўлишини яхшироқ тушуниш ва қайсидир тарзда объектив тасаввур қилишга имкон берадими? Албатта, бу – ҳали очиқ савол. Хитойшунослар орасида муаммолар мўл. Албатта, улар мен Марказий Осиё ОТМларида кузатаётган муаммолар эмас, аммо барибир Россия ОТМларидаги хитойшунослик билан боғлиқ вазиятни идеал, деб айта олмайман. У ерда ҳам пухта ўйланмаган нарсалар кўп, уларни ҳозирги мутахассислар тузатмоқчи бўляпти, қийинчиликлар ва уруш, санкциялар ва Хитой янгитдан ёпилаётгани сабаб аллақандай тушунарсиз йўналишлар бор. Шунинг учун бу масалада Россиядаги вазият идеал деб айта олмайман. Аммо Хитой нимани истаётгани ва қай томон ҳаракатланаётганини тушуниш бўича Россиядаги вазият Марказий Осиёдагидан кўра яхшироқ. Яна Россияда хитойшунослик билан анча йилардан бери шуғулланилмоқда ва бу мактаб кеча пайдо бўлгани йўқ. Умуман, бунинг учун объектив сабаблар бор, назаримда.
Сиз Москвадаги Карнеги марказидаги ишингизни ишладингизни давом эттиряпсиз – мен Москвани назарда тутяпман. Хитой экспертизаси ва ОАВни ўрганиш йўлида кўп иш қилдингиз. Жуда ажойиб ва фойдали бир маҳсулот бор эди – China Digest. Ушбу марказда кўплаб рус хитойшуносларининг материаллари чоп қилинган. Ушбу тажриба ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз. Минтақамиздаги бошловчи хитойшунослар учун қандайдир сабоқ бўладиган ҳолатларни гапириб бера оласизми?
Ҳа, чиндан China Digest ҳали ҳам бор. Ҳозирча уни тўхтатиб қўйдик. Воқеаларни турткилаб олға силжитмоқчи ва шов-шувли баёнотлар бермоқчи эмасман. Албатта, ушбу дайжестни қайсидир маънода тиклаш истагимиз бор. Уни эслатганингиз учун раҳмат.
Мен гапни ҳозирги ишлаб турган жойимда омадим чопганидан бошламоқчиман. Бунинг сабаби атрофимда ажойиб мутахассислар, ишининг усталари бўлгани ва барча маҳсулотлар муваффақиятли чиққанидир. Қайд этиш жоизки, Марказий Осиёда хутойшунослик бобида ўз ишини аъло даражада бажараётган зўр мутахассислар бор. Фаҳмимча, бу ерда ресурслар турли даражада экани билан боғлиқ масала ҳам бор. Барибир биз Москвадаги Карнеги марказида имтиёзларга эга эдик. Бизда ресурслар ҳам, малака ошираётган ёш мутахассислар ҳам, турли-туман лойиҳаларга сарфлаш мумкин бўлган молиявий ресурслар ҳам бисёр. Марказий Осиёда бу масала объектив жиҳатдан анча мушкул. Ҳатто Ўзбекистондаги нотижорат ташкилотлари қанақа ишлаётганини олсак ҳам, улар фаолиятини Россиядаги урушдан олдинги имкониятлар даражаси билан солиштириб бўлмайди. Билишимча, кўп жиҳатдан шу сабабларга кўра бизда бундай ресурслар пайдо бўлган. Бунақа ишларни одам жон-жон деб бажарар эди.
