Муаллиф: Руслан Изимов
Ушбу суҳбатимизда меҳмонимиз профессор Рустам Бурнашев билан Марказий Осиё мамлакатларидаги норозиликлар табиатини муҳокама қиламиз. Минтақамиздаги норозиликлар тез-тез содир бўлаётгани нимадан далолат беради – бу инқирозми ёки институтлар етишмовчилигими? Нима учун бизга блогерлар, қурултойлар ёки бошқа муқобил сохта вакилликлар эмас, репрезентатив (кўпчиликни тамсил этувчи) институтлар, мустақил экспертиза ва эркин ОАВлар керак? Қорақалпоғистондаги норозиликлар Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Остона билан Тошкент норозиликлар билан боғлиқ ички сиёсий фаоллик сусаймаётган пайтда қандайдир реал иқтисодий иттифоқ туза олиши мумкинми? Нега этник қурилишнинг европача моделини бизда қўллаб бўлмаяпти?
Сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари норозилик кескин ўсишига дуч келди. Жорий йил январида Қозоғистонда жиддий ички сиёсий инқироз юз берди ва у кўп кишилар, жумладан, тинч аҳоли вакиллари умрига зомин бўлган фожиали воқеаларга айланиб кетди. Баҳорда Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) норозиликлар фаоллашди, у ерда, мутахассислар баҳосига кўра, марказий ҳукумат кескин тозалаш ишларини олиб бормоқда ҳамда маҳаллий демократия оролларини ва аҳолининг танлаш эркинлигини йўқ қилмоқда. Июл бошида Қорақалпоғистон Республикасида қўққисдан ҳукуматга қарши норозилик акциялари ўт олиб кетди. Республикада фавқулодда ҳолат жорий этилди ва қурбонлар бор. Қирғизистонда эса норозиликлар оддий ишга айланиб қолган, у ерда оммавий норозилик акциялари оқибатида ҳокимият бир неча марта ўзгарди.
Айни чоқда Марказий Осиё мамлакатларидаги норозиликлар табиатининг ўхшаш жиҳатлари ҳам ва жиддий фарқлари ҳам бор. Минтақадаги норозиликларни жамиятларимиздаги ҳокимият совет принципига кўра мустаҳкамланиши, унинг жамиятдан ўзини олиб қочиши ва жамиятни ёпиқ ва элита тузилмалари бошқариши бирлаштириб турса керак. Сўнгги пайтларда бундай манипуляция (ўз айтганини қилдириш учун руҳий таъсир ўтказиш) замонавий технологиялар, блогерлар ва сарой мафкурачилари ёрдамида амалга оширилмоқда. Булар барчаси ҳокимият билан жамият ўртасида мулоқотни бордай қилиб кўрсатишга мўлжалланган. Аслида эса ўртадаги жарлик каттариб бормоқда, тез-тез юз бераётган норозиликлар ҳам шундан далолат беради.
Токи фаол сиёсий майдон, одамларнинг, жамоаларнинг, партиялар ёки ғояларнинг сиёсий рақобати бўлмас экан, ҳар бир демократия тўнини кийиб ишга киришган ҳокимият ўз умрини қўлидаги бор усуллар билан узайтиришга ҳаракат қилишига гувоҳ бўлаверамиз. Ижтимоий фикрни бошқаришга уринишлар, турли референдум ўтказиш ва конституцияга ўзгартиш киритишлар – бу тажриба Россиядан Ўзбекистонгача йиғилиб бормоқда – олдиндан ҳисобга олинмаган оқибатларга олиб келмоқда.
Марказий Осиё жамиятларида норозилик кайфиятига қандай омиллар таъсир кўрсатади? Нима учун бизга блогерлар, қурултойлар ёки бошқа мубоқил сохта вакилликлар эмас, репрезентатив (кўпчиликни тамсил этувчи) институтлар, мустақил экспертиза ва эркин ОАВлар керак? Қорақалпоғистондаги норозиликлар Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Остона билан Тошкент норозиликлар билан боғлиқ ички сиёсий фаоллик сусаймаётган пайтда қандайдир реал иқтисодий иттифоқ туза олиши мумкинми?
Ушбу саволларга Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Рустам Бурнашев жавоб беради.
Биз жорий йилда бундай норозилик чиқишларини Марказий Осиёда: январда Қозоғистонда, кейинроқ Тожикистоннинг ТБМВда ва Қорақалпоғистонда кўрдик. Ҳали ҳам яқин ўтган йилларда Беларусда ва Қирғизистонда юз берган норозиликлар айрим экспертларнинг эсида бор. Уларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини нималарда кўрамиз? Имкони бўлса, уларни бандма-банд ва синиш чизиқларига кўра сўзлаб берсангиз.