Дастлаб у Карнеги марказида айланган ички тарқатма эди. Мен 2017 йилда малака оширишга борган ёш мутахассис сифатида уни Вита Спивак ва Александр Габуев йўл-йўриғи билан ва раҳбарлигида йиққанман. Кўриниши чойшабдай бўлиб, унга жаҳоннинг етакчи ОАВларидаги Хитойга оид барча эслатмаларни йиққанман, яна Хитойдаги ва Хитой манбаларидаги асосий хабарларни ҳам кўздан кечирганман. Вақт ўтиши билан ушбу тарқатманинг, асосан, Москва ва бошқа минтақалардаги Россия хитойшуносларига етказиб берилишини кенгайтириш мақбул иш бўлди, деган қарорга келдик. Шу тариқа тарқатмалар жуғрофияси кенгайиб кетди. Обуначилар сони 300 дан ошгандан сўнг кўпроқ ахборот бериш ва таҳилилий бошқа бирор нарса қилиш кераклигини тушуниб етдик. Шунда биз қандай маҳсулотлар мавжуд эканини кўриб чиқдик. Билл Бишопнинг машҳур Sinocism ахборот бюллетени бор, у Хитой ҳақидаги тарқатма хабарларнинг энг яхшиси бўлса, аажаб эмас. Биз рус тилли аудитория худди шундай ахборот бюллетени тайёрлашни истаб қолдик ва бу иш билан шуғуллана бошладик ҳам. Шу тариқа у кенгайиб кетди. Кейинчалик, сўнгги йилларда бизга дайжестни юритишда кўплаб малака оширишга келган ёш мутахассислар ёрдам бериб турди. Қўлимизда бўлган ресурслар шарофати билан ушбу маҳсулот муваффақиятли чиқди. Албатта, А. Габуевнинг доно раҳбарлигисиз бу ишни уддалаб бўлмас эди.
Биз аслида дайжестни қандай тайёрлаганмиз? Биринчидан, режамиз бўлиб, унга кўра, ҳар ким ўзи кузатиб бораётган мавзуни танлаб олар эди. Ҳафта давомида ушбу мавзулар бўйича турли хабарларни чатда муҳокама қилиб турганмиз. Ҳафта охирига бориб, дайжест чоп қилинишидан икки кун олдин муайян мавзу билан шуғулланишни зиммасига олган ёш мутахассис “хабарлар дўкони” режасини берар эди. Биз бу режани муҳокама қилиб, қандайдир изоҳлар қўшиб турганмиз. Эртаси куни малака ошираётган ёш мутахассис мен таҳрир қилган матнни менга юборади. Бюллетен босилишини назорат қилиб чиқарувчи киши ҳар доим Александр Габуев бўлган. Иш мана шу тарзда йўлга қўйилган. Бу – ишнинг соф техник тарафи. Аслида биз инглиз ва хитой тилларидаги барча очиқ манбалардан, агар ўша ахборот Россия ва Хитой муносабатлари, Хитойнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлиги ҳақида бўлса, маҳаллий илк манбалардан ахборот йиққанмиз. Аслида бунинг ҳеч қандай сирлиги йўқ. Фақат биз жуда кўп сайтларга кирганмиз ва ахборотни бир жойга тўплаганмиз. Асосий мақсадимиз бюллетенимизни ўқиётган киши бошқа ҳеч нарсани очиб ўтирмаслигини таъминлаш бўлган. Асосий ахборот манбаси бўлган улкан миқдордаги ҳаволалари бор мана шу дайжест етарли эди.
Чиндан ҳам у – жуда яхши маҳсулот, уни чиқаришни давом эттирмоқчи эканингиздан хурсандман.
Қайд этиб ўтганингиздек, Хитой ОАВларини кўп ўқийсиз, хитойлик экспертлар билан қалин илмий алоқа қиласиз. Шунинг учун, сизнингча, Хитой Москвани, унинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлаяптими ёки бу шеригидан ўзини бироз четга торяптими? Масалан, хитойлик экспертлар ўртасида ушбу мавзу бўйича қандай мунозаралар бўлмоқда?
Ҳа, аслида бу ўринда Хитой ҳар қачонгидан кўра ёпиқ, деган гапни аввалбошдан айтиб қўйган маъқул. Мен Хитойни таниганимдан бери у дунёдан максимал даражада узилиб қолган. Бугун хитойлик ҳамкасб экспертлар билан мулоқот қилиш, уларни қандайдир тадбирларга, онлайн тадбирларга таклиф этиш жуда мушкул. Бу, албатта, ҳозир биз хитойликлар турли нарсалар ҳақида нималарни ўйлаётганини тушунишимизга таъсир кўрсатади. Кўриб турганларимдан шундай хулоса қилиш мумкинки, уруш анча вақтдан бери давом этаётганига қарамай, Пекин ҳали маълум мавқени эгаллаш ҳақида қарор қабул қилгани йўқ. Назаримда, Хитой рўй бераётган воқеаларга, урушга ва Россияга муносабатини соддалаштириш йўлидан бормайди. Бизга урушни қўллаш ёки урушга қарши бўлинадиган дунёда яшаш осонроқ бўлса керак. Аммо билишимча, Хитой мана шу оралиқ – на у ёқлик ва бу ёқлиқ ҳолатда ўзини жуда қулай сезади. У бир вақтнинг ўзида Европа хавфсизлигида Россиянинг манфаатларини ёқлаб гапиради, айни пайтда АҚШни танқид қилади ва тасаввур қилиш мумкин бўлган барча гуноҳларда АҚШни айблайди. Хитой шу билан бир вақтда бузиш мумкин бўлмаган приниципиал нарсалар – Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва эгаменлиги ҳақида гапиради. Айни дамда Хитой баъзи мамлакатлар эгамен мамлакатларнинг ички ишларига аралашиши мумкин эмаслиги хусусида сўзлайди. Булар барчаси бир вақтда юз бераётгани ташқи кузатувчилар наздида ғайриоддий бўлиб туюлади. Лекин менимча, бу Хитой учун вазиятдан чиқишнинг ягона йўлидир. Шунинг учун Хитой ҳозир фақат ўз манфаатларидан келиб чиқиб иш тутяпти, десам, яққол кўзга ташланиб турган гапни айтган бўламан. Расмий Пекин ҳар доим барча масалаларда имкон қадар прагматик сиёсат юргизади. Хитой ҳамкорлик қилишга тайёр эканини кузатяпмиз. Хитойда энергетика ресурсларини импорт қилиш учун қандайдир майда ташкилотлар пайдо бўлаётганини ва улар аллақандай иккиламчи санкциялардан қўрқмаслигини кўряпмиз. Яна Хитой компаниялари ими-жимида Россия бозоридан чиқиб кетаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бу ҳам етмагандай, Хитой техник сабабларга кўра Россияга қандайдир технологияларни етказиб беришдан бош тортаётганини ҳам кўряпмиз, яъни ўта кўп харажатларга олиб келиши мумкин бўлган масалалар бўйича Хитой Россияни қўллаб-қувватламайди. Пекинга зарур ва фойдали, аммо санкцияларга сабаб бўлмайдиган масалаларда у Россияни қўллаётганини кўряпмиз.
Хитойда уруш борасида турли мунозаралар бўлаётгани бор гап. Россиянинг АҚШга қарши туришдай тажрибасини Хитойнинг келгуси ташқи сиёсатида ҳисобга олиш зарурлиги ҳақида кўп гаплар бўлди. Яна мунозараларда санкциялар урушига қараш муҳимлиги қайд этилди, чунки бу келгусида Хитойнинг ҳам бошига тушиши мумкин. Аммо хитойликлар миқёслар турлича эканини ҳам яхши тушунади. Россия иқтисодётини изоляциялаш – бир нарса, Хитой иқтисодиётини изоляциялаш эса – бутунлай бошқа нарса. Шунинг учун ҳатто Хитой юз бераётган воқеалардан шартли равишда ўрганаётган қандайдир жиҳатлар бўлса ҳам, бу икки ҳолатни мутлақо бир-бирига таққослаб бўлмайди.