Менинг фикрим бўйича уларни ўхшаш норозиликлар дейиш нотўғри ва истиқболсиз. Биз дарров умумлаштиришга интиламиз ва шунга кўра, бу умумлаштириш ушбу норозиликларни таҳлил қилмасдан, уларни таснифлаш ва умумлаштиришга уринишимизга айланиб кетади. Қарашимчак, ушбу зиддиятларга асос бўлган нарсалар, сабаблар ва ҳокимиятнинг уларга муносабати бир-биридан жиддий фарқ қилади. Айни ҳол қандайдир умумий жиҳатларни топишимизга олиб келиши мумкин, аммо улар бу жараёнлар моҳиятини акс эттирмайди. Мана, масалан, Ўзбекистонда яқинда бз берган воқеаларни Қозоғистонда январда содир бўлган воқеалар билан вазият нуқтаи назаридан солиштирадиган бўлсак, уларни бирлаштириб турадиган нарса фақат норозилик эканинини айтишимиз мумкин. Иккала ҳолатда ҳам норозиликлар келиб чиқишини мутлақо тасодифий тадбир бирлаштиради. Ва айтишимиз мумкинки, ҳокимиятнинг норозиликларга жавоби қайсидир даражада ўхшаш эди – таассуфки, Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам қурбонлар бўлди – буни ҳокимиятнинг таъсири ёки норозилик билдирувчиларнинг акс ҳаракати дейиш мумкин, бу масала ўта жиддий ва очиқлигича қолмоқда. Агар бу жараёнларга чуқурроқ кириб борсак, тафовутлар жуда кўп эканини кўрамиз. Кўзланган мақсадлар ҳам бошқа, шиорлар ҳам бошқа. Масалан, Қозоғистон ҳақида гапирсак, у ердаги норозиликларнинг асосий шиори Қозоғистондаги тузумнинг сиёсий андозасини ўзгартиришга йўналтирилган эди. Агар Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазият ҳақида гапирадиган бўлсак, у ердаги асосий шиор сиёсий тизимни ўзгартиришга йўналтирилгани йўқ. Ҳатто ўша ердаги асосий шиорни ажратиб кўрсатиш, норозилик билдирувчилар нимани истаётганини айтиш қийин. Биз улар Қорақалпоғистон аҳолиси яхшироқ ҳурмат қилинишини, манфаатлари масофадаги тузилмалар орқали эмас (ҳатто Ўзбекистон президенти айтишича, Қорақалпоғистоннинг ҳокимият идоралари халқдан узоқлашиб қолган), бевосита ҳисобга олинишини истаяпти, деб айтишимиз мумкин. Шунинг учун мен бу икки воқеани умумлаштирмоқчи эмасман.
Раҳмат. Минтақадаги норозиликка чиққанларнинг умумий айтмоқчи бўлаётган гапи нима? Бу жуда кучли марказий ҳокимиятга қаратилганми? Биз ниҳоят совет ва постсовет авторитаризмидан сўнг демократлашамизми, умуман олганда, авторитаризмдан чарчадикми?
Аниқ бир гап айтиш қийин. Ҳа, иккинчи саволингиздаги гапингизга қўшиламан. Агар бирор умумий нарсани топмоқчи бўлсак ва фақат ушбу норозиликларни таҳлил қилиш чегарасидан чиқишга ҳаракат қилсак, шундай дейишимиз мумкин бўлар, мен эса ўзим яхши кўрган мавзуга ўтар эдим. Бу сиз биринчи саволингизда айтган барча мамлакатларда ҳокимиятнинг аҳолидан ёки ватандошлардан ўзини четга олишидай умумий тавсиф мавзусига ўтишни айтяпман. Кимга қандай атама ёқса, марҳамат. Баъзан “аҳоли” атамасини ишлатиш ватандошларни шахссизлантириш дейилаётганини, баъзан эса, аксинча, “аҳоли” атамасини ишлатиш керак, чунки бу ҳолда биосиёсат ва биоҳокимият сингари таҳлил воситалари қўшилади, деган гапларни эшитиб қоламан. Шунга қарамай, аҳоли билан ҳокимият ўртасидаги масофа ушбу можароларни умумлаштираётган бўлиши, мана шу норозиликларнинг, гувоҳ бўлиб турганимиз акс ҳаракатнинг (реакция) сабаби ва айнан мана шу масофа билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунга кўра, бу масофа ҳокимият даражасида қабул қилинаётган қарорлар иш бермаслигига, муаммоларни ҳал этмаслигига олиб келади, чунки улар давлат ҳокимият барпо этаётгани хаёлий маконда қабул қилинади. Аҳоли эса бошқа маконда яшайди. Бу икки макон ўзаро кесишмайди. Мана шу ерда жиддий муаммо пайдо бўлади. Дарвоқе, Қозоғистонда айни муаммо ҳақида ўйлаб кўрилиб, натижаси “Эшитувчи давлат” концепцияси кўринишида эълон қилинди. Аммо тушунамизки, “Эшитаётган давлат” ғояси зикр этилган муаммони тўлиқ ҳал этмайди. У фақат нима иш қилиш кераклигини белгилаб беради, чунки аҳоли кўтараётган масала, “гапимни эшитишсин, мен қабул қилинаётган қарорларга таъсир ўтказа олай ва ушбу қарорлар аҳолининг йўл-йўриқларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинсин”, деган гаплардангина иборат эмас.