Раҳмат, барча саволларимга батафсил жавоб бердингиз. Сиз Хитойнинг Марказий Осиёдаги сиёсати ҳақида ҳам кўп ёзасиз. Сизнингча, Пекиннинг минтақамиздаги стратегияси сўнгги йилларда қай тарзда ўзгармоқда? Масалан, Қозоғистонда 2022 йил январида содир бўлган воқеалар Хитой ҳукумати Марказий Осиёга нисбатан янгича ёндашувларни шакллантириши ва қўллашининг катализатори (тезлаштирувчи воситаси) бўла олдими?
Ажойиб савол. Мен аслида Хитойнинг Марказий Осиёдаги 2022 йил январидан олдинги ва кейинги сиёсатида кўзга ташланадиган фарқни кўраётганим йўқ. Умуман, Хитойнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлиги таянадиган устунлар ўзгаришсиз қолмоқда. Хитой биринчи навбатда минтақа хавфсиз бўлишини истайди. Бунинг сабаби у – ўзи атаётганидай – масъул давлат экани ва қўшнилари учун қайғураётганида эмас. Йўқ. Шахсий ва прагматик сабабларга кўра, Хитой беқарор вазият ўз ҳудуди, айниқса, ўзи учун бошоғриқ бўлиб келаётган Шинжон-Уйғур мухтор туманига кўчиб ўтишини истамайди. Айнан шунинг учун аввалбошданоқ, 1990-йиллар бошида мустақил Марказий Осиё мамлакатлари пайдо бўлгандан бери то шу пайтгача хавфсизликни қўллаб-қувватлаш муҳим бўлиб келди, боз устига, Марказий Осиёда терроризм, сепаратизм ва радикализмга Хитой кўзи билан қарайдиган дўстона сиёсий режимлар сақланиб қолиши муҳим эди, бу пойдевор бўлиб хизмат қилади. Қолган барча нарсалар шунинг устига қурилади, сўнгги ўн йилликларда айнан шуни кузатяпмиз. Яна, Марказий Осиё муҳим энергетика ресурслари манбаси, деган гаплар ҳам шу билан боғлиқ. Бу манба Хитойнинг нисбатан қолоқ ғарбий минтақаларини ривожлантириш учун муҳим. Марказий Осиё учун бу – Совет Иттифоқидан мерос қолган Россияга қарамликдан қутулиб, алоқаларни ранг-баранглаштиришнинг ажойиб усули. Бундан ташқари, Марказий Осиё – логистика ҳаби (маркази), деган гаплар яна минтақа учун алоқаларни ранг-баранглаштириш нуқтаи назаридан яхши. Хитой учун эса денгиз орқали юк ташувларининг асосий канали бўлмиш Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий баҳслар билан боғлиқ муаммолар, у ердаги вазият беқарорлашуви эҳтимоли ҳисобга олинса, уни Европа билан боғлаб турадиган қандайдир қўшимча артерияга эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ўринда қуруқликдаги логистика лойиҳалари қисман денгиз орқали юк ташув ўрнини босиши мумкин. Лекин бу маршрут денгиз орқали юк ташиш ўрнини тўлиқ боса олмайди. Фарқ жуда катта: денгиз орқали 97 фоиз юк ташилса, қуруқлиқ бўйлаб юк ташиш 3 фоизга тенг.
Лекин Марказий Осиёдаги жараёнларни икир-чикирига қадар тушуниб олмай туриб, буларни амалга ошириш қийин. Хитой бошқа ҳар қандай мамлакат каби минтақадаги иқтисодий ўсишга сабаб бўлиши, бирга ҳарбий машқлар ўтказиши ва ҳк. қилиши мумкин. Бунинг учун минтақада қандай жараёнлар юз бераётганини тушуниб олиш шарт эмас. Аммо Қозоғистонда январда юз берган инқироз Хитой учун Марказий Осиёдаги ички жараёнлардан бохабар бўлиб туриш ва минтақада ким аслида ким эканини, бу ерда айни пайтда қандай муаммолар борлигини, сиёсий режим қанчалик барқарор эканини тушуниб олиш муҳим эканини кўрсатиб берди. Чунки Хитой шартли равишда 90-йиллардан бери қурган мана шу пойдевор унинг маҳаллий сиёсий режимлар билан яхши муносабатлар ўрнатганига асосланади. Ушбу режимлар барқарорлигига путур етганда, Хитойнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлиги муаммога айланади. Айнан шунинг учун январ воқеаларидан Пекин ғафлатда қолди, улар энди Марказий Осиёни яхшироқ тушуниб олмай, минтақага оид тадқиқотларни чуқурлаштирмасдан, Марказий Осиё бўйича мутахассислари бўлмай туриб, муносабатларни бундан кейин ривожлантиришнинг иложи бўлмаслигин англаб ета бошлади.