Айни ҳолатда аҳоли айнан аллақандай демократик жараёнлардан манфаатдор эканини ишонч билан айта олмайман. Масалан, мен араб дунёсини, айниқса, нефтга бой араб монархияларини тадқиқ қилаётган мутахассисларга дуч келганимда, улар ўша монархиялар демократиядан жуда узоқ эканини, ҳатто у ерда демократияга хос риторикадан асар ҳам йўқлигини айтади. Шунга қарамай, у ерда монархия ҳокимиятининг ватандошлар билан ўзаро ҳаракати нафақат тепадагилар, қолаверса, ватандошлар манфаатларини қатъий ҳисобга олишдан иборат қилиб белгиланган. Шу ўринда қизиқ модел ўртага чиқмоқда. Биз Европа сиёсий тизими маконида эканимиз сабабли буни аҳолининг демократияга интилиши деб айтишимиз мумкин. Лекин айни пайтда шуни қайд этмоқчиманки, патернализм (ҳокимият ватандошларнинг асосий эҳтиёжларини қондириши ва эвазига ватандошлар ҳокимиятга хулқ-атвор моделларини тиқиштиришиши рухсат беришига асосланган муносабатлар тизими), масъулиятни зиммага олмаслик истаги, айни пайтда ўз манфаатларини ҳисобга олинадиган қилиб амалга ошириш имкониятига эга бўлишга ўта жиддий талаб бор.
Унда барибир мақбул формулани қидириш жараёнида эканмиз-да? Бир тарафдан, сиёсат юргизиш, яъни давлат ҳокимияти, давлат идоралари, бошқа томондан эса, жамиятнинг фикрини ва истакларини тўлиқ ҳисобга олиш дегандай…
Ҳа, қандайдир, излам бор, бу ерда қандайдир излам борлиги ҳақида гапиришимиз мумкин, аммо демократия тамойили ва бу демократия тамойилидир, деб узил-кесил айтишдай масъулиятни зиммамга олмайман.
Яъниким, бу Ғарбда, турли мамлакатларда қабул қилинган қандайдир демократия принциплари бўлиши шарт эмас, шундайми? Келинг, ушбу мавзуда гап очилгандан сўнг давлат билан жамият ўртасидаги мулоқот ҳақида бироз суҳбатлашамиз, аммо кўраётганимиздек, сўнгги йилларда давлат ижтимоий фикрни блогерлар орқали бошқараётир. Ҳа, буни Ўзбекистонда ҳам кўряпмиз, у бу мамлакатда Каримовнинг ёпиқ матбуоти ўрнида кўпинча давлат бошқараётган, яъни тепадан бошқарилаётган муболағали шамойилга ҳам эга бўлаётир. Бу ҳол қарор қабул қилаётган кишилар учун хавф туғдирадими? Чунки бу бузилган ва керагидан ортиқ ижобий манзара ҳосил қилмоқда. Сиз бу ўринда қандайдир хавфни кўряпсизми?