Айнан шунинг учун биз Россия билан Хитой муносабатлари тарихида биринчи марта Москва билан Пекин бунақа бир-бирига яқин минтақаларда ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги декларацияни имзолаганини кўрдик. Хитой маъмурлари Марказий Осиё элиталари ичидаги муносабатларни, умуман, ички муаммоларни у ёки бу даражада яхши ва объектив тасаввур қила оладиган битта мамлакат Россия эканини яхши тушунади. Объектив сабабларга кўра, Россия билан Марказий Осиё узоқ йиллар битта сиёсий субъект таркибида бўлган. Шунинг учун Хитой ҳозир Россия билан яқинлигидан Марказий Осиёни яхшироқ тушуниш йўлида ҳам фойдаланмоқда. Аммо келгусида минтақада юз бераётган воқеаларга, уларни ўрганишга ва тушуниб олишга кўпроқ эътибор қаратади, чунки Марказий Осиёдаги ҳеч нарса ташқаридан кўринаётганидек, барқарор эмас.
Шу фикрингизни давом эттириб, кейинги саволни берсам. Пекиннинг Марказий Осиёдаги стратегияси ҳақида гапирганимизда, Москва сиёсатини ҳам ёдда тутамиз. Ўрта ёки узоқ истиқболда Москва билан Пекиннинг манфаатлари қайсидир ҳолатларда зиддиятга киришиши мумкинми? Бу қандай ҳолатларда юз бериши мумкин? Энг муҳими, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсатини самарали тарзда мувозанатлаш учун қандай стратегияга амал қилиши талаб этилади?
Ҳа, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсати ҳақида гап кетганда, менга бериладиган асосий савол – шу. Назаримда, баъзан Россия билан Хитой минтақада ўзини қандай тутаётганини кузатаётганда, ушбу мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик потенциали, улар Марказий Осиёда бир-бирига қандай ёрдам бераётгани эътибордан четда қолади. Мен Хитой ҳозирги кунда Москванинг минтақага оид билимини келгусида фаол ишлатиши ҳақида айтиб ўтдим. Бундан ташқари, Москва билан Пекин Марказий Осиёда кооперация асосида кучларни бирлаштирадиган бошқа масалалар ҳам бор. Бу ўринда гапларим нотўғри тушунилиши мумкинлигини англаб олиш муҳим, мен Хитой билан Россия Марказий Осиёда юз берадиган воқеаларни минтақа учун ҳал қилиб беради, деяётганим йўқ. Мен Марказий Осиё ўз муаммоларини ўзи ҳал этишини, Марказий Осиё ўз ҳудудида Россия билан Хитой ҳамкорлик қилиши учун шароит яратиб беришини айтяпман. Бу билан нима демоқчиман? Марказий Осиё жуғрофий жиҳатдан изоляциядаги минтақа экани тушунарли. Бизга ташқи дунё билан ранг-баранглаштирилган миқдордаги алоқаларга эга бўлиш муҳим. Бу омон қолишимиз заруриятдир. Шунинг учун бизга қўшни бўлган ва ҳамкорлик қилаётганимиз 2 та энг катта давлат ҳудудимизда чиқиши олмаслиги ва қандайдир можарони келтириб чиқариши мутлақо фойдасиз бўлади. Биз улар ҳамкорлик қиладиган шароитни яратиб беришимиз муҳим. Аслида бу, масалан, хавфсизлик соҳасида кузатилмоқда ҳам. Агар Тожикистоннинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича стратегиясига, бу мамлакат айни соҳадаги алоқаларини моҳирлик билан ранг-баранглаштираётганига қарасак, Тожикистонда Россиянинг ўз ҳудудидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашганини, шу билан бирга, Хитой халқ қуролли милициясининг Тожикистон ва Афғонистон чегерасидаги ҳарбий бўлмаган, дейлик, ҳарбийга яқин базаларини кўрамиз. Назаримда, бу Хитой билан Россия Марказий Осиёда бундай нозик соҳада ҳамкорлик қилиши мумкинлигининг идеал намунасидир, чунки улар манфаатлари бир-бирини минтақадан сиқиб чиқаришга эмас, бир муаммони ҳал этишга қаратилган.