Мен Ўзбекистон ахборот маконини баҳолашга тайёр эмасман, чунки у билан шуғулланаётганим йўқ, таассуфки, у ерда қандай ноанъанавий оммавий ахборот воситалари, блогерлар, ўзини журналист деб эълон қилганлар қанчалик куч эканини айтишга тайёр эмасман. Бу саволингизга аниқ жавоб беришим мушкул, менга ўзим яшаб турган Қозоғистондаги вазият яқинроқ ва тушунарлироқ, лекин Ўзбекистондаги вазиятни баҳолашдан бироз четга чиқиб, масалага умумийроқ нуқтаи назардан қарайдиган бўлсам, ҳа, хавф бор, хавф борлиги шубҳасиз, деб бемалол айтишим мумкин. Бу ўринда принципиал хавф ижтимоий тармоқларга ишониб, аҳоли (қаранг, яна бу атамани ишлатяпмиз) ҳақида нотўғри тушунча шакллангани билан боғлиқ. Яъниким, пайдо бўлган муайян тасаввурга кўра, ижтимоий тармоқларда берилаётган материаллар, қандайдир изоҳлар, қандайдир постлар аҳолининг талабларини, қарашларини акс эттиради. Менинг фикрим бўйича, бу – мутлақо нотўғри.
Гап шундаки, ижтимоий тармоқлар қамрови жуда нотекис ва бутунлай ўзига хосдир, биз бу ҳодиса билан жиддий тўқнаш келиб турибмиз. Масалан, Украинадаги вазият, у ердаги уруш ҳақида гапира бошласак ва сиз мендан қозоғистонликларнинг бу вазиятга муносабати қандай, деб сўрасангиз, мен эса ўзим ҳозир бўлган ноанъанавий медиа майдонларида эълон қилинаётган постларга асосланиб, қозоғистонликлар оммавий равишда урушга қарши, Россия раҳбариятига қарши ва уларнинг мавқеси шу, деб гапирсам, нима бўлади? Айни чоқда кайфиятим сал ўзга, виртуал дўстларимни танлаб олиш бутунлай бошқача, уларнинг талаблари ўзгача бўлганда, шунга кўра, бу ўзгариш, назаримда, жиддий бўлиши турган гап эди, чунки ўша тармоқларда қатнашадиган ҳар бир “блогер” фақат ўз аудиториясини шакллантиради, унинг аудиторияси мутлақо ўзига хос, шунинг учун, фикрим бўйича, бундай блогерлар кўрсатмаларига таяниш нооқилона ва таваккалчилик бўлур эди. Барибир анъанавий ахборот воситалари ёки танлов андозасига асосланмаган – бунга Telegram’ни мисол қилиб келтириш мумкин – оммавий ахборот воситалари кўпроқ фойда беради, чунки улар ахборотии фақат танланган аудиторияга тарқатилмайди ва у ерда баҳо танлаб берилмайди.
Назариётчилар ҳам институтларни ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапирмоқда. Бугун сиз билан мен гапираётган нарсалар инқирозни англатадими ёки қандайдир институтлар етишмаслигиними?
Ҳа, бу гапингизга, асосан, қўшиламан. Биз бу ўринда чиндан ҳам институтлар фаолияти билан боғлиқ муаммоларга, институционал тузилмалар қандай тузилгани ва улар ўз функциясини бажаришга қанчалик тайёр экани муаммосига дуч келяпмиз. Айни ҳолатда Ўзбекистонда юз бераётган воқеаларга қайтишимиз мумкин. Бу фожиали вазиятда воқеаларнинг соф институционал форматини олиб қарайдиган бўлсак, кўп жиҳатдан, айнан Ўзбекистондаги парламент институтлари зиммасидаги вазифаларни тўлиқ бажармаган, деб кескинроқ ҳам айтса бўлади. Ажабланарлиси шундаки, ғалати бўлса ҳам, буни можародан сўнг Нукусга илк марта сафар қилган Ўзбекистон президенти Қорақалпоғистон парламентига (эсингизда бўлса керак, Қорақалпоғистон – парламент республикаси) мурожаат қилаётиб, кўрсатиб ўтди. Унинг гапидан сўзма-сўз иқтибос келтиришим қийин, мурожаатнинг мазмуни қуйидаги сўзлардан иборат: “Бу ўзгаришларни ўзингиз таклиф қилган эдингиз-ку, конституцияга ўзгаришларни ўзингиз таклиф қилгансиз, уни ёқлаб овоз бергансиз, аҳолининг манфаатларини ҳисобга олмасдан, шу ишни қилгансизлар”. Бу билан парламент аҳолининг манфаатларини ҳисобга олмаган бўлиб чиқяптими? Бунинг маъноси шуки, парламент халқдан узилиб қолган, одамларни парламентга танлаб олиш механизмлари бузилган, парламент вакилларининг аҳоли билан алоқалари жуда заиф, улар аҳолининг кайфиятини билмайди.
Айтиб ўтганимдек, улар ўзи бино қилиб олган воқеликдан келиб чиқиб, иш тутади ва бу воқелик аҳолининг ўзи вужудга келтирган воқелик билан мос тушмайди, де-юре Мирзиёев мутлақо ҳақ, чунки аҳолининг Ўзбекистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига айнан Олий Мажлис эга ва конституцияга ўзхгартиришлар киритиш бўйича комиссияни Олий Мажлис тузган. Рўйхатга кўз ташласангиз, 46 нафар комиссия аъзосининг кўпчилиги парламентарийлар, вилоят вакиллари, фақат бир неча киши, менимча, 5 ёки 6 киши – вазирликлардан. Яъниким, бу – соф парламент тузилмаси, комиссия раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон парламенти (Жўқорғи Кенеши) раисидир. Улар тузатишларни муҳокама қилади ва ўша тузатишларни қонунчилик идораси Олий Мажлис мажлиси муҳокамасига олиб чиқади. Қонунчилик мажлиси ўша тузатишларни қабул қилади ва уларни умумхалқ муҳокамасига ҳавола этади. Зикр этилган босқичларнинг бирортасида одамлар, “Қорақалпоғистон аҳолиси нима дейди, улар конституцияга киритилаётган бу ўзгаришларга қандай муносабат билдиради?” деган саволни бермаган ва мустақил экспертиза бўйича институционал механизм ишламай қолган. Буни ҳисбга олса бўлар эди-ку. Экспертиза ўтказиш керак эди, аммо у ҳеч қаерда ўтказилмаган, бунга институтлар, парламент институтлари жавобгар эди, аммо улар ишламаган.
Биз шу ўринда яна Қозоғистондаги “Эшитувчи давлат” моделига қайтишимиз мумкин. Мен бу моделни танқид қилиш керак деб биламан, чунки у институционаллашмаган (институтга айлантириш, қонуний мақом бериш). Ҳа, Қозоғистонда Ижтимоий ишонч бўйича миллий кенгашни (НСОД – Национальный совет общественного доверия) ташкил қилиш тавсия этилади, сўнгра қурултойдай муқобил тузилма таклиф қилинади. Ҳа, бу тузилмалар қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилмаган, яна бу институтларга одамларни танлаб олиш жараёни шаффоф эмас, шунга кўра, биз бу институтларга расмий тарзда қандайдир ғояларни таклиф этадиган ва ўзлари таклиф этаётган ғоялар учун масъулиятни зиммасига оладиган тузилмалар сифатида қарай олмаймиз. Яна савол келиб чиқади: “Нега бу ишни Қозоғистон парламенти қилмаяпти?” Аслида парламент бундай ташаббусларни олға суриши керак. Нега бу ишни мустақил ақл марказлари (think-tanks), улар институционал тарзда бундай ғояларни ўртага ташлаши ва уларни ўртага ташлаш баробарида масъулиятни ҳам зиммасига олса бўлмайдими? Бинобарин, мен саволингизда илгари сурилган институтларни ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар тўғрисидаги фикрга тўлиқ қўшиламан. Қаранг, бизда ана шу институтлар ўз вазифасини бажармайди. Эътибор қилсангиз, ким муаммоларни келтириб чиқарганидан ва уларни ким бартараф этишидан қатъи назар, қандайдир муаммо содир бўлиб қолса, бирдан у одатда президент ҳукмига ҳавола қилинади, аммо жуда кўп ваколатлар ва масъулият соҳаларининг президентга бевосита алоқаси йўқ. Яъниким, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида президентлик институтига ҳар доим бўлмаса ҳам, у ёки бу даражада масъулиятни зиммасига олишга тайёр ягона институт сифатида қаралишига бутунлай кўникиб қолганмиз.
Воқеликнинг тўлиқ манзарасига эга бўлиш учун дунёга бир неча нуқтаи назардан қарашимиз, яъни бир неча экспертизага эга бўлишимиз зарур, экспертизалар сони қанча кўп бўлса, хатарлар шунча камаяди. Афсуски, бизда ҳокимиятнинг мустақил институтлардан узоқлашиб қолгани мустақил экспертиза натижалари умуман кўриб чиқарилмаслигига сабаб бўлмоқда. Сиз билан биз Марказий Осиё мамлакатларидаги мустақил ақл марказларини ёдга олишга уринсак ҳам, нари борса, улардан жуда кичик ва айрим шахслар билан боғлиқ 2 – 3 тасини эслай олишимиз мумкин, холос.