Бу – жуда қизиқ. Мен ушбу масала юзасидан қўшимча савол бермоқчиман. Россия билан Хитой ҳамкорлик қилиши ва Марказий Осиёда бир хил сиёсат юргизиши Марказий Осиё мамлакатларига қанчалик наф беради? Бу истиқболда манфаатларимиз борган сари камроқ инобатга олинадиган хатарларга олиб келмайдими? Дейлик, сиз Тожикистон билан боғлиқ келтирган мисолни олсак – мен минтақадаги бошқа экспертларнинг фикрларини ҳам ўқиб бораман – улар келгусида Хитой билан Россия ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ҳк. ўртасида можаролар келтириб чиқариши мумкин бўлган прецедент (ўзидан кейин содир бўладиган худди шу турдаги воқеаларга намуна, ўрнак бўла оладиган воқеа ҳодиса) бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Буни қандай тушунтириб берасиз?
Дарҳақиқат, Россия хавфсизликни таъминлаб берувчи бирдан-бир давлат бўлмай қолаётган пайтда Марказий Осиёда у шартли тарзда Хитойга енгиляпти, деган масала ўртага чиқмоқда. Мен узоқ истиқболда Пекин билан Россия ўртасида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам потенциал можаро чиқишини инкор қилмайман, чунки у фақат қайсидир мамлакатнинг минтақадаги ҳозирлиги максимал даражага етганда чиқиши мумкин. Марказий Осиёда Хитойнинг ҳам, Россиянинг ҳам ҳозирлиги максимал даражада. Биз айни пайтда бор сиёсий режимларга ҳам, мавжуд жуғрофий-сиёсий воқеликка ҳам эгамиз, шу сабаб Россия билан Хитой ўртасида қандайдир арзимас можаро чиқишини тасаввур қилишим қийин. Сабабини тушунтираман. Марказий Осиёни тадқиқ қилаётган биз учун қанчалик таассуфли бўлмасин, ҳозирги кунда минтақа Москва учун ҳам, Пекин учун ҳам устувор аҳамиятга эга, деб ўйламайман. Шартли қилиб айтганда, ҳам Москва, ҳам Пекин нуқтаи назаридан минтақадаги аҳвол тушунарли. Муайян ва принципиал масалалар бор ва улар бўйича қарорлар қабул қилинган, қандайдир ҳаракатлар амалга оширилмоқда, аммо минтақадаги воқеликни ўзгартириши мумкин бўлган бирор янги ва жадал ишлар қилинаётгани йўқ. Шунинг учун Россиянинг ҳам, Хитойнинг ҳам диққат-эътибори Ғарбда, минтақамиз эса турган жойида туради, бу ерда улкан даражада ҳозир бўлиш учун бирор иш қилиш керак эмас, деб ҳисобланади. Лекин минтақадаги вазият сўнгги йилларда унинг ичидаги беқарорликлар сабаб ўзгармоқда. Биз Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатида бирин-кетин инқирозларни кўряпмиз. Фақатгина Туркманистон режимга қарши ички исёнларга учрамади, холос. Ўзгаришлар бир вақтнинг ўзида жуғрофий-сиёсий воқеликка ҳам боғлиқ. Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамма нарсани ўзгартириб юбормоқда. Қанчалик баландпарвоз эшитилмасин, вазият асли шундай. Дунёдан деярли бутунлай узилиб қолган Россия учун ҳар бир иттифоқчи, у билан алоқасини узмаган ҳар бир мамлакатнинг қадри юз баробар ошиб кетди. Россиянинг Марказий Осиёга, минтақадаги ҳозирлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратишдан бошқа иложи йўқ. Аслида нима бўлаётганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Россия президенти Владимир Путин уруш бошлангандан сўнг илк марта Тожикистон билан Туркманистонга ташриф буюрди. Аммо ҳозирча Россия билан Хитойнинг ташқи сиёсатини ҳозирги раҳбарлар юргизади, шу сабабли, менимча, бу икки мамлакатнинг минтақамизда ўзаро зиддиятга киришиш эҳтимоли жуда узоқ.
Чунки, биринчидан, Владимир Путин ва Си Цзинпин бир-бирининг миллий манфаатларига ҳурмат билан қарайди. Бунга уларнинг риторикасини кўриб ҳам гувоҳ бўляпмиз. Владимир Путин бир неча марта шундай деган эди: “Бизнинг дунёда аҳолиси энг зич жойлашган мамлакатни миллий манфаатларига, миллий хавфсизлик манфаатларига эришишидан тўхтатишга ҳаққимиз йўқ”. Буни у Хитойнинг ўз ҳудудидан ташқарида куч ишлатувчи сифатида ҳозир бўлишини назарда тутиб гапирган эди. Айни чоқда Хитойнинг ҳам, Россиянинг ҳам Америка кўринишидаги, шартли Ғарб кўринишидаги улкан муаммолари бор, ўшаларга қарши бу икки мамлакат ташқи дунёдан ёпилиб олмоқда. Фикримча, яқин ўн йилликда Ғарб билан зиддият ушбу муносабатларнинг асосини ташкил этади, Марказий Осиё эса кейинга, яъни бу масалалар қайсидир тарзда ечилганидан сўнгги даврга қолади.
Ниҳоят, яна бир тугалловчи савол бериб, сиз билан минтақамизни, Марказий Осиёни муҳокама қилмоқчиман. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда минтақавий интеграция ҳақида кўп гапириладиган бўлди. Объектив гапирадиган бўлсак, менимча, 2018 йилда кузатилган қандайдир импулс – туртки сўниб қолди ҳамда минтақанинг ҳар бир мамлакати асосий эътиборни ўз муаммоларига қаратмоқда. Албатта, бунга пандемия ҳам, уруш ҳам, бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатди. Айни чоқда минтақанинг айрим мамлакатлари ўртасидаги эски муаммолар долзарблиги ва портлаш даражасидаги хавфлилигича қолмоқда. Мен бу ерда Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатларни ва можароларни назарда тутяпман. Назаримда, бундай вазиятда минтақавий интеграцияга ёндашувни бироз ўзгартириш ва ишни кичикроқ нарсалардан бошлаган маъқул кўринади. Масалан, бу ишни Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг иқтисодий иттифоқини тузишдан бошлаш мақсадга мувофиқ ва амалиётга яқинроқ бўлармиди. Боз устига, яқинда улар ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланди. Кўриб турганимиздек, томонлар реал кооперация йўналишида амалий қадамлар қўйяпти. Сиз бу ғояни қандай баҳолайсиз?
Интеграция каби бундай мураккаб жараёнда ишни кичик қадамлар қўйишдан бошлаш кераклиги ҳақидаги гапингизга қўшиламан. Менимча, Марказий Осиё бу йўлни топяпти. Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан яқинлашуви ушбу йўналишдаги намуна бўлишга арзийдиган ва муҳим босқичдир. Аммо тушуниш керакки, интеграция масаласида муаммолар кўп, бунга Марказий Осиёда тафовутлар кўплиги сабабдир. Марказий Осиё ҳақида гапираётган кўпчилик наздида у – ягона минтақа ва унинг ичидаги нарсалар бир-бирига ўхшаш. Ҳа, ўхшашликлар бор ва улар мўл. Бироқ мутлақо ажралиб турувчи хусусиятлар ҳам борки, улар минтақадаги кишилар бир-бирини охиригача тушунишига йўл бермайди ва айни ҳол мамлакатларнинг мақсадлари турличалигига олиб келмоқда.