Минтақадаги норозилик ҳаракатлари тез-тез юз бераётганини эсга олсак, Қорақалпоғистондаги вазиятнинг ривожланиш сценарийси қандай бўлиши мумкин? Сизнингча, бундан кейин нима бўлади?
Мен учун сценарий тузиш – ўта жиддий тадқиқот жараёни, у жиддий ахборот йиғишни назарда тутади, ҳозирги Қорақалпоғистондаги вазият бўйича мавжуд материаллар етарли эмас. Ҳозир қўлимда Қорақалпоғистон аҳолиси кайфияти, норозилик ҳаракатларида қандай ижтимоий қатламлар иштирок этгани, қандай асосий шиорлар ва талаблар билан чиққанигача қадар – улар жуда мужмал ва ноаниқ бўлган – аниқ маълумотлар йўқ, яъни ҳозир мавжуд ахборот оқимига жиддий шубҳам бор. Фикримча, бу оқимдаги хабарлар ҳиссиёт мўл – бунинг ўзига яраша сабаблари бор – ёки таассуфлар бўлсинки, “ҳокимият нима иш қилмасин, ҳаммаси – ёмон” ёки “ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш керак, чунки улар – айирмачилар” қабилидаги жиддий мафкуравий таъсир остидадир. Яъниким, қандайдир сценарий тузиш учун мавҳумлик кўплиги халақит беради. Агар биз бундай мавҳумлик ҳолатига тушиб қолсак ва сценарий тузмоқчи бўлсак, Тошкент вазиятни нормаллаштиришга, уни олдинги, 2022 йил июнидаги, яъни конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартиришлар эълон қилингунигача, норозилик чиқишларигача, улар пайтида қурбонлар берилгунгача бўлган ҳолатга қайтаришга муваффақ бўлмоқда, қабилидаги сийқа гапларни такрорлашга мажбур бўламиз. Аслида бу сценарий эмас, балки воқелик тавсифи, фаҳмимча, бунинг истиқболи йўқ, дейлик, фақат шундай мафкуравий бўёқ яратади, холос.
Раҳмат, ушбу норозиликлар табиатини муҳокама қилганимизда, бир жиҳатни эсга олиб ўтишни унутибман, шу ҳақда сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим. Умуман, миллатчилик масалалари ҳақида нима дея оласиз? Ўзбекистонда нималар юз бермоқда, у ерда миллатчилик борми, умуман, Марказий Осиё мамлакатларида миллатчилик қандай ривожланмоқда?
“Миллатчилик” атамасининг бир қанча қўшимча маънолари бор. Бизда Европа давлатлари андозасидаги миллий давлат қурилиши нуқтаи назаридан миллат қурилиши сифатидаги миллатчилик бор; ривожланишнинг маданият билан боғлиқ масалаларига асосий эътибор қаратиладиган этник ривожланиш йўли сифатидаги миллатчилик бор; яна, афсуски, сиёсий миллатчилик бор – мен уни ифода қилишга ҳам қўрқаман, аммо бу – ҳозирги мулоқотимиз учун этносни сиёсий жиҳатдан барпо этишга уриниш сифатида нормал ҳолат. Шунга кўра, миллатчиликнинг турли кўринишлари бор, тушунамизки, Марказий Осиё мамлакатлари Россия империясига қарагани, сўнгра миллий ва ҳудудий чегаралаш юз берган Совет Иттифоқи таркибига киргани ва ўша пайтда иттифоқдош республикалар Европа андозаси бўйича ташкил топгани, хуллас, улар Европа сиёсий маконида бўлгани сабаб давлат қурилиши нуқтаи назаридан минтақамизда шундай давлат миллатчилиги қарор топган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг бундай давлат қурилиши юз бераётгани тушунарли, Европа нуқтаи назаридан – нормал ҳолат ҳам.
Албатта, бу мавжуд маконимиз учун тез-тез мураккабликларни келтириб чиқармоқда, чунки у четдан кириб келган, яъни Марказий Осиё мамлакатлари учун бундай давлат миллатчилиги – ташқи андоза, у “мустамлакачилик андозаси” деб аталади ва жиддий мураккабликларга сабаб бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистонда бундай маълум мураккаблик ўзбек ва тожикларнинг айнан давлат рамзлари нуқтаи назаридан, давлат қурилиши нуқтаи назаридан, давлат тили муаммоларига оид ўзаро муносабатларда кўзга ташланади. Ўзбекистонда ўзбек тили – давлат тили, аммо Ўзбекистон, хусусан, Бухоро ва Самарқанд сингари вилоятлар учун тожик тилининг аҳамияти баланд, миллат қурилиши билан боғлиқ тарзда тожик тилини четга суриб қўйиш – табиийки, муаммоли масала. Аммо бу миллатчилик бизда қабул қилинган давлат қурилиши билан боғлиқ ва биз бу андозадан воз кечамиз, деб ўйламайман. Лекин биз Марказий Осиё интеграцияси деб атаётган нарсанинг турли кўринишлари бор, масалан, аллақандай Суғдиёна андозасини шакллантириш таклиф этилмоқда – Европа андозаси бўйича давлат қурилишининг мана шундай қиррали жойларини текислашга уринишлар мавжуд.