Сиз тўғри қайд этганингиздек, 2018 йилдан бошлаб интеграцияга қизиқиш энг юқори жаражага етди. Аммо пандемия уни босиб қўйди. Сўнгги йиллар ҳақида гапирадиган бўлсак, Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатида сиёсий инқироз юз бергандан сўнг ҳаммаси бошланиб кетди, Қирғизистонда эса давлат тўнтариши, сўнгра Қозоғистонда январ воқеалари юз берди. Ундан олдин Тожикистоннинг Помир тоғида жойлашган Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида узоқ вақтдан бери давом этаётган нотинчлик бор. Энди Қорақалпоғистон воқеалари ўртага чиқди. Минтақа ҳозирги кунда жуда нотинч кунларни бошидан кечираётганини кўряпмиз. Ҳар бир сиёсий режимнинг экзистенциал муаммолари (доимий жавобни талаб қилувчи муаммолар) бор пайтда интеграция ҳақида ўйлаш энг яхши давр бўлмаса керак.
Умуман, интеграция нима дегани? Интеграция бир мамлакат эгаменлигини бошқа мамлакат билан қандайдир умумий мақсадларга эришиш йўлида улкан минтақа яратиш учун баҳам кўришидир. Аммо сиёсий режимлар ўзига нисбатан хавф сезиб, жуда бесаранжом ҳолатда бўлган пайтда бунинг иложи йўқ. Аксинча, бундай ҳолатда мамлакатлар бироз ташқи дунёга ёпилади, режим барқарорлигига халақит берадиган ташқи таъсирлардан ўзини иҳоталашга ҳаракат қилади. Албатта, бу яна ҳокимиятнинг бир қўлдан бошқасига ўтиши билан ҳам тўғри келмоқда. Ҳар бир авторитар давлатда ҳокимият алмашуви – энг нозик муаммо. Кўрганимиздек, январда Қозоғистонда юз берган воқеалар қисман ҳокимият алмашувининг акс-садосидир. Бу жараёнларни бутун минтақа бўйлаб кўряпмиз. Қирғизистондаги муваффақиятсиз чиққан ва демократик жараёнларга шубҳа туғдирган ҳокимият алмашуви, Ўзбекистондаги Марказий Осиёда қайсидир йўналишда жадал ҳаракатни ишга тушириб юборган – ҳалигача қайси йўналиш эканини тушуниб етганимиз йўқ – ҳокимият алмашуви, Туркманистондаги ҳокимият алмашуви ва Тожикистонгда келгусида юз берадиган ҳокимият алмашуви шулар сирасига киради. Яъниким, ҳар бир режим ташқи дунёга очилишга йўл бермайдиган, ҳатто яқин қўшниларига нисбатан қалтис вазиятда бўлган аҳволда қолмоқда. Шунинг учун, назаримда, токи бу муаммолар ҳал этилмагунча Марказий Осиё интеграциясини эсдан чиқариш керак. Лекин бу айни йўналишдаги кичик қадамлар ҳеч нарсани англатмайди дегани эмас. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўзак бўлиб, келгусида минтақада унинг атрофида интеграция вужудга келади. Назаримда, бу чиндан ҳам тўхтатиб бўлмайдиган жараёндир.
Келгусида биз чиндан ҳам интеграциялашган Марказий Осиёда яшашимизга ишончим комил. У ҳамма совет давридан қолган хотирадан келиб чиқиб атайдиган минтақа эмас, иқтисодий, эҳтимолки, сиёсий жиҳатдан ўзаро боғлиқ минтақа бўлади.