Агар биз ўз маданиятимизни ривожлантириш, тил маконимизни кенгайтириш нуқтаи назаридан техник миллатчилик ҳақида гапираётган бўлсак, бу – нормал ҳолат. Бу – мутлақо нормал ҳолат, аммо умумлаштириш хусусиятига эга бўлиб қолади, у ҳолда миллий андозани яратишга уриниб, кўпинча минтақавий ўзига хосликни йўқотиб қўямиз. Масалан, Қозоғистонда шу йил кўкламида бу мамлакат ўзининг жанубий минтақаларида тажассум топган, деган қизиқ бир ғояга дуч келдим. Лолақизғалдоқлар билан тўлиб-тошган дашт. Қозоғистон аслида лолақизғалдоқлар билан тўлиб-тошган даштгина эмас, шимолий Қозоғистондай улкан макони ҳам бор, у ернинг табиати бутунлай бошқача ва у Қозоғистоннинг қолипли манзарасига сиғмайди. Худди шу ҳолатни кўпинча Ўзбекистонда ҳам учратамиз. Миллий маданиятларни бундай бирхиллаштириш, адабий тилни шакллантираётганда қандайдир минтақавий шевалар, минтақавий тил намуналарини бирхиллаштириш – муаммоли, аммо мутлақо нормал жараён.
Маданий миллатчилигимиз сиёсий миллатчиликка бостириб кирганда, этнократик (муайян халқ ёки этник гуруҳ вакилларидан таркиб топган элитага тегишли ижтимоий тузум) андозалар пайдо бўлган, муаммога дуч келамиз. Қайсидир сиёсий арбобни муҳокама қилаётганда, унинг дастури, тутган сиёсий мавқеи қолиб, у қозоқми, ўзбекми, тожикми ёки йўқлиги – этник келиб чиқиши эсга олина бошлайди. Бундай муносабат Қозоғистон ва Ўзбекистондаги бир қатор сиёсий арбобларга нисбатан бўлгани маълум. Масалан, бундай муносабат Ислом Каримовга нисбатан ҳозир ҳам мавжуд. У жуда фаол тарзда мавжуд бўлган, у – биз кишининг ғояларини эмас, қайси тилни билиши ёми билмасигига оид техник тавсифни биринчи ўринга қўядиган қолипимиз. У ўзига хос жиҳат бўлиб, билишимча, Марказий Осиё анъаналарига тўғри келмайди. Минтақамиз аҳолиси – ўзимиз кўрмаган XIX асрни, Марказий Осиёнинг мустамлакада яшамаган даврини оладиган бўлсак – кўп тилли муҳитда яшаб келган, яъни одамлар кўп тилларда бемалол гаплаша олган ёки гаплаша олмаган, лекин бу бирор кишининг қобилиятини юзага чиқариши учун муаммо туғдирмаган. Яъниким, қобилиятни юзага чиқариш учун бошқа, дейлик, диний омиллар мавжуд бўлган. Фикримча, этник мансубликни сиёсийлаштириш жиддий муаммоларни келтириб чиқаради, таассуфки, бизда шунга мойилликлар бор, биз бундай тамойилларни сўнгги йилларда 2010 йилдан бошлаб Қирғизистон жанубидаги ва Қозоғистондаги дунганлар билан боғлиқ можаролар вақтида кузатдик, бу ҳам етмагандай, этник можаролар тез-тез бўлиб турибди ва ушбу муаммога ҳаммадан кўп Қозоғистон тўқнаш келмоқда. Афсуски, Европанинг этник қурилиш андозасини намуна қилиб олдик ва у унчалик конструктив бўлмаган мазмун билан бойиди, анча вақтдан – неча ўн йилларда бери мана шу конструктив бўлмаган мазмун сақланиб қолмоқда.
Суҳбатимиз давомида биз бир неча марта Қозоғистон билан Ўзбекистондаги вазиятни таққосладик. Сизнингча, Қорақалпоғистондаги инқироз Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатларига таъсир этиши мумкинми?
Бу ўринда ҳамма нарса Қозоғистоннинг қандай мавқени эгаллаши билан боғлиқ. Ҳозирча Остонанинг расмий мавқеи – ўта босиқ ва конструктив. Куни кеча Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг баёноти эълон қилинди, унда Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан ўртадаги келишувларга содиқ экани аниқ-тиниқ баён қилинди. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилди. Икки мамлакат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ҳақидаги декларация имзоланган. Билишимча, расмий Қозоғистон айни пайтда, Ўзбекистонда, Қорақалпоғистонда юз бераётган воқеалар – Ўзбекистон билан Қорақалпоғистондаги ички жараёнлар, деган чин маънодаги конструктив, оқилона мавқени эгаллади. Қорақалпоғистоннинг мақоми – жуда ўзига хос, шунинг учун бу воқеаларни фақат Ўзбекистоннинг ичидаги жараёнлар дейиш унчалик тўғри эмас. Афсуски, Қозоғистон жамоатчилиги вакиллари, қорақалпоқлар қозоқларга энг яқин этнос ва қозоқлар уларга қайсидир тарзда кўмак бериши кеарк, қабилидаги кескин баёнотлар билан чиқди. Агар гап гуманитар кўмак ҳақида кетаётган бўлса, бу – табиий. Аммо гап ушбу жараёнларни сиёсийлаштириш ва бу жараёнларга аралашиш ҳақида кетаётган бўлса, бундай ҳолатларга ташқаридан аралашиш сифатида қаралади. Мен бундай ҳолат ўзаро муносабатларга ҳалокатли тарзда таъсир кўрсатади, дея олмайман, аммо нима бўлганда ҳам, икки томонлама алоқаларга, қисман бўлса-да, соя солади. Умуман, бундай яккам-дуккам иддаолар ўқтин-ўқтин ва ҳиссий бўлади, бунақа ҳолатлар бўлиб туришини тушунамиз. Аммо яхши ҳамки, улар ҳаракатларга кўчмайди ва нормал ҳолат доирасида бўлади. Шу сабаб, билишимча, Қорақалпоғистондаги вазият ривожланиши мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларга жиддий таъсир кўрсатмайди.
Суҳбатимизни тугатаётиб, норозиликлар мавзусидан бироз чалғиб, Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гаплашмоқчи эдим. Айтиб ўтганингиздек, иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида декларация имзоланди. Тошкент билан Остона ўртасида қандайдир иқтисодий иттифоқ тузилиши имкониятини қандай баҳолайсиз? Менимча, минтақавий интеграция ёки бир неча йил олдин мавжуд бўлган импулс – туртки бироз пасайиб қолган шароитда минтақадаги муносабатларни бундай қуриш энг мақбул ва амалий қадамлардан бири бўлиши мумкин. Ҳатто Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлардаги муаммолар бу жараёнга тўсиқ ҳам бўлмоқда. Сиз бу ғояга қандай қарайсиз?
Бу йўналиш Марказий Осиёнинг 2 та давлати манфаатларига мос келиши баробарида ҳамкорликни бутун минтақага ёйиш учун жуда яхши майдон ҳозирлайди. Шу маънода мен бераётган баҳонгизга тўлиқ қўшиламан. Ушбу жараёнларни амалга оширишнинг қандай механизмлари бор, деган масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Афсуски, бундай механизмларни ишлаб чиқиш жуда мураккаб эканини ва у мамлакатларимиздаги мавжуд шароит билан жиддий тарзда чегараланаётганини кўриб турибмиз. Масалан, Қозоғистон – ЕОИИга аъзо мамлакат, унинг ушбу ташкилотга кирмайдиган мамлакатлар билан шериклиги ҳозирги ҳолатда чегараланган. Лекин шунга қарамай, Қозоғистон билан Ўзбекистон шундай ҳолатда ҳам икки томонлама муносабатларни барпо этиш йўлларини топа оляпти. COVID-19 билан боғлиқ карантин чоралари сингари тасодифий омилларни олиб ташласак, ушбу икки томонлама муносабатлариннг жадал ривожланиш тамойили бор. Шунинг учун бу ерда Марказий Осиёдаги давлатлараро ҳамкорликнинг қандайдир андозасини таклиф этишга тайёр бўлишимиз учун самарали ривожланишнинг ўта жиддий вариантлари мавжуд.